Huquqiy axborot
374K subscribers
6.28K photos
397 videos
22 files
13.9K links
Қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал.

▪️|Лотин алифбосида — @huquqiyaxborot_lotin
▪️|Рус тилида — @pravoinf
▪️|Инглиз тилида — @leginf
▪️|Қорақалпоқ тилида — @huqiqiymalimleme
Download Telegram
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари ошди

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар, ўқитувчи ва концертмейстерлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2019 йил 1 октябрдан:
👉 директор ва директор ўринбосарлари учун – 1,5 бараварга;
👉 ўқитувчилар ва концертмейстерлар учун – 1,25 бараварга оширилди.

Шунингдек, қарорга кўра:
👉 илғор хорижий тажриба асосида болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим сифатини баҳолашнинг замонавий тизими ишлаб чиқилади;
👉 болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар ходимлари лавозимига номзодларни танлов асосида саралаш амалиёти жорий этилади;
👉 ушбу мактаблар раҳбар ходимларининг масофадан туриб малакасини ошириш тизими ташкил этилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (818-сон, 27.09.2019 й.) .

Қарор билан, 78 турдаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати ҳамда жиноий ҳаракатни таснифлашда ушбу моддаларнинг кўп миқдор кўрсаткичлари тасдиқланди.

Шунингдек, қарор билан ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш эксперт гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамда ахборот воситаларининг кучли таъсир қилувчи моддаларни сотиш ҳамда уларнинг ноқонуний муомаласи бўйича ахборотини, дори воситаларини нотиббий мақсадларда истеъмол қилиш мониторинги натижаларини кўриб чиқиш Экперт гуруҳининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Эксперт гуруҳи ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Туризм мавсумида “Регистон” комплекси ярим тунгача ишлайди

Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (828-сон, 30.09.2019 й.).

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ҳудудлардан ташқари Самарқанд шаҳридаги ер участкалари меҳмонхоналар қуриш учун “E-IJRO AUKSOIN”да электрон онлайн-аукцион орқали жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилади.

Шунингдек, шаҳарнинг “Университет” ҳиёбони, И. Каримов, А. Навоий ва Пушкин кўчаларида хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда 2019-2021 йилларда туризм инфратузилмаси ташкил этилади.

Қарорга кўра:
👉 “Боғи баланд” ва “Боғи Шамол” боғлари жойлашган жойни аниқлаш орқали қайта ташкил этилади ва тарихий қиёфаси қайта тикланади;
👉 “Шероз қалъа” , “Добуссия”, Ревдат шаҳарчаси – Кофир қалъа, Афросиёб шаҳарчасидаги археологик ёдгорликлар ЮНЕСКО билан келишган ҳолда реставрация қилинади;
👉 археологик ёдгорликлар ҳудудида “очиқ осмон остидаги” музейлар ташкил қилинади ва ташриф буюрувчиларни электрон ҳисобга олиш тизими жорий этилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб, туризм мавсуми давомида (март-ноябрь) “Регистон” комплекси ҳар куни соат 7:00 дан 24:00 гача ишлайди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Маҳаллий ундан қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзи белгиланди

Донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (829-сон, 30.09.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлгача фақат маҳаллий дондан ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган қолипли нон ишлаб чиқариш ва сотиш ҚҚСдан озод этилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб импорт қилинганда ҚҚСга тортилган донни қайта ишлаш корхоналари ҚҚС бўйича солиққа тортиладиган айланмани Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқлайдилар.

Шунингдек, қарор билан киритилган ўзгартиришларга кўра юридик шахслар белгиланган рўйхат бўйича четдан келтириладиган ёғоч-тахта материаллари ва ёғоч учун ҚҚС тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёз бекор қилинди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва реализациясини мониторинг қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори (834-сон, 02.10.2019 й.) билан Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва уларнинг реализацияси мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Давлат солиқ қўмитасида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт ва реализация қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилади.

Ушбу маълумотлар асосида тадбиркорларнинг ҳисоботлари, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида тегишли ташкилотлардан олинган маълумотлар билан солиштириш орқали камерал назорат ўтказилади.

Камерал назорат натижасида тафовут аниқланса, солиқ тўловчига унинг ҳисоботларига тегишли тузатишлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан талабнома юборилади.

Тадбиркорларнинг фаолиятида жиноят аломатлари мавжуд деб топилса, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Тайинлов

Адлия вазирлигида янги тайинловлар

Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан Нодир Худайбердиевич Жуманёзов вазирликнинг Халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланди.

Н. Жуманёзов шу кунга қадар вазирликнинг Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
_______

Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан Сайдахмедов Акбар Акмалович вазирликнинг Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармасининг бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланди.

А. Сайдахмедов шу кунга қадар вазирликнинг Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
_______

Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан Нозимбек Мансурбекович Рустамбеков Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Н. Рустамбеков шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Адлия вазирлиги жамоаси янги лавозимга тайинланганларни муборакбод этади. Уларнинг келгуси ишларида омад тилайди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
Huquqiy axborot телеграм канали 2 ёшга тўлди

Ўз вақтида ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг инновацион ва тезкор усули сифатида ишга туширилган канал бугунги кунга келиб юз минглаб инсонлар учун ишончли ахборот манбаига айланди. Канал обуначилари сони 200 мингга яқинлашаётган ушбу кунда Сизларга бизни танлаганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Ишончингиз биз учун қадрли!

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори (830-сон, 30.09.2019 й.) билан Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, чорва ҳайвонларини суғурталаш учун суғурта қилдирувчининг оғзаки ёки ёзма мурожаати бўйича ихтиёрий равишда суғурталовчи билан шартнома тузилади.

Суғурта қилдирувчи суғурта мукофоти тўлайди ва унга суғурта полиси берилади.

Суғурта ҳодисаси (суғурталанган ҳайвоннинг нобуд бўлиши, ўғирланиши ва мажбуран сўйилиши) рўй берганда бу ҳақда далолатнома тузилади.

Суғурта қилдирувчининг аризаси ва тақдим этилган тегишли ҳужжатларга асосан суғурта товони тўлаб берилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сайлов_2019
21 ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайлов соҳасида иш тажрибасига ва аҳоли ўртасида ҳурматга эга фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бошқа сайлов комиссиялари ва сиёсий партияларнинг аъзолари, ҳокимлар, прокуратура ва судларнинг мансабдорлари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Аҳолига давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам рўйхати ишлаб чиқилади

Ҳукумат қарори (832-сон, 30.09.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Рўйхат ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли молия ва режали давр учун Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан кейин 15 кундан кечикмай ишлаб чиқилади.

Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича шакллантирилади:
👉 шошилинч тиббий ёрдам;
👉 режали (шу жумладан бирламчи тиббий-санитария) ёрдам;
👉 ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам;
👉 паллиатив тиббий ёрдам.

Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.

Рўйхат тиббий хизматлар турлари ва ҳажмлари белгилаб олинган ҳолда, тиббиёт ташкилотлари даражаси бўйича шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, республикада муқим яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл фуқаролари тиббий кўрсатмалар бўлганда асослантирилган мурожаатлар билан Рўйхатга киритилган тиббий ёрдамни олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади

Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида Президент Фармони (ПФ–5841-сон, 03.10.2019 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, ҳар 2 йилда бир марта сентябрь ойида Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади.

Шунингдек, фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади.

Фестивалнинг асосий вазифаларидан бири ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бой маданий меросни дунё ҳамжамияти ўртасида тарғиб этишдан иборат.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Ветеринария соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган ОТМ филиали иш бошлайди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори (840-сон, 03.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиали институтнинг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Филиалда қуйидаги бакалавр йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади:
👉 Зооинженерия;
👉 Ветеринария медицинаси;
👉 Ветеринария-санитария экспертизаси;
👉 Ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари.

Филиалда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ва қабул қилинадиган талабалар сони республика ОТМларига қабул қилиш параметрларидан келиб чиқиб белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Филиал Президентнинг 2019 йил 28 мартдаги ПҚ–4254-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Жиззахда тиббиёт кластери ташкил этилади

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида замонавий тиббиёт кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (838-сон, 02.10.2019 й.).

Қарорга мувофиқ, ушбу ҳудудда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, тиббий кадрларни тайёрлашни назарда тутувчи замонавий тиббиёт кластери ташкил қилиш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳани амалга оширишга масъул бўлган “Medical care cluster” МЧЖ ташкил этилади.

2022 йил 1 январгача бўлган муддатга “Medical care cluster” МЧЖ ва лойиҳани амалга ошириш доирасида МЧЖ томонидан жалб қилинган пудрат ташкилотлари:

👉 юридик шахслар даромад солиғи ва ҚҚСни;

👉 республикада ишлаб чиқарилмайдиган, тиббиёт кластерини қуриш, жиҳозлаш учун мўлжалланган материалларни белгиланган рўйхат бўйича олиб киришда божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари кластер фаолиятини ташкил қилиш учун жалб қилинадиган хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан озод этилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сайлов_2019
Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

“Шохимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилди

Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (843-сон, 03.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги “Шохимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилди.

Дирекциянинг асосий вазифаларидан бири Фарғона тумани “Шохимардон” ва “Ёрдон” МФЙларда туризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш, ушбу МФЙларнинг экотуризм салоҳиятини инобатга олган ҳолда янги туризм йўналишларини ишлаб чиқишдан иборат.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилади

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори (ПҚ-4473-сон, 04.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари бўйича муҳокама натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади.

Бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

Шунингдек, қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
👉 республика, вилоятлараро ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараваригача;
👉 вилоят ННТлари учун – БҲМнинг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

Фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТни давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 февралга қадар Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида ННТлар раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Ўзбек тили мавзусида иншолар танлови ўтказилади

“Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг октябрь ойида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади.

Қарор билан ушбу тадбирга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ва ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ташкилий қўмитага тадбир ўтказилиши билан боғлиқ қатор вазифалар юклатилди.

Хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови ўтказилади.

Шунингдек, 21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади

Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Президент Фармони (ПФ–5843-сон, 03.10.2019 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.

Эндиликда, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилади.

Шунингдек, Фармонга асосан давлат фуқаролик хизмати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилади.

Фармон билан, Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бир пайтнинг ўзида Агентлик директори ҳисобланади.

Шу билан бирга, ушбу Агентлик ҳузурида Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot