Асанов формати
14.4K subscribers
1.16K photos
224 videos
72 files
2.68K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
#саволжавоб

Олдин ваъда қилинганидек, ҳар ойда икки марта #саволжавоб олиб борамиз. Янги йилда биринчи савол-жавоб панелини очиқ деб эълон қиламан. Илтимос, савол беришдан олдин қоидалар билан танишиб чиқинг, барчасини махсус постда тушунтиргандим.

👉 @AsanovEldar
Сергей Абашин ёзяпти:

100 йил олдин, 1920 йил 21 январда Туркистон тарихида бурилиш ясаган воқеа рўй берди. Туркистон мухтор республикаси Марказий ижроия қўмитаси раиси лавозимига 26 ёшли Турор Рисқулов тайинланди. МИҚ раиси – бошқарув тизимидаги энг юқори лавозим. Туркистон совет республикаси ташкил топганидан буён (ундан олдинги Туркистон генерал-губернаторлигини қўятурайлик) биринчи марта бу олий мансабни маҳаллий мусулмон аҳоли вакили, қозоқ эгаллади. Албатта, у совет Марказига мутлақо садоқатли большевик эди. Табиийки, у чекланмаган ҳокимиятга соҳиб эмас эди, чунки Марказ уни минтақага юборилган, ҳар қандай қарорни тиқиштириш ваколатига эга Туркистон комиссияси орқали назорат қиларди. Шунга қарамай, бу тайинлов бутун маҳаллий бошқарув мустамлакачилардан маҳаллий аҳоли вакилларига ўтганидан далолат эди. Рисқуловдан сўнг бу лавозимга фақат маҳаллий аҳоли вакиллари тайинланди. Мустамлакачи жамияти ичидаги ихтилофлар ҳамда Туркистон ҳукуматини 1918–1919 йилларда пароканда қилган мустамлакачилар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддият тўхтади. Энди ўзаро ҳамкорлик ва қарама-қаршилик йўналиши совет-мусулмон Туркистони ва Москва муносабатлари ўзанига кўчди.

Бу ўзгариш муҳим сиёсий оқибатларга эга бўлди. 1919 йилда Мусулмон бюросини бошқарган (у 1920 йилда тугатилган эди) Рисқулов республика қандай ривожланиши масаласида ўз нуқтаи назарига эга эди. Аксарият мусулмон большевиклар қўллаб-қувватлаган бу лойиҳада мусулмон кўпчиликнинг ҳуқуқларига, уларнинг иқтисодий муаммоларини, маориф, суд муаммоларини ечимшга, диний ҳуқуқларга урғу бериларди. Рисқулов бошчилигида етакчи позицияни эгаллаган ушбу гуруҳ ғояларини илгари суриш учун янги имкониятларга эга бўлди. Январь ойидаёқ Рисқулов “Туркистон этнографик ва бошқа хусусиятларига кўра Турк Миллий Республикаси” эканини эълон қилди. “Туркистон – туркларники демак, бу туркларнинг ватанидир, ва биз уни Турк Миллий Республикаси деб аташимиз лозим”, “Бу ерда аҳолининг кўпчилигини турклар ташкил этади. Туркистон аллақачон Турк Республикаси деб тан олинган ва биз шу принцип асосида унинг партиясини, яъни Турк коммунистик партиясини таъсис этишимиз, унинг қошида Миллий озчиликлар билан ишлаш бўлимини очишимиз лозим”. Бу мантиқан тўғри қадам эди: мусулмон (ва турк) кўпчилик сиёсатнинг мустақил фактори ва акторига айланаркан, мухтор республика ҳам миллий характери ҳақида очиқ баёнот бериши керак эди. Бу совет Россияси учун ўзига хос бир нарса эмас эди – у ерда миллий белги асосида мухтор тузилмалар, масалан, Бошқирдистон Республикаси ташкил топган эди. Турккомиссия аъзолари – Элиава, Куйбишев ва Голошчёкин ўша пайтда бу ғояни қўллаб-қувватлади. Аммо кейинчалик новация тақдири ачинарли бўлди. Кейинроқ Туркистон фронти қўмондони Фрунзе ташаббусга қарши чиқди – у минтақада де факто мустақил ва асосий сиёсий арбобга айланган эди. Дарвоқе, у Туркистон колонистлари оиласидан эди. У маҳаллий аҳоли орасидаги “турк сафарбарлиги”да Марказ учун таҳдид кўрди ва Марказни бунга ишонтира олди. Рисқулов Москвага йўл олди, Ленин ва МҚ билан учрашди, уларга ҳақлигини исботлашга уринди, лекин пировардида мағлуб бўлди ва ёздаёқ истеъфога чиқди. У Москвага, Миллатлар иши бўйича халқ комиссариатига Сталиннинг ўринбосари сифатида ўтказилди.

👉 @AsanovEldar
Нима учун сўровномаларга ишониб бўлмайди?

Ўз вақтида сўровнома ва унинг ҳар хил турлари социологиянинг асосий қуроли эди. Сўровнома шахсий қарашлардан кўра муҳимроқ ва аниқроқ, объектив картинани, хилма-хилликни кўрсатиб берадиган инструмент ҳисобланарди. Лекин ҳозирги социологияда сўровномага муносабат бироз ўзгарган.

Бугунги кунда тадқиқотчилар сўров методи кўплаб ноаниқликларга ва мураккаб жиҳатларга эгалигини тан олмоқда. Мана энг асосийлари:

- сўровлар одатда бутун аҳолини қамраб олмайди. Тадқиқотчилар маълум критерийлар асосида репрезентатив гуруҳ тузиб, шу гуруҳ ичида сўров ўтказади, унинг натижасини эса кенгроқ жамоага проекция қилади. Гуруҳ қай даражада репрезентатив? Қандай критерийлар асосида гуруҳ тўпланади? Ўн кишининг фикрини минг кишига проекция қилиш қанчалик ўзини оқлайди? Бир кишининг фикрига қараб минг киши ҳақида хулоса қилиш билан минг кишининг фикрига қараб миллион киши ҳақида хулоса қилиш орасида қандай фарқ бор? Бу саволлар берилганидан сўнг сўровнома натижалари ортиқ объектив ҳақиқат сифатида қабул қилинмай қўймоқда;

- сўровдан ўрин олган саволлар манипулятив бўлади. Тўғри, ҳамма ҳам сўров ёрдамида ижтимоий фикрни манипуляция қилишга уринмайди – аксарият тадқиқотчилар шунчаки омма фикрини ўрганишни хоҳлайди. Шунга қарамай, савол маълум бир шаклда формулировка қилинганининг ўзиёқ манипуляция ҳисобланиши мумкин. Нега “шу фикрга қўшиласизми?” деб сўраляпти, “шу фикрга қўшилмайсизми?” деб сўралмаяпти? Нега респондентнинг миллати сўраляпти (балки миллат тушунчаси унга бегонадир)? Жавоблар сони ҳам чекланган бўлади ва бу беихтиёр сўров иштирокчисининг фикрига таъсир кўрсатади – у онгсиз равишда берилган вариантлардан бирини танлайди, ва танлаган вариантини “шахсий фикрим шу” деб ўйлай бошлайди. Аслида худди шу саволга бошқа жавоблар берилганида, респондент шулардан бирини танлаб, “шахсий фикрим шунақа” деб ўйлай бошларди. Жавоблар сонини кўпайтириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди – учта жавобдан бирини танлаш ҳам, юзта жавобдан бирини танлаш ҳам барибир шахсий фикрга таъсир ўтказади;

- ниҳоят, сўров иштирокчиси хоҳласа-хоҳламаса босим остида бўлади. У дўстлари билан чойхонада суҳбатлашиб ўтирмаганини, жавоблари нимагадир таъсир қилишини тушунади ва шунга қараб жавоб беради. Кимдир ўта политкоррект, толерант бўлиб қолади, дўстлар даврасида ҳазил ёки чин сўкиб юбориши мумкин бўлган аҳоли қатламига тоқатли эканини ёзади, ўз шахсий қарашидан, шахсий тажрибасидан эмас, диний, миллий ёки умуминсоний қадриятлардан келиб чиқишга уринади. Сўров аноним ўтказилиши масалани енгиллаштирмайди – кимдир барибир жавоблари нимагадир таъсир қилишини билиб оғир-босиқ ва ўз назарида холис жавоб беришда давом этади, кимдир эса, аксинча, исми ҳеч қаерда акс этмаслигини билиб, табиатига ва шахсий қарашига зид равишда шўхлик қилишни, ғалати ва радикал жавобларни танлашни бошлайди.

Мана шу сабабларга кўра сўров методи бугун ўта объектив, аниқ натижа кўрсатувчи инструмент ҳисобланмайди. Албатта, қандайдир умумий фонни билиш учун, статистика тўплаш учун ундан фойдаланишади. Лекин бугунги фан индивидуаллашмоқда – алоҳида шахсларнинг, оилаларнинг тарихига, тажрибасига, алоҳида одамларнинг хотиралари ва таассуротларига урғу берилмоқда.

Шундай экан, “Сўров натижаси инсоният капитализмдан чарчаганини кўрсатмоқда”, “80 фоиз одам парламент сайловида иштирок этади” каби маълумотларга дуч келганда улар нимага асосланганини яхшилаб текшириб кўринг.

👉 @AsanovEldar
​​#саволжавоб

Атлантлар деган одамлар бўлган деб эшитамиз ёки гигант одамларнинг суяклари топилгани ҳақидаги хабарларни гоҳ-гоҳ учратиб турамиз. Биз яшаб турган дунёни 5-цивилизация дейишади, яъни биз 5-тойифа эканмиз. Олдин Атлантлар ва ҳоказо тойифалар йўқ бўлиб кетган эмиш.

Атлантлар – юнон мифологияси қаҳрамонлари. Бундай одамлар тарихда ўтмаган. Гигант одамларнинг суяклари топилгани ҳақидаги ҳамма хабарлар ёлғон, суратлар – фотошоп. Бу аллақачон исботланган ва баҳсга арзимайдиган масаладир. Бунақа ёлғонларга ишонмасликни тавсия қиламан.

Жиззахда зомин тумани бор, шу зоминликлар ўзларини Зомин туркларимиз дейишади. Савол зомин турклари аждодлари кимлар?

Турк – ўзбек уруғларидан бири. Улар ҳақида энг батафсил маълумот Билқис Қармишеванинг китобида келтирилган.

XVI асрда ўзбеклар Мовароуннаҳрда ўрнашганидан сўнг қарлуқлар ва чиғатойларнинг бир қисми уларга қўшилмай, сиёсий ҳаётдан узоқ туриб, секинлик билан алоҳида қабилавий бирлашмага айланади. Улар ҳақида XVIII асрлардан гапирилади одатда. Турк номини олган бу бирлашма Қашқардан Хоразмгача, Тошкентдан Афғонистонгача бўлган ҳудудда тарқалиб кетади. Зоминда ҳам туркларнинг катта гуруҳи яшайди. Улар Пскентда, Сайрамда, Ўшда, Жалолободда, Андижонда, Панжакентда, Ҳисорда, Самарқандда, Қашқадарёда, Сурхондарёда, Тожикистоннинг ҳар хил ҳудудларида жуда кўп.

Турклар беш уруғдан иборат: турк, қарлуқ, барлос, калтатой, мусобозори. Бу уруғлар яна тўпларга бўлинади. Улар ҳақида бирор кун тўлиқ, батафсил ёзаман.

Тавтология ва плеоназм ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Тавтология – бир сўз кўп такрорланиши. Плеоназм – бир хил маънони англатувчи сўзлар ва бирикмаларни такрорлаш.

Чакар-сахар-сугар. Олтин-золото-голд бу сўзлар келиб чиқиши бир асосга бориб тақаладими?

“Шакар” сўзи деярли барча тилларда ўхшаш талаффуз қилинади ва битта санскритча ўзакка бориб тақалади: शर्करा şarkara. Бу сўз семантикаси қуйидагича ривожланган: “шағал, майда тош”>“кристалл”> “шакар кристалли”. Ўзбек тилига “шакар” форс тилидан ўтган.

Инглизча gold, русча “золото” ва форсча “зар” ростдан ҳам бир ўзакка бориб тақалади. Лекин туркча “олтин”нинг ўзаги бошқа. Бир тахминга кўра, у туркча al “қизил” ва хитойча tuƞ “мис” сўзларидан олинган; бошқа тахминга кўра, умумолтой тилидаги ıldan “темир, қурол” ўзагига бориб тақалади.

Найманлар ҳақида маълумот берсангиз.

Бу ҳақда ёзгандим.

Ўзбекларнинг 92 та уруғига ўғуз қабилалари ҳам кирадими?

Киради. Уруғ-қабилалар қандайдир этник боғлиғликка эга бўлмаган, вазиятга қараб у ёки бу йирик қабилавий бирлашма таркибига ўтиб кетаверган. Ўзбек уруғларининг турли рўйхатларида туркман уруғлари тилга олинади. Бухоро ва Хивада айрим туркман уруғлари ўзбеклар орасида яшаб, ўзларини ўзбек уруғлари деб ҳисоблашни бошлаган. 1923 йил октябрида Чоржўйда ўтказилган сўров натижалари ҳақида тегишли ҳужжатда шундай дейилади (Арне Хогендан иқтибос – суратда):

“Салур ва баёт қабилаларининг бир қисми ўзини туркман, бир қисми ўзбек деб ҳисоблаши, бир қисми умуман миллатини билмаслигини инобатга олган ҳолда комиссия бу қабилаларнинг миллатини аниқлай олмади деб ҳисоблайди. Ҳидир эли қабиласига келсак, баъзилари ўзини туркман дейишига қарамай, уларнинг жавоблари нотўғри ҳисобланиши лозим, шу боис биз уларни ўзбек ҳидир элилар деб ҳисоблаймиз”.

Снесарев Хоразм ўзбеклари орасида олиб борган тадқиқотида алили, афшор, баёт, ҳидир эли, чандир қабилаларини аниқлаган. Бухоро жанубида истиқомат қилувчи баъзи ўғуз қабилалари вакиллари бугун ҳам ўзини ўзбек ҳисоблайди. Насриддин Назаров Афғонистон ўзбеклари орасида ҳидир эли ва баётлар борлигини ёзади.

Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Жанубий Тожикистондаги туркманлар эса ўзини ўзбек ҳисобламайди (балки алоҳида шахслар ҳисоблар).

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Мен Навоий вилояти Хатирчи туманиданман. Хатирчи сўзининг келиб чиқиши хақида ва бир пайтлар Хатирчи беклиги бўлган экан шу беклик ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Хатирчи сўзи туркча qatır сўзидан олинган. Қадимги турк тилида qatır деб эшак ва от қўшилишидан туғилган жонивор аталган. Бугун ўзбек тилида ишлатиладиган “хачир” “қатир”нинг мўғулча талаффузидир. Умуман qatır сўзи сўғдча xartar (xar – “эшак”, “эшаксифат” маъносида) сўзига бориб тақалади дейишади. Шундай қилиб, Хатирчи “хачир етиштирувчилар яшайдиган жой” маъносини англатса керак.

Хатирчи беклиги ҳақида эса қандайдир алоҳида маълумотга эга эмасман. Манбаларни қараб кўриш керак.

Эски узбек тилида ёзилган (арамей алфавит) клинопись хакида нимани биласиз, нима деб айтасиз?

Клинопись – миххат дегани. У оромий хати эмас, алоҳида ёзув тизимидир. Лекин эски ўзбек тилида на оромий хатида, на миххатда ёзилган манба ҳақида эшитмаган эканман. Аввало, эски ўзбек тили деганда нимани, қайси даврни тушунишингизга ҳам боғлиқ.

Амир Темурга Туркия тарихшунослиги қандай муносабатда? Ўрта асрларда ва ҳозирда.

Ўрта асрларда қандайлигини билмадим, ҳозир яхши. Буюк турк саркардаларидан бири деб билади. Темурни турклар ёмон кўради деган гапларни кўп эшитганман, лекин туркларнинг ўзи билан суҳбатларда, турк тарихчиларининг китобларида бунга гувоҳ бўлмадим. Албатта, Боязид билан уруш қилгани салбий воқеа бўлган, баримизга салбий таъсир ўтказган деб айтишади.

Нега қозоқлар ўз аймоқларини билади, ўзбеклар эса ўзларини қайси аймоқданлигини билмайди?

Қозоқлар XX аср бошигача кўчманчи ҳаёт кечирган ва уларда уруғчилик муҳим ижтимоий вазифа бажарган. Совет даврида ҳам асосий шаҳарлар аҳолиси руслар бўлгани боис қозоқлар асосан овулларда яшаган ва уруғчиликни сақлаб қолган. Мустақилликнинг бошида эса уруғчиликка миллий ўзликни, тарих билан алоқадорликни тиклашнинг муҳим воситаси сифатида қарай бошлашган. Қозоқ уруғларига давлат даражасида эътибор қаратилган. Шу боис уруғчилик ҳалигача аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ўзбеклар нисбатан олдинроқ – XVI–XIX асрларда ўтроқлашган. Совет даврида ҳам ўзбеклар шаҳарларда кўп яшаган, шаҳарларда эса уруғчилик аҳамиятли эмас. Боз устига, СССРда ва мустақил Ўзбекистонда тарихчилар, зиёлилар турк-мўғул уруғларидан атайлаб узоқлашиб, ўзбекларни минтақанинг энг қадимги халқларига – сўғдларга, хоразмликларга боғлашга уринган. Уруғлар эса келгинди, босқинчи деб эълон қилинган. Шунда ҳам, чамамда, ўзбекларнинг ярми уруғи ҳақида хотирани сақлаб қолган.

Хуллас, қозоқ зиёлилари тарихий хотирани яратишда уруғчиликка, ўзбек зиёлилари эса шаҳарчиликка ва эроний маданиятга урғу берган. Қозоқларнинг ва ўзбекларнинг бугунги “тарихий хотираси” аслида шунчаки тарихчилар таклиф этган нарративлар тўпламидир. Уни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиш керак эмас.

Бизда кўчманчи маданиятга интеллигенция ва сиёсий элита қандай муносабатдалигини Каримовнинг Аттила ҳақидаги гапларидан билса бўлади:

“Яна бир қизиқ хулосага дуч келдим. Биз ўзбеклар ҳам ўша Атилланинг авлодлари, ворислари эмишмиз. Бу билан фахрланишимиз керак экан. Биринчидан, бундай ўта жиддий хулоса чиқаришга ҳозирча ҳеч қандай асос ёки замин борлигини ҳеч ким исбот қилолмаса керак. Иккинчидан, босқинчига ворис бўлиш фахрли мартаба эмас, иснод-ку! Бу иғвога учсак, эрта Европа биз тўғримизда нима дейди? Бу гап қаердан чиқди, кимга керак бу сохта обрў?!”

Элитамиз ва интеллигенциямиз боболарни яхши-ёмонига қараб танлаб ўтирмай, тарихни борича қабул қилишни ўрганишини кутамиз.

👉 @AsanovEldar
Karim Shoniyozov. O'zbek xalqining shakllanish jarayoni.pdf
17 MB
Карим Шониёзовнинг китоби сўралди. Мана у: “Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни”.

👉 @AsanovEldar
Forwarded from AOKA - Rasmiy kanali
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси жума, 24 январь куни 11:00да бўлади

Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги йиллик мурожаатномани МТРКнинг 4та телерадиоканали, 5та телеканали ҳамда 12та ҳудудий телерадиокомпания, шунингдек, 5та нодавлат телеканал ҳамда президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, интернетдаги тегишли сайтлар орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш мумкин.

Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида мурожаатнома сурдо таржима билан, шунингдек, русча таржима ва инглизча таржимаси билан эфирга узатилади.

@aoka_uz
#саволжавоб

Эшон, хўжа, тўра ва шунга ўхшаш номлар қандай пайдо бўлган? Асл маъноси нима?

Ўрта Осиё халқларида келиб чиқиши пайғамбарга, саҳобаларга ва машҳур сулолаларга бориб тақаладиган тоифалар ўзини бошқа уруғ-қабилалардан ажратган. Улар “оқсуяк” деб аталган. Оқсуяклар ўз қариндошчилик жамоаси ичида қиз олиб-қиз бериб, насл “тоза”лигини сақлашга уринган. Шунингдек, улар келиб чиқиш омили негизида жамиятда муҳим мавқе эгаллаган – “қорача”лар, яъни оқсуяк бўлмаган аҳоли уларга “аслзода” қон эгаси сифатида қараган ва ҳурматини жойига қўйган. Хонлар, подшолар ҳам уларга ҳурмат кўрсатиб, кўпинча муҳим лавозимларни берган.

Оқсуяклар бугун ўзбекларда, тожикларда, қозоқларда, туркманларда бор. Қабул қилинган стандартга кўра, хўжа – саҳобалар авлоди, саид – пайғамбар авлоди. Жойларда бу икки атама адаштирилган, албатта.

Тўра Фарғона водийси ўзбекларида саиднинг синоними бўлса, қозоқлар Чингизхон авлодларини тўра деб атайди. Бундан ташқари, водийда “охун” деган атама бор. Одатда Қашқар ҳукмдори Офоқхўжадан келиб чиққан одамлар охун деб юритилган (улар баъзан уйғур хўжалар ҳам дейилган). Ҳозирда умуман келиб чиқиши Шарқий Туркистонга бориб тақалувчилар охун деб аталади.

“Эшон” эса форс тилида “улар” дегани. Оқсуякларни чала-чулпа тоифа номлари билан чақириш ҳурматсизлик ҳисоблангани учун уларни шунчаки “улар” деб аташган.

Бундан ташқари, бошқа тоифалар ҳам бўлган: бек – оддий ўзбек уруғларидан келиб чиққан, лекин бир неча авлод давомида хон саройида хизмат қилиб, сулолага айланган оилалар; хон – Чингизхон авлодлари. “Мирларданмиз”, “мирзаларданмиз” дейдиган одамларни ҳам учратиб тураман баъзан, лекин бу тоифаларнинг аниқ келиб чиқишини билмайман.

Ўрта Осиё оқсуяклари ҳақида яхши мақола бор. Мақолада таъкидланишича, Яқин Шарқда XX асрда аслзода тоифалар бутунлай аҳамиятини йўқотиб, унутилиб кетган, Ўрта Осиёда эса, аксинча, яшаб қолган ва аҳамиятини йўқотмаган. Оқсуяк оилалар бугун ҳам бор, улар бугун ҳам ўзаро қиз олиб-қиз беради. Мақолада бунинг сабаблари тадқиқ этилади.

Дарвоқе, яна баъзи қизиқ жиҳатлар бор. Хонликлар даврида қозилик, раислик сингари муҳим (асосан диний) мансабларни эгаллаган оқсуяк оилалар бугун ҳам бор ва улар бугун ҳам муҳим лавозимларда (ёки зиёлилар ичида). Бугун ҳам зиёлилар ва мансабдорлар орасида оқсуякларни жуда кўп учратишимиз мумкин – уларни исм-фамилияларидаги “мир”, “охун”, “хўжа”, “хон” каби компонентлардан таниб олиш мумкин. Доим ҳам эмас, албатта: кимлардир бу компонентларни исм-фамилияда сақламасликка қарор берган, турли сабабларга кўра. Айниқса совет даврида паспортда “фалончихон” ўрнига “фалончижон” деб ёзиш урф бўлган.

Яна бир нарса. Оқсуякликни исботлайдиган энг муҳим ҳужжат шажара бўлган. Шу боис хонликлар даврида баъзи бойлар оқсуяклар сафига қўшилиш мақсадида сохта шажаралар буюртма қилишган. Бундай амалиёт мавжуд бўлгани учун ҳозир ҳам баъзи туманларда “фалончалар сохта эшон”, “фалончалар ҳақиқий эшон, шажараси бор” каби гап-сўзларни эшитиш мумкин.

Умуман, Ўрта Осиё оқсуяклари – жуда катта ва қизиқ мавзу. У чет эллик антропологлар диққатини ҳам кўп тортади. Бу мавзуда узоқ гапириш мумкин. Бу ерда энди асосий атамаларни тушунтириш билан чекландим.

👉 @AsanovEldar
Ўзимизнинг ғиждувонлик бола Али Қаҳҳоров Ўзбекистоннинг пахтадан кейинги энг катта шармандалиги – прописка ҳақида каттакон лонгрид тайёрлапти. Ичида тарих, таҳлил ва экспертлар фикри бор. Жуда сифатли, батафсил материал. Ўзбек интернетида бу формат, афсуски, кам учрайди.

Энг охирида менинг фикрларим – Алининг саволларига жавоб бердим.

👉 @AsanovEldar
Бугун сифатли контент кўп негадир. “Чақчақ” подкастининг навбатдаги сони чиқаркан. Анонсни кўришингиз мумкин.

“Чақчақ” подкастининг биринчи сонида ўзим меҳмон бўлганим учун балки жуда холис муносабатда бўлолмасман бу кўрсатувга, лекин шу пайтгача ҳамма сони қизиқарли чиқяпти. Анонсга ишонадиган бўлсак, буниси ҳам қизиқ чиққанга ўхшаяпти. Маза қилиб кулдим. Тўлиғини кутамиз.

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Дунёда христиан араблар ҳам бор, улар нега ислом динидан узоқда қолиб кетган ва айнан қайси араб давлатларида кўпроқ? Христиан араблар хақида тўлиқроқ маълумот берсангиз, илтимос.

Христиан араблар деб араб тилида гапирувчи, христиан динига эътиқод қилувчи халқлар тушунилади. Лекин улар келиб чиқиши жиҳатидан хилма-хил, ҳаммаси ҳам араб эмас. Дейлик, Мисрда қадимги мисрликларнинг авлодлари – қибтийлар сақланиб қолган, улар христиан динига эътиқод қилади. Қибтийлар XIX асргача қадимги миср тилининг давоми бўлмиш қибтий тилида гапирган, лекин ҳозир араб тилига ўтиб кетган. Улар ҳам “христиан араблар” қаторига қўшилади баъзи манбаларда.

Ливанда истиқомат қилувчи маронитлар ҳам араб тилида гапиради, лекин улар ўзини финикияликларнинг авлоди деб ҳисоблайди. Ниҳоят, Фаластинда ҳам христианлар кўп (ҳа, ОАВда “Фаластинда яна мусулмонлар ўлдирилди” деган хабарлар чиққанида баъзан аслида христианлар ўлдирилган бўлади). Христиан фаластинликлар оз эмас – 1 миллион атрофида. Араб тилли бўлишига қараб, Фаластин христианлари, барча фаластинликлар каби, одатда ўзини араб эмас, алоҳида халқ деб ҳисоблайди.

Ниҳоят, биз илгари гаплашган оссурияликларнинг ҳам бир қисми араб тилида гапиради. Умуман, Византия империяси давридан қолиб кетган, бугунги кунда майда оқимлар ҳисобланувчи турли ўзига хос христиан черковлари Яқин Шарқда оз-моз сақланиб қолган. Бу оқимлар вакилларининг аксарияти араб тилида гапиради, негаки араб халифалиги даврида Яқин Шарқда яшовчи деярли кўпчилик халқлар араб тилига ўтиб кетган. Уларнинг аксарияти тил жиҳатдан араб, келиб чиқиши бошқа халқлар, лекин христианлар орасида қабилавий араблар ҳам йўқ эмас. Ҳар бирининг тарихини алоҳида кўриб чиқиш керак. Жами 28 конфессияга кирувчи 15 миллион христиан араб бор дейилади энциклопедияларда.

Орлот қабила номи ва билсангиз ҳозирги Олот тумани орасида боғлиқлик борми? Бизга айтилганда қандайдир ола от сўзидан олинган дейилади аммо бу ерда мафкуранинг ҳиди бордек. Умуман олдинги раҳбар даврида халқни уруғлар маълумотидан узоқлаштиришга уринилганми?

Орлот – чиғатой қабилаларидан бири. Мовароуннаҳр, Шарқий Туркистон, Еттисув ва Жанубий Хоразм Чиғатойхонга улус қилиб берилганидан сўнг бу ҳудудда 20 та турк-мўғул қабиласи ўрнашган. Улар орасида орлотлар ҳам бор.

Шайбонийхон бошчилигидаги ўзбеклар Мовароуннаҳрни эгаллаганида орлотларнинг бир қисми бу ҳудудларни тарк этган. Улар Ҳиндистонда ўрнашгани ҳақида маълумотлар бор. Масалан, манбаларда Мирзо Абдулқодир Бедил арулос уруғидан экани айтилади. Арулос орлотнинг нотўғри ёзилгани бўлса керак.

Шунга қарамай, орлотларнинг бир қисми Қоракўл воҳасида қолган. XIX аср рус статистик манбаларидан бирида бу ҳудудда яшовчи уруғ сифатида орлотлар тилга олинганини кўргандим. Аммо бугунги олотликлар, қоракўлликлар ва қоровулбозорликлар ичида ўзини орлотман дейдиганларни учратмадим: ё қабиласини унутган, ё бошқа қабилага нисбат беради ўзини.

👉 @AsanovEldar
​​Бошланди. Ҳаммаси бирдан ёзмаса билмай қолардик.

👉 @AsanovEldar
Давлат раҳбари асосий мурожаатида жадидчиликни, Беҳбудийни тилга олгани - ижобий ҳодиса. Жадидлар мероси Ўзбекистоннинг тарихи ва келажаги учун жуда муҳим. Биринчи газета, биринчи роман, биринчи театр, биринчи замонавий мактаб, биринчи публицистика ва сўз эркинлиги, биринчи демократик давлат - буларнинг бари жадидлар билан боғлиқ.

👉 @AsanovEldar
2020 йил илм-фан ва иқтисодиётни рақамлаштиришга бағишлангани мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Одатда бундай сиёсий тадбирларни бош-оёқ кузатмасам ҳам, бу сафар мурожаатни эшитдим, эшитмай қолган жойларим билан ёзма шаклда танишдим.

Илм-фан – ҳар қандай жамиятнинг таянчларидан бири. Фансиз давлат ривожланмайди. Элита буни англаб, фанга ҳақиқий эътибор қаратадими? Ёки советча услубда минимал таъминот билан илмий институтларни ярим кома ҳолатида ушлаб туриш давом этадими? Буни билмайман. Лекин бугунги мурожаатдан сўнг жараённи кузатаман, вазифалар қанчалик амалга оширилишини.

Мен қуйидагиларни асосий вазифалар сифатида ажратиб кўрсатган бўлардим: университетлар секинлик билан ўзини таъминлай бошлайди; бир нечтасида ривожланган давлатлар стандартлари жорий этилади; грант ўринлари кўпайтирилади. Ноихтисослик фанлари икки баробар қисқартирилади; тадқиқотлар учун грантлар икки баробарга кўпайтирилади; 700 мутахассис чет элда ўқиб келади; математика, кимё-биология, геология фанларига алоҳида эътибор берилади.

Тушунишим бўйича, бу европача таълим тизимига ўтишнинг биринчи қадамлари. Кўп нарса эксперимент тартибида бўлади. Эксперимент муваффақиятли ўтса, кейинги йилларда балки тўлиқ ўтиш амалга ошар. Ислоҳот тепасида карьеристлар, ҳар қандай усул билан президентга ёқиш учун иш қиладиган бюрократлар турмаса, чинакам олимлар, мутахассислар, менежерлар турса, балки ҳаммаси муваффақиятли бўлар. Кузатамиз.

👉 @AsanovEldar
Баъзи дўстлар шахсийда мурожаат этиб, “ака, фақат аниқ ва табиий фанлар жамиятнинг таянчи, гуманитар фанлар аслида фан эмас” деганга ўхшаш гаплар айтди. Каналимда бу мавзуга кўп тўхталганман, гуманитар фанларнинг аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қилганман. Шунча гапдан кейин ҳам кимлардир бундай фикрда қолаётганидан афсусдаман.

Илгари ҳам кўп айтганман, ҳамма фанлар зотан фандир. Аниқ фанлар ҳам унчалик аниқ эмас аслида; гуманитар фанлар ҳам кўплар ўйлагандек ноаниқ эмас. Аниқ, табиий, гуманитар фанлар бир хил илмий принциплар асосига қурилган. Гуманитар фанлар баъзи жамиятларда яхши ривожланмагани ёки идеологияга хизмат қилаётгани “бу фаннинг моҳияти шу экан-да” деган тасаввур уйғотмаслиги керак. Соғлом, идеологиядан холи, ҳақиқий гуманитар фанларсиз ҳеч бир жамият ривожлана олмайди.

Вақт топиб бунга кенгроқ муносабат билдираман.

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Тошкентликларнинг келиб чиқиши ҳақида ёзинг

Тошкентда, ҳар қандай шаҳарда ёки қишлоқда бўлганидек, келиб чиқиши хилма-хил одамлар яшайди. Ҳатто Тошкентнинг эски қисмидаги аҳоли орасида ҳам 100 йил, 150 йил олдин кўчиб келган одамларнинг авлодлари кўп. Шу боис савол постановкасини бироз ўзгартирган бўлардим: Тошкент аҳолиси қандай шаклланган?

Тошкент ҳудудидаги энг эски шаҳарчилик излари милоддан аввалги II–I асрларга оид. Ўша даврдан бошлаб XIV асргача бўлган манбаларда турли-туман катта-кичик шаҳарлар тилга олинади. Уларнинг қайси бири бугунги Тошкент шаҳри ўрнида, қайси бири Тошкент вилоятида жойлашгани борасида илмий баҳслар кўп. Айтмоқчи бўлганим – Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида қадимдан кичик-кичик шаҳарлар кўп бўлган. Улар вайрон бўлган, бир-бирига қўшилиб кетган ва ҳоказо. Уларнинг тарихи жуда чалкаш, тўла ёритишга пост формати мос тушмайди. Шу боис бу ерда айнан Чоч ёки Тошкент деган ном билан манбаларда тилга олинадиган шаҳар аҳолисига ҳақида билганларимни ёзаман.

Тошкент воҳаси тарихий солномаларга кирган паллада бу ҳудудда Қанғ давлати ҳукм сургани айтилади. Бу давлат асосчилари ким деган саволга аниқ жавоб йўқ. Кимдир саклар деса, кимдир шимоли-шарқдан кириб келган усунлар дейди, яна кимдир қадимги туркий халқлар дейди. Бизга кейинги даврга – илк ўрта асрларга оид манбалар етиб келган, булар: Жанубий Қозоғистондаги Туркистон шаҳри ҳудудида жойлашган Култепа ёдгорлигидан топилган қадимги ёзув; Тошкент воҳасидан топилган тангалардаги ёзувлар. Уларнинг бари сўғд ёзувида, сўғд тилида; баъзи танга ёзувлари турк тилида (ёки туркча унвонлар тилга олинади). Шунга кўра, сўғдлар колонизацияси даврида улар Тошкент шаҳрига ўрнашгани, сўғд тили шаҳарнинг асосий тили бўлгани тахмин қилинади. Балки Чоч деган шаҳарга сўғдлар колонизация жараёнида асос солгандир. Буни аниқ билмайман.

Турк хоқонлиги даврида турк тилида гапирувчи аҳоли ҳам келиб ўрнашган: шаҳарда асосан зодагонлар ва ҳарбийлар, атрофда оддий аҳоли. Туркий тилли аҳоли кўп бўлгани учун Тошкент шарқидаги вилоят Илоқ номини олган (бугунги Қурама тоғлари) – туркча yaylaq “яйлов” сўзидан. Тошкент воҳасида Муғ ҳужжатларида “турк хоқони” деб аталадиган ҳукмдорнинг резиденцияси жойлашган. У ғарбий турк хоқонининг ноиби ёки мустақил ҳукмдор бўлиши мумкин.

Араб истилосидан сўнг шаҳарда форс тили тарқала бошлади. X асрга оид бир араб манбасида айтилишича, тошкентликлар уйда сўғдча, бозорда форсча, турклар билан туркча гаплашган. Маҳмуд Кошғарий Тошкентни Пойканд, Бухоро, Самарқанд, Ўзган шаҳарлари билан бир қаторда тилга олиб, “бу шаҳарлар туркларники бўлган, турклар уларни қуриб, ном берган, бу ерда форслар кўпайгач, ҳозир улар форс шаҳарларига ўхшаб қолган”, дейди. Бундан XI асрда Тошкентда асосан форс тилида гапирилганини тушуниш мумкин. Айни пайтда, Кошғарий араб истилосини фоср истилоси деб тушунишини пайқаш қийин эмас. Унинг бу ёндашувида маълум ҳақиқат бор: араблар шарққа юришда ислом динига ўтган форсларни, ғарбга юришида ислом динига ўтган берберларни ҳарбий хизматга кўп жалб қилган. Форс тили Ўрта Осиёда кенг тарқалишининг сабабларидан бири шу.

Тошкентнинг қадимги номи – Чоч сўғдча “чол” – “тош” ўзагига боғланади (бу версия шаҳарга сўғдлар асос солганини тасдиқлайди). Лекин сўғд тили луғатларидан бундай сўзни тополмаганман (умуман, сўғд тилида “л” йўқ), шу боис бу версия қанчалик ҳақиқатга яқинлигини, нимага асосланганини билмайман. Муқобил қарашга кўра, шаҳарга архаик турк тилида гапирувчи хуннлар ёки усунлар асос солган ва Чоч архаик туркча çalç – “тош” сўзига бориб тақалади. Нима бўлганда ҳам, Турк хоқонлигига асос солган “янги” турклар топоним “тош”га боғлиқлигини билган ва у тахминан IX–X асрлардан “Тошкент” номини олган. Кошғарий ҳатто Тошкент номини асосий ҳисоблаб, буни шаҳар туркларники эканига исбот сифатида келтиради.

👉 @AsanovEldar
Тошкентнинг илк ўрта асрлардаги тарихига оид қизиқ ҳужжатни эътиборингизга ҳавола этаман.

VIII аср бошида Қутайба Мовароуннаҳрга йирик ҳарбий кампания уюштирган чоғда маҳаллий ҳукмдорлар ҳаракатга келиб қолди: илгари арабларнинг операциялар қисқа хуруж шаклида бўлиб, асосан ўлжа олишга ёки разведкага қаратилган эди. Бу сафар эса Қутайба режа асосида барча кичик давлатларни бирин-кетин босиб олаётганди.

Мусулмонлар Самарқандни эгаллаши сўғд дунёсини шок ҳолатига туширди. Пойтахт қўлдан кетгач, Панжакент ҳокими Диваштич марказий ҳукмдор, капитуляцияни имзолаган Ғурак ҳокимиятини тан олмай қўйди ва ўзи арабларга қарши коалиция тузишга қарор қилди. У Чочга Фатуфарн исмли элчини юборди. Фатуфарннинг вазифаси Чоч ҳукмдорини ҳамда шу ерда ўтирувчи турк хоқони вакилини иттифоққа кўндириш, Фарғонадан иттифоқчи қидириш эди. Фатуфарн Чочдан туриб юборган ҳисобот Диваштичнинг Муғ қалъасидаги архивида сақланган. Бу архив ажойиб тасодиф туфайли бугунги кунга қадар етиб келган. Мана ўша хат матни:

“Ва, соҳибим, Чоч ҳукмдори ҳузурига етиб келдим. Ва, соҳибим, тудунга ва ёрдамчига хатни ҳам топширдим, оғзаки етказиш керак бўлган сўзларни ҳам етказдим. Ва, соҳибим, хоқонга ва Фарғона ҳокимига хатларни Фарғона тутуғи орқали Фарғона ҳокимига бервордим. Ва, соҳибим, йўлимда давом этолмайман, негаки, айтишларича, хоқон ҳузурига кириб бўлмайди. Ва, соҳибим, тудундан ва ёрдамчидан жавоб хатларини олдим... Уструшона вилояти эса таслим бўлипти. Ва, соҳибим, мен ёлғизман, йўлдошларим йўқ, йўлга чиқишга журъатим етмаяпти. Ва, соҳибим, шу сабабдан яна Чочга қайтдим. Ва, соҳибим, шу туфайли сиздан жуда қўрқяпман. Ва, соҳибим, тудун араблар билан сулҳ тузиб чекинди. Ва, соҳибим, сулҳга биноан Жомравоз ва форс споҳбуди қуйига кўчди – мишмишларга қараганда, ўлпон олиб, қўшинни араблардан узоқлаштириш учун... Ва, соҳибим, тудун олдинроқ Тарбанд билан ярашипти, ва ерларни қайтариб олипти. Ва, соҳибим, айтишларича, ёрдамчи бу сулҳдан қайғуда экан, шунингдек, у ҳузурингизга бормагани туфайли сиздан қўрқяпти”.

Хат 713 йилда ёзилган.

Тушунтириш. Тудун – Чоч ҳукмдорининг унвони. 713 йилда Чоч ҳукмдори турк сулоласи вакили Баҳодир тудун эди. Унинг қароргоҳи Тарбанд шаҳрида (бугунги Тароз) жойлашган. Турк сулоласи вакилидан ташқари, сўғдлар вакили бўлган ҳукмдор Бинкат шаҳридан туриб Чочни бошқаришга даъво қилган. Хоқон деганда эса Инал хоқон назарда тутилмоқда. Тутуқ – ёрдамчи, вакил маъносини берувчи лавозим. “Ёрдамчи” деганда ким назарда тутилгани номаълум. Балки ўша Бинкатдаги сўғд ҳукмдоридир. Жомравоз ва форс споҳбуди - Сосонийлар давлати тугатилганида бу ерларга қочиб келган форс аскарларининг қолдиқлари ва уларнинг саркардалари.

Тарихни дарсликлардаги қисқа фактлар асосида ўрганиш бошқа, манбалар асосида ўрганиш бошқа. Мана шу кичкина тарихий матн туфайли бизга 7-синф тарихидан маълум бўлган Диваштич, Қутайба каби шахсларга қарашимиз ўзгаради, уларга жон киргандай бўлади. Шундай эмасми?

👉 @AsanovEldar
Тошкент шаҳрининг кейинги демографияси ҳақида қисқа сатрларда.

Шундай қилиб, X асрдан эътиборан Тошкентда форс тили тарқала бошлайди. Айни пайтда, Тошкент атрофида турк тилли аҳоли ҳам кўп эди. Сўғд тили ҳам бир неча аср мобайнида бугунги Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида сақланди, лекин охир-оқибат бу тилнинг ўрнини тожик тили эгаллади. Бугун ҳам вилоятнинг тоғли ҳудудларида кам сонли сўғдча қишлоқ номларини учратиб қолиш мумкин: Ғазалкент, Заркент, Паркент, Новдак, Номданак ва ҳ.к. Тошкент шаҳрининг ўзида биттагина сўғдча ном учратганман – Новза. Қолган эски номлар форсча – Чорсу, Ҳадра, Лабзак, Себзор.

Минтақада турк сулолалари ҳукмронлиги ўрнатилгач, шаҳарга ҳам кўп турклар ўрнаша бошлайди. Лекин форс тили узоқ вақт сақланади. Тошкент қачондан асосан турк тилида гапирадиган шаҳарга айланганини аниқ билмайман. Кимдир XIII аср деса, кимдир XVII аср дейди. Мен биринчи версияга кўпроқ ишонаман. Лекин шаҳар доим кўп тилли, кўп маданиятли бўлган. Бу ерда турли халқлар, тиллар, маданиятлар вакиллари доим яшаган. XIX асрга оид Европа манбаларида шаҳарнинг асосий аҳоли ўзбек дейилади. Рус тилидаги манбаларда худди шу аҳоли сарт дейилади. 1897 йил статистикасида эса шаҳар аҳолисининг кўпчилиги турклар деб қайд қилинади. Қайси манба қанақа номлашидан қатъий назар, XIX асрда шаҳарда турк тилида гапирувчи ўтроқ аҳоли кўпчиликни ташкил қилганини биламиз. Улардан ташқари, қашқарликлар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар ҳам кўп бўлган. Улар ҳам Тошкентни ўзларининг маданий маркази, пойтахти сифатида кўрган. Уйғур, қозоқ, тожик тилидаги илк газеталар, театрлар, мактаблар, университетлар Тошкентда ишлаган. Тошкентда ўқиш қўшни республикалар вакиллари учун одатий ҳол бўлган. Айни пайтда, аҳолининг кўпчилигини ташкил этувчи ўзбеклар таъсирида бошқа халқлар вакиллари ҳам ўзбек тилига ўтган.

Бошқа томондан эса, Россия империяси давридан бошлаб Тошкентда рус тилли аҳоли кўпайган. СССР пайтида жараён янада кучайган. Рус тилида гапирувчи ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар гуруҳлари шаклланган.

Ўзбекистон пойтахти ва Марказий Осиёнинг энг аҳолиси кўп иккинчи шаҳри бўлмиш Тошкент бугун ҳам шу икки тил таъсирида яшайди. Бир томондан рус тили мавқеини сақлаб, расмий истеъмолда, кўчада кенг ишлатилади; ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар орасида рус тилида гапирувчилар кўп. Бошқа томондан, ўзбек тили шаҳарнинг чет ҳудудларини деярли тўлиқ эгаллаб бўлди ва марказда ҳам кучли позицияга эга бўлмоқда. Ўзбек тилида гапирувчи уйғурлар, тожиклар, қозоқлар кўп. Икки тил рақобати нима билан тугайди? Улардан бири бошқасини сиқиб чиқарадими? Ёки истеъмол доираларини бўлишиб олишадими? Буниси энди тарих эмас, социолингвистика. Жуда қизиқ, мураккаб ва долзарб мавзу. Лекин бошқа мавзу.

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Буюк Кушон империясини кимлар барпо этган? Қайси халқ?

Юнон-Бақтрия давлати таназзулга юз тутганида шимолдан кўчманчи юэчжилар бостириб киради. Бу тахминан милоддан аввалги 140–130 йилларда рўй беради. Юэчжилар, ўз навбатида, хуннлардан мағлуб бўлиб, ғарбга силжиган эди.

Юэчжилар беш қабиладан иборат эди. Уларнинг номини хитой манбаларидан биламиз: гуйшуан, шуанми, хюми, хисе, думи. Шулардан энг йириги гуйшуан милодий биринчи асрда бошқа қабилаларни атрофида бирлаштириб, марказлашган империяга асос солади. Гуйшуанларнинг асл номини улар зарб эттирган тангалардан биламиз: Koşano, яъни кушон.

Юэчжиларнинг келиб чиқиши борасида баҳслар бор. Бизга етиб келган Кушон ёзувлари уч тилда, сонига қараб келтирсак: пракрити, бақтр, номаълум тил. Пракрити тилини кушонлар Ҳиндистонда расмий ҳужжатлар ва диний матнлар учун ишлатган. Бақтр тили кушонларнинг она тили бўлган бўлса керак, лекин улар бу тилни Бақтрияга кўчиб келгандан сўнг ўзлаштирган. Учинчи тилдаги ёзувлар ҳали ўқилмаган. Ана ўша кушонларнинг асл тили бўлиши мумкин. Бу алифбодаги ёзувлар милоддан аввалги V асрдан милодий VII асрларгача учрайди. Баъзилар бу сакларнинг тили деб ҳисоблайди. Бу ҳолда номаълум тил ҳам эроний тиллардан бири бўлиб чиқади.

Кушонларнинг келиб чиқиши ҳақида айтилган вариантлар: шарқий эроний, тохар, турк, шу учовининг аралашмаси. Ҳозирча бу борада бир қарорга келинмаган.

Нега бизни ўзбек дейишади? “Темур тузуклари” асарида шундай ёзилган: “Ўзбек қабилалари ўзларидан кетишиб бир неча марта Мовароуннаҳр халқига ҳужум қилишди ва мен ўз аскарларим билан уларни адабини бериб уларни ҳайдаб чиқардим”.

Агар асардаги гаплар рост булса унда икки хил хулоса чиқади: ёки биз ўзбек эмасмиз, ёки Амир Темур бизни бобомиз эмаслар?


Адашмасам, бу ҳақда илгари ёзгандим. Яна бир сартлар мавзусини ўқиб кўринг.

Тарихчиликда ва лингвистикада синхрония ва диахрония деган ёндашувлар бор. Уларнинг асосий моҳияти – тадқиқот объектига бугун (синхрония) ёки ўтмиш (диахрония) призмаси орқали қараш. Бу принципларга риоя этилмаганида тарихий казуслар келиб чиқади. Масалан, баъзилар сиз каби “Амир Темур ўзбеклар билан жанг қилган экан, демак биз ўзбек эмасмиз” деган хулосага келади. Саволлар туғилади: ўтмишдаги ўзбеклар билан ҳозирги ўзбеклар бирми? Амир Темурни ким ўзи ўзбек деб, бизнинг бобомиз деб айтди, ким исботлаб берди? Нега ўзбек билан ўзбек уруш қилиши мумкин эмас?

Ўзбек, тожик, инглиз, хитой ўтмишга қараб, шу номдаги миллат ҳар доим бўлган деб ҳисоблайди, ўтмишда бирор халқлар шу ҳудудда бошқа ном остида яшаган бўлса ҳам, “ўшалар бизнинг эскича номимиз, қадимги версиямиз” деган хулосага келади. Лекин ўтмиш халқлари бугунги халқлар пайдо бўлиши учун яшамаган. Улар шунчаки умргузаронлик қилган, бугунги халқлар эса турли сиёсий сабабларга кўра ўтмишдаги бир қанча халқларнинг қолдиқларидан шаклланган. Бугунги ўзбеклар ҳам мана шундай шаклланган: Шайбоний ўзбеклар Мовароуннаҳр, Хоразм, Тошкент, Фарғона ва Хуросон шимолини эгаллаган, бу ерда яшаб келган чиғатойлар (Амир Темурнинг халқи) бир қисми улар билан жангларда ҳалок бўлган, бир қисми кўчиб кетган, бир қисми ўзбекларга қўшилиб кетган. Тамом. Тарих мураккаблигини, тўғри чизиқлар йўқлигини унутманг.

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Қачон тўлиқ лотин ёзувига ўтилади? Янги ҳарфлар қўшишмоқчи эди, нима бўлди?

Афсуски, бу масала яна музлатиб қўйилди. Бирор янгилик йўқ. Менимча, бошқа, жиддийроқ масалалар олдида буни тўхтатиб туришипти. Янги ҳарфлар ҳам шу аҳвол – таклиф парламентга киритилиб, шу билан эсдан чиқиб кетди.

Ўзбек тилида жуда кўп шевалар бор, шу шевалардан ўзбек адабий тилини бойитиш мумкинми? Агар мумкин бўлса нималарга эътибор берган бўлардингиз?

Мумкин албатта. Ҳар қандай тилнинг асосий луғат бойлиги шеваларда акс этади, улар адабий тилнинг бойиш манбаидир. Бу ҳақда бир ёзиб эдим, тополмадим. Топсам қўйворарман қайтадан.

Мен ўзбек шеваларини яхшилаб ўрганиб, айнан қайси семантик доирадаги сўзлар кўпроқлигини аниқлаб, шу асосда адабий тилни бойитардим. Лекин лексика билан чекланмасдим. ўзбек адабий тили талаффузини шеваларга мослаштирардим. Масалан, русча ва байналмилал сўзларни ўзбек тили фонетикаси қонуниятлари асосида талаффуз қилишни жорий қилардим (“дириктир”, “тилвидиня” дегандек). Шунингдек, “ж”лашни “й”лашга муқобил адабий меъёр деб қабул қилардим (yoq деса ҳам, joq деса ҳам бўлади, бу шевалар дискриминациясига чек қўйиш учун керак); феълларнинг қисқаришини адабий тилга қабул қилардим (qildingiz деб ёзса ҳам бўлади, qildi’z деб ҳам).

Ака, нега Тошкент шевасида нг товуши 90 фоиз талаффуз қилинмайди? Бординг – бордин.

Бу мураккаб назал товуш оддий сонор билан алмашишидир. Қийин товушлар осонлари билан алмаштирилиши кузатилиб туради. Масалан, баъзи шеваларда увуляр “қ” ўрнини веляр “к” босган, одий веляр “к” эса палатал “кь”га айланган.

Бир ҳамкасбдан “бу ўғуз тиллари таъсири” деган гап ҳам эшитгандим. Тошкент шевасида сўз охиридаги “к” тушиб қолиши ҳам ўғуз тилларидагига ўхшайди: “эшик”>“эшу”, “кучук”>“кучу”.

Ассалому алайкум, “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари лексикаси ҳақида ёза оласизми ёки шунга доир бирорта китоб тавсия қилинг илтимос.

Мана, Нажибнинг тадқиқоти.

Этимология ва академик тарих ҳақида китоблардан каналга ташлай оласизми? “Асанов формати”га Telegram’да битта гуруҳ очсак яхши бўлар эди. XIX–ХХ асрга оид архив маълумотларини қандай топса бўлади?

Этимология фанини ўрганишни одатда Витторе Пизанининг китобидан бошлашади. Сизга ҳам шуни тавсия қиламан.

Каналда чат қандай очилишини, очиғи, билмайман, ва бу чат нега кераклигини унча тушунмадим. Агар фойдали нарса бўлса, эҳтиёж бўлса, очамиз яқин келажакда.

Архив ҳужжатларини Ўзбекистон давлат архивидан олсангиз бўлади. Кириш эркин, кўпчилик ҳужжатларни сўраб, шу ернинг ўзида танишишингиз мумкин.

Марказий Осиё туркий халқларининг исломгача даври маданияти қандай бўлган? Тангричилик, бошқа динлари, афсоналари ҳақида ҳам ҳажмлироқ маълумот олсак. Олдиндан раҳмат.

Бу масалада ҳам ҳозирча китоб тавсия қилиш билан чекланаман. Келажакда кенгроқ ёритаман.

Нима учун бизда автосаноат монополияси тугатилмаяпти? Юқоридаги амалдорлар ҳаммаси билиб, кўриб турипти, нимага ҳеч қайси амалдор бунга чек қўймаяпти?

Кутилмаган савол бўлди. 😄 Бу масала махсус билимларсиз чуқурлашиб ўтирмайман. Менда иккита вариант бор:

1) Ўша амалдорлар бу монополиядан манфаатдор;

2) Узоқ йиллик монополия шунчалик иқтисодиётга бирикиб кетганки, уни йўқ қилиш янги қийинчиликларни туғдиради. Масалан, автосаноат бир неча минг кишини иш билан таъминлаган. Заводларнинг ёпилиши ёки даромади тушиб кетиши минглаб одамларни ишсиз қолдириши мумкин. Шу парадоксни ҳал қилолмай гаранг менимча юқоридагилар.

Ўзбек тили учун қачон IELTS ёки TOEFL сингари стандартлар ишлаб чиқилади?

Буни қаранг, шу савол берилганидан сўнг Шавкат Мирзиёев мурожаатида ўзбек тилидан имтиҳон олиш стандартлари ишлаб чиқилишини айтди. Бу масала ўн йиллардан бери муҳокама қилинаётганидан хабарим бор, лекин бирор силжиш кўрмаганман. Энди президентнинг гапидан кейин балки ўзгариш бўлар. Кутамиз.

2-савол. Хозир қаерда, нима иш қилаяпсиз?

Корея элчихонасида корейс бўлиб ишлаяпман. (С) 😁

👉 @AsanovEldar