Асанов формати
14.4K subscribers
1.09K photos
181 videos
72 files
2.59K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
​​“Ягона транспорт картаси” деган нарсани илк бор олис 2016 йилда Бокуда кўрганман. BakiKart деган картани икки манатга сотиб олиб, метро ва автобусда бемалол юриш мумкин эди. Маза эди. Энди, дунёда одатий бўлиб қолган универсал картадан биринчи марта фойдаланаётган мендай қишлоқи учун катта янгилик эди.

Ўзбекистонга ҳам бундай карталар етиб кепти. Буни яқинда билдим. "AVTOMATLASHTIRILGAN TRANSPORT TO'LOV TIZIMI OPERATORI" МЧЖ компанияси директори Тимур Азадов билан ўтган учрашувда берилган маълумотга қараганда, яқинда Тошкентда ҳам метро ва автобусга бирдай ўтадиган карталар ишга тушади. Карталарни олиб, ишлатиб кўрдик – контактсиз тўлов, қўшимча қулайлик.

Совет давридан қолиб кетган одатий нақд тўлов ва жетон-чипта тизимидан воз кечилиши шахсан мен узоқ кутган ижобий ўзгаришдир. Бу йўловчининг ва кондукторнинг вақтини тежайдиган кичкина қулайликкина эмас. У Тошкентда жамоат транспорти тарифларини ниҳоят қайта кўриб чиқиш имкониятини беради. Ривожланган ва ривожланаётган давлатларда автобусда ёки метрода нечта бекат юрсанг, шунга яраша тўлов қиласан. Иккита бекатгаям, ўнта бекатгаям битта жетон “ейдиган” Тошкент метрополитени, ярим соатлик йўлга ҳам, икки қадамга ташлаб қўйганига ҳам 1 400 сўм оладиган автобус эса маънан эскириб кетган. Балки нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш ўтмишга айлангач, жорий этилган замонавий технология тарифларни қайта кўриб чиқиш имконини берар. Ким билади дейсиз.

Ҳозирча эса бу йўлда кичик қадам ташланди – универсал транспорт картаси жорий этилди. Ҳозирча автобуслар кондукторларга муҳтож – кимдир картангизни терминалга “кўрсатиб” олиб, пулни ечиши керак. Бизга айтилишича, яқин орада автобусларга автоматлар ўрнатилади, шунда кондукторларга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Бутун дунёда ишлаб турган бу тизим нега бизга энди кириб келгани ҳақидаги саволимга аниқ жавоб ололмадим. “Ҳалиям биз шошилинч тартибда буни жорий этдик, ўзи бу борадаги таклиф саккиз йилдан бери қоғозда қолиб кетаётганди”, дейишди. Майли, ҳечдан кўра кеч.

👉 @AsanovEldar
Маданий базис ва маданий валентлик ҳақида

“Валентлик” атамаси кўпчиликка кимё дарсидан таниш. У бир кимёвий модданинг бошқасини “тортиб олиш” кучини англатади. Аслида “валентлик” умумий атама бўлиб, бошқа соҳаларда ҳам ишлатилади. Масалан, тилшуносликда феълларнинг валентлиги тадқиқ этилади; маданиятшуносликда ҳам бу атама қўлланади, “маданий тортишув” маъносида; умуман, бугунги фан креативликни хуш кўради – кимёдаги атамани тилшуносликда ишлатсангиз ёки мутлақо янги атама ўйлаб топсангиз ҳам ҳеч ким уришмайди.

Маданий валентлик ҳақида гаплашамиз. Этнослар ва лисоний, маданий гуруҳлар муайян қонуниятлар негизида шаклланади. Сиёсий омил бирламчи аҳамият касб этади албатта: сиёсий бирликлар таркибига тушиб қолган аҳоли умумий ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданият шароитда ривожланади ва беихтиёр бир-бирига ўхшаб қолади. Умумий муаммолар – мана нима миллатни бирлаштиради. Дейлик, Андижон ва Ўш ўзбеклари тили ва маданияти жиҳатидан бир-биридан умуман фарқ қилмайди, лекин ўзаро суҳбатда бошқа-бошқа нарсаларни гаплашади: ўшлик ўзбекни Ўшдаги навбатдаги митинг ташвишга солса, андижонлик ўзбек заводдан Cobalt чиқишини кутаётган бўлади (“Сизлар машинага навбатгаям турасизлар-а?”, деб кулиб қўяди ўшлик ўзбек).

Лекин сиёсий жиҳатдан ташқари, маданий бирлашув ҳам борки, у ҳам сиёсат томонидан тартибга солинади. Ягона сиёсий муҳитда истиқомат қилувчи аҳоли тил ва маданият жиҳатидан бир-бирига яқинлашиб боради (бу элита учун ҳам яхши – бир хил фикрловчи одамларни бошқариш осонроқ). Бу сиёсий муҳит парчаланиб кетса, маданий валентлик сақланиб қолади. Яъни узоқ вақт мобайнида бир сиёсий муҳитда яшаб, бир хил маданий қиёфа касб этган аҳоли ўртасида сиёсий чегаралар пайдо бўлса ҳам, улар бир-бирини яхшироқ тушунишда ва бир-бирига интилишда давом этади. Маданий ўхшашлик бунга замин яратади. СССР парчаланиб кетса ҳам, советча маданий кўникмалар ҳозирча бу халқларни бирлаштириб турибди. Улар бир-бирини яхши тушунади ва бемалол бир жамиятда яшай олади.

Маданий валентлик парчаларни маданий базисга тортади. Маданий базис, содда тушунтирсам, юқорида айтилган ягона маданиятнинг асосий марказидир. Масалан, ўзбеклар Ўрта Осиёнинг барча республикаларида ва Афғонистонда яшайди. Уйғурлар ҳам ўзбеклар билан ягона маданий бирликни ташкил қилади. Лекин Афғонистонда, Қирғизистонда, Қозоғистонда, Тожикистонда, Туркманистонда ўзбеклар диаспора – кичик жамоа бўлиб яшайди. Шу боис улар ўзбек маданиятини ривожлантирадиган, бойитадиган, диаспорал маданиятга таъсир ўтказадиган марказга муҳтож. Бугунги кунда ўзбеклар Тошкентни, кенгроқ маънода Ўзбекистонни мана шундай базис сифатида қабул қилади ундан маданий кўникмаларни ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Ўзбекистон дунё ўзбеклари учун “ҳақиқий ўзбеклик” марказидир. Улар Ўзбекистон ўзбекларидан “тўғри” гапиришни, “тўғри” овқат қилишни, “тўғри” мақом айтишни ўрганади. Юзага келадиган фарқларни Тошкентга қараб тўғрилаб олишади. Кўпчилик ТВ ёки метродаги соатга қараб қўл соатини тўғрилаб олганидай.

Маданий базис ва маданий валентлик концепциясидан келиб чиқсак, Ўзбекистон фақат ўзи учун жавобгар эмас. Дунё ўзбеклари унга кўз тикади. Ўзбекистон мустақил ва бой маданият ярата олса, бошқа давлатлардаги ўзбеклар ҳам унга эргашади, ўзлигини сақлаб қолади. Ўзбекистон (ҳозиргидай) тушкун маданий аҳволда қолса, бошқа давлатлардаги ўзбеклар ассимиляцияга учрайди. Мана сизга гуманитар соҳанинг одамлар ҳаётига реал (ва жуда кучли) таъсири.

Дарвоқе, уйғурларда ҳам Тошкентга маданий базис сифатида қараш ҳолатлари мавжуд. Уйғурлар ва ўзбеклар маданий ва лисоний жиҳатдан бир-биридан деярли фарқ қилмайди; уйғурларнинг вазияти шундайки, улар ўз ерида, лекин маданий базисини барибир йўқотган. Шу боис улар ўзига энг яқин маданий гуруҳдан маданий базис қидиришга мажбур. Бу Ўзбекистонга қўшимча масъулият юклайди ва унинг аҳамиятини янада оширади.

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Ўзбек тилидаги ноёб товушлар ҳақида

Қадимги турк тилида товушлар сони ҳозирги ўзбек тилидагидан камроқ бўлган. Умуман, тилнинг товуш таркиби ўзгариб туриши табиий ҳолат. Кўп товушлар бошқа тиллардан кириб келган: охирги минг йилда туркий тиллар форс ва рус тиллари таъсирида ривожланган. “Х”, “ҳ” товушлари форс тилидан, “ц”, “ж” (“жирафа”даги), “ф” товушлари рус тилидан кириб келгани айтилади. Бу гапларда ҳақиқат бор, лекин асл вазият бироз мураккаб.

Тилда битта товуш ҳар хил манбалардан келиб чиқиши мумкин. Ўзбек тилидаги “х”, “ҳ”, “ж” товушлари мана шунақа. Айтайлик, “ҳўкиз” ва “ҳамкор” сўзларидаги “ҳ” товуши бир хил талаффуз қилинади, лекин уларнинг “бобоси”, илдизи бошқа-бошқа. Яъни лингвотарихий нуқтаи назардан булар тасодифан ўхшаб қолган бошқа-бошқа товушлардир.

Ўзбек тилининг “ҳаёт-мамот масаласи” бўлиб қолган “қаттиқ ва юмшоқ ҳ” масаласининг келиб чиқиши “ҳ” ва “х” товушлари ўзбек тилига бошқа тилдан кириб келгани билан боғлиқ: “х” ва “ҳ” иштирокидаги сўзларнинг аксарияти форс тилидан ўзлаштирилган, бу ўзлашмалар китобий бўлгани учун халққа яхши таниш бўлмаган, шу боис сўзлашув даражасида “х” ва “ҳ” ҳеч қачон фарқланмаган. Бугунги муаммонинг илдизи шунда.

Лекин ўзбек тилида бошқа “ҳ” ва “х” ҳам бор – улар туркий асосда, ўзбек тилининг ички имкониятларидан келиб чиққан: қадимги турк тилидаги анлаутдаги (сўз бошидаги) q товуши x’га ўтган (q>x): qan – “хон”, qatun – “хотин”, qağan – “хоқон”; унли билан туговчи баъзи отлар ва феъллар бошида қўшимча аспирация (бўғиздан чиққан ҳаво, “ҳ”) ҳосил бўлган: öküz – ҳўкиз, ürkmäk – “ҳуркмоқ”, ayqırmaq – “ҳайқирмоқ” ва ҳоказо. Шундай қилиб, ўзбек тилида уч хил “х” ва “ҳ” бор: форс тили орқали ўтганлари сўзлашувда фарқланмайди (“ҳ” баъзи шеваларда тушиб қолади), ички имкониятларидан келиб чиққанлари фарқланади; рус тили орқали ҳам ўтган: русча ва европача сўзларда ҳам “х” бор.

“Ж” (“жирафа”) товуши ҳам икки хил: рус тилидан ўтган “ж” русча ва европача ўзлашмаларда учрайди. Форс тили орқали ўтган жуда кам сонли сўзлар борки, уларда ҳам “ж” товуши учрайди. Лекин “ж” форс тили учун ҳам бегона – тожичкада “ж” учратдингизми, билингки, бу сўз авеста тилидан ёки парфчадан форс тилига ўтган: “аждаҳо” – авестача “Ажи Даҳака” (форс ёзма тилида “Заҳҳок” шаклида); “жола” – “кўз ёши”, парфча сўз (бу сўз чиғатой адабиётида учрайди, лекин бизникилар уни адашиб “жаҳон”даги “ж” билан ўқийди кўпинча).

👉 @AsanovEldar
​​Айнлар – Япония оролларининг туб аҳолиси. Айнлар – жуда ўзига хос, ажойиб ва сирли халқ. Уларнинг тили бошқа бирорта тилга қариндош эмас. Уларнинг жисмоний антропологияси бошқа ирқларга ўхшамайдиган изолят фенотип – айн (курил) ирқини акс эттиради (майли, тан оламиз, австралоидларга ўхшаб кетишади, балки узоқ ўтмишда ўша томондан кўчиб келишгандир). Айнларнинг келиб чиқиши, қачон бу ҳудудларга ўрнашгани ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Айнлар нафақат Япония оролларида, балки Курил оролларида, Сахалин оролида Камчатка ярим оролида истиқомат қилган. Яъни улар бир пайтлар жуда катта ҳудудларни эгаллаган.

Япония оролларига 2–2,5 минг йил олдин Корея ярим оролидан шиддат билан кириб келган пуё (протояпон) қабилалари бу оролларнинг туб аҳолисини бўйсундириб, секинлик билан таркибига қўшиб олган. Кумасо ва хаято қабилалари нисбатан тез йўқ бўлиб кетган бўлса (тўғри, хаято тили япон тилининг Кагошима шевасига таъсир қилган дейишади), кўп сонли айнлар узоқ асрлар давомида японларга қарши кураш олиб борган. Улар Япониянинг каттагина қисмини назоратда ушлаб турган, шунингдек, бугунги Россия шимолида кенг тарқалиб яшаган.

Асрлар мобайнида нотўлиқ ғалабалар билан қониқишга мажбур бўлган Япония империяси XIX асрда кескин ўсишга эришди. Японларда европача миллатчилик ва империалистик даъволар пайдо бўлди. Замонавий қурол-яроғ ва қудратли иқтисодиёт уларга 2 минг йил амалга ошмай келган ишни амалга оширишга – айнларга қутулишга ёрдам берди. XIX–XX асрларда айн тили, маданияти деярли бутунлай йўқ қилиб юборилди. Депортация ва ассимиляция йўли билан айн халқи ҳам йўқ қилинди. 150 йил олдин мавжуд бўлган жуда бой ва ўзига хос маданият қай даражада осонлик билан йўқ қилинганига тарих гувоҳ бўлди.

Россиялик антрополог Станислав Дробишевскийнинг айн ирқи ҳақидаги маърузаси жуда қизиқарли экан. Вақт бўлганда кўринг.

Маърузадан қизиқ фактларни билиб олдим. Айнлар энг соқолдор халқлардан бири ҳисобланади. Айнлар японлар таркибига қўшилиб кетиб, уларнинг ташқи қиёфасига таъсир ўтказгани учун японлар бошқа монголоидларга нисбатан соқолдор бўлади. Шу боис 2007 йили Сергей Бодров олган “Мўғул” фильмида Чингизхон ролига япон актёри Таданобу Асано таклиф қилинган экан (суратда). Фамилиясига қараганда, қариндошим бўлса керак. 😉 Маълумот учун, афсона-ривоятларда Чингизхон серсоқол қилиб тасвирланади, лекин антропологлар у ҳаётда ҳам шундай бўлганига ишонмайди. Оддий мўғулларни эса қозоқлар ўйнаган экан.

Яна бир қизиқ факт. Японияда бугун ҳам табақаланиш кучли, олий мартабали шахслар кўпинча олий табақалардан келиб чиққан бўлади. Айнлар эса асосан юқори табақа вакиллари, хусусан, самурайлар билан алоқага киришган экан. Дробишевскийнинг айтишича, шу туфайли япон мансабдорлари оддий халққа нисбатан соқолдор бўларкан. Текшириб кўриш керак.

👉 @AsanovEldar
Ўзбек гуманитар фани анчайин тушкун вазиятда. Афсуски. Бошқа соҳалар ҳам жуда ривожланиб ўтиб кетгани йўқ, лекин гуманитар фанларнинг биздаги муаммоси шундаки, уларнинг реал аҳамиятини оддий халқ, сиёсатчилар, зиёлиларни қўя туринг, гуманитарийларнинг ўзи ҳам яхши тушунмайди. Истисно ҳолатлар, замонавий фикрлайдиган кўплаб яхши олимлар бор, албатта, лекин, ҳар доимгидай, гап алоҳида шахсларда эмас, тизимда. Гуманитар фанлар эскириб кетган парадигмалар негизига қурилган. Гуманитар соҳанинг асл вазифалари – жамиятни ўрганиш, тушуниш, таҳлил қилиш, келажак башоратларини бериш, жамиятни янги ғоялар, фикрлар билан бойитиш – бизда бажарилмайди, мавжуд конъюнктура бунга имкон бермайди. Гуманитар фанлар янги назарий инструментарий, янги фактик материал, янги талқин ва қарашлар билан бойитилиши лозим.

Бу ишлар амалга оширилмаётгани гуманитар фанларнинг ўзигагина зиён келтирмаяпти – бошқа соҳаларда ҳам акс садо беряпти. Жамиятнинг реал эҳтиёжларини билмаган сиёсатчилар қаерданам тўғри сиёсат юритсин? Ҳиссиётлар, стереотиплар ва шахсий қарашларга асосланган сиёсат эффектив бўлмайди. Сиёсат фактлар, статистика, аҳоли тарихи, характери, маданий, диний, лисоний қиёфаси ҳақидаги реал манзара билан қуролланиши керак. Шундагина барчанинг манфаатларига мос келадиган сиёсат юритилиши мумкин. Ана шунда мажбурлаб соқол қирдириш, мажбурлаб тўйларни қисқартириш, ажрашаётган оилаларни мажбурлаб ушлаб туриш каби амалиётлар ҳеч қандай самара бермаслигини тушунишарди балки. Бунинг учун аввало сиёсатчиларнинг бунинг барининг аҳамиятини тушуниб етиши, гуманитар тадқиқотга буюртма бера бошлаши лозим.

Ўзбек тили, тарихи, адабиёти, маданияти, бугунига оид парадигмаларни, қарашларни тубдан қайта кўриб чиқиш лозим. Бу жуда катта молия ва кадр ресурсларини талаб қилади. Ҳозир бундай ўзгаришлар бўлишига кўзим етмайди. Ҳеч ким пул ва куч ажратмаслиги майли. Мияга ўрнашиб қолган тарихий ва маданий парадигмалардан воз кечиш осон эмас: Шайбонийхонга стандартдан бошқачароқ ёндашганларни салкам ватан хоинига чиқараётганлари рост гап.

Келинг, юқоридаги сабабларга кўра ҳозирча инқилобий ўзгаришлар ясамайлик-да, бир нечта долзарб, қизиқарли, ўзига хос гуманитар тадқиқотлар ҳақида гаплашайлик. Ёш, замонавий тадқиқотчилар гуманитар соҳанинг аҳамиятини кўрсатиб бера олса балки сиёсат ва зиёлиларнинг муносабати ўзгарар. Шундан сўнг каттароқ тадқиқотлар ҳақида ўйлаш мумкин.

Қуйида бир нечта тадқиқот мавзуси таклиф этаман. Булар – Ўзбекистон учун янги мавзулар. Талабалар ва тадқиқотчилар билан ҳамкорликка тайёрман: маслаҳатлар, адабиётлар беришим мумкин, ҳаммуаллифликда бирор нарса ёзишимиз ҳам мумкин. Хуллас, ёш олимларга мавзулар.

👉 @AsanovEldar
Ваъда қилинган мавзулар.

1) “Ўзбек жанжали антропологияси”. Жанжал ҳар қандай жамиятда яшовчи инсон ҳаётининг узвий қисмини ташкил этади. Бунга салбий ҳолат сифатида қаралади, лекин илмий нуқтаи назардан жанжал шунчаки бир ҳаётий вазият, муайян йўналишдаги ижтимоий кўникмалар йиғиндиси. Демак, уни илмий ўрганиш, сабабларини тушуниш лозим.

Мавзу ҳали мутлақо тадқиқ этилмаган. Уни йиллаб ўрганиш мумкин. Материал тўплашнинг асосий йўллари: статистика, сўровнома, интервью, назарий таҳлил, тизимлаштириш. Тўпланган материални жуда чуқур ўрганиш, кўплаб хулосалар чиқариш мумкин. Ўрта статистик ўзбек нега жанжаллашади? Қанча жанжаллашади? Жанжалнинг гендер тақсимоти қандай? Жанжалларнинг сабаби қандай? Жанжалларни судга олиб бориш амалиёти қай даражада тарқалган, тарқалмоқда? Жанжалнинг қандай турлари бор? Жанжалларнинг одатий якунлари қандай? Жанжаллар ўртача ўзбекнинг психикасига ва ҳаётига қандай таъсир ўтказади? Ҳукумат ва халқ, амалдор ва халқ ўртасидаги жанжаллар антропологияси қандай? Қандай типик ўзбек жанжал кўникмалари мавжуд (сўкишиш, муштлашиш)? Жанжаллар ўзбекларнинг ўзаро муносабатларига қандай таъсир ўтказади? Оилавий жанжаллар нима? Ўзбекистонда виртуал жанжаллар кўникмага айландими? Жанжалларни келтириб чиқарадиган омиллар қайси? Жанжалларни камайтириш, ўзаро тушунишни ошириш мумкинми? Ва ҳоказо ва ҳоказо.

Бу мавзуда битта катта мақола ёзиш мумкин (бир жиҳатини қамраб оладиган), диссертация ҳам ёзиш мумкин.

2) “Ўзимизнинг ўзбек, бегона ўзбек. Ўзбекларнинг бир-бири ҳақидаги тасаввурлари”. Фақат ўзбекларда эмас, ҳар қандай халқда ҳам бор ҳолат: ўрта статистик ўзбек бошқа вилоят вакилини икки вазиятда икки хил қабул қилади: дейлик, ўзбекларнинг ўзаро суҳбатида бухороликларни “булар тожик/булар тушунарсиз” дейдиган одам бошқа давлат вакилидан эшитса жаҳли чиқади, бухороликлар ўзбекларнинг энг муҳим қисмилигини исботлашга ҳаракат қилади. Бунинг сабаби шундаки, бошқа халқ вакили билан суҳбат чоғида ўзбек ёки бошқа ҳар қандай миллатга мансуб одам биринчи галда умуммиллий нуқтаи назардан вазиятга қарайди, ўзбекларни бир бутун деб тасаввур қилади. Ўзаро ўзбекларнинг суҳбатида эса бу бутунлик аҳамиятга эга эмас, аксинча, ким “ҳақиқийроқ”лигини аниқлаш керак; баҳс ҳам шунга монанд боради.

Бу мавзуда ҳозирча каттакон мақола ёзса кифоя.

3) “Реалчи-барсачи дихотомияси. Ўзбекистон сиёсатига таъсир ўтказаётган испан футболи ҳақида”. Ўзбекистон – том маънода ёшлар давлати. Ёшлар аҳолининг мутлақ кўпчилигини ташкил этади.

Ўзбек ёшларининг катта қисми жаҳон футболида икки испан клуби – “Реал” ва “Барселона” етакчилик қилган замонда улғайган. Бу икки жамоага мухлислик қилиш Ўзбекистонда жуда кенг тарқалган ва ҳаётнинг турли соҳаларига таъсир ўтказади. Жуда кўп ёшлар “реалчи” ва “барсачи” гуруҳларига ажралиб олган. Бу уларнинг ўзаро муносабатларига таъсир ўтказади. Ҳатто бир сафар каналимда Мессини ҳазил аралаш танқид қилганимда қанчадан-қанча ўқувчиларим мендан жиддий хафа бўлган, айримлар “Барселона” ҳақида ёзмасликни талаб қилган эди.

Бу кичкина, лекин жуда қизиқ тадқиқот бўлади. Материал сўровнома, интервью, интернет-мониторинг ёрдамида тўпланади. Хулосалар оламшумул бўлмайди, лекин жуда кўпчиликнинг диққатини тортиши, кенг қатламларни фанга қизиқтира олиши аниқ. Айниқса, мақоладан ташқари, ҳужжатли фильм тайёрланса.

4) “Мусулмонча гапиринг! Ўзбекларда тил тушунчаси ҳақида”. Тил – мавҳум тушунча. Оддий халқ орасида у ҳар хил контекстда ишлатилади. Бизга мактабда тил нималиги, шева нималиги ўргатилишига қарамай, халқ орасида бу атамалар чалкаштирилади ва эркин қўлланади. “Тил” “шева” маъносида қўлланади. “Одамга ўхшаб гапир” дейдиганлар ҳам бор. Мана шу мураккабликларни очиб берадиган соф социолингвистик тадқиқот ўзбекларга тилини, тилининг табиатини тушунишга ёрдам беради.

👉 @AsanovEldar
​​Одамлар барибир қонига тортади десам ишонмайсизлар. Дўстим Нозимжон қизига қорбола ясаб бераман деб балбал ясаб қўйибди мана. Туркий-да, ўзбек-да!

Маълумот учун, балбал – қадимги турк қабилалари исломгача даврда даштларда ясаб ўрнатган тош ҳайкаллар. Уларни ўзига хос кўринишидан таниса бўлади. Уларнинг бу ўзига хос кўринишини Нозимжон билмай қор ёрдамида репродукция қилиб қўйибди.

👉 @AsanovEldar
Бугундан Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида иш бошладим. Марказга Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган тарихчи-археологларидан бири – Фарҳод Мақсудов бошчилик қиляпти. Умуман, марказда анчагина яхши мутахассислар тўпланипти. Ўзим ҳурмат қилган, тан олган яхши олимлар билан бирга ишлайман энди.

Менга мультидисциплинар тадқиқотлар бўлимининг лингвистик антропология секциясини ишониб топширишди. Бу имкониятдан фойдаланиб, тадқиқотлар олиб боришга, янги хулосаларга келишга, илмий қарашларимни кенгроқ ёйишга ҳаракат қиламан.

Бир пайтлар фан ҳаётим мазмунига айланиб қолган эди. Кейинчалик турли сабабларга кўра бошқа соҳага ўтдим, аммо шунда ҳам фандан узилиб қолмасликка ҳаракат қилдим: илмий мавзуларда ёздим, тинимсиз ўқидим, олимлар билан суҳбатларни канда қилмадим, ахийри шу канални очдим. Айнан шу канал туфайли академия диққатини қайтадан ўзимга қаратдим, академия ва университетлардан таклифлар ола бошладим. Ўйлаб-ўйлаб марказни танладим. Академия соҳасига қайтиш бевосита илмий тадқиқот билан банд бўлиш, манбалар, адабиётлар билан кўпроқ танишиш имконини беради.

Хуллас, янги бир нарса бошланди дўстлар. Омад тиланглар.

👉 @AsanovEldar
#топонимия

Жой номларини алмаштиришда эҳтиёт бўлиш кераклиги, иложи бўлса, тарихий номларга умуман тегиниш керак эмаслиги ҳақида кўп ёзаман. Майли, яқин ўтмишда идеологик сабабларга кўра қўйилган номлар ўзгарсин, лекин:

- идеологик ном ўрнига идеологик ном қўйилмасин. Киров совхози ўрнига Бахтобод қишлоғи бўлиши бу жойга ўзига хослик бағишламайди. Эсда қолмайдиган пафосли жой номи кўпайгани қолади холос;

- идеологик ном ўрнига имкон қадар тарихий ном тиклансин;

- тарихий номлар ўзгартирилмасин. Тўйтепа – тарихий ном.

Жой номи қайсидир валломатга “хунук”, “ҳақиқатни акс эттирмайдиган” кўриниши мумкин, лекин:

- жой номи бугунги ҳақиқатни акс эттириши шарт эмас – у тарихдан дарак. Ҳақиқатни акс эттирадиган, бугундан ўтмишга ёдгорлик бўлиб қоладиган жой номлари бор ўзи – янги қурилган бинолар (ҳа, биноларнинг ҳам номи бўлиши керак), кўчалар, туманлар, қишлоқлар. Марҳамат уларга янги ном ўйлаб топаверинг;

- жой номи “чиройли” бўлиши ҳам шарт эмас. У – тарих ёдгорлиги. Тарихий жой номини ўзгартириш тарихий бинони бузиб ташлашга тенг жиноятдир;

- бюрократларга “хунук” кўринган жой номи аслида унчалик хунук бўлмаслиги мумкин. Унинг тарихий маъноси бўлиши мумкин, ёки маъноси умуман бошқа бўлиши мумкин (омонимия деган ҳодиса бор ахир). Масалан, “Галатентак” аслида уруғ номи. Тентак қадимда салбий маънога эга бўлмаган – урушқоқ, жангари одамлар шундай дейилган. “Галадевона”-ку, умуман ижобий маънога эга бўлган (Девона Машрабни эсланг). “Яланғоч”, “Ингичка” (иккисиям “камбағал” маъносида) – уруғ номлари. “Така қишлоқ”да “эчки” маъносини берувчи сўз йўқ; така – уруғ номи. “Кўрпа қишлоқ” эса “ширвоз боқиладиган қишлоқ” дегани. Тарихий тилни, тарихий реалияларни билмай туриб, бугунги кундан, ўзининг саёз билимларидан келиб чиқиб жой номларини алмаштириш аҳмоқликдир. Шунинг учун топонимияга бюрократлар эмас, профессионал тилшунослар, этимологлар, топонимистлар, этнографлар масъул бўлиши лозим.

Жой номи – жойнинг ташриф қоғози, бренди. У “чиройли”, “жарангдор” эмас, ўзига хос, тарих руҳи уфуриб турадиган даражада ғалати ва бироз тушунарсиз бўлиши керак. Токи эшитганлар қизиқсин, ҳайрон қолсин, маъносини тушунмасин, тушунтириш қидирсин. Жой номини тушунтириб бериш нафақат топонимия ва этимологиянинг, балки туризмнинг ҳам муҳим қисмидир. Ўзбекистонга келган турист аввало жой номининг маъносига қизиқади. Жой номининг афсонавий ва илмий талқинини эшитиш унга жуда қизиқ бўлади. “Тўйтепада ўтмишда анъанавий тўйлар уюштирилгани учун шу номни олган”, дейиш қаёқда-ю, “Биз жуда кучайиб, ривожланиб кетганимиз учун Нурафшон, яъни ёрқин деган ном бердик”, дейиш қаёқда. Қайси бири сайёҳга қизиқроқ бўлади? Қайси бири тарихни яхшироқ акс эттиради?

👉 @AsanovEldar
#топонимия

Тарихий номларни “чиройли”га алмаштиравериш ахийри абсурд вазиятга олиб келади. Тасаввур қилинг, Хоразм вилоятидаги барча номлар ўзгартирилди:

Фаровон вилояти. Туманлари: Бахтобод, Боғу Бўстон, Инновация, Келажак, Ёрқинобод, Гулзор, Гулобод, Бешташаббус, Юқорибешташаббус, Хурсандобод. Маъмурий марказ – Ислоҳот. Шундай бўлса, Хоразм вилоятининг бирор ўзига хослиги қоладими?

Жой номлари – тарихнинг бир бўлагидир. Тарихни унутмайлик. Вазиятни абсурдга олиб бормайлик. Топонимияни профессионалларга топширайлик.

👉 @AsanovEldar
​​Кублардан, чапланган бўёқдан, тушунарсиз шакллардан ва геометрияси бузилган одамлардан иборат расмларни кўриб, “нима бало эди бу?” деганмисиз ҳеч? Тушунишга уриниб қийналганмисиз? Менда шундай бўлган. Фақат, кўпчилик “эээ, бемаъни нарса” деб кетса, мен “бунда бир нарса бўлиши керак” деб тушунишга чиранганман. Барибир уддалай олмаганман. Кейин билсам, бошқача ёндашиш керак экан. Гап расмдаги тушунарсиз шаклда қандай реал буюм ёки шахс яширинганини топишда эмас экан. Ҳеч нарса яширинмаган ҳам бўлиши мумкин экан.

Кўп нарса тарихий контекстга боғлиқ экан. Санъат одамлар ҳаётини, кечинмаларини акс эттиради. Рассомчилик – санъат. Шунга мувофиқ, у ҳам тарихий воқеалар таъсирида ўзгариб боради, одамларнинг кайфиятини акс эттиради.

Адабиётни олайлик. Биринчи жаҳон уруши Ғарб адабиётини ўзгартириб юборди. Уруш туфайли Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгаришсиз”, Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” романлари дунё юзини кўрди. Хемингуэй, Ремарк, Фицжеральднинг сокин, вазмин, конфликтсиз асарларида “йўқотилган авлод”нинг бефарқлигини, циниклигини, умидсизлигини кўрамиз.

Энди тасвирий санъатга қайтамиз. Биринчи жаҳон уруши унда қандай акс этди? Бу ҳақда россиялик-исроиллик таҳлилчи, санъатшунос ва сиёсатшунос Михаил Шрайбманнинг фикрларини келтираман:

Мен ёқтирмайдиган Пикассонинг ҳайратланарли нарсалари бор.

Рафиқаси Ольга Орлованинг портретларини олайлик. Бу аёлнинг нигоҳларида чўкиб кетиш мумкин; гипнозловчи ол жило... XX асрда буюк рассом ва мусиқачиларга нима бўлганини, Пикассо ва Шенбергни гўзаллик қидирувидан тўхтаб, бемаъни ва хунук нарсалар яратишга нима мажбур қилганини билмайман... Бу бемаъниликни шарж ёки XX асрдаги бадбашараликлар ва фожиалар инъикоси деб қабул қилсак, тушуниш осонлашади...1 Бошқа нуқтаи назарни Шри Ауробиндо Гхошнинг маслакдоши Мирра Альфасса айтган эди; унинг фикрича, санъат олдинги гўзаллик шаклларидан воз кечиб, шаклсизликка шўнғишга мажбур эди, ўзини осмонга сапчишга тайёрлаш учун, токи бу сапчиш гўзалликнинг янада индивидуаллашган шакллари очилишига айлансин.

Пикассо ва Хохлова ҳақидаги мақоладан: “Ольга Хохлова эри билан ажрашишни оғир қабул қилди. Замондошларининг ҳикоя қилишича, Хохлова Пикассони кўчаларда таъқиб қилар, баланд овозда фаҳш учун уялтирар ва эвазига тарсаки ер эди. У эрига Рембрандт ва Бетховеннинг портретларини юбориб, унга ‘асл’ санъатни эслатишга ҳаракат қиларди. У Ариадна мисол чалкаш муносабатлар лабиринтидан чиқиб кетишга ёрдам берадиган калава учини қидирарди”.

1 Йўқ, гап жаҳон урушлари ва концлагерларда эмас. Европани вайрон қилган 30 йиллик урушдан сўнг мусиқа чуқурлашиб ва мулойимлашиб, одамларга улар бошидан кечирган воқеалардан сўнг тикланишга ёрдам берди. Уйғониш даври қўрқинчли эди – урушлар, ўлат, тирания – аммо, санъаткорлар ҳаёт олдиларига қўйган саволларга жавоб топиш илинжида гўзаллик яратарди. XVI ёки XVII асрлар даҳшати ҳам XX асрникидан қолишмасди, лекин одамлар мусиқа ва тасвирий санъатни оламни даволаш воситалари, борлиқнинг юксак шаклларига интилиш деб биларди.

Иқтибос тамом. Кейинги сафар тушунарсиз шакллардан иборат расм кўрганингизда муаллиф шахсига, яшаган замонига эътибор беринг, сўнг расмга бошқатдан қаранг.

👉 @AsanovEldar
Бугун санъат ҳақида гап бошлаган эканман, давом эттириб қўяй. Яқинда бир дўстим билан баҳслашиб қолдик. Иқтисодиётчилар-у табиий фанлар вакиллари “гуманитар фанлар керак эмас” дейишига кўп гувоҳ бўлгандим-у, лекин “бадиий адабиёт умуман керак эмас”лигини биринчи марта эшитдим.

Ростдан, баъзилар ортиқ даражада мантиқий ўйлаб юборади-ю, “фанлар инсонга реал фойда келтиради, кино, адабиёт шунчаки кўнгил ёзиш, вақт ўтказиш воситаси” деган хулосага келади. Эстетик завқ бериш, кўнгил ёзиш – санъатнинг муҳим вазифаларидан бири, лекин асосийси эмас. Санъат юксакроқ, муҳимроқ вазифага эга.

Инсон рационал (ақлий) ва эмоционал (ҳиссий) томонларга эга. Ҳар бирининг аҳамияти бор. Аслида фанни санъатга тенглаштириш тўғри эмас. Шунга қарамай, тан олиш керакки, ҳиссиётсиз фан ҳам, инсоният ҳам ривожланмаган бўларди. Ҳиссиёт – шунчаки эҳтиёжларнинг юксакроқ шакли. Одам ривожланар экан, унинг эҳтиёжлари еб-ичиш билангина чекланиб қолмайди, ўзгаради, кенгаяди. Бу эҳтиёжлар бўлмаса, ривожланишга, янги нарса кашф этишга ҳам эҳтиёж туғилмайди. Санъат – ҳиссиётларни кучайтирадиган, дунёқарашни кенгайтирадиган, эҳтиёжларни оширадиган фаолият тури. Кўп китоб ўқиган, санъатдан кўп баҳраманд бўлган одам ҳаётга бошқача қарайди, инсоният эҳтиёжларини кенгайтириб боради.

Ниҳоят, санъат одамларга ғоя беради, ғоявий эволюцияни таъминлайди. Ғоявий эволюциясиз техник эволюция ҳам бўлмайди. Хуллас, фан, санъат – булар бир-бирига боғлиқ ва айни пайтда қиёслаб бўлмайдиган соҳалар. Ҳар бири кишилик жамиятида жуда муҳим ўринга эга. Ишонаверинг, санъатсиз одамлар биороботлар жамиятига айланиб қолади, шунда техник тараққиётга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Ўзбек интеллигенциясининг фожиаси шундаки, санъатнинг, гуманитар фанларнинг реал аҳамиятини тушунмайдиган зиёлилар жуда кўп. Ҳатто санъаткорларнинг ўзи баъзан зиммасидаги вазифани англаб етмайди. Бу ҳолат ўзбек жамиятининг ақлий, интеллектуал ўсишига ва пировардида техник ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бадиий адабиётни сўз қўллашнинг чўққиси ҳисоблайман. Юксак даражадаги бадиий асарлар яратишга қодир одам нафақат сўз инструментарийсидан мукаммал фойдаланишини, балки дунёни, ҳаётни жуда чуқур тушунишини, дунё ва ҳаёт ҳақидаги фикрларини ноанъанавий, мураккаб – бадиий шаклда ифодалай олишини кўрсатади ҳамда инсониятга тараққиёт учун янги ғоявий импульс беради.

👉 @AsanovEldar
Мақтаниш пости. Ўтган сафар “Қўшни маҳалла” мени хафа қилганди, энди Telegram’нинг ўзи хафа қилди. 😄 Менга ишонмай, эринмай бошқатдан ҳисоблаб чиқишипти.

Хуллас, Telegram Analytics Uz каналида ёзилишича, мессенжернинг ўзбек сегментида “блогер” сўзи 2019 йилда оммалашипти. Иқтибос:

“2019 йилда Ўзбекистон Telegram-каналларида ‘блогер’ сўзининг эсловлари сонини ҳисоблаб чиқдик, бу кўрсаткич йил давомида 27 мингдан зиёдни ташкил қилди. Ойлар бўйича эсловлар сонини юқоридаги жадвал орқали кўришингиз мумкин.

Ушбу сўз эслаб ўтилган постларнинг қамрови, яъни кўришлар сони салкам 159 миллионга етди”.

Эслатиб ўтаман, бу ҳақда 1 январь куни “Дарё” ёзганди. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, айнан “блогер” ўзбек тилига шиддат билан кириб келган, кенг халқ оммасига таниш бўлиб қолган ва жуда кенг қўлланган йил сўзи бўлганди. Бошқа каналлардаги сўровлар ва Telegram берган маълумот “Дарё” версиясини тасдиқлади. Умуман олганда, Ўзбекистон тарихида биринчи марта йил сўзини эълон қилгандик, бу анъанага айланса, бошқа ресурслар ҳам ташаббусга қўшилса яхши бўлади. Ўзбек тилининг оммалашишига шу каби акциялар ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

👉 @AsanovEldar
#тавсия

Бир яхши ҳамкасбим бор. “Кун.уз”да анча пайт ишлади, ҳозир “Қалампир”ни гуллатмоқда. Юрист бўлишига қарамай, журналистикада суриштирувлари ва танқидлари билан анча ном қозонди. Баҳодир Аҳмедовнинг менга ёқадиган яна бир жиҳати бор – тарихга қизиқади. Каналини тарихдан бошлаганди, ҳозир кўпроқ ижтимоий муаммоларга ўтиб кетди – касб тақозоси билан. Шунга қарамай, тарих ҳақида ҳам ёзиб туради.

Ижтимоий муаммолар кўтариладиган ва айни пайтда маърифат улашиладиган яхши канални тавсия қилмоқчиман. Кириб, баҳо беринг: @bahodirahmedoff

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Испан футболи мухлислари ўйинлар шарҳини испан тилида кўрганида бир нарсага эътибор бергандир. Испан шарҳловчилари “гол” сўзини икки хил талаффуз қилади: “голь” ва “ғоль”. Эътибор бермаганлар эшитиб кўринг – мана, мана. Бундан тушуниш мумкинки, “г” ва “ғ” товушлари улар учун деярли бир, яъни сўзнинг маъносини ўзгартирмайди.

Бу ҳодисани тушуниш учун товуш ва фонеманинг фарқини билиб олиш керак. Техник жиҳатдан иккиси бир нарса – шунчаки товуш. Бу икки тушунчанинг нозик фарқи бор: товуш деб овоз трактидан чиқаётгн ҳар қандай ҳаво зарби айтилади. Фонема эса сўзнинг мустақил таркибий қисми бўла оладиган товушдир. Ўзбек тилида товушлар сони алифбода кўрсатилганидан анча кўп (бошқа ҳар қандай тилдаги каби), лекин ҳар қандай товуш ҳам фонема бўлолмайди, демак, унинг учун алоҳида ҳарф ҳам талаб этилмайди.

Кликс товушларини олайлик. Аслида ўзбек тилли одам ҳам бундай товушни ишлатади, масалан, бирор нарсани инкор қилганимизда “йўқ” дейиш ўрнига латерал кликс товуш чиқарамиз. Лекин у ўзбек тилида фонема эмас, негаки сўзлар таркибида келмайди, сўзлар маъносини ўзгартирмайди. Ўзбек уни алоҳида мустақил товуш деб қабул қилмайди. Лекин баъзи Африка тилларида кликслар сўзларда жуда фаол қўлланади ва маънога таъсир кўрсатади.

Ўзбек тилида “п” товуши бор, уни баъзи ўзбеклар бироз бошқача (масалан, кучайтириб, урғу бериб) талаффуз қилса ҳам бу маънога таъсир кўрсатмайди. Ўзбек тилида “пар” ҳам, “ппар” ҳам бир маънони англатади (“ппар” деган одам тўғри талаффуз қила олмас экан деб ўйлайсиз). Лекин Осиё жануби-шарқидаги қандайдир тилларда “пар”, “ппар” ва “пҳар” (аспирацияга учраган “пҳ” товуши) бошқа-бошқа сўзлар бўлиши мумкин. Хитойда эса айнан бир хил шаклга эга сўзлар оҳангига қараб умуман бошқа маънони англатади.

Испан тилида ҳам шундай: “ғ” шунчаки “г”нинг аллофони (талаффузда позицияга қараб вужудга келадиган шакли) бўлиб, маънога таъсир кўрсатмайди. Улар баъзан “гол”, баъзан “ғол” деб кетаверади. Ўзбек тилида “г” ва “ғ” бошқа-бошқа фонемалар бўлгани боис бу бизга ғалати туюлади (бундан олдинги сўзни “галати” деб айтсам тушунмасдинглар, масалан).

👉 @AsanovEldar
Ҳоким қовун туширгани майли. Матбуот котибининг иши – унинг имижи устида ишлаш, қовун туширишдан асраш. Нега қовун сайли тугамаяпти десак, гап бу ёқда экан. Матбуот котибининг ўзи қовун туширса, бирор нима дейишга ожизман. Менимча, Ўзбекистондаги “кадр чанқоғи”, нопрофессионаллик, шошқалоқлик, бирёқламалик, тор дунёқараш, бетоқатлик қирғоқлардан тошиб, селдай ёпирилиб келяпти шўр пешонамизга. Юқори лавозимдаги одамлар ўзини маҳалла зўравонидай тутадиган давлатда оддий халқдан нима гина?

👉 @AsanovEldar
Ҳаммаёқ Ҳумо бўп кетди, деяпти интернет. Яхши-ку. Шарқ фольклорига ҳурмат. Таклифим, фақат Ҳумо билан чекланмайлик – манбаларда бошқа афсонавий қушлар ҳам тилга олинади.

“Ўзатом” – Ҳудҳуд. Кўп гапирворяпти охирги пайтларда.

Суд – Семурғ, унинг адолатига етгунча тасаввуфнинг етти водийсидан ўтиш керак.

Шуҳрат Ғаниев – Қақнус, ёниб қайта тирилаверади.

Ўзбек миллий валютаси – Анқо, уруғини топиш қийин.

👉 @AsanovEldar
Khan Academy Ўзбекистонда ишга тушганини эшитган бўлсангиз керак. Бепул онлайн таълимга йўналтирилган бу академия айни пайтда муҳаррир қидирмоқда экан. Муҳаррир, хабарингиз бор, фақатиган тилни яхши билиши эмас, фанлардан ҳам бохабар бўлиши лозим. Сиз рўйхатда келтирилган фанларни яхши билсангиз ва айни пайтда ўзбек тилида саводли ёза олсангиз, Khan Academy’га мурожаат қилинг. Хайрли бошланмага қўшилинг.

👉 @AsanovEldar
Интернетдаги баҳсларда “яхшиям Россия босволган/Россия бўлмаганда иккинчи Афғонистон бўлардик” деган аргументларни ўқиб қоламан. Бу аргументнинг заиф томони шундаки, у сабаб ва оқибатни чалкаштириб юборади.

XX асрнинг 40-йилларигача Афғонистон минтақанинг энг ривожланган ва демократик давлати эди. Омонуллахон даврида бошланган ислоҳотлар мамлакатни ўзгартириб юборди. Мамлакатда фаол аҳоли, сиёсий ҳаракатлар вужудга келди. СССР, Буюк Британия ва Германия Афғонистонга минтақанинг асосий давлати деб қараб, бу ерда нозик сиёсий ўйинлар олиб борди. Айни пайтда мамлакатда диний ва дунёвий тизим тарафдорлари ўртасида сиёсий кураш борди.

Тўғри, ривожланган давлатга айланишга Афғонистоннинг ресурслари етмади. Лекин у 20-йилларда ўзбек хонликларидан анча бой ва илғор эди. Бугунги қолоқлик ва бетиним урушнинг бош айбдори СССР бўлади: 1979 йил СССР Афғонистонга бостириб кириши туфайли бошланган фуқаролик уруши бугунги кунга қадар тингани йўқ. Бу талотўпда мамлакатда радикал ҳаракатлар кучайиб кетди.

Шу маълумот асосида хулоса қиламанки, Россия бўлмаганида, балки иккинчи Афғонистон бўлолмасдик, СССР бўлмаганида, балки Афғонистон ҳозир минтақа лидери бўларди. Бу, албатта, менинг тахминим. Нима бўлганда ҳам, Афғонистон доим нотинч ва қолоқ бўлган, бу аҳволдан бизни СССР қутқариб қолган деб ўйлайдиганлар қаттиқ янглишади.

👉 @AsanovEldar
Умуман, Афғонистон, Эрон, Покистон сингари давлатлар мен учун парадокс бўлиб қолмоқда. Бу жамиятлар консерватив, ўрта асрларга хос анъаналар сақланиб қолган дейилади одатда. Лекин уларда ўзига хос сайлов демократияси ривожланмоқда – бир киши ҳокимият тепасида ушланиб қолишини тасаввур қилиш қийин, президентлар, бош вазирлар алмашади. Бу уч мамлакатда ОАВ анча эркин ва дадил, ижтимоий фаол аҳоли кўп, митинглар, сиёсий ҳаракатлар одатий ҳолга айланган. Покистон феминизм энг ривожланган, хусусан, #metoo ҳештеги энг машҳур бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади (покистонлик ҳамкасбларнинг айтишича).

Покистон, Афғонистон, айниқса Эроннинг илмий салоҳияти ҳам ҳайратланарли. Инглиз тилини яхши билган, дунёнинг ривожланган давлатларида фаолияти юритаётган ўнлаб олимларни эслаш мумкин. Мамлакатнинг ўзида ҳам илғор, билимли ёшлар жуда кўп. Инглиз тилли оламга дахлдорлик ва мамлакатларнинг оғир тарихий йўли ёшларни билимлироқ, фаолроқ бўлишга мажбур қилаётгандир, ким билсин.

Тожик ҳамкасблардан бир воқеа эшитгандим, балки бироз бўрттирилгандир, билмадим. Каттакон бир намойиш олдига президент Ашраф Ғани Аҳмадзай чиққанида бир нуроний унга шундай деган экан: “Сен Афғонистон жумҳурраиси сифатида бизга нима бердинг?” Аҳмадзай жавоб берган экан: “Мен сенга жумҳурраис қаршисида туриб шундай сўзлар айтиш имконини бердим”.

Дарвоқе, бизда рок тақиқланган, рэпдан эса миллийлик қидирилаётган пайтда Афғонистонда рок ҳам, рэп ҳам ривожланяпти (маҳаллий ўзбекларнинг фаол иштирокида). Афғонистон поп-мусиқасида долзарб ижтимоий масалалар кўтарилади. Эшитиб кўринг:

Юсуф Балхий – “Она тилим”;

Kabul Dreams – “Садойи Афғонистон”, “Шаҳоб”.

👉 @AsanovEldar
​​Facebook’да бир қизиқ постга дуч келдим. Сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Нацизмни енгган СССРнинг ўзида ҳам миллатчилик ва ирқчилик мавжуд бўлган. Ҳар хил даврда ҳар хил даражада, ҳар хил кўринишда.

Линк: https://telegra.ph/Foydali-yahudiylar-01-21

👉 @AsanovEldar