Huquqiy axborot
371K subscribers
6.29K photos
401 videos
22 files
13.9K links
Қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал.

▪️|Лотин алифбосида — @huquqiyaxborot_lotin
▪️|Рус тилида — @pravoinf
▪️|Инглиз тилида — @leginf
▪️|Қорақалпоқ тилида — @huqiqiymalimleme
Download Telegram
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: “Директор бўлиб ишлайман. Педагоглар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги билан боғлиқ ўзгартиришлар ҳақида эшитдим. Саволим шуки, навбатдаги меҳнат таътилига чиқсам, неча кун дам оламан?” Хоразм вилояти Шовот туманидан Р. Матназаров

Жавоб: Меҳнат кодексининг 501-моддасида педагог ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари сифатида педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланиши назарда тутилган.

Ҳукумат қарори билан Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари тасдиқланган.

Мазкур меъёрга асосан, бошланғич, умумий ўрта таълим мактаблар ва мактаб-интернатлар, Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Республика ўқув-тарбия муассасаларининг директор, ижрочи директор, унинг ўринбосарлари (маъмурий-хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари, хўжалик мудиридан ташқари), директор маслаҳатчиси, мактаб маслаҳатчиси 56 календарь кунлик йиллик узайтирилган меҳнат таътили олиши белгиланган.

❗️Юқоридагиларга асосан, Сиз навбатдаги меҳнат таътилида 56 календарь кунлик давомийликда таътил олишингиз мумкин.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: Бир ҳафтага оилавий дам олишга кетмоқчиман. Ўша кунлари фарзандим боғчага бормайди. Боғчага борилмаган кун учун пул тўлашим шартми? Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан Ю. Назарова

Жавоб: Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола боғчага келмаган ҳолларда жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

❗️Тўловни камайтириш учун ота-оналардан бири сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ариза (билдиришнома) ёзиши шарт.

Бунда боланиннг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.

🔘 Демак, мактабгача таълим муассасаси олдиндан ёзма огоҳлантирилган бўлса, бола боғчага бормаган кунлар учун пул тўланмайди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: “Хусусий фирмада қоровул бўлиб ишлайман. Ойлигимиз жуда кам, 500 минг сўм атрофида. Иш жойим хусусий бўлгани учун ойликни ошириш бўйича бирор тартиб борми? Мен қаерга мурожаат қилишим керак бўлади?”

Жавоб: Президент фармонига асосан, Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 980 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, мазкур фармонда иш берувчиларга иш ҳақи миқдорларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 245-моддасида, иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, Сиз ишлаётган хусусий фирмада штатлар жадвали тасдиқланган бўлиши керак, мазкур жадвалга асосан Сизнинг эгаллаб турган лавозимингизга тўланиши лозим бўлган миқдор кўрсатилган бўлиши лозим. Агарда иш жойингизда бир ставкада ишлаётган бўлсангиз, бир ойда сизнинг энг кам ойлик маошингиз 980 минг сўмдан кам бўлмаслиги, ярим ставкада ишлаётган бўлсангиз 490 минг сўмдан кам бўлмаслиги керак.

Сиз бир ставкада ишлаётган бўлсангиз, сизга тўланаётган 500 минг сўм ойлик маоши қонунчиликка зид ҳисобланади, бордию ярим ставкада ишлаётган бўлсангиз, сизга тўланаётган ойлик миқдори тўғри.

Бундай ҳолда Сиз иш берувчига, яъни фирма раҳбариятига ёзма равишда мурожаат қилиб ойлигингизнинг нима сабабдан камлигини тушунтишларини ва ҳуқуқий асослантиришларини сўрашингиз мумкин.

Агарда фирма томонидан берилган жавобдан қониқмасангиз ва уни ҳуқуқий асослантирилмаган деб ҳисобласангиз, бу ҳолатда Меҳнат кодексининг 545-моддасига асосан меҳнат низолари бўйича комиссияга ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлисиз.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: Менинг тўрт нафар фарзандим бор. Тўнғичим 21 ёшда, талаба. Фарзандимиз 18 ёшдан ошганлиги туфайли биз кўп болали оилаларга берилиши мумкин бўлган имтиёзлардан фойдалана олмаймизми? Умуман, кўп болали оилаларга қандай имтиёзлар бор? (Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан С. Шуҳратова)

Жавоб: Қонунчиликка кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир.

Бунда, агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила ҳисобланади.

Шунга кўра, Сизнинг оила кўп болали оила ҳисобланади.

🔰Давлат кўп болали оилаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди, жумладан:

💰Тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан молиявий ёрдамлар кўрсатилади.

💼 Кўп болали ота-оналар учун иш ўринларининг энг кам сони туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан белгиланади, шунингдек, ташкилотлар томонидан захирага қўйилади.

Бунда, болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўрни яратилади.

🏫 Кўп болали оилаларнинг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишда имтиёзли рўйхатга киритилади.

Боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинган.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: Турмуш ўртоғим туғуруқхонада ишлайди, олий маълумотли. 3 ёшга тўлмаган фарзандимиз бор. Шундай бўлишига қарамасдан, тунги навбатчиликда ишлаб келмоқда. Қонунан бу тўғрими? Турмуш ўртоғимга қандай имтиёзлар бор? (Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан Р.Арслонов)

Жавоб: Меҳнат кодексига кўра, ҳомиладор аёллар, 14 ёшга тўлмаган боланинг (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек хизмат сафарига юборилиши мумкин.

Бунда иш берувчи мазкур ходимларни тунги ишлардан, иш вақтидан ташқари ишлардан, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишлардан ёки хизмат сафаридан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: Ўғлим 17 ёш, хорижга сафарга кетмоқчиман, вақтинча автомашинамни ўғлимга ишончнома билан беришим мумкинми? (Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан А.Турсунов)

Жавоб: Транспорт эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) мазкур транспорт воситасидан фойдаланиши ва бошқаришида ишончнома талаб этилмайди.

Бунинг учун транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида мазкур яқин қариндошлар кўрсатилган бўлиши лозим.

Бироқ Сиз айни вазиятда ўғлингизга ишончнома бера олмайсиз. Чунки у ҳали 18 ёшга тўлмаган.

Қонунчиликка кўра, 18 ёшга тўлган шахсларга автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи берилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: Алимент ва моддий ёрдам оламан. Эримнинг ойлиги яхши. Бироқ алимент жуда кам тушади. Буни текширтириш учун кимга мурожаат қилиш керак? (Самарқанд шаҳридан Н. Аҳмедова)

Жавоб: Оила кодексига мувофиқ, алимент суд томонидан белгиланганда алимент тўловчининг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:

🔸 бир болага – тўртдан бир қисми;
🔸 икки болага – учдан бир қисми;
🔸 уч ва ундан ортиқ болага – ярмиси миқдорида ундирилади.

💰 Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизи (ҳозирги кунда 259 700 сўм)дан кам бўлмаслиги керак.

🔺 Давлат ижрочиси алимент бўйича пул маблағларининг қарздорнинг иш ҳақидан тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида ўтказилиши юзасидан ундирувчининг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан текшириш ўтказиши мумкин.

Шу сабабли, Сиз алимент пуллари тўғри ушлаб қолинаётганлигини текшириш учун давлат ижрочисига мурожаат қилишга ҳақлисиз.

⚠️ Қарздорнинг даромадлари ва мулкий аҳволи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик ёки қарздор ўзининг иш жойи ва бошқа даромадлар олиш жойи ҳақида маълум қилмаганлиги жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

Савол: Мен олти ойлик ҳомиладорман ва шу вақтгача хусусий дўконда сотувчи бўлиб ишлаб келяпман. Дўкон эгасидан менга “декрет” беришини сўрамоқчиман. Хусусий дўконда ҳам қонуний тарзда “декрет” олсам бўладими? (Навоий вилояти Нурота туманидан З. Асадова)

Жавоб: Агар сиз қонуний тарзда охирги 6 ойдан бери ушбу дўконда ишлаб келаётган бўлсангиз, бу ҳолда сизга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилади ва 5 иш куни ичида ундаги маълумотлар ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғуруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан “Тиббиёт” ахборот тизимига киритилади.

Бу эса сизга 4 ойлик нафақа тайинланишини таъминлайди. Нафақа ходимнинг фарзанди туғулгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида тўланади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Сўраган_эдингиз_жавоб_берамиз

📲 Савол: Мактабда ўқийдиган фарзандимнинг телефонини ўқитувчиси олиб қўйибди. Шахсий мулк бўлса, уни олишга ҳаққи борми? (Тошкент шаҳридан М. Ҳожиева)

Жавоб: Қонунчиликка асосан, ўқув машғулотлари ва тадбирлар бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ҳамда сумкасига солиб қўйиши шарт.

🚫 ТАҚИҚЛАНАДИ

🔰Таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

🔹 телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;
🔹 телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;

🔰 телефони ёрдамида:

🔹 атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;
🔹 таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан, зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;

🔰 ўқув машғулотлари вақтида:

🔹 телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;
🔹 телефонни стол устига қўйиш;
🔹 мусиқа тинглаш;
🔹 сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш, тасвир кўриш, диктофон, калкулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;
🔹 суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;
🔹телефон орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

⚠️ РУХСАТ ЭТИЛАДИ

➡️ Таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга рухсат этилади.

‼️ТАРТИБНИ БУЗСА

Ушбу талаблар бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг директорига ёки директор ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга бериш ҳуқуқига эга.

Демак, таълим муассасасида мобил телефондан фойдаланиш тартиби бузилган тақдирда, ўқитувчи унинг телефонини муассаса раҳбариятига ёки ота-онасига бериш шарти билан олиб қўйиши мумкин.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot