Мирзо Кенжабек ижодхонаси
6.05K subscribers
2.4K photos
318 videos
37 files
1.23K links
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, шайх ва шоир устоз Мирзо Кенжабек (Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий)нинг ижодхонаси.

ЎЗАНДАН МАЪЛУМОТЛАР ОЛИНГАНДА МАНБА КЎРСАТИШ ЛОЗИМ!
Download Telegram
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Пайшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 2-куни.
Милодий 2025 йил, 29-май.

УЛУҒ ЗУЛҲИЖЖА ОЙИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Инсонни шарафли қилган Аллоҳдир,
Инсондир, Раббидан кимки огоҳдир!
Байтул-Атиқ* номли энг қадим Маъбад
Муқаддас, муборак Каъбатуллоҳдир!..

Мирзо КЕНЖАБЕК


*Байтул-Атиқ – кўп қадимий, беҳад нодир, жуда ҳурматли, ҳимояланган УЙ, муқаддас Каъбатуллоҳ.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ЛУҒАТ ИЛМИ ОДАМ ОТАМИЗДАН
БОШЛАНГАН

****
Устоз Эркин Воҳидовнинг « Сўз латофати » китоби ҳақида


(давоми)

****
Ижодкорнинг, айниқса, умрини сўз санъатига фидо қилган шахснинг сўз ҳақидаги сўзлари ўлик танага руҳ кийгизилгандек, жонли бўлар экан. Бундай китобларни қомус тарзида давом эттириш, сўзларнинг мабдаига, келиб чиқишига, кўки, яъни илдизига кўпроқ эътибор қаратиш, илмий асосни кучайтириш доимий долзарб вазифалардандир.

Ўйлаб қарасак, “Ғиёс ул-луғот”ни бир шахс – Ғиёсуддин Ромпурий тузган, “Қомуси туркий”ни Шамсуддин Сивосий, “Арабско-Руский словарь”ни Баранов ёзган. Тасаввуф ва ирфоний сўзлар луғатлари ҳам муайян шахслар номи билан боғлиқ.
Тарихий тажрибалардан кўриладики, лаёқатли ва фидойи шахслар бутун бошли тадқиқот институтлари қиладиган хизматларни қилиши мумкин.

Луғатчилик тарихини яқин ўтмишларга тақайдиганлар хато қиладилар.
Луғат илми аслида ҳазрат Одам Атодан (алайҳиссалом) бошланган.
Бу Қуръони каримнинг Бақара сураси, 31-33-оятлари билан собитдир.

Сўзимизни ҳазрат Навоийдан бошлаган эдик, аммо байтнинг бир мисрасини қолдириб ўтган эдик. Энди байтни бутун қиладиган вақт келди.

Чу бўлди нутқ ила мумтоз барча ҳайвондин,
Ҳам охир ул ҳайвондин эрур мақолат анга.


Яъни: “Инсон нутқ туфайли барча ҳайвондан устун ва афзал бўлди. Охири (қиёмат яқинлашганда) яна ўша ҳайвондан инсонга сўзлашув, нутқ бўлади».
Гап қиёматга яқин чиқадиган ер ҳайвони – даббатул-арз ҳақида бораётир. Ислом эътиқодига кўра, «Даббатул-арзнинг чиқиши ҳақиқатдир». Чунки Қуръони каримда айтиладики (маъноси): «(Қиёматнинг қоим бўлиши ҳақидаги) сўз бошларига келган вақтда Биз улар учун ердан бир ҳайвон (ғаройиб бир махлуқ) чиқарурмизки, у инсонларнинг Бизнинг оятларимизга қатъий ишонмаганликларини айтиб, уларга сўзлагайдир. (Бас, энди тавба эшиклари ёпилган бўлур, ҳақиқий ишонганлар билан ишонмаганлар ажралур)» (Намл сураси, 82-оят).

Ҳазрати Сўфи Аллоҳёрнинг “Сабот ул-ожизийн” китобига шарҳ ёзган Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Намангоний ал-Фарғоний сумма Кобулий («Ҳадоятут-толибийн» китобида) айтадилар: «Ер ҳайвонининг сабаби билан бу мўъжизани кўрсатишдан мақсад шуки: «(Эй инкор этувчилар!) Пайғамбарлар тилидан айтилган қиёмат ва ундан кейин бўладиган ишларни қабул қилмас эдинглар, бу кун у нарсани бир ҳайвоннинг тилидан қабул қилишга мажбурсизлар, лекин бу қабул қилишнинг энди ҳеч фойдаси йўқдир».

Инсон сўз билан мумтоз ва шарафлидир. Сўз ҳақидаги барча китоблардан мен ожиз банданинг чиқарадиган хулосам шуки, ер ҳайвонининг сўзига кунимиз қолмасдан бурун ҳақ йўлдаги инсонларнинг сўзига қулоқ солайлик...

1-16-декабр, 2014 йил.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ҲОЖИЛАР

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Чорлади Ҳақ, чиқдингиз "Лаббайка!" деб,
Ўзбекистондан тумонат ҳожилар.

Элу юрту хонадон, хеш-ақрабо
Ҳақ таолога омонат, ҳожилар!

Меҳрибон Парвардигор меҳмонисиз,
Ҳар дуо бўлгай ижобат, ҳожилар.

Асли эҳром дилдаги тақво эрур,
Оқ матоҳ - зоҳир аломат ҳожилар.

Бу жаҳонда Раббимиз зикри билан
Қалбимиз топгай ҳаловат, ҳожилар.

Ҳар ибодат Охират савдосидир,
Шул эрур асли тижорат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Ҳожини камситманг, эй аҳли жаҳон,
Ҳаж эрур хос бир каромат, ҳожилар.

Ҳожини, Каъба тушиб, жаннат сари
Чорлагай рўзи Қиёмат, ҳожилар.

Ҳар кўнгилга эслатар Маҳшар кунин
Сиз билан гавжум Арофат, ҳожилар.

Тошлаганда, ичдаги шайтонни ҳам –
Нафсни ҳам айланг маломат, ҳожилар!

Фикр этайлик, асли қурбонлик надир?
Бул фидолик, бул садоқат, ҳожилар.

Эслангиз, сидқи Халилуллоҳ билан
Ота шод, ўғлон саломат, ҳожилар.

Бу тавоф не? Асли инсон қалбига
Каъба бир қасри ҳимоят, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Ваҳки, Иброҳим мақоминда туриб,
Тош вужуд йиғлар ниҳоят, ҳожилар.

Бас, Сафою кўҳи Марва ораси
Чин таваккулга ишорат, ҳожилар.

Оби зам-зам барча дунё аҳлига
Қудрати Ҳақдан далолат, ҳожилар!

Сочни олдирсак, кетар бўлсин, басе,
Бошдаги барча разолат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Оҳ, Ҳабибуллоҳ билан Ясриб гўзал,
Топди ул зотдан шарофат, ҳожилар!

Пок Расулуллоҳга денг элдан салом,
Равзани айлаб зиёрат, ҳожилар.

Икки олам сарварига рўбарў,
Йиғлашиб айтур саловат, ҳожилар.

Боғи Жаннат бор Набий меҳробида,
Ҳужжати асри саодат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Тавбангиз даргоҳида бўлсин қабул,
Ҳажингиз этсин шафоъат, ҳожилар.

Чиқдингиз ҳимматли Ислом юртидан,
Кўрсатинг жаҳду матонат, ҳожилар.

Бас, ибодатлар билан нурли бўлинг,
Бўлмагай турли қиёфат, ҳожилар.

Элу юрт, миллат, Ватан қадрин билинг,
Соғ бориб, қайтинг саломат, ҳожилар.

Бу фақир Мирзони ҳам айланг дуо,
Раббимиз берсин саодат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

2001

Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
УҲУД

Ер юзида тоғлар кўп,
Маҳобатга сазовор.
Лекин борми бирор тоғ
Муҳаббатга сазовор?
Тоғ бўлса ҳам – жамодот,
Қалбимизни сезгайдир:
Бизлар севсак Уҳудни,
У ҳам бизни севгайдир!..
Уҳуд – фано даштида
Бораётган тевамиз.
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз!

Ясриб эди бу шаҳар,
Бўғиқ эди бағоят.
Расулуллоҳ келдилар,
Хушбўй бўлди ниҳоят!
Бу – тарихлар қатида
Эрди пинҳон хазина.
Мадийнутур-Расул деб
Шараф топди Мадина.
Гўзал шаҳар гирдида
Маҳзун-маҳзун кезамиз:
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз.

Тоғда ўтган улуғ жанг
Кичик уруш аталди.
Бу улуғ сўз қалбларга
Ханжар каби қадалди.
Ҳамза,Абдуллоҳ,Мусъаб(1)
Шаҳид бўлди, афтода.
Ахир, бундан каттароқ
Жанг бўлурми дунёда?
Энди нафсингга қарши
Бошланар улуғ жиҳод.
Бизга тоғдек истеҳком –
Собит иймон, эътиқод.
Истеҳком кетса қўлдан,
Қолар бошқа нимамиз?..
Уҳуд бизни севади,
Биз уҳудни севамиз.

Ҳаж ва умра замони
Матлабимиз – зиёрат.
Уҳуднинг шаҳидлари
Мангу тирик, мазорат,
Ғамгин салом айтамиз,
Алик олар шаҳидлар.
Биз кетамиз, тоғига
Содиқ қолар шаҳидлар.
Буюк машҳад наздида
Йиғлаб бошни эгамиз:
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз.

Деманг: “Ғариб бўлдик кўп,
Ғанимлик адоғи йўқ.
Мўъминларнинг дунёда
Ҳеч суянган тоғи йўқ”.
Бўҳтон, фитна, иғводан
Ғам юқтирмай вужудга,
Дилга сабот бўлсин деб
Юзланамиз Уҳудга.
Бас, муҳаббат тоғида
Файзу футуҳ терамиз.
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз.

Гарчи ғаддор ғанимлар
Душманликда сирлашар,
Лекин, шубҳасиз, иймон
Мадинада бирлашар.
То бор экан дунёда
Аҳли ислом душмани,
Улдир абадул-абад
Мўъминларнинг маъмани...
Уҳуд – охират сари
Сузаётган кемамиз.
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз!

Ё Раб! Тинч қил жаҳонни,
Ғам қувончга айлансин.
Фақат Аллоҳ рангидан
Ҳаётимиз ранглансин!
Шум нафсимиз шарридан
Бизга ўзинг нажот бер!
Фатҳу зафар, футуҳдан
Мўъминларга ҳаёт бер!
Ҳолимизни ислоҳ эт,
Парвардигор – Эгамиз!..
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз!.. (2)

2004 й

МИРЗО КЕНЖАБЕК

ИЗОҲ.
(1) Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли амакилари ҳазрати Амир Ҳамза, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жубайр, ҳазрати Мусъаб ибн Умайр, ҳазрати Ҳанзала (розияллоҳу анҳум) Уҳуд урушида шаҳидлик мақомига эришдилар.

(2)“Саҳиҳи Бухорий”, 1481-ҳадис. Абу Ҳумайд Соидий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд тоғини кўрганларида: «Бу тоғ бизни севади, биз ҳам уни севамиз”, дедилар”...

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Уҳуд бизни севади,
Биз Уҳудни севамиз...

Мирзо Кенжабек шеъри.
🎙Рустамжон Домла ўқиганлар.

•┈❁✿❁┈•
@m_kenjabek
•┈❁✿❁┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
ЖУМЪА.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 3-куни.
Милодий 2025 йил, 30-май.

КУНЛАРНИНГ САЙЙИДИ - ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим, айирмагин Олий Рафиқдан,
Дуо нурин топдик Байтул-Атиқдан*.
Ҳар ким ошиқ бўлиб, Сенга интилар
Олис-олис водий – фажжул-амиқдан**.


Мирзо КЕНЖАБЕК



*Байтул-Атиқ – кўп қадимий, беҳад нодир, жуда ҳурматли, ҳимояланган УЙ; Каъбатуллоҳ.Қуръон ифодаси.
**Фажжул-амиқ – узоқ-узоқ йўл, олис-олис манзиллар. Қуръон ифодаси.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****
МУМТОЗ АДАБИЁТНИ КЎП ЎҚИШ ВА АНГЛАШ ЗАРУР

****
Мумтоз адабиётни ўқиб ўрганишда қалам аҳли учун улкан фойда ва истиқболлар бор. Мумтоз шеърият икки қисмдан: мажоз ва ҳақиқат тариқидан иборат. Мажоз тариқида сўз, истилоҳ ва иборалар кўчма маънода ишлатилади. Ҳақиқат тариқида эса ҳамма нарса ўз ҳақиқий номи билан юритилади.

Яқин-яқингача Навоийнинг беш достондан иборат “Хамса” асарини ўқимаган киши тасаввуф арбобларининг даврасида ўтира олган эмас.

Ҳазрати Муҳаммад Фузулий, ҳазрати Махтумқули, у зотнинг оталари Давлат Муҳаммад Озодий, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб – ҳаммалари Навоийнинг ижод денгизидан баҳраманд бўлган зотлардир. Огаҳий ёзадилар:

Огаҳий, ким топғай эрди созу назмингдин наво,
Баҳра гар йўқтур Навоийнинг навосидин санго!

Бугунги кунга келиб, Навоийдан, Фузулийдан, Ҳофиз Хоразмийдан, Машрабдан, Огаҳийдан узоқлашган бир қавм пайдо бўлди.
Мумтоз адабиётни кўп ўқиш ва кўп билишда қуйидаги фойдалар мавжуд:

1. Мумтоз шеъриятни ўқиган киши, шубҳасиз, маърифат ҳосил қилади, дунёқараши, тушунчаси кенг ва соғлом бўлади. Тасаввуф сирларидан хабардор бўлади.

2. Сўз бойлиги ортади, луғат хазинаси кенгаяди, ижодининг теран маънолар касб этишига замин ҳозирланади.

3. Шеърий санъат турларидан, хусусан, аруз оҳангларидан баҳраманд ва огоҳ бўлади. Ҳаққоний сўз санъатини ҳис этиб яшайди.

4. Ўткинчи нарсалардан, сохта мафкуралардан узоқ бўлади. Абадий мавзуларда қалам тебратиш имконини қўлга киритади.

5. Инсонларга эслатма бўладиган ҳикматли сўз айтиш санъатини ўрганади.

6. Қалби ҳақиқат нури билан жилоланади, ҳақ сўзни гўзал услуб билан айтиш қобилияти тарбият топади.

7. Руҳида ўхшаши йўқ кўтаринкилик пайдо бўлади. Руҳланади ва қўлига қалам олади.

Бир вақтлар китоб чиқариш дегани ҳар бир ижодкор учун энг улкан орзу, энг шарафли неъмат ҳисобланар эди. Энди мактабда ўқийдиган йигит-қизларнинг ҳам китоби нашр этиладиган, шеърлари газеталарда бемалол чоп қилинадган бўлиб қолди. Бу ҳол уларни юзаки тафаккур ва юзаки мавзуларга ўргатяпти. Энг ёмони, баъзи ёшлар ёш пайтидан тамаъга гирифтор бўляпти.

Ҳолбуки, китоби чоп бўлгани билан бир инсон шоир ёки ёзувчи бўлиб қолмайди. Ҳақиқий қаламкаш йиллар чиғириғидан саломат ўтган қаламкашдир. Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини вақтида олмоқ учун ҳам мумтоз адабиёт мутолаасининг аҳамияти беқиёсдир.

Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК,
“Ёшларга дил сўзларим” китобидан.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Шанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 4-куни.
Милодий 2025 йил, 31-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

«Китоб – илму маърифат, панду насиҳат, ҳикмат хазинаси, инсоннинг дўсти, сирдош ва суҳбатдошидир.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Аҳлоқи Муҳсиний” китобида айтади:

“Энг яхши суҳбатдош ва энг мақбул дўсту улфат улуғларнинг китобидир...Ўқувчига ундан малол келмас ва эшитувчи кўнглига чарчоқ етмас”.

Маснавий:

Излама китобдан яхшироқ ҳамдам,
Чунки суҳбатдошдир ҳар қачон, ҳар дам.
У дилга роҳату жонга ородир,
Сен неки истасанг, унда пайдодир.
Бундоқ латиф ҳамдам ким кўрмиш, эй ёр,
Ундан ранж ҳам етмас, ранжимас зинҳор...»



Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК, “Китобга эҳтиром” мақоласидан.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
***

Раббим! Адолатни суйгувчи Сенсан,
Шафқат, марҳаматни ёйгувчи Сенсан.
Қайда мутакаббир, зўравон бўлса,
Қалбини муҳрлаб қўйгувчи Сенсан!..
(Муъмин, 35).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

“ТОҒАМ РОЗИ БЎЛСИН ДЕСАНГ...”

Устоз Эркин Воҳидов бир воқеани гапириб берган эдилар. У кишининг тоғалари Сахибоев деган киши, адашмасам, прокурор бўлиб хизмат қилган. Ҳазрати Шайх Алихонтўра Соғуний суҳбатларини бот-бот ташкил қилиб турган. Устоз тоғалари туфайли ҳазрати Соғунийнинг суҳбатларига эришиб, назарларини топишга муваффақ бўлганлар.

“Қуёш маскани” деган достонида тоғалари ҳақида мана бундай меҳрли эътироф сатрлари бор:

Жигар бўлиб боқди неча мушфиқ кўз,
Неча дўст-ёр топдим, неча биродар,
Эсим таниб, менга
«Тоға» деган сўз
«Ота» деган сўзга бўлди баробар.


Демак, тоғалари ота ўрнида у кишини парвариш қилган. Устоз ҳикоя қиладилар:

– Бир кун тоғам айтдилар: “Ўғлим Эркинжон! Мен сени ўстириб-улғайтирдим. Мана, университетда ўқитдим. Энди сен таниқли шоир бўла бошладинг. Агар икки дунёда тоғам мендан рози бўлсин десанг, муқаддас динимизга қарши бирор нарса ёзмагин!”

Устоз айтадилар:
– Шу гапдан кейин бирор мажбурият бўлиб қолганда ҳам, ёки, ҳеч қандай зарурат бўлмай, шунчаки, жамиятга ёқиш учун бўлса ҳам, ҳеч қачон муқаддас ислом динига қарши бирор нарса ёзмадим...

Бу сўз ёшу қари барча қалам аҳлига тегишли ибратдир. Ҳали вақту соати келадики, жаҳон адабиётининг баъзи машҳур намуналари ҳам иймон нуқтаи назаридан қайта баҳоланади.

ХХ асрнинг энг муҳташам алломаларидан бўлган ҳазрати Шайх Мавлавий-Ҳиндистоний эндигина “Ёшлик девони”ни нашр эттирган шоир ҳақида: “Тошкентда Эркин Воҳид деган шоир чиқибди, унинг шеърларида маъно бор” деган эканлар. Бундай азиз зотларнинг назари ва эътирофига эришиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди.


Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК,
“Ёшларга дил сўзларим” китобидан.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ҚЎЛ...
(Мутойибали)

Бир ишга қўл урсам, келганида қўл,
Дедилар: “Бу ишга ура кўрма қўл!”

Оҳиста қўл урдим бошқа бир ишга,
Дедилар: “Ботмагил ғам ва ташвишга!”

Хуллас, қай соҳага қўл урсам, аён,
Унда маълум бўлди хатар ва зиён.

Кўнгил даъволардан узгач ройини,
Ниҳоят, қўл топди яхши жойини:

Яъни, дунёсидан буткул юз бурдик,
Охир қўлни ювиб, қўлтиққа урдик!..

2014 йил, 23-сентябр.


Мирзо КЕНЖАБЕК


m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулҳижжа ойининг 5-куни.
Милодий 2025 йил, 1-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

****

"МЕНИНГ ГЎДАКЛАРДАН ДУШМАНИМ ЙЎҚДИР"...


МИРЗО КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Болаларга бағишланган шеърлар

ОТИШМАЛАР
Жажжи дўстим Жамшидга

Менинг гўдаклардан душманим йўқдир,
Холисман гумон деб аталган ҳисдан.
Гўдаклар поклиги билан улуғдир,
Соддалиги билан каттадир биздан...

Жажжи бармоқларин тўппонча қилиб,
У отаверади – қулайвераман.
Гоҳо очиқ жойдан, гоҳо беркиниб,
У отаверар, мен «ўлавераман».

Агар «ўмай қолсам» отган кезида,
Бола хафа бўлар ва чекар озор.
Унинг мўлжал олган тиниқ кўзида
Нишонга теккулик нималардир бор!

Пинҳона ғараз йўқ бу бармоқларда,
Зимдан пиширмаган у ўз ишини.
Бу содда ўқлардан, бу пок ўқлардан,
Ўлими гўзалдир, ўлган кишининг!

Менинг гўдаклардан йўқдир душманим,
Гоҳо, ўз-ўзимни сезганда танҳо,
Машқ ҳам қилмай туриб чин отишмани,
Унинг ҳузурига шошаман гоҳо;

Даволаб қайтаман ҳар гал янгидан
Фалак инъом этган олий шукуҳни –
Ҳаёт ўқларининг турфа зангидан
Омон қолаётган омонат руҳни.

1980

Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Касалманд болани қилманг калака,
Инжиқ атворидан этмангиз ҳазар.
Сиз назар қилмаган дардчил болага
Илоҳий шарпалар қилгандир назар...


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Болаларга бағишланган шеърлар

ДАРДЧИЛ БОЛА

Касалманд болани қилманг калака,
Инжиқ атворидан этмангиз ҳазар.
Сиз назар қилмаган дардчил болага
Илоҳий шарпалар қилгандир назар.

Силтаманг, хўрламанг – беморга зарар,
Эртароқ сўндирманг ҳаёт шамъини.
Агар ўлмай қолса, шу жон кўтарар
Соғлар кўтармаган халқнинг ғамини.

Чиллашир, заҳил деб боқмангиз ола,
Дард-мас, муносибат тегар ғашига.
Агар омон қолса, ярар шу бола
Соғлар ярамаган юртнинг ишига.

Бирин юпатолмай отаси тажанг,
Бирига қўшилиб йиғлар онаси.
Акс садо берур жонимда, қаранг,
Дардчил болаларнинг заиф ноласи.

Қонимда минг йиллик исён гупурар,
Синиқ нолишлардан қақшайди жоним.
Йўқ! Заҳил фарзандлар иқболин кўрар
Беморлар онаси – Ўзбекистоним!

Касалманд болани қилманг калака,
Инжиқ атворидан этмангиз ҳазар.
Сиз назар қилмаган дардчил болага
Илоҳий шарпалар қилгандир назар.

Шу ҳам керак бўлур ҳали Ватанда,
Агар ўлмай қолса, баҳодир бўлур.
Агар омон қолса, ҳеч бўлмаганда –
Камида Мирзодек бир шоир бўлур!..

1989

Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•