Orif Tolib
9.8K subscribers
909 photos
85 videos
5 files
1.61K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Qoʻllov:
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Янги китоб

Пунктуация бўйича китоб чиқибди.

Китоб Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида нашр этилган.

Ҳақиқатан, тиниш белгиларини қўллаш энг кўп мурожаат қилинадиган масала. Ўрганиш керак.

Матнни вергулзор қилиш ҳам имломизнинг энг оғриқли жиҳатларидан. Ишқилиб, бу қўлланманинг ўзи ҳам ҳолатни янада мураккаблаштириш йўлидан бормаган бўлса бўлди. Чунки бу йўналишдаги олдинги айрим қўлланмаларда баъзи ўринларда шундай йўл тутилганини кўрганман. Лекин барибир шу китоблар ҳам етарлича тушунча ва хулосалар бера олади.

Имло қулай, қоидалар мантиқан асосли, энг муҳими, кишидан академик билимдонликни талаб қилмайдиган бўлиши зарур. Менимча.

@oriftolib
Қутлуғ бўлсин!

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Oʻzbekiston 24” телеканали бўлим катта муҳаррири, “Микрофон кўтарган аёл” саҳифаси муаллифи, курсдошим Азиза Қурбонова “Шуҳрат” медали билан тақдирланибди. Эшитиб хурсанд бўлдим.

Азизани бу муваффақият билан табриклайман. Оилавий бахт, ижодий ишларида янгидан-янги зафарлар тилайман.

@oriftolib
Атир ва атри

Атир сўзи араб тилидан олинган, аслиятда хушбўй модда маъносига эга. Ўзбек тилида хушбўй моддаларнинг спиртдаги эритмасидан иборат косметик суюқликни англатади. Ҳозир спирт қўшилмаган атирлар ҳам ишлаб чиқариляпти.

Бу сўзга эгалик қўшимчаси қўшилганда кўпинча бир и тушади:

Атиргулим, атринг қайга таралади,
Боғ ичида кимлар сени саралади?

Қўшиқдан.

Лекин бу ҳолат ҳамиша ҳам кузатилавермайди:

Бозоров «Ландиш» атиридан юзига, сочига, кителининг ёқасига суртди.
И. Раҳим, Чин муҳаббат.

Хўш, қачон товуш тушади, қачон тушмайди? Бунинг аниқ бир қоидаси йўқ. Лекин ўзимиз учун қоида ясаб олишимиз мумкин. Агар атир сўзи объектнинг хусусиятини англатса, товуш тушади: майсаларнинг атри. Атир, яъни хушбўйлик белгиси майсага тегишли. Агар атир сўзи объектга оид бўлса, унинг хусусиятини билдирмаса, товуш тушмайди: француз атири, эркаклар атири, аёллар атири. Бунда атири сўзи тегишлиликни англатяпти. Француз, эркаклар, аёллар атирнинг эгалари ёки атир уларга хос.

Атир сўзига -лар қўшимчаси қўшилганда товуш тушиши кузатилмайди.

📌 Демак:

Атир, гул атри, француз атири, атирлари
Атр, гул атири, француз атри, атрлари

@oriftolib
Муножот

Муножот сўзи араб тилидан кирган, аслиятда илтижо, махфий суҳбат маъноларини англатади. Ўзбек тилида қуйидаги маъноларда ишлатилади:

1️⃣ Исломдаги фарз намозлардан ташқари ихтиёрий равишда ўқиладиган намозлар. Ҳар қандай диндорнинг худога ихтиёрий илтижо ва ибодат қилиши ҳам муножот ҳисобланади.

2️⃣ Шарқ мумтоз адабиётининг анъанавий унсурларидан бири. Одатда муножотда нажот умиди, илтижо ва тавбалар тангрига оташин мурожаат шаклида ифодаланади.

3️⃣ Йирик шаклдаги ўзбек мумтоз чолғу куйлари туркуми (уч асосий қисмдан иборат).

4️⃣ Хотин-қизлар исми.

📌 Демак:

Муножот
Муножат

@oriftolib
Дарахт ва бута

Дарахт форс тилидан олинган, аслиятда ҳам ўзбекчадаги каби маънода ишлатилади. Тана қўйиб, шох ва новдалар чиқариб, томир отиб ўсадиган кўп йиллик ўсимлик дарахтдир.

Бута сўзи ҳам форс тилидан олинган. Аслиятда бута, бутазор; нақш, расм маъноларини беради. Ўзбек тилида ҳам шунга яқин маъноларда қўлланади:

1️⃣ Тагидан шохлаб ўсадиган майда пастак дарахт.

2️⃣ Кўчма маънода: ўзбек халқ амалий санъатида кўпинча бир тутам ўсимлик гулини ифода этувчи нақш.

Дарахт сўзининг соф ўзбекча, туркийча муқобили – оғоч. Лекин бу сўз асосан китобий тилда ишлатилади. Оғоч ўзгариб, бугунги тилда ёғоч сўзига айланган. Ёғоч дарахтнинг кесилган танасини англатади.

Терак – дарахт, анор эса – бута. Дарахт ва бутанинг фарқини табиий фан мутахассислари соддароқ тарзда бундай тушунтиради:

Дарахт – битта йўғон ёғоч пояли ўсимлик.

Бута – бир нечта ёғоч пояли ўсимлик.

Ўт – яшил пояли ўсимлик.

@oriftolib
Ҳижрий-шамсий йил ҳисоби

Бу йил ҳисоби қуёшнинг йиллик ҳаракат циклига қараб белгиланади. Давомийлиги Григорий календаридаги каби 365 ёки 366 кундан иборат. Йил 22 мартдан бошланади, кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади.

Қуёшнинг Ер атрофида йиллик кўринма айланиш даври тропик йил ҳисобланади. Ушбу йил Қуёш календарини тузишда асос қилиб олинади ва у шамсий тақвим (қуёш тақвими) дейилади. Шамсия сўзи арабча шамс – қуёш сўзидан.

Шамсия йили қуйидаги ойлардан иборат: ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадй, далв. Бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вақтларида келади.

Миллий энциклопедияга кўра, Эронда ҳижрий-қамарий тақвим билан бир пайтда ҳижрий-шамсий тақвим ҳам қўлланади. Унда хронология ҳижрат кунидан бошланади, аммо йил узунлиги қуёш календари бўйича ҳисобланади. Йил боши сифатида баҳорги тенгкунлик – Наврўз куни олинган, ойлар эса буржлар билан деярли устма-уст тушади.

Айрим Шарқ мамлакатларида ҳам йил, ҳам ой асосий бирлик бўлган ой-қуёш календарлари қўлланади. Календар тарихида Умар Хайём таклиф қилган ислоҳот ҳам аҳамиятга молик. У ўша даврда амалда бўлган календарлар билан танишиб, улардаги камчиликлардан холи бўлган қуёш календарини ишлаб чиққан. Ушбу тақвим салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан жорий ҳам қилинган (Юлий календари бўйича 1079 йил 15 мартда). Аммо султон вафотидан (1092 йил) кейин амал қилинмай қолиб кетган.

Ўрта Осиёда янги услуб, яъни Григорий календари кенг оммалашгунга қадар қамария ҳисоби ҳам, шамсия ҳисоби ҳам ишлатиб келинган. Шамсия ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларида Наврўз байрами ўтказилган.

@oriftolib
Аммо, лекин, бироқ ва вергул

Аммо, лекин, бироқ, балки сўзлари зидлов боғловчиларидир. Улар мазмунан бир-бирига қарама-қарши қўйилган бўлакларни ёки гапларни боғлаш учун хизмат қилади. Бу боғловчилар билан вергул ишлатишда кўп хато қилинади. Аслида қоидаси анча осон.

Аммо, лекин, бироқ сўзлари гап ичида келганда улардан олдин вергул қўйилади. Гап бошида ёки ичида келишидан қатъи назар, бу сўзлар ўзидан кейин вергул талаб қилмайди:

Бу жуда қийин иш, аммо бажарамиз.
Майли, сиз яширдингиз. Аммо ман яширмайман.

Ойбек, Танланган асарлар.

Уй кичкина, лекин ёруғ.
Бу – қийин масала. Лекин ҳал қилишга уриниб кўрамиз.

Ҳаво булут бўлди, бироқ ёмғир ёғмади.
Бу ҳақда кўп ўйлади. Бироқ бир тўхтамга кела олмади.


Аммо ва лекин сўзлари жуфт ҳолда юкламага айланади ва фикрни алоҳида таъкидлаш учун хизмат қилади. Бунда одатда гап бошида келади ва улардан сўнг вергул қўйилмайди:

Аммо-лекин бопладингиз.
Аммо-лекин Эш қаттиқ ишлади.
С. Аҳмад, Уфқ.

Аммо ва лекин аслан арабча, бироқ эса соф туркийча-ўзбекчадир.

@oriftolib
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
17%
Боёқиш | Boyoqish
83%
Бояқиш | Boyaqish
Optimistlarning orzulari ushaladi. Pessimistlarning qoʻrquvlari.

Bernard Shou

@oriftolib
“Ал” ва унинг имлоси

Ўзбек тилида араб тилидан кирган сўзлар кўп. Сўзлар билан бирга араб тилидаги аниқ артикл ал ҳам тилимиз чегараларидан ичкарилаган.

Ал артикли қатнашган бирикмаларнинг қандай ёзилиши бўйича қатъий қоида йўқ, лекин қатъий одат бор. Ал артикли қатнашган сўзлар икки хил усулда ёзилади. Чизиқча билан ажратилган ёки чизиқчасиз, сўзга қўшилган ҳолатда:

1️⃣ “Хазойин ул-маоний” девонлари. “Наводир уш-шабоб” асари. “Асос ул-балоға” асари.

2️⃣ “Хазойинул маоний” девонлари. “Наводируш шабоб” асари. “Асосул балоға” асари.

Мен тиниш ва имло белгиларини иложи борича кам қўллаш принципидан келиб чиқиб, иккинчи вариантни маъқул кўраман.

Ал артикли араб тили қоидаларига кўра фонетик ўзгаришларга учрайди. Биз ўзбекчада унинг ўқилишини қабул қиламиз ва шундай ёзамиз.

Бу артикл тахаллус ва нисбалар таркибида ҳам учрайди. Нисба одатда кишининг касб-кори ёки қаердан эканини билдиради. Масалан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўзбекчада Муҳаммад Мусо ўғли, Хоразмдан ёки хоразмлик Муҳаммад Мусо ўғли бўлади.

Исмлар таркибидаги ални ўзбекчада тушириб қолдириш ҳам мумкин. Масалан:

Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Абу Райҳон Беруний.

Ал артикили ёлғиз нисба билан келган ўринларда, агар гап бошида бўлмаса, кичик ҳарфларда ёзилади:

Ал-Фарғоний, ал-Хоразмий, ал-Форобий, аз-Замахшарий, ас-Самарқандий.

Арабча шаҳарлар номини, жумладан, артикл қатнашган шаҳар номларини ёзганда русча ёки инглизчадан шундоққина кўчириб қўявермаслик керак. Масалан, Саудия Арабистони пойтахтини Эррияд ёки Эр-Рияд деб бериш хато бўлади. Ар-Риёд, Риёд деб бериш мумкин. Риёз деб бериш янада тўғрироқ.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Беҳурматсизлик

Битта вазифадаги қўшимчани икки марта ишлатиш бир хил кўйлакни устма-уст кийишга ўхшайди. Ўта ортиқча ва мантиқсиз иш. Лекин баъзида шундай хатоларга ҳам йўл қўйиб турилади. Гоҳида бу хатоларни англаш мушкул бўлса, айримлари шундоқ манаман деб кўриниб-сезилиб туради.

Беҳурматсизлик сўзидаги янглишлик бўртиб-билиниб турибди. Ё беҳурматлик бўлиши керак, ё ҳурматсизлик. Иккита инкор қўшимчаси бир пайтда қўшилган. Бу тил қоидалари ва мазмунга зид.

Тўғри, инкор билдирувчи қўшимчалар кетма-кет келиши мумкин. Лекин битта сўзда эмас. Иккита сўзда: билмай қўймайди. Бунда инкор маъноси эмас, унинг акси – аниқлик, муқаррарлик маъноси англашилади: аниқ билади, билиши аниқ.

Хуллас, битта сўзга бир хил қўшимчани қўшиш бемантиқсизликдир. Бундан эҳтиёт бўлишимиз керак.

@oriftolib
#Кундаликдан

Бир тилнинг ҳолатига, ўзгаришларига қараб ўша тил эгаларининг қай даражада янгилик яратувчи, ихтирочи эканини англаш мумкин. Инглиз тилига ўртача ҳар икки соатда битта янги сўз қўшилар экан. Бу – инглиз тили бир йилда ўртача 4000 та сўзга бойийди дегани.

Тўғри, янги сўзлар жонли тилда фаол ишлатилмайдиган, илм-фаннинг қайсидир соҳасидагина қўлланадиган хос сўзлар бўлиши мумкин. Лекин ўша хос соҳада, тор мутахассислик бўйича меҳнат қилаётганлар инглиз тилли кишилардир. Бундай ноёб касб эгалари оддий одамлардан катта устунликка, жумладан, моддий устунликка эга бўлиши табиий.

@oriftolib
Har narsada hikmat bor

Kema halokatidan faqat bir kishigina omon qoldi. Ummon to‘lqinlari uni kimsasiz orolga olib borib tashladi. U titrab-qaqshab Xudoga yolvordi, qutqarishini so‘radi.

Odam har kuni ufqlarga uzoq tikilib o‘tirar, biror qora ko‘rinarmikan deb umid qilardi. Nihoyat bu ishdan zerikdi. Tunash va yirtqichlardan himoyalanish uchun turli shox-shabbalardan bir boshpana qurdi. Oradan kunlar o‘tdi. Bir kuni kechgacha oziq-ovqat qidirib yurdi. Ancha-muncha yegulik topib, horib-tolib qaytib keldi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki... Uyi yonib, bir uyum kulga aylanibdi. Bu holdan uning yuragi g‘azab va alamga to‘ldi:

– Ey Xudo, menda nima qasding bor!? – deb o‘krab yubordi.

Ertasi kuni tongda uni sohilga yaqinlashayotgan kema tovushi uyg‘otib yubordi. Kema bu yerga uni qutqarish uchun kelayotgandi.

– Bu yerda ekanimni qaydan bildinglar? – deb so‘radi u hayratlanib qutqaruvchilardan.

– Axir kecha o‘t yoqib ishora berding-ku! – deyishdi kemadagilar.

“Maʼrifat” gazetasida chop etilgan.

@oriftolib
У этигини қўлантаёқ кийган эди.

“Қўлантаёқ” бу – ...
Anonymous Quiz
20%
Таёқ билан
26%
Шоша-пиша
33%
Пайтавасиз
22%
Қўнжини эзиб
Амнистия

Амнистия унутиш; кечириш маъноларини англатувчи юнонча amnestia сўзидан олинган. У жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни жазодан тўла ёки қисман озод этиш, тайинланган жазо турини енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги фармойишдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади. Ушбу тақдимга биноан Сенат амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилади.

📌 Демак:

Амнистия
Амнитсия, амниция

@oriftolib
Айирбошламоқ ва айрибошламоқ

Айирбошламоқ сўзи икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Бошма-бошига ёки бошқа бирор шарт билан бирор нарсани алишмоқ, алмашмоқ, алмаштирмоқ.

Сотишга ва айирбошлашга ярайдиган нарсалар ҳам соп бўлди.
П. Турсун, Ўқитувчи.

2️⃣ Янгиламоқ, ўзгартирмоқ.

Ишдан кейин кийимларни айирбошламоқ.

Асосан биринчи маъносида ишлатилади.

Айирбошламоқ сўзи айрибошламоқ вариантига ҳам эга. Бу вариант имло луғатларига кирган.

Изоҳли луғатда айрибошламоқ сўзи берилмаган. Лекин айрибош қилмоқ ибораси айирбош қилмоқ иборасининг варианти экани кўрсатиб ўтилган.

📌 Демак:

Айирбошламоқ, айрибошламоқ, айирбошлаш, айрибошлаш

@oriftolib
Такрор сўзлар ва такрорланган сўзлар имлоси

Имло қоидаларига кўра, такрор сўзлар чизиқча билан ёзилади: минг-минглаб, битта-битта, битта-битталаб, уй-уйига, яқин-яқинларгача, ҳамма-ҳаммаси.
Масалан:

От минмаган от минса,
Чопа-чопа ўлдирар.
Мақол

Бу гапни эшитиб, ич-ичидан севинди.

Бироқ ўзи такрор сўз бўлмай, гапда такрорланадиган сўзлар ҳам бор. Бунда такрорланувчи сўз орасига вергул қўйилади:

Қани, қани, меҳмонларнинг қўлига сув қуйворинглар.
А. Обиджон.

Йўқ, йўқ, мен асло бунга рози бўлмайман!

Такрор сўзлар ва такрорланган сўзларни қандай фарқласа бўлади?

1️⃣ Такрор сўзлар асосан сифат ва равишдош бўлиб келади. Бирор тушунчанинг сифатини ёки иш-ҳаракатнинг қай тарзда бажарилганини билдиради.

2️⃣ Такрор сўзлар ўзидан кейинги сўзга мазмунан боғланади, тобе бўлади. Такрорланувчи сўз эса бундай эмас. Масалан:

Баланд-баланд бинолар. Такрор сўз бинонинг қандайлигини билдиряпти ва унга мазмунан боғлиқ.

Тўғри, тўғри, бу гапда ҳам жон бор. Такрорланувчи сўз бирор сўзга тобе эмас.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib