ALRISALAH | ibratli kanal
1.97K subscribers
9.69K photos
9.61K videos
115 files
1.38K links
«ALRISALAH»–(Ishonchli xabar) Qalblarga hidoyat ulashuvchi ilmiy-ma'rifiy kanal🌙
📌 BIZNING KANALIMIZDA:

🎞 IBRATLI VIDEOLAR
🎥 TA'SIRLI MARUZALAR
💽 AJOYIB NASHIDALAR
📝 HIKMATLI MAQOLALAR
Download Telegram
ҚАЗО НАМОЗИНИНГ УЧИНЧИ ВА ТЎРТИНЧИ РАКАТЛАРИДА ЗАМ СУРА ЎҚИЛАДИМИ?
#намоз

316-CАВОЛ: Фарз намозини қазосини ўқиётганда 3-ва 4-ракатларда зам сура ўқиладими?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар ўқиётган намози қазо экани аниқ бўлса, унда учинчи ва тўртинчи ракатларга зам сура қилмайди. Аммо ўқиётган намози қазо экани аниқ бўлмай нафл бўлишининг ҳам эҳтимоли бўлса, (масалан қазоси тугаган бўлиб эҳтиёт юзасидан ўқиётган бўлса) шундагина учинчи тўртинчи ракатларга зам сура қилади.Бу ҳақда “Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَقَدْ فَعَلَ ذَلِكَ كَثِيرٌ مِنْ السَّلَفِ لِشُبْهَةِ الْفَسَادِ ، كَذَا فِي الْمُضْمَرَاتِ وَيَقْرَأُ فِي الرَّكَعَاتِ كُلِّهَا الْفَاتِحَةَ مَعَ السُّورَةِ ، كَذَا فِي الظَّهِيرِيَّة

яъни: “Ўтган салафи солиҳларнинг кўплари киши билмаган ҳолда намози бузилган бўлиши мумкин, деб ўйлаб бир неча йиллик қазоларни ўқиганлар, “Музмарот” китобида шундай келган. Шундай ҳолатларда ҳамма ракатларда “Фотиҳа” ва зам сурани ўқийди, “Заҳирия” китобида шундай келтирилган”(Намоз китоби, Қазо бўлган намозларни ўташ боби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ҚАЙСИ СОАТДА ҚУЁШ ТИККАГА КЕЛГАН БЎЛАДИ?
#намоз

319-CАВОЛ: Қуёш тиккага келган вақт қайси соатга тўғри келади?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуёшнинг тиккага келишини бир вақтга белгилаб бўлмайди. Чунки фасллар ўзгариши билан қиём вақти ўзгариб туради. Бунинг устига турли минтақаларда ҳам қиёмнинг вақти турлича бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. У Зот: "Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, Пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан", – дедилар. Заволни билиш учун текис жойдаги бирор нарсанинг соясига назар солиш керак. Агар соя тўхтаб турса, қиём вақти (қуёш тиккага келган вақти) бўлади. Агар соя узая бошласа, завол вақти бўлади (“Кифоя” китоби, 1-жилд)

Хуллас, асл соя узая бошлагунча намоз ўқилмай туради. Қиём вақти 7-8-10 дақиқагача чўзилиб, бунда вилоятлар бир биридан бироз фарқ қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
КИЙИМДАГИ НАЖОСАТНИ КЕТКАЗИШГА ИМКОН БЎЛМАСА НАМОЗ ҚАЗО ҚИЛИНАДИМИ?
#намоз

335-CАВОЛ: Агар кийимдаги нажосат рухсат этилган миқдордан ошиб кетсаю, кийимни алмаштиришнинг имкони бўлмаса (ишда, меҳмонда бўлиб, қолса) намозини қазо қилиб, уйига борганда кийимини ўзгартириб адо этадими ёки қазо қилмасдан шу кийимида намоз ўқийдими?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аслида сиз айтган ҳолатлар имконсиз ҳолатлар ҳисобланмайди. Киши қаерда бўлса ҳам, намоздан аввал кийимидаги нажосатни кетказиши шарт бўлади.

Лекин сув бўлмаганда ҳам кийимнинг нажас ҳолатда бўлиши ҳеч қачон намозни кечиктиришга (қазо қилишга) сабаб бўлмайди.

“Шарҳул-виқоя” китобида мазкур масала юзасидан шундай дейилади: “Нажосатни кетказувчи сув ёки бошқа суюқликларни тополмаган киши ана шу кийими билан намоз ўқийверади. Кейин намозини қайта ўқимайди. Кийимининг тўртдан бир қисми пок бўлатуриб, кийимсиз намоз ўқиса жоиз бўлмайди. Агар кийимининг тўртдан бир қисмидан ҳам озроғи пок бўлса, кийимсиз ўқигандан кўра шу кийимда ўқигани афзалроқдир”

Бундан шариатимизда намознинг аҳамияти қай даражада катта эканини, бирор-бир ҳолатда ҳам бандадан соқит бўлмаслигини билиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
НАМОЗ ВАҚТЛАРИ ТАҚВИМИДА КЎРСАТИЛГАН "ҚИБЛА ВАҚТИ" НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
#намоз

336-CАВОЛ: Намоз вақтлари тақвимида “Қибла вақти” кўрсатилган. Шу вақтда қиблага юзланган бўламизми? Шу ҳақида батафсил тушунча берсангиз.

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намоз вақтлари жадвалининг охирги устунида берилган “қибла вақти” – қибла соати дегани. Яъни, кўрсатилган вақтда қуёшга қараган одам қиблага юзланган бўлади.

Намоз ер юзининг қайси бурчагида ўқилишидан қатъи назар, Каъбага қараб ўқилиши шарт. Ҳатто агар бирор киши сафардами, чўлу саҳродами юрганда Каъбанинг қайси тарафдалигини билолмай қолса, ижтиҳод қилиб, бир тарафни “қибла”, деб жазм этиб, намозни бошлайди. Бунда Қуёш ёки ой ёхуд юлдузларнинг йўналишидан фойдаланиш, улар воситасида қиблани аниқлаш зон (ҳақиқатга яқин тахмин)ни ифодалайди ва ибодат масалаларида амал қилишга яроқли саналади (“Буғятул арийб фи масаилил-қибла вал-маҳориб” китоби 80-81 бетлар).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда юлдузларни яратилишининг ҳикматларидан бирини баён қилиб шундай марҳамат қилган:

وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ النُّجُومَ لِتَهْتَدُوا بِهَا فِي ظُلُمَاتِ الْبَرِّ وَالْبَحْرِ قَدْ فَصَّلْنَا الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

яъни: “У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир. Биладиган кишилар учун оятларни батафсил баён қилдик” (Анъом сураси 97-оят).

Ушбу ояти кариманинг тафсирида Имом Абу Ҳайён раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ушбу ояти билан юлдузларни яратишдан энг катта фойдасига эътиборни жалб қилмоқди. У ҳам бўлса юлдузларни яратишдан мақсад йўллар ва кўчаларни топиш, қасд қилинган тарафларни ҳамда қиблани аниқлашдир. Зеро, тунда юлдузлар билан қиблани аниқланса, кундузлари Қуёшнинг ҳаракати билан билинади” (“Баҳрул муҳийт”китоби 5/213).

Қибла соатини астрономик ва муҳандислик ўлчовлар ва ҳисоб-китоблар билан аниқланади. Харита устида бирор шаҳар ва Макка орасида чизилган тўғри чизиққа – Қибла чизиғи, дейилади. Бу чизиқ, қибла йўналишини кўрсатади. Қуёш шу чизиқ устига келганда, ана шу вақт – Қибла соати бўлади.

Қибла соати вақтида, бутун дунёнинг қаерида бўлмасин, қуёшга қараб турганлар, қиблага қараб турган бўладилар. Қиблани янада аниқроқ аниқлаш учун тақвимда кўрсатилган қуёш яхши кўриниб турган бирор ерга бир чўп(таёқча) тикилади. Ёки бирор ипнинг учига тош илиб осилтириш ҳам мумкин. Ўша кунги тақвимда ёзилган намоз вақтида чўпнинг ёки ипнинг соясининг қарама-қарши томони, яъни, қуёш турган тараф қибла тарафни кўрсатади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ФОСИҚ ОДАМГА НАМОЗДА ИҚТИДО ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?
#намоз

338-CАВОЛ: Ҳаром касб-қилиб пул топаётганлар бор ҳаётда. Лекин уларни ичида ҳам намоз ўқийдиганлари бор. Шу одамлар имомликка ўтиб қолса, ортида намоз ўқиш жоизми ёки ўқимасдан алоҳида ўқиш керакми?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аҳли сунна вал-жамоъа этиқодига кўра солиҳ ёки фожир бўлишидан қатъий назар ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқишни жоиз деб эътиқод қилинади. Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

ونرى الصلاة خلف كل بر وفاجر من أهل القبلة ونصلي على من مات منهم

яъни: “Аҳли қибла (яъни, мусулмон) бўлган яхши ва ёмон кишиларнинг ортидан намоз ўқишни жоиз деб биламиз. Уларнинг ҳар бирига жаноза ўқиймиз” (“Ал-Ақидатут-таҳовия” китоби).

Бидъат ва очиқ-ойдин гуноҳ қилиши маълум бўлмаган кишининг ортида намоз ўқиш уламолар иттифоқи билан жоиздир. Имомнинг эътиқодини билиш ёки имомни эътиқодинг қандай деб имтиҳон қилиш, имомга эргашиш шартларидан эмас. Кимлиги номаълум кишининг ортида ҳам намоз ўқилаверади. Агар фисқи зоҳир бўлган имом жума ва ҳайит намозларини ўқиш учун қўйилган бўлиб, унинг ортида ўқишдан бошқа илож бўлмаса, салаф ва халаф уламолар наздида унинг орқасида намоз ўқиши лозим бўлади. Ким фожир имомнинг ортида жума ва жамоатларда намоз ўқимаса, аксар уламолар наздида у киши бидъатчи ҳисобланади. Саҳиҳ қавлга кўра ўқиган намозини қайта ўқимайди. Чунки саҳобаи киромлар ҳам фожир имомлар орқасида намоз ўқир эдилар. Лекин намозни қайта ўқимас эдилар. Масалан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Ҳажжож ибн Юсуфнинг ортида намоз ўқир эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ва бошқалар Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайтнинг орқасида номоз ўқир эдилар. Ҳолбуки, у катта гуноҳлардан баъзисини қилар эди.

Саҳиҳ хабарда келишича Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу қамал қилинган пайтда одамларга бир шахс имомлик қилади. Шунда бир киши Усмон разияллоҳу анҳудан: “Сиз омманинг имомисиз, у фитна имоми шундайми?” – деб сўради. Шунда У зот: “Эй, қардошим! Намоз инсонлар қилаётган амалларнинг энг яхшисидир. Агар инсонлар яхши амал қилсалар, сен ҳам улар билан бирга қил! Агар ёмон амал қилсалар, улардан сақлан!” – деб жавоб берганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ЎТИРГАН ҲОЛДА АЗОН ВА ИҚОМАТ АЙТИШ ЖОИЗМИ?
#намоз

340-CАВОЛ: Ўтириб азон ва иқомат такбирларини айтиш мумкинми?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жамоат учун ўтириб азон айтиш макруҳ, ёлғиз ўзи учун азон айтса, ўтириб айтса ҳам зарари йўқ. Иқоматнинг кўп ҳукмлари азонникига ўхшайди. Соғлом одам жамоат учун ўтириб иқомат айтиши макруҳдир.

Лекин киши беморлиги сабаб тик туришга қодир бўлмаса, ўзи учун ўтириб иқомат айтиши жоиз.

Ўтириб азон айтишнинг ҳукми ҳақида “Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилган:

وَيُكْرَهُ الْأَذَانُ قَاعِدًا وَإِنْ أَذَّنَ لِنَفْسِهِ قَاعِدًا فَلَا بَأْسَ بِهِ

яъни: “Ўтириб азон айтиш макруҳ, агар ўзи учун айтаётган бўлса, зарари йўқ”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.


👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
НАФЛ НАМОЗЛАРИДА ҚИРОАТ ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ?
#намоз

344-CАВОЛ: Таҳажжуд намозини тўрт ракат ўкийдиган бўлсам суннат намоз каби ўқийманми ёки фарз намози каби учинчи ва тўртинчи ракатда зам сура қўшмасдан ўқийманми? Илмингизни Аллоҳ зиёда қилсин.

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Нафл намозининг ҳамма ракатида қироат қилиш фарз. Чунки, тўрт ракатли нафл намозида ҳар бир жуфт алоҳида намоз ҳисобланади. Бу ҳақида фиқҳий китобларимизда шундай дейилган.

فرضها التحريمة والقيام وقراءة اية في كل من ركعتي الفرض وفي كل من الوتر والنفل

"Намознинг фарзи такбири таҳрима, қиём ва тўрт ракатлик намозларнинг аввалги жуфтлигида, витр ҳамда нафл намозларининг ҳар бир ракатида қироат қилишдир" (“Мухтасарул виқоя” китоби).

Тўрт ракатли фарз намозларининг аввалги жуфтлигида қироат қилиш фарз. Учинчи ва тўртинчи ракатида суннатдир. Хоҳласа, қироат қилиши, хоҳласа, тасбиҳ айтиши ёки тасбиҳ миқдорича сукут қилиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.


👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ҚАЗО НАМОЗЛАРДА ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
#намоз

354-CАВОЛ: Кўп йиллик қазо намозларни ўқиш учун қандай ният қилинади? Хато қилса, қазо намозида ҳам аттаҳийятдан кейин саждаи саҳв қилинадими?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Кўп йиллик ўқилмай қолиб кетган намозларни адо қилиш учун қазо намозини ўқиш ният қилинади. Қазо намозларида ҳам саждаи саҳвни лозим қиладиган ишлар (масалан, вожибларни тарк қилиш) юзага чиқса, албатта, “аттаҳият” дуосидан кейин саждаи саҳв қилади.

Қазо намозларининг нияти ҳақида шундай дейилади:

ولو نوي أول ظهر عليه أو آخر ظهر عليه جاز وهذا هو المخلص لمن لم يعرف أوقات الفائتة أو اشتبهت عليه أو أراد التسهيل علي نفسه

яъни: “Қазо намоз ўқувчи: “Зиммамдаги аввалги пешин намозининг қазоси ёки зиммамдаги охирги пешин намозининг қазосини ўқишни ният қилдим”, - деса, жоиз бўлади. Бундай ният қилиш қазо қилган намозини вақтларини билмайдиган ёки қачонлиги борасида шубҳаланган ёхуд енгиллик хоҳлаган киши учун ечимдир. (“Ал-ашбоҳ ван назоир” ва “Татархония” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.


👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ЖАНОЗА НАМОЗИ ДУРУСТ БЎЛИШИ УЧУН НЕЧА КИШИ ИШТИРОК ЭТИШИ КЕРАК?
#намоз

355-CАВОЛ: Ҳозирги карантин пайтида жаноза намозларида кўпчилик иштирок эта олмаяпти. Бунга шариатимизда нима дейилган. Умуман олганда жаноза намози дуруст бўлиши учун неча киши қатнашиши керак?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жаноза намози дуруст бўлиши учун жамоат шарт қилинмаган. Бир киши (хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин) жаноза намозини ўқиса, намоз дуруст бўлади ва бошқалардан фарз соқит бўлади. Ҳатто жаноза ўқувчи балоғатга етмаган бола бўлса ҳам намоз дуруст бўлади.

Маййитга жамоат бўлиб жаноза ўқиш афзал. Чунки жаноза маййитнинг ҳаққига дуодир. Мусулмонларнинг жамоат бўлиб дуо қилиши дуонинг қабул бўлишига катта сабаб бўлади (“ал-Мухтасар фил-Фиқҳил-Ҳанафий” китоби).

Бу мавзуда Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан бири “ал-Фатаво Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Жаноза намози ёлғиз имомнинг адо қилиши билан ҳам дуруст бўлади. Чунки жамоат бўлиб намоз ўқиш – жаноза намозининг шарти эмас, “Ниҳоя” китобида шундай келган” (“Китобус солаҳ”,).

Жанозага қатнашувчилар кам бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳанафий аллома Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмон ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом ал-Ҳоким ривоятлари).

Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “Жанозада уч саф қилиш мустаҳаб. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради” (“Раддул Муҳтор”).

Гувоҳ бўлиб турганимиз хатарли вирус тарқалган карантин даврида, шу вирусдан ёки бошқа сабаблар билан вафот этганларнинг жанозаларига камида етти киши йиғилса, фазилатли жамоатга айланади. Юқорида зикр қилингани каби уч саф мусулмонлар жанозасини ўқиган маййитга Аллоҳнинг раҳмати бўлишини умид қиламиз.

Демак, бугунги кундаги жанозаларга карантин сабабли катта жамоат йиғилмаётган бўлсада, мусибат эгалари тушкунликка тушмасдан, имкон қадар ўз бурчларини бажаришлари ва Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан умидвор бўлишлари лозимдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ЁЛҒИЗ НАМОЗ ЎҚИГАНДА ИҚОМАТ АЙТИШ КЕРАКМИ?
#намоз

354-CАВОЛ: Уйда ёлғиз намоз ўқиётган киши фарз намозларидан аввал иқомат айтиши жоизми?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фарз намозларни уйда ёлғиз ўқиган киши учун иқомат айтиши мустаҳаб амал саналади. “Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وندب الأذان والإقامة للمسافر والمقيم في بيته

яъни: “Мусофир ва ўз уйида яшаётган киши азон ва иқомат айтиб намоз ўқиши мандубдир (савобли ишдир)”.

Фуқаҳоларимиз бу мавзуда яна шундай дейдилар:

الإقامة آكد سنية من الأذان فلذا يكره تركها للمسافر دونه كذا في فتح القدير.

яъни: “Иқоматнинг суннатлиги азондан кўра таъкидлироқдир. Шунинг учун ҳам мусофир киши азон айтмасдан намоз ўқиши макруҳ эмас, аммо иқомат айтмай намоз ўқиши макруҳдир, “Фатҳул қодир”да шундай келган”. (“Фатово Ал-Лакнавий” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.


👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ