Янгича "Мингбулоқ"
258 subscribers
35.7K photos
15K videos
149 files
7.49K links
Мингбулоқ туман ҳокимлигининг "Мингбулоқ" газетаси телеграм канали.

Мурожаат учун газетамиз рақами: +998694521660
Download Telegram
#yoshlar_mutolaa

«Ўткан кунлар» муаллифи ким?


Абитуриентларнинг деярли 80 фоизи газета, журнал ва китоб ўқимайди.

Бундай дейишга яқинда олий таълим муассасаларидан бирида ижодий (касбий) имтиҳонда 400 га яқин абитуриентнинг оғзаки суҳбатдаги жавоби асос бўла олади.

Суҳбат жараёнида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, журналистика соҳасида таълим олишни хоҳлайдиган ёшлар матбуот нашрларини мутолаа қилмайди ва китоб ўқимасликни уят деб билмайди.

Имтиҳон аввалида «Қайси газеталарни ўқийсиз?» деган савол билан абитуриентларга мурожаат қилдик. Кўнгилдагидек жавоб олмагач, саволни ўзгартириб, «Журналистикага қизиқаётган абитуриент нима учун газетада чоп этилган таҳлилий мақолаларни ўқиши керак?» деб сўрадим. Жавоб эса...

Навбатдаги савол: «Ёшларни мутолаага қайтариш учун нималар қилиш керак?» Жавоб: «Ёшларнинг телефондан фойдаланишини тақиқлаш!».

Мени ранжитган бир жиҳат – бугун ёшлар миллат ойдинларини, ҳатто жадид сўзининг таърифини билмайди. Жадидларни ҳам қўя турайлик, тажрибали, профессионал устоз журналистлар фаолиятини ҳам кузатмаслиги аён бўлди. «Ўткан кунлар» романининг муаллифи ким?» деб сўрасак, Ўткир Ҳошимов деган жавобни эшитдик. Мактабларда она тили ва адабиёт фанидан дарслар ўтилади. Наҳотки, ёшлар Алишер Навоий асарларини, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларини, Баҳоуддин Нақшбанд тариқатини билишмаса...

Оғзаки суҳбат чоғида «Нима учун журналист барча соҳаларни билиши керак?» деган савол ўртага ташланди. Хуллас, имтиҳон дастуридан ўрин олган саволлар берилди. Хориж саҳнида кечаётган воқеалар, мамлакатимиздаги ўзгаришлар, ислоҳотлар, партиялар ҳақида... Жавоблар эса қониқарсиз.

Ижодий (касбий) имтиҳон давомида бир жиҳат барча комиссия аъзоларини қувонтирди. Ҳеч бўлмаса, абитуриентларнинг 10-20 фоизи ижод қилиши, газеталарда мақола чоп эттиргани, телеканалларда лавҳалар тайёрлаши, фотомухбирлик билан шуғулланишини кўриб, жуда қувондик. Билимга чанқоқ ёшларнинг ижодий ишларидан хира бўлаётган кўнглимиз бироз ёришди.

Ёзма ижодий имтиҳонда ёзилган иншолар эса оғзаки суҳбатдан ҳам ачинарли ҳолатда эди. Дафтарларни текширар эканмиз, аксарият иншоларда имловий хатолар ҳаддан зиёд кўплигини кўрдик. Бир қаторнинг, ҳатто битта сўзнинг ўзида хатолар бисёр эди.

Абитуриентларнинг жавобларини эшитар эканмиз, уларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда фаол, китобга беэътибор. Масаланинг бошқа томони ҳам бор: бугун ота-оналар ва мактаб ўқитувчиларининг ўзлари китоб ўқияптими?

@yangicha_mingbuloq