Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)
2.4K subscribers
1.06K photos
265 videos
2 files
2.72K links
18+. Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа.
https://www.facebook.com/SukutSaqlama/

Ҳикоянгизни аноним юборинг:
https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
Download Telegram
Мактабларда STEM йўналишини ривожлантириш, космосга учиш, халқ фаровонлигини ошириш - Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақуловга бу сўзлар нотаниш, шекилли.

Мактаблар негизида Президент ташаббуси билан ташкил этилган "Ҳаёт мактаби" лойиҳаси ҳақида тўхталар экан, ҳаётий мисолларни келтириб ўтди:

— Ўқувчи қизларимизни ҳафтада бир кун ҳаётга ўргатиш куни бўлади. Бир кун 5 соат нон пишириш ўргатилади, қандай қилиб ун, қандай қилиб сув қўшилади, қанча сут қўшилади, қандай қилиб тандирга ёпилади. Охирида шу синфда ўқиган 10 та қиз, ўзлари пиширган нонлардан уйига олиб кетади, — дейди Ботиржон Мирзақулов. — Бир кун ош пишириш ўргатилади, бир кун қатлама, бир кун манти пиширишади. Пазандачилик ўргатилади.

Нон ёпишни шундоғам "Қизларжон"га ўхшаган клубларда бошлаб юборишган, жараёнлар эса аллақачон "Қайноналар форуми"да муҳокама қилиниши бошлаб юборилган, яна "Оқила аёллар" ҳаракати ҳам бор". Мактабларда ўша нон пишириш бўйича маҳорат дарслари бошланган, ҳоким нима янгилик киритмоқчи экан, қизиқ.

Лекин энг муҳим масала, аёлларнинг тандирда нон ёпмай қолгани экан. "Ўша жойда мен тўртта аёлдан сўрадим, охирги марта қачон нон ёпдингиз десам, тўртта аёл ҳам 5-10 йил аввал нон ёпган экан... 'Уже' нон ёпмайдиган бўлиб кетишибди. 'Уже' у авлод нон пиширишни ўргатадиган авлод йўқолиб бораяпти-да, камайиб бораяпти. Далада ҳамма ғўзапоя қолиб кеттику бу йил, ҳамма нон сотиб олишга ўтдида, нон пиширадиган одамлар камайиб кетиб, далаларда ғўзапоялар ҳам қолиб кетаяпти", - дейди ҳоким.

Ажойиб ҳоким экан, рости. Халқ фаровонлиги учун хурсанд бўлмайдими? Пули борки, сотиб оляпти. Идиш ювадиган машинани кўриб қолса борми? Нақд юрагининг мазаси қочса керак.

Энг қизиғи, ўз нутқида ҳоким чилангар, сваркачи каби мутахассислар камайиб бораётгани ҳақида гапирдию, негадир бундай касблар нега йўқолаётгани бўйича эркакларни сўроқ қилмабди. Яхшимас...

Нигора Адизова

#СукутСақлама #ГендерТенглик #Ҳаёт #фикр
8 март - совғалар алмашиладиган кун эмас!

Кечадан буён мен аъзо бўлган ўзбекзабон телеграм каналлари, фейсбукдаги эркак-аёл дўстларим 8 март ҳақида ҳазил-эрмак постлар ёзиб ётишипти, ким қанақа совға олгани-ю, қанақа совға кутаётганини ҳам эринмай реклама қиляпти. Табриклар ҳам бошланиб кетган - қадрли аёллар, сизларни байрам билан табриклаймиз, кўзимизни қувнатиб юринг ва ҳоказо ва ҳоказо. «Ҳазил» шеърлардан энг машҳури -

«8 март бугун -
Халқаро «расход» куни.
Тезроқ совғасини бер -
Овози ўчсин уни(нг)!»

Яна «ҳазил»лардан бири - «8 март - аёлларнинг байрами, шундай экан, бунга эркакларни аралаштирманглар!»

Мен адекват фикрли деб ҳисобловчи дўстларим шу мазмундаги постларни кетма-кет ёзиб ётишиптики, ғашим келишиниям, жаҳлим чиқишиниям билмай, иккиланиб қолдим. «Расход» куни экан, қилаётган бўлсангиз - сизни дунёга келтирган онангизга, бир қориндан талашиб тушган опа-синглингизга, сизга фарзандлар туғиб бергувчи аёлингизга, борингки, ўзингиз кўнгил қўйган қизингизга «расход» қилаётгандирсиз, шуларнинг «овози ўчсин»ми?! Аниқми?!

«Эркакларни аралаштирманглар!»
Аслида, бу «байрам» аёлларнинг эркин ҳаёт кечиришига, фикрлашига, танлашига, овоз беришига эркаклар даҳл қилмаслиги асосига қурилган эмасми? Бу эркка эришиш учун қанча аёллар қони тўкилган, қанчадан-қанча шафқатсизликлар, жиноятлар содир қилинган. Шуни билмаслигингиз, «кўзимизни қувнатиб юринг,» - дейишингиздан ҳам маълум. Аёл бу - безак эмас, декорация эмаски, кўзларни қувнатиб турса.

Аёл - шахс! 8 март эса шунчаки «Онажонлар байрами» эмас, Аёл эрки куни, курашиб, шахс мақомида эканини исбот қилган куни!

#СукутСақлама #Фикр #ГендерТенглик
- Оилада атмосферани яхши ушлашга?
- Аёл!
- Қадриятларни сақлашга?
- Аёл!
- Бола парвариши ва тарбиясига?
- Аёл!
- Тинчликни сақлашга?
- Аёл!
- Ҳурмат қилишга?
- Аёл!
- Рўзғор тебратишга?
- Аёл!
- Хизмат қилишга?
- Аёл!
- Оилани сақлашга?
- Аёл!
- Бундан ташқари...
- Аёл!
- Э, бирпас жим турсангиз-чи!

Аёл, аёл, аёл! Қўйинг, эркак ҳам оилали эканини ҳис қилсин, оиласи олдидаги масъулиятини сезишни ўргансин! Кузатишларим натижасида шуни тушундимки, оиладаги эркакка тегишли масъулиятлар ҳам аёлга юкланавериши оқибатида, аёлларнинг ўзи ҳам уларни бажараверишга ўрганиб қолишипти, доим шундай бўлиши керакдек, шундай ҳисоблашяпти. Бу вазифаларни бажаришга қодир бўлмаган аёлларни маломат қилишяпти, камситишяпти. Аёлмизми, нафақат аёл бўлайлик, балки, эркаклар ҳам эркак эканини ҳис қилишига қўйиб берайлик. Улар ҳам оиланинг қурилишида, сақланиши ва ривожланишида иштирок этишсин. Ўзи қурган оиланинг аъзолари билан одамдек муомала қилишни, муносабат билдиришни ўргансин. Оила бу - «бошлиқ ва ходим» учун офис эмас, икки шахснинг биргаликда, тенгликдаги ҳиссалари ҳисобига яраладиган бутун бир дунё демакдир!

Алия Темурийзода

#СукутСақлама #Фикр #ГендерТенглик
#Фикр

Рамазон ойи бошланиши билан, негадир, аёллар ва болаларни масхаралаш, улардан нималардир талаб қилиш ҳолатлари кўпайиб қолади. Масалан, устозидан нималар еса, рўзаси очилмаслигини сўраган болага устози калтак еса, рўзаси очилмаслигини айтади. Яна, рўзадор аёл эрини(нг) миясини ва калтагини еса ҳам, рўзаси очилмаслиги ҳақидаги #Пурмаъно_Пикр билан зўравонлик тарғиботи авж олади. Энг ғашимга тегадигани - рўзадорлик боисидан ўзини бошқаролмай қолишидан қўрққан эркак-йигитлар хотин-қизлардан бу ойда сипо кийинишни илтимос-талаб қилиб, уларнинг «кўнгли покиза эканини яхши билишлари»ни писанда қиладиган эълонлари.

Рамазон - сабр, марҳамат, диёнат, покланиш, тузалиш ойи эмасми? Ислом ожизларга шафқатли бўлишга тарғиб қилмайдими? Эътиқод инсонлар ўртасида, бўлиб ҳам, унга амалдор кишиларга масхара бўлдими? Одамларнинг нима сабабдан оч қолса-да, сабр билан бир ой рўза тутаётганига ҳайрон бўлган БОЛА УСТОЗдан сўраган саволига бундай жавоб олиши қайси ақлга сиғади? Тўғри, бола савол беравериб, хит қилиб юборди, дерсиз, лекин у бола-ку? Албатта зўравонлик билан қўрқитишга ўтмай, бирорта истеъмол маҳсулотини ейиш, ҳеч қанақа суюқлик ичиш мумкин эмаслигини айтса бўлади-ку?!

Рўзадор аёлни Рамазон ойида эри томонидан калтакланишини тарғиб қилаётганлар, буни одатий ҳолдек қабул қилаётганлар, шифокорга учрашинг - саломатлигингиз жойида эканига шубҳам бор. Рўзадор инсон бировга қўл кўтариш тугул, овозини кўтариб гапирса, сўкинса - рўзаси бузилишини билмайсизми? Ахир, дин пешволари бу ойда зўравонлик қилиб бўлмаслигини таъкидлайвериб, сочи оқарди-ку? Рамазон фақат еб-ичардан эмас, ёмонликдан ҳам тийилиш ойи-ку?! Исломни шундай йўллар билан «чиройли» кўрсатяпсизми? Шундай масхара бўлдими сизга?!

Илтимос-талабчилар, сиз ҳам рўза нима учун тутилишини ўрганиб олинг. Намоз ва рўза айнан уйланишга имкони бўлмай, ўз «гормон»ларини ҳам бошқаролмай қолганлар учун нажот сифатида ҳам берилган! «Ким ўз шаҳватини бошқара олмаса, ўзини фаҳш хаёллардан тия олмаса, намоз ва рўза тутишда қоим бўлсин, улар шаҳватни бостирувчилардир,» - дейилган. Зотан, Қуръони Каримда ҳам нафақат Рамазон ойида, балки, бутун умри давомида «Мўминлар кўзларини номаҳрам аёлга тикишдан тийиш»лари буюрилган. Қолаверса, «Аёлларингиз билан яхшиликда яшанг!» «Ер юзида ёмонликда ҳаддан ошиб, бузғунчилардан бўлманг!» «...Ва тажовузкорлик қилманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас!» - каби кўрсатмалар ҳам келган.

Шундай экан, зўравонликни дин билан ниқоблаб, динга елимлаб-боғлаб ёпиштириб, ҳаётга татбиқ қилишга уриниш - ғирт аҳмоқлик! Рўзадор аёл эридан калтак еса, рўзаси очиладими-йўқми, билмадим, лекин бундай вазиятда муштумзўр эрнинг нафақат рўзаси синади, балки, энди жиноий жавобгарликка ҳам тортилади! Шуниям ёдда тутишса, нур устига аъло нур бўларди. Аллоҳдан-ку, қўрқмай қўйишганига анча бўлган, ҳеч йўқса, қамалишдан, жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқишар...

#СукутСақлама #Фикр #Аёллар
Радиобошловчи Ширин Гафурова ўз Фейсбук саҳифасида ёзмоқда:

"Хотинини пичоқлаб ўлдириб қўйган ашулачининг онаси интервью берибди🤦‍♀️😒
Туппа-тузук, маданиятли, юввошгина ўғлининг айби йўқ эмиш, ҳамма айб ўлган келинда эмиш.

Изоҳларни ўқисам, йигитнинг гулини ёнини олиб, ёш умри ёмон хотинни деб жувонмарг бўлди деб қарғаб ўтиришибди. Келин ҳомиладор чоғида ўлдирилгани билан ишлари йўқ, 2 та бола онасиз қолгани муҳиммас. Муҳими қотил қамоқдан эсон-омон чиқиб келсинмуш🤦‍♀️🤦‍♀️🤦‍♀️🤦‍♀️

Эээ, аёлни қадрсиз қилган жамиятдан ўргилай!
Аёлнинг ўлимини эмас, қотилнинг қамалишини фожеа диб билганлардан ўргилай!
Тилидан топибди деб ёзган ақллилардан ўргилай!
Қизингиз ёки опа-синглингиз бошига тушгандаям шунақа сайрайсизми?"

#СукутСақлама #Фикр #ЗўравонликкаЙўқДеймиз
Мен феминист эркакман

Ия, шунақасиям бўларканми, деяпсизми? Бўлганда қандоқ? Ёки сиз феминизмни фақат ва фақат хотин-қизлар байроқ кўтариб чопадиган ҳаракат деб ўйлайсизми ҳали ҳам?

Умуман олганда, феминизм — жамиятда иккала жинс вакилларининг тенг ҳуқуқли бўлишини талаб қилувчи, ва хусусан, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишига, сексизмга (жинсий дискриминация) қарши турувчи оқим. Энг муҳими, бу бир жинс вакилларидан ташкил топган ҳаракат эмас. Қайтанга, эркаклар феминистроқ бўлиши керак. Ҳар қалай мен шундай тушунаман.

Сабаби, мен бугун эркак сифатида онам жамиятда кимдандир паст кўрилишини, бўлғуси умр йўлдошим аёл жинсидан бўлгани учунгина камситилишга учрашини, Худо сийлайдиган бўлса, фарзандим “қиз болага пишириб қўйибдими” деган тамға таъсирида истеъдодини, илмини, салоҳиятини юзага чиқаролмай армонда қолишини истамайман. Учала ҳолатни ҳам ҳазм қилолмайман.

Йўқ, сира фикримни янглиш тушунманг. Мутаассиб кишилардек калта ўйламанг. “Аёл кишига ҳамма нарса мумкин бўлиши керакми?”, “Хотин-қизлар фалон-пистон чегараларни билиши керак!” деган хитобларингизга келсак. Биринчидан, ҳеч қайси феминист мумкин бўлмаган нарсани талаб қилмайди. Аксинча, ўз ҳуқуқига, яъни мумкин бўлган нарсага тўсиқ қўймасликларини сўрайди. Иккинчидан, аёллар билиши зарур бўлган чегараларни, аслида, эркаклар ҳам билиши керак. Зотан, ҳалигача ҳеч қайси “чегара”да фақат эркакларга “ҳатлаб ўтиш” мумкин дейилганига дуч келмаганман.

Аёл ҳеч қачон эркак бўлишга ё ундан баланд бўлишга даъво қилмайди. Инсоний ҳуқуқларинигина эркин истифода этишни хоҳлайди. Агар онам, бўлғуси рафиқам ва қизимнинг тарафида туриб, уларнинг инсоний ҳақларини ҳимоя қилиш феминизм ҳисобланса, мен бундан мамнунман.

Shohrux Usmonov

Манба.

#СукутСақлама #Фикр #Феминизм
Рамазон - покланиш ва раҳмат ойидир. Шу боисдан бу ойда барча мусулмонлар яхшиликлар қилишга, покланишга шошадилар. Ислом динида барча яхшиликларни энг аввал аҳли-аёлига қилишдан бошлаш тавсия қилинади. Рўза тутиш боисидан юзага келадиган маълум вазиятларда, айниқса, аёлларга амалий ва маънавий жиҳатдан кўмак бериш бу ой хосиятларини янада ошириши шубҳасиз.

Жумладан:

• Маълумки, уй-рўзғор юмушлари, бола парвариши, тарбияси, айрим ҳолларда, маош/пул тўланадиган ишларда меҳнат қилиш ҳаммаси аёлнинг зиммасида ва улар буни жуда яхши уддалаб келишмоқда. Рамазон ойида бу юмушлар бироз қийинлашади: аёллар - онангиз, опа-синглингиз, аёлингиз, қизларингиз тунда туриб, саҳарлик учун дастурхон тайёрлашади. Ёки кундузи рўзадор ҳолида иссиқ газ печи ёнида туриб, пишир-куйдир қилишади. Уларни бу ишлари учун миннатдорлик билдириб, раҳмат айтиб қўйиш ҳам кўнгилларини тоғдек кўтаради.

• Дастурхон атрофида ҳеч нимани муҳокама қилманг. Бу, аслида, этика қоидаларига ҳам тўғри келмаслиги - алоҳида масала, лекин айримлар этика қоидаларига тупуриб қўйганига ҳам кўп гувоҳ бўламиз. Худо хайрингизни берсин, шу ойда бундай муҳокамалардан тийилинг. Чунки, кўпинча муҳокама пайти гап калтаги айланиб келиб аёлнинг бошида синади. У хоҳ синглингиз, хоҳ аёлингиз, хоҳ қизингиз бўлсин, танқиддан, уришиш ё насиҳатдан иштаҳаси карнай бўпкетмайди, аксинча, ё таомдан қўл тортади ё нима еганини билмай ўтираверади. Натижада, саҳар вақти бўлса - кун бўйи қувват еткизиб беришга егулик ғамлай олишмайди, ифторликда - кун бўйи сарфланган қувват ўрни тўлмай, кейинги кун рўзаси учун куч қолмайди.

• Уйингиздаги аёлларга уй юмушларида ёрдамлашинг. Маълумки, пайғамбаримиз нафақат Рамазон ойида, балки, ҳамиша уй ишларида аёлларига ёрдам берганлар, шунингдек, ўзларига тааллуқли кийимларининг йиртиқларини тикиш-ямаш каби кўп ишларни ҳам ўзлари бажарганлар.

• Аёллардан нега рўза тутмаётгани ҳақида сўраманг. Ҳоиза аёллар бор, эмизикли аёллар бор, шунингдек, эркаг-у аёлга бирдек рўза тутишга имкон бермайдиган меъда-ичак хасталиклари, қанд касаллиги, умуман, турли оғир беморлик ҳолатлари бор. Шуларни инобатга олган ҳолда, ўзингизни ҳам, суҳбатдошингизни ҳам ноқулай аҳволда қолдирманг. Кимнингдир нима сабабдан рўза тутмаётгани боисини билмасангиз, осмон узилиб ерга тушмайди. Шунингдек, эътиқод ва виждон эркинлиги Бош Қомус томонидан белгилаб қўйилган.

• Рамазон - мусулмонлар учун муқаддас ой. Сиз ҳам ўзингизни мусулмон санасангиз, бу ойда зарарли одатлардан воз кечинг. Сўкиниш, қўл кўтариш, чекиш каби зарарли одатларнинг жабрини уйингиздаги аёллар ва сиздан ожизлар кўради. Ифтордан сўнг чекадиганлар бор - заҳрини уйдагиларга «пуф»лашади; вақтидан қатъий назар, аёлига сўкиниб-бақирадиган, ҳатто, қўл кўтарадиган эркаклар бор - ҳеч йўқса, Рамазон ойида ўзингизни тийинг, аёлингизга яхши муносабатда бўлинг. Ахир, пайғамбаримиз, «Сизлардан яхшиларингиз аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир. Бу борада мен энг аввали (биринчи ўриндагиси)дирман!» - деганлар.

Рамазон ойида уйингизга қут-барака ёғилсин, Рамазон ойи барчангизга муборак бўлсин!

#СукутСақлама #Фикр
#экрандаги_зўравонлик #фикр

Ситора Алихонзода ўзининг Фейсбук саҳифасида ёзмоқда:

- Ким қандай фикрда билмадим-у, мен Туркияда жамоатчиликнинг болалар, аёллар, қариялар, ҳайвонлар, умуман, жамиятнинг заиф қатламига нисбатан адолатсизликка "сон дeрeжe"да "тепки" беришига қойил қоламан.

Айниқса, бу "sosyal" танқидлар ва муҳокамаларнинг бўш кетмаслиги, аксинча, қисқа вақт ичида ўз натижасини кўрсатиши ҳақиқатан таҳсинга лойиқ.
Қизиғи, турклар нафақат ҳаётда, балки телеэкранлар-у, бадиий адабиётда учрайдиган зўравонлик саҳналарига ҳам бир овоздан қарши чиқишади.

Масалан, икки кун олдин Show TV каналида эфирга узатилаётган "Kızılcık Şerbeti" сериалининг намойиши айнан шундай реакциялар оқибатида RTUK (Radyo ve Televizyon Üst Kurulu) томонидан эфир вақтида тўхтатиб қўйилди.

Шундан сўнг, мазкур сериал "аёл кишига нисбатан зўравонлик, шиддат ҳаракатлари" акс этган саҳналари учун беш ҳафта "танаффус қилишга" ва 1,5 миллион лира жарима тўлашга мажбур бўлди. Сериалнинг аёвсиз "жазоланишига" бош қаҳрамон қиз Нурсеманинг оиласи тарафидан мажбуран турмушга берилиши ва никоҳ кечасида куёв томонидан деразадан отилиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Қизиғ-а, бу ерда аёлга қарши ҳатто, фильмларда учрайдиган зўравонликлар устидан масъуллар жазога тортилмоқда.

Бизда эса бундай зўравонлик, тажовузкорликка масъулларимиз ўзи бош бўлмоқда.
Камига зўравонликка қарши янги қонундан норози бўлиб, ҳалиям ўзига келолмаётганлар бор.
Ажойиб парадокс 🙄

Айтганча, айни пайтда турк сериаллари орасида рейтинги "учаётган" "Yalı Çapkını" сериалининг охирги бўлимидаги саҳналар - отанинг қизларига ҳаддан ташқари руҳий ва жисмоний тазйиқ кўрсатиши ҳам ижтимоий тармоқда оммавий танқидларга сабаб бўлмоқда.

Жараённи кузатишда давом этамиз...

#СукутСақлама #Фикр #ЗўравонликкаЙўқДеймиз
Тадбиркор Фируз Аллаев ёзмоқда:

"Саудия Арабистонида ўзгаришларни кузатиб боряпман. Ўта консерватор мамлакат дунёга очилиб, ўзгаришларни жуда катта тезликда қилмоқда. Мамлакатда аёллар машина ҳайдашига рухсат берилганига ҳали ўн йил бўлмади.

Кеча илк икки Саудия Арабистони фуқароси космосга чиқди, эътиборлиси бири аёл. Илк икки саудиялик астронавт Раяна Барнави ва Али Ал Қарнилар халқаро космик станцияга АҚШнинг Axiom Space компанияси томондан етказилди".

#СукутСақлама #Аёллар #Фикр
#Фикр

«Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини бахтли деб ҳисоблайди»

819 нафар аёл иштирокида сўровнома ўтказган Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти шундай хулосага кепти. Тасаввур қилинг-а, 819 нафар аёлнинг нақ 85 фоизи! Тадқиқотни бир четга суриб турамиз-да, бахт тушунчасига кенгроқ ёндашишга, бахт ўзи нима экани, қандай аҳамият касб этиши борасида фикр юритишга уриниб кўрамиз.

Бугун эрталаб совчилар каналида бир эълон кўриб қолдим, унда бир ажрашган аёл «боласи отасиз ўсмаслиги учун иккинчи хотин бўлишга тайёрлиги, «бошида эри» бўлиши энг катта орзуси» эканини ёзибди. Бу менга рус сайтларидан бирида ўқиганим - парчани эслатиб юборди.

Унда сеҳргар парига учраб қолган бир аёл тилак қилади:

- қанақа бўлсаям фарқи йўқ, машинам бўлса эди;
- шаҳарнинг бир бурчидан бошпанам бўлса эди;
- эр номида қора тортиб турадиган турмуш ўртоғим, бир-иккита болам бўлса эди...

Пари унга сўраганларини аввал кўрсатади - Запорожец машинаси, шаҳарнинг энг чеккасидаги кўпқаватли уйлардан бирининг ертўласи, пиёниста эр ва тарбиясиз болалар. Аёл ҳайрон бўлади - мен орзуларим бу алфозда ушалишини истамайман, дейди. Унда тўғри орзу қилишни ўрган, дейди пари унга жавобан.

Юқоридаги эълонни берган аёл ҳам «боласи отасиз ўсмаслиги учун»гина бировнинг эрига тегиб олса, ўзини бахтли ҳисоблайди-да, а? Ҳолбуки, бировнинг бахтига паншаха чўзмасдан ҳам бахтли бўлиш мумкин, бировнинг эри бўлган инсон билан яшаш эса, бир умрлик ҳадик-таҳлика ичида яшаш дегани. Бахт эса, шунчаки қувонч, хурсандчилик эмас, айнан руҳан хотиржамлик бардавомлиги эмасми?

Тасаввур қилинг, ўша аёлга номига кредит расмийлаштириб, тўлашдан қочиб юрадиган, бегона эркакларга танасини сотиб, пул ишлашга мажбур қиладиган эр учраб қолса-чи? «Бахти очилиб кетгани» шу бўладими? Ҳатто, тўғри орзу қилишни билмайдиган аёллар бахт ҳақида тўғри тушунчага эга эканига менинг шубҳам бор. Ва бундай аёллар атрофда минглаб, миллионлаб топилади...

Қай бир аёлга юрадиган эрни уйга қайтариб келиш бахт, яна бири учун бировларга бахтли кўриниш муҳим. Кимдир биров уни эшитганидан, яна биров кимдандир нима учундир пул ундирганидан шод, бошқаси эри ичмаганидан, урмагани, кўчага ҳайдамагани учун шукр қилиб яшаяпти. Қулоқларимизга қўрғошин бўлиб кетган гап - «эринг ичмаса, чекмаса, урмаса, нимага аразлаб ота уйингга кеволдинг?»

Янаям ачинарлиси, баъзи аёллар эри эмизикли боласини 5-10 дақиқа кўтариб тургани, «бола парвариши ва тарбиясида ёрдам бераётгани» учун еттинчи осмонларда учади! Буниси, энди, фожиадан бошқа нарсамас! Аслида, оталар оналарга бола парвариши ва тарбиясида ёрдам бериши эмас, баб-баравар иштирок этиши шарт!

Хуллас, айтаверса гап кўп. Сиз ҳам айтишингиз мумкин - бахт нисбий тушунча, ҳамма учун бир қолипда қабул қилиб бўлмайди! Аммо, ҳамманинг қарашлари ҳар хил бўлгани билан, бахт тушунчасининг моҳияти ўзгариб қолмайди-ку? Асосида кўнгил хотиржамлиги ётади-ку?

Бош мавзуга қайтсак - Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти фақат бахт борасида сўровномалар ўтказиш билан чекланиб қолмасдан, аёлларни қандай муаммолар қийнаётгани, бу муаммоларга қандай ечимлар бериш мумкинлиги борасида ҳам савол-жавоблар ўтказса, янаям фойдалироқ иш қилган бўлишарди, назаримда. Тағинам билмадим...

© Гапира ҚОЧДИЕВА