Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!
36.8K subscribers
6.41K photos
2.49K videos
46 files
10.2K links
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz

Вазирликнинг Матбуот ва ПР хизмати томонидан юритилади.

Расмий сайт: ssv.uz
Cаҳифаларимиз:
facebook.com/ssvuz
twitter.com/ssv_uz

Манзил: Тошкент ш. Навоий кўчаси, 4.
Тел: 1003
Download Telegram
❗️Жигар касалликларини тадқиқ этиш учун "тирик" модель яратилди

🔎 Жигарнинг ёғ босиши (ёғли гепатоз) — тобора кенг тарқалаётган касаллик. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмида бу дард аломатлари учрайди. Хасталик асосан нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик туфайли юзага келади.

🩺 Шунингдек, қандли диабет, гормонал алмашинув бузилиши ва генетик касалликлар ҳам ушбу муаммонинг омили. Хавотирли жиҳати, мазкур ҳолат бора-бора жигар яллиғланиши ва дисфункциясига олиб келиши мумкин.

🔬 Таассуфли жиҳати, олимлар бу касалликни тадқиқ этиш учун мос келадиган синов воситаларига эга эмас. Чунки тажриба ўтказиладиган сичқонларда ёғли гепатоз бутунлай бошқача кечади.

📌 Шу сабабли изланувчилар махсус модель — органоидларни яратишга муваффақ бўлди. Улар инсон ёки ҳайвон аъзоларининг тирик ҳужайраларидан шакллантирилган. Муҳими, органоидлар функционал ва шаклий жиҳатдан табиий муқобили билан бир хил.

🧪 Бу воситалар ёрдамида ёғли гепатоз уч усул — ёғ кислоталари билан ҳужайраларни "озиқлантириш" ва геномни сунъий таҳрирлаш натижасида юзага келган икки турли генетик мутациядан фойдаланиш орқали моделлаштирилди.

💊 Шундан сўнг тадқиқот муаллифлари дориларнинг ушбу касалликка таъсирини ўрганишга киришди. Маълум бўлишича, генетик мутациялар туфайли “юзага келган” хасталикда органоиднинг тиббий препаратларга реакцияси бошқача бўлди.

‼️ Натижада ёғли гепатоз билан курашиш учун энг самарали дори-дармонлар туркуми аниқлаб олинди. Энди улар клиник синовлардан муваффақиятли ўтса, тиббий амалиётга қўллаш учун тавсия этилиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️ССВ: Тиббиёт олий ўқув юртларида халқ табобати бўйича таҳсил олаётган талабалар сони 800 нафарга етказилади

Юртимиз халқ табобати ривожланиши учун беқиёс имкониятга эга. Диёримиздаги 750 дан ортиқ ўсимликлар фармацевтика саноатида қўллашга тавсия этилгани бунинг ёрқин мисоли.

Узоқ йиллар эътибордан четда қолган ушбу соҳа бугун янги ривожланиш босқичига кўтарилмоқда. Хусусан, юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, уларни чуқур қайта ишлаш борасида самарали ишлар амалга ошириляпти.

Энг муҳими, соҳадаги ислоҳотлар табиат билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, 2022 йил 7-8 июнь кунлари пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Анъанавий табобат” форуми, 25 октябрда Марказий Осиё ва Корея ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.

Жорий йилда ШҲТ доирасида аъзо давлатлар экспертларининг “Анъанавий табобат бўйича Ишчи гуруҳи Низоми” ишлаб чиқилиб, мазкур тузилма мамлакатларда халқ табобатини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни бошқариб боради.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ва 40 ўринли халқ табобати даволаш бўлими ташкил этилди. Бухоро ва Андижон вилоятларида муассаса филиаллари очилиб, 2023 йил бошқа ҳудудларда ҳам фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда юртимизнинг барча олий тиббий таълим муассасаларида халқ табобати йўналиши бўйича бакалавр босқичида 500 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Келгуси ўқув йилида эса улар сони 800 нафарга етказилади.

Яна бир янгилик. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг “Неврология ва халқ табобати” кафедрасида ушбу йўналиш бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш йўлга қўйилган.

Қолаверса, соҳада замонавий тиббиётнинг физиотерапия, неврология, терапия сингари ихтисосликлари доирасида фитотерапия, игна билан даволаш, уқалаш, гирудотерапия усуллари амалиётга татбиқ этилди. Давлат ва хусусий шифохоналарда эса ҳижома, апитерапия, натуропатия каби кўплаб халқ табобати усуллари самарали қўлланилмоқда.

Шу боисдан 2023 йилда соҳада етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
🏢 Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимиз тиббиёти тарихида муҳим ўринга эга муассасалардан.

♻️ Ўтган йил марказ маслаҳат поликлиникасига 59307 нафар бемор мурожаат қилган ва бу 2021 йилга нисбатан мингта кўп кўрсаткичдир.

🗺 Қолаверса, уларнинг 1362 нафари чет давлатлардан келган фуқаролардир.

🛏 2022 йил давомида марказ бўлимларида 7548 нафар бемор стационар шароитда даволанган.

ССВ Матбуот хизмати тайёрлаган юқоридаги видеолавҳада ушбу муасасса имкониятлари ҳақида атрофлича сўз боради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️Қўшкўпирда илк буйрак трансплантацияси: Сингил акасига донорлик қилди

🏥 Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари бошчилигида илк бор буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди.

🩺 Бемор Зафар Хаитбоев — 42 ёшда. Туманнинг Ўртаёп қишлоғидан. Унга сурункали гломерулонефритнинг аралаш тури, сурункали буйрак етишмовчилиги терминал босқичи ташхиси қўйилган. Ўтган йилдан бери гемодиализ муолажаларини олади.

🔬 З. Хаитбоев минг километр олисдан пойтахтга келиб, ҳатто узоқ навбат кутиб, мураккаб операция орқали соғайишни ният қилганди. Аммо бунга ҳожат қолмади. Тошкентдаги Хирургия маркази моҳир жарроҳларининг ўзи Қўшкўпирга келиб, трансплантация амалиётини ўтказишди.

❗️Беморга синглиси бир буйрагини берди. Юқори технологик муолажа муваффақиятли ўтди. Ҳозир Зафарнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши, шифокорлар назорати остида саломатлиги тикланмоқда.

📊 Умуман, ўтган бир йилда Хоразмда тиббиётнинг буйрак трансплантацияси йўналиши оммалашмоқда. Шу кунгача вилоятда 16 та буйрак трансплантацияси ўтказилгани бунинг тасдиғи.

📌 Шунингдек, 2022 йили Хонқа туманилик 47 яшар Бибижон Худойбергановада бир йўла икки ноёб амалиёт — лапароскоприк холецистэктомия (ўт қопини олиб ташлаш) ва буйрак кўчириб ўтказиш операциялари бажарилгани ҳудуд миқёсида янгилик бўлганди.

✈️ Қолаверса, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг 5 нафар мутахассиси айни шу соҳа бўйича Ҳиндистон мамлакатида малака ошириб қайтди.

‼️ Яна бир эътиборли жиҳати, шу пайтгача ҳудуддаги барча буйрак трансплантация муолажалари давлат маблағлари ҳисобидан ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️Аллергология марказида қандай инновацион диагностика ва даволаш усуллари йўлга қўйилди?

Илмира Разикова,
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори:

— Дунёда аллергик касалликларнинг ўта оғир кечувчи янги турлари кўпаймоқда. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам ҳаракатлик каби қатор омиллар билан боғлиқ.

🏥 Марказимиз ана шундай хасталикларни профилактика ва диагностика қилиш ҳамда даволашга ихтисослаштирилган. Беморлар учун 45 ўринли стационар, консультатив ташхис қўйиш поликлиникамиз, аллергология, лаборатория, физиотерапия бўлимлари, “астма ва аллергия мактаби” фаолият кўрсатмоқда.

🔬 Бу ерда биокимёвий, клиник ва иммунологик лаборатория синовлари ўтказиляпти. Ўз навбатида, илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.

🩺 Ўтган йили қонда бир вақтнинг ўзида 90 турдаги аллергенга нисбатан махсус ва умумий иммуноглобулинларни аниқлаш имконини берувчи “PROTIA Allerqy-Q90” — ИФА мультиплекс диагностик текширув усулини йўлга қўйдик.

📌 Теридан олинган материаллардан “Demodex folliculonum” ва қўтир қаначаларини аниқлаш усулларини жорий қилдик.

📊 Бундан ташқари, Италияда ишлаб чиқарилган “Alisei” диагностика автомат анализаторидан фойдаланяпмиз. У орқали энг илғор деб ҳисобланган “in vitro” усулида бир пайтнинг ўзида 200 дан ортиқ аллергенларни аниқлаш имконияти мавжуд.

Муҳими, текширувлар учун ёш чекловлари йўқ. Уни исталган пайтда ўтказса бўлади. Турли дори воситалари таъсири тест натижаларига тўсқинлик қилмайди.

📈 Замонавий диагностика ва даволаш усуллари ҳудудларда ҳам амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.

🏥 Хусусан, Нукус шаҳрида атопик синдромни эрта аниқлаш, ташхислаш усулларини жорий этиш лойиҳаси рўёбга чиқарилиб, “Аллергия ва астма” мактаблари ташкил этилди.

🧪 Шунингдек, марказимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ва Нукус шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникасида илк бор ташқи нафас тизимига аллергенлар таъсирини провакация, яъни аллергенлар юборилганда бронхоспазмни юзага келтириш орқали текшириш усули йўлга қўйилди.

❗️Келгусида бундай янгиликларни бошқа ҳудудларда оммалаштиришни мақсад қилганмиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Замонавий тиббиёт CОVID-19 билан касалланганлар қон томирларида тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори эканлигини тасдиқлади. Бу — коронавируснинг энг жиддий асоратларидан бири.

Тадқиқотчилар фикрича, мазкур ҳолат вирусга қарши вакциналарнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини яна бир бор исботлайди. Чунки эмланишдан сўнг одамларда қон қуюқлашиши ва томирларда тромб ҳосил бўлиш хавфи кескин камаяди.

❗️Юқоридаги видеолавҳада шифокор ва беморларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан танишишингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
ССВ: Акушерлик ва гикенология маркази лаборатория ходимлари халқаро скрининг дастурида иштирок этмоқда

Наталья Нодирхонова,
Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

— Марказимиз лаборатория мажмуасида 160 турдан ортиқ ноёб лаборатор таҳлиллар ўтказиб келинмоқда. Хусусан:

🔬 Клиник ва биокимёвий лаборатория замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, таҳлиллар серологик, микробиологик, фермент билан боғлиқ иммуносорбент, цитологик, гистологик, генетик диагностика усуллари орқали амалга оширилади.

🔬Гемостаз лабораториясида замонавий автоматик коагулометрда гемостаз, антифосфолипид синдроми, тромбофилия ва ДВС-синдроми, қон томир тромбоцитлари ҳолатини баҳолашга имкон берувчи кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмоқда.

🔬Клиник иммунология лабораториясида ОИТС блоки яратилган бўлиб, бу ерда дастлаб ОИВ, гепатит В ва С диагностикаси ўтказилган бўлса, бугунги кунда махсус иммуноглобулинлар М, G TORCH инфекцияларини аниқлайдиганган ИФА ва ИХЛА усули билан серологик таҳлиллар бажариляпти.

🧬 Улар репродуктив гормонларнинг қондаги таркиби, қалқонсимон без ҳолати, буйрак усти безлари гормонлари, ҳомиланинг хромосома аномалияларини аниқлаш имконини бермоқда.

🦠 Лабораторияда ПЗР блоки ҳам бўлиб, у ДНКни реал вақтда ўрганишга имкон берадиган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

🔬Бактериологик лабораторияда қатор муҳим анализлар, жумладан, ажратилган микроорганизмларнинг антибиотикларга сезгирлигини аниқлаш, сифилис ва бруцеллёз учун серологик, стериллик ва гемокултура учун қон текшируви каби кўплаб таҳлиллар ўтказиб келинмоқда.

🔬Ўтган йили очилган цитология лабораторияси эса хотин-қизлар ўртасида саратон тарқалишининг олдини олиш ва эрта ташхис қўйишда катта имкониятларга эга.

♻️ Лабораториямиз ходимлари ЖССТ ва ЮНФПА томонидан Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳри ва Қозоғистон Республикасида ташкил этилган бачадон бўйни саратони скрининги бўйича пилот лойиҳада иштирок этиб, ўз маҳоратларини намоён қилиб келишмоқда.

Созлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Дори воситаларини тўғри сақлашда нималарга эътибор бериш керак?

Эльвира Свечникова,
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи:


— Энг аввало, дори воситасини қўллаш йўриқномасини диққат билан ўқиб чиқиш ва унга қатъий амал қилиш ҳар доим жуда муҳим эканлигини тушуниб олиш лозим.

🌡 Турли дори воситалари кўпинча 2° дан 25°гача бўлган диапазон оралиғидаги ҳароратда сақланади. Бунда ҳарорат, намлик ва ёруғлик уларни сақлаш тартибида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳамма дори воситасини совиткичда сақлаш нотўғри!

🧳 Хона ҳарорати одатда 15°-25°, шунингдек, иқлим шароитига қараб 30°С гача бўлган кўрсаткични назарда тутади. Бундай пайтда дори воситаларини тиббиёт қутичасида жамлаб, шкафда сақлашингиз мақсадга мувофиқ.

8°дан 15° градусгача бўлган салқин ҳароратда айрим дори воситаларини совиткичда сақлашга рухсат берилади!

❄️ Бунда 8°С паст ҳароратда физик-кимёвий хусусиятлари ўзгариши мумкин бўлган дори воситалари (дамламалар, суюқ экстрактлар ва бошқалар)ни совиткичда сақлаш мумкин эмас.

Дори воситаларини совуқ жойда сақлаш деганда совиткичда 2°C дан 8°С гача бўлган ҳароратда сақлаш тушунилади!

🚫 Бунда дори-дармонларни совиткич деворига яқин жойлаштириб, уларнинг музлаб қолишига йўл қўймаслик керак. Одатда шамчалар (свеча), турли кўз томчилари, линиментлар, инъекция эритмалари, фермент таблеткалари шу тарзда сақланади.

Совиткичнинг бир токчасида дори воситалари ва озиқ-овқатлар ёнма-ён туриши қатъиян ман этилади!

💊 Дори-дармонларни сақлашда ёруғлик ва намликдан ҳимоя қилиш каби талабларга ҳам эътибор бериш керак. Агар кўрсатмада "қоронғу жойда сақланг" деб айтилган бўлса, унда сиз дори қадоғини ёруғликдан тўлиқ ҳимоя қилишингиз керак.

Қуруқ жойда ҳаво намлиги 50% дан ошмаслиги зарур!

❗️Ёдда тутинг: тиббиёт қутичаси (аптечка) сув ва иситиш мосламалари яқинида бўлмаслиги керак. Шунингдек, дори воситаларини ишлаб чиқарувчи томонидан кўрсатилган муддатдан узоқроқ сақлаш мумкин эмас. Қадоқ очилгандан кейин одатда кўрсатмада ёзилган сақлаш муддати сезиларли даражада камайиши мумкин. Бундан ташқари, очилган препаратлар баъзан бошқа шароитларда сақланиши керак бўлади.

‼️Дори воситаларини сақлаш қоидаларига амал қилинг ва саломатлигингизга асло беэътибор бўлманг!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Тадқиқот: Коронавирусга чалинганларда юрак хасталиклари нега авж олиши маълум бўлди

🔬 Колумбия университети (АҚШ) тадқиқотчилари CОVID-19 юрак ҳужайраларининг кальций каналларида ўзгаришларни юзага келтириб, уларни ишдан чиқариши мумкинлигини аниқлади.

📊 Маълум бўлишича, коронавирусга чалинган беморларда инфаркт ва инсультга чалиниш кўрсаткичи 55 фоиз юқори. Шунингдек, уларда бошқа юрак хасталиклари, хусусан, аритмия (юрак ритми тартиби бузилиши) ва миокардит (юрак мушаклари яллиғланиши) кўпроқ кузатилмоқда.

🦠 Шу сабабли тадқиқотчилар CОVID-19 ни юқтирган кишиларнинг юрак тўқималарини таҳлил қилиб, яллиғланиш жараёни кучайиши, тромблар шаклланиши, ҳужайралар нобуд бўлиши ва кальций миқдори ўзгариши каби белгиларни кузатдилар.

🩺 Якунда бунга юракдаги кальций ионлари даражасини назорат қилувчи RyR2 оқсили фаолияти бузилиши сабаб бўлгани хулоса қилинди.

🫀 Негаки, тана ва юрак мушакларининг қисқариши учун кальций ионлари зарур. Бу модда даражаси назорати издан чиқиши аритмия ёки юрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.

‼️ Мутахассислар мазкур тадқиқот коронавирусга чалинган беморларда кузатиладиган юрак симптомларини аниқлаш ва даволашда катта натижа беришига ишонч билдиришмоқда. Ўз навбатида, касалликка қарши тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланиш бундай оғир асоратларнинг олдини олиши айтиляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
Тиббий таълим йўналишида 10 та муҳим ўзгариш нималардан иборат?

Сўнгги йилларда юртимизда тиббиёт йўналишида илғор таълим стандартлари асосида юқори билимга эга мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўктам Исмаилов тиббий таълим соҳасида юз берган 10 та энг муҳим ўзгариш ҳақида маълумот берди:

1️⃣ Энг аввало, олий тиббий таълим муассасалари сони 11 тага етди.

Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти (ФЖСТИ) ва Қорақалпоқ тиббиёт институтлари
ташкил этилди.

2️⃣ Тошкент, Сирдарё, Жиззах Навоий, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари олий таълим муассасаларида 6 та тиббиёт факультети очилди.

3️⃣ Бухоро шаҳрида замонавий қулайликларга эга тиббиёт кампуси бунёд этилди.

4️⃣ Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркиянинг соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда Туркия тиббиёт факультети, Тошкент шаҳрида Н.И. Пирогов номидаги Россия тиббиёт университетининг филиали ва Жиззах шаҳрида Қозон федерал университети филиали ташкил этилди.

5️⃣ Россия, Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Польша, Беларусь, Украина каби қатор давлатларининг 22 та университети билан 12 та бакалавриат таълим йўналиши, 10 та магистратура ва 8 та клиник ординатура мутахассисликлари бўйича халқаро қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

6️⃣ Бакалавриатда 4 та янги таълим йўналиши очилиб, қабул квотаси 2,4 баробар, магистратурада очилган 14 та янги мутахассиcлик ҳисобига квоталар 3 баробар, клиник ординатурадаги 6 та янги мутахассислик ҳисобига эса квоталар сони 2 баробарга оширилди.

7️⃣ Интернатура жорий этилиб, 19 та йўналишда йилига 500 нафар тор соҳа мутахассиси тайёрланмоқда.

8️⃣ Ўқув режаларидаги номутахассис фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилди.

9️⃣ Хориждан 350 нафар профессор-ўқитувчи ўқув жараёнига жалб қилинди. Натижада илмий салоҳият 32 фоиздан 46 фоизга ошди.

🔟 6 минг нафар битирувчи курс талабаларини жалб қилган ҳолда, оилавий шифокорлар вакансияси 80 фоизга, тор мутахассислар эса вакансияси 50 фоизга қисқарди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳиндистонлик хирурглар билан жигар трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш бўйича Меморандум имзоланди.

Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Осиё гастроэнтерология институти клиникаси билан тузилган мазкур шартномага кўра, уч ой ичида ўзаро ҳамкорликда илк жигар кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилиши кўзда тутилмоқда.

❗️Юқоридаги видеолавҳа ушбу ҳамкорлик тафсилотларига бағишланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Аҳоли саломатлигини асрашда тиббий суғурта тизимининг ўрни ва аҳамияти қандай?

🩺 Сирдарё вилоятида апробациядан ўтказилган ушбу тажриба қандай самара бермоқда?

🏥 Жорий йил давлат тиббий суғурта тизими қайси ҳудудларда жорий этилади?

🔬Бунинг учун шароит ва имконият етарлими?

❗️Шу каби қизиқарли саволларга ССВ Матбуот хизматининг юқоридаги видеолавҳасидан жавоб олишингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
ССВ: Сергелида “Тез ёрдам” ҳайдовчисини аёвсиз калтаклаган фуқарога жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Сергели туманида “Тез ёрдам” ходимлари калтакланганига доир видеолавҳа тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Аниқланишича, жорий йил 27 февраль куни эрталаб соат 03:25 ларда Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиали CALL-марказига Сергели тумани 4-даҳасидаги хонадонларнинг биридан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг мурожаат тегишлилиги бўйича тумандаги 8-бўлимга узатилгач, ТТЁ бригадаси ходимлари — шифокор Т.А. ва фельдшер Х.О. белгиланган манзилга саноқли дақиқалар ичида етиб борган.

Калтакланиши оқибатида жиддий тан жароҳати олган 1979 йилда туғилган бемор аёл А.А.га “103” бригадаси томонидан дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, фельдшер Х.О. беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уни зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлимига олиб бориш кераклигини айтган.

Шу пайт беморнинг таниши, 1990 йилда туғилган фуқаро К.А. уни гўёки А.А.га яхши қарамаётганликда айблаб, фельдшерга таҳдид қилган. Қолаверса, муштумзўр фуқаро тиббиёт ходимини ҳимоя қилган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси, 1970 йилда туғилган Т.С.ни уриб, унга жиддий тан жароҳати етказган.

Оқибатда жабрланган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Текширувлар натижасида у “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, бурун юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” дастлабки ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан 33 ёшли фуқаро К.А. га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️ТАЙИНЛОВ

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Ҳакимов Хуршид Анварович Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

1988 йилда туғилган Х.Ҳакимов Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавр босқичини тамомлагач, Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббиёт марказида клиник ординатура ва аспирантура бўйича таҳсил олган.

2020 йилдан бошлаб бир йил давомида Россия Федерацияси Москва вилояти Егорьевск марказий туман касалхонасида рентгенэндоваскуляр хирург сифатида фаолият олиб борган.

2021 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти минтақавий филиалида Рентгенэндовакуляр хирургия бўлими бошлиғи сифатида иш бошлаган.

Х.Ҳакимов самарали фаолияти учун "Шуҳрат" медали ва "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️ТАЙИНЛОВ

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Мирхонов Юсуф Шарипович Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг тиббий ёрдамни ташкиллаштириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

1981 йилда туғилган Ю.Мирхонов Тошкент тиббиёт академиясида бакалавр ва магистратура бўйича таҳсил олган.

Фаолиятини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалида бошлаган Ю.Мирхонов бу ерда врач-хирург, бўлим мудири, директор ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.

Тайинловга қадар Ю.Мирхонов Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи — кўп тармоқли марказий поликлиника мудири сифатида ишлаб келаётган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️ССВ: Энди тиббиёт муассасалари фаолияти янгича тизим асосида баҳолаб борилади

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов бошчилигида вазирлик марказий аппарати масъул ходимлари, ихтисослаштирилган марказлар, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари иштирокида танқидий-таҳлилий руҳда кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда тизимда ижро интизоми, Қашқадарё вилоятида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, бу йўналишдаги муаммолар ва уларнинг амалий ечимлари муҳокама қилинди.

Таҳлиллар аввалида вазир 4 та йўналиш — 208 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси, 14 та ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси, 23 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази, соҳага қарашли 11 та олий таълим муассасасида KPI тизими жорий этилишини таъкидлади.

Бунда ҳудудларда оналар ва болалар ўлимига барҳам бериш, ҳар бир туманда йил давомида 10 та янги даволаш ва 12 та замонавий диагностика усулларини татбиқ этиш, тиббиёт йўналишида инвестиция ва грант маблағларини жалб этиш, даволаш-порфилактика муассасаларига қуёш панелларини ўрнатиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳамда хизматларни аутсорсинг орқали амалга ошириш каби мезонлар асос қилиб олинади.

Унга кўра, ҳар чоракда юқоридаги муассасалар ва уларнинг раҳбарлари фаолияти KPI тизими бўйича баҳолаб борилади.

Бинобарин, тиббий туризмни ривожлантириш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилиши қайд этилди.

Шундан сўнг Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вазирликнинг Ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг тақдимотлари бўлиб ўтди.

А.Иноятов ҳар икки тақдимот талабга жавоб бермаслигини таъкидлаб, ушбу раҳбарлар топшириқ ижросига юзаки, масала моҳиятини чуқур ҳис этмай ёндашганини танқид остига олди.

Хусусан, Қашқадарё вилояти бўйича тақдимотда тиббиётнинг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ва аҳолига янада яқинлаштириш бўйича аниқ стратегия, касалликлар баланси, туманлар кесимида даволаш йўлга қўйилмаган хасталиклар нозологияси, жорий этилиши мўлжалланган ноёб ва мураккаб диагностика ҳамда даволаш усуллари аниқ ва манзилли акс эттирилмаган.

Худди шундай, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган тақдимотда ҳам баъзи турдаги ноёб касалликлар туфайли хорижда даволанишга эҳтиёжи бор беморлар статистикаси, бу муаммони ҳал этишнинг аниқ ечимлари, ўз вертикали бўйича ишни ташкил қилиш принципи, механизми ўрганилмаган, таҳлил қилинмаган ва кўрсатиб берилмаган.

Йиғилиш якунида аҳолига манзилли ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича илғор амалиётларни йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️ЖССТ: Вабо эпидемияси туфайли бир миллиард кишининг саломатлиги хавф остида

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги баёнотига кўра, ҳозир дунёнинг 43 мамлакатида яшовчи 1 миллиарддан ортиқ киши вабо хасталигини юқтириш хавфи остида.

Хусусан, ўтган ҳафтанинг ўзида учта давлатда янги эпидемиялар қайд этилган. Шу тариқа мазкур касаллик рўйхатга олинган давлатлар сони 22 тага етди.

Вабо тарқалиши тенденцияси 2022 йилда бошланган ва бир йил олдингига нисбатан 50 фоиз кўпроқ ҳудудга кириб борган.

ЖССТ таҳлилига кўра, касалликнинг авж олишига табиий офатлар, баъзи минтақаларда қашшоқлик кучайиши ва ҳарбий тўқнашувлар сабаб бўлган.

Мутахассислар фикрича, келгусида иқлим ўзгариши ва глобал исиш туфайли муаммо янада кескинлашиши мумкин. Шунингдек, дунёнинг кўплаб нуқталарида кузатилаётган тоза ичимлик суви танқислиги муаммо кўлами ортишига олиб келади.

Ўз навбатида, халқаро экспертлар вабо билан касалланганлар ўртасида ўлим даражаси кескин ортганидан жиддий хавотирда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Хоразм вилоятида яшовчи Нилуфар Юсупова бир неча йилдирки, саратон хасталиги билан курашиб келади. Ҳатто дардни енгиб ўтиш учун илгари бир буйраги операция йўли билан олиб ташланган. Аммо касаллик чекинмай, иккинчи буйрагида ҳам хавфли ўсимта аниқланди.

Бу галги жарроҳлик операцияси ўта мураккаб ва нозик эди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида Нилуфархон ягона буйраги сақлаб қолинган ҳолда саратондан халос бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
❗️Гриппдан кўра унинг асоратлари хавфли

🩺 Грипп хавфли касалликми? Бу борада шифокорларнинг якдил хулосаси бор. Уларнинг таъкидлашича, хасталикнинг ўзидан кўра, асоратлари кўпроқ хавфли.

🔬 Чунки вирусли токсинлар қон томирлари деворларининг касалликларга нисбатан ҳимоя қобилиятини сусайтириб юборади. Оқибатда инфекциялар қон оқими орқали ички органларга етиб бориб, яллиғланиш ўчоқларини ҳосил қилади.

Хўш, қандай симптомлар грипп асоратларидан далолат беради? Мутахассислар ушбу саволга жавобан қуйидаги аломатларни санаб ўтади:

😮‍💨 Кучли чарчоқ ва ҳолсизлик. Бу белгилар беморлар соғайганидан бир неча ҳафта ўтиб, безовта қилади. Агар ушбу ҳолат жисмоний фаоллик чоғида нафас қисиши билан бирга кечса, демак, юрак фаолиятида қандайдир бузилишлар кузатилаётган бўлиши мумкин.

▶️ Бундай вазиятда “ўтиб кетар”, “тузалиб қоларман” дея вақт йўқотмасдан, терапевт ва кардиолог шифокорга мурожаат қилиш лозим. Чунки мазкур аломатлар юрак мушаги яллиғланиши – миокардитга ҳам хос. У ўз вақтида даволанмаса, юрак етишмовчилигига сабаб бўлиши эҳтимоли катта.

🤧 Кучли нам йўтал ва 37,5 даражадан юқори тана ҳарорати. Одатда ўпка яллиғланиши шу симптомлар билан намоён бўлади. У кўпинча гриппдан тузалгандан сўнг 7-10 кун ичида ривожланади. Қаттиқ терлаш ва ҳаддан ташқари заифлик ҳам ушбу касаллик бошланаётгани белгиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолда оилавий шифокорга зудлик билан мурожаат қилиш лозим.

📌 Пешоб ажратиш чоғида кесувчи оғриқ ва белдаги нохушлик. Бундай ҳолатлар вируслар таъсиридан икки ҳафта ўтиб ривожланади ва гриппнинг буйраклардаги асоратини ифодалайди. Шу боис терапевтга бориб, қон ва пешоб таҳлилини топшириш мақсадга мувофиқ.

💉 Энг асосий тавсия: гриппга чалинганда шифокор томондан белгиланган муолажаларни охиригача олиш шарт. Тузалгандан сўнг ҳам яна икки ҳафта давомида жисмоний зўриқишдан тийилиб, аста-секин фаол ҳаётга қайтган маъқул.

Кўпроқ ҳордиқ чиқариш, иссиқ кийиниш ва аҳоли гавжум жойлардан қочишга ҳаракат қилиш тавсия этилади. Акс ҳолда, янги хасталиклар вирус томонидан заифлашган иммунитет тизимини осонгина четлаб ўтиши мумкин.

‼️ Қолаверса, гриппдан соғайгандан кейин икки ҳафта ўтгач, умумий қон таҳлилини топшириш зарур. Бу танада яллиғланиш жараёни бошлангани ёки йўқлигини аниқлаш имконини беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали шифокорлари томонидан вилоятда илк бор мураккаб аритмологик жарроҳлик операцияси ўтказилди.

Юқори технологик амалиёт наркозсиз, жароҳатларсиз ва атиги 2 сантиметрли кесма орқали бажарилди. Бунинг учун бор-йўғи 30 дақиқа етарли бўлди.

64 ёшли бемор Ғофур Шокиров оғир юрак етишмовчилигидан азият чекиб келаётган эди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали раҳбари Тоҳир Мусоев бошчилигидаги моҳир мутахассислар унинг юрагига 3 камерали махсус кардиостимулятор ўрнатди. Ҳозир беморнинг аҳволи яхши. Саломатлиги тикланмоқда.

Юқоридаги видеолавҳада ушбу жараён тафсилотлари ҳақида сўз юритилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram