Orif Tolib
10.6K subscribers
969 photos
91 videos
5 files
1.72K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
“Ийиғи чиқди”: ийиқ нима?

Сўзлашувда ийиғим чиқди, ийиғи чиқди, ийиғинг чиқади каби жумлаларни бот-бот ишлатиб турамиз. Хўш, ийиқ ўзи нима?

Икки хил маъноси бор:

1. От, эшак каби иш ҳайвонларининг олдинги икки оёғи устидаги, белдан бўйингача бўлган қисми.
2. Шу жойда пайдо бўладиган яра.

Ийиғи чиқмоқ ибораси эса жуда эзилмоқ, абжағи чиқмоқ маъноларини англатади:

Ёрматгами ё бошқа бир собиқ қаролга узоқ иш бериб ийиғи чиққан, пешонаси қийшиқ этикни кийди.
Ойбек, Танланган асарлар.

Урал темир йўлида ишлайвериб, ийиғим чиққанини билсанг эди.
Н. Сафаров, Уйғониш.

Изоҳли луғат асосида тайёрланди.

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

“Жиғимга тегма”: жиғ нима?

Жиғига тегмоқ сўзидаги жиғ нимани англатишини сўрашган эди. Ўзбек тилининг изоҳли ва этимологик луғатлари, “Девону луғатит турк”, туркий тилларнинг бир нечта этимологик луғатларини қараб чиқдим. Аниқ далил топа олмадим. Тахмин ва фаразларим кўпайди, холос.

Тахминларимни луғатлар ва мисоллар ёрдамида далиллашга ҳаракат қилдим. Сўнгги хулосам: жиғ сўзи бўйин ва бўйин томири маъноларини беради.

Мақоланинг тўлиқ шаклини сайтда ўқишингиз мумкин.

Агар бу сўзнинг этимологияси билан боғлиқ маълумотларингиз бўлса, изоҳларда улашинг.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
“Фуқаро” сўзи туркий тилларда

Озарчада – ватандаш.
Туркманчада – райат.
Туркчада – ватандаш.
Қирғизчада – жаран.
Қозоқчада – азамат.

@oriftolib
Авлодми, аждодми?

Баъзан газета-журналларда, сайтларда, нутқларда авлод-аждод, авлоду аждодлар сўзлари хато ишлатилади. Янглиш қўлламаслик учун уларнинг маъносини билиб олиш керак.

Авлод ота-бободан қолган насл, болалар, фарзандлар демакдир:

У яхши одамлар авлодидан.

Темурийлар – Темур авлоди, бобурийлар – Бобур авлоди.

(Гап Темур ва Бобурдан кейингилар ҳақида кетяпти.)

Аждод эса илгари ўтган насл-насаб, ота-боболардир:

Имом Бухорий, Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимизнинг таваллуд саналари нишонланди.

Аждодлар ибрати авлодлар учун намунадир.


❗️ Энди хато қўлланадиган ҳолатларга эътибор қаратамиз:

Ўзбекистонда давлат мустақиллиги қўлга киритилгач, шу заминда асрлар оша истиқомат қилиб келган авлоду аждодларимиз орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади.

Ўзбекистонда давлат мустақиллиги қўлга киритилгач, шу заминда асрлар оша истиқомат қилиб келган аждодларимиз орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади.

Бу заминда авлоду аждодларимиз асрлар оша яшаб келмаган. Фақат аждодларимиз яшаб келган. Авлодлар фарзандлар, келажак насллардир. Улар ўтмишда эмас, ҳозир ёки келажакда ҳаёт кечиради.

Олимнинг эзгу ишлари авлод-аждодлари қалбида барҳаёт.
Олимнинг эзгу ишлари авлодлари қалбида барҳаёт.

Олимнинг амаллари ҳақидаги хотиралар ўтиб кетган аждодлари эмас, кейинги насллар – авлодлар қалбида яшайди.

📌 Демак, эслаб қолинг: олдинги насллар ҳақида гап кетганда аждод, кейинги насллар тўғрисида гапирилганда эса авлод сўзидан фойдаланинг. Маъносини фарқлаб олсангиз, хато қўллаш эҳтимоли деярли йўққа чиқади.

@oriftolib
“Намоз” сўзининг ўзбекчаси

Бу сўзга илк бор “Қисаси Рабғузий”да дуч келган эдим. Кейин бошқа манбаларда, жумладан, “Девону луғатит турк”да учратдим.

Мусулмонлар кунига беш маҳал бажарадиган ибодат бугунги тилимизда намоз дейилади. Намоз форсчадан олинган, аслиятда ҳам айни шу мазмунда. Арабчаси – салот.

“Девону луғатит турк”да юкунч намоз маъносида шарҳланган ва бу сўз билан боғлиқ мисоллар бир неча ўринларда келтирилган:

Қул Тангрика юкунди – банда Тангри таолога ибодат қилди.
Тангрика юкунч юкунди
Тангри таолога юкунди, намоз ўқиди.
Ўл юкунч этти – У намоз ўқиди.


👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Расул Ҳамзатов

***
“Анов одам қанақа асли?”
Дўсти деди елкасин қисиб:
“Танишмасман, у ҳақда, рости,
Айтолмайман бирон яхши гап”.

“Анов одам асли қанақа?”
Бошқа бир дўст қайтарди жавоб:
“Танишмасман, аммо у ҳақда
Айтолмайман бирон ёмон гап”.

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси

Русчасини ўқиш

@oriftolib
Китоб таржима қилиш учун нима қилиш керак?

1. Яхши, ўзингиз ёқтирган, ўзингиз қизиққан мавзудаги китоб топинг.

2. Китоб билан умумий танишиб чиқинг. Мавзуси, аҳамияти, таржима қилишга лойиқ ёки лойиқ эмаслиги ҳақида хулоса қилинг.

3. Ушбу китоб сиз таржима қилмоқчи бўлган тилга – масалан, ўзбек тилига – таржима қилинмагани ҳақида ишонч ҳосил қилинг.

4. Муаллифнинг шахсиятини ўрганинг. Таржима қилгандан кейин китобни чоп қилдириш ниятингиз бўлса, муаллиф "қора рўйхат"да бўлмаслиги керак. Шунингдек, муаллифи машҳур, ишончли киши бўлгани таржима асарнинг кенг тарқалишига ҳам сабаб бўлади.

5. Ўзбек тилидаги ушбу мавзудаги китобларни ўрганинг. Сиз таржима қилмоқчи бўлган китобга қанчалик эҳтиёж, талаб борлигини аниқланг.

6. Китобни таржима қилганингиздан кейин чоп қилдириш ниятингиз бўлса, ноширлар билан ҳам маслаҳатлашинг.

7. Муаллиф ёки унинг меросхўрлари билан боғланиб, рухсат олинг. Қаламҳақи талаб қилса, беришга мажбурсиз, шартнома тузасиз.

8. Таржима сайт ёки дастурларидан фойдалансангиз, уларга ишониб қолманг.

9. Таржима қилганда сўзма-сўз таржима қилишдан тийилинг. Матндан кўзланган маънони чиқариб беринг. Бирор тилни зўр билган ҳамма ҳам яхши таржимон бўла олмайди. Яхши таржимон бўлиш учун иккала тилни ҳам яхши билиш, таржима маҳоратига эга бўлиш лозим. Шунинг учун аввалига кичик ҳикматли сўзлар, қисқа ҳикояларни таржима қилиб, бироз тажриба орттирган маъқул. Шу билан бирга, ўзбек тилини яхши биладиган муҳаррир, филолог, таржимонлардан ҳам маслаҳат олиб турганингиз мақсадга мувофиқдир.

Ғиёсиддин Юсуф

@oriftolib
Эса: вергул керакми ёки йўқ?

Мусаҳҳиҳ ва муҳаррирларни ўйлантирадиган, чалкаштирадиган ҳолатлардан бири – эса сўзидан кейин вергул қўйиш ёки қўймаслик масаласи. Чунки у баъзида вергул талаб қилади, баъзида эса – йўқ.

Хўш, қачон вергул қўйилади?

1️⃣ Эса боғлама вазифасини бажарса ва бўлса маъносини англатса. Бу тарзда кам қўлланади. Бундай пайтда кўпинча унга -да юкламаси қўшилади:

Бурни бир оз беўхшовроқ эса-да, лекин унинг умуман юз бичими келишган эди.
Ойбек, Танланган асарлар.

2️⃣ Ундай бўлса, у ҳолда маъноларини ифода этса. Одатда бу маънода шевада ишлатилади:

Эса, Оққиз, бориб сен ҳам кўриб кел-чи.
“Равшан”.

Қачон вергул керак эмас?

Эса шахс, нарса, ҳодисалар кетма-кетлигида уларни бошқаларига нисбатлаб, ажратиб қайд этса:

Мен эса уни овунтиришга, юпатишга уринардим.
“Гулдаста”.

Мисрда рўй берган мана бу воқеа эса ҳаммасидан ошиб тушади.
“Фан ва турмуш”.

@oriftolib
Qay biri toʻgʻri?
Anonymous Quiz
24%
Murojat
76%
Murojaat
Қувайтми ёки Кувайт?

Арабистон яриморолида жойлашган бу давлат номида кўп хато қилинади. Ҳатто қарор ва фармонларда, расмий идоралар сайтлари, интернет нашрлари саҳифаларида ва бошқа ўринларда Қувайт шаклида янглиш ишлатилганини кўриш мумкин. Албатта, ҳеч ким хатодан холи эмас, ҳаммамиз ҳам адашамиз. Бунинг давоси – билиб олишдир.

Давлатнинг номи – Кувайт. Арабчаси – давлатул Кувайт. Кичкина ҳудудга эга бу мамлакатнинг пойтахти номи ҳам ал-Кувайтдир. Кувайт арабчада шаҳарча, қўрғонча маъносини англатади.

📌 Демак:

Кувайт
Қувайт

@oriftolib
Idora va tashkilotlar nomini yozishdagi xatolar

Koʻzga tez-tez tashlanadigan xatolardan biri tashkilot va muassasalar nomidagi vazirlik, qoʻmita, agentlik, uyushma, assosiatsiya kabi soʻzlarlarni bosh harf bilan yozish. Bu rus tiliga taqlidan yuz beradi. Chunki bu soʻzlar rus tilida tashkilot nomining boshida keladi. Oʻzbekchada ular kichik harf bilan yozilishi kerak:

Demak:

Oʻzbekiston isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish jamiyatlari federatsiyasi
Oʻzbekiston isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish jamiyatlari Federatsiyasi

Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasi
Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasi

Gohida tashkilot nomi tarkibidagi boshqa soʻzlar ham bosh harf bilan yoziladi. Xoʻsh, aslida qanday boʻlishi kerak? Imlo qoidalariga koʻra, oliy darajada boʻlmagan tashkilotlar nomi tarkibidagi birinchi soʻzgina bosh harf bilan yoziladi.

Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi
Bandlik va Mehnat munosabatlari vazirligi

Oʻzbekiston jurnalistlari ijodiy uyushmasi
Oʻzbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasi

👉 Toʻliq oʻqish

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

Даққиюнусдан қолган

Даққиюнусдан ёки дақёнусдан қолган ибораси тилимизда эскидан қолган, қадимий, жуда ҳам эскириб кетган маъноларида қўлланади. Иборанинг келиб чиқиши қадимги Рим императори Диоклетиан ( лотинча Diocletianus)га бориб тақалади. Милодий 284-305 йилларда ҳукмронлик қилган бу императорни Шарқ халқлари шундай атаган.

Хўш, нега айнан Диоклетиан? Эскилик маъноси билан унинг қандай алоқаси бор?

Миллий энциклопедияга кўра, VII-VIII асрларгача бўлган даврдаги шаҳар харобалари, тангалар ва бошқаларнинг қадимийлигини англатиш учун “Дақёнусдан қолган” ибораси ишлатилган.

Менимча, даққиюнусдан қолган ибораси пайдо бўлишига Диоклетианнинг урушлари ҳосил қилган харобалар, вайронагарчиликлар сабаб. Кейинчалик иборанинг маъноси торайган.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Саудия Арабистони: қиролликми ёки подшоҳлик?

Саудия Арабистонининг номини янглиш ишлатиш кўп учрайди. Расмий ҳужжатлар, турли нашрлар саҳифаларида Саудия Арабистони Қироллиги бирикмасига кўзингиз тушади. Ўзим ҳам бир таржимада қироллик деб ёзган эканман 😏. Лекин бу шаклда қўллаш – хато.

Саудия Арабистонининг расмий номи ўзбекчада Саудия Арабистони Подшоҳлиги бўлади. Миллий энциклопедияда ҳам шу шаклда берилган. Давлат раҳбари эса – подшоҳ, қирол эмас.

Демак:

Саудия Арабистони Подшоҳлиги
Саудия Арабистони Қироллиги

Саудия Арабистони Подшоҳи
Саудия Арабистони Қироли

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Лозиманда

Сўзлашув тилида лозиманда дейиладиган бу сўзнинг асли – лозимомада. Арабча лозим ва форсча омада сўзларидан ясалган, луғавий маъноси – қилиниши, бажарилиши керак бўлган (нарса) демакдир. Ўзбекчада аёллар тўй, туғуруқ, меҳмондорчилик каби маросимларга олиб бориладиган бирор буюм, кийим-кечак, пишириқ каби совғаларни англатади:

Лозимандани яхшилаб берсангиз, бормасим борми?
Т. Алимов, Совға.

Бу гап ҳамроҳ бўлган беш аёлга ҳам маъқул тушиб, дастурхон тузаб, ҳар қайсиси ўз лозимомадасини ғамлаб жўнади.
“Ёдгор”.

👉 Ҳозир жонли тилда тўйма-тўй, маросимма-маросим юрадиган, ишлатилмайдиган буюмлар, кийилмайдиган кийимларга ҳам лозиманда сўзи ишлатиляпти:

Э, буни ҳеч ким киймайди, лозиманда-ку бу!

Қанақа тўн керак сизга, ўғлим, кийишгами ё лозимандагами?

📖 Изоҳли луғатдан фойдаланилди.

@oriftolib