ALRISALAH | ibratli kanal
1.8K subscribers
10K photos
10.1K videos
116 files
1.49K links
«ALRISALAH»–(Ishonchli xabar) Qalblarga hidoyat ulashuvchi ilmiy-ma'rifiy kanal🌙
📌 BIZNING KANALIMIZDA:

🎞 IBRATLI VIDEOLAR
🎥 TA'SIRLI MARUZALAR
💽 AJOYIB NASHIDALAR
📝 HIKMATLI MAQOLALAR
Download Telegram
НАМОЗДА БЎҒИМЛАРДАН ҚИРСИЛЛАГАН ОВОЗ ЧИҚИШИ
#намоз

471-CАВОЛ: Намоз ўқиётганимда саждага бош қўйсам ёки руку қилсам, суякларим қирсиллайди. Бу ҳолатни куфр дейишади, буни ўзим хоҳлаб қилмайман. Шунга жавоб берсангиз?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бўғим ва бармоқлардан қирсиллаган овоз чиқиши ёки атайин қирсиллатиш куфр эмас. Куфр эътиқодий масала бўлиб “Дуррур мухтор” асарида бундай дейилади: “Куфр – шариатда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.

Намозда бармоқларни қастдан қирсиллатиш макруҳ амал. Чунки бармоқларни қирсиллатиш намозга алоқаси бўлмаган беҳуда ҳаракат бўлиб, намозда бундай ҳаракатлар қилиш намозхоннинг хушуси кетишига сабаб бўлади. Намозда хушуни кетишига сабаб бўладиган ҳар қандай ҳаракат макруҳдир. Намоздан ташқарида эса одобсизликдир. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алаҳи васаллам Али разияллоҳу анҳуга:

«لا تفقع أصابعك وأنت في الصلاة» أخرجه ابن ماجه

яъни: Намозда экансан бармоқларингни қирсиллатма”, - дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Ушбу ҳадисда бармоқ қирсиллатишдан кўзда тутилган нарса, қастдан бармоқларни тортиб қирсилларишдир, беихтиёр намозхон ўтириб турганда қирсилласа, бунинг зарари йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ШУКРИ ВУЗУЪ НАМОЗИ ҲАҚИДА
#намоз

473-CАВОЛ: Мен шукри вузуъ намозини ҳар таҳоратдан кейин ўқимоқчиман. Фарз намозларидан олдин ўқийман, шу тўғрими? Тартибини ўргатинг.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шукри вузуъ (таҳорат шукри) намози нафл намозлардан ҳисобланади. Бу намознинг фазилати борасида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Жумладан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

ما من أحدٍ يتوضَّأُ فيُحسنُ الوضوءَ، ويُصلِّي رَكعتينِ، يُقبِلُ بقلبِه ووجهِه عليهما، إلَّا وجبتْ له الجَنَّةُ (رواه الإمام أبو داود عن عُقبةَ بنِ عامرٍ الجُهنيِّ رَضِيَ اللهُ عنه)

“Қайси бир киши яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила юзланиб икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадиси шарифда айтилганидек таҳоратдан сўнг икки ракат намоз ўқиб олиш фазилатли амал саналади. Аммо бу намоз нафл бўлгани учун қуйидаги вақтларда ўқиб бўлмайди.
1.Тонг отгандан то қуёш бир найза кўтарилгунча
2. Қуёш тиккага келгандан то заволга оққунча.
3. Аср намозидан то шом намозини ўқиб бўлгунча.
4. Имом хутба ўқиш учун минбарга чиққан вақтда (имом қандай хутбага чиққан бўлса ҳам).
5. Муаззин фарз намозига такбир айтаётганда.
6. Масжидда ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл макруҳдир.
7. Фарз намозларидан бирининг вақти тор бўлиб қолса. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ТЎРТ РАКАТЛИ ФАРЗ НАМОЗЛАРНИНГ ҚАЗОСИДА ҲАР БИР РАКАТДА ЗАМ СУРА ЎҚИЛАДИМИ?
#намоз

478-CАВОЛ: Қазо намозларини ўқишда тўрт ракатли намознинг ҳамма ракатига ҳам зам сура қилинади дейилган. Лекин мен қазо намозларимда олдингидай фақат ниятида қазо деб ўқиб юргандим. Бу қанчалик тўғри?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қазо намозлар вақтида ўқилган намозлар каби адо этилади. Яъни тўрт ракатли намозларда аввалги икки ракатига зам сура қилиниб, кейинги икки ракатда Фотиҳа сурасининг ўзи ўқилади. Бу ҳақда фиқҳий манбаларда шундай дейилади:

الأداء تسليم عين الواجب في وقته والقضاء تسليم عين الواجب بعد خروج الوقت وهذا هو الراجح
Адо – вожибни айни ўзини ўз вақтида топшириш(бажариш)дир. Қазо эса – вожибнинг айни ўзини вақт чиқиб кетганидан кейин топшириш (бажариш)дир. Қувватли гап шудир. (“Ҳошиятут Таҳтовий” китоби).

Яъни вақтида ўқилаётган намоз қандай адо этилса, қазо намоз ҳам айнан шу тарзда адо этилади.

Сиз эшитган ҳолат ҳамма қазо намозларини ўқиб бўлиб, менда қазо қолдими ёки қолмадими деган иккиланиш пайдо бўлганида эҳтиёт юзасидан ҳамма ракатига зам сура қилинади. Бу ҳолатда қазоси бўлса, қазо намоз ўқиган бўлади. Агар қазоси тугаган бўлса, нафл намоз бўлади.

من لا يدري كمية الفوائت يعمل بأكبر رأيه فإن لم يكن له رأي يقض حتى يتيقن أنه لم يبق عليه شيء ... لكن لا يقضي في وقت تكره فيه النافلة والأفضل أن يقرأ في الأخيرتين السورة مع الفاتحة لأنها نوافل من وجه فلأن يقرأ الفاتحة والسورة في أربع الفرض على احتماله أولى من أن يدع الواجب في النفل

Бирор киши қанча намоз қолдирганини била олмаса, фикрининг кўпига амал қилади. Агар фикри бирор тўхтамга кела олмаса, бирорта қазо намозим қолмади деб ишонч ҳосил қилгунича, қазо намоз ўқийверади. Лекин нафл намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтда қазо намоз ўқимайди. Охирги икки ракатда ҳам Фотиҳадан кейин зам сура ўқиши афзалдир. Чунки бу намоз бир жиҳатдан нафл бўлиб, тўрт ракатли намозларнинг барчасида зам сура қилиш нафл намозда вожибни тарк қилишдан афзалдир. (“Ҳошиятут Таҳтовий” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
КАРАНТИН ПАЙТИДА САФДАГИ ОРАЛИҚ МАСОФАНИ САҚЛАШ НАМОЗНИ НУҚСОНЛИ ҚИЛАДИМИ?
#намоз

483-CАВОЛ: Масжидлар очилиб яна жамоат намозлари ўқила бошланди. Лекин сафлар орасини очиб, намозхонлар бир-биридан узоқлашиб намоз ўқияпмиз. Бу намозимизга нуқсон етказмайдими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сафларни тўғрилаш ва жипслаштириш ҳақида келган буйруқлар тўрт мазҳаб уламолари томонидан ҳам мустаҳабликка кўра деб билинган, яъни, суннат деб қабул қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саф ҳақида шундай дейдилар:

أقيموا الصف في الصلاة فإن إقامة الصف من حسن الصلاة (متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

Намозда сафни тўғри қилинглар, чунки сафни тўғри қилиш намознинг гўзаллигидандир” (Муттафақун алайҳ)
Одатдаги шароитда бу суннатга амал қилишга кучли тарғиб қилинади. Уни тарк қилиш макруҳдир. Лекин карантин шароитида ижтимоий масофани сақламаслик касаллик тарқалишининг асосий омили бўлгани учун масофа сақлаш, хоҳ жамоат жойида бўлсин, хоҳ масжидда бўлсин вожиб даражасига кўтарилди. Чунки бу ишда жонни саломат сақлаш бор ва бу қоида бутун дунёда амалга татбиқ қилинмоқда. Албатта, вожибни бажариш учун суннатни тарк қилинади.

Демак, касаллик тарқалишидан сақланиш учун соҳа мутахассислари кўрсатмасига кўра саф тортилса ҳам, намоз бузилмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Чунки узрли ҳолат бўлганда бу суннат соқит бўлади. Ҳозирги кунда касаллик тарқалишидан қўрқиш ҳам узрлардан биридир. Касаллик тарқамаслиги учун сафларни орасини очишга эҳтиёж бор.

Бошқа томондан намоз ўқиш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлгани каби, инсон ўз жонини омон сақлаши ҳам У Зотнинг буйруғидир. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига имкониятдан ташқари ишни буюрмаслигини баён қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...” (Бақара сураси 286-оят)

Демак, жонимизни таҳликага қўймасдан намозни адо қилсак, ҳар икки буйруқни бажарган бўламиз. Буни ўзаро масофа сақлаш билан амалга оширамиз, шунда касаллик тарқалиши кескин пасаяди, хавф камаяди.

Банда доим имкони даражасида ҳаракат қилиб, ибодатларини бажаргандан кейин Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиб, унинг фазлидан умид қилиш керак. Зеро яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзидир. Ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи зот, хоҳласа имконимиз даражасида қилган ибодатимиз учун ўзи ваъда қилган тўлиқ савобни беради.

Бандасининг ихлоси, жидди жаҳдига қараб, савоблар 700 баробаргача кўпайиши ҳадисларда баён қилинади. Худди менинг дуоим ижобат бўлмади деган кишининг дуоси қабул бўлмагани каби, Аллоҳ таолонинг раҳматига эгалик қилиб, намозимиз дуруст бўлмади, савоби камайди демаслик керак. Аксинча раҳматидан умид қилиш ва азобидан қўрқувни мўътадил тутиш талаб қилинади. Имконимиз борича амал қилиб, қолганига Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлини сўрайлик. Шояд тез кунларда офият ва хотиржамликка эришсак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ВИТР НАМОЗИДА ҚУНУТ ДУОСИНИ ЎҚИШНИ ЭСИДАН ЧИҚАРГАН КИШИ ҲАҚИДА
#намоз

485-CАВОЛ: Витр вожиб намозини ўқиётган киши қунут дуосини ўқишни унитиб рукуга кетиб қолса, рукудалигида тасбиҳ айтмасдан хато қилганлиги эсига келса, нима қилиши керак? Рукудан қайтиб қунут ўқиладими ёки намозда давом этилаверадими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ким қунутни ўқимасдан рукуга кетса, рукудан тургач қунутни ўқимайди, намозни охирида саждаи саҳв қилади. “Баҳрур-роиқ” китобида мазкур масала ҳақда шундай дейилган:

إذا نسي القنوت حتى ركع ثم تذكر، فإن كان بعد رفع الرأس من الركوع لا يعود وسقط عنه القنوت، وإن تذكره في الركوع فكذلك في ظاهر الرواية كما في البدائع وصححه في الخانية

яъни: "Намозхон қунут ўқишни унитиб, рукуга кетса ва кейин эсласа, бошини рукудан кўтаргандан кейин эсласа, Қунутни ўқимайди, ундан Қунут ўқиш соқит бўлади. Агар руку пайтида эсласа ҳам, "Зоҳири ривоя" китобларига кўра қунутни ўқимайди, "Бадоиъ"да ҳам шундай келган. "Фатавои Хония" китобида "саҳиҳ гап шудир" дейилган".

Агар рукудан қайтгандан кейин қунут дуосини ўқиб қўйса, рукуни қайта қилмайди, намозни охирида саждаи саҳв қилади ("Мароқул фалоҳ" китоби).

Хулоса қилиб айтганда, унутиб қунутни ўқимаган киши рукудан қайтгач, қунутни ўқиса ҳам, ўқимаса ҳам намозни охирида саждаи саҳв қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
АСР НАМОЗИНИ ҚУЁШ БОТАЁТГАН ПАЙТДА ЎҚИШ
#намоз

486-CАВОЛ: Аср намозни охириги вақтларида ўқидим. Кейин интернет орқали билсам, қуёш ботиш вақтида тугатибман. Ўша намозни қайта ўқишим керакми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси (заволдаги соядан ташқари) ўзининг узунлигидан икки баробар бўлганидан токи қуёш ботгуничадир. Аср намозини қуёшнинг нури кўзни қамаштирмайдиган даражада кечиктириб ўқиш макруҳдир. Киши бугунги Аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади ва намози бузилмайди (“Фатҳу бабил иная” китоби).

Агарда сиз Аср намозини ўқишга қуёш ботишидан аввал киришиб, қуёш ботаётган вақтда ёки ботганидан сўнг тугатган бўлсангиз, бу намозни қайта ўқиш шарт эмас. Лекин аср намозини бу вақтгача кечиктириб ўқиш макруҳ бўлгани учун, эртароқ ўқишга ҳаракат қилиш керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ҚИБЛАНИ АНИҚЛАШДА QIBLAFINDER.ORG КОМПЮТЕР ДАСТУРИГА АСОСЛАНСА БЎЛАДИМИ?
#намоз

489-CАВОЛ: Мен архитектор дизайнер бўлиб ишлайман. Яқинда бир масжидни қайта қуриш ишларига лойиҳа таклифини чизаётганимда бир муаммога дуч келдим. Ҳозирда лойиҳаси буюртма қилинган масжид қибласи бироз бошқа томонга қараган экан. Яқинда, 2-3 йил илгари қурилган шу тумандаги масжид қибласи эса бироз бошқа томонга қараган. Шу иш сабаб бўлиб QiblaFinder.org компютер дастури орқали кузатишлар олиб бордим. Натижада ушбу дастур янги қурилган масжиднинг қибласини тўғри эканини кўрсатмоқда. Саволим шуки, қиблани аниқлашда QiblaFinder.org компютер дастурига асослансам бўладими? Шу масалада менга ечим ва тўғри йўлни танлашда ёрдам берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қиблани аниқлашнинг бир неча хил усуллари бўлиб, замонавий дастурлардан фойдаланиш ҳам шулардан биридир. Бу мавзуда тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги ҳаволага қаранг.

Албатта намознинг шартларидан бири қиблага юзланишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Ва қаердан чиқсанг ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томонга буринг...” – деб марҳамат қилган (Бақара сураси 150 оят).

Шунинг учун ҳам имкони бўла туриб қиблага юзланмаган кишининг намози дуруст бўлмайди. Қадимги даврларда ҳам қиблани аниқлашни ўзига хос усуллари фиқҳ китобларимизда баён қилинган. Ҳозирги кунга келиб қиблани аниқлашда турли воситалар,иловалар, замонавий асбоблар пайдо бўлди. Аммо, шуни яхши билиш керакки, бу хилдаги замонавий воситалар Каъбанинг айни ўзини эмас балки, Макка шаҳрининг йўналишини кўрсатади. Шу сабаб, қиблани ушбу замонавий воситалар орқали аниқланганда баъзан биз қибла деб юзланган тарафдан ўнг ёки чап томонга мойилроқ қилиб кўрсатади. Бу ҳолатда Қибла ҳақида фиқҳий масъалалардан воқиф бўлмаган кишилар “Биз юзланган тараф қибла эмас экан, қибла бу томонда экан” деб, турли тушунмовчиликларни келиб чиқишига ҳам сабабчи бўладилар.

Баъзи замондош олимларимиз қибладан ўнг ёки чап тарафга қирқ беш даражагача бурилиб кетмаса, намоз дуруст бўлишини, қирқ беш даражадан ўтиб кетса, намози дуруст бўлмаслигини таъкидламоқдалар. Шу сабабли мана шу жиҳатларини эътиборга олган ҳолда ҳозирги кунда қиблани аниқловчи мосламалардан фойдаланиш жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
МАХФИЙ ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗЛАРДА ЖАҲРИЙ ҚИРОАТ ҚИЛИНСА, ҚАЙТА ЎҚИШ КЕРАКМИ?
#намоз

501-CАВОЛ: Билмасдан овоз чиқариб ўқиган намозларнинг қазосини ўқишим керакми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ёлғиз намоз ўқийдиган киши Бомдод, Шом ва Хуфтон намозларининг қироатини истаса овоз чиқариб ўқийди, истаса ичида қироат қилади. Овоз чиқариб қироат қилгани афзалдир. Бу намозлар жамоат бўлиб адо қилинганда овоз чиқариб ўқиш вожиб бўлади. Пешин ва Аср намозларини ёлғиз ўқигувчи ҳам жамоат бўлиб ўқилганда ҳам овоз чиқармасдан ўқиши вожибдир.

Овоз чиқармасдан ўқиладиган намозлар овоз чиқариб ўқилса ёки Бомдод, Шом ва Хуфтон намозлари жамоат бўлиб адо қилинганда овоз чиқармасдан ўқилса, бу хатони саждаи саҳв билан тўғриланади ва бу намоз қайта ўқилмайди. Лекин юқоридаги хатони қилганда саждаи саҳв қилмасдан намозини тугатса, намозда вожибни тарк қилиш бўлгани учун нуқсонли бўлиб, дуруст бўлади. Ана шундай намозларни қайта ўқиш мустаҳабдир (Манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Фатовои Ҳиндия” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ФАРЗ НАМОЗИДАН КЕЙИНГИ ЎҚИЛАДИГАН ДУО ҲАҚИДА
#намоз

506-CАВОЛ: Намозни якунлаб, салом бергандан кейин “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма антас салом...” деб айтиладиган дуо ҳар бир фарздан кейин ўқиладими ёки сунат намозлардан кейин ҳам айтиладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳар бир фарз намозидан кейин “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма антас салам ва минкас салам табаарокта зал жалали вал икром” дуосини айтиш суннат. Фарздан кейин суннат намози бўлса ҳам, бўлмаса ҳам фарқи йўқ. Суннат намозларидан кейин бу дуони айтиш суннат эмас.

Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар томонидан Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا انصرف من صلاته استغفر ثلاثا وقال: اللهم أنت السلام ومنك السلام تباركت ذا الجلال والإكرام. (رواه الامام مسلم وغيره عن ثوبان- رضي الله عنه)

яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлсалар (яъни тугатсалар) уч марта истиғфор айтар эдилар, кейин “Аллоҳумма антас салам ва минкас салам табарокта зал жалаали вал икром” дер эдилар”.

Оиша онамиздан нақл қилинган ҳадисда шундай дейилади:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَقْعُدُ إلَّا بِمِقْدَارِ مَا يَقُولُ : اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْك السَّلَامُ تَبَارَكْت يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ (رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ وَالامام التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат: “Эй Аллоҳ! Сен саломсан, салом сендандир, Сен муборак бўлдинг, эй жалол ва икром эгаси!” дейдиган миқдорича ўтирардилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ
ҚАБРИСТОНГА ҚЎШНИ МАСЖИДДА НАМОЗ ЎҚИШ МУМКИНМИ?
#намоз

507-CАВОЛ: Масжидимиз уч томонидан қабристон билан ўралган. Баъзи танишларим қабристон ичида жойлашган масжидда намоз ўқиб бўлмайди, деб жамоат намозига, масжидга чиқишмайди. Уларни шу ишлари тўғрими? Қабристонга қўшни масжидда намоз ўқиб бўлмайдими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар масжид деворлар билан ўралган ёки бошқа бирор тўсиқ бўлиб қабристон ташқарида қолган бўлса, намоз ўқиш макруҳ бўлмайди. Бу ҳолатда бемалол намоз ўқиш мумкин. Аммо ўртада бирор тўсиқ бўлмаса намоз ўқиш макруҳ бўлади. Бу ҳақида мўтабар фиқҳ китобларимизда шундай дейилади:

ولا بأس بالصلاة فيها إذا كان فيها موضع أعد للصلاة وليس فيه قبر ولا نجاسة

“Агар қабристонда намоз учун жой тайёрланган бўлиб у жойда қабр ҳам нажосат ҳам бўлмаса, намоз ўқишнинг бирор зарари йўқдир” (“Роддул муҳтор” китоби).

وتكلموا ايضا في معنى الكراهة الى القبر، قال بعضهم: لان فيه تشبها باليهود، وقال بعضهم: لان في المقبرة عظام الموتى، وعظام الموتى انجاس وارجاس هذا كله اذا لم يكن بين المصلي وبين هذه المواضع حايط او سترة، اما اذا كان لا يكره، ويصير الحايط فاصلا، واذا لم يكن بين المصلي وبين هذه المواضع سترة، فانما يكره استقبال هذه المواضع في مسجد الجماعات

яъни: “Уламолар қабрга қараб намоз ўқиш макруҳлиги тўғрисида сўз юритиб, баъзилари: “Макруҳлик сабаби бу ишда яҳудийларга ўхшашлик бор”, деганлар. Баъзилари” “Қабристонда маййитлар суяги бор бўлиб, улар нопок ва нажосатдир”, деганлар. Уламолар айтган бу макруҳлик – намоз ўқиётган билан қабристон ўртасида девор ёки бирор тўсиқ бўлмаган ҳолатда бўлади. Агар девор ёки тўсиқ бўлса, намоз ўқиш макруҳ эмас. Девор ажратувчи бўлади. Агар намоз ўқувчи билан қабрлар ўртасида бирор тўсиқ бўлмаса, жамоат масжидларида қабр тарафга юзланиш макруҳ бўлади” (“Ал-Муҳийт ал-Бурҳоний” китоби).

Замондош олимларимиз томонидан ёзилган мўътабр манбаларда ҳам ушбу масалага қуйидагича хулоса қилинган:

قال الحنفية: تكره الصلاة في المقبرة إذا كان القبر بين يدي المصلي، بحيث لو صلى خاشعاً وقع بصره عليه. أما إذا كان خلفه أو فوقه أو تحته فلا كراهة على التحقيق، كما لا كراهة في الموضع المعد للصلاة بلا نجاسة ولا قذر

Ҳанафийлар: “Қабристонда агар қабр намоз ўқиётган киши олдида бўлиб, намозхон хушу билан намоз ўқиётганида (яъни, кўзи сажда жойига қараганда ҳам) кўзи қабрга тушадиган даражада бўлса (яъни бирор тўсиқ бўлмаса), намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади”. Агар қабр намозхоннинг тепаси, усти ёки остида бўлса, бу ҳолда кароҳият йўқдир. Бу худди нажосат ва нопок нарсалардан холи, намоз учун тайёрлаб қўйилган жойда намоз ўқиш макруҳ бўлмагани кабидир”, деганлар. (“Ал-фиқҳул исламий ва адиллатуҳу” ва “Ал-фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа” китоблари).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қабристонга қўшни масжидларда намоз ўқиш жоиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари бунга энг катта далилдир. Чунки ушбу масжид ҳам қадимдан "Бақиъ" қабристони билан ёнма-ён жойлашган. Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак қабрлари ҳам масжид билан туташ. Шунга қарамай ҳозирга қадар бирорта уламо "Масжиди Набавий"да намоз ўқиб бўлмайди, деган даъвони қилгани йўқ. Қолаверса, шариатимизда қабристон атрофига масжид қуришдан қайтармаган. Балки, қабрни улуғлаб унга сажда қилишдан қайтарилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👇🏾👇🏾
@ALRISALAH_UZ