Мирзо Кенжабек ижодхонаси
6.07K subscribers
2.39K photos
317 videos
37 files
1.23K links
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, шайх ва шоир устоз Мирзо Кенжабек (Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий)нинг ижодхонаси.

ЎЗАНДАН МАЪЛУМОТЛАР ОЛИНГАНДА МАНБА КЎРСАТИШ ЛОЗИМ!
Download Telegram
****

«МЕНИНГ ГЎДАКЛАРДАН ДУШМАНИМ ЙЎҚДИР...»



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

"МЕНИНГ ГЎДАКЛАРДАН ДУШМАНИМ ЙЎҚДИР..."



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
📝Устоз бўлмаса

Мирзо Кенжабек шеъри.
🎙Комронбек Самарқандий ўқиган.

@m_kenjabek |
СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ КУНИДА
барча устоз-ўқитувчилар,
мударрис ва муаллимлар
га эҳтиром.

УСТОЗ БЎЛМАСА

Жаҳон ободлиги устоз биландир,
Дилда қарор бўлмас, устоз бўлмаса.
Камолот, кушуфот устоз биландир,
Ишда барор бўлмас, устоз бўлмаса.

Йўқдан олим бўлди отамиз Одам,
Ҳақдан таълим олди Сарвари олам,
Сабаб оламинда бул куни бекам
Илму анвор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ҳар йўл, ҳар соҳанинг бир пири бўлур,
Эҳтиром дил аҳлин тадбири бўлур,
Ҳар ишда устознинг бир сири бўлур,
Кашфи асрор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ҳикмат кўп илму фан, касбу корида,
Деҳқон кетмонида, дорбоз дорида,
Ошпазнинг бир сири – гармдорида,
Шогирд ҳушёр бўлмас, устоз бўлмаса.

Устоз қадрин билур ҳар қалби салим,
Ҳаёт дарсларидан бергайдир таълим,
Диллар ардоғида – азиз муаллим,
Кимса сардор бўлмас, устоз бўлмаса.

Маърифат, иқтисод, санъат турлари,
Осмон эшиклари, ер унсурлари,
Устоз-ла очилгай Қуръон сирлари,
Ҳадис ошкор бўлмас, устоз бўлмаса.

Пуштли, устозлидир ҳар бир синиқчи,
Беустоз муҳандис – оддий чизиқчи,
Устозсиз очилмас ҳатто қизиқчи,
Сухан тагдор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ўзи ўсган дарахт мева бермагай,
Сурчи ўз тўйида сурнай чалмагай,
Сартарош ўз сочин ўзи қирмагай,
Уста саркор бўлмас, устоз бўлмаса.

Устоз кўрган зотлар ишга омилдир,
Заковат аҳлига бу сўз шомилдир,
Устознинг авлоси пири комилдир,
Дилда баҳор бўлмас, устоз бўлмаса.

Мирзо, ҳар кўнгилда ният бор бўлсин,
Ватан обод, эл ҳам бахтиёр бўлсин,
Покдил устозларга Тангри ёр бўлсин,
Ҳаёт гулзор бўлмас, устоз бўлмаса.

Мирзо Кенжабек


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 27-куни.
Милодий 2025 йил, 25-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Марҳаматинг ҳар жонзотгадир,
Неъматинг дўсту ёр, ёву ётгадир!
Лекин жаннатларинг – мангу боғларинг
Тавбакор қалб билан келган зотгадир!...
(Қоф, 32-33-34).


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
УСТОЗ МАҚОМИ

****
Биз китоб ҳақида гапирамизми, газета ва журнал ҳақида сўзлаймизми, бу сўзларнинг ҳаммасидан мурод – илм, маърифат ва маънавиятдир.

Илм бу – ҳаёт демакдир. Бир кишига илм берган киши унга ҳаёт бахш этган, равшан қилиб айтганда, уни тирилтирган бўлади.

Шунинг учун шарқ оламида устознинг мақоми ҳамиша юксак саналган, бежиз эмас, халқимизда “Устоз отангдан улуғ” деган мақол бор.

Бу мақолни ҳам ўзича ўзгартириб: “Устоз отангдай улуғ” дейдиганлар пайдо бўлди. Бу нодуруст гап.

Отанинг нақадар улуғ зот экани ҳаммага маълум, айниқса, ота – ҳам падар, ҳам устоз бўлса, не улуғ давлат бу!

Энди устоз ана шундай юксак мақомга эга бўлган отадан ҳам улуғдир.

Чунки устоз мақомидаги олимлар – илмда ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг ворисларидир, шайхлар, муршиди комиллар – ижтимоий ҳаётда ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг вакилларидир.

Устоз инсонга икки жаҳон саодатининг йўлларини ўргатади.
2020 йил, 11 ноябрь.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ИЛМ БУ - ҲАЁТ ДЕМАКДИР» мақоласидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 28-куни.
Милодий 2025 йил, 26-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
МАВЛОНО АБДУРРАҲМОН ЖОМИЙ
қуддиса сирруҳу

****

Жон ўшал лабдан ҳикоят айлагай,
Тўти шаккардан ривоят айлагай.

Салсабил тавсифини ҳар ким деса,
Ул ширин лабдан киноят айлагай.

Бас, рақиблардан тамоман юз буриб,
Биз томонларни риъоят айлагай.

Тортадур шўх кўзлари тийғи жафо,
Лаъли жонбахши ҳимоят айлагай.

Нолалиғ найдур у лабдан айру жон,
“Англағил, най не ҳикоят айлагай”¹.

Ул шакар лабдан жудо қолғонда най,
“Айрилиқлардан шикоят айлагай”².

Жомий қатлиға на ҳожат захми тийғ? –
Анга бир ғамза кифоят айлагай.



Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси


1-2. Мавлоно Жалолиддин Румий сатрлари.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Сен раҳматни Зотингга ёзиб,
Қуръон нозил қилдинг, англадик, кезиб.
Лекин Каломдаги эслатмалардан
Фақат қалби борлар олгайдир насиб!..
(Анъом, 12; Қоф, 37).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ШОИР ВА ШЕЪР ДУНЁСИ

Устоз Эркин Воҳидов билан суҳбат


(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1983 йил чоп этилган)

Мирзо Кенжабек:
-- Ҳурматли Эркин ака! Давра суҳбатларингиздан бирида «Истеъдод таёқчаси» тўғрисида сўзлаб, ҳазил аралаш: «Истеъдодсизлар тез топишади, истедодлилар эса бир-бирини тополмай юради», деган эдингиз. Дастлаб, шу сўзингизни бир оз изоҳлаб, иқтидор тўғрисида, ўз ижодий тажрибаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

Эркин Воҳидов:
-- Истеъдод ҳамиша ҳар хил бўлади, истеъдодсизлар эса ҳамма жойда ҳам бир хилдир.

Улуғ истеъдодлар бир-бирини юракдан тан олган ҳолда, қўлтиқлашиб, оғайни бўлиб юрган эмас.

Шунинг учун ҳам буюк шоирлар ҳамма вақт ўзларини ёлғиз санаганлар. Навоий, Бобур каби даҳолар ҳам ёлғизлик туйғуси билан яшаб ўтганлар.

Истеъдодсизлар бир-бирини тез топиб, тез уюшадилар. Шу боисдан ҳам улар жуда катта кучдир.

Истеъдоднинг катта бурчи – истеъдодсизликка қарши курашиш, адабиётнинг тозалиги учун курашиш.

Лекин ҳамма истеъдодлар ҳам бунга қарши курашмайди. Билмадим, ёки ўзларини баланд олиб, бу ишни эп кўришмайди.

Ёшлар ўртасида турфа йўллар билан обрўлироқ, мавқелироқ ёзувчининг пинжига кириб оладиганлари ҳам учрайди. Уларда ижодкорлик истеъдоди бўлмаса ҳам, одамнинг пинжига кириб олиш истеъдоди бор.

Ўша устозларнинг ўзлари ҳам иложи борича бундайларнинг бошини силамасликка интилишлари керак.

Зеро, кичик истеъдод улғайса, катта истеъдод бўлганидек, ноқобил улғайса – катта ноқобил бўлади. Ноқобиллик ҳам улғаяди. Унинг ҳам турли қирралари очила боради.

Умарали Норматов билан бўлган суҳбатимизда тутнинг шохига чиқиб олиб ашула айтадиган бола тўғрисида гапирган эдим. У улғайса, бировнинг ёқасидан олиб: «Менинг ашуламни эшитасан!» – дейдиган даражага боради.

Мен ижоднинг икки муҳим манбаи бор деб ўйлайман.

Биринчиси – ҳаётнинг ўзи, одамлардан олинадиган. Санъаткорда одамларни тинглай билиш қобилияти бўлиши керак. Кўпинча биз одамларни яхши эшитмаймиз, уларга бефарқ бўламиз. Ҳолбуки, уларнинг тажрибаси – ижодкор учун муҳим манба.

Иккинчиси – ўзидан илгари яратилган улуғ мерос.
Мен адабиётдаги ҳар қандай изланишни қўллаб-қувватлайман.

Аммо Шарқ классик адабиётидан узоқлашиб кетаётганимиз мени жуда ташвишга солади.

Биз уларнинг кўпидан бебаҳра қолаётганга ўхшаймиз.

Бу муқаддас жавоҳиротни, сал нарига бориб, ҳеч ким билмай, ундан баҳраманд бўлмай қоладими, деб қўрқаман.

Чуқур инсоний фалсафа, абадиятга даҳлдор бўлган бадиият, санъаткорлик сирларини айнан шулардан ўрганиш лозим. Кишилар ўртасида беқадрликка қарши инсоний меҳр масаласи биринчи ўринга чиқаётган бир пайтда, уларни ўқиб, юракка ҳаётбахш нур олиш жуда зарур.

(давоми бор)


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 29-куни.
Милодий 2025 йил, 27-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Бир сири бўлмаган киши зарарлидир.

Ҳазрати Шайх Ибн Муҳаммад Жаъфари Содиқ (розияллоҳу анҳу)



Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё" асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Лутф айладинг дўсту ёрларга,
Дўстларни яширдинг сирли ғорларга.
Сўз ила ҳаммага хитоб қилсанг ҳам,
Хос икром кўргуздинг қалби борларга!..
(Каҳф, 10: Қоф, 32-33-34).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ШОИР ВА ШЕЪР ДУНЁСИ

Устоз Эркин Воҳидов билан суҳбат

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1983 йил чоп этилган)

(давоми)


Мирзо Кенжабек: Устоз, ёш шоирларга айтадиган гапингиз борми?
Эркин Воҳидов. Адабиётда олға силжиш учун янгилик излаш керак, янгилик топиш учун эса баъзан эскиликка қайтиш керак бўлади. Ёш шоирларнинг қадимги битик тошларидаги ёзувларга, Ватан тарихига, халқ оғзаки ижодига теранроқ кириб, уларни ўрганиб, замонавий руҳда яхши шеърлар ёзаётганидан мамнунман.
Ҳозирги ёшлар оддийгина деталлардан ҳам катта маънолар топишга интиладилар. Мана, болалар шоири Анвар Обиджоннинг «Коллекциячилар» деган кичкина шеърини эшитинг:

Капалакни ушладилар,
Шишачага ташладилар.
Унга озиқ беришмади,
Йиқилганин кўришмади.
Қотириб ҳам қўйишди сўнг,
Чиройли, деб суйишди сўнг.
Қийнадилар сўлдиришиб,
Мақтадилар... ўлдиришиб...


Менинг ёш шоирларга айтадиган яна бир сўзим мана будир:

Менга қуллуқ қилма,
Юрт тупроғин ўп,
Унга қуллар эмас, фидолар керак.
Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк юртга энди даҳолар керак.
Қаддингни баланд тут,
Бўлма сертаъзим,
Чўққи бўлолмасанг, маҳкам қоя бўл.
Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл!

Мирзо Кенжабек:
Эркин ака! Андрей Вознесенскийдан: «Сиз иккимингинчи йил шеъриятини қандай тасаввур қиласиз?» – деб сўраган экан, қалтис халқаро вазиятни назарда тутиб, бу аҳволда, балки икки мингинчи йил бўлмас, деган маънода жавоб берибди. Сиз бу саволга нима деб жавоб берар эдингиз?

Эркин Воҳидов:
Мен шоирнинг бундай деб жавоб беришига жуда қаршиман. Тўғри, вазият жуда ҳам қалтис. Лекин одам барибир эзгу ният билан, умид билан яшагани яхши-да. Биласизми, улуғ шоирларда маълум даражада башорат хислатидан жузъий намуналар бўлади. Пушкин «Евгений Онегин»да шоир Ленский образида ўз ўлими манзарасини чизиб берган. Ўша отишма, ўша қор... Ҳозиқ ҳам ўз ўлимини олдиндан баён қилган. Машраб эса ўз ажалини бир неча ғазалда аниқ тасвир этган.
Мана биттаси:

«Мансури Ҳаллождек ичир шароби антоҳур,
Чарх уриб йиғлаб турурман ушбу дам дор олдида».


Мана бу ғазалдаги байтлар шунинг давомидек:

«Минг шўру фиғон бирла ҳай-ҳай, не бало келди,
Жон қичқирадур қўй, деб, ханжарни оло келди.
Қўлиға олиб пўлод, қошимға келур жаллод,
Қилди мени бобунёд, тиғи гузаро келди...»


Халқимизда «Фаришта омин дейди» деган гап бор. Бу – киши яхши ният билан яшамоғи керак, дегани. Икки мингинчи йил, шубҳасиз, бўлади. Унда инсон бадиий тафаккури янада юксалади. Жаҳон шеърияти гуллар очиб, мевалар тугади. Бизнинг шарқий қирғоқда ҳам шеърият машъаллари порлаб тураверади... ўчмайди...
Мен бунга ишонаман.

1983


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Чоршанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 30-куни.
Милодий 2025 йил, 28-май.

КИРИБ КЕЛАЁТГАН ЗУЛҲИЖЖА ОЙИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Каломингда мангу паноҳ бор,
Қай ишда ажр бор, қайда гуноҳ бор.
Инсон феъли билан не иш қилса ҳам,
Қалблар тақводадир, қалблар гуноҳкор!..
(Ҳаж, 32; Бақара 28).


Мирзо КЕНЖАБЕК




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ТАСАВВУФ ШЕЪРИЯТИ -- ДИЛДАН ТИЛГА ОҚИБ ЧИҚҚАН ҲИКМАТ, ИЧГА СИҒМАГАН ИШҚУ МУҲАББАТДИР...

Шеърият яхлит шеъриятдир. Унинг усули мажоз ва ҳақиқатдир. У мажоз йўли билан ҳам ҳақиқатни куйлайди. Бас, унинг йўли битта -- ҳақиқат.

Модернизм, анъанавий шеърият кабиларни, балки оқимлар дейиш мумкиндир. Лекин тасаввуфий шеъриятни йўналиш ва оқим дейиш унча мувофиқ эмас.

Тасаввуф шеърияти — дилдан тилга оқиб чиққан ҳикмат, ичга сиғмаган ишқу муҳаббатдир. У ҳамиша замонавийдир.

Шеърият жамият ҳаётида ҳақиқат жарчиси бўлмоғи керак. Унинг ижтимоий мавқеи инсониятнинг дунё ва охирати учун баробар хизмат қилмоқдан иборат.

Одамзотнинг дунёси ва охирати учун манфаат етказмаган сўз ботил сўздир.

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ- ҲАҚИҚАТ ЖАРЧИСИ » мақоласидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ЛУҒАТ ИЛМИ ОДАМ ОТАМИЗДАН
БОШЛАНГАН

****

Устоз Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китоби ҳақида


****
Ҳазрати Алишер Навоий “Ғаройиб ус-сиғар” девони дебочасида Яратган зотга шукру мақтовлар келтириб, сўнг: “...инсонни сойир махлуқотдин нутқ шарафи била мумтоз қилди”, дейдилар. Яна “Фавойид ул-кибар” девонида инсоннинг барча ҳайвондан нутқ сабабли устун қилинганини шеърий баён қиладилар: “Чу бўлди нутқ ила мумтоз барча ҳайвондин”...

Устоз Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобини варақлаб, инсонга буюк шараф қилиб берилган нутқ неъмати, сўз гавҳари ҳақида тафаккур қилдим.

Яна “Одамийлик қиссаси”да ўзбекча нутқ маданияти борасида куюниб сўзлаган раҳматлик Мирзакалон Исмоилийни, “Сўз ҳақида сўз” китобини битган раҳматлик Алибек Рустамийни эсладим.

Вақтида атоқли қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоннинг “Аз и Я” китоби ўта шуҳрат қозонган ва баъзи баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлган эди. Шоир Йўлдош Эшбек бу китоб таржимасига умр йилларини сарф этмоқда...

Устознинг китоби шу китобларга ўхшаш китобмикин, деган эдим. Чунки у кишининг кўплаб сўзларнинг кўки – илдизи, хусусан, “Девони луғотит-турк”даги баъзи қудсий ҳадислар ҳақида изланишлар олиб бораётганидан хабардор эдим.

Йўқ, бу мўъжаз китоб олдинги битикларга ўхшамаган, “сўз билан сўзлашган”, “тил билан тиллашган” ижодкорнинг дилкаш суҳбатлар тарзидаги китоби экан. Унда қайғу ҳам бор, табассум ҳам бор.

“Мардумлиғни мардум”га, яъни инсонликни кўз қорачиғига менгзатган Алишер Навоий,
“Ахтари бахтини ахтарган”, яъни бахт юлдузини қидирган Бобур Мирзо,
“Бахти қора ёзилган”, яъни қора ранг билан қорга ёзилган ошиқлардан бири – “ошиқи содиқ” Фузулий,
ниҳоят, “Она тилини қўйиб, хотин тилида гаплашган” Абдулла Қаҳҳор... ҳақларидаги шарҳ ва суҳбатлардан Эркин Воҳидовнинг китоби фақат илм луғати эмас, балки одоб ва ҳилм луғати эканини англадим.

Турли касб соҳибларида “шайтон” (ватерпас), “сичқонча” каби одамни нафратлантирадиган сўзлар бор, буларнинг бирини шаийн, бирини тизгин (Э.Воҳидов қавли) деб аташ қийин эмас-ку!

(1-16-декабр, 2014 йил.)

(давоми бор)

УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан
.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
БИЗНИ ЙИҒЛАТГАН ЎЛИМ ЭМАС, БИЗНИ ЙИҒЛАТГАН АЙРИЛИҚДИР...

Раббимқул домланинг вафоти

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. Бизлардан қайси биримиз яхшироқ амал қилишимизни имтиҳон этмоқ учун ўлимни ва ҳаётни яратган Зотга чексиз ҳамд бўлсин. “Ўлим воъиз ўлароқ етарлидир” дея мўъминларни огоҳ этган жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту салом бўлсин.

Раббимқул домланинг вафоти қалбимизни йиғлатди. Лекин бизни йиғлатган ўлим эмас, бизни йиғлатган айрилиқдир.

Раббимқул домлани азиз устоз Зокиржон Домланинг шогирди бўлиб юрган кезларидан билар эдик. Зокиржон домла КАҲ ОТА масжидининг имом хатиби бўлиб, улуғ устоз ва меҳрибон мураббий эдилар. Терговлар таъсирида шифохонада вафот этганлар.

У вақтлар дин жиҳатидан Тошкентнинг муҳити анча чалкаш эди, масжидларда авлиёлар йўлини тутган ва тариқат аҳлидан бўлган имомлар жуда оз эди. Зокиржон домла зикр аҳлидан бўлиб, муҳаббатга ошно ориф зотлардан эдилар. Шунинг учун биз жумъа намозларига у кишининг масжидига қатнар эдик.

Домла жумъа суҳбатларида ақида соҳасидан бир масала, тафсирдан бир-икки оят таъвили, ҳадисдан бир ҳадис шарҳини баён қилар эдилар. Оятлар таъвилини Саййид Маҳмуд Торозий – Олтинхон Тўранинг туркий тафсиридан ўқир эдилар.

Раббимқул домла ёшликдан устознинг назари эътиборига эришган йигит эди. Бир гал устоз Зокиржон домла ҳажга кетганларида Раббимқул домла ёш йигит ва талаба бўлишига қарамасдан, ҳайит суҳбатини ўтказган ва ҳайит намозини ўқиб берган эди.

Вақти келиб, Раббимқул домла дилкаш олим ва имом хатиб бўлиб етишди ва кўп яхши инсонларнинг меҳр-муҳаббатини қозонди.

Биз ҳуқуқшунос Ҳожи Муродуллоҳ Хожаев ва дўстларимиз билан у киши имом бўлган Ракъат, Имом Термизий масжидларига қатнаб турар эдик. Домла Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирмоқ учун бизни ўз масжидларига чақирар эдилар. Муродуллоҳ Ҳожи ака Ракъат масжидида мутаваллий бўлиб хизмат қилган йилларида у ерда кўп марта эътикоф ўтирганлар. Кейинчалик масжидларда эътикоф ўтиришлар ҳам йўқ қилинди. Маърифат аҳллари битта суннати муаккадани бажаришдан маҳрум бўлдилар ва эътикофни уйда бажарадиган бўлдилар.

Раббимқул домла муборак Зулқаъда ойида – сафарда вафот этди. Ҳадиси шариф маъносига кўра, ғарибликда вафот этган киши шаҳидликда вафот этган бўлади ва яшаган ери билан вафот этган жойи ўртасидаги масофа жаннатдаги жойига даража қилинади.

Домла оила аҳли ва қавм-қариндошлари қуршовида вафот этмади, лекин ер юзининг энг мунаввар шаҳрида, дажжол кира олмайдиган, иймон бирлашадиган, муборак равзаси Аршдан афзал саналган Мадина шаҳрида – зиёратчи ҳожилар олдида вафот этди.

Раббимқул домла биздан узоқ кетди, лекин жаноб Расулуллоҳга яқин борди (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

Домла Тошкентнинг ёки Наманганнинг энг обрўли қабриситонида дафн қилинмади, лекин ер юзининг энг шарафли қабристони бўлган Бақиъ мозорлигига, дунёнинг энг азиз инсонлари бўлмиш саҳобаи киромлар ёнига дафн этилди (розияллоҳу анҳум).

Қандай азиз зотларга қўшни бўлдингиз, домла! Охиратдаги абадий ҳаётда ҳам шу бахт бардавом бўлсин!

قَالَ رَسُولُ اللهِﷺ: كَفَى بِالْمَوْتِ وَاعِظًا
(Қола Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллама: “Кафа бил-мавти воъизан”.)
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўлим ўзи панду насиҳат бергувчи ўлароқ инсонга кифоядир”.

Бу кун Раббимқул домла билан видолашадиган кунимиз эмас, бу кун у киши билан дилдан саломлашадиган кунимиздир.

Шубҳасиз, биз (бутун борлиғимиз билан) Аллоҳникимиз ва, албатта, яна Унга қайтгувчимиз.

Ғариб Мирзо Кенжабек.

1446 йил Зулҳижжа ойининг 1-куни, чоршанба.
2025 йил, 28-май. Тошкент.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•