YURISTKADR
51K subscribers
2.76K photos
537 videos
703 files
2.37K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
Бугун АТ Агробанк тизимидаги HR кадрлар бўйича мутахассислар билан бир хафталик малака ошириш курсимиз тугалланди.

Бугунги ўқув курсида меҳнат ҳуқуқи соҳасида малакали мутахассисимиз Мухаммадамин Каримжонов иштирок этди. Унинг маърузалари ҳар доимгидек жуда қизиқ бўлди ва албатта ўзига хос лирик чекинишлари (шеърлар) билан ўтди.

Якунда тадбирда муваффақиятли иштирок этган тингловчиларимизнинг барчасига малака оширганлик тўғрисида сертификатлар топширилди.

Дўстлар, келаётган душанба – 7 ноябрь кунидан навбатдаги курсларимиз бошланишини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.

Телефон: 90-010-86-19, 90-175-76-79

👉@yuristkadr
#yangi_mehnat_kodeksi

Ижтимоий тармоқда ходим ҳақида “не то” ҳабар тарқалса...

Ҳозир бир нарса “мода”га айланган.

Агар қайсидир ташкилотда ишлайдиган ходим ҳақида ижтимоий тармоқда ҳар хил танқидий маълумотлар тарқалса, довдир иш берувчилар орқаваротига қарамасдан ва охиригача текширмасдан ўша ходимни дарров ишдан бўшатиб ташлайди. Кейин, муносабат билдиради “мана биз бу ходимни бўшатиб юбордик, суюнчи беринг” дегандек.

Бу ҳолатлар, айниқса, давлат идоралари амалиётида кўп учраётганига гувоҳ бўляпмиз охирги пайтларда.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида хатто шу масалалар юзасидан ҳам керакли қоидалар бор, бўлганда ҳам ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган қоидалар.

2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК 180-моддасининг 2-қисмида шундай қоида акс эттирилди:

“иш берувчи томонидан ходимнинг номига доғ туширадиган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, иш берувчи ушбу маълумотларни рад этиши шарт”.

Яъни, агар ходим тўғрисида ижтимоий тармоқларда бўладими, ёки бошқа жойлардами, унинг номига доғ туширадиган ва ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар тарқалса, иш берувчи довдирамасдан, аввал бу маълумотларни ҳаққонийлигини текшириб кўриши керак.

Ва маълумотлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаса, иш берувчилар албатта ходимни ҳимоя қилиб, бу маълумотларни рад қилиши шарт бўлади.

👉@yuristkadr
Ходимга бошқа бўш лавозимни юклатиш учун меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш керакми?

Ҳозир менга бир туман давлат ташкилоти кадрлар хизмати ходими савол юборди, бироқ қайси туманданлигини маълум қилмаган. Унинг билдиришича, бир ходимга бошқа бир бўш лавозимни юклатиш ҳақида буйруқ лойиҳасини юборса, юристлар рад жавобини берибди. Сабаб сифатида аввал меҳнат шартномасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида келишув тузилиши керак, кейин буйруқ расмийлаштирилади дебди.

Мазкур жараённи биз расмий жиҳатдан ходимнинг бир неча лавозимда ишлаши деб атаймиз, кўпчилик эса буни амалиётда “қўшимча вазифа юклатиш тўғрисида”ги буйруқ тартибида расмийлаштиради. Ҳўш, ходим бир неча лавозимда ишлаганда, яъни унга бошқа бўш лавозим вақтинча юклатилганда, меҳнат шартномасига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш ҳақида келишув қилинадими?

Гап шундаки, амалдаги Меҳнат кодексида меҳнат шартларини ўзгартириш бошқа (6) бобда, бир неча лавозимда ишлаш бошқа бир (9) бобда келтирилган. Кодекснинг 6-бобидаги меҳнат шартларини ўзгартиришга доир 88-96-моддаларида бир неча лавозимда ишлаш масаласи ҳақида айтилмаган, айтишга ҳам ҳожат йўқ эди аслида. Чунки, ходим бир нечта лавозимда ишлаганда, барибир унинг асосий, яъни меҳнат шартномасида белгиланган асосий лавозимига доир шартлари ўзгармайди ва асосийси, у бошқа ишга ўтказилмайди. Амалдаги кодекснинг 160-моддасида (қизиғи, бир неча лавозимда ишлаш амалдаги МКнинг фақат шу моддасида келтирилган ҳолос) бир неча лавозимда ишлаганлик учун ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланиши қайд этилган. Эътибор беряпсизми, шу ерида ҳақиқатдан ҳам “келишув” ҳақида гап кетмоқда. Баъзилар буни “меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги келишув” деб тушунишади. Бироқ, яхшилаб қарасангиз, 160-моддада иш хажми ортиши ҳисобига ходимга тўланадиган қўшимча иш ҳақи миқдорини белгилаш ҳақидаги келишув назарда тутилмоқда. Меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақида эмас.

Иккинчи томондан бу келишувни алоҳида “келишув” деб номланган ҳужжат шаклида тузиш ҳам шарт эмас, буни оддий иш муомаласи одатига айланган шаклда ҳам қилса бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 297-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга қараймиз. Низомнинг 22-бандида мазкур низомнинг 20-бандида назарда тутилган қўшимча иш (жумладан, бир нечта лавозимдаги иш)ни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланиши қайд этилган. Яъни, биз ходимга қўшимча вазифа юклатиш учун, дейлик унга бошқа бўш лавозимни юклатиш учун аввал ундан расман розилик аризаси оламиз, тўғрими? Демак, ходим ана шу розилик аризасини ёзиб бераётганда, аризанинг иккинчи абзаци сифатида “шу муносабат билан менга 50 фоиз миқдорида қўшимча иш ҳақи белгилашингизни сўрайман” деб ёзади. Иш берувчи эса, бу аризага ўзининг розилик муносабатини билдириб виза қўяди ва шу билан келишувга эришилган бўлади.

Яна бир жиҳати, 297-сонли низомнинг 24-бандида бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш агар жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатда белгиланмаган бўлса, томонларнинг келишуви билан белгиланиши кўрсатилган. Яъни, агар корхонанинг жамоа шартномаси (ёки бошқа локал ҳужжати)да аниқ қилиб белгилаб қўйилган бўлса, бир нечта лавозимда ишлагандаги қўшимча ҳақни белгилаш учун алоҳида келишув ҳам шарт эмас деган мазмун бор бу ерда.

Ҳуллас, ходимга бошқа бўш лавозимни ва бошқа вазифани вақтинча юклатиш учун ўша ходимнинг розилик аризаси ва иш берувчининг буйруғи етарли деб ҳисоблаймиз.

🤫Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида бу амалиёт қандай бўларкан, деб қизиқяпсизми? Бизни кузатиб борсангиз, бу бўйича ҳам янги қоидалар ҳақида тушунтириш берамиз.

👉@yuristkadr
#yangi_mehnat_kodeksi

Ишдан бўшатиш нафақаси масаласида янгилик.

Яна бир янгиликка тўхталсак
. Барчамизга маълум, амалдаги МКнинг 109-моддасида “ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Янги таҳрирдаги кодексимизда эса бу борада муҳим янгилик. Эндиликда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш тартиби 173-моддага кўра ходимнинг стажига қараб тўланиши белгиланди.

Яъни, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:

3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;

3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;

5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;

10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;

15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Дўстлар чалғимайлик, бунда ходим иш берувчидаги иш стажи назарда тутилмоқда, яъни ишдан бўшатилаётган корхонада ишлаган даври ҳисобланади. Яна умумий иш стажига адаштириб юбормайлик.

Экспертимиз Эъзозабону Мамаризаева

👉@yuristkadr
ФИБ Термиз туманлараро судидаги "ажобтовур" суд иши ҳақида.

Менимча, судьяларнинг меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги билим ва кўникмалари ошириб олинмаса бўлмайди, чунки меҳнат низоларини кўришда судларда қовун тушириш ҳолатлари кўп бўляпти.

Ўтган хафтада Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди раиси Ғ.Хидиров раислигида ишга тиклашга оид бир ишимиз бўлиб ўтди.
Бунақанги даражадаги судни кўрмаганман, тўғриси. Судья ёки атайлаб қонунни бузди, ёки билмасдан туриб бузди деб ўйладим. Биз қонунни билмасдан туриб бузганликни билимсизлик туфайли бузганлик билан баробар кўрамиз. Масалан, судья (шу билан бир вақтда бутун бошли туманлараро суд раиси) суд якунида ишга тиклаш бўйича даъво муддатини умуман нотўғри қўллаб қўйди.

Қаранг, амалдаги Меҳнат кодексининг 270-моддасида аниқ қилиб ёзиб қўйилган, даъво муддати, “ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой” деб. Буни аксарият судьялар жуда яхши билишади.

Мен ҳуқуқини ҳимоя қилган фуқаро ҳам буйруқ нусхасини имзо қўйиб олган вақтдан бошлаб бир ой муддат ўтмасидан туриб судга даъво киритган ва аслида даъво муддати ўтмаган. Лекин, судья Ғ.Хидиров Фуқаролик кодексининг 154-моддаси 1-қисмидаги “даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди” деган қоидасини қўллаб, ходим буйруқ чиққан кундаёқ ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ва шунинг ҳисобига даъво муддати ўтган деб ўтирибдику.

❗️Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг сал тепароқдаги 151-моддасида:

“айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодекс 152-162-моддаларининг қоидалари махсус даъво муддатларига ҳам жорий қилинади”
дейилган.

МК 270-моддасидаги 1 ойлик даъво муддати умумий эмас, балки махсус даъво муддати ҳисобланади ва бу моддадаги “...буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой” дегани ФК 151-модда 2-қисмида кўрсатилган айнан бошқача тартибдир. Яъни, бу ФК 152-162-моддалардаги умумий тартиб қўлланмайдиган, даъво муддати “билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан” эмас, балки “буйруқ нусхаси олинган кундан” ҳисобланадиган, бироқ судья Хидиров хатолик билан қўллаб юборган бошқача тартибдир.

Бу ишда жуда кўп нарсалар муҳокама қилинди, ҳа, жуда кўп нарсалар. Судья биз томонимиздан келтирилган ўта муҳим важларни суд қарорига киритмаганлиги жуда-жуда шубҳали. Мана шу иш бўйича борку, агар судья ходимнинг даъвосини ҳақиқатдан ҳам ишонарли ва мустаҳкам асослар билан исботлаб рад қилганда ҳам индамас эдим, қўл кўтариб ғинг демай кетган бўлар эдим.

Лекин бунақанги даъво муддатларини қўллаш билан оддий ҳолатларда ҳам хато қилинаётганини оддий халқ билмаса бўлмайди. Бошқа томондан сурҳондарёликлар юртдошларимизга ҳам осон бўлаётгани йўқ, адолатсиз судларнинг дастидан.

Ҳозирги суд бўйича иш тафсилотлари билан бирма-бир бўлишиб бораман, жуда қизиқ воқеалар бўлган бу судда.

👉@yuristkadr
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муҳим лойиҳани эълон қилди, лекин...

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бугун давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафари ва расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға, тақиқланган совғалар, совғанинг қиймати ҳамда уни тасарруф этиш тартибига доир ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Бир қарашда ҳаммаси ажойиб, Агентлик жамият учун жуда муҳим ҳужжат лойиҳасини эълон қилди. Лекин бошқа томондан бу воқеани унча ажойиб бўлмаган деб атаган бўлардим, аслида бу ҳужжат бугунга келиб лойиҳа сифатида эълон қилиниши эмас, балки ҳужжат сифатида қабул қилиниши керак эди.

Чунки, "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасида ҳақиқатдан ҳам юқоридаги тартиблар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан белгиланиши (ишлаб чиқилиши) кўрсатилган эди. Ва аслида бу тартиблар, яъни давлат фуқаролик хизматчисини хизмат сафари давомидаги совға-саломларга муносабатига оид чекловлар юқоридаги қонун билан бир вақтда кучга кириши керак эди.

Бу қонун эса 3 кундан кейин – 10 ноябрь кунидан (2 кундан кейин деса ҳам бўлади) кучга киради.

Лекин, мана энди маълум бўляптики, қонуннинг 18-моддаси 10 ноябрь кунидан тўлиқ ишламайди.

Чунки биз билган ваколатли Агентлик қонунда айтилган ва ишлаши керак бўлган механизмни ўз вақтида ишлаб чиқмаган кўринади.

👉@yuristkadr
Апелляция суди судьясига огоҳлантириш берилди.

Бир ҳуқуқшунос дўстимиз бор, Лутфулло Абдулкадиров.
Биз у билан бир вақтда адвокатликка қасамёд қилганмиз. У кишини аввалроқ Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти қисқартириш деб ишдан бўшатиб юборган. Бугун ана шу дўстимиз билан кўришдик.

Бу иш биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судида кўрилган бўлиб, фуқаро ушбу икки суд якунига ҳам ўз эътирозини билдирган ва Судьялар олий кенгашига ҳам шикоят киритилган.

Натижада, апелляция суди хатти-ҳаракатларида ҳақиқатдан ҳам фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари бузилганлиги факти бўлганлиги тасдиғини топган. Жумладан, фуқарога суд ажрими ўз вақтида берилмаганлиги учун судья Г.Мирзалимовага келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги, акс ҳолда, унга нисбатан интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантириш берилган.

Бундан ташқари, фуқаро Л.Абдулкадировнинг адвокати томонидан апелляция судида суд мажлиси баённомаси юритилишида бир томонлама иш тутилганлиги, даъвогарнинг фойдасига давлат меҳнат инспектори ва касаба уюшмаси вакили томонидан билдирилган кўрсатмалар суд мажлиси баённомасига тўлиқ киритилмаганлиги ҳамда жавобгар вакилларининг кўрсатмаларини тескари мазмунда ёзиб юборилганлиги каби хатоликлар ҳақида эътироз билдирилган. Натижада 2022 йил 16 сентябрь куни ФИБ судлов ҳайъати Л.Абдулкадировнинг адвокати томонидан билдирилган важларни қаноатлантириб (яъни, тўғри деб ҳисоблаб), суд мажлиси баённомаларидаги хатоликларни бартараф этиш (тўғрилаш) ҳақида алоҳида ажрим чиқарган.

Мазкур суд иши бўйича судьялар суд мажлиси баённомаларига ўзларига маъқул бўлган тарафнинг важларини киритиб, маъқул бўлмаган ва катта эҳтимол билан “синдириладиган” тарафнинг важларини киритмагани ҳақиқатдан ҳам ўз тасдиғини топган деган фикрга келдим.

Кейин, бу ишда мен нимани кўрдим? Иш берувчи ва судлар фуқаронинг олий маълумотли ҳуқуқшунос эканига унча аҳамият бермаган бўлиши мумкин, чунки ҳужжатларга кўра хатоликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари етарлича. Бироқ, тушуниш керакки, юрист ёки адвокат бошқалар учун қанча курашса, ўзи учун ўн карра кучлироқ курашади. Бу оддийгина мантиқ.

👉@yuristkadr
Блогерга нотўғри маълумот беришибди.

Сирожиддин ака анча тажрибали блогерлардан. У ёритиб келаётган кўп лавҳаларда жамият учун фойдали бўлган муаммолар кўрсатиб борилади, кўп муаммолар ҳал бўлганини ҳам кўрганмиз.

Бироқ, манави видеода бир гуруҳ отахонлар блогерга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар беришган кўринади.

Мен ўзим ҳам бу видеода айтилган чойхона биноси ва гўёки уни ноқонуний эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган фуқаро Ю.Парпиевга доир ҳужжатлар билан танишиб чиқдим.

Видеода кўрсатилган чойхона биносига фуқаро Парпиевнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, но расмий ва но бошқа бир жиҳатдан, Парпиев ҳам унинг яқинлари ҳам бу бинога ҳеч қачон қизиқмаган, бу бино бўйича на ҳокимликка ва на бошқа бир органга қизиқиш ёки ташаббус билдириб мурожаат қилинмаган.

Тўғри, Ю.Парпиев билан унга қарашли Учтепа туманидаги бошқа бир бино-иншоот бўйича суд иши бўлмоқда, ҳозирда бу суд иши Олий суд даражасида кўрилмоқда.

Лекин қария-отахонларимиз бутунлай бошқа бир чойхона биносини ана шу суддаги бино сифатида кўрсатиб, билиб-билмай блогерни ҳам чалғитишибди, бу судни ҳам чалғитиши мумкин.

Умид қиламизки, адолат тарозисини мустаҳкам ушлашга ҳаракат қилаётган судга бу каби ҳолатлар таъсир ўтказмайди.

👉@yuristkadr
#yangi_mehnat_kodeksi

Ҳурматли иш берувчилар, тайёр туринг, энди иш берувчиларнинг ходимлар олдидаги мажбуриятлари янада кенгайтирилади.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 25-моддасида
иш берувчи:


меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномалари шартларига риоя этиши;

ходимларни меҳнат шартномасида шартлашилган иш билан таъминлаши;

ходимларни ишга қабул қилишда, меҳнат жараёнида ва ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ушбу Кодекснинг меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талаблари бузилишига йўл қўймаслиги;

мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг оғир шакллари қўлланилишига йўл қўймаслиги;

меҳнатни муҳофаза қилиш норматив талабларига мувофиқ бўлган меҳнат хавфсизлигини ва шарт-шароитларини таъминлаши;

ходимларни ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, асбоблар, техник ҳужжатлар ва бошқа воситалар билан таъминлаши;

ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини ушбу Кодексга, жамоа шартномасига, ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга, меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўлаши;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда жамоа музокараларини олиб бориши, шунингдек жамоа шартномасини тузиши;

ходимларнинг вакилларига жамоа келишувини ва жамоа шартномасини тузиш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган тўлиқ ва ишончли ахборотни тақдим этиши;

ходимларни уларнинг бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши;

ходимларни ўз меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган, қабул қилинаётган ички ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништириши;

давлат меҳнат инспекторларининг, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан текширув ва назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлган бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг кўрсатмаларини ўз вақтида бажариши;

ходимлар давлат органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли уларнинг иш жойи сақланиб қолган ҳолларда ушбу иш берувчи илгари меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни ишга қабул қилиши;

тегишли касаба уюшмаси органларининг, ходимлар томонидан сайланган бошқа вакилларнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг аниқланган қоидабузарликлари ҳақидаги кўрсатмалари ҳамда тақдимномаларини ўз вақтида кўриб чиқиши, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриши ва кўрилган чоралар тўғрисида мазкур органлар ҳамда вакилларга хабар қилиши;

ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган маиший эҳтиёжлари таъминланишини амалга ошириши;

ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасини таъминлаши;

ўз меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ходимларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ҳамда шартларда қоплаши;

меҳнат шартномаларини, шунингдек уларга доир ўзгартиш
ва қўшимчаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида ўз вақтида рўйхатга олиши шарт.

❗️Иш берувчининг зиммасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Экспертимиз Раъно Исамитдинова

👉🏻@yuristkadr
Олий суд раиси иштирокида ўтган бугунги ўқув-семинари ҳусусида.

Бугун Олий судида Олий суд раиси Бахтиёр Исломов иштирокида ҳудудий судларнинг матбуот котиблари учун ўқув-семинари
ўтказилди. Тадбирда Олий суд раиси суд тизимининг бугунги кундаги обрўсини тиклаш ҳамда журналист ва блогерлар томонидан ёритиладиган танқидий материалларга муносабат билдириш ҳақида фикр билдирибди.

“Биз очиқликка тайёрмиз. Ҳеч қанақанги муаммо йўқ, қанақанги маълумотлар сизларни қизиқтирса, мен шахсан раис сифатида сизлар билан (ҳудудий судлар матбуот котиблари билан) гаплашишга ҳам тайёрман. Ҳар бир берилаётган ёлғон, нотўғри маълумотларга ўз вақтида жавобини бериб одамларни агарда биз фикрини ўзгартирмасак, бу кетишимизда тўғриси, суднинг обрўси ҳам, умуман тизимнинг обрўси тўкиляпти. Судда ҳаммани юз фоиз рози қилолмаймиз, чунки биласизлар судда иккита тараф қатнашади: даъвогар, жавобгар, судланувчи, жабрланувчи. Фақат бир тараф ютиши мумкин судда. Демак биз ярмини рози қилсак, қолган тенг ярми биздан албатта норози бўлиб чиқиб кетади, бу табиий масала, буни табиий ҳол деб қабул қилишимиз керак. Ҳамма агар суд қароридан норози бўлса, уни қайта кўриш институтларимиз бор, белгиланган тартиб-тамомиллари белгиланган ҳаммасини. Йўқ, биз албатта қандайдир шу Президент порталига, албатта юқори идораларга ёзишимиз керак, ўшаларни қандайдир суд қарор қабул қилишда қандайдир ўзини таъсирини ўтказишга ҳаракат қилиш кучайиб кетяпти борган сари. Очиқ айтишимиз керак буни. Бу бугунги муаммомиз бизни” демоқда Олий суд раиси Бахтиёр Исломов.

Мени бироз ажаблантиргани, суд тизимининг олий раҳбари асосий урғуни ҳар бир берилаётган “ёлғон ва нотўғри маълумотлар”га ўз вақтида жавоб беришга қаратибди. Ёлғон ва нотўғри маълумотлар. Бу ерда журналист ва блогерлар томонидан билдириладиган маълумотлар ҳақида айтилмоқда. Ҳаққоний ва ўз тасдиғини топаётган ҳамда судлар томонидан қонунларда кўрсатилган нормалар тўғридан-тўғри бузилаётган ҳолатларчи? Ўзи, Олий судда шундай маълумотлар базаси ёки таҳлили борми: журналист ва блогерлар бераётган маълумотларнинг қанчаси ёлғон ва нотўғри, қанчаси тўғри ва ҳақиқат?

Нима учун ёлғон ва нотўғри ҳабарларга қарши “кураш” олиб бориладида, бу ёқда суд тизимига оид берилаётган ҳаққоний ва асосли маълумотлар қисмидан кўз юмилади? Йўқ, бу нотўғри позиция.

Фикримча, суд тизими обрўсига путур етказаётган энг биринчи нарса журналист ва блогерлар эмас. Асосий сабаб, суднинг ўзидаги нотўғри бошқарув тизимидир. Нотўғри бошқарув тизими туфайли судлар фаолиятига қўйилаётган ҳар хил сунъий тўсиқлар, қолаверса, ишни кўраётган судьяларнинг етарли билим ва кўникмага эга эмаслиги, ишлар кўлами фантастик даражада кўплигидан ўз вақтида кўрилмаётган ёки сифатсиз даражада кўрилаётган ишлар суднинг обрўсига зарар етказмоқда.

Олий суд раҳбариятининг журналист ва блогерларни ҳамда бу тизимга эндигина кириб бораётган фикр ва сўз эркинлигини суд тизими учун хавф сифатида кўраётгани жуда ачинарли. Афсус.

👉🏻@yuristkadr
#yangi_mehnat_kodeksi

Меҳнат шартномасида ходимга қўшимча кафолатлар берилиши мумкин.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида азизлар, меҳнат шартномасига катта устуворлик берилмоқда.

Нимага дейсизми? Ҳозир тушунтираманда. Аслида, ходимларга бериладиган асосий меҳнат кафолатлари ва имтиёзлари қонунчиликда, тўғрироғи, Меҳнат кодексига ўхшаган қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари билан белгиланади.

▪️Бироқ, янги Меҳнат кодексининг 16-моддаси айтмоқдаки:

"ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ходимга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин".

Яъни, ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномасида меҳнат қонунчилигида белгиланганига нисбатан кўра ҳам кўпроқ имтиёзлар, кафолатлар бемалол белгилаб олиниши мумкин бўлади. Беҳижолат.

👉🏻@yuristkadr
Дўстларим, айниқса, судья дўстларимиз.

Айни пайтда бизда иккита Меҳнат кодекси мавжуд: амалдаги Меҳнат кодекси ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси.

Фикримча, ҳозирда ҳал қилув қарори ва шунга ўхшаш ҳужжатларни тайёрлашда "Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Меҳнат кодекси" деган сўзлардан фойдаланиш тўғри бўлади.

👉🏻@yuristkadr
Иситиш тизимидан узилган ночор оилалар ҳақида.

Президентимизнинг 07.06.2019 йилдаги ПҚ-4352га мувофиқ М.Улуғбек тумани ТТЗ-1 мавзеси 47 уйда жойлашган М.Улуғбек саноат касб-ҳунар коллежи биносида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ташкил этилган.

Коллеж ётоқхонасининг 3/1 қисмида 45 нафар (шулардан 10таси-нафақадаги таълим мураббийлари, 2 таси-ёлғиз оналар, 12-вояга етмаганлар, 1- ногиронлардир) колледжда фаолият юритган нафақадаги таълим муррабийлари ва уларнинг оила аъзолари, қолган қисмида олий таълим муассаса талабалари яшаб келишмоқда.

Жорий йил октябрь ойининг охирида кунлар кескин совуб кетганлиги сабабли ётоқхонанинг талаблар истиқомат қилаётган қисмига хоналарни иситиш тизими улаб берилган.

Қизиғи, коллежда кўп йиллар фаолият юритган мураббийлар ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилаётган қисмига ОТМ томонидан иситиш тизими улаб берилмаган. Ҳозир бу оилалар совуқда изиллаб ўтиришибди.

Бу бино давлат мулки хисобланса, бу ердаги фуқароларда мулкка эгалик ҳуқуқи бўлмаса, қанчалик даражада ушбу ётоқхонага эгалик қилиб мустақил равишда коммунал хизматлар тизимига мурожат қилишлари мумкин?

Биз айтаётган бу хоналарда аксарияти ёш болали оилалар ва кекса фуқаролар яшаб келишмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу ердаги фуқаролар яшаб турган хоналарга қисқа фурсатларда иситиш тизимини улаб берилишига умид қилиб қоламиз.

👉🏻@yuristkadr
КРЕДИТ ОЛГАН ФУҚАРО ВАФОТ ЭТДИ, ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

САВОЛ.
Саволим, кредит масаласи бўйича, кредит олган фукоро вафот этса кредитни ким тулайди? Кафил суғурта компанияси бўлган, шу хақида малумот берсангиз. Хозирда кредит олган одам вафот этганидан кейин суд фуқорони кредит ундириш тўғрисида мулкига қарор чиқарган. Суд сиртдан кўрилган, фуқаро суд карор чикаргандан кейин вафот этган.

ЖАВОБ.

Мазкур вазиятда ворислик масаласи ҳал қилинади, яъни қарздорлик албатта марҳумнинг ворисларига ўтади.

Бунда суднинг қарори қонуний кучга кириб, МИБ органига ижро варақаси бериладиган бўлса, давлат ижрочиси шубҳасиз, марҳум қарз эвазига қўйган ва суд қарори билан ундирув қаратилган мулкни ёки гаровга қўйилган мулкни сотиб, кредит қарзини қоплашга ҳаракат қилади.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси мазмунига кўра, қарздор вафот этадиган бўлса давлат ижрочиси ўз қарори билан вафот этган қарздор ўрнига унинг ҳуқуқий ворисини қарздор сифатида эътироф этади.

Албатта бунда давлат ижрочиси марҳумнинг ворислари аниқлангунига қадар ижро ишини тўхтатиб туради (юқоридаги қонуннинг 36-моддаси), ворис (ёки ворислар) маълум бўлганидан кейин, ижро ҳаракатларини давом эттиради. Ва кейинчалик мажбурий ижро тартибида марҳумнинг гаровга қўйилган мулки, ёки унинг ворисларга ўтган мулки (шунингдек, ворислар мулки) ҳисобидан қарзни ундиради.

Кредит учун кафил бўлган суғурта компанияси масаласига келсак, кредит тўлови қопланмаганлиги учун кафиллик шартномаси бўйича олган мажбурияти доирасида албатта қарз учун суғурта компанияси ҳам жавобгар ҳисобланади (ФК 292-298-моддалар).

Фақат бунинг учун кредитор қарздорга нисбатан ҳам, кафилга нисбатан ҳам бирдек даъво қўзғатиши, яъни судга (тарафлардан ҳеч бўлмаса биттаси фуқаро бўлса, фуқаролик судига, бўлмаса, иқтисодий судга) даъво аризаси киритиш керак бўлади.

👉🏻@yuristkadr
САВОЛНИНГ ДАҲШАТИ: СУДЛАНГАН ШАХС ПОРТЛАТУВЧИ БЎЛИБ ИШЛАШИ МУМКИНМИ?

САВОЛ.
Ассалому алайкум. Биринчи савол, судланган киши портлатувчи вазифасида ишлаши мумкинми? Унга ўқотар қурол бириктиришчи, бу мумкинми? Иккинчи савол. Судланганига 10 йилдан ошган бўлса, ишлаши мумкинми? Жавоб учун олдиндан рахмат.

ЖАВОБ.

Айтганимдек, жуда антиқа савол юборилибди. Келинг, бу масалани ҳам амалдаги, ҳам янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича кўриб чиқамиз.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 78-моддасида муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний рад қилиш ҳисобланади. Яъни, агарда бирор-бир қонунчилик ҳужжатида судланган шахсни ишлашига таъқиқ ўрнатилмаган бўлса, уни судланганлигини сабаб қилиб ишга қабул қилмаслик қонунбузарлик бўлади.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси (30.04.2023 йилдан кучга киради)нинг 119-моддасида ҳам деярли шу мазмундаги қоида бор. Яъни, бу моддада ҳам шахсни судланганлиги, шу жумладан тугалланган ва олиб ташланган судланганлиги сабабли шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ғайриқонуний ҳисобланади.

Эътибор берган бўлсангиз, умумий қоидага кўра бизда судланган шахслар ишламасин деган нормалар мавжуд эмас. Фақат баъзи бир алоҳида тоифадаги ишлар ва лавозимлар учун махсус қонунчилик ҳужжатларида судланган шахслар ишлашига чекловлар ўрнатилган бўлса, бу бошқа гап. Шундагина “ишлаши мумкин эмас” дейишимиз мумкин бўлади.

Мисол учун, Президентнинг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сонли қарори (Президинт қарори қонунчилик ҳужжати саналади) билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги низомга (75-бандига) асосан:

муқаддам ўта оғир ва оғир жиноят содир этганлиги учун судланган шахслар билан Қуролли кучларда контракт бўйича ишлайдиган ҳарбий хизматчилари вазифасида ишлаш бўйича контракт тузилмайди.

Яъни, ўта оғир ва оғир жиноят содир қилиб судланган шахслар бундай вазифага қўйилмайди. Мана, мана шунга ўхшаш чекловлар амалдаги МКнинг 78-моддасида ва янги таҳрирдаги МКнинг 119-моддасида кўрсатилган алоҳида “қонунчиликда назарда тутилган мустасно” ҳолатидир.

Агар сиз айтган вазиятда ҳам бошқа бир қонун ёки қонуности ҳужжатида мана шундай чекловлар кўзда тутилган бўлса, судланган шахс портлатувчи вазифасида ёки қурол бириктириладиган вазифаларда ишлай олмайди. Акс ҳолда, ишлаши мумкин эмас, дейишимиз нотўғри бўлади.

👉🏻@yuristkadr
Ишга тиклаш низоларида даъво муддатлари нотўғри қўлланмоқда.

Судлар иш берувчи тарафининг нуфузига қараб мана бу қоидани ҳохласа эътиборга оляпти, ҳохламаса умуман эътиборга олмаяпти деган фикр бор бизда.

Яъни, Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 2-бандида:

ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой муддат ичида бевосита судга берилади.

Масалан, ходим ишдан бўшатилганига 5 йил бўлган, бироқ унга буйруқ нусхаси ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам берилмаган.

Баъзи судлар бу масалага Фуқаролик кодексининг 150-моддасидаги 3 йиллик умумий даъво муддатини қўллаб юборяпти, ваҳоланки, юқоридаги Пленум қароридаги 3 ойлик даъво муддати амалдаги МКнинг 270-моддасида кўрсатилган махсус даъво муддати ҳисобланади.

Ва бу махсус даъво муддатининг қўлланилиши ходим ўз ҳуқуқи бузилганини билган ёки билиши лозим бўлган 5 йил олдинги вақтдан эмас, юқоридаги кўрсатилганидек, ишдан бўшаш ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан (ҳа, ҳа, айнан буйруқ нусхаси берилган кундан) бошлаб ҳисобланади.

Мисол учун, ходим 5 йил олдин ишдан бўшатилган бўлсада ва хатто ўз ҳуқуқи бузилганини ўша 5 йил олдин билган бўлсада, унга буйруқ нусхаси бугун берилган бўлса, демак бугундан бошлаб 1 ой ичида судга ишга тиклаш ҳақида даъво билан чиқиши мумкин.

Лекин, баъзи судлар жавобгар тарафи нуфузи ва таъсири баланд бўлган иш берувчилар бўлса, юқоридаги қоидага эътибор қаратмай, қонунбузар иш берувчилар фойдасига қарор чиқариб юборяпти.

Негадир, Олий суд пленуми қарори ҳам фойда бермаяпти, хатто.

👉🏻@yuristkadr
Ходимларни пенсия ёшини важ қилиб ишдан бўшатиш амалиёти тўхтатилдими?

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида фуқароларни ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганлиги муносабати билан иш берувчи ташаббусига кўра (ҳозирги МКнинг 100-модда 2-қисм 7-банди билан) ишдан бўшатиш амалиёти бутунлай чиқариб ташланмоқда.

Шу муносабат билан, бизга энди пенсионерларни ишдан бўшатиб бўлмайдими деган мазмунда саволлар келмоқда.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2023 йил 30 апрель кунидан кучга киради ва демакки, пенсия ёшига тўлган ходимларни иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишга бўлган таъқиқ ҳам 2023 йил 30 апрелдан амалга киритилади.

Унгача, амалдаги Меҳнат кодекси тўлиқ ишлайди. Бу пенсия ёшига тўлган ва ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи юзага келган ходимларни иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш бўйича амалдаги кодекснинг 100-моддаси иккинчи қисми 7-банди 2023 йил 30 апрелгача ишлайди дегани.

Оддийроқ қилиб айтганда, 2023 йил 30 апрелгача пенсия ёшидаги ходимларни иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин. Аччиқ бўлсада, бу бор ҳақиқат.

👉🏻@yuristkadr
YURISTKADR
Блогерга нотўғри маълумот беришибди. Сирожиддин ака анча тажрибали блогерлардан. У ёритиб келаётган кўп лавҳаларда жамият учун фойдали бўлган муаммолар кўрсатиб борилади, кўп муаммолар ҳал бўлганини ҳам кўрганмиз. Бироқ, манави видеода бир гуруҳ отахонлар…
Мана бу ☝️видеохабардаги чойхона биноси бўйича фуқароларимиз ҳақиқатдан ҳам нотўғри хабар беришганини ва миш-мишларга ишониб фикр айтишганини тан олишибди.

Отахонларимиз миш-мишларга ишониб нотўғри маълумот беришгани учун ҳаммадан узр ҳам сўрашибди.

👉@yuristkadr