FATVO.UZ
152K subscribers
863 photos
1.82K videos
3.95K links
Fatvo.uz веб-саҳифанинг
телеграмдаги расмий каналига хуш келибсиз!

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ҲИЖОМА БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ ВА УНГА ҲАҚ ОЛИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром #ҳижома

1181-CАВОЛ: Бир танишим бу иш орқали топилган пул ҳалол эмас, бу билан шуғулланма деди. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ҳижома билан шуғулланиш ва у орқали топилган пул ҳам ҳалол бўлади. Бошқа ишларда бўлгани каби ҳижома қилишда ҳам шариат кўрсатмаларига амал қилиниши талаб қилинади. Шунинг учун қон олиш асносида мижозга заруратсиз озор бериш, аврати заруратсиз очилишига йўл қўйиш каби ишлардан сақланиш лозим. Бундан ташқари қон билан ишлаш гигиеник қоидаларга жуда ҳам катта эътибор бериши ҳам зарур. Чунки бугунги кунда қон орқали юқиши мумкин бўлган кўплаб хатарли касалликлар мавжуд экани маълум.
Фиҳқий манбаларнинг ижара бобида бу ишнинг жоизлиги баён қилинган. Жумладан Аллома ибн Нужайм шундай дейганлар:
جَازَ أَخْذُ أُجْرَةِ الْحَجَّامِ لِمَا رُوِيَ أَنَّهُ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ احْتَجَمَ وَأَعْطَى أُجْرَتَهُ وَبِهِ جَرَى التَّعَارُفُ بَيْنَ النَّاسِ مِنْ لَدُنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إلَى يَوْمِنَا هَذَا فَانْعَقَدَ إجْمَاعًا ،
“Ҳажжомлик учун ҳақ олиш жоиз. Бунинг далили “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирдирдилар ва қон олувчига ҳақини бердилар”, деган ҳадисдир. Қолаверса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан ҳозирги кунимизгача одамлар ичида одат бўлиб келаётган иш. Демак, бу иш ижмога кўра ҳам жоиз бўлади” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Мулла Алий Қори раҳмаҳуллоҳ ҳам бу ҳақда шундай деганлар:
(و) صح (إِجارَةُ الحَمَّامِ والحَجَّام) أَما الحَمَّام فلتَعَارُفِ الناس، وأَما الحَجَّام ... ولنا ما رَوى الشيخان عن ابن عباس: أَنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلم احتجم وأَعطى الحَجَّامَ أَجْرَه. زاد البخاري في لفظ: ولو كانَ حَرَامَاً لم يُعْطِهِ.
“Ҳаммомда чўмилиш учун ҳақ тўлаш ҳамда қон олувчининг хизматига пул бериш жоиздир. Қон олувчи, яъни “ҳажжом”га келсак, унинг жоизлигига ушбу ҳадисни далил сифатида келтириш мумкин: Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирдилар ва қон олувчига ҳақини бердилар”. (“Фатҳу бобил иноя” китоби).
Демак, ҳижома билан шуғулланиш шариатимизда жоиз касблардан саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Forwarded from FATVO.UZ
СУРРОГАТ ОНАЛИК ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

876-CАВОЛ: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиги ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.

💬 ЖАВОБ: Бис
миллаҳир Роҳманир Роҳим.
“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.

Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб шундай деган:

﴿وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ * إِلَّا عَلَى أَزْوَاجِهِمْ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ * فَمَنِ ابْتَغَى وَرَاءَ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْعَادُونَ﴾ (المؤمنون: 5 – 7)

яъни: “Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).

Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.

Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 мелодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ТУРЛИ ИЛОВА ВА ДАСТУРЛАР ОРҚАЛИ ПУЛ ТОПИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром

1185-CАВОЛ: Менга бир дўстим интернетдаги A.I.F иловаси орқали юборилган видеоларга лайк босиш орқали пул топишни тавсия қилди. Бу иловада пул топишнинг тартиби шуки, бу иловада бир неча босқич бўлиб, биринчи босқични 50 долларга, иккинчи босқични 200 долларга, учинчи босқични 500 долларга ва кейинги босқичларни ҳам шунга ўхшаб кўтарилиб борган нархда сотиб олади. Бу илова орқали даромад қилиш учун иштирокчи ортидан одам қўшиши шарт. Ортидан қўшган одам қилган тўловнинг 10% қўшувчига бонус сифатида берилади. Унинг ортидан қўшилган киши бошқа одам қўшса, у қўшилган киши қилган тўловининг 5% ни ҳам биринчи кишига бонус сифатида берилади. Ҳар бир босқичда юборилган видеоларга босилган лайк учун 0,5; 1; 2; 3... доллардан пул берилади. Шунга ўхшаш дастур орқали пул топиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳозирги кунда интернет тармоғида одамларни фирибгарлик йўли билан маблағларини ўзлаштириш ҳамда нопок йўллар орқали пул топишнинг турли йўллари урчиб кетган. Улар бу мақсадда турли илова ва дастурлар ишлаб чиқишган бўлиб, улар орқали пул топиш шариатимиз кўрсатмаларига асло тўғри келмайди. Чунки уларнинг ишлари судхўрликка асосланган бўлиши билан бирга қимордан ҳам холи эмас. Ҳар иккиси ҳам ботил йўл билан пул топиш саналгани учун, динимиз уларни қатъиян таъқиқлаган.
Саволда айтиб ўтган илова ва унинг босқичларига эътибор берилса, у тармоқли маркетингнинг бир туридир. Тармоқли маркетинг инсонларнинг молини ноҳақ йўллар билан ейишликдан иборат. Шунинг учун ҳам унинг барча турларини Саудия Арабистони Фатво Кенгаши, Ал-Азҳар университитети профессори Ҳусайн Шаҳҳата, Қатар давлат университитети Ислом шариати факультети профессори Али Муҳйиддин ва бошқа кўплаб кўзга кўринган ташкилот ва уламолар ҳаром деб фатво чиқарган.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:
"يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا"
“Эй, мўминлaр! Мoл-мулклaрингизни ўртaдa нoҳaқ (йўллaр) билaн емaнгизлaр! Ўзaрo рoзилик aсoсидaги тижoрaт бундaн мустaснo. Шунингдeк, ўзлaрингизни (бир-бирингизни) ўлдирмaнгиз! Aлбaттa, Aллoҳ сизлaргa рaҳм шaфқaтлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Барча Ислом уламоларига кўра, мазкур ояти каримадаги мoл-мулклaрни ўртaдa нoҳaқ йўллaр билaн ейишликка қимор, судхўрлик, товламачилик, ўғрилик ва ёлғон гапириб савдо қилиш каби барча ношаръий кўринишдаги битимлар киради.
Бундан ташқари киши “лайк” босиш учун мазкур иловаларни очиб, ундаги видеоларни томоша қилишлиги вақтни беҳуда сарфлаш, яъни умрни исроф қилиш ҳисобланади. Мусулмон учун Аллоҳ берган умрни на дунёсига ва на охиратига фойда бермайдиган ишлар билан банд қилиб ўтказиши катта хатодир ва бунинг учун қиёматда афсус-надоматлар қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ قَالَ : لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ : عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ، وَعَنْ جَسَدِهِ فِيمَا أَبْلاَهُ، وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا وَضَعَهُ، وَعَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча оёқлари ўрнидан силжимайди: умрини нимага сарфлагани, танасини нима билан қаритгани, бойлигини қаердан топиб, қаерга ишлатгани ва илмига қандай амал қилгани”, дедилар. (Сунани Доримий). Мусулмон киши буларнинг ўрнига дунёсига, юрт ободлигига ҳамда охиратига манфаат берадиган ишлар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ТИК ТУРИБ СУВ ИЧИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром #ҳадис

1186-CАВОЛ: Тик туриб сув ичиш ҳақида турли гаплар юради. Айримлар мумкин деса, яна бошқалар мумкин эмас, дейишади. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳадиси шарифларга мурожаат қилинадиган бўлса, ҳар икки ҳолатга ҳам далиллар бўлгани учун турли гаплар айтилган бўлиши табиий. Аллоҳ таоло уламоларимиздан рози бўлсин, улар бизга омонат сифатида ҳар икки маънога далил бўлувчи ҳадисларни ҳам етказиб беришган. Уларнинг айримларида тик туриб сув ичишдан қайтарилган бўлса, бошқа ҳадисларда уни жоиз дейилган. Уламоларимиз мазкур ҳадисларни тўплаб, хулосасини айтишган. Жумладан “Раддул муҳтор” китобида қуйидагилар келган:
وَاعْلَمْ أَنَّهُ وَرَدَ فِي الصَّحِيحَيْنِ أَنَّهُ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : { لَا يَشْرَبَنَّ أَحَدٌ مِنْكُمْ قَائِمًا ، فَمَنْ نَسِيَ فَلْيَسْتَقِئْ } وَفِيهِمَا { أَنَّهُ شَرِبَ مِنْ زَمْزَمَ قَائِمًا } " وَرَوَى الْبُخَارِيُّ { عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ بَعْدَمَا تَوَضَّأَ قَامَ فَشَرِبَ فَضْلَ وَضُوئِهِ وَهُوَ قَائِمٌ ، ثُمَّ قَالَ : إنَّ نَاسًا يَكْرَهُونَ الشُّرْبَ قَائِمًا ، وَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُ } وَأَخْرَجَ ابْنُ مَاجَهْ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ كَبْشَةَ الْأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا { أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَيْهَا وَعِنْدَهَا قِرْبَةٌ مُعَلَّقَةٌ فَشَرِبَ مِنْهَا وَهُوَ قَائِمٌ فَقَطَعَتْ فَمَ الْقِرْبَةِ تَبْتَغِي بَرَكَةَ مَوْضِعِ فِي رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ } وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ : حَسَنٌ صَحِيحٌ غَرِيبٌ ، فَلِذَا اخْتَلَفَ الْعُلَمَاءُ فِي الْجَمْعِ ؛ فَقِيلَ : إنَّ النَّهْيَ نَاسِخٌ لِلْفِعْلِ ، وَقِيلَ : بِالْعَكْسِ ، وَقِيلَ : إنَّ النَّهْيَ لِلتَّنْزِيهِ وَالْفِعْلُ لِبَيَانِ الْجَوَازِ .وَقَالَ النَّوَوِيُّ : إنَّهُ الصَّوَابُ
“Билгинки, Имом Бухорий ва Муслим китобларида ушбу ҳадислар келган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сиздан бирортангиз тик туриб (ичимлик) ичмасин. Ким унутиб (ичиб қўйса), қайд қилиб юборсин”, деганлар. Бошқа ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар”, дейилган. Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Али розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб бўлгач, таҳоратдан ортган сувдан тик турган ҳолда ичдиларда, кейин “Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам худди мен қилганимдек қилганлар”, деди. Ибн Можа ва Термизий Кабша ал-Ансориядан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. Унинг уйида меш осилган эди. У зот мешдан тик туриб сув ичдилар. Кабша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари теккан жойнинг баракасидан умид қилиб, мешнинг оғзини кесиб олди”. Шунинг учун уламолар бу ҳадисларни жамлашда ихтилоф қилишган. Баъзи олимлар сўз билан қайтаришлик амалда қилинган ишни насх (бекор) қилади” дейишса, бошқалари бунинг аксини айтадилар. Яна бошқалар эса ҳадисдаги қайтариқ танзиҳий (енгил) маънода келган ва ичиб кўрсатишлари эса бу ишнинг жоиз эканини баён қилиш учун бўлган дейишади. Имом Нававий мана шу фикрни маъқуллаган. Аллома Таҳовий имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳнинг “Тик туриб сув ичишнинг макруҳлиги саломатликка зарарли бўлгани учундир”, деганларини нақл қилган.
Ана шуларга кўра тик туриб сув ичиш жоиз бўлсада, макруҳи танзиҳий (енгил макруҳ) бўлади. Бундай қилган одам гуноҳкор бўлмайди, аммо ўтириб ичиш учун савоб олади ва бир вақтнинг ўзида танасини зарарлардан ҳам асраган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЭГАСИДАН БЕРУХСАТ ОЛИНГАН ДАРАХТЛАР
#ҳалол_ҳаром

1191-CАВОЛ: Бир хонадонда бир нечта олма дарахтлари бор экан. Суриштириб билинса, бу дарахтлар ниҳоллик вақтида ўғирлаб олиб келинган экан. Хонадон эгаси қилган хатосини тушуниб, нима қилишни билмаяпти. Кесиб ташласинми ёки бошқа нимадир қилиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ҳеч ким ўзгага тегишли нарсани унинг рухсатисиз ейиши, ишлатиши мумкин эмас.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берса, ҳалол бўлади”. (Имом Аҳмад ривояти). Ўғирланган нарсалар ҳақиқий эгасининг ҳақи ҳисобланади. Шунинг учун бу одам ниҳол эгасини топиб, дарахтни ҳам, мевасини ҳам қайтариши ва қилган ўғирлиги учун истиғфор айтиши лозим бўлади. Ёки қийматини бериб, эгасининг розилиги билан мазкур дарахтлардан фойдаланиши ҳам мумкин.
Агар эгасини топишнинг иложи бўлмаса, дарахтни кўчириб, бирор умумий фойдаланиш жойларига, масалан, кўча, болалар боғчаси, мактабларга экиб берсин. Ана шунда савоби эгасига бориб туради.
Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда мана шундай дейилган:
مَنْ عَلَيْهِ دُيُونٌ وَمَظَالِمُ جَهِلَ أَرْبَابَهَا وَأَيِسَ مِنْ مَعْرِفَتِهِمْ فَعَلَيْهِ التَّصَدُّقُ بِقَدْرِهَا مِنْ مَالِهِ وَإِنْ اسْتَغْرَقَتْ جَمِيعَ مَالِهِ وَيَسْقُطُ عَنْهُ الْمُطَالَبَةُ فِي الْعُقْبَى
“Бирор кишининг зиммасида қарзлар ёки зулм билан олинган нарсалар бўлса ва уларнинг эгалари топилмаса, гарчи барча мол-мулкига тенг миқдорда бўлса ҳам олган нарсалари миқдорича садақа қилади. Шу билан у охиратдаги жавобгарликдан қутилади” (“Танвирул абсор” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
НАРХГА ҚЎШИБ ЁЗДИРИШ
#савдо #ҳалол_ҳаром

1193-CАВОЛ: Мен улгуржи савдо билан шуғулланаман. Мендан турли дўконлар, айрим ҳолатда ташкилотлардан ходимлар келади. Шулар ичида айримлари нархни қўшиб ёзиб беришни сўрашади. Масалан, товарнинг нархи 50 минг бўлса, 70 минг деб ёзинг. Мен сизга пулини олиб келганимда 20 мингни менга қайтиб берасиз, дейишади. Уларнинг бу иши жоизми? Улар билан шу шаклда савдо қилсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом дини инсонга ҳамиша ишлаб топаётган пулини фақат ҳалол йўл билан бўлишига аҳамият қаратиши зарур. Ҳалол бўлмаган молни ноҳақ ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга ишбилармондек кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси 29-оят).
Юқоридаги ишлар ҳам мутлақо жоиз эмас. Чунки ишчи ва ходим кабилар иш жойининг вакили сифатида иш юритади ва мана шу ишларни бажараётганлиги учун унга корхона маош ажратади. Исломда вакил ўзига нима вазифа юклатилган бўлса, ўшани бажариши керак. Қўшиб ёзишни талаб қилиш ва шу орқали олган ортиқча пулни ўзлаштириш унга ҳалол бўлмайди. Бу ишда алдов, омонатга хиёнат қилиш каби бир неча гуноҳлар бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي
“Ким алдаса, мендан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ : إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ" (رواه البخاري).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мунофиқ уч нарсада билинади: Гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, иш берувчининг номидан маҳсулот сотиб олгани борган кишига айрим сотувчилар чегирма қилиб, маҳсулот учун тўланган пулдан қайтариб беради. Бу ҳолатда ҳам қайтиб берилган пул, иш берувчининг ҳақи ҳисобланади. Буни менга берди, мен учун арзон қилиб берди деб, ўзига олиб қолиши мумкин эмас. Бу ҳам юқоридаги каби хиёнат ҳисобланади.
Шунинг учун сизга бундай таклиф билан чиқилганда, чегирмани иш берувчи учун олишингизгина тўғри бўлади. Акс ҳолда гуноҳ ишни амалга оширишда ёрдам берган бўлиб қоласиз. Қуръони каримда гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилишдан қайтарилган:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида, 2-оят). Бу қилмишининг нотўғри қилётганини тушунтириб, насиҳат қилинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ДОРИЛАРНИ ҲАЙВОНЛАРДА ТАЖРИБА ҚИЛИШ
#ҳалол_ҳаром

1196-CАВОЛ: Дориларни ишлаб чиқариш ва одамларга қўллашдан олдин сичқон каби кемирувчи ҳайвонларда тажриба ўтказилади. Бундай қилиш динимизда жоизми? Ҳайвонни жонини қийнаш сабабли гуноҳкор бўлиб қолинмайдими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бугунги кунда дори-дармонлар ишлаб чиқаришлик ҳаётий заруратлардан ҳисобланади. Дори-дармонларнинг таъсири кучли бўлиши учун улар бир неча босқичли синовлардан ўтказилади. Тадқиқот ва кашфиётлар учун ҳайвонлардан фойдаланиш жоиз, айниқса, саволда айтилгандек, сичқон, каламуш сингари шариатда ўлдиришга рухсат берилган ҳайвонлар устида тажриба ўтказиш масалани янада енгиллаштиради. Чунки мутахассисларнинг таъкидлашича, кўплаб инсонлар йўлиқадиган касалликлар ҳайвонларда ҳам учраб туради. Шунинг учун бу ишлар ортида инсоният учун улкан манфаатлар ётади. Қолаверса, шариатнинг мақсадларидан бири инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилишдир.
Аллоҳ таоло каломида шундай марҳамат қилади:
هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا
У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот. (Бақара сураси, 29-оят). Ушбу оят инсонлар ер юзидаги барча нарсадан фойдаланиши мумкин эканига далолат қилади. Илмий ишлар, кашфиётлар учун ҳайвонларда тажриба ўтказиш ана шундай фойдаланиш остига киради.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатда аниқ бўлган фойдани кўзлаб фойдаланиш керак. Инсон ҳайвонот оламидаги жонзотларни бирор-бир мақсад туфайли сўйиши мумкин. Аммо бемақсад, беҳудага сўйиш, ўлдириш мумкин эмас.
عن الشريد بن سويد الثقفي قال قال صلى الله عليه وآله وسلم: مَنْ قَتَلَ عُصْفُورًا عَبَثًا عَجَّ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؛ يَقُولُ: يَا رَبِّ إِنَّ فُلَانًا قَتَلَنِي عَبَثًا وَلَمْ يَقْتُلْنِي لِمَنْفَعَةٍ رواه النسائي.
Шурайд ибн Сувайд Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор-бир фойдани кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).
Ҳайвонга тирик ҳолида тажриба қилинганда салбий таъсир қилиб, қийналиб яшайдиган бўлса, азобланмайдиган қилиб сўйиш ёки ўлдириш, сўйишда ҳам ўткир тиғли асбобдан фойдаланиш лозим.
عن أبي يعلى شداد بن أوس رضي الله عنه ، عن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأحْسِنُوا الْقِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأحْسِنُوا الذَّبْحَ رواه مسلم
Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар ўлдирсангиз, чиройли тарзда ўлдиринг. Агар сўйсангиз, чиройли тарзда сўйинг”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЦЕМЕНТГА ОЛДИНДАН ПУЛ БЕРИБ ҚЎЙИШ
#савдо #ҳалол_ҳаром

1197-CАВОЛ: Бизда уй қурмоқчи бўлганлар цемент, шифер, ғишт сотувчилар билан келишиб аввалдан пул бериб қўйишади. Масалан, цементнинг килоси 1000 сўм бўлса, олдиндан пул берилаётгани учун 900 сўмдан берилади. Оладиган вақт келганда нарх 1200 сўм бўлиши мумкин. Шундай келишиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган келишув “Салам” савдоси дейилади ва бу дуруст савдо ҳисобланади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
قَدِمَ اَلنَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم اَلْمَدِينَةَ، وَهُمْ يُسْلِفُونَ فِي اَلثِّمَارِ اَلسَّنَةَ وَالسَّنَتَيْنِ، فَقَالَ: " مَنْ أَسْلَفَ فِي تَمْرٍ فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ، وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ، إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ " (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида одамлар мевалар учун бир йил ёки икки йилга пул олардилар. У зот алайҳиссалом: “Ким хурмо учун қарз олса, маълум кайл (ўлчов идиши)га, маълум оғирликка ва маълум вақтга олсин”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Салам савдосида риоя қилиниши керак бўлган бир нечта шартлари бор. Бу савдода сотилаётган маҳсулот цемент сингари килолаб, сув, сут сингари литрлаб, мато сингари метрлаб сотиладиган ёки ғишт, тухум каби деярли бир-биридан фарқ қилмайдиган маҳсулот бўлиши керак. Сиз айтган учала маҳсулот ҳам бу шартга тўғри келади.
Сотилаётган маҳсулот юқоридаги шартга тўғри келгач, унда салам битимини тузиш учун қуйидаги жиҳатлари маълум бўлиши керак:
1. Маҳсулотнинг жинси (масалан, цемент),
2. Нави (масалан, “фалон заводники” ёки “Фалон маркадаги”),
3. Сифати (масалан, “олий”, “ўрта”, “паст”),
4. Миқдори (кило, метр, дона ёки ҳажми),
5. Вақти (саламнинг энг кам муддати 1 ой). Бу муддатдан камига салам савдосини қилиб бўлмайди.
6. Тўланадиган пулнинг миқдори (битим ўз кучида қолиши учун маҳсулот сотмоқчи бўлган одам пулни олдиндан олиши керак),
7. Маҳсулотни ташиш харажатли бўлса, маҳсулотни етказиб бериш жойи маълум бўлиши лозим. (“Фатҳи бобил иноя”, “Ал-Мухтор”китоблари).
Шунингдек, маҳсулот икки томон келишган вақтдан бошлаб, топшириладиган кунгача одамларда ёки бозорларда мавжуд бўлиши лозим. Чунки тўлаш муддати келганда сотувчи уни топиб бера олиши керак.
وَلَا يَجُوزُ السَّلَمُ حَتَّى يَكُون الْمُسْلَمُ فِيهِ مَوْجُودًا مِنْ حِينِ الْعَقْدِ إلَى حِينِ الْمَحِلِّ
“Салам савдоси Муслам фиҳ(сотиб олинаётган маҳсулот) келишув вақтидан бошлаб, топшириш муддатигача мавжуд бўлсагина жоиз бўлади”. (“Жавҳаратун наййира”).
Сиз айтган ҳолатда икки томон мазкур шартларга риоя қилиб, келишувга эришсалар, қилган савдолари шаръан тўғри бўлган ҳисобланади. Бу ҳолатда келишилган нарх ўз кучида қолади. Нархнинг тушиб кетиши ёки ошиб кетиши бу келишувга таъсир қилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ БИЛАН ОШҚОЗОННИ КИЧРАЙТИРИШ
#ҳалол_ҳаром

1198-CАВОЛ: Бир танишим жуда ҳам семириб, семизлик уни соғлиғига зарар бераётган экан. Бир ишончли шифокор ошқозоннинг бир қисмини кесиб ташлаш керак, дебди. Амалиётдан яхши чиқишига кафолат билан амалга оширилар экан. Шу мақсадда бундай амалиёт ўтказиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Саволда сўралган ушбу жарроҳлик амалиётида рухсат берилган ва рухсат берилмаган ҳолатлар бор. Чирой, кўркамлик учун бўлса, жоиз эмас. Чунки бу ишлар зарурат ҳисобланмайди. Танадаги айб-нуқсонни тўғрилаш мақсадида бўлса, жоиз бўлади. Чунки бу ҳолат заруратга айланади.
Замонамизнинг кўзга кўринган уламолари ошқозонни кичрайтириш амалиётини бир қанча шартлар билан рухсат берганлар:
1. Бу шунчаки озиш ёки тананинг шаклини чиройли қилиш учун бўлмаслиги керак.
2. Бу амалиёт натижасида бошқа касалликка дучор бўлмаслиги керак.
3. Семизликни йўқотишнинг мазкур амалиётдан бошқа йўли бўлмаслиги керак.
4. Аврат масаласига риоя қилиш керак.
Уламолар мазкур фатволарига фиқҳий манбаларда келган қуйидаги ибораларни асос қилиб келиб келтирадилар:
لا بأس ‌بقطع ‌العضو إن وقعت فيه الآكلة لئلا تسري كذا في السراجية. لا بأس بقطع اليد من الآكلة وشق البطن لما فيه كذا في الملتقط.
“Бирор аъзога тушган қорасон касаллиги бошқа аъзоларга тарқаб кетмаслик учун шу аъзони кесиб ташлашда гуноҳ йўқ. Қорасон касаллиги теккан қўлни кесишда, қориннинг ичини даволаш мақсадида қоринни ёришда гуноҳ йўқ” (“Фатово Оламгирия” китоби).
من له سلعة زائدة يريد قطعها إن كان الغالب الهلاك فلا يفعل وإلا فلا بأس به كذا في خزانة المفتين
“Ортиқча ёғли шиши бор инсон шу шишни олиб ташламоқчи. Агар бундай муолажалар аксар ҳолатда ҳалок бўлиш билан тугаса, жоиз эмас. Агар ундай бўлмаса, яъни аксар ҳолатда муваффақиятли ўтса, зарари йўқ. “Хизонатул муфтийн” да шундай келган” (“Фатово Оламгирия” китоби)
أما قطع الإصبع الزائدة ونحوها فإنه ليس تغييرا لخلق الله وإنه من قبيل إزالة عيب أو مرض
“Ортиқча аъзони кесиб ташлаш каби ишлар Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартиришга кирмайди. Балки у айб ёки беморликни йўқотиш қабилидан ҳисобланади” (“Фатҳул мулҳим” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
БУҒДОЙГА ОЛДИНДАН ПУЛ БЕРИБ, ЎРНИГА СОМОН ОЛСА БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

1199-CАВОЛ: Биз қишлоқда яшаймиз. Буғдой олишга олдиндан пул бериб қўямиз. Бу бизга буғдой пишган вақтдагидан арзонга тушади. Аммо баъзан буғдой эккан одамнинг буғдойи яхши бўлмай, ўрнига сомон ёки ер бераман дейди. Шундай ҳолатларда буғдой ўрнига сомон ёки ер олса бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Муайян ўлчовдаги ҳосил учун олдиндан пул бериб, пишган вақтда маҳсулотни олишликка келишув салам савдоси дейилади. Ушбу савдонинг бир қанча шартлари бор. (https://t.me/diniysavollar/398).
Келишилган вақт келганда ваъда қилинган буғдойни бера олмагани учун саволда айтилгани каби келишув қилиш жоиз эмас. Фуқаҳолар деҳқон келишилган буғдойни бера олмаса, бозордан келишилган сифатдаги буғдойни олиб беради, дейишган. Айнан ўзи эккан буғдой бўлиши шарт қилинмаган. Шунинг учун ҳам фиқҳий китобларимизда салам савдосидаги маҳсулот икки томон келишаётган ва топширилаётган вақтда бозорларда мавжуд бўлиши шарт дейилади. Агар деҳқон бозордан ҳам топиб бера олмаса, буюртмачи буғдой топилишини кутади ёки берган пулини қайтиб олади. Бошқа маҳсулот ёки келишилган маҳсулотнинг ўша кундаги қийматини олмайди. Масалан, буюртмачи деҳқон билан килоси 1000 сўмдан бир тонна буғдойга келишиб, бир миллион сўм пул берди. Муддат келган вақтда иккинчи томон келишилган буғдойни топиб бера олмади. Шу вазиятда унинг ўрнига ер ёки сомон бера олмагани каби буғдойнинг шу кундаги бозор нархида пул ҳам ололмайди, яъни, 1200 сўм бозорда бўлса, бир миллион икки юз минг сўм олиши тўғри келмайди. Бу борада фиқҳий китобларимизда мана бундай дейилган:
وَلَوْ انْقَطَعَ بَعْدَ الْمَحِلِّ فَرَبُّ السَّلَمِ بِالْخِيَارِ ، إنْ شَاءَ فَسَخَ السَّلَمَ ، وَإِنْ شَاءَ انْتَظَرَ وُجُودَهُ
“Маҳсулотни топшириш муддати келган вақтда маҳсулот топилмай қолса, маблағ эгаси, ихтиёрли бўлади. Хоҳласа, салам битимини бекор қилади (яъни берган маблағини қайтиб олади). Хоҳласа, маҳсулот топилишини кутиб туради” (“Ҳидоя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​МАСЖИДДАГИ ГУЛЛАРГА ҲАЙВОН ГЎНГИНИ СОЛИШ
#ҳалол_ҳаром

1201-CАВОЛ: Масжиддаги тувакларда гуллар бор. Шу гулларга ҳайвоннинг гўнги солинади. Шундай қилиш жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда масжид Аллоҳ таолонинг уйи дейилади ва уни покиза сақлашга буюрилади. Бу маскан Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, Унга тасбеҳ айтиб улуғланадиган жой ҳисобланади. Шунинг учун масжидларда номақбул ишлар, беҳуда гап-сўзлар тақиқлангани каби нажосатларни олиб киришга ҳам рухсат берилмаган.
Шунинг учун ҳам шариатда нажас ҳисобланган ҳайвон гўнгини масжидга олиб кириш мумкин эмас. Чунки ундай қилиш масжидларни пок тутиш ҳақидаги шариат кўрсатмасига зид ҳисобланади. Қолаверса, гулга гўнг солиш уни парвариш қилишнинг ягона воситаси эмас. Унинг ўрнига минерал ўғитлар, чириндилардан ҳам фойдаланиш мумкин. Фиқҳий манбаларимизда масжидга нажосат олиб кириш ман этилгани ҳақида иборалар келган:
وَ كُرِهَ تَحْرِيمًا ...إِدْخَالُ نَجَاسَةٍ فِيهِ وَعَلَيْهِ فَلَا يَجُوزُ الِاسْتِصْبَاحُ بِدُهْنٍ نَجِسٍ فِيهِ وَلَا تَطْيِينُهُ بِنَجِسٍ
“Масжидга нажосат олиб кириш макруҳи таҳримий саналади. Шунга кўра масжидни нажосат бўлган ёғ билан ёритиш, нажосат бўлган лой билан сувоқ қилиш мумкин эмас”. (“Раддул муҳтор” китоби).
لَا يَدْخُلُ الْمَسْجِدَ مَنْ عَلَى بَدَنِهِ نَجَاسَةٌ
“Баданида нажосат бор инсон масжидга кирмайди”. (“Фатово Оламгирия” китоби).
يُكْرَهُ أَنَّ يُطَيَّنَ الْمَسْجِدُ بِطِينٍ قَدْ بُلَّ بِمَاءٍ نَجِسٍ
“Нажас сув билан қорилган лой билан масжидни сувоқ қилиш макруҳдир”. (“Фатово Оламгирия” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЁШ БОЛАНИНГ ҲАЙВОН СЎЙИШИ
#ҳалол_ҳаром

1202-CАВОЛ: Мен қассобман. Турли ёшдаги ёш шогирдларим бор. Мен сўяман, улар тозалаш, бўлиш каби ишларни қилишади. Қурбон ҳайити кунлари буюртма кўп бўлиб, улар ҳам сўйишга мажбур бўлишади. Шариат бўйича уларнинг сўйишлари мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламоларимиз сўйилган жонлиқни ҳалол бўлиши учун сўювчи агар ёш бўлса, сўйишга қодир бўлиши ва унга ақли етиши шарт қилинади. Шунинг учун агар шогирдларингиз балоғатга етган ва мусулмон бўлса, уларнинг сўйишида мутлақо муаммо йўқ. Агар балоғатга етмаган бўлса-ю, лекин сўйишга қудрати етиб, унинг қонун-қоидаларини биладиган ва ҳайвонни сўйиш билан ҳалол қилинишига ақли етса, уларнинг сўйган ҳайвонлари ҳам ҳалол ҳисобланади. Агар балоғатга етмаган ёшларнинг сўйишга ва “басмала” айтишга ақли етмаса, сўйган ҳайвони ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилган:
فَمِنْهَا أَنْ يَكُونَ عَاقِلًا فَلَا تُؤْكَلُ ذَبِيحَةُ الْمَجْنُونِ وَالصَّبِيِّ الَّذِي لَا يَعْقِلُ فَإِنْ كَانَ الصَّبِيُّ يَعْقِلُ الذَّبْحَ وَيَقْدِرُ عَلَيْهِ تُؤْكَلُ ذَبِيحَتُهُ
“Сўювчидаги шартлардан бири ақли расо бўлишидир. Шунга кўра сўйишга ва басмалани айтишга ақли етмайдиган ёш бола ва мажнуннинг сўйган ҳайвонини еб бўлмайди. Агар ёш бола шариатга мувофиқ сўйишни биладиган ва тўғри сўя оладиган бўлса, у сўйган ҳайвонни ейиш мумкин” (“Бадоеъус саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
СОВУН НОПОКМИ?
#ҳалол_ҳаром

1203-CАВОЛ: Пок сувда, пок кийимни янги совун билан ювса, кийим нопок бўлиб қолмайдими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Янги совун нопок ҳисобланмайди. Ҳатто ишлаб чиқариш жараёнида нопок моддалар қўшилган тақдирда ҳам кимёвий ўзгариш жараёнидаги ўзгаришлар туфайли улар бошқа нарсага, яъни совунга айланиб қолади ва у шариат қоидасига кўра ҳалол ҳисобланаверади.
Динимизда барча нарсалар, агар уларнинг нопоклиги аниқ бўлмаса, пок ҳисобланади. Масалан, янги кийим сотиб олинган кийим нопок деган гумон билан ювилмайди. Қачон унда нажосат борлиги аниқ бўлсагина, ювилади. Фиқҳий манбаларимизда бу ҳақида мана бундай келган:
لأن الطهارة في الأشياء أصل، والنجاسة عارض، فيجري على الأصل حتى يعلم حدوث العارض
“...нарсалардаги асл ҳолат бу уларнинг поклиги бўлиб, нажосат бўлиши оризий(кейин пайдо) бўладиган нарсадир. Шунга кўра нарсаларнинг, то нопоклиги маълум бўлмагунича асл ҳолатига (яъни пок эканига) ҳукм қилинаверади”. (“Муҳити Бурҳоний” китоби).
( وَ ) يَطْهُرُ ( زَيْتٌ ) تَنَجَّسَ ( بِجَعْلِهِ صَابُونًا ) بِهِ يُفْتَى لِلْبَلْوَى .
“Нажосат бўлган ёғ совунга айлантириш билан пок бўлади. Умумий балво (омма мубтало бўладиганлиги) туфайли шунга фатво берилган”. (“Раддул муҳтор” китоби).
Шунга кўра сиз айтган ҳолатларда кийим ёки сув нопок бўлиб қолмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҲАЙВОН ТИШИНИНГ ИСТЕЪМОЛИ
#ҳалол_ҳаром

1206-CАВОЛ: Менга калций етишмаслиги учун қуён тишини ейишни тавсия қилишди. Есам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг еттита аъзосини ейиш макруҳи таҳримийдир. Улар ҳадис ва фиқҳ китобларида баён қилинган. Жумладан, Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ қўйнинг аъзолари ҳақида бундай деган:
كُرِهَ تَحْرِيمًا وَقِيلَ تَنْزِيهًا وَالْأَوَّلُ أَوْجَهُ مِنْ الشَّاةِ سَبْعٌ الْحَيَاءُ وَالْخُصْيَةُ وَالْغُدَّةُ وَالْمَثَانَةُ وَالْمَرَارَةُ وَالدَّمُ الْمَسْفُوحُ وَالذَّكَرُ لِلْأَثَرِ الْوَارِدِ فِي كَرَاهَةِ ذَلِكَ
“Қўйнинг етти аъзоси макруҳи таҳримийдир. Макруҳи танзиҳий деган гап ҳам бор. Аммо макруҳи таҳримий деган гап қувватли гапдир. Улар қуйидагилар:
1. Урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
2. Ҳайвоннинг мояги;
3. Безлари;
4. Сийдик қопи;
5. Ўт пуфаги;
6. Бўғиздан отилиб чиққан қон;
7. Эркак ҳайвоннинг жинсий аъзоси.
Чунки бу борада ҳадислар келган”. (“Раддул муҳтор” китоби).
Бу гўшти ейиладиган бошқа ҳайвонларга ҳам тегишлидир. Шунинг учун ҳам калласини пишириш жараёнида баъзан тишининг бир қисмлари қолиб кетса, у билан бирга пиширилган гўштни бемалол ейилган.
Ҳаром қилинган мазкур аъзолар ичида тишлари саналмаган. Уларни ейиш ножоиз эканига далил ҳам йўқ. Бундан ташқари, аслида тишлар ҳалол бўлган жағ суякларидан ўсиб чиқади ва шу суяк билан бирлашиб кетган бўлади. Демак, тишларни ҳалол демаслик бир суякнинг бир қисмини ҳалол, бошқасини ҳалол эмас дейишликка ҳам олиб келади. Шундай экан, шаръий йўл билан сўйилган гўшти ҳалол ҳайвонларнинг тишларини истеъмол қилиш инсонга зарар қилмаса, уларни бемалол тановул қилиш мумкин бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
МАСТ ҲОЛДА ҲАЙВОН СЎЙИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром #қурбонлик

1233-CАВОЛ: Бизда баъзи қассоблар маст ҳолда жонлиқ сўяди. Бунинг ҳукми қандай бўлади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар сиз айтган қассобдан бошқа қассоб бўлмаса ва бу киши маст ҳолда жонлиқ сўяётган вақтда сўйишнинг қоидаларини, тасмия ("бисмиллаҳи Аллоҳу акбар")ни идрок қилиб тўлиқ айта олса, сўйган жонлиғини ейиш жоиз. Агар сўйиш қоидаларини идрок эта олмайдиган даражада бўлса, у сўйган ҳайвонни ейиш дуруст эмас. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ бу борада бундай деган:
مِنْهَا أَنْ يَكُونَ عَاقِلًا فَلَا تُؤْكَلُ ذَبِيحَةُ الْمَجْنُونِ وَالصَّبِيِّ الَّذِي لَا يَعْقِلُ وَالسَّكْرَانُ الَّذِي لَا يَعْقِلُ فَإِنْ كَانَ الصَّبِيُّ يَعْقِلُ الذَّبْحَ وَيَقْدِرُ عَلَيْهِ تُؤْكَلُ ذَبِيحَتُهُ وَكَذَا السَّكْرَانُ
“Сўювчидаги шартлардан бири ақли расо бўлишидир. Шунга кўра шаръий сўйишга ақли етмайдиган ёш боланинг, мажнун ва мастнинг сўйган ҳайвонини еб бўлмайди. Агар ёш бола шариатга мувофиқ сўйишни биладиган ва тўғри сўя оладиган бўлса, у сўйган ҳайвонни ейиш ҳалол. Мастнинг ҳукми ҳам шундай” (“Бадоеъус саноеъ” китоби).
Имкон қадар покиза, ҳалол-ҳаромни фарқига борадиган сўйиш ишининг сир-асрорларини ўрганган қассобларга ҳайвон сўйдириш лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
МУШУК ИЧГАН СУТДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром

1234-CАВОЛ: Мушук сутдан ичса, қолган сутдан фойдаланиш мумкинми ёки нажосат бўлиб қоладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мушук сут, овқат, сув ёки шу каби нарсаларга тегса, бу нарсалар ҳаром бўлиб қолмайди. Пок ҳисобланади, лекин ундан фойдаланиш макруҳи танзиҳийдир. Агар оғзида нажосат борлиги аниқ бўлса, у нарсалар нажосатга айланади. Оғзи нопок ёки поклиги маълум бўлмаса, бу ҳолатда ҳам пок ҳисобланади ва у теккан нарсалардан фойдаланиш жоиз. Лекин уламолар фойдаланиш борасида одамларнинг ҳолатига қаралади, деганлар. Бой киши учун макруҳ бўлади, у ишлатмайди. Чунки у ўрнига бошқасини сотиб олиш имкони бор. Камбағал одам учун макруҳ эмас, чунки у бошқасини сотиб олишга қурби етмайди. Қолаверса, бу турдаги мушук хонаки, одамлар ёнида яшайдиган мушук теккан нарса ҳақидадир. Агар ёввойи мушук бўлса, ундан қолган сув ёки сутлар нажосатга айланади. Бу борада фиқҳий манбаларда батафсил баён қилинган:
وسؤر هرة ... طاهر للضرورة (مكروه) تنزيها في الأصح... بيان ذلك أن القياس في الهرة نجاسة سؤرها؛ لأنه مختلط بلعابها المتولد من لحمها النجس، لكن سقط حكم النجاسة اتفاقا بعلة الطواف المنصوصة بقوله صلى الله عليه وسلم إنها ليست بنجسة، إنها من الطوافين عليكم والطوافات " أخرجه أصحاب السنن الأربعة
“Мушукнинг сарқити (мушукнинг оғзи теккан таом ва ичимликлар) зарурат юзасидан пок ҳисобланади ва энг тўғри сўзга кўра бу нарса танзиҳий макруҳдир. Бунинг тафсилоти қуйидагича: қиёсга кўра мушукнинг сарқити нажосат саналади. Чунки у мушукнинг сўлаги билан аралашган бўлади. Сўлаги эса нажосат бўлган гўштидан пайдо бўлади. Аммо ундаги нажосатлик ҳукми унинг одамлар атрофида айланиб юриши сабабли соқит бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир”, деганлар. Тўрт сунан соҳиблари — Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилганлар” (“Раддул муҳтор” китоби).
Бу мавзуда Аллома Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
ولا يخفى أن كراهة أكل فضلها تنزيها إنما هو في حق الغني لانه يقدر على غيره، أما في حق الفقير فلا يكره كما صرح به في السراج الوهاج واعلم أن قولهم إن الاصل في سؤر الهرة أن يكون نجسا وإنما سقطت النجاسة بعلة الطواف يفيد أن سؤر الهرة الوحشية نجس
“Мушукнинг қолдиғини ейиш бойлар учун танзиҳий макруҳдир. Чунки бой киши бошқасини олишга қурби етади. Фақир киши учун макруҳ эмас. Уламоларнинг “Мушукнинг сарқити аслида нажосат саналади. Аммо одамлар атрофида айланиб юриши туфайли нажосатлиги соқит бўлади”, деган гаплари шуни кўрсатадики, ёввойи мушукларнинг қолдиғи нажосат ҳисобланади” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Агар мушук сувдан ичган бўлса, ундан қолган сувда таҳорат олиш макруҳ саналади. Бошқа сув бўла туриб, бу сувдан таҳорат олинмайди. Бошқа сув бўлмаса, таҳорат қилиши жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ИЖАРАГА ОЛИНГАН НАРСАНИ ИЖАРАГА БЕРИШ
#ижара #ҳалол_ҳаром

1247-CАВОЛ: Мен олдиндан бир йиллик ижара пулини тўлаб қўйиб, кейин ўзим қимматроқ пулга ижарага берсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ижарага олинган нарсани ижарага бериш жоиз. Лекин бир қанча шартлар бор. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирия” китобида шундай дейилган:
"وإذا ‌استأجر ‌دارا وقبضها ثم آجرها فإنه يجوز إن آجرها بمثل ما استأجرها أو أقل، وإن آجرها بأكثر مما استأجرها فهي جائزة أيضا إلا إنه إن كانت الأجرة الثانية من جنس الأجرة الأولى فإن الزيادة لا تطيب له ويتصدق بها، وإن كانت من خلاف جنسها طابت له الزيادة ولو زاد في الدار زيادة كما لو وتد فيها وتدا أو حفر فيها بئرا أو طينا أو أصلح أبوابها أو شيئا من حوائطها طابت له الزيادة، وأما الكنس فإنه لا يكون زيادة وله أن يؤاجرها من شاء إلا الحداد والقصار والطحان وما أشبه ذلك مما يضر بالبناء ويوهنه هكذا في السراج الوهاج".
“Бир ҳовлини (бинони) ижарага қабул қилиб олса, сўнг уни бошқага ижарага бермоқчи бўлса, ўзи олган нархга ёки ундан арзонроққа ижарага берса, жоиз бўлади.
Агар ўзи олган нархдан қимматроқ баҳога ижарага берса ҳам жоиз бўлади. Аммо бу ижараси учун олган ҳақи биринчи ижарадаги ҳақнинг жинсидан (масалан, сўмга олиб сўмга берса, долларга олиб долларга берса) бўлса, ортиқча олган пули унга ҳалол бўлмайди, уни садақа қилиши лозим бўлади.
Агар бошқага ижарага берганда иккинчи ижарачи томонидан бериладиган маблағ биринчи ижарачи томонидан бериладиган маблағнинг жинсидан бошқа (масалан, сўмга олиб, долларга берса) бўлса, унда ортиқча олган қиймати ҳам ҳалол бўлади. Агар ижарага олинган ҳовлига бирор қўшимча киритса, масалан қудуқ кавласа, қозиқ ўрнатса, лой билан шуваса, эшикларни тузатса ёки деворларини таъмирласа, шунда ҳам ортиқча олинган қиймат ҳалол бўлади. Аммо ҳовлини супуриб тозалаш қўшимча киритиш ҳисобланмайди.
Ижарага олган бино ёки жойни темирчи, тегирмончи, кир ювувчи каби бинога, жойга шикаст етказадиган ишлар билан шуғулланувчига ижарага бермайди”.
Шунга биноан сиз пулнинг жинсида ўзгариш қилсангиз ёки олган жойингизга матнда келгани каби ўзгартиришлар киритсангиз, олган ҳақингиз жоиз бўлади. Аммо ҳеч қандай ўзгартириш бўлмаса, олган ортиқча сумма ҳалол бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
НЕГА ЖАННАТДА МАЙ ИЧИШГА РУХСАТ ЭТИЛГАН?
#ақида #ҳалол_ҳаром

1278-CАВОЛ: Нега бу дунёда май (маст қилувчи ичимлик) ичиш мумкинмасу, нариги дунёда ичиш мумкин? Нега бу дунёда тақиқланган бўлса, у дунёда тақиқланмаган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳисоб-китобдан кейин жаннат аҳли жаннатга киргач улардан имтиҳон ва синов кўтарилади. Уларга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлади ва Аллоҳ таоло уларга турли ноз неъматларини сероб қилади. Шу жумладан дунёда ҳаром қилинган баъзи нарсаларни сабр ва тоату ибодатларига мукофот ўлароқ жаннатда ҳалол қилади. Масалан, олтин ва ипак дунёда эркаклар учун ҳаром қилинган. Жаннатда эса барчага бирдек ҳалол қилинади.
Ҳудди шунингдек, охиратда жаннатда май ҳам бўлади. Аммо жаннат майи билан дунёдаги майнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Дунё майи одамни маст қилади, ақлни кетказади, ичишга ёқимсиз бўлади, бошни оғритади, қайт қилдиради, бавлни кўпайтиради, ва уни ичган одам алжираб гапиради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни ёмонликларнинг онаси (асоси) деб айтганлар:
الخمر أم الخبائث، فمن شربها لم تقبل صلاته أربعين يوما، فإن مات وهي في بطنه مات ميتة جاهلية.
яъни: “Май ёмонликларнинг онасидир. Уни ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди. Қорнида май бўлган ҳолда ўлган киши жоҳилият ўлимида ўлим топган бўлади” (Имом Табароний ривояти).
Аммо жаннатдаги май эса ярқираб жиловланувчи оқ ранда бўлади, ичганда лаззатли бўлади, ақлни олмайди, ичган одам алжирамайди, бошни оғритмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло уни васф этиб, шундай марҳамат қилган:
بيضاء لَذَّةٖ لِّلشَّرِبِينَ لَا فِيهَا غَوۡلٞ وَلَا هُمۡ عَنۡهَا يُنزَفُونَ
“У оппоқ, ичгувчига лаззатбахшдир. Унда ҳеч бир зарар йўқдир ва ундан сархуш ҳам бўлмаслар” (Соффат сураси, 46-47-оят).
Бошқа оятда:
يَتَنَٰزَعُونَ فِيهَا كَأۡسٗا لَّا لَغۡوٞ فِيهَا وَلَا تَأۡثِيمٞ
“Улар (жаннат аҳли) унда қадаҳларни бир-бирларига узатурлар. У ерда беҳуда сергаплик ва гуноҳ йўқ” (Тур сураси 23-оят.)
Бошқа бир оятда эса:
مَّثَلُ ٱلۡجَنَّةِ ٱلَّتِي وُعِدَ ٱلۡمُتَّقُونَۖ فِيهَآ أَنۡهَٰرٞ مِّن مَّآءٍ غَيۡرِ ءَاسِنٖ وَأَنۡهَٰرٞ مِّن لَّبَنٖ لَّمۡ يَتَغَيَّرۡ طَعۡمُهُۥ وَأَنۡهَٰرٞ مِّنۡ خَمۡرٖ لَّذَّةٖ لِّلشَّرِبِينَ وَأَنۡهَٰرٞ مِّنۡ عَسَلٖ مُّصَفّٗىۖ وَلَهُمۡ فِيهَا مِن كُلِّ ٱلثَّمَرَٰتِ وَمَغۡفِرَةٞ مِّن رَّبِّهِمۡۖ كَمَنۡ هُوَ خَٰلِدٞ فِي ٱلنَّارِ وَسُقُواْ مَآءً حَمِيمٗا فَقَطَّعَ أَمۡعَآءَهُمۡ
“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки): ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр (шароб)ли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва ўз Роббиларидан мағфират бор. (Ўшалар) оташда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшарми?" (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Жаннат шароби дунёдаги шаробдан топиладиган барча салбий сифатлардан холидир. Номи бир хил экани уларнинг жинси ҳам бир хил эканини ифода қилмайди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бир нарсани ҳалол қилиш ёки ҳаром қилиш бу фақат Аллоҳ таолонинг ҳукми ва иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳукм жорий қилар экан, бандалар ўша ҳикматни билиш ёки билмаслигидан қатъий назар албатта, унинг ортида ҳикмат бор.
Дунё ва охиратни бир-бирига қиёслаш тўғри бўлмайди. Чунки, бу дунё имтиҳон дунёси. Охират эса жазо ва мукофот дунёсидир.
Аллоҳ таоло дунёда ҳалол ва ҳаромга боғлиқ ҳукмларни бандаларнинг синови учун жорий қилган. Бандадан талаб қилингани эса унга итоат қилишдир. Аллоҳга иймон келтирган банда эшитдик ва итоат қилдик, дейди. Ўзига зулм қилувчи бандалар эса эшитдик, лекин итоат қилмаймиз, дейди.
Зеро Аллоҳ таоло қилган ишларидан сўралмайдиган зот. Бандалар эса сўралувчидирлар.
لَا يُسۡـَٔلُ عَمَّا يَفۡعَلُ وَهُمۡ يُسۡـَٔلُونَ
“У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар” (Анбиё сураси, 23-оят). Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
СУНЪИЙ ИПАКЛИ КИЙИМ КИЙИШ
#ҳалол_ҳаром

1294-CАВОЛ: Биламизки, динимизда эркаклар ипак матодан кийим кийиши ман қилинган. Бир шим сотиб олгандим. Шу шимнинг 70 % матоси сунъий ипак деб ёзибди, яъни сунъий ипак экан. Шу шимни кийиш жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сунъий ипак ҳақиқий ипакка муқобил равишда ишлаб чиқарилган мато тури холос. Унга ҳақиқий ипакнинг ҳукми берилмайди. Ундан тикилган кийимларни кийиш эркаклар учун жоиздир. Ҳадисларда таъқиқланган ипак ҳақиқий, табиий ипакдир.
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ حُرِّمَ لِبَاسُ الْحَرِيرِ وَالذَّهَبِ عَلَى ذُكُورِ أُمَّتِي وَأُحِلَّ لِإِنَاثِهِمْ
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ипак кийим ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди», дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Ипакнинг эркакларга ҳаром қилиниши ҳикмати, бу мато жуда нафис ва мулойим бўлиб, аёллик табиати ҳамда латофатига мос келади. Аксинча эркакларнинг табиатига эса мувофиқ келмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar