Huquqiy axborot
220K members
929 photos
102 videos
14 files
3.85K links
Янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал

“Ҳуқуқ билимдонлари” танловига оид саволлар учун: @huquqbilimdoni_aloqabot

Саволлар, ҳуқуқшунос маслаҳати учун: www.advice.uz
Download Telegram
to view and join the conversation
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Электронтехника маҳсулотларининг экспорти ҳажми оширилади

Ҳукумат қарори билан 2019 – 2022 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Мазкур Дастурда электронтехника маҳсулотлари ва маиший электромаҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини, экспорт ҳажмини ҳамда электротехника саноатида мис хомашёсини қайта ишлаш ҳажмларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган.

Шунингдек, қарор билан ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришни 2,7 бараварга, экспортини 4,3 бараварга ва мисни қайта ишлашни 5 бараварга кўпайтиришни кўзда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш тизими жорий қилинди

“Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4505-сон, 02.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий қилинди.

Мониторингнинг асосий вазифалари қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиётини жорий этиш, уларнинг Ўзбекистон қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш кабилардан иборат.

Қарорга кўра, мониторинг Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган қонун ҳужжатлари бўйича ўтказилади.

Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторинг ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Шу муносабат билан вазирликка давлат бошқаруви органлари ўтказадиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш ва ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш каби ҳуқуқлар берилди.

Қарор билан, шунингдек, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида ташкил этиладиган махсус электрон майдончада амалга оширилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Хива тумани комплекс ривожлантирилади

Ҳукумат қарори (901-сон, 02.11.2019 й.) билан 2019-2020 йилларда Хоразм вилоятининг Хива туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Дастурнинг асосий устувор йўналишларидан бири туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини оширишдан иборат.

Дастурга кўра, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий инфратузилма ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун жами 187 та лойиҳани амалга ошириш ва 674 та янги иш ўрнини яратиш назарда тутилган.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Банклар амалга оширадиган операциялар рўйхати кенгайди

“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, банклар амалга оширадиган операциялар рўйхати бир қатор янги банк операциялари билан тўлдирилди.

Хусусан, қимматбаҳо металлардан ясалган тангаларни сотиб олиш ва сотиш, электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва тўлаш каби операциялар шулар жумласидандир.

Қонун билан, шунингдек, кредиторлар ва омонатчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида банклар учун тақиқланган ёки чекланган фаолиятга оид нормалар белгиланди.

Қонунга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этиши лозим.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик жиноий жавобгарликка олиб келмайди

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси чиқариб ташланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 18 ёшгача бўлган, Ўзбекистонда доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан яшаш гувоҳномасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслигини назарда тутувчи норма киритилди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Нобанк кредит ташкилотларининг касса хоналарини техник жиҳатдан мустаҳкамлашга доир талаблар соддалаштирилди

Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор (рўйхат рақами: 1719-3, 2019 йил 6 ноябрь) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, нобанк кредит ташкилотлари касса хоналарининг сонига, уларнинг жойлашувига бўлган талаблар бекор қилинди.

Шунингдек, мазкур хоналарнинг ташқи, ички, тўсиқ деворлари, ойна ҳамда эшикларига (ва бошқа) қўйилган талаблар соддалаштирилди.

Бундан ташқари, нобанк кредит ташкилотларининг бино ва касса хоналарини қўшимча (мазкур қоидаларда назарда тутилганидан ташқари) қўриқлаш сигнализациялари ҳамда ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар билан жиҳозлаш нобанк кредит ташкилотлари раҳбарларининг ихтиёрига кўра амалга оширилиши мумкин.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

“Ипак йўли таъми” миллий таомлар фестивали ташкил этилади

Ҳар йилги “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туризм ярмаркасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (904-сон, 05.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб Тошкент халқаро туризм ярмаркаси БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти кўмагида ҳар йили ноябрь ойи учинчи ҳафтасининг чоршанба-жума кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Ярмарка доирасида “Ипак йўли таъми” миллий таомлар фестивали ва “Шарқ бозори” экспозицияси ташкил этилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2020 йилдан бошлаб ҳар йили ярмарка бошланишидан камида 6 ой аввал, ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш учун пуллик асосда ушбу йўналишда ихтисослашган ташкилотларни танлов асосида жалб этади.

Ярмаркани ўтказиш доирасида иштирокчиларнинг халқаро авиарейслар, овқатланиш, яшаш ва реклама материалларининг кўргазма стендларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлари иштирокчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

“Tashkent education” ННТ ташкил этилди

“Tashkent education” нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим соҳасида таълим хизматлари кўрсатиш учун Тошкент шаҳрида “Tashkent education” нодавлат таълим ташкилоти ташкил этилди.

Таълим ташкилотига белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидагилар таъсис этилди:
👉 “Tashkent kindergarten” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти;
👉 “School of Tashkent” Халқаро умумтаълим мактаби;
👉 “Tashkent International University” халқаро университети.

Ушбу таълим ташкилотларида ўқитиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида, Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Мазкур таълим ташкилотлари фаолияти “Velocius Ltd” компанияси (Буюк Британия) маблағлари, ўқитишдан тушадиган маблағлар, хомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Туғилишни қайд этиш гувоҳномасини олиш тартиби соддалаштирилди

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруқ (рўйхат рақами: 2547-3, 06.11.2019 й.) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Йўриқномага киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда туғилишни қайд этиш муддати ўтказиб юборилганда 16 ёшгача бўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун ариза қуйидагилар томонидан тақдим этилади:

👉 боланинг ота-онаси;
👉 ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири;
👉 ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс;
👉 ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари.

Илгари бундай ариза фақат боланинг ота-онаси томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган.

Бундан ташқари, эндиликда далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин бўлди.

Илгари далолатнома ёзувларига ишончнома орқали ўзгартириш киритиш мумкин бўлмаган.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
​​#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади

“Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4508-сон, 07.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан:

👉 нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистоннинг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади;

👉 жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқариш ўровининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги талаб ўрнатилади.

Шунингдек, ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
👉 товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси;
👉 Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди

Қонунда кўп квартирали уй, умумий мол-мулк каби тушунчалар очиб берилди.

Жумладан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуи кўп квартирали уй ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади.

Кўп квартирали уйни бошқариш қуйидагилар томонидан амалга оширилиши мумкин:
👉 бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан;
👉 юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи томонидан шартнома асосида;
👉 битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан.

Шунингдек, Қонунга кўра, умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Агар умумий мол-мулкнинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, у бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 майгача Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқаришда ушбу Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказади.

Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича 2020 йил 1 июнга қадар бўлган муддатда ушбу Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш тўғрисида Қонунчилик палатасига таклиф киритилади.

Ушбу Қонун 2020 йил 1 августдан эътиборан кучга киради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Мактаб ўқувчиларининг якуний аттестациясига оид идоравий қонун ҳужжатлари бирлаштирилди (унификация қилинди)

Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан идоравий қонун ҳужжатларини босқичма-босқич қисқартириш амалиёти давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1778, 20.03.2008 й.) илова сифатида киритилди.

Шу муносабат билан “Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор (рўйхат рақами 2656, 17.02.2015 й.) давлат реестридан чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, касалликлар рўйхатидаги мавжуд 55 та касаллик тури 59 тага ўзгартирилди.

Мазкур ҳужжатларнинг бирлаштирилиши фуқароларнинг айнан бир масаладаги бир нечта ҳужжатларни қидириб сарсон бўлишларининг олдини олишга хизмат қилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Юк автотранспортларида халқаро юк ташиш турини аниқлаш мезонлари белгиланди

“Автомобилда амалга оширилаётган халқаро юк ташиш турини белгилаш мезонлари ва тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3194, 08.11.2019 й.).

Қарорга мувофиқ, юкларни юк автотранспорт воситаларида халқаро ташишнинг қуйидаги турлари фарқланади:
👉 икки томонлама ташишлар;
👉 транзит тарзидаги ташишлар;
👉 учинчи давлат ҳудудига ёки учинчи давлат ҳудудидан ташишлар.

Шунингдек, ушбу қарор билан юкларни ташишнинг айнан қайси ташиш турига киришини аниқлаш мезонлари белгиланди.

Қарорга кўра, халқаро юк ташиш турини белгилаш тартиби Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш квотасини белгилаш, тақсимлаш, бериш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Маиший чиқиндиларни ташиш қоидалари белгиланди

Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3195, 08.11.2019 й.).

Қарорга мувофиқ, Маиший чиқиндиларни ташиш қоидалари янги таҳрирда тасдиқланиб, Ўзбекистон “Ўзкоммунхизмат” агентлиги бош директорининг “Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (рўйхат рақами 2625, 12.11.2014 й.) ўз кучини йўқотган деб топилди.

Қоидаларда, жумладан қуйидагилар белгиланди:
👉 маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни ташкил қилиш тартиби;
👉 қаттиқ, суюқ, йирик габаритли ва қурилиш чиқиндиларини юклаш ҳамда ташиш тартиби;
👉 маиший чиқиндиларни полигонларга (чиқиндихоналарга) жойлаштириш тартиби;
👉 чиқинди ташишга ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишларини белгилаш тартиби;
👉 ихтисослаштирилган транспорт воситаси ва унинг экипажига, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилишга қўйиладиган талаблар.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Нукусда Ветеринария техникуми ташкил этилди

“Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4512-сон, 07.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни жадал ривожлантириш бўйича комиссия ташкил этилди.

Чорвачиликни ривожлантиришдаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, чорвачилик соҳасига аҳолини кенг жалб қилиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш Комиссиянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Қарор билан Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиали қошида Ветеринария техникуми ташкил этилди.

Қарорга кўра, Филиал бакалавриатига 2020/21-2022/23 ўқув йилларида қабул параметрларини шакллантиришда Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида 5 йил ишлаб бериш шарти билан ушбу туманлар бўйича давлат гранти асосида алоҳида мақсадли қабул кўрсаткичлари назарда тутилади.

Қарор билан, шунингдек, Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Хусусий туғруқхоналарга рухсат этилди

“Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилди.

Бунда, туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Хавфсиз оналик” стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай оладиган ва белгиланган талабларга жавоб берадиган хусусий тиббиёт муассасаларига рухсат этилади.

Қарорга кўра, 2020 йил 1 мартга қадар соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастури такомиллаштирилади.

2020 йил 1 июлдан бошлаб Электрон маълумотлар алмашинуви дастури барча туғруқни қабул қилиш муассасаларида юритилиши мажбурий ҳисобланади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича Кенгаш ташкил этилди

Қарор билан, шунингдек, 2019 – 2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши ташкил этилди.

Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ва чора-тадбирларнинг бажарилишини таъминлашдан иборат.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикасида хомиладор аёллар ва гўдакларга кўрсатилаётган перинатал ёрдам сифати ва оммабоплигини ошириш лойиҳаси маъқулланди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Республика болалар тиббий реабилитация маркази ташкил этилди

Президент қарорига мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилди:

👉 Республика ихтисослаштирилган болалар хирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази;

👉 Республика болалар тиббий реабилитация маркази;

👉 Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Ёрдамчи репродуктив технологиялар маркази;

👉 туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида, болалар анестезиология-реанимация ва интенсив терапия бўлимлари ҳамда бемор болаларга туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи навбатчи шифокор постлари.

Ушбу марказ ва бўлимларнинг асосий вазифалари белгиланди.

Жумладан, Реабилитация марказининг асосий вазифаларидан бири 18 ёшгача бўлган бемор болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, шунингдек саломатлигини реабилитация қилиш орқали даволаш, ногиронликнинг олдини олишдан иборат.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Марказий банк ходимлари тадбиркорлар фаолиятини текширишга жалб этилмайди

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Марказий банкнинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги каби масалалар мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонунга Марказий банк ходимлари учун бир қатор чеклов чоралари киритилди. Яъни, Марказий банк ходимларига қуйидагилар тақиқланади:
👉 ҳақ тўланадиган бирор-бир бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш, бундан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш мустасно;
👉 банклар, хўжалик бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига кириш;
👉 ўз хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи ахборотни ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши чекланган бошқа ахборотни ошкор этиш ёки учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб ундан фойдаланиш.

Қонунга мувофиқ, эндиликда Марказий банк ходимларини тадбиркорлик субъектларининг ва Қонунда белгиланган бошқа субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти текширувларини ўтказиш учун жалб этишга йўл қўйилмайди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

МИБ, ички ишлар ва чегара қўшинларининг идоралараро ҳамкорлик тизими қайта кўриб чиқилди

“Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3196, 12.11.2019 й.).

Унга кўра, қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш ижро ҳужжати қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда қўлланилади.

Қуйидаги ҳолларда қарздорнинг четга чиқиши чекланмайди:
👉 қарз миқдори БҲМнинг 5 бараваридан (1 115 000 сўмдан) ошмаса (аввал бу миқдор 446 000 ни ташкил этган), алимент ёки бошқа даврий тўловларни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бундан мустасно;
👉 суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган бўлса;
👉 қарздор юридик шахс бўлганда.

Қарздорнинг четга чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида ундирувчи (унинг вакили) ариза билан МИБга мурожаат этиши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор чиқарилади ёки ариза рад этилади.

Чеклов қўйилганлиги ва олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумот идоралараро ҳамкорлик тизими орқали ички ишлар органлари ва Чегара қўшинларига юборилади.

Қарздорнинг четга чиқиши вақтинча чекланганлиги ёки чеклов олиб ташланганлиги ҳақида унга ёзма хабар (электрон почта) ва телефон (мобил алоқа) орқали СМС юборилади.

Қуйидаги ҳолларда чеклов тўхтатиб турилади ва қаздорнинг четга чиқишига рухсат берилади:
👉 Ўзбекистондан ташқарида касалхонага ётқизишни талаб қиладиган ҳолларда;
👉 Ўзбекистондан чиқиб кетувчи делегация таркибига киритилганда.

Чегара ҳудудларда четга чиқиши вақтинча чекланган қарздор аниқланганда, унга бу ҳақда тўлиқ маълумот берилади ва www.mib.uz сайти орқали маълумот олиши мумкинлиги тушунтирилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot