Irshod.uz | Rasmiy kanal
571 subscribers
2.86K photos
689 videos
6 files
2.05K links
Тошкент шаҳар «Коҳ ота» жомеь масжиди имом хатиби Абдуҳаким домланинг расмий телеграм канали.

Саволлар бу ерга жўнатилади ⬇️
@ImomgaSavol_KohOta_Bot
Download Telegram
ЎЛИКЛАРНИ ЁҚИШ МУМКИНМИ?
#жаноза #дафн

Вафот этган кишиларни ёқиш мумкинми? Бунга Исломда муносабат қандай?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ислом қонун қоидаларига кўра ўликлар ерга дафн қилиниши керак. Уларни ёқиш ёки ер юзасига ташлаб қўйиш мумкин эмас.

Мусулмон кишини дафн қилиш уламоларнинг иттифоқига кўра фарзи кифоядир. Унинг шарт эканига далил, Одам алайҳиссаломдан токи ҳозиргача одамлар ўликларини ерга дафн қилаётганлари ва ким шу ишни қилмаса, уни айблашларидир. Биринчи дафн қилган киши Қобил, у ўз укаси Ҳобилни дафн қилган.

Қуръони каримда Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли ҳақида ҳикоя қилинади. Улар Аллоҳ таолога қурбонлик қилишганда Ҳобилдан қабул бўлди, Қобилдан қабул бўлмади. Шунда Қобил Ҳобилнинг жонига қасд қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди:
Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди. Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни кавловчи бир қарғани юборди. «Ҳолимга вой! Наҳот шу қарғачалик бўлишдан ожиз бўлсам? (Мен ҳам) биродарим жасадини (тупроққа) кўма қолай», – деди. Шундай қилиб (у) пушаймон қилувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси 30-31-оятлар).

Мана шу ояти каримадан маълум бўладики, инсон жасади ерга кўмилиши қадимдан қолган илоҳий ҳукмдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўликларни дафн қилиш ҳақида шундай деганлар:
Лаҳад биз учун, шақ (ерни тиккасига ёриб кўмиш) бошқалар учун” (Имом Абу Довуд Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло Одам болаларини ҳурматли қилиб қўйган. Қуръони каримда шундай дейилади:
Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Динимизда маййитнинг танасини ёқиш жоиз эмас. Чунки унинг ҳурмати ҳам тирикнинг ҳурмати кабидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитнинг суягини синдириш, уни тириклигида синдириш кабидир” (Имом Ибн Можа ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Модомики, ўликнинг суякларини синдириш тирикнинг суякларини синдириш каби экан, ўликни ёқиш ҳам тирикни ёқиш кабидир. Пайғамбаримизнинг бу ўхшатишлари бу ишдан қайтариш ва унинг ёмонлигига кифоя қилади.

Бунинг устига динимиз мусулмон бўлмаган кишининг жасади топилганда ҳам, одамийлик жиҳатидан, уни дафн қилишни буюради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қабр устига ўтиришдан ҳам қайтарганлар. Исломда маййитни ёқиш эмас, аксинча тайин жойга дафн қилиб, охиратни эслаш учун, уни зиёрат қилиб туришга буюрилганмиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @Abduhakim_domla