Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)
2.4K subscribers
1.06K photos
265 videos
2 files
2.72K links
18+. Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа.
https://www.facebook.com/SukutSaqlama/

Ҳикоянгизни аноним юборинг:
https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
Download Telegram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Туркияда эркак ётоқхона олдида икки қизни зўрламоқчи бўлди. Талабалар норозилик намойишларига чиқишди

10 октябрь куни Туркиянинг Мерсин шаҳрида юзлаб талабалар WhatsApp’даги чатда номаълум эркак қизларга ташлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, KYK ётоқхонаси олдида намойишга чиқишди.

Хабарларда айтилишича, у икки талаба қизни машинага мажбурлаб солиб, уларни зўрлашга уринган. Қўрқиб кетган қизлар машинадан тушиб, ётоқхона биносига яширинган.

Шундан сўнг, талабалар шаҳарчаси олдидаги майдонга юзлаб талаба қизлар чиқди, кейинроқ уларга эркаклар ётоқхонаси аҳолиси ҳам қўшилди. Воқеа жойидан олинган видеони эълон қилган “Туркиянинг асосий янгиликлари” Телеграм-каналининг хабар беришича, ётоқхона раҳбарияти оммавий норозиликларнинг олдини олиш учун талабаларни бино ичига қамаб қўйган.

Видеода талабалар “Сукут сақлама, жим турсанг, навбат сенга келади”, “Аёлларга қарши кўтарилган қўллар синсин” деган шиорларни айтишмоқда.

Бугун эрталаб Мерсин губернатори айбловлар асоссиз эканлигини ва шаҳар прокуратураси “нотўғри маълумот тарқатиш” бўйича тергов очганини маълум қилди.

Видео: «Туркиянинг асосий хабарлари» телеграм-канали

Манба: kosa media

#СукутСақлама #ЖаҳондаЗўравонлик
#ХалқароҚизФарзандларКунига

УТТ хонаси.
Бақир-чақир, шовқин-сурон... Хонада ультратовуш текширувчиси, аёл ва қайнона бор. Дунёни бузгудек шовқин қилаётган қайнонанинг сўзларига қулоқ тутамиз:
- Туғади! Внематочный бўлсаям, менга деса, ошқозонида бўлмайдими? Шу (келин) ўғил туғсин, деб озмунча харж қилдимми? Нечта хўроз-нечта қўй сўйдирдим, зиёратларга, Умраларга бориб, Худодан сўрамадимми?! Бувижон (ўзининг қайнонаси)нинг тушида аён бўлган, шу сафар ўғил туғилади, деган бувижон! Сизни гапираётган гапингизни қаранг!
Келин текширувчига мўлтирайди, уни қутқарадиган бирор сўз айтишини кутади.
Шифокор чуқур хўрсинади. Ҳомилани туширилмаса, бўлажак онанинг ҳаёти хавф остида қолишини неча бор такрорламасин, қайнонага етиб бормайди.
Келин йиғлайди.
- Ўғил бўлсин, деб қанча кутувдим-а...
Қайнона ўшқиради:
- Бўлади, нега бўлмас экан? Бизни авлодимизда бирорта бола туширилмаган! Олдирилмаган!
Текширувчининг ғазаби сўнгги чўққига кўтарилади:
- Бунгача «қиз экан!» - деб воз кечганларингиз, олдиртириб ташлаган беш неварангиз бола эмасмиди? Одам эмасмиди?! Эътиборингиз учун, ҳозирги ҳомилаям ўғил эмас, қиз!
Қайнона:
- Бўлмаган гап! Астойдил аборт қилдириш учун шунақа деяпсан!
- Истаган жойингизда текширтиринг. Мен алдасам, биринчи текширувдаёқ билиниб қолади! Энди эса, чиқинг хонамдан!
Шовқин бироз тинади. Коридор. Беш дақиқача ўтган. Қайнона-келин изма-из чиқиб келишади. Қайнонанинг қовоғи солиқ.
- Анавинингни олдиргин-да, шу билан қайтиб уйимга қадамингни босма!
Кетади. Келин оғир қадамлар билан регистратура томонга юради. Коридорда ўтирганлардан бири навбати келиб, текширувга кириб кетади. Ортидан қолган икки аёл гаплашади - она ва қиз (янги келинлиги ялтир-юлтуридан билинади.)
- Ишқилиб ўғил бўлсин-да... Куёвиз дўстлари билан шарт ўйнашган экан. Биринчиси ўғил бўлади, деб. Қиз бўлса, олдириб ташлайсан, деяптилар...
- Сен қизни эсинг жойидами, биринчи боланиям олдириб бўларканми? Кейин умуман бола кўрмай ўтсанг-чи, ўйлаб гапиряпсанми? Боланг қиз бўлса, ўзим сени ажратиб опкетаман, тушундингми?
- Биринчи болам ўғил туғилсин, деб, ҳатто, ж*бларгаям юрмаганман, Худо сўраганимни беради, мана, кўрасан, дедилар... Яхши ният қилинг, ўғилдир балки? Кейин... қайнонам оиламга аралашди, деб гап қилиб юрмасинлар, деяпман...
Она нима дейишини билмайди.
Улардан аввалги навбатда кириб кетган аёл хурсанд кайфиятда чиқиб келади:
- Ўғил экан! Икки қиздан кейин кутиб-кутиб эришганим ўғил экан!
Қувончини атрофдагилар билан бўлишгиси келади, ва, ҳеч ким уни бу қарорида айблай олмайди...
...15 дақиқалардан сўнг яна хона эшиги очилади. Она ва қиз. Янги келин... йиғлаб чиқади...

Қизларимизни шунчалик ёмон кўрамизми? Шунчалик нафратланамизми улардан? Ҳали кимлигини, қанақа инсон бўлиб етишишини билмай туриб, уларни шунчаки, ҚИЗ ФАРЗАНД бўлгани учунгина ўлдиришга тайёр даражада нафратланамизми улардан? Оталари-ку, эркак экан, дермиз, лекин оналар, бувилар - аёлмиз-ку?

Бу воқеалар ҳеч қанақа тўқима эмаслиги алам!!!

© Жайра

#СукутСақлама #Қизлар
ЎзР Бош прокуратурасига мурожаат

Nemolchi.uz таҳририяти мунтазам равишда гендер зўравонлиги билан боғлиқ суд қарорларини таҳлил қилиб боради. Эътибор беришимизча, 41-1-модда (Шаҳвоний шилқимлик) бўйича маъмурий ишларда кўпинча жабрланувчининг вояга етмаганлиги кўрсатилиб, лекин туғилган санаси ва йили ёзилмайди.

ЎзР Олий Суд Пленумининг 30.11.2018 й. 35-сонли қарорида шаҳвоний шилқимликка тушунча берилган ва унда кўрсатилишича, "Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик кўринишидаги уятсиз-бузуқ ҳаракатлар ЖК 129-моддаси билан квалификация қилиниши лозим", яъни 16 ёшга тўлмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан кўриб чиқилиши керак.

Афсуски, ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, судлар томонидан доимо ҳам бу талабга амал қилинмайди. Таҳририятимиз 16 ёшгача бўлган болаларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилинган, аммо жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланмаган камида иккита ҳолатдан хабардор:

1️⃣ Жорий йилнинг 22 июль куни 1991 й.т. Хусанов О. бирга яшовчи аёлининг вояга етмаган қизи билан уйда ёлғиз қолган пайтда унга шилқимлик қилиб, бўса олишни таклиф қилган, бу борада тажриба орттиришини айтган. У ЎзР МЖтКнинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятда айбдор деб топилди ва унга шу модда билан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Кейинчалик таҳририятга жабрланувчининг таниши боғланиб, қиз жорий йилнинг июль ойида 15 ёшга тўлганини айтди.

2️⃣ 26 сентябрь куни маст ҳолатда бўлган 45 ёшли Ғайрат Абдуллаев вояга етмаган қизга илакишиб, юзи ва лабларидан ўпа бошлаган, сўнг уни кўтариб подъездга олиб кирган. У уни кўтариб олиб кетганини ҳисобга олсак, қизнинг кичкина бўлиши эҳтимоли катта. Бироқ тергов ва суд буни уятсиз ҳатти-ҳаракатлар эмас, балки шаҳвоний шилқимлик деб малакалаган. Эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасига асосан 5 сутка қамоққа олинган.

3️⃣ 19 август куни 24 ёшли такси ҳайдовчиси Шералиев Д. 3 нафар йўловчи аёлга шилқимлик қилиб, уларга презерватив кўрсатган. ОАВ жабрланган хорижлик аёллар рус тилини билмаслигини билдирса-да, улардан бири рус тилини яхши билган ва унинг ниятини тушунган. Қурбонлар 14-15 ёшларда бўлган, бироқ улардан бирининг онаси хабар берганидек, на терговчи, на судья қизларнинг ёшини сўрамаган. Ҳайдовчи 41-1-модда билан айбдор деб топилиб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини олган.

Икки ҳолатда жабрланувчиларнинг ёши ҳақидаги маълумотлар уларнинг қариндошлари ёки танишлари билан шахсий алоқалар орқали маълум бўлди - аммо бизда вояга етмаганларга нисбатан 41-1-модда бўйича барча суд қарорларини текшириш имкони йўқ. Биз бундай ҳолатлар кўпайиб кетишидан хавотирдамиз ва Бош прокуратурадан 41-1-моддага асосан чиқарилган ва вояга етмаганлар жабрланган бўйича маъмурий қарорларни текшириб, керак бўлса, қонунда белгиланган тартибда протест келтирилишини сўраймиз.

#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз #Қонунлар
Унаштирилган қизини ваҳшийларча ўлдирган эркак 17 йилга озодликдан маҳрум этилди

Маҳкум Б.Элмуродов жабрланувчи Р. билан унаштирилган бўлган. Улар 2023 йилда Телеграм тармоғида танишган, тез орада дўстона ёзишмалар улар ўртасидаги муносабатларга олиб келди ва ёшлар унаштирилди. Элмуродов қизни доимо рашк қилар, уни назорат қилишга ҳаракат қилган. Қизга эса бу ишлар ёқмасди.

Рашкдан келиб чиқадиган жанжаллар туфайли Р. муносабатларга нуқта қўйиш ҳақида гапира бошлайди, бу эса Элмуродовни қаттиқ ғазаблантиради. У мунтазам равишда қизни ўлдириш билан қўрқитиб, жисмоний зўравонлик ишлатган ва уни таъқиб қилган. Эркак қиз унга тегишли бўлмаса, бошқа ҳеч уйлана олмаслигини ва қамоқ жазосидан қўрқмаслигини айтади.

Элмуродов қотилликка жиддий тайёрланган: у Самарқанд шаҳридаги Сиёб бозоридан ошхона пичоғи сотиб олади.

2023 йил 7 апрель куни Элмуродов қизнинг уйига келади. Унинг режасига ҳеч ким тўсқинлик қилмаслиги учун қизни уйдан олиб чиқади. Элмуродов олдиндан яшириб қўйган пичоқ билан қизнинг қорни ва сон қисмига бир нечта жароҳатлар етказган. Қизнинг қочишга уринишлари қотилни янада ғазаблантирди ва у унинг орқа, қўллари ва бел қисмига бир неча марта пичоқ санчди. Элмуродов буларнинг барчасини ҳайратдан қимирлаёлмай қолган қизнинг бувисининг кўз ўнгида қилган.

Қиз касалхонага етиб бормасдан вафот этади. Жиноят содир этилганидан кейин Элмуродов ички ишлар органларига бориб, ўз айбига иқрор бўлади.

Судда Элмуродов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, марҳума ўз ўлимига ўзи сабабчи экани, қўнғироқларига жавоб бермай, унга эътибор бермагани, уни ташлаб кетмоқчи бўлганини айтиб, жазони енгиллаштиришларини сўрайди. Қизни жуда яхши кўрганидан уни бировларга раво кўрмаганини пеш қилади.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди 2024 йил 13 сентябрь куни 1996 й.т. Элмуродов Бекпўлатни ЎзР ЖКнинг 112-моддаси 1-қисми, шунингдек, 97-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди ва унга 17 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимли колонияда ўташ жазосини тайинлади.

#СукутСақлама #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #Қонунлар
Ўзбекистонлик аёллар жамоаси АҚШда TechWomen дастури ғолиби бўлди

Ўзбекистонлик аёлларнинг болаларда аутизмни эрта аниқлаш ва даволашга қаратилган Bolajonim лойиҳаси нафақат илк сармоясини олди, балки Ўзбекистоннинг TechWomen ғолиби бўлган илк жамоаси сифатида тарихга кирди!

Қаҳрамонларимизни табриклаймиз:
— Умарова Дилбар, Навои
— Эргашева Шохиста, Тошкент
— Ни Наталья, Учқудуқ
— Рустами Динара, Тошкент
— Сидиқова Рано, Тошкент.

Жамоа аъзоси Дилбар Умарова ўз Facebook саҳифасида ёзди: "Янгиликларни кузатинг, миссиямизни янги босқичга чиқаришга тайёрмиз".

TechWomen - бутун дунё бўйлаб хотин-қизларга фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) соҳасида ўз салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган профессионал алмашинув дастури. Унда 21 давлатдан қизлар иштирок этиши мумкин. Бу йил дастур тарихида энг кўп номзодлар – 6000 нафари ариза бериб, улардан 100 нафари АҚШга саёҳат қилиш ва ўқиш учун танлаб олинди.

2018 йилда дастурда Қозоғистонлик жамоа ғалаба қозонган эди. Марказий Осиё, олға 💪

#СукутСақлама #ҚаҳрамонАёллар
370 миллион аёл ва қиз болалигида зўравонликка учраган - ЮНИCЕФдан аянчли статистика

ЮНИCЕФнинг янги статистикаси болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг даҳшатли кўламини кўрсатади. Дунё бўйлаб 370 миллиондан ортиқ қиз ва аёллар - ҳар саккиздан бир нафари - 18 ёшгача номусга тегиш ёки жинсий зўравонлик қурбони бўлган.

Шаҳвоний шилқимлик ёки онлайн тегажоғлик каби зўравонликнинг бошқа шакллари ҳисобга олинса, бу кўрсаткич 650 миллионга кўтарилади - бу ҳар бешинчи қиз ва аёл дегани.

Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик узоқ муддатли ва ҳалокатли оқибатларга олиб келади, бу эса ҳиссий жароҳат, соғлиқ муаммолари ва вояга етганида муносабатларни шакллантиришда қийинчиликларга олиб келади. Сиёсий вазият беқарор бўлган мамлакатларда ва конфликт зоналарида яшовчи болалар бу муаммо олдида айниқса заиф.

Бу шошилинч чоралар кўришни талаб қиладиган глобал муаммо. Биз нималар қилишимиз керак:

• Зўравонликнинг давом этишига имкон берувчи ижтимоий ва маданий меъёрларни ўзгартириш.
• Болаларга зўравонликни тан олиш ва хабар беришда ёрдам берадиган билимлардан фойдаланиш имкониятини бериш.
• Жабрланувчиларнинг ҳам ҳуқуқий, ҳам психологик ёрдам олиш имкониятини таъминлаш.
• Болаларни ҳимоя қилувчи ва уларнинг қатъий бажарилишини таъминлайдиган қонунларни кучайтириш.
• Тенгликка эришиш учун маълумотларни тўплаш ва яхшилаш.

Биз бу муаммога бефарқ қараб туролмаймиз. Фарзандларимизнинг келажаги бугунги кунда қилаётган ҳаракатларимизга боғлиқ.

#СукутСақлама #болалар #ЗўравонликкаЙўқДеймиз #UNICEF #Статистика
Бугун бутун дунёда Халқаро қишлоқ аёллари куни нишонланмоқда. Бу кун илк бор 2008 йилда нишонланган. Бош Ассамблеянинг 2007 йил 18 декабрдаги резолюциясида "қишлоқ аёлларининг қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиётини жадаллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш ва қишлоқ жойларда қашшоқликни бартараф этишдаги ҳиссаси" эътироф этилган.

Гендер тенглигига эришиш ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш қашшоқлик, очлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашнинг муҳим компонентидир, дейилади БМТ сайтида. Шу билан бирга, қишлоқ аёллари ерга бўлган ҳуқуқ ва кредитдан тортиб, таълим ва технологиягача бўлган бир қатор ресурслардан фойдаланишда тўсиқларга учрайди. Агар аёллар эркаклар каби ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлса, фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги 20-30 фоизга ошиб, қўшимча 100-150 миллион кишини озиқлантириш мумкин эди.

2024 йилда ушбу сана мавзуси “Қишлоқ аёллари табиатни умумий келажагимиз учун асрайди: гендер тенглигига эришиш ва аёл-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш учун иқлим барқарорлигини ошириш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва ерга ғамхўрлик қилиш”.

Ўзбекистондаги ҳолат қандай? Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида 3,5 млндан ортиқ банд бўлганларнинг 1,5 млн ёки 43,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, республикада фаолият юритаётган 90 мингдан ортиқ фермер хўжаликларнинг деярли 6,5 фоизига аёллар раҳбарлик қилмоқдалар. Аҳоли томорқаларидаги 600 минг гектардан ортиқ ер майдонларида хам асосан хотин-қизлар самарали меҳнат қилиб, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожланитиришда салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.

#СукутСақлама #Сана
Патриархал битим

Уйдаги ҳақиқий золимлар келини, ўғлига кун бермаган айнан қайноналар экани ҳақида кўп эшитаман. Шу кунларда Anhor.uz сайтида ёшлигида ўзи уйдаги зўравонликдан азият чеккан қайнонадан зулм кўраётган Мафтуна ҳикояси чоп этилди. Менимча, бу патриархал битим ҳақида гапириш учун айни муддао.

Патриархал битим концепцияси 1988 йилда тадқиқотчи Дениз Кандиоти томонидан “Bargaining with Patriarchy” мақоласида жорий этилди. У аёлларнинг кундалик ҳаётини таҳлил қилиш орқали патриархатнинг турли шаклларини аниқлаш учун "патриархал битим" атамасидан фойдаланишни таклиф қилди. Денизнинг таъкидлашича, аёллар омон қолиш ва уларни чеклайдиган шароитларга мослашиш стратегияларини ишлаб чиқишади. Бу стратегиялар турли жамиятларда фарқланиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси аёлларнинг салоҳияти, аёлларнинг бу муҳитда ўз ўрнини қандай қабул қилишига ва муайян жамиятнинг эркак ва аёл ролига қандай қарашига таъсир қилади.

Дениз Кандиотининг мақоласида келтирилган мисоллардан бири классик патриархатга хос бўлган патриархал битимни (эркаклар ҳукмронлиги аёллар ва болаларнинг эҳтиёжларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш ваъдаси билан бирга келадиган ижтимоий шартнома шакли) яхши тасвирлайди. Қизлар турмушга эрта берилади. Эрининг уйида улар нафақат барча эркаклар, балки ёши катта аёлларга, айниқса, қайнонага бўйсунадилар. Ёш келин эрининг оиласига кириб, амалда мулкдан маҳрум бўлади - чунки ота-онанинг ери ва кўчмас мулки қизига эмас, балки ўғлига мерос бўлиб қолади.

Ёш келин учун бу тизимда ўз ўрнини эгаллашининг ягона йўли – ўғил туғишдир. Зеро, патриархал оиладаги аёлнинг ҳаёт йўли шундайки, ёш келиннинг бошидан кечирган машаққатлари охир-оқибат ўз қўл остидаги келинлари устидан бўладиган назорат ва ҳокимият билан "ювилади".

Оиладаги аёллар ҳукмронлигининг даврийлиги ва уларнинг кекса аёлларнинг ҳокимиятини мерос қилиб олишини кутиши аёлларнинг ўзлари томонидан патриархатнинг ушбу шаклини тўлиқ қабул қилинишига ёрдам беради. Классик патриархатда эркакларга бўйсуниш кекса аёлларнинг ёш аёллар устидан қозонган назорати билан қопланади. Бироқ, аёллар ўзлари назорат қила оладиган ягона меҳнат кучи кўриниши келин ва ўша келиннинг эри бўлмиш ўғиллари орқали қариганда таъминотга эга бўладилар.

Ўғиллар аёлнинг энг муҳим куч манбаи бўлганлиги сабабли, уларнинг бир умр фидойилигини таъминлаш улар учун муҳим.

Ёши каттароқ аёллар ёшлар ўртасидаги муҳаббатни йўқ қилиш, ўғилнинг она фидойилигини биринчи ўринга қўйиш, янги оиланинг аҳамияти ва мустақиллигини иккинчи ўринга қўйишдан манфаатдор. Ёш аёллар бутун кучини қайнонанининг назоратини четлаб ўтишга қаратади.

Бундай тизим боланинг жинсига кўра қадрини ҳам белгилайди. Ўғил туғилиши аёл учун унинг кейинчалик шахс сифатида қабул қилинишига кафолатдир. Ўғил ва келинни назорат қилиш эса унинг қўлидан келадиган ягона ҳукмронликдир.

Аёлларни патриархал тузумнинг манфаатдорлари ёки оилавий зўравонликнинг асосий айбдорлари сифатида кўрсатиш аёлларга нисбатан зулмнинг тизимли шаклларини яширади. Бундан охир-оқибат фақат эркаклар фойда кўриб, аёллар ижтимоий гуруҳ сифатида эзилиш ва эксплуатация қилишда давом этади.

Ирина Матвиенко

#СукутСақлама
Қозоғистоннинг Туркистон вилояти туманлараро суди 49 ёшли Лобар Хожиевани 30 йил давомида уни ва болаларини калтаклаб келган эрини ўлдиргани учун 8 йил қамоқ жазосига маҳкум қилди. Мазкур иш ҳақида #НеМолчиKZ фонди раҳбари Дина Тансари маълум қилди

Адвокатларнинг сўзларига кўра, Хожиеванинг эри муттасил ичган ва хотини ҳамда тўрт фарзандини кўп бора калтаклаган. Болалар кўпинча тунни кўчада ўтказарди, аёлнинг эса ҳимоя қиладиган ҳеч кими йўқ эди. У ҳеч қандай маълумотга эга эмас, қозоқчани ёмон билади, бутун умри эрталаб соат олтидан қоронғигача плантацияларда ишлаш, эрини боқиб, болаларини тарбиялаш билан ўтган.

Эркак ҳаммасидан катта ўғлини ёқтирмасди. Бола бир ёшга тўлганда, бешикда ётган ҳолатида уни бир ярим метр баландликдан кўчага улоқтиради. Бола иккинчи даражали ногирон бўлиб қолади. Болаларнинг сўзларига кўра, ота боласини бир неча бор бўғиб, калтаклаган.

Қўшнилар эркакнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларини тасдиқлашди. Уларнинг сўзларига кўра, у қўшниларнинг деразаларини синдириб, қишлоқ аҳолисига ҳужум қилган ва кўчада яланғоч ҳолда юрган. Бир неча марта одамлар полицияга қўнғироқ қилишса-да, эркак шундай мурожаатлардан сўнг баттар жазавага тушарди. 

12 апрель куни эркак яна маст ҳолатда оила аъзоларини ҳақоратлаб, калтаклай бошлаган, сўнг уйнинг айвонида ҳожатини чиқармоқчи бўлган. Лобар унга танбеҳ берганида, унинг юзига тупурди. Аёл бунга чидай олмай, эрини халат камари билан бўғиб ўлдирган.

Экспертиза эркакнинг бўғиб ўлдирилганини тасдиқлади. Лобар ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Ҳукм 14 октябрь куни эълон қилинди, бироқ ҳали қонуний кучга киргани йўқ.

Манба: kosa media

#СукутСақлама #ЖаҳондаЗўравонлик
Шаҳина (исми ўзгартирилган) болалигидан оғир шароитларда, муаммолар ва ишончсизлик ичида ўсган. У ўсиб-улғайган оила унга илиқлик ва ёрдам бера олмади, шунинг учун имконият туғилгач, у бошқа ҳудуддаги холасиникига кўчиб ўтди. У ерда Шаҳина ўзи билан самимий муносабатда бўлган йигит билан танишади ва улар турмуш қуришни режалаштиралирар. Бироқ, уларнинг орзуси рўёбга чиқмади: йигитнинг ота-онаси бу никоҳга қарши чиқди ва тез орада Шаҳинани узоқ қариндошига мажбуран турмушга узатдилар.

Тўйдан кейинги ҳаёт янада қийинлашди. Оналик қувончига қарамай - у икта ажойиб эгизак ўғил туғди - унинг никоҳи бутунлай даҳшатли тушга айлана бошлади. Турмушга чиқишдан олдин Шаҳина бошқа эркак билан муносабатда бўлганини билган унинг эри, рашк саҳналарини уюштира бошлади ва бу тез орада мунтазам жанжал ва оилавий зўравонликка айланди. Ҳар бир кун имтихонга айланди. Бунинг устига, эрининг ота-онаси уни тўғри иш қиляпти деб, шафқатсизликда ққўллаб-қувватлаганлар.

Ажрашгач, Шаҳина қўлида иккита кичик бола билан кўчада ёлғиз қолди. Унинг уйи энди унга бошпана бўла олмасди ва у қариндошларидан вақтинчалик турар жой излашга мажбур бўлди. Турли ташкилотларга мурожаат қилиб, нафақа олишга ҳаракат қилди, аммо унинг сўровлари хеч қандай натижа бермади ва бу унинг чуқур муаммоларини ҳал қилмас эди.

Унинг эри ажрашганларидан кейин ҳам ҳақорат қилишда давом этиб, алиментни тан олиш учун ДНК тестидан ўтишни талаб қилди. Шаҳина рад этди, унинг юраги бундай хўрликларга чидай олмади. У ўзини хиёнатда айблаб, уни қоралаган қариндошлари билан алоқани узди ва ўзини бутунлай изоляция қилди.

Чорасиз қолган Шаҳина болаларни меҳрибонлик уйига топширишни илтимос қилиб, туман ҳокимлигига мурожаат қилди. Унинг умидсизлик ва дардини сўз билан ифодалаб бўлмайди: фарзандларини севадиган она учун бу қарор охирги чора эди. Аммо тақдир унга яна бир имконият берди. Шаҳинанинг воқеасидан таъсирланган ҳокимлик ходими уни Самарқанддаги «Раҳмдиллик» марказига юборди.

«Раҳмдиллик» маркази Шаҳина ва унинг фарзандлари учун ҳақиқий нажотга айланди. Марказ ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Шаҳина фарзандлари билан хайрлашиш фикридан воз кечди. Ўғиллари учун хайрия асосида хусусий боғчадан жой топилди, бу эса Шаҳинага бироз дам олиб, келажак ҳақида ўйлаш имконини берди. Марказ унга марказдан унча узоқ бўлмаган маҳаллий мактабнинг хўжалик бўлимига ишга жойлашишига ёрдам берди.
Раҳимдилликнинг қайд этишича, Шаҳинага суд жараёнида ҳамроҳлик қилган юрист ва адвокатлар унинг ҳуқуқларини тиклашга USAID кўмаги туфайли эришилган. Шаҳина уй-жойга муҳтожлар рўйхатига киритилган ва яқин кунларда унга ижтимоий уй-жой ажратилади.

Энди Шаҳина фақат бир нарсани орзу қилади: фарзандларига бахтли келажак бериш ва ниҳоят барқарорлик топиш. «Раҳмдиллик» маркази ва ғамхўр инсонлар туфайли у умид ва энг ишончга жой бор янги ҳаёт қуришга киришди.

Payme, Click иловаларидаги «Хайрия» ва Uzum bankнинг "Добро" бўлимларида хайрия қилиш орқали Самарқанд шаҳридаги «Раҳмдиллик» шелтери фаолиятини қўллаб-қувватлашингиз мумкин.

Ольга Любомирова
Таржима: Нагуманова Турсуной

#СукутСақлама #шелтер_ҳикоялари
"Эркаклари "латта" бўлган жамиятнинг "қариялар уйи" кўп бўлади", деб ёзди ўз Телеграм каналида собиқ депутат, айни дамда эса экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

"Шунча юртлар кезиб тушунган ҳақиқатларимдан бири шу бўлди: эркаклари "латта" бўлган жамиятнинг "қариялар уйи" кўп бўлади!

Шу боис, ҳурматли эркаклар оиладаги бошлиқ ролингизни аёл кишига топширманг! Акс ҳолда оилада фарзанд фарзандлигини, аёл она ва эрга бўйсунувчи хотинлигини унутади. Ва бу оиладаги ота-онани келажакда "қариялар уйи" кутади"
— деб ҳулоса қилди у.

Кушербаев эркакларни “латта” бўлмасликка чақирганда нимани назарда тутган? У қандай хулосаларга асосланиб, мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилган эркак ва аёл тенглигини ошкора инкор этиши мумкин, деган қарорга келди?

Давлат хизматчилари қонунни бузишга ва жинсига кўра камситишга йўл қўйса, қандай гендер тенглиги ҳақида гапириш мумкин? Эслатиб ўтамиз, бундан бир йил аввал Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 189-2 "Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш" моддаси киритилган эди: “Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.”

#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз
#NeUyat фестивалида кўришамиз!

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни соат 18:30 да янгидан очилган 139 Documentary Center галереясида #NeUyat 2 кўргазмаси очилишида барчангизни кутиб қоламиз!

Зўравонликни бошидан кечирган ва ўз овозини санъат орқали моҳирона етказган ўзбекистонлик ёш рассомлар кўргазмаси зўравонлик учраганларни қўллаб-қувватлаш ва тажовузга муросасизлик маданиятини шакллантиришга ёрдам беради.

Фестиваль давомида сизни турли тадбирлар кутмоқда: муҳокамаларга уланган кинотомошалар, психолог билан суҳбат ва якунида — Немолчи.уз лойиҳаси экспертларидан интерфаол маъруза.

Фестивалда кўришгунча! Биргаликда жинсий зўравонлик атрофидаги уят маданиятини енга оламиз. Зўравонликни кечириш эмас, зўравон бўлиш уят!

Кўргазма 2-24 ноябрь кунлари давом этади.

Манзил: Тарас Шевченко кўчаси, 8 (мўлжал — "Патрики" қаҳвахонаси). 
18+ 
Кириш бепул. 
Барча ишлар рус ва ўзбек тилида тақдим этилади.

Афиша муаллифи @astragape

#СукутСақлама #NeUyat #NeUyat24
Гульмира (исми ўзгартирилди) Самарқанд вилоятида эри билан яшарди. Улар шаръий никоҳда яшар эдилар, ваҳоланки эри расман бошқа аёл билан турмуш қурган. Аввалига у қийинчиликларга қарамай, ҳаётлари яхши бўлиб кетишига ишонарди, айниқса ҳомиладорлиги ҳақида билгач, бу ишонч янада ортди.

Аммо аччиқ ҳақиқат шу бўлдики, Гулмира ҳомиладор бўлгач, эри уни аввал аёвсиз калтаклаб, сўнг уйдан ҳайдаб юборади. Умидсизлик ва қўрқув ичида Гулмира ўз оиласига қайтишга қарор қилди, лекин у ерда уни қабул қилишмади. Акаси ва опа-сингиллари уни қабул қилишдан бош тортишди ва унинг илтимосларига жавобан ҳатто қўл кўтаришди.

Гулмира энди нима қилишни билмай, бутунлай ёлғиз ҳолда кўчада қолди. Унинг дунёси кўз ўнгида парчаланар ва бу қийин дамларда унинг қалбини умидсизлик тўлдирди. Аммо тақдир унга яна имконият берди. “Раҳмдиллик” маркази билан ҳамкорлик қилган юристлар орқали у бошпана ҳақида билиб олди.

Гулмира ҳеч иккиланмай Самарқандга бориб, шу марказдан бошпана топди ва бу унинг учун ҳақиқий нажотга айланди.
Афсуски, оғир калтаклар ва чидаб бўлмас стресс туфайли Гулмира муддатидан олдин туғди. Унинг ўғли ўлик туғилди, бу эса аёл учун чидаб бўлмас зарба бўлди. У йўқотиш азобига зўрға бардош бера олди, лекин қизи тирик қолгани билан таскин топди.

Икки йил давомида Гулмира "Раҳмдиллик"да, марказ ходимлари ва БМТТД дастури доирасидаги юристлар кўмагини олди. Улар унга суд жараёнларида ёрдам беришди, ҳуқуқларини ҳимоя қилишди ва қийин дамларда уни қўллаб-қувватлашди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан Гулмира давлат томонидан тақдим этиладиган уй-жойга эга бўлди. Шунингдек, уни Самарқанд ҳокимлиги ҳам қўллаб-қувватлаб, барча керакли ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берди.

Гулмира ўтмишдаги оғир шароит туфайли соғлиқдаги муаммоларга ҳам учради. Марказ ҳуқуқшунослари ва мутахассислари унга ногиронлик гуруҳига рўйхатдан ўтишда ёрдам беришди, бу эса унга қўшимча имтиёз ва ёрдам олиш имконини берди.

Барча қийинчиликларга қарамай, Гулмира таслим бўлмади. У ҳозир иш қидирмоқда ва қизи боғчага боргач, келажагини қуриш учун кўпроқ вақт топади.

Гулмира шу оғир йилларда “Раҳмдиллик” маркази ва унга ёрдам берган барчадан чексиз миннатдор. Унинг ҳикояси умид ва ёрдамни ҳатто энг қоронғу шароитларда ҳам топиш мумкинлигига мисолдир.

Payme, Click иловаларидаги «Хайрия» ва Uzum bankнинг "Добро" бўлимларида хайрия қилиш орқали Самарқанд шаҳридаги «Раҳмдиллик» шелтери фаолиятини қўллаб-қувватлашингиз мумкин.

Ольга Любомирова

#СукутСақлама #шелтер_ҳикоялари
Жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун жазо бўйича ЙИЛ ЯКУНЛАРИ

Бундан роппа-роса бир йил аввал 2023 йил 31 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 189-2-модда (Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш) билан тўлдирилди. Биз ушбу модда қандай ҳолатларда ва қачон ишлатилишини аниқлашга қарор қилдик.

Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидовнинг Nemolchi.uz таҳририятига маълум қилишича, 1 йил давомида Ўзбекистонда жинс бўйича камситишни тарғиб қилган 7 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Биз бу шахсларга тегишли барча ишларни топдик.

1️⃣Илк кейс Sahil Street Food кафеси билан боғлиқ бўлиб, бу ҳақида журналист Инобат Ахатова сўзлаб берганди. Уни дугоналари билан кечқурун кафега киритишмади, кафе ходими кечқурун 10 яримдан кейин аёлларга кириш мумкин эмаслигини билдиради. 2023 йилнинг 30 ноябрь куни кафе эгаси ва унинг ходими айбдор деб топлиби, ҳар бирига 6,6 млн сўм миқдорида жарима қўлланилди.
2️⃣ 2023 йилнинг 11 ноябрь куни эркак ўзининг “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “ilm_markazi” номли профили орқали ўқув марказига ўқитувчи олиш мақсадида "истарали 20 дан 30 ёшгача бўлиши агар аёл киши бўлса ҳижобли бўлсин" деб эълон берган. 11 декабрь куни суд уни жинс бўйича камситишни тарғиб қилганликда айбдор деб топиб, 3,3 млн сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилади.
3️⃣ 2024 йилнинг 24 январь куни блогерлар Ш.Отохонов ва Р.Абдуакимовлар “Instagram” ижтимоий тармоқлар орқали, тазйиқни, зўравонликни ёки шавқатсизликни хамда жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлиги юзасидан ИИО ходимлари томонидан улар билан профилактик суҳбат олиб бориш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилишганида, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, қаршилик кўрсатишган. Суд уларни қатор ҳуқуқбузарликларни (МжТК 189-1, 189-2 1-қисми, 194 ва 195 моддалари) содир этганликда айбдор деб топиб, ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
4️⃣ 2024 йилнинг 21 апрель куни Янгибозор автовокзалида Дамас русумли автомашина ҳайдовчиси йўловчи сифатида ўтирмоқчи бўлган аёлга автомашина олд ўриндиғига аёл қизларни ўтиришига рухсат бермаслигини, аёллар автомашинани орқа ўриндиғида ўтиришлари лозимлигини айтади. 1 май куни суд уни жинс бўйича камситишни тарғиб қилишда айбдор топиб, 5,1 млн сўм жарима жазосини тайинлади.
5️⃣ 2024 йилнинг май ойида Сайхунобод туманидаги танишининг тўйида, “Осиё” номли тўйхонада аёлларга боғлиқ бўлган мавзуда диний маъруза қилиб, “аёлларни бола туғиб берувчи завод эканликлари, эркаклар уларни намоз ўқишга, эътиқодли бўлишга оғзаки тарғиб қилишлари кераклиги, аёллар мазкур эътиқодни бажармаган тақдирда керак бўлса уларни калтаклаш орқали ҳам ушбу эътиқодни мажбуран бажартиришлари керак”лиги ҳақидаги қарашларни омма олдида оқлаган. 13 июнь куни суд имом ўринбосарини жинс бўйича камситишни тарғиб қилганликда айбдор деб топиб, 6,8 млн сўм жарима жазосини тайинлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 21 октябрь куни Расул Кушербаев эркакларга мурожаат қилади: «Оиладаги бошлиқ ролингизни аёл кишига топширманг! Акс ҳолда оилада фарзанд фарзандлигини, аёл она ва эрга бўйсунувчи хотинлигини унутали». Кейинроқ у гендер тенглигига тупурганини билдирди.

Шунга қарамай, собиқ депутат ўз сўзлари учун ҳалигача жавобгарликка тортилмаган. Нега қонун барча учун тенг эмас? Нега йўналишли такси ҳайдовчиси аёлни олд ўриндиққа ўтиришига рухсат бермагани учун 5 млн сўм жаримага тортилади-ю, катта аудиторияга эга бўлган жамоат арбобининг қилмишига кўз юмилади?

#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз #Қонунлар
🎞Сизни 3 ноябрь куни NeUyat фестивали доирасида кинонамойишда кутамиз!

Намойишда “Суюнчи” фильми тақдим этилиб, намойишдан сўнг сценарийнавис, шоира, фаол Алия Темурийзода модераторлигида муҳокама бўлиб ўтади.

Режиссер Мелис Абзаловнинг «Суюнчи» фильми ўзбек жамиятида аёл ролини очиб беради.

❗️Фильм намойиши ва муҳокама ўзбек тилида бўлиб ўтади.

📍Манзил: Тарас Шевченко кўчаси, 8 (Мўлжал: "Патрики" қаҳвахонаси)

Вақти: 3 ноябрь, 18:00

🔞

Кириш бепул.

#NeUyat24 #СукутСақлама
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

Youtube да ушбу қисқа видео (shorts)ни кўриб, Расул Кушербаевнинг «хотинлар ва қариялар уйи» ҳақидаги «оташин» фикри эсимга тушиб қолди.

Ўзимизнинг тилда «Бировнинг таҳоратига намоз ўқиш» деб айтиладиган бу ҳолат кўплаб оилаларда учрайди, ҳатто, доим шунақа бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Яъни, «роппа-родной» ўғиллар уйланиши биланоқ хотинидан ўз фарзандлик бурчини бир четга суриб қўйиб, эрнинг зиммасидаги фарзандлик бурчини адо этишни талаб қилишлари, уйланиш олдидан очиқдан-очиқ, «ота-онасининг хизматини қилиб, кўнглини топиб юрса бўлди» эканини айтишлари ўта нормал бўлиб улгурган. Лекин, мана бу ерда ёзилишича, «шариат аёллар зиммасига ҳатто ўз эрини таомини пиширишни ҳам вожиб қилган эмас. Қайнона, қайнота, эрнинг ака-ука ва опа-сингилларининг хизмати у ёқда турсин. Аллоҳ таоло аёл кишига фарзанд тарбиясини вожиб қилган» холос.

Кушербаевнинг иддаоси бўйича эса, гўёки, аёл келин эканини унутиб, «келинлик бурчи»ни бажаришни истамай, эридан ота-онасини қариялар уйига олиб боришни талаб қилади ва эркаклигини унутган ўғил хотинининг талабига «лаббай» деб жавоб бериб, ота-онасининг «оёғини ерга теккизмай» қариялар уйига олиб бориб ташлайди экан.

Шу жойига, «Эй, эркакмисан? Ота-онанг сени болаликдан боқиб катта қилди, едириб-ичирди, кийинтирди. Таълим-тарбия берди, касал бўлсанг, даволатди, ишқилиб, сени сен қилган одамлар шулар! Шуларни қайтарадиган вақтинг келганда, нега бўйин товлаб, юкингни беш-бегона хотинингни зиммасига юклашинг керак? Тур, бор, ота-онангни хизматини қил, фарзандлик бурчингни бажар! Хотининг қарашни истамаса, нима қипти? Сен хотинингни ота-онасига ўтказиб қўйган жойинг бормидики, хотинингдан ота-онангга қарашни талаб қиласан? Хотининг қилгиси келмаса, ўзинг қил! Ногиронмисан, ёш боламисан, майиб-мажруҳмисан? Ҳеч бўлмаса, ўзингни фикринг йўқми, ким нима буюрса қилиб кетаверадиган югурдакмисан? Ёки сенга меҳнати кетганларнинг, умри кетганларнинг ҳақидан қўрқмайдиган аблаҳмисан?» - деб ташлайдиган одам йўқ-да!

Эй, ёмон ўргандиларинг-а, ота-оналарингга то умрини охиригача хотинларинг қараса, ҳатто опа-сингил, ака-укаларинггаям «Ота-онамга фақат мен қарадим!» - деб кекирдак чўзасизлар, қариялар уйига обориб ташлашга бўлса, «Хотиним айтди (буюрди)» бўладими? Кимни алдамоқчи бўляпсизлар? Бандасиними, Худоними?

Мен масаланинг ҳуқуқий жиҳатдан «ляп»ларига тўхталишни истамайман. Мен отасини хотинининг гапига кўра саҳрога опчиқиб ташлаган ўғил ҳақида шеър ўқиганман, онасини қариялар уйига обориб ташлагани ҳақида фильмлар, новеллалар кўрганман, лекин реал ҳаётда кўпинча хотинини урадиган, бирорта гапини эътиборга олмайдиган, одамлар олдидаям бир тийин қилиб ташлайдиган эрларни учратаман. Соғ пайти келинига кун бермай, ўлигигача шу «ёмон келин»нинг виждонига қолиб кетган қайнона-қайноталарни биламан. Кушербаев танийдиган «лаббайчи» эрларнинг макони қаерда? Қайси Ўзбекистонда, локация ташлаб беришсин?

Жиддийчасига айтадиган бўлсак, хотинингиз ота-онангизга ғамхўрлик қилишни истамаса, ўзингиз ғамхўрлик қилинг. Ота-онангизни қариялар уйига обориб ташлаётган бўлсангиз - буни хотинингиз айтгани учунмас, ўзингиз уларга қарагингиз келмагани учунгина қиляпсиз. Ўз эгоистлигингизни аёлларни қадрсизлантириш ва ёмонотлиқ қилиш орқали ниқоблашга уринманг!

© Гапира ҚОЧДИЕВА
#СукутСақлама #ЭркакчаЭго #ЖаннатиАёл
Бугун тасодифан бир ёш аёлни учратдим. Ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик иборасининг асл моҳиятини англадим. Қанчадан-қанча аёллар болалари билан бирга зўравонликка чидаб, ҳаётларини ўзгартиришга ҳаракат қилишмайди.

Бугун кўчада кетаётсам олдимда бир аёлни кўрдим, у боласини коляскага ўтирғизаётганди, бир қарашда одатий ҳолат. Лекин орқасида катта рюкзак бор эди, яқинроқ келсам, сумкаси Яндекс етказиб бериш хизматиники экан. Яъни аёл боласини коляскага солиб Яндекс етказиб бериш хизматида пиёда ишламоқда. Ваҳоланки ҳозир кўча совуқ ва бу воқеа кечқурун содир бўлмоқда эди. Анча пайт мен у билан ёнма-ён кетаётгандим. Қизга бир қарашда 17 ёш берасиз. Охири сабрим чидамай аёлни гапга тутдим. У 26 ёшда экан, болалари эгиз экан, биттаси ухлаб кетаётганди, иккинчиси эса атрофни томоша қилиб жим ўтириб кетарди. Аёл шунақа истарали! Мен унга ёрдам бермоқчи бўлганимда унинг юзи қизариб кетди, у ишлаётганини айтиб, кичик ёрдамимни олишдан бош тортди. Амаллаб, бу арзимас пул болалари учунлигини айтиб, қўлига тутқаздим. У эса ҳижолат тортарди. Ортиқча савол беришга уялдим, тўғриси, камига у буюртмани тезроқ етказишга шошиларди...

Катерина Клипинина
Тошкент

#СукутСақлама
🎞Сизни 3 ноябрь куни NeUyat фестивали доирасида кинонамойишда кутамиз!

Намойишда “Суюнчи” фильми тақдим этилиб, намойишдан сўнг сценарийнавис, шоира, фаол Алия Темурийзода модераторлигида муҳокама бўлиб ўтади.

Режиссер Мелис Абзаловнинг «Суюнчи» фильми ўзбек жамиятида аёл ролини очиб беради.

❗️Фильм намойиши ва муҳокама ўзбек тилида бўлиб ўтади.

📍Манзил: Тарас Шевченко кўчаси, 8 (Мўлжал: "Патрики" қаҳвахонаси)

Вақти: 3 ноябрь, 18:00

🔞

Кириш бепул.

#NeUyat24 #СукутСақлама
Ақлли эркакларда интеллекти паст бўлган эркакларга қараганда соғлом муносабат қура олади, улар зўравон бўлиш эҳтимоли камроқ.

"Гласная" нашри эркакларнинг ақл-заковати даражаси уларнинг романтик муносабатлардаги иштироки билан боғлиқлигини ўрганувчи янги тадқиқотга эътибор қаратди. Бунинг учун мақола муаллифлари 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган 200 дан ортиқ эркакларни жалб қилган.

Танлаб олинган эркакларнинг ақл-идрокини баҳолаш учун олимлар мавҳум фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилиятига оид турли вазифаларни ўз ичига олган ресурсдан фойдаланганлар.

Эксперимент иштирокчиларидан, шунингдек, шерикларини қанчалик тез-тез ҳақорат қилганлари, мажбурлаш ва назорат қилиш усулларини қўллашлари ҳақидаги саволномани тўлдириш сўралган. Бундан ташқари, тадқиқотчилар рашк, психопатия ва муносабатлардан қониқишни ўлчайдиган бир нечта сўровномаларни тарқатишди.

Натижада, тадқиқотчилар юқори ақл даражаси романтик муносабатлардаги соғлом хатти-ҳаракатлар билан боғлиқлигини аниқладилар. Шундай қилиб, ақлли эркаклар абьюзер бўлиш эҳтимоли кам ва улар шерикларига кўпроқ боғланишади.

Манба: kosa media

#СукутСақлама
Камилла (исми ўзгартирилди) ота-онасидан эрта етим қолди ва улардан унга иккита квартира мерос сифатида қолди. Ҳаёт ўз измида давом этарди: у битта квартирада яшаса, иккинчисини ижарага берарди. Бундан ташқари, ишларди. Ҳаммаси у эрга теггач ўзгарди. Эри улар ўша квартиралардан бирида яшаб, иккинчисини ижарага беришда давом этишн қарор қилди. Эрга теккач, Камилла эрининг қистови билан ишламай қўйди. Турмушда улар икки фарзандли бўлишди.
 
«Мен ҳаётимиз яхши деб ўйлардим. Жуда бой бўлмасак-да, уйимиз, даромадимиз бор эди ва биз бахтли эдик», - деб эслайди Камилла.
 
Давоми карточкаларда
 
Сиз аёллар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мослаштириш “Меҳржон” марказини Payme иловаси орқали пул ўтказиш орқали ёки Instagram орқали @mehrjon_ngo профилидаги марказ васийлигидаги аёл-болалар яратган буюмларни сотиб олиш орқали қўллаб-қувватлашингиз мумкин.
 
#СукутСақлама #шелтер_ҳикоялари #Меҳржон