FATVO.UZ
142K subscribers
820 photos
1.81K videos
3.86K links
Fatvo.uz веб-саҳифанинг
телеграмдаги расмий каналига хуш келибсиз!

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
УМРАДА ТАЛБИЯ (ЛАББАЙКА) ҚАЧОН ТЎХТАТИЛАДИ?
#Ҳаж_умра #лаббайка
#талбия

1149-CАВОЛ: Умра қилаётган киши талбияни қачон тўхтатади? Мен бу борада турли ҳар-хил гапларни эшитдим. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Умрада талбия тавофни бошлашдан аввал тўхтатилади.
Талбия айтиш борасида одамлар орасида турли гап-сўзлар тарқаб қолган. Баъзилар Масжидул ҳаромга кириш билан тўхтатади, деса, яна айримлар Каъбага кўз тушиши билан тўхтатади, дейди. Аммо бу борада барча фиқҳий манбаларимизда умра қилаётган киши талбияни тавофга киришишдан аввал тўхтатишини таъкидланган. Яъни умра қилувчи шахс мийқотдан эҳромга ният қилиб, талбия айтишни бошлайди. Йўлда токи Ҳарами шарифгача ҳар сафар ҳолати ўзгарганда: тепаликка чиққанда, пастликка тушганда, одамларни учратганда талбия айтиб келиш суннатдир. Масжидул ҳаромга кириб, Каъбани кўрганда такбир ва таҳлил айтади ва хоҳлаган дуосини қилади. Кейин Ҳажарул асвад олдига келиб, талбияни тўхтатади ва тавофни бошлайди. “Жавҳаратун наййира” китобида шундай дейилган:

قَوْلُهُ وَيَقْطَعُ التَّلْبِيَةَ إذَا ابْتَدَأَ بِالطَّوَافِ يَعْنِي عِنْدَ اسْتِلَامِ الْحَجَرِ لِأَنَّ الْمَقْصُودَ مِنْ الْعُمْرَةِ هُوَ الطَّوَافُ فَيَقْطَعُهَا عِنْدَ افْتِتَاحِهِ

“Умра қилаётган шахс тавофни бошлаётган вақтда, яъни Ҳажарул асвадни истилом қилиш вақтида талбияни тўхтатади. Чунки умрадаги асосий мақсад тавофдир. Шундай экан тавофни бошлаш чоғида талбияни тўхтатади”. “Ҳидоя”, “Мабсути Сарахсий”, “Баҳрур роиқ” каби китобларда ҳам шу маънодаги гаплар айтилган.

Умрадан фарқли равишда ҳаж ибодатини қилаётган ҳожи биринчи кундаги тош отишдан аввал талбияни тўхтатади. Унгача талбияни айтиб юради.

وقطع التلبية حين يرمي جمرة العقبة

“Ҳожи Жамратул ақабага тош отиш вақтида талбияни тўхтатади”. (“Мабсути Сарахсий” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

Telegram | Instagram | Facebook