Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)
2.54K subscribers
901 photos
246 videos
2 files
2.59K links
18+. Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа.
https://www.facebook.com/SukutSaqlama/

Ҳикоянгизни аноним юборинг:
https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
Download Telegram
7 ой аввал Наманганда эркак аёлини сўйиб ташлади. Даҳшатли қотиллик куппа-кундуз куни Наманган давлат университети дарвозаси олдида содир этилди.

Қотил Убайдуллаев Ойбек Фарходжон ўғли 1996 йил 5 ноябрда Тўрақўрғон туманида туғилган, Лангарбобо маҳалласида яшаб, шу ерда қассоб бўлиб ишлаган. 2019 йилда у уйланди ва хотинига оиласи билан мулоқот қилиш, ўқиш ва ишлашни тақиқлади. Йигитнинг онаси доимо жанжал қилар ва охир-оқибат 2022 йил май ойида келинини уйдан ҳайдаб юборади. Ёш аёл кичик боласи билан онасиникида яшай бошлайди ва ажрашишга ариза беради, бироқ суд уларга ярашиш учун муддат беради.

Ўша йили қиз ўқиш орзусини амалга оширди – Наманган давлат университетига ўқишга кирди. Бундан хабар топган эри уни ўлдиришга ваъда беради. Кейинроқ Россияга ишлаш учун кетади, қайтиб келгач, бир-икки марта ўғлини кўришга келади. 5 май куни қайнонасиникига келиб, яна ишга кетаётганини, ўғлини кўрмоқчи эканлигини айтади. Эртаси куни эса хотинини пичоқлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Қотилнинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг 6 май куни у мажбурий ижро бюросига бораман, деб уйдан чиқиб кетган, бироқ ўзи йўл-йўлакай бир даста гул олиб, Наманган давлат университетига ўтади. У хотинининг университетда эканлигини биларди ва огоҳлантирмасдан, уни топишга қарор қилди. Ўша куни, соат 12:00 атрофида аёл йўлак бўйлаб университетнинг асосий дарвозаси томон кетаётганида эркак унга гул бериб, яна бирга яшашни таклиф қилади. Қиз рад этади. Эркакнинг айтишича, аёл телефонда гаплашаётганда у пичоқ билан қайтиб келиб, чап қўли билан сочидан ўзига қараб тортади ва ўнг қўлидаги пичоқ билан унинг ошқозони ва танасининг бошқа қисмларига пичоқ санчганини айтди. Кейин университет девори олдига ўтиб, ўша пичоқни ўзига санчади. Эркак хотинини севишини айтди, лекин аёл у билан яшашдан бош тортгани унинг ғазабини келтирди.

Суд-тиббиёт экспертизаси аёлнинг уйқу артерияларининг тўлиқ шикастланиши натижасида вафот этганини аниқлади. Унинг бўйнига, кўкрагига ва қорин қисмига 22 марта пичоқ урилган. 2023 йил 10 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Б.Қурбонов Убайдуллаев Ойбекни оғирлаштирувчи ҳолатлар (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисми “ж, л” банди) билан қотиллик содир этганликда айбдор деб топди. Суд уни 17 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимли колонияда ўташга ҳукм қилди.

Оиладаги зўравонлик - бу зўравон эга чиқишни назарда тутувчи назорат масаласи. У бошиданоқ турмуш ўртоғини ўзининг мулки деб билган, ундан берухсат яшаш, ишлаш, мулоқот қилиш ва кўчиб ўтишга ҳаққи йўқ эди. Унинг ҳаракатлари севги эмас, балки одамни ҳар қандай ҳолатда ҳам бўйсундириш истаги.

#СукутСақлама #Қонунлар
Фарғонада 11 ёшли қизни ваҳшийларча ўлдиришда айбланган икки нафар вояга етмаган йигитларга нисбатан ҳукм ўқилди.

Ўтган йилнинг июль ойида Фарғонада 11 ёшли қизнинг жасади зўрлаш аломатлари билан топилиб, жиноят иши қўзғатилган эди. Жиноят содир этишда гумонланувчилар икки нафар вояга етмаган бўлиб, уларнинг энг каттаси жиноят содир этилган вақтда 17 ёшда эди.

Кеча маълум бўлишича, Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукми билан судланувчи вояга етмаганларга нисбатан 14 ва 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги доирасида жазо тайинланган.

Суд тергови давомида жиноят ҳақида билган, бироқ хабар бермаган яна бир шерик борлиги маълум бўлди. У судланувчилар томонидан содир этилган ўта оғир жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда олдиндан ваъда бермасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига айтмасдан, жиноятни яширганликдаги ҳаракатлари учун 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жиноят кодексининг 86-моддаси талабига кўра, жиноятлар мажмуи тариқасида агар содир этилган жиноятларнинг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин.

Суд амалдаги жиноят қонунчилиги нормалари асосида ҳукм чиқарди. Айбланувчининг ёшини шу нуқтаи назардан инобатга олиш қонунни қўллашнинг муҳим жиҳати бўлиб қолмай, балки бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарурлигини ҳам кўрсатади. Шундай қилиб, судланувчиларга ёшига кўра деярли энг олий жазо тайинланди.

Умид қиламизки, тайинланган жазо бошқалар учун кўзгу бўлиб, бундай хатти-ҳаракатларнинг номақбуллигини акс эттиради.

#СукутСақлама #Қонунлар
Узр "емади": муҳокамаларга сабаб бўлган видео муаллифларига 15 сутка берилди

Аввалроқ эр аёлини урган, отасиникига аразлаб борган аёл кўмак ўрнига уйга қайтиши кераклиги айтилган видеоролик ҳақида ёзган эдик.

Ролик кескин қоралангач, блогерлар уни ўчирди ва узр сўраб чиқишди. Аммо видеонинг ўчирилиши ҳам, узр сўраш ҳам жавобгарликдан қочишга сабаб бўлмайди.

Тошкент шаҳар суди Телеграм каналида маълум қилинишича, юқоридаги видеоролик муаллифлари - 1990 й.т. Ш. О. ва 1990 й.т. Р. А. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Т. Обидов томонидан чиқарилган суд қарорига мувофиқ Ш. О. ва Р. А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1-моддаси (тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш), 189-2-моддаси (жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди.

Уларнинг ҳар бирига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

#СукутСақлама #Қонунлар
Эркак метрода шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди

20 январь куни соат тахминан 16:00ларда метронинг “Буюк Ипак йўли” бекатида 31 ёшли эркак бир қизга шаҳвоний шилқимлик қилган. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек судида 31 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида эркак ўз айбига иқрор бўлмади, метро вагонида одамлар кўплигини айтиб, унга қиз орқага йиқила бошлагандек туюлганини важ қилди. Шу сабабли қиз йиқилиб тушмаслиги учун елкасидан ушлаб олган экан.

Бироқ суд жараёнида жабрланувчи унинг сўзларини рад этди. Унинг кўрсатмалари иш материалларида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан ҳам тасдиқланди. Бундан ташқари, охирги бекатга етиб келганида, эркак бошқалар билан тушмай, қизни кутди ва унга эргашди.

Суд 31 ёшли эркакни ЎзР МЖтК 41-1 моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга 5 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси берилди. Шуни таъкидлаш керакки, эркак бир йил ичида худди шундай ҳуқуқбузарликни содир этса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жаримага тортилади ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олинади.

Бу муддат кам-ку деган изоҳларингизга айтиш мумкинки, бу хотин-қизларни ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам. Шу пайтгача қонунчилигимизда шаҳвоний шилқимлик тушунчаси йўқ эди. Ва бу ҳолатда маъмурий қамоқ жазоси жамиятни учун тарбиявий чорадир. Қўлига эрк берувчи эркаклар хотин-қизларга нисбатан бундай камситувчи хатти-ҳаракатлари учун жазоланишини ниҳоят тушуниб, ўзларини йиғиштириб олади.

#СукутСақлама #шилқимлик #Қонунлар
Давлат телеканали ходими шаҳвоний шилқимлик қилгани учун ҳибсга олинди

Жорий йилнинг 6 февраль куни давлат телеканалларидан бирининг бош муҳаррир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-1-моддасига мувофиқ шаҳвоний шилқимлик қилгани учун уч суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Иш материалларига кўра, эркак алдов йўли билан қизни иш жойига чақириб, унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган.

Жабрланувчи лойиҳамизнинг юридик кўмак берувчи ботигага мурожаат қилиб, юрист маслаҳатини олган. Қиз, ўз навбатида, зўравонга қарши ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган.

Судда эркак айбига иқрор бўлди.

Бу воқеа хотин-қизлар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш муҳимлигини кўрсатади. Бундай чора-тадбирлар шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш учун ўрнак бўлиши ва касбий этика ҳамда тенглик қонунларига қатъий риоя қилиш зарурлигини кўрсатади.

Ва энг муҳими, шаҳвоний шилқимлик ва камситишларга нисбатан тоқатсизликни таъминлайди.

#СукутСақлама #Тегажоғлик #Қонунлар
Шилқим такси ҳайдовчиси 5 сутка қамоқ жазосини олди

Жорий йилнинг 10 февраль куни тахминан 19.30 да йўловчи сифатида таксига чиққан қизга ҳайдовчи турли шаҳвоний сўзлар билан шилқимлик қилган. Натижада унинг бу ҳаракатлари жавобгарликка тортилиши билан ниҳоясига етган, дейилади "Миллий" телеканали репортажида.

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Зокиржон Қўзибоев маълум қилишича, ҳуқуқбузарнинг айби жабрланувчининг аризаси, билдирги, тушунтириш хатлари, судга берган кўрсатувлари ва иш ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.

Суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда ЎзР Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги" қарори талабларига риоя қилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1 моддаси биринчи қисми санкциясида назарда тутилган маъмурий қамоқ жазосини тайинлашни лозим топди.

Шунга кўра айбланувчи ЎзР МЖтК 41-1 моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

#СукутСақлама #Қонунлар #такси
Сирдарёда хотини ва қайнонасини ўта шафқатсизларча ўлдирган эркак 24 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Маълум қилинишича, қотиллик содир этилишидан бироз аввал эр-хотин ва қайнона ўртасида пул масаласида жанжал келиб чиққан ва воқеа содир бўлган куни эркак ўзи ишлаган дўкон кассасидан 15 миллион сўм пулни ўғирлаб, уйига маст ҳолда келган, тунда хотинига 15, қайнонасига 6 марта пичоқ уриб, қочиб кетган.

Эркак ЎзР ЖК 97-моддаси 2-қисми (Ўта шафқатсизлик билан икки шахсни қасддан ўлдириш) билан судланди. Шунингдек, судланувчи аввал пичоқбозлиги учун жазо ўтаганлиги маълум бўлди.

24 йил жазоси ҳам аёл яқинларининг дардини аритмайди. Мамлакатимизда аёллар ҳалигача ҳимояланмаган - кўчада ҳам, жамоат транспортида ҳам, ҳатто ўз уйида ҳам.

Нега илгари шу каби жиноятлар учун судланган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ҳисобда турмаган? Бу эр-хотин ўртасидаги илк жанжал эмасдир? Нега аввал икки кишини пичоқлаб ўлдирган одам озодликка чиқиб, бегуноҳ одамларни ўлдиришда давом этиши мумкин бўлса-да, унга нисбатан енгилроқ жазо тайинланди?
Ваҳоланки эркак айбдор деб топилган моддада бундай жиноят умрбод қамоқ жазоси билан жазоланиши аниқ кўрсатилган.

#СукутСақлама #Қонунлар
Қозоғистонда оилавий зўравонликка қарши курашга қаратилган қонун имзоланди. Нима ўзгаради:

– Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
. Оила институтини мустаҳкамлаш ва вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стандартлар жорий этилмоқда.

- Қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва калтаклаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди. Баданга қасддан ўртача оғир ва оғир шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

– Оталик, оналик ва болалик институтини мустаҳкамлаш, шунингдек, болаларни умуминсоний, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида ахлоқий ва маънавий тарбиялашни таъминлашга асосланган никоҳ ва оила қонунчилигининг янги тамойиллари белгиланмоқда.

- Ўз жонига қасд қилишга ундаганлик ва ёрдам берганлик, шунингдек, ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди.

- 16 ёшга тўлмаган шахсларга шаҳвоний шилқимлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди. Вояга етмаган шахсни ўғирлаш ва қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш учун жазолар сезиларли даражада кучайтирилди.

- Вояга етмаганларга нисбатан буллинг, кибербуллинг кабилан учун илк бор маъмурий жазо киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдиришда айбланаётган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев устидан суд жараёни давом этмоқда. Халқ орасида эса узоқ кутилган қонун "Салтанат қонуни" номини олди.

#СукутСақлама #қонунлар
2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 344 нафарига жарима жазоси, 1 999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Манба: https://sud.uz/

#СукутСақлама #қонунлар
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланганидан сўнг бу борадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди.

Ушбу Қонунга мувофиқ 141-3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) қўшилди.

Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Манба:
https://sud.uz/

#СукутСақлама #қонунлар