Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)
2.4K subscribers
1.06K photos
265 videos
2 files
2.72K links
18+. Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа.
https://www.facebook.com/SukutSaqlama/

Ҳикоянгизни аноним юборинг:
https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
Download Telegram
“Бўғиб, қон кетгунча зўрларди” - қиз яқин қариндоши Тошкент шаҳар ИИБ да ишлайдиган собиқ эрининг зўравонлиги ва жазосиз қолгани ҳақида гапирди.

Лайло (исми ўзгартирилган) энди 20 ёшдан ошди. Нозик қиз фотосуратларни варақлайди: мана кўкаришлар, мана бош суягидаги даҳшатли чандиқ. Бу жароҳатлар унга бирга яшаган эркаги томонидан етказилган. У жазоланадими? Билмаймиз, чунки ҳуқуқбузарликлар "гулдастасига" қарамай, адолат тизими уни негадир авайламоқда. Лайлонинг сўзларига кўра, эркакнинг қариндоши Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида мансабдор бўлиб ишлайди, амакиси эса шаҳар туманларидан бирининг собиқ прокурори. Унинг оилавий алоқалари, ақл бовар қилмайдиган шафқатсизлиги ва жазосизлиги ўртасида боғлиқлик борми ёки йўқлигини билмаймиз. Биз ўқувчиларни ўз хулосаларини чиқаришга чақирамиз ва адолатга умид қиламиз.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, Умар билан бирга ҳаётининг илк кунлариданоқ у гўё дўзахга тушганди. Улар 2022 йил октябрь ойида совчилик орқали танишишган. Лайло 20 ёш, Умар эса 28 ёшда эди. Қиз тўйга шошилишни истамади, лекин йигит туриб олди - тўйни тезлаштириш учун улар никохдан ФҲДЁсиз ўтишди. Кейинчалик Лайлонинг ўзи ҳам у билан расмий никоҳдан ўтишдан қўрқди, аммо бу уни қутқармади.

Тўйдан бир ҳафта ўтгач, у мени илк марта калтаклаганида онаси ҳаммасини кўриб туриб ўғлини тўхтатмади. Орадан бир-икки ой ўтиб билдимки, Умар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб юрган ва гиёҳванд моддалар сақлаганликда айбланиб судланган. Калтаклар тез-тез такрорланар, унинг шафқатсизлиги ошиб борди. У қўлига нимаики тушса шу билан урарди: деворга, машинага, аёлини бир неча марта бўғиб, юмшоқ тўқималар шикастланиб, жиддий қон кетишига қадар табиий ва ғайритабиий усулда зўрлаган. Кўпинча калтаклаш пайтида онаси ҳам уйда бўларди, ҳамма нарсани эшитар, лекин ҳеч қачон аралашмасди. Калтаклардан сўнг, ёрдам сўраганимда, ҳеч бўлмаганда ота-онамнинг олдига қўйиб юборишларини сўрардим, онаси эса агар ажрашсам ёки шу кўринишда уларнинг олдига борсам, отам уятдан бошини кўтара олмаслигини айтарди. Ҳамма жароҳатлар битмагунча мени ташқарига чиқаришмасди, телефонимни олиб қўйиб, ҳатто тез ёрдам чақиришга ҳам имконим бўлмасди.

Тўйдан тахминан уч ой ўтгач, у мени яна қаттиқ калтаклади, кейин эса бир неча марта қандайдир наркотик ичишга мажбур қилди. Мен ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, бутун вужудим оғрир, ҳудди ўлаётгандек бўлганимни аниқ эслайман
..."

Давоми карточкаларда

#СукутСақлама #ОилавийЗўравонлик #Қонунлар
Бугунги кунда смартфонлар ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни ўзгартирмоқда. Катталар бутун эътиборини телефонларга берган, болалар эса севимли инсонларининг диққатини ўзига қаратиш билан овора.

2017 йили Делавэр ва Темпл университетлари психологлари икки ёшли болалар оналари қисқа сўзлашув учун телефонга чалғиганда янги сўзларни ёмонроқ эслаб қолишини аниқладилар. 2018 йили америкалик олимлар кичик фарзандлари бор 170 та жуфтликни сўровномага жалб қилишди. Ота-оналарнинг қайд этишича, улар болалари билан бирга ўйнаётган ёки шуғулланаётган вақтда телефонга чалғиши оқибатида кичкинтойларнинг кайфияти ўзгарган, улар кўпроқ хархаша қилган.

Яна бир тадқиқотда психолог Бранди Ступика болаларга югуриш йўлагида пойга ўйнашни таклиф қилган. Ота-онаси бутун эътиборини фарзандига бериб, қўллаб-қувватлаб турган болалар, беэътибор ва телефонга чалғиган катталарнинг зурриёдларига қараганда кўпроқ муваффақиятга эришган.

Тўғри, смартфонларни бутунлай ҳаётдан чиқариб бўлмайди, улар кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Аммо фарзандларимизга зарар етказмаслик учун гаджетлардан фойдаланишни назорат қилиш шарт.

Маслаҳатлар:

▶️ Бола билан шуғулланган вақтингизда телефонни бошқа хонада қолдиринг. У ёнингизда бўлса ва турли СМСлар келиб турса, барибир қизиқиб уни очасиз ва чалғийсиз. Унутманг, бутун эътиборингиз жамланган тақдирдагина болалар яхшироқ ўрганади. Ҳамкорликдаги ишнинг натижаси ҳам бошқача бўлади.

▶️ Спорт ўйинлари ва машғулотлар вақтида телефонни узоқроқ қўйинг. Спорт билан шуғулланиш бола ривожланиши учун муҳим палла. Фарзандингиз ўйин вақтида сизнинг тўлиқ қўлловингизни ҳис қилиши керак. Агар трибунада ўтириб олиб телефонингизга шўнғиб кетсангиз, болангиз катта хатоларга йўл қўйиши тайин. Мабодо ўйинни фото ва видеога мухрлашни истасангиз, ундан фақат шу мақсадда фойдаланинг. Тасвирларни эса ижтимоий тармоққа уйда жойласангиз ҳам бўлади. Шундай экан, максимал даражада чалғимасликка ҳаракат қилинг.

▶️ Зиддиятлар ва телефондан фойдаланиш ўртасидаги алоқани таҳлил қилиб кўринг. Телефонига муккасидан кетган ота-оналар болаларнинг хулқ-атворига камроқ эътибор қаратади. Бундай вазиятларда баъзи болалар хавфли ҳаракатлар билан ота-онасининг эътиборини қозонмоқчи бўлади. Агар оилангизда зиддиятлар, жанжаллар кўпайиб қолган бўлса, телефон билан ўтказадиган вақтингизни таҳлил қилинг. Уни муттассил текшириб туриш шартмас. Болаларга вақт ажратишга қарор қилдингизми, бунга гаджетларни аралаштирмасликка ҳаракат қилинг. Ҳар қандай шароитда телефондан онгли равишда фойдаланинг.

www.psychologies.ru сайтидан Нодира таржима қилди

#СукутСақлама #лойиҳадан
#КунРақами

Буюк Британия ҳукумати молиявий кўмагида Жаҳон банки томонидан тайёрланган "Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили" ҳисоботи рақамларини тақдим этишда давом этамиз.

2020-2021 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган хотин-қизлар сони 2016-2017 ўқув йилига нисбатан тўрт баробар ошди

#СукутСақлама #Статистика #ГендерТенглик
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
"Такси ҳайдовчиси олдингизда ўзини қондирган бўлса, қизлигингиз ҳақидаги маълумотномани келтиринг!"

Бу ибора қанчалик аҳмоқона туюлмасин, аммо участка инспектори ўзини мижоз олдида қондирган такси ҳайдовчиси устидан судда ютган қиздан айнан шундай маълумотномани кутмоқда.

Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилган қиз мизогиния ва нокомпетентликка учради. Суд мажлисидан сўнг судья, участка инспектори ва бошқа гувоҳлар олдида судланувчининг онаси қизни ўғлининг бундай ҳатти-ҳаракатларига ўзи сабабчи бўлганликда айблади ва қизни ҳақорат қилди.

Биз жабрланувчига ушбу ҳолат бўйича ариза беришни маслаҳат бердик. Участка инспектори аризани қабул қилди ва Ризоқулов Беҳрузнинг онаси билан суҳбатлашди. У яна қизни ҳақорат қилиб, қизлик ҳақидаги маълумотномани тақдим этишини талаб қилди. Участка инспектори эса аёлга бу талаб аҳмоқона эканлигини айтиш ўрнига шундай маълумотномани олиб келиши кераклигини айтди. Бундан ташқари, у қизни аризасини қайтариб олишга ундади.

Тошкент шаҳар ИИБ аризаларни кўриб чиқиш тартибида нима ўзгарганини тушунтиришига умид қиламиз. Қачондан бери жабрланувчилар бундай маълумотномани тақдим этишлари керак. Такси ҳайдовчиси эрли аёл олдида ўзини қондирса, уни ҳақорат қилиш мумкин бўладими шунда? Яъни у ўзи буни хоҳлаган бўлиб чиқадими? Ҳақорат қилиш ҳолати гувоҳлар олдида содир бўлган, нега жабрланувчи яна ниманидир исботлаши керак?

#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз
Статистикага кўра, жаҳонда ҳар уч аёлдан бири пешоб тутолмасликдан азият чекади. Бироқ уларнинг атиги 3 фоизи шифокорга мурожаат қилади. Сабаби, аксарият аёллар бу масалани ўта шахсий деб билади ва уни ёшга доир табиий ўзгариш сифатида қабул қилади.

Ушбу хасталикка сийдик чиқариш қуйи йўлларининг ўткир яллиғланиши (цистит, уретрит, простатит) ва гиперфаол сийдик пуфаги, шунингдек, ирсий мойиллик ва семизлик сабаб бўлиши мумкин. Сийдик пуфаги мушакларининг ихтиёрсиз қисқариши, кескин, тутиб туриш қийин бўлган пешоб чиқиши тез-тез ёки тунги пайтлари намоён бўлади. Бундан ташқари, сфинктерларнинг заифлиги ҳам аҳамиятга эга.

Хавф гуруҳида кимлар бор?
Асосий хавф гуруҳига аёллар киради.

Сабаблари:
- Гормонал фон бузилиши, яъни климакс даврида эстроген даражасининг пасайиши;
- кўп марталик ёки асоратли туғруқ оқибатида кичик тос ва чот ораси аъзолари анатомик яхлитлигининг бузилиши;
- ички аъзоларнинг осилиб қолиши, ривожланишдаги аномалиялар;
- кичик тос ва чот ораси аъзоларидаги операциялар;
- бош ва орқа мия касалликлари, нейропатия (заҳарли, диабетик), такрорланувчи инфекцион жараёнлар натижасида кичик тос аъзолари ва чот ораси мушаклари асаб ҳужайраларидаги бузилишлар.

Ушбу касалликни ташхислаш учун уч кун давомида пешоб чиқаришни қайд қилиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ташхислаш шикоятларни йиғишдан бошланади. Зарурий саволлар берилади. Муаммонинг бошланиши, такрорий ҳолатлар ва ажралаётган пешоб ҳажми аниқланади.

Дорилардан ташқари, чот ораси мушакларини мустаҳкамловчи машқлар буюрилади. Бу машқлар сийдик тутолмасликнинг ҳар қандай кўринишида тавсия қилинади. Энг оммабопи Кегел машқлари бўлиб, унда мушакларни қисқартириш орқали орқа тешик кўтарилади.

Дори ёрдамида даволашга келсак, гормонал терапия самарали аҳамиятга эга. Климакс давридаги аёлларнинг пешоб тутолмаслик хасталигини даволашда у, албатта, муолажа чоралари таркибига киритилиши керак. Бу жараёнда маҳаллий таъсирга эга дори воситаларига эътибор қаратилади. Шунингдек, қуйи сийдик йўллари ва кичик тос аъзоларининг инфекцион касалликларини антибактериал даволашда қўлланади.

Бугунги кунда “олтин ўрталиқ” ҳисобланган ва энг кенг ўрганилган операция – бу уретра ўртасига синтетик слинг ўрнатиш, яъни сфинктерни синтетик материалдан ясалган ҳалқа ёрдамида “мустаҳкамлашдир”. Ҳалқани ўрнатиш каминвазив операция бўлиб, аёлларнинг асаб билан боғлиқ ҳолатда пешоб тутолмаслигини даволашга қаратилган.

Асаб билан боғлиқ ҳолатда пешоб тутолмасликнинг олдини олиш учун тос туби мушакларига жисмоний юклама туширадиган профилактика чоралари мавжуд. Даволовчи жисмоний машқлар ўтказилади. Улар тос туби мушакларини мустаҳкамлаб, микроциркуляция ва асаб импульсининг ўтказувчанлигини яхшилайди.
Қолаверса, ич қотишининг олдини олиш учун овқатланиш рационини ўзгартириш, оғир юк кўтаришни камайтириш ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш тавсия этилади.

#СукутСақлама #Саломатлик
Фараз қилайлик: биронта аёллар гуруҳи иштирокчиси ўзининг ҳаётидаги бирон биронта оғир вазиятда ҳақида ёзди. Маслаҳат сўрамоқда, лекин шу билан бирга унга А, Б ва В вариантлардан Б вариантни маслаҳат бермасликни сўрамоқда. Айнан унинг вазиятида нима қилиш мумкинлигини сўрамоқда.

Лекин маслаҳат берувчиларнинг 95 % айнан ўша Б вариантни қўллашни тавсия қилади. "Ахир ўша Б вариантдан бошқа йўлингиз йўқ", дейишади.

Аёл эса барчага нима учун унга "Б" варианти тўғри келмаслигини тушунтириш билан овора бўлади. Ваҳоланки у ёрдам сўраб келди.

Алалоқибат у жим бўлиб қолади ва ўзини янаям ёлғиз хис қилади. У эндиликда ёрдам кутмасдан бирон аҳмоқликка қўл уриши ёки аввалгидан баттар азоб чекиши мумкин.

Стандарт ҳолат:
аёлни эркак урмоқда ёки рухий босим ўтказмоқда. Навбатдаги жанжалдан кейин у ёзмоқда:
- у менга қўл кўтармаслиги учун нима қилай? Уйдан чиқиб кетишни маслаҳат қилманг, пулим йўқ, борадиган жойим ҳам йўқ."

Стандарт жавоб - Қочинг.
Жавоб тўғрими? Сўзсиз. Лекин ушбу вазиятда умуман иш бермайди. Лекин ҳамма айнан уйдан "оёқяланг" чиқиб, керак бўлса кўприк остида ҳам тунашни тавсия қилади. "Болаларингиз ҳаёти хавф остида... кейинги сафар баттар урса-чи... қанақа онасиз ўзи, болаларини ўйламайдиган... кейин ўзингизни кечиролмайсиз..." ва ҳоказо.

- Зўравондан айни дақиқада кетиш имкони бўлмаса-чи? Одамлар оқибатини ўйламасдан масалани тезкор хал қиладиган маслаҳат беришга ҳаракат қилади.

Тез кетинг/ психологга боринг/ болалар учун масъулиятингизни хис қилинг/ қурбон ролидан чиқинг - бу маслаҳатлар иш бермайди.

Энг тўғри ёрдам - қандай бўлмасин, пул қиғиш (қандайдир ишчи маслаҳат бериш мумкин). Яшаш ҳудудида бошпана ҳақида суриштириш ёки бирон фондга муродаат қилиш. Қочиш йўлларини ўйлаб чиқиш. Энг муҳим ҳужжатлар ва қимматли нарсаларни сақлаш учун ишончли жой топиш. Индамаслик. Ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш. Имкони бўлса биронта дугонаникига бориб туриш. Зўравонлик изларини суд-экспертиза ёрдамида ёзиб олиш. Бошқа ҳатти-ҳаракатларни қадамма-қадам амалга ошириш.

Бу қандай кетиш мумкинлиги ҳақида ўзига яраша йўл харитаси бўлиб қолади.

Шунчаки "қоч" маслаҳати эса кўпинча фойдасиздир. У чақалоғи билан ошхонада турибди, дейлик. Ҳужжатлари ўзида эмас. Диванда эр ухламоқда. Айнан шундай вазиятда у қандай қочсин? Тайёргарлик ва яқин инсонлар ёки яхши танишларнинг ёрдами керак. ⠀

Аёл "қоча олмайман" деганида унга "қоч" дейиш нафақат бефойда, балки зарарли ҳам. Аёл баттар тушкунликка тушади, ахир уни тушунишмайди ва эшитишмаяпти.

Айниқса "ўзинг айбдорсан", "ўзингдан қурбон ясама" каби гаплар-ку жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бундай қилманг.

#СукутСақлама #оилавийзўравонлик
10–12 ёшли бола катталарга қулоқ солмай қўяди. Бундай вазиятда нима қилишни, ўсмирнинг хаёлида нима борлигини билмаймиз. Қолаверса, у билан муносабатимиз ёмонлашишини ҳам хоҳламаймиз. Унда ечим қаерда?

1️⃣ Жисмоний ўзгаришлар
12 ёшга келиб мия шаклланиб улгуришига қарамай, ушбу жараён 20 ёшдан кейин тўлиқ якунланади. Энг кеч ривожланадигани миямизнинг ҳис-ҳаяжон ва келажакни режалаштириш учун жавоб берадиган қисмлари ҳисобланади. Энг эрта шаклланадигани эса жинсий безлардир. Шу боисдан ўсмир гормонал ўзгариш натижасида келиб чиққан ҳаяжонни жиловлай олмайди.

2️⃣ Мулоқотда вазиятни ўзимиз чуқурлаштирамиз
Ўсмир билан гаплашаётиб, ундаги норозилик кайфиятидан асабийлаша бошлаймиз. Аммо шу орқали бола ўзини топишга ҳаракат қилади. Биз эса буни жиддий қабул қилиб, дарров жаҳлланамиз ва тергаймиз. Гоҳида ўсмирни хавфдан сақлаш учун ўзимизнинг болалигимиздан мисол келтирамиз. Аммо ўша тажриба яхши натижа берганми ўзи, буни ўйлаб кўрмаймиз.

3️⃣ Унинг ўрнига ишини бажарамиз
Боланинг ривожланиши жуда яхши. У ўз “мен”ини топиши ва шахсий чегараларини белгилаб олиши керак. Бизчи, бу борада шошқалоқлик қилиб, бу вазифани ўзимиз уддалашга уринамиз. Албатта, бунга ўсмир қаршилик билдиради.

4️⃣ Ўсмирлар катталарга доим қарши
Аслида бу фикр аллақачон эскирган. Чунки ўтказилган тадқиқотлар натижасида ўсмирлар катталарнинг эътиборини қадрлаши маълум бўлди. Фақат гап эътиборнинг қай даражада кўрсатилаётганида. Ўзимизни хавотирга солувчи эътирозларни билдиришдан аввал ўсмирни нима ўйлантираётганини ўрганиш лозим. Бунда сабр ва меҳр асосий ўринга чиқиши керак.

👉Ўсмирлар билан муносабатларни яхшилашга хизмат қилувчи омиллар:
— Оиладаги ҳамжиҳатлик ва қўллов, ота-оналар ўртасидаги ишончли муносабатлар;
— мактабдаги ўқитувчилар ва синфдошлар билан дўстона алоқалар;
— ўзини ҳурмат қилиш, қадрлаш, таҳлилий тафаккур;
— некбинлик, келажакка ишонч;
— зарарли одатларнинг йўқлиги;
— қийинчиликларни енгиб ўтиш кўникмаси.

www.psychologies.ru сайтидан Нодира таржима қилди

#СукутСақлама #психология
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ўзбекистоннинг машҳур аёллари ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз! TBC Bank Uzbekistan учун We Digital агентлиги лабораториясидан “Ўз орзулари сари интилаётган аёллар” лойиҳасининг навбатдаги сони ўзбекистонлик биринчи профессионал рассом аёл Шамсирой Хасановага бағишланади.

Материал учун қўлланилган манбалар: Дилбар Саидова. "Ўзбек санъатининг дурдонаси – Шамсрой Хасанова” мақоласи, San’at нашри.

#СукутСақлама #Аёллар
Аёлларнинг текширувлар дафтарчасига

Ҳар йили жаҳон бўйлаб ярим миллиондан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони аниқланади. Улардан тахминан 200 000 нафарида ўлим ҳолати кузатилади. Сизчи, сўнгги марта гинеколог қабулида қачон бўлдингиз?

Кольпоскопия жисмни 30 мартагача катталаштириб кўрсатадиган махсус оптик тизимга эга кольпоскоп ускунаси ёрдамида вулва, қин ва бачадон бўйнини кўрикдан ўтказиш жараёнидир. Кўзгу ёрдамида кўрикдан ўтказиш орқали фақат бирламчи маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундай усулда кўпгина муаммолар яширин қолади ва уларни кольпоскоп ёрдамида синчиклаб ўрганиш маъқулроқ.

Жараён оддий кўрикдай ўтади. Фақат шифокор кольпоскоп окулярига қарайди ва яширин муаммони аниқлаш учун кетма-кет бачадон бўйнига эритма билан ишлов беради. Бу мутлақо оғриқсиз, лекин катта маълумот олиш имконини берувчи текширув бўлиб, у туфайли саратонолди ўзгаришларни аниқлаш мумкин.

Қандай ҳолатларда колпоскопия тавсия этилади?
- Профилактика мақсадида йилда 1 марта;
- бачадон бўйни патологиясига шубҳа пайдо бўлса;
- ОПВ (одам папиллома вируси) белгилари бўлган ўткир учли кондилома ҳолатида;
- ҳайз орасида қонли ажралма келса;
- жинсий алоқа вақтида оғриқ ва қонли ажралма кузатилса.
Жараён бачадон бўйнидаги энг кичик ўзгаришларни синчиклаб ўрганиш имкониятини беради. Мабодо ўзгариш мавжуд бўлса, уларнинг табиати ва интенсивлигини аниқлайди.

Маълумот учун:
- кольпоскопия ҳайз вақтида ёки жинсий йўлдан қон келганда ўтказилмайди;
- текширувни ўтказишдан олдин жинсий алоқада бўлмаслик (48 соат олдин), суртма ва спринцеваниядан фойдаланмаслик керак;
- текширувни ўтказиш вақти – 20 дақиқа атрофида;
Кўрик вақтида фойдаланилган йод туфайли ушбу жараёндан кейин 3-5 кун давомида жигарранг ажралма келиши мумкин.

❗️Ёдда тутинг:
Олти ойда бир марта гинеколог қабулида бўлиб, режали кўрикдан ўтиш ҳар бир аёлнинг одатига айланиши керак.
Йилда камида бир марта гистологик текширув учун бачадон бўйнидан суртма топшириш зарур.
Ташхисни аниқлаштириш учун кольпоскопия ўтказилади.

#СукутСақлама #Саломатлик
Уларнинг айтишича, биз эркаклардан қўрқмаслигимиз керак, "ҳамма эркаклар бир хил эмас-ку". Ва эркаклардан ҳавфсирасанг сени "эркаклардан нафратланувчи"га чиқаришади.

Лекин қиз йигитга ишониб, унга қарши жиноят содир бўлса, "эркак билан борганда нима ҳақида ўйлаганди" деб бонг уришади.

#СукутСақлама
Яқинда шифокорларимиз бир боланинг ошқозонидан сочлар уюмини жарроҳлик операцияси ёрдамида олиб ташлашганидан хабарингиз бўлса керак. Зеро, бу видео ижтимоий тармоқларда анчагача айланиб юрди. Ҳаммасига сабабчи салбий ва зарарли одатлардир. Агар бу бемор сочларини мунтазам оғзига солиб юрмаганида эди, бундай салбий оқибат ҳам бўлмасди. Болани зарарли одатлардан қандай қилиб қайтариш мумкин? Бу ҳақда болалар психологи сўзлаб беради.

Боланинг табиатида такрорланувчи хулқ-атвор пайдо бўлдими, бунга дарров эътибор бериш керак. У зарарлими ёки йўқ, барибир катталарнинг диққатини талаб қилади. Демак, боланинг қайсидир эҳтиёжига муносиб жавоб бўлмаяпти. Шунингдек, бу сигнал белгиси ҳамдир. Унга ёрдам бериш учун аввало ана шу эҳтиёжни аниқлаш зарур.
Зарарли одатлар қаердан келади?

✔️Бунинг бир нача сабаблари бор:
Эътибор етишмаслиги. Масалан, ота-оналар болани алоҳида хонада ухлатишни бошлашгандир.
Ота-она ғамхўрлигининг етишмаслиги — бола кўп ҳолда ёлғиз қолиб кетганда ёки унга етарли вақт ажратилмаётганда.

🔴Ўта қаттиққўл ёки юмшоқ тарбия усуллари.
Стресс вазиятлари — ажрим, бошқа жойга кўчиш.
Болалар бундай вазиятларда ўзларини тинчлантиришни, қўрқувдан ҳалос бўлишни ёки ёлғизликни йўқотишни истайди ва бармоғини сўришни, тирноқларини тишлашни, сочларини оғзига солишни бошлайди. Агар бола сайрга боришдан бош тортса ёки мактабга кетишдан олдин бир неча маротаба сумкасини текшираверса, булар ҳам хавотирли белгилар ҳисобланади. Албатта, боланинг сўкиниши, ўта уришқоқ бўлиб қолиши, бировларнинг нарсаларини сабабсиз олиб қўйиши каби ҳолатлар ҳам огоҳликка чорлаши керак.

👉Зарарли одатлардан воз кечиш усуллари
Зарарли одатнинг ўзагини, яъни сабабини топмай туриб, уни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Масалан, боланинг бармоқларига аччиқ суриб қўйсангиз ҳам барибир тирноқларини тишлашдан қайтмайди. Ёки яхшилаб танбеҳ берсангиз, бироз вақт ўтиб зарарли одатларини такрорлайверади.

Аввало болани кузатинг, қайси вазиятларда у одатини такрорлаяпти. Бу нима билан боғлиқ эканини таҳлил қилинг. Қайси ҳодисадан кейин у шундай йўл тутяпти. Аммо бу фақат биринчи босқич.

Иккинчиси, бу зарарли одат боланинг қайси эҳтиёжини ёпиб турибди. Ушбу эҳтиёжга муносиб жавоб бериш йўлини топиш керак.

Болага қаттиқ босим қилишдан сақланинг, бу вазиятни чуқурлаштириб юборади:
- бақирманг;
- жисмоний жазоламанг;
- чекловлар билан чекламанг — масалан, смартфонни олиб қўйиш ёки синф билан сайрга юбормаслик;
- қўрқинчли нарсалар билан қўрқитиш — бурнингни кавласанг, бармоқларинг оқиб тушади, дея;
- болани “бетарбия бўлиб кетяпсан” деб уялтириш ёки ўзгалар билан таққослаш.

Қаттиқ танбеҳ балки бир муддатда зарарли одатни камайтирар, лекин узоқ муддатли таъсир қилмайди. Қолаверса, боланинг зарарли одатига бўлган эътиборини кучайтириши мумкин. Бола билан муттасил курашаверсангиз, одат уни тарк этиши жуда қийин бўлиб қолади.

Энг тўғри қарор — эътирозларни ўйин шаклида билдириш. Бола одатини бошлаганда иккингиз тушунадиган қисқа сигнал белгисини ўйлаб топинг. Яхшиси, у қандайдир қувноқ белги бўлсин. Масалан, бола тирноғини тишлашни бошлади. “Сенга яна неча маротаба айтай”, дейишнинг ўрнига “Чукачамча” деган ҳазиломуз сўзни айтинг. Бу сўз болада салбий ҳиссиётларни келтириб чиқармайди ва секин-аста зарарли одатдан қутулишга ёрдам беради.

www.psychologies.ru сайтидан Нодира таржима қилди

#СукутСақлама #психология
«У ҳар доим янада қизиқроқ кадрларни қидирарди. Бунинг учун у қурилиш кранига чиқар, ўтиб бўлмайдиган жарликларга тушарди. У доим ғайриоддий нарсаларни суратга олишга, кадрга поэтик ечим топишга муваффақ бўларди». Режиссёр Мастура Исхоқова «Тошкент ҳақида мактублар»да чоп этилган деярли ягона таржимаи ҳолида Неля Атауллаеванинг ижодга меҳрини шундай тасвирлаган.

Неля Атауллаева Тошкентда туғилиб ўсган. Унинг онаси мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган, отаси эса таълим соҳасида давлат лавозимларида меҳнат қилган. 1937 йилда, Сталин қатағонлари даврида оила қаттиқ зарбага учради: Нелянинг отаси НКВД томонидан хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган. У Неля билан синглисини охирги марта қучоқлаб, тез орада қайтишга ваъда беради. Бироқ ваъдасини бажара олмади. 1957 йилда оилага унинг отиб ташлангани ҳақида хат келади.

Отаси ҳибсга олинганидан кейин Нели оиласи доимий равишда кўчиб юришди. Совуқ кунларда оталаридан қолган китобларни ўқиб исинишди. Шундай кунларнинг бирида Неля қатъият билан актриса бўлмоқчилигини эълон қилди. 1953 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтига ўқишга кирди. Талабалик йилларида у тўртта фильмда, жумладан, «Янги ҳовли», «Ошиқлар» фильмларида суратга тушган.

1956 йилда у Бутунроссия давлат кинематография университетининг (ВГИК) режиссёрлик бўлимига ўқишга кирди. Университет учун танлов ҳар бир ўринга 100 кишидан иборат эди, деб ёзади Мастура Исхоқова. Шундай қилиб, Неля Атауллаева ўз фаолиятини ҳужжатли фильм режиссёри сифатида бошлади.

Унинг илк фильми аёлларга бағишланган: шоира Зулфия, профессор Ирина Райкова, тиббиёт фанлари доктори Зулфия Умидова ва машинист Башорат Мирбобаева. Фаолияти давомида у 20 га яқин ҳужжатли фильмлар суратга олган.

1974 йилнинг баҳорида Нели Атауллева Ўзбекистон ташкил топганининг 50 йиллигига бағишлаб ҳужжатли фильм суратга олди. Бухорода суратга олиш пайтида у қаттиқ шамоллаб қолди. Синов натижалари ўпка саратонини кўрсатди. Тошкент ва Москвадаги энг яхши шифокорлар аёлга ёрдам бера олмадилар, чунки касаллик жуда кеч аниқланганди.

Ҳужжатли кино ижодкори 1974 йил 27 июлда вафот этди. У сўнгги нафасини отасига бағишлади ва бор кучини тўплаб: «Дада ...», деди.

Материални Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Санжар Саид рус тилидан таржима қилди.

Манба

#СукутСақлама #кашшофаёллар
2014 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра 2002 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда Англия жаҳон чемпионатида мағлубиятга учраганида мамлакатда оилавий зўравонлик ҳолатлари 38 фоизга, Англия ғалаба қозонган ёки дуранг ўйнаганида эса 26 фоизга ошган.

Бу ҳақда Women's Aid ва NCDV ташкилотлари ёзган.

Бундан ташқари, Буюк Британия полицияси турнир давомида спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш оиладаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Women's Aid вакили Тереза Паркернинг аниқлаштиришича, уй зўравонлигига сабаб футбол ёки алкоголь бўлмаса-да, уйдаги мавжуд зўравонлик ҳолатлари йирик турнирлари даврида кучайиши мумкин.

Куни кеча Испания терма жамоаси футбол бўйича Европа чемпионати финалида Англия терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Манба: kosa media

#СукутСақлама
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
"...Барча вазиятларда ҳам аралашавермаслик керак. Дейлик, кўчада эркак хотинини калтаклаяпти - ҳатто яқинлашиб, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун муносабатларини сақлаб қолишга уриниш керак эмас. Бу уларнинг шахсий муносабатлари, буни ўзларига қўйиб беринг.."

Айнан шу иқтибос яқинда тошкентлик тадбиркорлардан бирининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида пайдо бўлди. Инстаграм ижтимоий тармоғида видеомурожаат орқали тадбиркор турмуш ўртоғига унинг профили танишувлар учун яратилган иловада топилгани ҳақида хабар берилганини айтди. У турмуш ўртоғини уларнинг муносабатларига бегоналарнинг аралашишига йўл қўйгани учун қоралади ва кўчадаги зўравонлик ҳолатларига эътибор бермаслик кераклиги ҳақидаги фикрни мисол тариқасида келтирди.

Унинг бундай чақириғи хавотирли. Шу сабабли, яна бир бор ушбу мавзуга эътибор қаратмоқчиман ва нима учун оиладаги зўравонлик содир бўлган вазиятлардан эътибор бермасдан ўтиб кетиш мумкин эмаслигини тушунтирмоқчиман.

Оилавий зўравонлик қурбонлари кўпинча заиф ҳолатда бўлиб, вазиятдан мустақил равишда чиқа олмайди. Биз ўтиб кетар эканмиз, уларни қўллаб-қувватлашдан ҳоли қолдирамиз, бу уларнинг аҳволини ёмонлаштириши ва янада катта хавф остига қўйиши мумкин.

Зўравонликка бепарволик зўравонларнинг жазосиз қолишини кучайтиради. Ва бу бепарволик алалоқибат зўравонлик қурбонларининг ўлимигача олиб келиши мумкин.

Оиладаги зўравонлик нафақат жабрланганлар, балки бутун жамиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. У тенг ҳуқуқли ва адолатли жамият ривожланишига тўсқинлик қилувчи зўравонлик ва камситиш маданиятининг гуллашига олиб келади.

Тадбиркорлар ва жамоат фаоллари жамоатчилик фикрига сезиларли таъсир кўрсатади. Уларнинг зўравонликни қўллаб-қувватлаши ўз издошлари ва мижозларини зўравонликни мақбул хатти-ҳаракатлар сифатида кўришга олиб келиши мумкин.

Бизнинг вазифамиз зўравонликка қарши туриш, ундан юз ўгириш эмас. Биз яшаётган жамият бошқаларнинг дардига бефарқлик эмас, балки ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлашга асосланиши керак.

Муаллиф: Кристина Малахова

#СукутСақлама #ЗўравонликкаЙўқДеймиз
БМТТД, Узум, Ипак йўли банки, Эзгу ният клиникаси ва бошқа ташкилотлар хотин-қизларни камситувчи канални танламоқдами?

Таҳририятимизга аноним мурожаат келиб тушди:

“Мен “Uzbek MDK” телеграм канали бўйича ёзмоқдаман. Куни кеча ушбу каналда “Ўзбекистон аёллари” такси ҳайдовчиларига тунаб қолишлари учун 100 доллар таклиф қилмоқда" сарлавҳаси билан хабар пайдо бўлди. Ушбу янгиликка аёл ва такси ҳайдовчиси ўртасидаги ёзишмалар акс этган фотосурат илова қилинади. Ўзи шундоғам такси ҳайдовчиларининг шилқимликлари кўп учраётган пайтда бу янгилик нимаси?
Мақолада “Ўзбекистон аёллари” деб ёзилгани, яъни ҳаммани бир қолипга солиш ҳолати одамни асабийлаштиради. Энг ёмони, бу хабарни гўёки ёзган аёлнинг манзили ўчирилмаган. “Uzbek MDK”ни тушунмадим - бу янгиликлар каналими ёки аҳлатхона? Улар журналист этикаси ҳақида эшитишганми? “Uzbek MDK”, уят!”.

Биз бу хабарни топдик. Мурожаат ўз тасдиғини топди. Ҳақиқатда аёлларни умумийлаштириш ва шахсий манзилни кўрсатиш ҳолати бор.
Аёлларни ҳақорат қилиш, бир шахснинг реал манзилини тарқатиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни эълон қилиш - арзон нашрлар услуби, улардан сифатли материал кутиш хато. Аммо ушбу телеграм-каналда ўз маҳсулотларини реклама қиладиганлар наҳотки қаерда реклама жойлаштиришаётганига эътибор қилмаса? На Ипак йўли банки, на "Эзгу Ният" клиникаси, на Узум ва уларнинг БМТТД билан ҳамкорликдаги лойиҳаси бундай контентдан ҳазар қилмаса-я?! Уларнинг рекламаси шундоқ “Ўзбекистон аёллари” ҳақидаги пост остида жойлаштирилди.

Энг қизиғи, у материал "реклама" деб кўрсатилмаган, лекин ҳавола орқали ўтсангиз ўша юқорида биз келтирлган ташкилот сайтларига ўтасиз.

Қачон Ўзбекистон брендлари ва компаниялари ўзлари ҳақида маълумот жойлаштиришдан аввал ўша манбаларни яхшилаб ўрганишади? Пул билан кимларни қўллаб-қувватлаётганларини қачон ўйлашаркан?!

#СукутСақлама #ЗўравонликкаЙўқДеймиз
Forwarded from Shahnoza Soatova blogi
Санъатда этика масаласи

Интернетда бир видеодан парча кўриб қолдим. Сергелида уч фарзанди билан ўзини 9-қаватдан ташлаган аёл воқеаси видеофильм қилинибди. Парчада айнан ўша болаларни битта-битта деразадан улоқтириш саҳнаси акс этган 🤦‍♀️🤦‍♀️🤦‍♀️

Даҳшат! Санъатда ҳам этика деган нарса бор. Лекин унга тупуриб қўйилибди. Чинакамига ўша ҳолатни тафсилотлари билан айнан саҳналаштиришдан мақсад нима? У мақсад агар эзгу бўлган деб ишонтирмоқчи бўлишса, ишонмадим, рости.

Ҳамманинг фикри ҳар хил. Миллион одам тўғри хулоса чиқаргани билан биттаси нотўғри хулоса чиқариб шу ишни такрорласа, зўр режиссура, олий даражадаги ижрою бошқа баҳоналар бир пул бўлади битта бевақт кетган инсон ҳаёти олдида.

Мисол келтираман.

Италияда ёш, чиройли қиз черковнинг абортни қоралашига ва жамиятга алоҳида шахслар томонидан ситам ўтказилишига норозилик сифатида
ўзини деразадан ташлайди. У сўнгги йўлга дабдаба билан кузатилади. Бу ТВда намойиш этилади. Шундан
кейин италиялик қизчалар ўртасида биноларнинг деразасидан ва томдан
ташлаб ўзини ўлдириш кўпаяди. Бу “қора серия”ни тўхтатиш учун давлат барча
чораларни синаб кўради. Аммо самара бермайди.
Кунлардан бирида ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган қизлардан бири ўлмай қолади. Ундан нега бундай қилганини сўрашганда, қизча:
“Ахир, кўмиш маросимлари қандай чиройли” дейди!

Яъни ўз жонига қасд қилишни ортиқча тафсилотлар билан намойиш қилиш беихтиёр унинг романтизациясига олиб келиши, кимлардадир ҳавас уйғониб қолиши мумкин. Муаммонинг илдизларини муҳокама қилиш керак, албатта. Бироқ даҳшат тафсилотларини экранлаштириш хавфли.

Қолаверса, ўша оила аъзолари, марҳумларнинг яқинлари ҳақида ҳам ўйлаш керак — инсонийлик нуқтаи назаридан. Даҳшатни айнан саҳналаштириб инсонларни яна ўша дақиқаларни яшаб ўтишга мажбур қилиш, мажруҳ қалбига озор етказиш — бу ваҳшийликку!

Санъат ўзини ўзи тозалаши керак. Этика керак, мактаб керак. Устозлар, бир қаранглар шунга, илтимос!

@shahnozxon