HADISLAR TOPLAMI
28.3K subscribers
50 photos
268 videos
16 files
204 links
Кимки вафотидан кейин ҳам амали узилмаслигини хоҳласа, илм тарқатсин!

Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қиладилар: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин»
(Имом Аҳмад ривояти)

Мурожаат учун @Rek_Qiroat
Download Telegram
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари.


6-БОБ. РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ СОЧ БЎЯШЛАРИ ҲАҚИДА КЕЛГАН РИВОЯТЛАР
(Унда 4 та ҳадис бор: 45-48)

Шарҳ.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч бўяганлари ҳақида турли қавллар айтишган. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Бўямаганлар”, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса: “Бўяганлар”, деган. Яна бир гуруҳ уламолар: “Хушбўйликни кўп ишлатганларидан сочлари қизғиш тус олган. Кўрган одам у зот соч бўяганлар, деб ўйлаган. Аслида бўямаганлар”, деб ҳам айтишган.
6-бобда мана шу мавзудаги ривоятлар келтирилган. Қуйида уларнинг шарҳини ўрганиб, кейин умумий хулоса чиқарамиз.

Ертадан танишиб чиқамиз
Ин ша Аллоҳ.


(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_614📕

#Мусибатларга_сабр_қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Дунѐ аҳлидан кўнгил қўйган одамини қабз қилганимда савоб умидида сабр қилган мўмин бандамга Менинг ҳузуримда жаннатдан ўзга мукофот йўқ», дейди», дедилар».

(Имом Бухорий ривоят қилган).

Шарҳ:

Мусулмон инсон яқин кишиси вафот этиб, мусибат етганда сабр қилади, Аллоҳга дуо-фотиҳалар қилади, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлади. Мусибатга чидамай, бақириб йиғлаш, бидъат-хурофотга берилиб, сочини олдириб ташлаш ѐки кийимларини йиртиш эса, мушрик ва кофирларнинг ишидир. Мўминмуслимлар эса ўз Пайғамбарлари кўрсатган йўлдан бориб, мазкур ишларни мутлақо қилмасликлари лозим. Аллоҳ жалла шаънуҳу мўминлар ҳақида: «Улар қачон ўзларига мусибат етса, «Биз Аллоҳникидирмиз ва биз Аллоҳга қайтувчилармиз», дейдилар. Ана ўшаларга ўз Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир», деган. Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида: «Қандай яхши икки идл ва илова», деганлар. сабр Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ўзига мусибат етганда қиладиган, рози бўладиган, «Биз Аллоҳникимиз, Ўзи нимани хоҳласа, шуни қилади, охиратда ҳам фақат Ўзигагина қайтиб борамиз», дейдиган кишиларни мадҳ этмоқда ва уларга бериладиган мукофотларни зикр қилмоқда. Мазкур кишиларга бериладиган мукофотлар иккита асосий ва битта илова мукофотдан иборат экан. Иккита асосий мукофот — Аллоҳ таолодан бўладиган саловотлар ва раҳмат. Битта илова мукофот уларнинг ҳидоят топганлардан бўлишидир.
Ушбу ояти кариманинг маъносини чуқур англаб етган ҳазрати
Умар розияллоҳу анҳу: «Қандай яхши икки идл ва илова», деган эканлар. Арабларда «идл» деб, уловнинг икки биқинига ортилган юкка айтилади.
«Илова» эса, икки биқинидаги юкка илова (кўшимча) равишда эгар устига юкланган юкдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мусибат етганда сабр қилиб, «Биз Аллоҳ учунмиз ва биз Аллоҳга қайтувчилармиз» дегувчи кишиларга ваъда қилинган саловот ва раҳматни уловнинг икки биқинига ортилган икки юкка, ҳидоят топганлардан бўлишини эса, эгар устига ортилган қўшимча юкка ўхшатмоқдалар. Мусибатнинг энг катталаридан бири яқин кишиларнинг ўлимидир.
Ким ана шундоқ мусибатга учраса, сабр қилиб, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун»ни айтса, мазкур даражага эришар экан.

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 36📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
Лайлатул-Қадр (Қадр кечаси).pdf
414 KB
Лайлатул-Қадр
(Қадр кечаси)
[Бир неча манбалардан олинган маълумотлар асносида жамланди.]
Саҳифаси: 18 - бет.
#Ҳадис_615📗

#Аллоҳни_зикри

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ѐки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши баланд овоз билан: «Лаа илаҳа иллаллоҳу, Аллоҳу акбар!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларининг устида туриб: «Сизлар кар ѐки ғойиб Зотга дуо қилаѐтганларингиз йўқ. Эй Абу Мусо! Ёки эй Абдуллоҳ! Сенга жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!» дедилар. «Ҳа», дедим. «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи», дедилар».

(Тўртовлари ривоят қилишган).

Шарҳ:

«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»нинг маъноси ўзгариш ҳам, қувват ҳам Фақатгина Аллоҳ ила бўлади, демакдир. Ким ихлос билан «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни айтиб юрса, жаннатнинг хазинасига эга бўлар экан.

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 35📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_42📕

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари.

Абу Римса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ўғлим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим. Шунда у зот: “Бу ўғлингми?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа. Бунга гувоҳлик бераман”, дедим. У зот: “У сенинг зиёнингга жиноят қилмайди. Сен ҳам унинг зиёнига жиноят қилмайсан”, дедилар”. (Абу Римса) айтди: “Мен (у зотнинг) оқарган сочларини қизил ҳолида кўрдим”. Абу Исо айтди: “Бу (ҳадис) мана шу бобда ривоят қилинган энг яхши ва (ҳолатни) аниқроқ изоҳловчидир. Чунки саҳиҳ ривоятларга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч-соқоллари) оқаришигача етмаганлар. Абу Римсанинг исми Рифоа ибн Ясрибий Таймийдир”.

Шарҳ.

Ривоятда айтилишича, Абу Римса Таймий розияллоҳу анҳу ўғли билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борган. Бу ерда эътибор берадиган жиҳати шундаки, фарзандини аҳли илмлар олдига олиб бориш, илмий мажлисларда қатнаштириш болада илмга, олимларга муҳаббат уйғотади, унинг жажжи қалбида маърифатга интилиш пайдо бўлади. Салоҳиятли фарзандлар тарбиялашда аҳли илмлар билан яхши муносабат ўрнатиш, уларнинг илмидан унумли фойдалиш муҳим. Абу Римса ўғли билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом олдиларига киргач, у зот: “Бу ўғлингми?” деб сўрадилар. Абу Римса: “Ҳа. Бу ўғлим эканига гувоҳлик бераман”, деб таъкидлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У сенинг зиёнингга жиноят қилмайди. Сен ҳам унинг зиёнига жиноят қилмайсан”, дедилар. Яъни, агар у бирон айб иш қилса, зарари ўзига. Қилган ишига ўзи жавоб беради. Агар сен бирон гуноҳга қўл урсанг, зарари ўзингга. Ҳеч ким бошқа одам гуноҳини зиммасига олмайди. Жоҳилият даврида бир бузуқ одат бор эди. Агар ўғил бирон қабиладан бўлган кишини ўлдирса, ўша қабила вакиллари қотилнинг отаси, ака-укаси ёки оила аъзоларидан бирини ўлдиришарди. Соддароқ қилиб айтганда, Алининг ўчини Валидан олишарди. Ўша замонларда киши емаган сомсасига пул тўлашга мажбур бўларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “У сенинг зиёнингга жиноят қилмайди. Сен ҳам унинг зиёнига жиноят қилмайсан”, дейиш билан жоҳилий одатлардан бирини амалдан қолдирдилар, жамият ҳаётини тартибга солдилар.
“(Абу Римса) айтди: “Мен (у зотнинг) оқарган сочларини қизил ҳолида кўрдим”. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларида оқ толалар жуда кам бўлган. Ўша оқ туклар қизғиш рангда эди.
“Бунинг сабаби нима?” деган саволга икки хил жавоб берилган:
1. Баъзи аҳли илмларга кўра, ҳина билан бўялгани учун соч қизил рангда кўринган.
2. Кўп ёғ суртилгани учун сочдаги оқ толалар қизғиш тусга кирган.
Абу Исо айтди: “Бу (ҳадис) мана шу бобда ривоят қилинган энг яхши ва (ҳолатни) аниқроқ изоҳловчидир. Чунки саҳиҳ ривоятларга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч-соқоллари) оқаришигача етмаганлар. Абу Римсанинг исми Рифоа ибн Ясрибий Таймийдир”.
Мусанниф – имом Абу Исо Термизий раҳматуллоҳи алайҳга кўра, юқорида келтирилган ривоят соч-соқол бўяш бобидаги энг салмоқли, маъноси равшан, ҳолатни очиқ баён қилувчидир. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкин, имом Термизий “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч бўямаганлар” деган қавлга мойил бўлган. Яна Аллоҳ билади

(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_616📓

#Қасам_ичиш


Бурайдадан, у ўз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасам ичиб, мен Исломдан воз кечдим деса-ю, ёлғончи бўлса, у ўзи айтгандек бўлади. Агар у ўз гапида ростгўй бўлса, ҳеч қачон Исломга саломат қайта олмайди», дедилар».

(Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар).


Шарҳ:

Демак, қасам ичиб туриб турли бўлганбўлмаган гап-сўзларни айтиб бўлмайди. Агар биров қасам ичиб туриб, ёлғондан «Мен Исломдан воз кечдим», деса ёки шунга ўхшаш бошқа гапларни айтса, муқаддас нарсани ўйин қилганининг жазосига ёлғони ростга чиқарилиб, Исломдан чиққан ҳисобланади. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, мазкур одам ўзининг ўша машъум қасамида ростгўй бўлса, диндан бутунлай чиқиб, муртадга айланган бўлади, унинг энди Исломга саломат қайтиши мумкин бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам бу масалада ниҳоятда ҳушёр бўлмоқ керак, тилни тийиб, айтиладиган ҳар бир сўзнинг оқибатини ўйлаб гапириш лозим.

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 14📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_617📒

#Қуръон_қироати.

Билишимиз керак бўлган муҳим ҳадислардан бири.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса, яхши англамабди», дедилар».

(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Шарҳ:

Қуръони Каримни хатм қилиш муддатларининг энг ози етти, беш ѐки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади. Қуръони Каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам уч кундан озга рухсат йўқ.
Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар. Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:
1. Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
2. Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
3. Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозуъ билан ўтириши керак.
4. Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ѐнбошлаб ѐки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
5. Қуръони Каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
6. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади.
7. Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
8. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак.
9. Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий киши бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
10. Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кунда бир марта хатм қилиши керак.
11. Қуръони Каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир, деганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилсалар, аҳли аѐлларини жамлаб дуо қилар эдилар.
12. Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
13. Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
14. Қуръони Каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
15. Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
16. Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиѐтган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
17. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.

Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 30📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_43📗

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари


Усмон ибн Мавҳабдан ривоят қилинишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч-соқолларини) бўяганмилар?” деб сўралди. Шунда у: “Ҳа”, деб жавоб берди. Абу Исо айтди: “Бу ҳадисни Абу Авона Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Мавҳабдан, у Умму Саламадан ривоят қилган”.

Шарҳ.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочлари рангини ҳина ва шунга ўхшаш нарсалар билан ўзгартирганмилар?” деб сўралганида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Ҳа”, деб жавоб берган. Ҳадисда савол эгасининг исми айтилмаган. Чунки бу ерда мақсад савол берувчи номини зикр қилиш эмас, Пайғамбаримиз алайҳиссалом сочларини бўяган-бўямаганларига ойдинлик киритишдир.

(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_618📔

#Қаттиқ_Қайтариқлар

Абу Райҳона розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн нарсадан наҳйи қилдилар; тишни эговлашдан, вашмдан, оқ толаларни юлишдан, икки эр киши кийимсиз бирга ётишидан, икки аёл кийимсиз бирга ётишидан,
кишининг ажамларга ўхшаб кийимининг этак қисмига ипак улашидан, ажамларга ўхшаб икки елкасини ипакдан қилишдан, талончиликдан, йўлбарсни минишдан ва ҳукмдор бўлмаганнинг узук тақишидан».

(Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар).


Шарҳ:

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Райҳона розияллоҳу анҳунинг исмлари Шамъун алАнсорий экан. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоларидан деган гаплар ҳам бор.
Ушбу ривоятда зикр қилинган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳйи қилган ўн нарсани бирма-бир кўриб чиқайлик.
1. «тишни эговлаш» Бунда ўша вақтда тишни ўткир, оппоқ қилиб кўрсатиш учун эговлаш кўзда тутилган. Бундоқ иш тишнинг касалланиб ишдан чиқишига сабаб бўлишига ҳозирги табиблар энди тушуниб етдилар. Шунинг учун тишнинг устидаги табиий қопламни асраш учун тинмай тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб бормоқдалар. Бизда эса бу нарса минг беш юз илгари шариат ҳукми даражасига кўтариб айтилган ва унга амал қилинган.
2. «вашм» Бу масалани аввал батафсил ўргандик.
3. «оқ толаларни юлиш» Яъни, соч ва соқолда пайдо бўлган оқ толаларни юлиб, ўзини ёш қилиб кўрсатишга уриниш.
4. «икки эр киши кийимсиз бирга ётиши» Бу иш эркаклар орасида жинсий бузуқликка олиб келади.
5. «икки аёл кийимсиз бирга ётиши» Бу иш ҳам аёллар орасида ўзаро жинсий бузуқлик келиб чиқишига сабаб бўлади.
6. «кишининг ажамларга ўхшаб кийимининг этак қисмига ипак улаши»Бу масалани ҳам ўз ўрнида ўргандик. Тўрт энлик миқдоригача рухсат бор. Ундан ортиғи мумкин эмас.
7. «ажамларга ўхшаб икки елкасини ипакдан қилиш» Бу масала ҳам ўзидан олдингисининг узвий давоми.
8. «талончилик» Бировнинг мол-мулкини талаш мумкин эмас.
9. «йўлбарсни миниш» Бу ерда тирик йўлбарсни миниш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу амримаҳол нарса. Бу ерда йўлбарс терисини тўшаб, устида ўтириш ҳақида гап кетмоқда.
10. «ҳукмдор бўлмаганнинг узук тақиши» Чунки, ҳукмдор ундан муҳр қўйиш учун фойдаланади. Ҳукмдор бўлмаган зийнат учун тақади, холос. Уламо аҳли охирги икки нарсадаги наҳйи танзиҳ-тақво учун, аввалги саккизтаси таҳрим-ҳаром учун деганлар.

Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 17📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_619📗

#Таомланиш_одоби

Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки таомланишдан қайтардилар: хамр ичилаётган дастурхонда ўтиришдан ва юзтубан ётиб ейишдан», деди».

(Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар).

Шарҳ:

Ҳаром нарса тановул қилинаётган дастурхонда мусулмон одамнинг ўтириши мутлақо мумкин эмас. Чунки, у ерда ўтиришнинг ўзи, агар ўзи тановул қилмаса ҳам, ўша ҳаром ишга розилик аломати ҳисобланади. Ёмон ишга рози бўлишнинг ўзи ёмондир. Мусулмон киши ундоқ ерда рози бўлиб ўтириши эмас, унга қарши бўлиши матлубдир. Юзтубан ётиб олиб таом тановул қилиш эса, ўтакетган беодобликдир. Шу билан бирга, у соғлик учун ҳам зарарлидир.

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 16📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_44📓

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари.

Башир ибн Хасосиянинг аёли Жаҳзама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан бошларини (қўллари билан) сидирган ҳолда чиқаётганларини кўрганман. У зот ғусл қилган эканлар. Бошларида ҳина изи бор эди...”

Шарҳ.

Жаҳзама розияллоҳу анҳо Бани Шайбон қабиласидан эди. Айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини “Лайло”га ўзгартирганлар. Жаҳзама розияллоҳу анҳо ривоятини ёлғиз имом Термизий “Шамоил” китобида келтирган. Жаҳзама розияллоҳу анҳо айтишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларида ҳина асарини кўрган экан. Айрим шориҳлар (яъни, ривоят маъносини шарҳловчилар) айтишича, бу ҳолат у зот алайҳиссалом сочларини бўяганларини билдирмайди. Балки, муолажа, салқинланиш ва шу каби мақсадларда ҳина қўйган бўлишлари мумкин.

(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_620📓

#Намоздан_кейинги_зикрлар

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозидан кейин оѐғини йиққан ҳолида туриб,
гапирмасдан олдин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ѐзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ѐқимсиз нарсалардан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар».

(Имом Термизий ривояти).


Шарҳ:

Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оѐкдари йиғилган ҳолда, дунѐвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:
1. Унга ўн ҳасанот ѐзилур.
2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.
4. Ўша куни у барча ѐқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади. Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 35📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_621📙

#Таомланиш_одоби

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, лаганнинг уст томонидан емасин. Лекин паст томонидан есин. Чунки барака унинг уст томонидан нозил бўлур», дедилар».


(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган)

ва Термизийнинг лафзида: «Барака таомнинг ўртасидан нозил бўлади. Бас, уни атрофидан енг. Ўртасидан еманг», дейилган.

Шарҳ:

Албатта, палов ёки шунга ўхшаш кўпчилик ўртасига лаганда қўйиладиган таомни ҳар ким ўз олдидан, бир чеккадан егани одобга ҳам, дидга ҳам ва умуман, динга ҳам мувофиқдир. Ўшандоқ таомнинг устидан, кўринган еридан пала-партиш олавериш баракасини қочириши турган гап.

Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 16📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_45📙

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини бўялган ҳолида кўрганман...”

Шарҳ.

Эътибор берсак, “Пайғамбаримиз алайҳиссалом сочларини бўяганмилар”, деган масалада икки хил ривоят собит бўляпти. Биринчисида “бўямаганлар”, дейилса, бошқасида “бўяганлар” деб айтилмоқда. Буни қандай тушуниш керак? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларидаги оқ толалар сони жуда кам эди, йигирматага ҳам бормасди. Шунинг учун сочни бўяшга ҳожат қолмаган. Оқ толанинг қизғиш рангда кўринишига келсак, бу сочга суртилган ёғ ёки мушки анбар изи бўлиши мумкин. Бу борада муҳаддис Абу Закариё Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мухтор (танланган қавл) шуки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан соч-соқолларини бўяганлар. Ибн Умарнинг “Саҳиҳайн”даги ривояти шунга далолат қилади. Кўпинча бўямасдилар. Ҳар ким ўзи кўрганини ривоят қилган ва у ростгўйдир. Валлоҳу аълам”.

Бу бобга хулоса ўрнида қуйидагиларни айтамиз:
1. Соч-соқолдаги оқ тола қиёмат куни нур бўлади.
2. Оқ толани юлиб ташлаш макруҳ.
3. Оқ толани қорадан бошқа рангларга (жумладан, қизилга, сариққа) бўяш жоиз

(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_622📓


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага жонида, боласида ва молида бало етиши бардавом бўлади. Токи, у Роббисига рўбарў бўлганда, бирор гуноҳи қолмасин», дедилар».

(Имом Термизий ривояти)

Шарҳ:

Турли балоларнинг етиши мўминларнинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлар экан. Албатта, ўша бало етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми, дея розилик ила қабул қилиб олиш ва сабр қилиш шарти ила. Мўмин ўзига, боласига ва молига етган мусибатларни сабр ила қарши олиб, Аллоҳ таолонинг савобини кўпроқ касб қилишга уриниш ила зоҳиддик даражасига етишади.

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 36📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_623📗

#Дўст_танлаш

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фақат мўмин ила соҳиб бўл. Таомингни тақводордан бошқа емасин», дедилар».

(Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган).

Шарҳ:

Бу ҳадиси шарифда ҳам дўст танлашга алоҳида эътибор бериш кераклиги уқтирилмоқда. Бу дегани бошқалар билан алоқа қилмаслик керак экан-да, деган фикрга олиб бормаслиги лозим. Ҳамма билан алоқада, ҳусни муомалада бўлганга нима етсин. Аммо сирдош дўст бўлиш учун энг яхши фазилатларга соҳиб бўлган одамни танлаш лозим

Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 34📚


@HADISLAR_TOPLAMIII📚
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари


7-БОБ. РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ СУРМА ҚЎЙИШЛАРИ ҲАҚИДА КЕЛГАН РИВОЯТЛАР
(Унда 5 та ҳадис бор: 49-53)

Шарҳ.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ соч бўяш ҳақидаги бобдан кейин сурма ҳақидаги ривоятларни келтирган. Чунки сурма ҳам зийнатнинг бир туридир. Сурма шифо талабида кўзга қўйилади. Бизнинг юртларда сурмани асосан аёллар қўйишади. Урф-одатимизга кўра, сурма қўйиш аёлларгагина хос иш, деб қаралади. Бироқ динимизда бу иш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам бирдек тавсия этилган. Жумладан, кўзга сурма қўйиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавлий ва феълий (яъни, сўз билан айтиб, амал билан кўрсатиб берган) суннатларидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурма қўйишга тарғиб қилганлар, ўзлари ҳам сурма қўйганлар. Бу бобда кўзга сурма қўйиш фойдалари, қандай қўйилиши ҳақидаги ривоятлар жамланган.

(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_624📘

#Янги_туғилган_чақолоқ


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб ақийқа қилдилар».

(Сунан эгалари ривоят қилганлар).

Термизий лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанга бир қўй сўйиб ақийқа қилдилар ва: «Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин», дедилар. Бас, тортсак, унинг вазни бир дирҳам ёки дирҳамнинг баъзисича чиқди», дейилган.


Шарҳ:

Ушбу ҳадиси шарифдан ўғил болага, албатта, иккита қўй сўйиб ақийқа қилиш шарт эмаслиги, битта қўй сўйса ҳам, бўлавериши чиқмоқда. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз набираларига биттадан қўчқор сўйганлари шуни кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қизларига хитоб қилиб: «Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин» дейишларидан бунга ўхшаш ишларни оналар қилса афзаллиги англашилади. Боланинг сочи вазнида кумуш садақа қилиш мустаҳаб амал бўлиб, боланинг яхши ўсиши учун қилинган яхши ниятнинг белгисидир.

Манба: Ҳадис ва Ҳаёт, 15📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_625📕

#Фитр_Садақа_ҳақида

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».

(Абу Довуд, Ибн Можа ва ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ» дейишган).

Шарҳ:

Фитр садақаси ва фитр закоти бир-бирининг ўрнига ўтиши, садақа ва закот сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатилавериши айтиб ўтилган эди. Ушбу ривоятдаги «намоз»дан мурод, ийди фитр намозидир. Фитр садақасини ийди фитр намозидан олдин бериш зарур эканини шу ердан билиб оламиз. Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади. У садақа Рамазондан фитр(оғиз очиқлиги)га чиқиш муносабати ила берилгани учун ҳам фитр садақаси номини олган. Фитр садақаси иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади. Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати юқоридаги ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш бўлсин, мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб жорий қилинган. Рўзадор одам Рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган. Фитр садақаси мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Ийд кунлари қувончларига қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади. Фитр садақаси ҳуру қул, эркагу аѐл, ѐшу қари, бою камбағал, ҳамма-ҳаммага вожиб бўлади. Ўзида йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган кишилар беради. Ҳанафий мазҳаби бўйича пули ва моли нисобга етган кишигина садақаи фитр бериши вожиб бўлади. Лекин амалда жумҳурнинг моли нисобга етмаганлар ҳам беравериши керак, деган сўзи жорий бўлган. Ривоятларда баѐн этилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида фитр садақаси хурмо, арпа, майиз, қурт ва буғдойдан берилган. Мазкур таомнинг қийматини берса ҳам бўлади. Аввал айтиб ўтилганидек, фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати ила бериладиган садақадир. «Қачон ва қанча миқдорда берилади?» каби саволга келаси фаслдаги ҳадиси шарифлардан жавоб излаймиз.

Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 8📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚
#Ҳадис_46📒

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам машойиҳлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар “исмид” (номли) сурма қўйинглар. Зеро, у кўзни равшан қилади, киприкни ўстиради”, деганлар. Унинг айтишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сурмадонлари бор эди. Ундан ҳар кеча кўзларига сурма қўярдилар. Бунисига уч марта, унисига уч марта (қўярдилар).

Шарҳ.

Исмид кўз учун сурма олинадиган минерал тошдир. Унинг ранги қора, айримлари қизғиш бўлади. Исмид тез парчаланиш хусусиятига эга. Сурма турлари кўп, бироқ ушбу ҳадисда исмид сурмасини қўйиш тавсия этилган. Ибн Қаййим “Зодул маод” китобида ёзишича, исмид сурмаси кўз саломатлигини сақлайди, нурини кўпайтиради, унга жило беради. Агар сурма уйқуга ётишдан олдин қўйилса, фойдаси кўпроқ бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳадисда исмид сурмасини кўзга қўйишни маслаҳат бериб, унинг иккита фойдасини эслатяптилар:
1. Кўзни тиниқ қилади, кўриш сифатини оширади, кўзга нур бағишлайди. Агар озроқ мушк қўшилса, фойдаси янада ортади.
2. Киприкни ўстиради. Маълумки, кўз атрофида киприклар ўсади. Уларнинг яхши ўсиши, узун бўлиши кўзни турли азиятлардан, чанг-ғуборлардан асрайди, кишига чирой бағишлайди. Киприк ва қошлар кўз учун ҳимоя вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳнинг неъматларидандир. “Унинг айтишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сурмадонлари бор эди. Ундан ҳар кеча кўзларига сурма қўярдилар. Бунисига уч марта, унисига уч марта (қўярдилар)”. Яъни, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурма сақланадиган идишлари бўларди. Ундан сурма олиб, олдин ўнг кўзларига уч марта, сўнг чап кўзларига уч марта қўярдилар.

(Имом Термизий ривояти)

Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"📚

@HADISLAR_TOPLAMIII📚