Orif Tolib
10.5K subscribers
969 photos
91 videos
5 files
1.72K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
#Сўраган_эдингиз

Хосса ва хусусият

Бу икки сўз араб тилидан кирган. Маъноси бир-бирига жуда яқин, аслиятда ҳам ўзаги бир.

Хосса муайян нарсанинг бошқа нарсалардан фарқини, ўзига хослигини билдирувчи белгилардир.

Биологик мембраналарнинг яна бир ноёб хоссаси – ионларни термодинамик усулда ташишдир.
“Фан ва турмуш”.

Хусусият эса бирор нарса ёки кимсанинг ўзига хос, бошқалардан ажралиб турадиган томони, ўзига хос белгисидир.

Характерли хусусият. Ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари.

Хосса асосан илмий тилда ишлатилади, математик атама сифатида алгебра ва геометрияда кўп қўлланади. Фанга оид, жумладан, математикага оид матнларда хосса сўзидан фойдаланган афзал. Масалан, “Геометрия – математиканинг фазовий шакллар ва уларнинг хусусиятларини ўрганувчи бўлими” деган жумлани қуйидаги шаклда берган тўғрироқ:

Геометрия – математиканинг фазовий шакллар ва уларнинг хоссаларини ўрганувчи бўлими.

@oriftolib
Стенфорд университети

Катта ёшли эркак ва аёл истиҳолали бир қиёфада университет ректоратига кириб келди. Кийимларининг ранги бирмунча ўнгиган, оҳори тўкилган эди. Уларни кўрган котиба сакраб ўрнидан турди-да, олдиларини тўсди. Қишлоқилиги шундоқ кўриниб турган бу кишиларнинг Ҳарвард университетида нима ишлари бўлиши мумкин?

Эр ректор ҳузурига келишганини айтди. Котиба ректор бугун жуда бандлигини, ҳозир уларга вақт айира олмаслиги тушунтирди. Аёл: “Майли, кутамиз…” деди-да, эри билан четроққа бориб ўтирди. Кутиб-кутиб, охири зерикишади, деб ўйлади котиба, сўнг ўз ишлари билан овора бўлди. Соатлар ўтди, лекин икки қария сабр билан кутаверди…

Ниҳоят котибанинг ўзи зерикди. Ректорнинг ёнига кириб: “Кўришмасангиз бўлмайди шекилли, кетадиганга ўхшашмайди”, деди. Бошқа чора йўқ эди. Ёш ректор истамайгина уларни хонасига таклиф этди. Бу ҳолат унга ёқмагани, жуда ҳафсаласиз экани шундоққина кўриниб турарди. Вилоятдан келганлару жулдурвоқи қишлоқиларни жинидан баттар ёмон кўрарди. Бунинг устига ундай мартабали кишининг ҳузурига тап тортмай келишларини айтмайсизми? Хуллас, қовоғидан қор ёғар, асаблари таранг эди.

Аёл дарҳол сўзга киришди. Ҳарвардда ўқиган фарзандлари бир йил олдин оламдан ўтибди. Ўғиллари бу ерда ўқиганда жуда бахтиёр бўлган экан, шу боис унинг хотирасига бағишлаб университет ҳудудида бирорта ёдгорлик тиклашни ният қилишибди.

Бу сўзлардан ректорнинг кўнгли юмшамади, аксинча ғазаби келди. “Агар, – деди у истеҳзоли товушда, – Ҳарвардда ўқиган, сўнг ўлган ҳар битта одамга ёдгорлик ўрнатаверсак, бу ер қабристонга айланиб кетади-ку…”

“Йўқ, йўқ… – деб унинг сўзини бўлди аёл. – Ёдгорлик эмас. Ҳарвардда бирорта бино қуришимиз мумкин”. Ректор уларнинг оҳори тўкилган кийимларига нафрат билан боқди-да: “Бино денг?.. – деди асаби ўйнаб. – Сиз битта бино қанчага тушишини биласизми? Энг сўнгги тиклаган иншоотимизга етти ярим миллион доллардан кўпроқ маблағ кетди…”

Бу беҳуда суҳбат энди тўхтайди, бедаво дардисарлардан ҳам қутуламан, деб ўйлади ректор. Аёл бу гапдан сўнг эрига қаради ва: “Бино кўтариш учун бошида шунча пул керак экан, холос. Ундан кўра ўз университетимизни қурсак бўлмайдими?” Аёлнинг гапини эри бош силкитиб маъқуллади. Ректорнинг юз ифодасида эса ҳайрат ва ҳаяжон қоришиқ эди.

Шу билан суҳбат тугади. Жейн ва унинг эри – темирйўлчи тадбиркор, сенатор, собиқ губернатор Леланд Стенфорд Шимолий Калифорнияга, Поло Алто шаҳрига келиб, жаноб ректор менсимаган ўғилларининг шарафига университет очдилар.

Ўн олти ёшга ҳам тўлмай 1884 йили дунёдан кўз юмган кичик Леланд Стенфорд шарафига қад ростлаган бу университет бугун дунёнинг энг йирик ва етакчи олий ўқув юртларидан биридир.

@oriftolib
“Томчи тошни тешади” деган мақол бор. Сув урилаверса, тошни емириб ташлар экан.

Тинимсиз эговланадиган асаблар ҳам шундай ҳолга келиб қолса керак.

@oriftolib
Талатўп

Ур-йиқит, сур-сур ва шу каби бесаранжом, нотинч ҳолат; тўс-тўполон.

Ўн минг уйли Қўнғирот талатўп бўлиб, Кашал элига, Қалмоқ юртига... кўча бошлади.
“Алпомиш”.

Содиқжон бойваччанинг ҳовлиси бирпасда талатўп бўлиб қолди. Зубайда ерда ётарди...
К. Яшин, Ҳамза.

Бу сўз катта эҳтимол билан тала ва тўп сўзларидан ҳосил бўлган. Кўпчиликнинг бирор нарсани талашиши ёки талаши маъносида. Чунки тала сўзидан ясалган ва мазмуни шунга яқин тала-тала, тала-тўполон каби сўзлар ҳам бор.

📌 Демак:

Талатўп
Талотўп

@oriftolib
Алалоқибат

Арабчадан ўтган бу сўз аслиятда ҳам, ўзбек тилида ҳам оқибатда, охир-оқибат маъносини англатади:

Уларнинг қолипга сиғмайдиган бу қилмишлари алалоқибат ўзларини қора курсига етаклаб келди.
Газетадан.

Алал қатнашган сўзлар ўзбек тилида яна учрайди, уларда ҳам бу қисм сўзга қўшилиб ёзилади: алалабад, алалхусус.

📌 Демак:

Алалоқибат
Алал-оқибат

@oriftolib
Ундалмасиз мурожаатда вергул керакмас

Расмий хатларда бир хатога кўп кўзим тушди. Хато вергул ишлатиш билан боғлиқ. Одатда хатларнинг сўнгида, асосий муддао айтиладиган жойда раҳбарга мурожаат қилинади. Бунда аксарият ҳолатларда бошлиқнинг исми ва отаисми келтирилмайди ва гап қурилиши “Сиздан ... ... сўраймиз (илтимос қиламиз)” шаклида бўлади. Масалан:

Сиздан юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз.

Негадир кўпчилик шу жойда Сиздан сўзидан кейин вергул қўяди. Сабабини сўрасангиз, шахсга мурожаат борлиги учун шундай қилинганини айтишади. Бироқ мурожаат бевосита шахсга қаратилмаса, яъни гапда ундалма қатнашмаса вергул қўйилмайди. Чиқиш келишиги қўшимчаси -дан ҳам вергул талаб қилмайди.

📌 Демак:

Сиздан ушбу масалани ҳал этиш бўйича кўрсатма беришингизни илтимос қиламиз.

Сиздан, ушбу масалани ҳал этиш бўйича кўрсатма беришингизни илтимос қиламиз.

@oriftolib
Яхши ювилмаган кийимлар

Бир ёш оила янги уйга кўчиб ўтди. Эрталаб уйқудан зўрға уйғонган хотин деразага қаради ва қўшни аёл кир ёяётганини кўрди.

– Қаранг, кийимлардаги доғлар кетмапти, шундай билиниб турибди, – деди у эрига. Бироқ эри бу гапга эътибор бермади, газета ўқишда давом этди.

– Менимча, совуни ёмон бўлса керак ё у кир ювишни билмайди. Тавба, бир хилгиларга кир ювишниям ўргатиш керак…

Эри индамаётганидан ҳафсаласи пир бўлган аёл гапдан тўхтади. Лекин ҳар сафар қўшни аёл кир ёяётганда ажабланишини билдириб қўяр, кийимларни қандай қилиб тоза ювиш ҳақида ўз қарашларини айтарди.

Ажойиб кунларнинг бирида у яна ойнага қаради ва бирдан таажжубга тушди:

– Ие, қўшнининг кирларини қаранг! Топ-тоза-ку! У кир ювишни ўрганиб олибди, шекилли.

– Йўқ, ундай эмас, – деди бу гапга жавобан эри. – Мен эрта саҳар туриб, ойналарни артиб-тозалаб қўйдим. Ҳамма гап шунда.

@oriftolib
Яхши она яхши бола тарбиялайман деган кучли хоҳиш ва муҳаббатга эга онадир.

Масару Ибука,
“Учгача айни вақти” китобидан

@oriftolib
Имилламоқ

Сустлик билан ҳаракат қилмоқ, иш-ҳаракатда суст бўлмоқ; судралмоқ.

Қўлига ручка олди-да, имиллаб бўлса ҳам, аввал ўзининг, сўнгра отасининг номини ёзди.
П. Турсун, Ўқитувчи.

Кўп имиллайвермасдан тезроқ бўл! – деди Қўчқор, – Ой чиқади сал ўтмай.
О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса.

📌 Демак:

Имилламоқ
Иммилламоқ

@oriftolib
Тўғриламоқ

Изоҳли луғатга кўра, бу сўз ўзбек тилида қуйидаги маъноларда ишлатилади:

1️⃣ Тўғри шаклга ёки ҳолга келтирмоқ, тўғри, адил, тик қилмоқ.

Дарё ўзанини тўғриламоқ. Эгилган ўқни тўғриламоқ.

2️⃣ Хато, нуқсон ва шу кабиларни йўқотмоқ, тузатмоқ.

Имло хатоларини тўғриламоқ. Талаффузни тўғриламоқ. Соатни тўғриламоқ.

3️⃣ Тегишли вазиятга келтирмоқ, тартибга солмоқ, тузатмоқ.

Ёқангни тўғрилаб ол. Сочингни тўғриласанг-чи, тўзиб кетибди-ку.

4️⃣ Бирор томонга қаратмоқ, рўпара қилмоқ; йўналтирмоқ.

Прожекторларни самолётга тўғриламоқ.

5️⃣ Сўзлашув тилида: эпини, иложини қилиб битирмоқ, юзага келтирмоқ, муҳайё қилмоқ; эплаштирмоқ.

Мушкул ишни тўғриламоқ. Бу ҳақда ташвиш қилманг, ўзимиз тўғрилаймиз.

Тўғриламоқ сўзи ва унинг шаклларини ёзишда кўп хато қилинади. Бунинг сабаби, менимча, тўғриламоқ сўзининг ўғирламоқ сўзига оҳангдошлиги. Шунга қиёсан тўғирламоқ шаклида янглиш ёзилади. Бу хатодан қутулишнинг усули – сўзни ёдда сақлаб қолиш ва ёзаётган пайт тўғри сўзини хаёлга келтиришдир.

📌 Демак:

Тўғриламоқ, тўғрилади, тўғриланган
Тўғирламоқ, тўғирлади, тўғирланган

@oriftolib
Гапимни бўлган пайтингизда гапираётганим учун узр сўрайман.

Михаил Жванецкий

@oriftolib
Қўшжўмрак

Тилга янгиликларни, янги сўзларни шу тилдан фойдаланувчилар, унинг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаганлар киритади. Муносиб сўзларни кашф этувчилар журналист, таржимон ёки деҳқон бўлишидан қатъи назар, битта жиҳат уларни бирлаштиради – ижодкорлик.

Kun.uz нашри русча смеситель сўзини жуда зўр таржима қилибдиқўшжўмрак. Иссиқ ва совуқ сувни аралаштириб берадиган бу қурилманинг сўзма-сўз таржимаси аралаштиргич, қориштиргич, қоргич бўлади.

Қўшжўмракда жўмрак иккита, яъни қўш эмас, лекин унга келадиган сув йўли иккита ва унда иссиқ-совуқ сув бир-бирига қўшилади. Шу маънода сўзнинг тўғри, ўринли эканини луғавий жиҳатдан ҳам асослаш мумкин.

Шу сўзни муомалага киритгани учун нашр муҳаррир ва таржимонларига раҳмат айтаман.

@oriftolib
Кўнгил кўзлари

Касалхона бўлмасида иккита оғир бемор ётарди. Касалларнинг бири дераза ёнига, иккинчиси эшик яқинига жойлашганди.

– Ташқарида нима гаплар? Ойнадан у-бу кўриняптими? Жуда сиқилиб кетди-ю одам… – деди эшик олдидаги киши.

– Ў-ў! – деди жонланиб иккинчи хаста. – Осмонни, булутларни, кўлни ва олисдаги ўрмонни кўряпман.

Дераза ёнидаги киши ҳар куни хонадошига дераза ортида нималар бўлаётганини сўзлаб берарди. У кўлдаги балиқчилар, уларнинг катта илмоқлари, тутган балиқлари, соҳилда ўйнаб юрган болалар, уфққа бош қўйган қуёш, сувнинг мавжланиб туриши ва ҳоказолар ҳақида гапирарди.

У ажойиб-ғаройиб манзараларни ҳикоя қиларкан, шеригининг ичини ит тирнарди. “Бу адолатдан эмас, – деб ўйларди. – Нимага уни дераза ёнига қўйишган-у, мени пойгакка, оёқостига итқитишган? У ҳар куни дунёни томоша қилиб, роҳатланиб ётади. Мен бўлсам, бўёғи кўчган эшикдан бошқа нарсани кўрмайман”.

Бир куни ойна ёнидаги беморни қаттиқ йўтал тутди, хириллаб нафас ола бошлади. У ҳамширани чақириш учун бош томонидаги қўнғироқ тугмасига интилди, бироқ ета олмади. Чунки бунга мажоли қолмаганди, йўтал кучайган, аъзойи бадани дир-дир титрарди. Хонадоши бўлаётган воқеаларни жимгина кузатиб турди. Хоҳласа, ўзининг тугмачасини шундоққина босар, ҳамшира зумда етиб келарди. Лекин у хоҳламади.

Бироз вақт ўтгач бемор тинчиб қолди. У бу ғалвали ва диққинафас дунёни мангуга тарк этди.

Уни олиб чиқиб кетишаётганда хонадоши ҳамширадан: “Энди мени ойна ёнига олиб ўтиб қўйсангиз”, деб илтимос қилди. Ҳамшира унинг ўтинчини ерда қолдирмади. Кўрпа-тўшакларни тўғрилади, устидаги жилдини янгилагач, яхшилаб сирди. Сўнг беморни кўчириб ўтказди. Ҳаммаси жойида эканига ишончи комил бўлгач, эшик томонга йўналди. Бироқ уни касалнинг товуши тўхтатди. Унинг овозида ажабланиш бор эди:

– Ахир қанақасига?! Бу ойнадан қуп-қуруқ деворларгина кўзга ташланяпти-ку! Анави ўлган хонадошим менга ўрмонни, кўлни, булутларни, одамларни кўргани ҳақида гапирганди. Қандай қилиб? Ахир бу ойнадан одамни завқлантирадиган ҳеч нарса кўринмаяпти!

Ҳамшира маъюс жилмайди:

– У умуман кўра олмасди. Бечора шеригингизнинг кўзлари ожиз эди.

@oriftolib
Расул Ҳамзатов

Қон ва кўзёш

Ярадан қон оқиб чўзилар узун,
Аммо кўзда ёш йўқ...
Чунки бизларда
Ёшмас, қон оқизмоқ афзал эр учун.
Аксини танлаган эркак бўларми?

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси

@oriftolib
Момақаймоқ ўсимлигининг яна бири номи – ...
Anonymous Quiz
45%
Қоқи ўт | Qoqi oʻt
55%
Қоқиўт | Qoqioʻt
Уйғур таомлари ва хитойча сўзлар

Тиллар доим ўзаро алоқада ва таъсирда бўлади. Бир тилга ундан анча узоқ бўлган, бошқа оилага мансуб тилдан ҳам сўзлар кириши мумкин.

Бундан ўн-ўн икки йиллар олдин У. Турсунов, Б. Ўринбоев ва А. Алиев муаллифлигидаги “Ўзбек адабий тили тарихи” китобини ўқиб, ўзим учун анча ҳайратланарли янгиликлар билан танишган эдим. Жумладан, ўзбекчада аслан хитойча сўзлар борлиги мен учун анча кутилмаган маълумот эди.

Хитойча сўзлар уйғур тили орқали ўзлашган. Уларнинг ичида таом номлари кўпчиликни ташкил қилади. Масалан:

Лағмон хамирни чўзиб ёки узун ингичкароқ кесиб тайёрланган, юзига қайла солиб ейиладиган хамир овқат тури. Уйғур тилида лэнмэн деб талаффуз қилинувчи бу таом номи хитойча лянмянь сўзидан: лян – совуқ, мян – угра, хамир.

Манти – хамир орасига гўшт ёки қовоқ, баъзан картошка солиб тугиб, буғда пиширилган овқат. Уйғур тилида манту, манти дейиладиган бу таом номи хитойча мантоу сўзидан.

Манпар – хамири тасмага ўхшатиб кесиб, сўнг узиб, шўрвасига солиб тайёрланадиган хамир овқат тури. Уйғур тилида ҳам манпар деб аталадиган бу таом номининг асли хитойча манпэзэдир.

Шиман – хамири юпқа кесилган лағмон. Бу таом ҳозир унча машҳур эмас. Лекин айрим жойларда пиширилади. Шу сабабли номи ҳам қулоққа кам чалинади. Уйғур тилида шимэн дейиладиган таом хитойча симянь сўзидан: си – юпқа, мян – кесилган хамир, угра.

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида саналган барча таомлар хамир овқат саналади ва барчасининг номи таркибида ман – хамир сўзи бор.

Ҳозир миллий ёки уйғур таомлари ресторанларида сай исмли таомлар тайёрланади: айримсай, гўштсай, тухумсай, товуқсай ва ҳоказо. Сай сўзининг илдизи хитойча байцай – кўкат, карам сўзига бориб тақалади. Бу сўз ўзбек шеваларида басай шаклида ишлатилиб, овқатга солинадиган кўкат турини англатади.

Сай алоҳида ҳолатда турпдан тайёрланган салатни билдиради. Уйғур тилида эса салат, газак маъноларига эга, сай самса эса кўк сомса демакдир.

@oriftolib