Orif Tolib
10.6K subscribers
969 photos
91 videos
5 files
1.72K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
#Сўраган_эдингиз

“Таҳаккум” нима дегани?

Таҳаккум бугунги тилимизда ишлатилмайди. Лекин Навоий ва Бобур асарларида ишлатилган.

“Навоий асарлари луғати” таҳаккум сўзини икки маънода шарҳлаган:

1️⃣ Ҳукм юритиш, зўрлик билан ҳукмронлик қилиш; устун чиқиш;

2️⃣ Бировнинг ҳукмини, амрини истар-истамас қабул этиш.

“Бобурнома” луғати эса ҳукм қилиш йўли, устун чиқиш йўли деб изоҳлабди.

“... Эл қочиб ул вилоятқа борди, таҳаккум тариқи била тамаъ қиладур, агар бурунроқ бу сўз арода бўлса эди, филжумла важҳи бор эди, аларнинг таҳаккумини ким тортор бўлғай?”

Шу парча “Бобурнома” табдилида бундай берилибди:

“Яна бири буки, эл қочиб у вилоятларга борган шундай бир пайтда буйруқ йўсинида бу талаб қўйилди. Агар бу таклиф бурунроқ орага тушса, балки ўринли бўлар эди. Уларнинг ҳукмига ким ҳам рози бўларди?!”

Юқоридаги жумлаларда таҳаккум бир ўринда буйруқ, ҳукм юритиш, кейингисида ҳукм қилиш маъносида келяпти.

Арабча синиқ кўплик қоидаси ҳақида олдин айтган эдим. Таҳаккумнинг ўзаги – ҳукм. У ҳозирги тилимиздаги ҳукмдор, ҳоким, маҳкум, ҳакам сўзлари таҳаккум билан ўзакдош.

Араб тилининг балоғат илми қоидаларига кўра, бир сўзни ўзининг антоними ўрнида қўллаш таҳаккум дейилар экан. Ўзбек тилида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бор. Масалан, одамлар оғзи шалоқ кишига нисбатан қантовуз (қанд + оғиз = ширинсўз) ёки эзма одамга нисбатан камгап иборасини ишлатиши мумкин. Бундай ўринларда сўз ўзининг зидди маъносини ташийди.

Жумладаги таҳаккумга мисол. Ишга сабабсиз уч кун келмаган ходимга шериги: “Бошлиққа учраш, сени ажойиб мукофотлар кутиб турибди”, дейиши мумкин. Бу ерда гап мукофот ҳақида эмас, албатта. Жазо ҳақида. Мукофот сўзи ўзининг антонимига синоним бўлиб келяпти.

@oriftolib
Милодийми ё мелодий?

#Сўраган_эдингиз

Милодий сўзини мелодий шаклида хато ёзиш кўп учрайди.

Милодий сўзининг ўзаги милод арабчадан олинган, аслиятда туғилиш деган маънони англатади. Ўзбек тилида икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Исо пайғамбарнинг туғилган куни.

Милоддан бурун. Милоддан кейин.

Асалари оиласини биринчи бўлиб милоддан илгари яшаган юнон файласуфи Арасту текширган.
"Фан ва турмуш".

2️⃣ Милодий йил ҳисоби.

Милоднинг бешинчи асри.

Танга Ўзганда ҳижрий 397 йилда, милоднинг 1006-1007 йилларида зарб этилган.
"Фан ва турмуш".

Милодий сўзи милод сўзидан ясалган сифатдир. У милоддан бошланган йил ҳисобини англатиш учун ишлатилади:

Милодий йил ҳисоби. Ҳижрийни милодийга айлантириш. Милодий 1494 йилнинг ёзи.

📌 Демак:

Милод, милоддан олдинги, милоддан кейинги, милодий
Мелод, мелоддан олдинги, мелоддан кейинги, мелодий

@oriftolib
Ҳужжатни олувчи қандай акс эттирилиши керак?

#Сўраган_эдингиз

Савол:

Бирор ташкилотга мурожаат қилинганда ёки жавоб хати ёзишда ҳужжатни олувчи қандай расмийлаштирилиши керак? Масалан:

Давлат солиқ қўмитаси
ёки
Давлат солиқ қўмитасига

Қай бирини қўллаган афзал?

Жавоб:

Ҳужжатни олувчи ташкилот ёки мансабдор шахс номи хатнинг ўнг бурчаги юқори қисмига ёзилади. Ҳужжат ташкилот, унинг бўлинмаси ёки аниқ мансабдор шахсга йўналтирилади. Бунда ташкилот номи, таркибий бўлинма ва мансабдор шахс лавозими бош келишикда, фамилияси эса жўналиш келишигида кўрсатилади. Мансабдор шахс кўрсатилмай, фақат ташкилот ёки бўлинма номи берилганда эса жўналиш келишиги қўшимчаси номдаги охирги сўзга қўшилади:

Масалан:

Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлигига


Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги
Таълим сифати мониторинги бошқармасига


Республика таълим маркази
директори Ш. Сатторовга


Ҳужжат жисмоний шахсга жўнатилаётганда олдин почта манзили, кейин исми ва отаисмининг бош ҳарфлари ва фамилияси ёзилади. Исм ва отаисмни тўлиқ ёзиш ҳам мумкин.

👉 Манзил қандай ёзилади: биринчи мақола, иккинчи мақола, учинчи мақола.

@oriftolib
Афкори омма ва афкор омма

#Сўраган_эдингиз

Шу кунгача бу иборанинг фақат афкор омма шаклини билардим, холос. Лекин изоҳли луғат форсий изофа билан афкори омма кўринишида берибди, маъносини бутун омма деб изоҳлабди:

Жаҳон афкори оммасини даҳшатга солган зилзила 1988 йил 7 декабрда Арманистонда юз берди.
“Фан ва турмуш”.

Афкор сўзи арабчадан олинган, фикрлар дегани. Омма сўзи эса умум, кўпчилик, халқ маъноларига эга. Шу маъноларга таянадиган бўлсак, афкори омма – кўпчиликнинг фикри деган маънони англатади.

Ўзбекча-русча луғат сўзнинг афкор омма, афкори омма ва афкори умумия шаклларини келтирган ва жамоатчилик фикри деган маънода изоҳлаган. Шу луғатга таянадиган бўлсак, иборанинг афкор омма шакли ҳам тўғри.

Бугун бу иборанинг маъноси ўзгариб кетган. Оммавий ахборот воситаларида у фикр билдирувчи қатлам, жамоатчилик маъносида ва изофасиз шаклда ишлатиляпти:

Бу воқеа жаҳон афкор оммаси эътиборини тортди.

Дунё афкор оммаси бунга кескин норозилик билдирди.


@oriftolib
Амалиётчи талаба учун тавсифнома

#Сўраган_эдингиз

Амалиёт ўтаган талабага ижобий тавсифнома қандай ёзилади?

Жавоб:

Тафсифнома матни учинчи шахс тилидан ёзилади. Дастлаб ҳужжат ким ҳақидалиги саҳифанинг ўнг томонида кўрсатилади. Сўнг ўртага Тавсифнома сўзи ёзилади ва алоҳида хатбошидан тавсифланаётган шахснинг сифатлари, эътиборга молик фазилатлари ва малака-ютуқлари кўрсатилади. Энг охирида тавсифнома ёзган шахс номи ва сана берилади. Ҳужжат муҳр ва имзо билан тасдиқланади.

Тавсифномани ташкилот бошлиғи ва амалиёт раҳбари имзолагани яхши. Ёки улардан бири имзоласа ҳам бўлади. Деканатнинг кайфиятини билиб қўйган ёмон эмас. Гулини гулига қўйиб ишлашни ёқтирадиганлар ҳам бошлиқ, ҳам амалиёт раҳбари имзо қўйсин деб туриб олиши мумкин. Аслида бунинг ҳожати йўқ.

Амалиёт ўтаган талаба ҳақида ижобий тавсифномага мисол (номлар тўқима 😏):

ЎЗЖОКУ интернет журналистика
ва ижтимоий тармоқлар факултети
3-курс талабаси
Тошов Ёшвой Эшвой ўғлига

Тавсифнома

Тошов Ёшвой Эшвой ўғли 2021 йилнинг 1–20 июл кунлари “Уммон” интернет нашри таҳририятида амалиёт ўтади. У меҳнатсеварлиги, ишга масъулият билан ёндашиши, ўз билим-кўникмаларини оширишга интилиши билан таҳририят жамоасининг эътиборини қозонди.

Амалиёт давомида “Қайси олий ўқув юртларида бир йиллик магистратура йўналишлари очилди?”, “Олий маълумотли ёшлар ўз соҳасида иш топа оляптими?”, “Қабулдаги янгиликлар: аёллар учун имтиёзлар” каби мавзуларда мақолалар тайёрлади. Бошқа муаллифларнинг мақолаларини таҳрир қилди. Ўқувчиларга қизиқ мавзулар бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Ёшвой Тошов журналистика соҳасида ўз ўрнига эга мутахассис бўлади деб ишонамиз.

Тавсифнома ЎЗЖОКУ интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факултетига топшириш учун берилди.

Бош муҳаррир (имзо, муҳр)
Ҳ. Каттабеков
2021 йил 21 июл

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Белгилардаги ҳиссиёт

#Сўраган_эдингиз

Ҳозир компютер ва смартфонларда эможилар – ҳисбелгиларнинг хилма-хил турлари бор. Тайёр график нишонлар – стикерлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Лекин баъзида ҳарфлар ва тиниш белгилари билан ҳам турли муносабат ва ҳолатларни акс эттириш мумкин.

Бунда керакли эможини қидириб ўтирмайсиз, клавиатурадаги тайёр белгилардан фойдаланасиз. Масалан, жумла охирига ) – ёпувчи қавс белгисини қўйиш жилмайиш, хуш кайфиятни англатади. Бундай имло интернет тилига хос. Эможилардан эса жиддийроқ матнларда ҳам фойдаланиш бошланган.

Қуйида туйғу ёки ҳолатни ифодалашга хизмат қиладиган баъзи белгилар билан танишасиз.

@oriftolib
Урушлар номи қандай ёзилади?

#Сўраган_эдингиз

Савол:
Биринчи жаҳон уруши, иккинчи жаҳон уруши
каби бирликларнинг ҳар бири бош ҳарф билан ёзиладими?

Жавоб:
Имло қоидаларига кўра, муҳим тарихий сана ва байрамларнинг номлари таркибидаги биринчи сўз бош ҳарф билан бошланади: Мустақиллик куни, Хотира куни, Рамазон ҳайити, Наврўз байрами каби.

Урушлар номи ҳам ана шу қоидага тушади. Улар муҳим тарихий сана ҳисобланади. Шунга кўра, урушлар, жанг ва тўқнашувлар номининг биринчи сўзи бош ҳарфда ёзилиши керак. Номлар қўштирноққа олинмайди:

Биринчи жаҳон уруши, Иккинчи жаҳон уруши, Рус-япон уруши, Шимол ва жануб уруши (АҚШ), Лой жанги, Анқара жанги.

❗️ Эътибор беринг: уруш ва жангларнинг расмий-тарихий номларигина бош ҳарфлар билан ёзилади. Умум қабул қилинган шаклдан ўзгача тарздаги аташ ёки изоҳлашлар кичик ҳарфларда берилиши керак: руслар ва японлар ўртасидаги уруш, хуросонликлар ва мовароуннаҳрликлар жанги каби.

Лекин жанг ёки урушга қандай ном берилгани айтилганда қўштирноқ ишлатилади. Бунда одатда аталмоқ, номламоқ, ном бермоқ, ном олмоқ каби сўзлар қатнашади:

Бу жанг тарихда “Лой жанги” номи билан шуҳрат топди.
“Рус-япон уруши” деб аталган бу уруш ҳақида маълумотлар кўп.

📌 Демак:

Иккинчи жаҳон уруши, Болқон уруши, Бадр жанги

Иккинчи Жаҳон уруши, Иккинчи Жаҳон Уруши, иккинчи жаҳон уруши, Болқон Уруши, болқон уруши, “Болқон” уруши, Бадр Жанги, бадр жанги, “Бадр” жанги

@oriftolib
Ф. И. О. ми ёки ФИО?

#Сўраган_эдингиз

Кўпинча турли маълумотнома ва жадвалларда фамилияси, исми, отаисми сўзлари қисқартириб берилади. Уни қай шаклда ёзиш тўғри?

Бу борада аниқ қоида йўқ. Лекин мантиқий жавоб топиш мумкин.

Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларида кўрсатилишича, А. Ж. Жабборов, А. Д. Абдувалиев кабиларда исмнинг ва отаисмнинг биринчи ҳарфига тенг қисқартмалар фамилиядан ажратиб кўчирилмайди. Шунингдек, в. б. (ва бошқалар), ш. к. (шу кабилар) сингари ҳарфий қисқартмалар ҳам олдинги сўздан ажратиб кўчирилмайди.

Ф. И. О. қисқартмаси ТТА, АЭС, ХДП, АҚШ, БМТ каби сўзларга ўхшаш қисқартма сўз эмас, ҳарфий қисқартма. Чунки у алоҳида сўз саналмайди. Қисқартма сўзлар эса янги сўз саналади ва матнда мустақил қўллана олади. Ф. И. О. моҳиятан в. б., ш. к. қисқартмалари билан бир хил. Демак, уни ҳам нуқта билан ёзиш тўғри бўлади.

Имло қоидаларида берилган мисолда в. б. ва ш. к. қисқартиришларида нуқтадан кейин бўш жой ташланмабди. Аслида бўш жой бўлиши керак. Чунки матн ичида қўлланган тиниш белгилари одатда ўзидан кейин битта бўш жой талаб қилади.

Ф. И. О. ҳарфий қисқартмасини в. б. ва ш. к. сингари кичик ҳарфларда ҳам ёзиш мумкин: ф. и. о. Аммо бош ҳарф билан ёзган афзал. Чунки бу қисқартмалар бош ҳарф билан ёзилувчи сўзларга ишора қилади, исм, фамилия ва отаисми ҳар доим бош ҳарф билан ёзилади.

Қисқартиришни нуқтасиз ФИО шаклида ёзиш ҳам мумкин. Лекин Ф. И. О. қоидага мосроқ.

@oriftolib
“Хаос” нима дегани?

#Сўраган_эдингиз

Савол:
Афғонистондаги тартибсизликлар, айниқса аэропортдаги тўполонларни хаос сўзи билан ифодалашяпти. Ушбу сўзнинг маъноси ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб:
Хаос
сўзи изоҳли луғатга киритилмабди. Лекин миллий энциклопедияда шарҳланган:

Хаос юнонча chaos – тартибсизлик сўзидан. Юнон мифологиясида азалий чексиз фазони билдиради. Кўчма маънода эса бошдан-оёқ тартибсизлик, чигалликни англатади.

Ҳозир асосан кўчма маъносида қўлланади.

@oriftolib
Чалқа ва чалқанча

#Сўраган_эдингиз

Чалқа сўзи ўзбекчада мустақил ишлатилмайди. Чалқа тушмоқ ибораси таркибида келади ва орқани ерга бериб, чўзилиб ётиш, чалқанча тушиб ётишни англатади:

Ўлик солдат чалқа тушиб ётибди.
Т. Рустамов, Мангу жасорат.

Умуман, чалқа ўзакли сўзлар орқа томонни ифодаловчи мазмунга эга. Масалан, чалқаймоқ сўзи орқага эгилиш; бошни орқага ташлаш маъноларига эга:

Бизни кўрди-ю, тоға қўлларига суяниб чалқайди.
Т. Мурод, От кишнаган оқшом.

Чалқанча сўзининг мазмунини кўпчилик янглиш тушунади. Бу сўз орқани ерга бериб, чўзилиб, осмонга қараб деган маъноларга эга. Чалқанча ётиш осмонга қараб, орқани ерга бериб ётишни англатади:

Бобом кўлмакда чалқанча ётар, инграр эди.
Ў. Ҳошимов, Икки эшик ораси.

Чалқанча сўзининг чалқанчасига варианти ҳам бор:

У чалқанчасига сузди.
“Ёшлик”.

@oriftolib