Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)
2.4K subscribers
1.06K photos
265 videos
2 files
2.72K links
18+. Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа.
https://www.facebook.com/SukutSaqlama/

Ҳикоянгизни аноним юборинг:
https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
Download Telegram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Самарқандда эркак алимент тўлашдан қочиш учун хотинини пичоқлади

27 май куни эрталабги тахминан соат 05:00 ларда Самарқанд вилояти ИИБга Самарқанд вилояти Урганч маҳалласида яшовчи фуқаро қўнғироқ қилади. У қўшнисининг уйида оилавий жанжал келиб чиққани ҳақида хабар беради.

Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эр-хотин ўртасида алимент тўлаш борасида жанжал келиб чиққанини аниқлади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Жанжалда эркак ошхона пичоғи билан хотинига бир неча марта пичоқ уради. Аёл шифохонага ётқизилади, бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у олган жароҳатларидан вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@samiibuz

#СукутСақлама #оила #алимент
Биринчи турмушдан бўлган фарзандлар: тил топишишнинг имкони борми?

Турмуш мушт, қолаверса, тақдир синовлардан иборат. Жамиятда биринчи турмушида бахт топмасдан, бошқа оила қурган инсонлар ҳам бор. Меҳр-муҳаббат ўз йўлига, аммо аввалги турмушдан бўлган фарзандни ўзингникидай яхши кўриш, она бир ота бошқа ёки ота бир она бошқа бўлган болаларнинг ўзаро муроса қилиши бобида бир талай қийинчиликлар учраши мумкин. Хўш, бундай оилаларда муносабатларни яхши томонга буриш учун нималарга эътибор бериш керак?

Боланинг бегонаси бўлмайди

Кўпчилик ота-оналар “бировнинг боласи”га меҳр қўя оламанми, дея хавфсирайди. Аслида бунинг учун сохта ҳаракатлар қилиш шарт эмас. Шунчаки вазиятни ўз ҳолига қўйиш керак. Илгари тутинган оталар рафиқасининг биринчи турмушидан бўлган фарзандларига истаганча тарбия бериб бошқарган бўлса, бугунги ёш авлод бироз бошқача. Уларга биргина дакки бериш ярамайди. Уларнинг кўнглига йўл топиш лозим. Кўпинча ота-оналар тутинган фарзандларига “мен каттаман ва у менга қулоқ солиши керак” деган талабни қўяди.

Айнан мана шу жиҳат можароларни, ҳатто оиланинг бузилишини келтириб чиқаради. Яхшиси, бола билан биринчи дўстлашиш керак, ана ундан кейин тарбиячи ролига киришса бўлади. Шунда дастлабки ноқулай вазиятлар ўз-ўзидан ҳал этилади. Яна бир масала бор, яъни ота-онаси бир бўлмаган болаларнинг рашки. Уларга ота-онангни қизғонма, дейиш ҳам нотўғри. Бу вазиятда тўғри йўл, танловини ҳурмат қилиб, дардига қулоқ солиш даркор. Унутманг, оилада ҳар бир боланинг ўз шахсий ҳудуди бўлади. Унга даҳл қилмасдан, барча болалардан меҳрингизни бирдек аямасангиз ҳаммаси ўз измига тушиб кетади.

Ота-оналар учун кичик қўлланама
Ота-оналарнинг яқинлари диққатига!
Тўғри, собиқ эр-хотинлар орасида ҳар доим ҳам илиқ муносабатлар сақланиб қолмайди. Шундай вазиятларда салбий ҳиссиётларни асло боланинг олдида билдириш ярамайди.
Яхшиси, болага янги қоидаларни эслаб қолиши учун ёрдам беринг. Яъни бошқа оиладаги шароитга мослаштиринг, янги тартибга риоя қилишга ўргатинг. Агар бола етти ёшдан кичик бўлса, унга турли ўйинлар орасида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Махсус олдингизга ўтқазиб, қатъий тайинлашнинг кераги йўқ.

Тарафкашлик қила кўрманг. Нариги томон қариндошларини ёмонламанг, алоҳида фронт яратиб, боланинг миясини заҳарламанг. Сиз у хонадонда яшамайсиз, бола бутун умр ўша масканда улғайиши керак. Шуни эсда тутинг.

Ота-оналар учун:
Мулоқотни бошлаш учун тенг муносабатда бўлинг. Ота ёки она ўрнини эгаллаш мақомидан воз кечинг. Бу фақат нафрат туйғусига сабаб бўлади. Яхши дўст бўлиш эса энг тўғри йўл.
Шошманг, болани ҳам шоширманг. Вақт барчасига даво бўлади.

Туққан онаси ёки отаси ҳақида гаплашишдан қочманг. Барибир бу мавзуга тўқнаш келасиз. Шунинг учун боланинг ўз отаси ёки онаси ҳақида тўғри гапиринг. Ёмонламанг ва баҳоламанг. Чунки ота-оналаримиз бизнинг бир қисмимиз. Шундай экан, бировларнинг қадриятига нисбатан ҳурмат кўрсатсангиз, боланинг эътирофига эришасиз.

Тутинган бола оилангизга келдими, унинг шахсий буюмларини, албатта, ажратиб беринг. Буни оиладаги бошқа болалар тушуниб-тушунмай бажарганидан кўра, сизнинг қатъий белгиларингиз яхшироқ.

#СукутСақлама #оила #психология
«Ота-она, болалар ва бувилар»: ушбу учбурчакда омон қолиш усуллари

Оилада фарзандларнинг дунёга келиши кўп томонлама вазиятни ўзгартириб юборади. Шу жумладан, буви ва боболарнинг ўз фарзандлари билан ўзаро алоқаларини ҳам. Гоҳида катталар невараларнинг меҳри учун уларнинг ота-онаси билан рақобатлашаётганга ўхшайди. Вазият икки хил тус олиши мумкин. Ўз устида ишлайдиган қариялар неваралари бобида беминнат ёрдамчи бўлишади, ўз ташвишига ўралашиб қолганлар эса муаммолар келтириб чиқаришади. Боланинг ҳаётида ҳар икки томоннинг ўрни беқиёс, ота-онанинг ҳам, бобо-бувиларнинг ҳам. Шундай экан, бу учбурчакда олтин ўрталиқни топиш шарт.

Ким бошлиқ?
Фарзандни дунёга келтирган ота-она устунми ёки уларни тарбиялаётган буви-ю боболар? Оилада мана шу масала асосий ўринга чиқса, носоғлом рақобат муҳити пайдо бўлади. Бу рақобат эса бошқарув ва назорат учун курашга айланиши ҳеч гап эмас. Айниқса, бувилар экспертлик вазифасини ўз зиммасига олишга ҳаракат қилади ва ёшларни билимсизликда, тажрибасизликда айблайди. Аслида ҳар икки томоннинг фикри тенг инобатга олиниши ёки ҳеч бўлмаса, муҳокама қилиниши зарур.

Афсуски, биз катталар фарзандларни тарбиялашда устунлик позициясини эгаллаймиз, дея кўп хатолар қиламиз ва бу болалар руҳиятига ижобий таъсир кўрсатмайди. Ёшлар “ўзимиз биламиз аралашманг” дейишса, катталар “ҳали тажриба йиғишинг учун кўп яшашинг керак” дейишдан чарчашмайди.

👉Обрўнинг тўкилиши
Тасаввур қилинг, қариялар невараларига ота-онасини ҳадеб ёмонлайверса, айбларини кўрсатаверса, ҳатто бу каби муносабатларига болаларнинг ўзларини иштирокчи сифатида жалб қилса, ота-онанинг фарзандлар олдидаги обрўси тўкилади. Катталар муаммоларни болалар олдида муҳокама қилишар экан, тарбия бобида бир қадам орқага қадам босаётганини билишлари зарур. Бундан ташқари яқинлари ўзаро низолашганда, бу болаларга таъсир этмасдан қолмайди. Руҳий зўриқиш, катталарни яраштириш истаги кабилар уни ташвишга солиши мумкин. Гоҳида болалар зиддиятларнинг бевосита иштирокчисига айланиб қолишади. Энг қизиғи, болалар бу урушда ўзлари учун фойдали томонларини ҳам топишади, яъни яқинларини айбларини айтиш орқали назорат қилишга ўтишади. Албатта, бу омилларнинг ҳеч бири бола феъл-атвори шаклланишида ижобий ўрин тутмайди.

👉Муроса йўллари
Биринчиси, ёши катта инсонларга бола тарбиясида қўлланиладиган завонавий усулларни ётиғи билан тушунтиринг. Масалан, гаджетлар фақат дарсдан кейин рухсат берилиши ёки болани ҳадеб тергайвериш керак эмаслигини. Буви ва боболарнинг танқидига танқид билан эмас, балки муқобил ечим варианти билан жавоб бериш зарур. Яна бир вазият, зарарли ширинлик ёки интернетни чеклаётган буви боланинг кайфиятини кўтаришнинг бошқа усулларини топсин.

Иккинчиси, оилада ҳеч кимнинг ўрни алмашиб қолмасин. Агар буви онага, бобо отага айланиб қолса, бола чалкашиб кетади. Шунинг учун оилада катталар қатъий қоидаларга амал қилиши керак.

_______
#СукутСақлама #оила #психология
Олмазор тумани ҳокимлиги саҳифаларида қуйидаги янгилик берилди:

"Олмазор тумани ҳокими ўринбосари - Оила ва ҳотин-қизлар бўлими бошлиғи М.Э.Дадаходжаева бошчилигида маҳаллаларда ажримларни олдини олиш мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. "Қорасарой" МФЙда бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан Шаҳар бош отинойиси, малакали психолог, юрист профессор, туман тарғибот гуруҳи аъзолари очиқ суҳбат ўтказди. Бунинг натижасида 2 та оила яраштирилди".

Волонтёрларимиз бу янгиликка ўз муносабатини билдирди. Сиз ҳам ўз фикрларингизни шарҳларда қолдиринг!

👉"ОИЛА ФАҚАТ АЁЛЛАРДАН ИБОРАТМИ?

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи М.Е.Дадахўжаева бошчилигида ўтказилган айримларни олдини олиш мавзусидаги тадбирда фақат аёлларнинг иштирокини кўришимиз мумкин. Нима учун фақат хотин-қизлар? Эркаклар-чи? Ажримларнинг олдини олишда эркакларнинг аҳамияти йўқми? Оила фақат аёлларга керакми?

Аслида оиланинг дарз кетишига эркакнинг хиёнати, аёлига босим ўтказиши ёки зўравонлик қилиши ва ҳ.к. сабаб бўляпти-ку! Нега маҳаллаларда "Эркаклар қўмитаси" тузилмайди? Ёки ажримларни олдини олишга бағишланган тадбирларда эркаклар чақирилмайди? Бизнинг жамият нимага оилани асраб қолишдек катта масъулиятни аёлларни зиммасига юклайди? Ахир, аёл киши "ожиза" бўлади, деб ёшлигимиздан уқтиришади-ку!

Юқоридаги тадбирда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан Шаҳар бош отинойиси, малакали психолог, туман тарғибот гуруҳи аъзолари очиқ суҳбат ўтказибди. Эътибор беринг, уларнинг ҳаммаси аёл киши. Қани шаҳар бош имом хатиби? Ажрим ёқасидаги оиланинг эркаклари билан ким суҳбатлашади? Уларга оиланинг муқаддаслиги, уни сақлаб қолишда эркакнинг ҳам вазифа ва бурчлари борлигини кимдир эслатдими?

Тадбирнинг натижасида иккита Оила яраштирилибди. Очиқроқ айтганда, ажрашмоқчи бўлган аёлларни "Турмуш - мушт" деб, "кўрган-кечирганларига" кўз юмиб яшашга кўндиришди".

👉"Йигирма биринчи аср суперқаҳрамонлари деганда кўз ўнгимизда шундай яраштирув комиссияси келадиган бўлиб қолди. Ҳақиқатда, ўзи мақтанадиган жиҳатларимиз ҳам қолмади, қиладиган ишимиз ажрим ёқасидаги оилаларни фикридан қайтариш.

Ажрим сабаби нима? Эрнинг зўравонлиги, хиёнат, биқиқ муҳит, учинчи томоннинг эр-хотин муносабатига аралашуви - фарқи йўқ, якунда келин айбдор (ёки сиз юқоридаги расмларда бирор эркакни кўрдингизми?). Ўзбек аёлларига сабр ва иродадан, диндан озгина дарс берилади-да, яраштириб юборилади. Аризачи шунча кўрган азоби етмагандай давлатдан ҳам маънили ёрдам ололмайди, аёлни қонун ҳимоя қилолмайди, ким ҳимоя қилади ўзи? Яна эски ҳаётга қайтади.

Ҳаммаси оддий: ажрашган эркак "онаси ўпмаган қиз"га уйлана олади, ажрашгн аёл учун эса кўплаб имкониятлар эшиги ёпилади. Кўп ҳолларда унга потенциали бор, қўлидан нимадир келадиган инсон сифатида қаралмайди. Аксинча, битта оилани эплолмаган деган тамға ёпиштирилади. Бундай тадбирлардан мазмун топишга қийналдик, рости. Балки, мамлакатимизда ҳеч ким ажрашмай қўйса, ЯИМ қиймати ўсиб, яшаш шароитлари яхшиланиб, камбағаллик қисқариб, коррупция йўқолиб, ҳаёт гўзаллашиб кетар, камида маҳаллий ҳокимият вакиллари шундай ўйласа керак".

_______
#СукутСақлама #SukutSaqlama #Фикр #Ажрим #Оила
Психологик соғлом оила қуришнинг 10 қоидаси

Болалигида ёмон муҳитда катта бўлган инсонлар фарзандлари учун бундай ҳаётни раво кўрмайди. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Оиладаги соғлом муносабатлар қандай қурилади?

Бахтли оила моделини яратишга киришишдан олдин эр-хотин ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш керак. Зеро, пойдевори мустаҳкам оилада келажаги порлоқ болалар улғаяди.

📌 Ўзаро ҳурмат ва меҳр
Оилада албатта, меҳр кўрсатиб яшаш даркор. Меҳр-муҳаббатни кутиб яшашнинг кераги йўқ. Ундан кўра ташаббус билдириб, оиладаги ришталарни мустаҳкамланг.

📌 Тенг муносабатлар
Бугунги кунда жамиятда эркак билан бир қаторда аёлнинг ҳам ўрни бор. Асло фарзандларингизга “сен ахир эркаксанку” ёки “қиз боласан-а” дея кўрманг. Бу билан ўзингиз жинсларни ажратиб, бирини биридан устун қилиб қўясиз. Ундан кўра тенглик ва ўзаро ҳурмат қадриятларини сингдиринг.

📌 Ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бор
Ҳар қандай муносабатда, оилавий алоқаларда ҳам ҳар бир шахс ўз ўрнини билиши керак. Кимдир кучлилик қилиб, заифроқ жуфтини пастга уришига йўл қўймаслиги даркор.

📌 Роллар чалкашиб кетмасин
Аёл эркакнинг эркак эса аёлнинг ўрнини босиши керак эмас. Акс ҳолда кўплаб келишмовчиликлар келиб чиқади.

📌 Оилавий қадриятлар
Оилага келганимизда ўзимизни эркин қўямиз ва оддийгина қоидаларга риоя этишга оғирсинамиз. Аслида чегара сақлаш, бировнинг эркинлигига чанг солмаслик, ҳурматини жойига қўйиш, деган қадриятлар сақланиб қолиши керак.

📌 Муносабатлар чин дилдан бўлсин
Муносабатлар — бу инсонлараро мулоқотдан завқ олишдир. Асло мажбурлаш, жароҳат етказиш ва шахсиятга таъсир қилиш эмас.

📌 Ўзаро кўмак
Бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаганга нима етсин. Мотивация бериш, қийинчиликда ёрдам қўлини чўзиш.

📌 Манфаат кўзламаслик
Шунчаки ўз ишингиз билан шуғулланинг, такомиллашинг ва олдинга интилинг.

📌 Кучли бошқарувни касб қилманг
Бошқарувга асосланган муносабатлар узоққа олиб бормайди. Улар зиддиятларга, оғриқ ва хафсаланинг пир бўлишига олиб келади.

📌 Зўравонликдан воз кечинг
Соғлом муносабатларда бировнинг эвазига бахтли бўлиш қийин. Золим ҳам, қурбон ҳам бўлманг.

#СукутСақлама #ЗўравонликкаЙўқДеймиз #оила #психология
Жуфтликларда зўравонлик қачон бошланади?

Эр хотинини сўкканда ёки урган вақтида эмас, балки ундан анча олдин зўравонлик муносабатлари бошланган бўлади. Аниқланишича, унинг илдизлари болаликка бориб тақалар экан.
Аввалига инсонда яқиним хавфли деган тушунча пайдо бўлади. Бу ота-она ёки бошқа яқинлар бўлиши мумкин. Болаликда зўравонликнинг амалга оширилиши шарт эмас. Бу онанинг тушкунлиги, ажрим ёки касаллик билан боғлиқ бўлади.

Ота-оналар кўпинча бола таъсирланиб, қалбан эзилганини сезишмайди, боланинг ўзи эса буни меъёр сифатида қабул қилади. Зўравонлик муносабатлари секин-аста рўй беради.
Аввалига жуфтликлар бир-бирини идеаллаштиради. Севгининг кўзлари кўр бўлади дейишганидай, хатолар, камчиликлар сезилмайди.

Ана ундан кейин хавотирли вазиятлар даври келади. Мени ташлаб кетиши, оғриқ бериши мумкин деган хавотирлар уйғонади. Зиддият ортади. Натижада эр-хотин бу вазиятларнинг олдини олиш чораларини излай бошлайди. Яъни руҳий босим ишга тушади. Зўравонга айланиб бораётган жуфтидан хайрон бўлган инсон севимли одамини йўқотиб қўймаслик учун унга ҳар томонлама ён босади. Аммо бу ёрдам бермайди. Аксинча, зўравон хаёлида янги хавотирлар, талаблар ва эътирозлар кўпаяди.

👉Назоратнинг йўқолиши
Жуфти қанчалик вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмасин, зўравон вақти келиб ўз ҳаракатлари устидан назоратни йўқотади.

👉Зўравонлик ҳаракатлари
Зўравон ўзи ўйлаб топган асабийлик гирдобида қолиб кетади. Унинг хаёлида жуфти уни ортиқ севмайди. Энди уруш-жанжаллар, низолар бир неча соатдан, бир неча кунгача давом этиши мумкин. Мана шундай ҳуружлардан кейин орада тинчлик даври келади. Худди барча оғриқлар унутилгандай гўё. Аммо бу алдамчи ҳиссиёт. Энг ёмони, зўравон инсон кечирим сўрайдию, ёмонликлардан мутлақо қайтганига ишонтиради.
Қурбондаги қўрқув жуфтига нисбатан раҳмга айланади. Зўравонликни амалга оширган инсон биринчи бўлиб кечирим сўраган тақдирда ҳам, бироз вақтдан кейин унда зўравонликлари учун албатта, баҳона топилади.

ЗЎРАВОНЛИК ҲОЛАТИДАН ЧИҚИБ, МУНОСАБАТЛАРНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Бунинг учун иккита сабаб керак: биринчиси, зўравоннинг ўзи масъулиятни ўз бўйнига олиши керак, иккинчиси унинг жуфти хафаликларни унутиб, муносабатларни тиклашга тайёр бўлиши лозим.
Агар ҳар икки томон ҳам олдинга қадам ташласа, жароҳатларни йўқотиш учун катта ишни бажариш зарур бўлади. Аввало орадаги салбий алоқаларга аниқлик киритиб олиш керак. Бунда бир-бирини қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Агар жараён шу зайлда давом этса, муваффақиятга эришиш мумкин.

#СукутСақлама #ЗўравонликкаЙўқДеймиз #оила #лойиҳадан
Сурат Нурбек Алимов Телеграм каналидан олинди. Нурбек уни "Оилавий бахт" деб атабди.

Оила дегани мана шундай бўлибди, мен сендан юқориман, сен мендан пастдасан деган ақидага эмас, биз тенг партнермиз деган тушунчага қурилади.

Тўғри, бизнинг миллий удумларимиз бор, эркак киши уйнинг хўжайини ҳисобланади. Лекин ҳақиқий эркак ҳеч қачон ўзининг обрўси учун бақир-чақир, ур-йиқит қилмайди. У ҳатти-ҳаракатлари билан ўша ҳурматга эришади.

Аёлига овқат қилишга ёрдам бериб, бирон жойи камайиб қолгани йўқ. Овқатдан кейин идишни ювса ҳам қўли узилиб тушмайди, эркаклиги ҳам бир ёқларга йўқолмайди.

Мен қишлоққа келин бўлиб тушганман. Келин бўлиб тушганимдан илк мени ҳайрон қолдирган нарса - қайнотам дадажонимнинг биз билан теппа-тенг иш қилишлари бўлди. Келин, бугун нима овқат қиласиз? Сабзавотларни олиб келинг, арчилаб тўғраб қўяман дердилар доим. Рўза тутганимизда эса ҳаммадан биринчи туриб, чойларни қайнатиб, сутни пиширишга қўярдилар. Нега турмадиларинг мендан олдин, деб бақир-чақир ҳам қилмасдилар. Турмуш ўртоғим ҳам дадаларининг йўлини тутиб, доимо уй ишларида ёрдам берадилар. Илоҳим аёлини ўзининг тенг партнёри деб кўрадиган эркаклар кўпайсин!

Нигора

#СукутСақлама #Оила #Фикр
“ОДОБЛИ ЎҒИЛ”: ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ОНАСИГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШНИ ОШИРИБ ЮБОРЯПТИ

Эркак кишининг онасига бўлган муносабатига қараб бўлғуси рафиқасига нисбатан муомаласини англаб олиш қийин эмас, дейишади. Агар у эътиборли ва ғамхўр бўлса, бу яхши белги ҳисобланади. Демак, аёлига ҳам худди шундай муносабат кўрсатади. Аммо бугунги қаҳрамонимиз ушбу фикрларга бироз қарши.

Оила қуришимиздан олдин институт даврлариданоқ турмуш ўртоғим билан дўстона алоқаларда эдик. Кейинчалик дўстлик севгига айланди. Ўша вақтларда ўзаро суҳбатларимизда у онаси ҳақида жуда кўп гапирарди.

Уйимни таъмирлаб бер, кейинги йилга ваннахонамни ўзгартир, эшикларим ҳам ёқмаяпти, янгисини қўямиз. Бу каби талабларнинг кети кўринмасди. Бирор жойга борганимизда, учрашувимиз ярмисида онаси қўнғироқ қилиб, ўғлига зудлик билан етиб келишини тайинларди.

Бир куни тўйдан олдин ҳиёбонда айланиб юриб, кутилмаганда онасига дуч келиб қолганмиз. Бизларни таништиришини кутиб ўтирмасдан ҳам ўғлига дийдиёсини айта кетганди. Худди уларнинг олдида мен йўқдай эдим. Кетганидан кейин “онам нима хоҳлашини ўзи билади, уни шаштидан қайтариб бўлмайди” дея ҳазиллашган эди.

Оилали бўлганимиздан кейин ҳар сафар қайнонам билан учрашганимизда, кўнглим оғрирди. Савол беришни канда қилмас, аммо биронта жавобимни назарига илмасди. Эримнинг эса онасига меҳри кундан-кун кучайиб бораверарди. Ҳар бир истагини муҳайё қилиши, кечириши, харҳашасини сўзсиз бажариши. Биргаликда-ку режа қилолмай қолдик. Онасиники устун турарди. Ойда бир тоққа сайрга чиқмоқчи бўлсак қайнонамнинг шу куни соғлиғи ёмонлашади. Қизиғи, турмуш ўртоғимнинг опаси ҳам бор. Аммо онасиникига кўп келмайди, эримнинг айтишича, улар унчалик келишолмайди.

Бир куни қайнонамдан нолисам эримнинг роса жаҳли чиқиб кетди. “Онамдан воз кечишимни истайсанми?” — дея бутун айбни ўзимга ағдариб қўя қолди. “Менинг жойим ўзи қаерда? Сиз учун қандай аҳамиятга эгаман, кимман мен ўзи сиз учун…” деган саволларим ичимда қолиб кетди.

Тўғри, эримга ҳам осон эмас, икки ўт орасида қолиб кетган. Мени яхши кўришини доим айтади, меҳрини сезиб тураман. Лекин гап онасига келиб тақалганда ҳаммаси ҳавога учиб кетгандай бўлади. Қайнонам ўта айёр, қачон келишни, қачон оиламизга аралашишни жуда яхши билади. Ўғлининг мен томонга интилганини сезса тамом, дарров ҳаракатга тушиб қолади.

Ўғлини эркалатишни жойига қўяди. Фахрланишини доим эслатиб туради, ишларини мақтайди, қизини ёмонлаб, ундан нолийди, ўғли уни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини айтиб, янада ўзига боғлайди. Қайнопам ёмон одам эмас. Қайнонам уни шунча ёмонласа ҳам, онасини бирон марта ғийбат қилганини билмайман. Орасидаги муносабатлар ҳақида сўраганимда, шунчаки жилмайиб қўяди холос.

Эрим қайнонамнинг турли баҳоналарига жиддий эътибор берма, худди кичик болага ўхшаб қолганда, дейди.

Бир куни қизи қайнонамнинг ҳолидан хабар олишга келди. Яна гаплари қовушмай уришиб қолишди. Қайнопам жаҳл устида чидай олмасдан: “Бу худбинлигингиз мени ҳаётимни бузганди, энди навбат укамникими”, - дея гапириб юборди. Қайнонамни йиғлаганини кўрсангиз эди. Бутун уйни қоматга келтирди. Охири эрим ялиниб ёлвориб, кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб тинчитди. Балки қайнотам ҳаёт бўлганида бундай ҳолат бўлмасмиди, деб ўйлаб қоламан.

Лекин бундай ўйлардан фойда йўқ. Чунки қайнонам умрининг охиригача ўғлини тинч қўймайди. Кучдан қолган сари фарзандига тобора қаттиқроқ ёпишиб бораверади. Меҳрибон, виждонли ўғил эса онасининг ҳар қандай қилиғига чидаб, ўзини ҳимоялай олмасдан яшайверади.

Турмуш ўртоғимни яхши кўраман, уни йўқотишдан қўрқаман. Аммо қайнонам билан ҳаётимни қандай давом эттиришимни хаёлимга сиғдира олмаяпман”.

#СукутСақлама #муносабатлар #оила
Моҳинур (исми ўзгартирилган) Бухоро вилоятидаги кичик бир қишлоқда яшайди. Турмушга чиқиб, эри, қайнотаси ва қайнонаси билан бирга яшай бошлади, учта фарзандни дунёга келтирди. Итоаткор ва одобли келин бўлди, эри ва қайнота-қайнонаси ундан мамнун эди.

Турмуш ўртоғи ёш келинчакка дамба-дам: “Ҳамма нарсада ота-онамнинг гапларига қулоқ тутишинг керак”, деб такрорларди. Шунинг учун қайнота ва қайнонаси уларни эри, катта қизи ва кичик эгизаклари, яъни бир ўғил ва бир қизи билан уйнинг бурчагидаги бир хонага кўчиришганда ҳам у эътироз билдирмаганди. Хона ҳеч исимасди, аммо қайнотаси бу муаммодан “чиқиш йўли”ни ҳам ўйлаб топди – шланг орқали ўзганинг табиий газига улаб қўйди. Шланг иситиш печидан тез-тез тушиб қолар, Моҳинур болалар билан хонада узоқ қолишдан қўрқар, лекин эри ва унинг қариндошларига қарши чиқишдан кўпроқ ҳайиқарди.

Моҳинур учун ўша машъум кун, 2021 йилнинг 2-февралида ҳамма нарса одатдагидек давом этарди. У эрта тонгда уйғониб, уй ишлари билан ўралашиб юрди. Рўзғор юмушларини тезда битириб, эгизакларининг олдига шошди, бироқ қайнонаси: “Ким хамир қориб, нон ёпади?”, дея уни тўхтатиб қолди. Моҳинур ҳовлига қайтиб, ишини давом эттирди, қайнотаси ҳам ҳовлида унинг ҳаракатларини кузатиб турарди. Аёл бир ярим яшар қизи ва ўғлининг овозига қулоқ соларкан, қайнонасининг инжиқликларини кўтариб, буюрган ишларини шоша-пиша амалга оширарди. Аммо бирдан овозлар келмай қолганини пайқади. Уйнинг ўзи яшайдиган томонига болалардан хабар олиш учун югура кетди, эшикни очаркан, хонада қора тутундан бошқа нарса кўринмасди…

👉Давоми сайтимизда: https://nemolchi.uz/uz/ojdin-nur-ikojalari/

#СукутСақлама #ЗўравонликкаЙўқДеймиз #оила
#Биласизми

❗️Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.

@huquqiyaxborot

#СукутСақлама #қонунлар #оила