Асанов формати
14.6K subscribers
1.19K photos
247 videos
75 files
2.72K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
#фонетика

Кечаги саволнинг жавоби.

Маълумки, бугунги ёзув тизимларининг қарийб ҳаммаси финикий алифбосига бориб тақалади. Финикий алифбоси, ўз навбатида, Миср демотикасидан келиб чиққани тахмин қилинади.

Финикий алифбосининг иккинчи ҳарфи – бет. Бу сўз финикий тилида “уй”, “ўтов” маъносини беради (арабча “байт”), ҳарф ҳам уй шаклига эга. Финикий алифбосидан юнон ёзуви, ундан этруск алифбоси, ундан эса лотин ёзуви келиб чиққан. Бу ёзувларнинг барида бет ҳарфи (юнонча бета) “б” товушини ифодалаган. Юнонча сўзларни антик манбалардан ҳамда лотин тилидан ўзлаштирган ўрта аср Европа тилларида ҳам қадимги юнонча “б” товуши “б”лигича қолган, b ҳарфи ҳам шу товушни ифодалаган.

Лекин славян алифбоси – кириллица византиялик руҳонийлар томонидан IX асрда ишлаб чиқилган. Маълумки, Шарқий Рим империяси бўлмиш Византияда қадимги юнон тилининг ўрнини босган ўрта юнон тили ҳукмрон бўлган. Ўрта юнон тилида эса қадимги юнон тилидаги портловчи “б” товуши фрикатив “в”га ўтган. Бунинг натижасида “Бизантиум” “Византуим”га, “Бабилон” “Вавилон”га, “Базилевс” “Василиус”га айланган. Табиийки, ўрта юнон ёзувига асосланган славян алифбосида бета ҳарфи “в” товушини ифодалаган. Юнонча ўзлашмалар славян тилларига ўрта юнон тилидан киргани боис улар “в”лашиб ўтган.

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Ўзбек тилидаги ноёб товушлар ҳақида

Қадимги турк тилида товушлар сони ҳозирги ўзбек тилидагидан камроқ бўлган. Умуман, тилнинг товуш таркиби ўзгариб туриши табиий ҳолат. Кўп товушлар бошқа тиллардан кириб келган: охирги минг йилда туркий тиллар форс ва рус тиллари таъсирида ривожланган. “Х”, “ҳ” товушлари форс тилидан, “ц”, “ж” (“жирафа”даги), “ф” товушлари рус тилидан кириб келгани айтилади. Бу гапларда ҳақиқат бор, лекин асл вазият бироз мураккаб.

Тилда битта товуш ҳар хил манбалардан келиб чиқиши мумкин. Ўзбек тилидаги “х”, “ҳ”, “ж” товушлари мана шунақа. Айтайлик, “ҳўкиз” ва “ҳамкор” сўзларидаги “ҳ” товуши бир хил талаффуз қилинади, лекин уларнинг “бобоси”, илдизи бошқа-бошқа. Яъни лингвотарихий нуқтаи назардан булар тасодифан ўхшаб қолган бошқа-бошқа товушлардир.

Ўзбек тилининг “ҳаёт-мамот масаласи” бўлиб қолган “қаттиқ ва юмшоқ ҳ” масаласининг келиб чиқиши “ҳ” ва “х” товушлари ўзбек тилига бошқа тилдан кириб келгани билан боғлиқ: “х” ва “ҳ” иштирокидаги сўзларнинг аксарияти форс тилидан ўзлаштирилган, бу ўзлашмалар китобий бўлгани учун халққа яхши таниш бўлмаган, шу боис сўзлашув даражасида “х” ва “ҳ” ҳеч қачон фарқланмаган. Бугунги муаммонинг илдизи шунда.

Лекин ўзбек тилида бошқа “ҳ” ва “х” ҳам бор – улар туркий асосда, ўзбек тилининг ички имкониятларидан келиб чиққан: қадимги турк тилидаги анлаутдаги (сўз бошидаги) q товуши x’га ўтган (q>x): qan – “хон”, qatun – “хотин”, qağan – “хоқон”; унли билан туговчи баъзи отлар ва феъллар бошида қўшимча аспирация (бўғиздан чиққан ҳаво, “ҳ”) ҳосил бўлган: öküz – ҳўкиз, ürkmäk – “ҳуркмоқ”, ayqırmaq – “ҳайқирмоқ” ва ҳоказо. Шундай қилиб, ўзбек тилида уч хил “х” ва “ҳ” бор: форс тили орқали ўтганлари сўзлашувда фарқланмайди (“ҳ” баъзи шеваларда тушиб қолади), ички имкониятларидан келиб чиққанлари фарқланади; рус тили орқали ҳам ўтган: русча ва европача сўзларда ҳам “х” бор.

“Ж” (“жирафа”) товуши ҳам икки хил: рус тилидан ўтган “ж” русча ва европача ўзлашмаларда учрайди. Форс тили орқали ўтган жуда кам сонли сўзлар борки, уларда ҳам “ж” товуши учрайди. Лекин “ж” форс тили учун ҳам бегона – тожичкада “ж” учратдингизми, билингки, бу сўз авеста тилидан ёки парфчадан форс тилига ўтган: “аждаҳо” – авестача “Ажи Даҳака” (форс ёзма тилида “Заҳҳок” шаклида); “жола” – “кўз ёши”, парфча сўз (бу сўз чиғатой адабиётида учрайди, лекин бизникилар уни адашиб “жаҳон”даги “ж” билан ўқийди кўпинча).

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Испан футболи мухлислари ўйинлар шарҳини испан тилида кўрганида бир нарсага эътибор бергандир. Испан шарҳловчилари “гол” сўзини икки хил талаффуз қилади: “голь” ва “ғоль”. Эътибор бермаганлар эшитиб кўринг – мана, мана. Бундан тушуниш мумкинки, “г” ва “ғ” товушлари улар учун деярли бир, яъни сўзнинг маъносини ўзгартирмайди.

Бу ҳодисани тушуниш учун товуш ва фонеманинг фарқини билиб олиш керак. Техник жиҳатдан иккиси бир нарса – шунчаки товуш. Бу икки тушунчанинг нозик фарқи бор: товуш деб овоз трактидан чиқаётгн ҳар қандай ҳаво зарби айтилади. Фонема эса сўзнинг мустақил таркибий қисми бўла оладиган товушдир. Ўзбек тилида товушлар сони алифбода кўрсатилганидан анча кўп (бошқа ҳар қандай тилдаги каби), лекин ҳар қандай товуш ҳам фонема бўлолмайди, демак, унинг учун алоҳида ҳарф ҳам талаб этилмайди.

Кликс товушларини олайлик. Аслида ўзбек тилли одам ҳам бундай товушни ишлатади, масалан, бирор нарсани инкор қилганимизда “йўқ” дейиш ўрнига латерал кликс товуш чиқарамиз. Лекин у ўзбек тилида фонема эмас, негаки сўзлар таркибида келмайди, сўзлар маъносини ўзгартирмайди. Ўзбек уни алоҳида мустақил товуш деб қабул қилмайди. Лекин баъзи Африка тилларида кликслар сўзларда жуда фаол қўлланади ва маънога таъсир кўрсатади.

Ўзбек тилида “п” товуши бор, уни баъзи ўзбеклар бироз бошқача (масалан, кучайтириб, урғу бериб) талаффуз қилса ҳам бу маънога таъсир кўрсатмайди. Ўзбек тилида “пар” ҳам, “ппар” ҳам бир маънони англатади (“ппар” деган одам тўғри талаффуз қила олмас экан деб ўйлайсиз). Лекин Осиё жануби-шарқидаги қандайдир тилларда “пар”, “ппар” ва “пҳар” (аспирацияга учраган “пҳ” товуши) бошқа-бошқа сўзлар бўлиши мумкин. Хитойда эса айнан бир хил шаклга эга сўзлар оҳангига қараб умуман бошқа маънони англатади.

Испан тилида ҳам шундай: “ғ” шунчаки “г”нинг аллофони (талаффузда позицияга қараб вужудга келадиган шакли) бўлиб, маънога таъсир кўрсатмайди. Улар баъзан “гол”, баъзан “ғол” деб кетаверади. Ўзбек тилида “г” ва “ғ” бошқа-бошқа фонемалар бўлгани боис бу бизга ғалати туюлади (бундан олдинги сўзни “галати” деб айтсам тушунмасдинглар, масалан).

👉 @AsanovEldar