YURISTKADR
54.2K subscribers
3.02K photos
642 videos
724 files
2.57K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
YURISTKADR
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг антиқа асоси: МК 161-модда 2-қисм 6-банди. Янги Меҳнат кодексида иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари орасида жуда антиқаси бор. Ўзи, янги МК 161-моддасида иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат…
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг антиқа асоси: МК 161-модда 2-қисм 6-банди.

...давоми.

Кейин, янги Меҳнат кодексининг 441-моддаси 1-қисми 1-бандида ҳам шундай ишдан бўшатиш тури бор. Бу ўриндош ходим билан тузилган меҳнат шартномасини мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилинганлиги муносабати билан бекор қилиш амалиётидир.

Бунда иш берувчи ўриндошни меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида 2 ҳафта олдин ёзма шаклда огоҳлантиради ёхуд мутаносиб миқдорда пулли компенсация тўлайди. Яъни бу асос ҳам МК 161-моддаси 2-қисми 6-бандидаги иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишнинг қўшимча асоси ҳисобланади.

Яна бошқа асослар борми?

Ҳозир сизга МК 161-моддаси 2-қисми 6-бандига яқин келадиган, балким шунга тортадиган Кодекснинг бошқа моддасида кўрсатилган яна бир асос ҳақида айтаман, фикрим бироз низоли бўлиши мумкин, лекин бу асос ҳам иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга тортади деб ўйлаяпман.

Бу Меҳнат кодексининг 132-моддасида кўрсатилган дастлабки синов натижасига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиётидир.

МК 132-модда 1-қисмига кўра “дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида уч кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли”. Агар дастлабки синов муддати давомида синов натижаси қониқарсиз бўлса ва ходим синовдан ўта олмаса, иш берувчи ходимни шу асос билан ишдан бўшатиши мумкин.

Энг қизиғи, дастлабки синов муддати давомида ходим ҳам ариза ёзиб ишдан бўшаб кетиши мумкин ва бу айнан дастлабки синов натижаси билан боғланадиган асос бўлади, буни МК 160-моддадаги ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиётига чалкаштирмаймиз.

Фикримизнинг бироз низоли томони, МК 132-моддада айнан “иш берувчи ташаббусига кўра” жумласи йўқ. Лекин, 132-модданинг 3-қисмида “ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини дастлабки синов даврида бекор қилиш учун ходимнинг ёзма аризаси асос бўлиб, унда ходимнинг меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тугатиш истаги акс эттирилиши керак” деган қоида бор.

Яъни, дастлабки синов вақтида агар ишни давом эттирмаслик ҳақида қарорга келган бўлса, ходим ўз ташаббуси билан МК 132-модда бўйича ишдан бўшаб кетиши мумкин. Эътибор беринг, бу ерда “ходимнинг ташаббуси билан” жумласи қўлланилган.

Демак, бунинг акси сифатида агар меҳнат шартномасини дастлабки синов натижаси бўйича бекор қилишда қадамни аввал иш берувчи ташласа, бу иш берувчининг ташаббуси бўлади.

Шунга кўра, меҳнат шартномасини МК 132-моддага асосан ходимни 3 кун олдин огоҳлантирган ҳолда иш берувчи томонидан бекор қилиш асоси ҳам МК 161-модда 2-қисми 6-бандида назарда тутилган Кодексдаги иш берувчи ташаббусига оид бошқа асосга тўғри келиши мумкин.

Агар шундай бўлиб чиқса, ходимни МК 132-модда билан иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишда меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишга оид бошқа талабларга, жумладан, МК 164-моддага ҳам риоя қилиш лозим бўлади. Яъни, касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиш ҳақида айтяпман.

Хуллас, айни шу жойида МК 132-модда билан меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиёти келгусида жиддий бахс-мунозараларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Якунда айтмоқчи бўлганим, янги Меҳнат кодекси шу даражада антиқа ёзилганки, унинг керак бўлса ҳар битта моддаси битмас-туганмас муҳокамаларга бой бўлади ҳали.

👉@yuristkadr
Танишинг, бу киши Гулинор опа Каттаева.

Бу опани 2020 йилда банклардан бирининг Сурхондарё филиалидан ишдан бўшатиб юборишади. Эски Меҳнат кодексининг 99-моддаси билан, яъни гўёки ходимнинг ташаббусига кўра.

Аслида бу бўшатиш жараёни ноқонуний бўлган эди...

Ишнинг тўлиқ тафсилотлари қуйида👇

👉@yuristkadr
Неча йил ўтиб ходимнинг ҳуқуқлари тикланадиган бўляпти.

Бугун Олий судда банклардан биридан ноқонуний бўшатилган Гулинор опа Каттаевага оид меҳнат низоси кўриб чиқилди.

Дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди опани ишга тиклаш ҳақида қарор чиқаради, бироқ вилоят апелляция суди ходимнинг даъвосини рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Афсус, Олий суд кассация суди ҳам опага қарши қарор чиқаради.

Шундан сўнг Гулинор опа йиллар давомида ҳақиқат учун курашади, орада прокуратурага ариза киритади. Сурхондарё вилояти прокуратураси эса жараёнда жуда қизиқ бир фактни аниқлайди.

Прокуратуранинг ўрганиши давомида опани ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ иш вақтидан кейин чиқарилгани, яъни филиал раҳбари буйруққа соат 18.00 дан кейин имзо қўйганлиги маълум бўлади.

Бундай ҳолда эски МКнинг 99-моддаси 4-қисмига асосан ариза ўз кучини йўқотган ва шунга кўра буйруқ ноқонуний чиққан эди. Ва бу ходимнинг ҳуқуқини тиклаш бўйича жуда жиддий аргумент эди.

Прокуратура айни шу асосни келтириб, банкка ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиш юзасидан протест киритади. Бироқ, банк бу иш бўйича банк фойдасига чиққан суд қарорлари амалда эканлиги сабаб, протестни ижро қилмайди.

Худди шу вақтда Гулинор опа бизга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Биз вилоят апелляция судига ишни янгидан очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриш ҳақида ариза киритдик. Бироқ, негадир Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати аризамизни рад қилди. Вилоят суди бизга қарши ноҳолис ва ноқонуний қарор чиқарди. Бунга ишончимиз комил эди.

Биз бу суд қарори устидан Олий судга шикоят бердик ва бугун судья Жахонгир Расулов раислигида бу суд иши ўз якунига етди.

Олий суд судьялари вилоят прокуратурасининг протестида келтирилган ҳолатларни янгидан очилган ҳолат деган қарорга келди, суд давомида ҳақиқатдан ҳам иш берувчи буйруқни иш вақтидан кейин имзолагани яна бир бор тасдиқланди. Олий суд шикоятимизни қаноатлантирди ва вилоят судининг ноқонуний қарорини бекор қилиб, ишни янгидан очилган ҳолатлар бўйича қайтадан кўриш ҳақида қарор чиқарди.

Энди, Гулинор опанинг ўз ишига қайтиш имконияти кескин даражада ошди. Бунинг учун ишни қайтадан кўрадиган Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида қаттиқ курашиб берсак бўлди. Шундай қиламиз ҳам.

Гулинор опа Каттаева ҳозир Олий суднинг адолатли судьяларига ташаккур билдирмоқда. Ҳа, айни пайтда опа ҳақиқатдан ҳам қувончга тўлган.

👉@yuristkadr
“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ходимлари учун сайёр тарзда ташкил этилган малака ошириш  курсларимиз ҳам якунланди

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ходимлари учун 36 соатга мўлжалланган ўқув дастурида ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш, ўриндошлик ва бир нечта касб (лавозим)да ишлаш, таътиллар, иш вақти ва дам олиш вақти ва бошқа бир қанча долзарб мавзулар ҳақида тўлиқ маълумотлар берилилди.

Одатдагидек ўқув курси якунида тингловчиларга малака оширганлик тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

Сиз ҳам навбатдаги ўқув курсларимизга ёзилинг ва меҳнат ҳуқуқини биз билан ўрганинг!

☎️ +99891-122-18-92
     
+99890-010-86-15
     
+99890-175-76-79

📍Ўқув маркази локацияси

👉@kadr_yurist
Олий суд Пленумининг янги Конституцияни судлар томонидан фаол қўллашга оид муҳим қарори қабул қилинди.

Ўтаётган хафтада суд-ҳуқуқ фаолиятидаги энг муҳим воқеалардан бири 2023 йил 23 июнь куни бўлиб ўтган Олий суд Пленуми йиғилиши бўлди. Пенум йиғилишида кўпчилик қатори биз ҳам кутаётган жуда муҳим қарорлар қабул қилинди.

❗️Шулардан бири Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори бўлди.

Биласиз, олдинги йилларда аввалги Конституциямизнинг қиймати ҳаминқадар эди, унда жарангдор нормалар акс этгани билан, амалда қўллашга келганда биз уни ҳеч қаерда кўрмас эдик. Айниқса, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ифода этувчи судлар фаолиятида, судлар қабул қиладиган қарорларда деярли йўқ эди у.

Янги Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда ва уни қабул қилишда энг кўп чақириқлардан бири уни амалда ҳақиқатда ишлашини таъминлаш, ҳусусан, унинг нормаларини судлар фаолиятида фаол қўллаш ҳақида бўлди.

Ниҳоят, 23 июнь куни судларимиз амалиётида Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш бўйича зарур асосларни яратишга қаратилган ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарорини қабул қилиш белгиланди.

Шу куни қабул қилинган «Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Пленум қарорида:

Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туриши яна бир бор эътироф этилди;

шундан келиб чиқиб, ушбу Пленум қарорида судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, мазкур Пленум қарорида суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиш зарурлиги назарда тутилди.

Башарти бунда соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.

Асосийси, суд ишларини кўришда энг аввало инсон манфаатларини ифода этувчи Конституция нормаларига эътибор берилиши қайд этилди. Бу келгусида судларимиз фаолиятида инсон ҳуқуқларини ва ижтимоий адолатни таъминлаш даражаси янада яхшиланади дегани.

Олий суд Пленумининг ушбу муҳим қарорининг тўлиқ матнини кутиб қоламиз ва қарор эълон қилиниши билан сиз азизлар эътиборига у тўғрисида батафсил маълумотлар бериб борамиз.

👉@yuristkadr
Кимларни хизмат сафарига юборишда уларнинг розилиги олиниши шарт?

Хизмат сафари нималигини барчамиз яхши биламиз.

Расмий жихатдан унинг тарифи ҳам бор: хизмат сафари ходимнинг иш берувчи фармойишига биноан доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга маълум муддатга қиладиган сафаридир (МК 287-модда).

Ҳозир мен хизмат сафари билан боғлиқ бўлган ва амалиётда назардан четда қолиши мумкин бўлган бир талабга тўхталмоқчиман.

Ўртоқлар, шундай тоифа ходимлар борки, уларни бошқа жойга хизмат сафарига юбориш учун уларнинг олдиндан розилиги олиниши шарт. Агар розилик олинмаган бўлса, хизмат сафарига юбориш амалиёти ноқонуний бўлиб қолади.

▪️Масалан, Меҳнат кодексининг 396-моддасига асосан:

ҳомиладор аёлларни;

14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирини;

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирини фақат уларнинг ёзма аризалари билангина хизмат сафарига юбориш мумкин.

▪️Бундан ташқари, Кодекснинг 428-моддасига биноан ногирон ходимларни хизмат сафарига юбориш учун ҳам уларнинг ёзма розилиги бўлиши шарт. Қўшимча талаб, хизмат сафарида ногиронлиги бўлган ходим томонидан бажариладиган ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлиши керак.

▪️18 ёшга тўлмаган ходимлар бўйича талаблар бунданда қаттиқ. Кодекснинг 417-моддасига биноан уларни хизмат сафарига юбориш таъқиқланади.

☝️Фақат маданий-томоша, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг 18 ёшга тўлмаган ижодий ходимлари, 18 ёшга тўлмаган профессионал спортчилар, шунингдек асарлар яратишда ва ижро этишда иштирок этувчи 18 ёшга тўлмаган ходимлар бундан мустасно.

Шундай қилиб, иш берувчилар хизмат сафарига оид буйруқ ва фармойишларини расмийлаштиришда юқорида келтирилган қўшимча талабларни албатта инобатга олиб қўйишлари керак.

👉@yuristkadr
Муҳим қадам: Нашида тарқатганликда айблов илгари сурилаётган Жахонгир Улуғмуродов иши бўйича лингвист мутахассис сўроқ қилинди

#нашида #лингвист

Ҳимоямиз остидаги Жахонгир Улуғмуродовга нисбатан бўлган жиноят ишининг навбатдаги суд мажлиси шу йилнинг 21 июнь куни бўлиб ўтди. Биз аввалги постимизда суд инстанцияси ва таркиби ҳақида маълумот бериб ўтган эдик. Кейинчалик таркибда ўзгариш бўлган эди.

Хуллас, суд мажлисига жалб этилган лингвист мутахассисга ҳимоя томони бир неча саволлар билан мурожаат қилди.

Саволларга жавобан у судга амалдаги Жиноят кодексининг 244-1-моддаси диспозициясида келтирилган "Диний экстремистик, сепаратистик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган..." деган матндаги "ва" боғловчиси тенг боғловчиларнинг бириктирувчи турига мансуб бўлиб, у ўзидан олдин ва кейин келган сўзларни, шунингдек шу матндаги вергул тиниш белгиси билан ажратилган сўзни, яъни барча уюшиқ бўлакларни тенг мақомда ўзаро бириктиришини, бу эса аниқловчи вазифасида келган ушбу сўзлар бир пайтнинг ўзида улар изоҳлаб келган предметда, яъни материалларда жамланган бўлиш шартини ифодалашини тушунтириб берди.

Яна ҳам тушунарли қилиб айтсак,таъқиб остига олинган материалда шу модда диспозициясида санаб ўтилган юқоридаги ҳар учала сифат - диний экстремистик, сепаратистик ҳамда ақидапарастлик ғояларининг барчаси (мажмуи) билан йўғрилганлик белгиси бўлиши шартлиги ойдинлашди.

Эслатиб ўтамиз, Ж.Улуғмуродовга фақатгина ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материални тарқатганлик айблови илгари сурилмоқда.

Бундан ташқари, бир нафар мутахассис ва бир нафар эксперт сўроқ қилинди.

Ҳозирча суд танаффус эълон қилиб, навбатдаги суд мажлисини 2023 йил 6 июль куни соат 15:00 га белгилади. Кузатишда давом этамиз...

Эслатма: биз ушбу постларимиз орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни бемалол тарқатавериш мумкин деган фикрни илгари сурмоқчи эмасмиз.

Каналга уланиш:
👉 @Advokat_Abdullayev
Ҳомиладор аёлларга бериладиган антенатал имтиёз нима ўзи?

Янги меҳнат қонунчилиги билан жорий этилган антенатал давр учун бериладиган бўш кунлар бир қарашда таътил деб тушунилиши мумкин. Лекин бу имтиёз ҳомиладор аёл ходимларга бериладиган қўшимча бўш кунлар ҳисобланади.

Ҳўш, антенатал сўзининг маъноси нима ўзи?

Антенатал сўзи лотинча ante — “олдин” ва natalis — “туғиш билан боғлиқ” сўзларидан олинган ва туғишдан олдинги давр, оддий қилиб айтганда туғруққача давр маъносида келади.

Ҳомила ҳосил бўлгандан бошлаб унинг ички ривожланиши билан боғлиқ туғруққача бўлган давр – бу ҳомиладор аёл учун антенетал давр ҳисобланади. Антенатал давр шартли равишда 2 босқичга ажратилади: булар ҳомила организмининг узлуксиз ривожланиши амалга ошадиган эмбрионал ва фетал даври. Ушбу ҳар бир босқичда ўзига ҳос биокимёвий жараёнлар кечади ва ҳомила организмининг алоҳида тизимларини ўзаро таъсири билан ажралиб туради.

Антенатал давр ҳомиладор аёл учун жиддий синовли давр ҳисобланиб, бунда ҳам унинг ўзи, ҳам ҳомила алоҳида тартибда парваришланиши ва муҳим тиббий муложалардан ўтиши лозим бўлади. Ҳуллас, она ва бола соғлом бўлиши учун айнан антенатал даврда эътибор кучли бўлиши керак.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, айни ўша ҳомиладор аёл бир вақтнинг ўзида ҳодим ва у дейлик, сизга ва бизга ўхшаб қайсидир корхона ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга оширади.

Янги Меҳнат кодексидаги энг муҳим янгиликлардан бири ҳам ҳомиладор аёлларга ҳомилани антенатал, яъни туғриққача бўлган даврда парваришлаш учун қўшимча бўш кунлар берилиши бўлмоқда.

Меҳнат кодексининг 403-моддаси айнан мана шу имтиёзларга бағишланган, ушбу моддага кўра:

иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт.

Кўриб турганингиздек, антенатал парваришлаш учун қўшимча бўш кунлар бериш иш берувчилар учун мажбурият, яъни бажарилиши шарт бўлган талаб бўлмоқда. Эътибор беринг, бунда ҳомиладор аёл масалан тиббий кўриклардан ва бошқа тиббий муолажалардан ўтиш учун тиббиёт муссасаларига борадиган бўлса, ўша куни у ишдан озод қилинади. Ва бу даврда унинг иш жойи ва ўртача иш ҳақи тўлиқ сақланиб қолади. Бу ҳомиладор аёл ходимлар учун жуда ажойиб янгилик, шундай эмасми?

Лекин битта муаммо борда. Меҳнат кодексининг 403-моддаси 2-қисмида ҳомиладор аёлларни антенатал (туғруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган. Яъни, тушунаётган бўлсангиз, амалда антенатал парваришлаш тартибига оид қарор ҳали чиқмаганлиги учун, иш берувчилар МК 403-моддада кўрсатилган имтиёзни қўллашга шошилишмаяпти. Лекин, бошқа томондан ҳомиладор аёл ходимларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда, бу бор гап. Чунки, қонун ҳисобланган янги Меҳнат кодекси аллақачон кучга кириб бўлган ва унинг юқоридаги 403-моддаси ҳам айни пайтда амалда.

Демак, Вазирлар Маҳкамасининг ишчи-хизматчилар олдидаги меҳнат ҳуқуқи бўйича қарздорлиги борган сари кўпайиб кетмоқда.

Антенатал парваришлаш тартибига оид қарорни қачон чиқариб берасизлар акалар?

👉@yuristkadr
“Сунъий қисқартириш” нималигини биласизми?

Биз меҳнат низолари билан ишлашда жуда антиқа амалиётларга дуч келяпмиз. Шулардан бири юқорида айтганим “сунъий қисқартириш”дир.

Қисқартириш ва қисқартириш муносабати билан ишдан бўшатишнинг асоси бу қайсидир ходимдан шунчаки қутулиш эмас.

Яъни, раҳбарларга ёқмайдиган ходимларни ишдан бўшатиш қисқартириш йўналишига умуман тушмайди.

Ходимлар сони ёки штатини қисқариши ишлар, маҳсулотлар ёки хизматлар хажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлсагина, биз айтган қисқартириш факти мавжуд бўлади. Шундагина, ходимни қисқартириш важи билан ишдан бўшатиш мумкин. Ҳар ҳолда, МК 161-модда иккинчи қисми
2-бандининг талаби шу.

Масалан, корхонада янги технология жорий этилгани, ёки янги дастурий таъминот тизими йўлга қўйилгани учун маълум йўналишдаги ходимларнинг иш ҳажми кескин қисқарди ва уларнинг бир қисмига эҳтиёж қолмади. Дейлик, ишхонага кириб-чиқишни назорат қилувчи турникет тизими йўлга қўйилди, натижада қўриқлаш ходимлари кўрсатадиган хизматлар ҳажми қисқарди. Шундан келиб чиқиб, иш берувчи бир вақтнинг ўзида фаолият юритадиган 2 нафар қўриқлаш ходимининг 1 нафарининг лавозимини қисқартиришга қарор қилди. Бу тўғри йўл.

Яна бир мисол. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрика учун асосий ҳом-ашёни етказиб берадиган завод ёпилди. Ҳом-ашё сотиб оладиган бошқа бозор мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида фабриканинг тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига жиддий даражада таъсир қилди ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бирданига 102 фоиздан 40 фоизга тушиб кетди. Мазкур ҳолат ҳам МК 161-модда иккинчи қисм 2-бандида кўзда тутилган маҳсулот ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ ходимлар сони ва штатининг қисқаришига тўғри келади.

Яна мисол. Давлат ташкилотларида иш юритиш ва ҳужжатларнинг айланиши мукаммал тарзда яратилган дастурий таъминот билан тартибга солинадиган бўлди. Натижада, ҳужжатларни тайёрлаш, уларни келишиш, ижрочиларга етказиш ва назорат тизими амалиётининг 60 фоизи тўлиқ электрон тизимга келтирилди. Бунинг оқибатида, давлат органидаги Девонхона бўлимининг 5 нафар ходимидан 2 нафарининг иш ҳажми кескин камайиб кетди. Бундай фактлар ҳам қисқартиришга тортади.

Лекин афсуски, ҳозирги кун амалиётида амалда ишлар, хизматлар ва маҳсулотлар ҳажмида ҳеч қандай камайиш бўлмасада, йўқ жойдан сунъий қисқартириш йўллари ўйлаб топилиб, қанчадан-қанча ходимлар бўшатиб ташланмоқда. Ғалати томони, иш берувчи ходимни ишдан бўшатган куннинг эртасидан худди ўша штатни, ўша лавозимни қайтадан очмоқда ва ўзига яқин бўлган бошқа шахсларни ишга олмоқда. Бу сунъий қисқартиришдан бошқа нарса эмаслиги аниқ.

Шунга ухшаш бир ҳолат ҳақида айтмасам бўлмайди. Баъзи бир ташкилотлар умумий қисқартириш фонида кадрлар хизмати ва юридик хизмат ходимлари лавозимларини қисқартириб ташлашган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, аввалги Меҳнат кодексига қараганда 2 баробарга кўп янги Меҳнат кодекси қабул қилинган ва меҳнатга оид муносабатлар кўлами кескин ошган бир вақтда кадрлар хизматида иш ҳажми камайганми? Асло ундаймас, аксинча кўпайган. Юридик хизмат ходимлари мисолида ҳам худди шундай гап, масалан, давлат органларида ҳуқуқий йўналишдаги муаммолар ва ишлар кўлами ортаётган бўлса ортаётгандир, лекин камайгани йўк.

Шунинг учун, биз бундай ҳолатларда қисқартириш жараёнини шунчаки “сунъий қисқартириш” деб номлагимиз келади.

👉@yuristkadr
Эртага 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни.

Шу муносабат билан, бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судида анъанавий «Адолат – қонун устуворлигида» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танлов Олий суд, АОКА, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТнинг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Ушбу танловда Yuristkadr лойиҳаси судлов тизимига оид чиқишлари, бу мавзуга оид мақола ва блогпостлари учун журналистика ва блогосфера йўналишида 1-ўринга муносиб деб топилди.

Арзимас меҳнатларимиз шунчалик эътироф этилганидан бошимиз кўкка етди. Фурсатдан фойдаланиб, бизни қўллаб-қувватлаган барча-барчага, хусусан, сиз азиз кузатувчиларимизга ташаккур айтиб қоламиз.

👉@yuristkadr
Ходим вақтинча бекор туриб қолди. Қандай чора кўрилса тўғри бўлади?

Ходимлар бекор туриб қолиши мумкинми? Албатта мумкин ва бу турли сабабларга кўра юзага келади.

Масалан, ишхонада 2 кун давомида электр энергияси бўлмади, демак, фаолияти компьютер ёки ишлаб чиқариш ускуналари (станоклар) билан боғлиқ бўлган ходимларнинг иши тақа-тақ тўхтайди. Улар шу икки давомида бекор қолиши мумкин.

Ёки ташкилот биноси капитал таъмирланадиган бўляпти, мисол учун, мактабгача таълим муассасаси ва таъмир жараёни 6 ой давом этади. Демак, мана шу 6 ой давомида муассаса ходимлари вақтинча бекор қолади.

Яна бир мисол, ишхонадаги автомашина хайдовчининг айби билан таъмирталаб ҳолатга тушиб қолди ва ремонтга берилди, таъмир жараёнига қарийб 1 хафта вақт кетади. Ўз-ўзидан шофёримиз ҳам 1 хафта ишсиз бекор туриб қолади.

Дўстлар, ходимлар вақтинча бекор туриб қолганда, иш берувчилар ўзлари учун иккита қонуний йўл борлигини тушунишлари керак.

Биринчиси, бекор туриб қолган ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ва бу билан унинг бандлигини таъминлаш. Бу энг самарали чора, негаки, ходимни банд қилиш орқали унинг меҳнатидан фойдаланасиз ва ходимнинг бўш қолишига йўл қўймайсиз. Бу борада Меҳнат кодексининг 145-моддасига асосан иш берувчининг бекор туриб қолган ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ўтказиш ҳуқуқи кўрсатилган. Масалан, менинг фаолиятимда автомашина таъмирга топширилганлиги сабабли вақтинча бекор қолган шофёрни вақтинчалик боғбон вазифасига ўтказиб туриш амалиёти бўлган.

Бекор туриб қолган ходим борасида иккинчи йўл бекор туриб қолган вақт учун ҳақ тўлашдир. Бу албатта иш берувчилар учун ёқимсиз ҳолат, лекин қонундаги талаб шундай. Аввалги Меҳнат кодексидан фарқли равишда янги Меҳнат кодексида ходимнинг бекор туриб қолган вақти учун ҳақ тўлаш масаласига анча ойдинлик киритилди. Яъни, бекор туриб қолиш кимнинг айби билан юзага келганлиги, ёки бунда ҳар икки томоннинг ҳам айби бўлмаганига қараб ҳақ тўлашни назарда тутяпмиз.

Янги Кодекснинг 266-моддасига биноан агар ходим иш берувчининг айби билан бекор қоладиган бўлса, бу вақт учун унга ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши керак. Агар бекор туриб қолишда иш берувчининг ҳам, ходимнинг ҳам айби бўлмаса, барибир ходимга иш ҳақи тўланади, фақат қисман: лавозим маошининг камида учдан икки қисми миқдорида. Агар бекор туриб қолиш ходимни ўзининг айби билан юзага келган бўлса, бу вақт учун анга ҳақ тўланмайди. Бунга юқоридаги мисолдаги шофёрнинг айби билан автомашина бузилиб қолганлигини мисол қилиб келтириш мумкин.

Ходимларнинг бекор туриб қолиш ҳолатлари аҳён-аҳёнда учраб турадиган ҳолат, бироқ баъзи иш берувчилар, ёки уларнинг вакиллари бундай вазиятларда кўриладиган қонуний чоралар ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслар.

Лекин кўриб турибсизки, Меҳнат кодексида бекор туриб қолган ходимлар масаласини ҳал қилиш бўйича аниқ вариантлар бор.

Бу борада агар иш берувчилар ҳам ўз ҳуқуқларини яхши билса, бемалол ташкилот учун фойдалироқ бўлган вариант танланиши мумкин. Мисол учун, ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиб туриш вариантини назарда тутяпмиз.

👉@yuristkadr
Ўтган ҳафтада “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ кадрлар хизмати ходимлари учун янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича сайёр тарзда ташкил этилган семинаримиз ниҳоясига етди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ
да ходимлар билан ишлаш масаласи ўзига ҳос, бу ердаги бир иш берувчига бўйсунадиган ходимлар сони кўп бўлсада, кадрлар хизмати масъуллари бу масъулиятни иштиёқ билан бажаришмоқда. 

Ўқув семинарининг охирги кунида меҳнат ҳуқуқи соҳаси бўйича амалиётчи юрист – Yyristkadr лойиҳаси муаллифи Саидали Мухторалиев иштирокчиларга меҳнат шартномасини бекор қилиш ва меҳнат низолари мавзусида тушунтиришлар берди.

Одатдагидек ўқув семинари якунида тингловчиларга ўқув марказимизнинг сертификатлари топширилди ва зарурий ҳужжатлардан намуналар топширилди.

Сиз ҳам навбатдаги ўқув курсларимизга ёзилинг ва меҳнат ҳуқуқини биз билан ўрганинг!

☎️ +99891-122-18-92
      +99890-010-86-15
      +99890-175-76-79

🪧Манзил: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, 6-Б уй.

👉@kadr_yurist
СПОРТЧИ ХОДИМЛАРГА ҚАНЧА МЕҲНАТ ТАЪТИЛИ БЕРИЛИШИ КЕРАК?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум. Биз спорт соҳасидаги ташкилотмиз ва биздаги ходимларнинг бир қисмини спортчилар ташкил қилади. Ҳозирда жамоа шартномасини янги вариантини ишлаб чиқяпмиз. Спортчи ходимларимизга меҳнат таътилини белгилашда қийналяпмиз. Шу бўйича маслаҳат берсангиз.

ЖАВОБ.

Бу ерда биз асосий ва қўшимча меҳнат таътилларига аниқлик киритиб олишимиз керак.

Меҳнат кодексининг 217-моддасига асосан "ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади".

Демак, спортчи ходимларга ҳам 21 календарь кундан кам бўлмаган асосий меҳнат таътили берилиши лозим, ишлаб чиқадиган жамоа шартномангизда бундан кўпроқ муддат белгилашингиз мумкин. Мисол учун, 22 кун, ёки 24 кун. Бу жамоа шартномасида қандай белгилашингизга боғлиқ.

Энди, Меҳнат кодексининг 503-моддасига эътибор берамиз, унда шундай қоида бор:

спортчиларга йиллик қўшимча меҳнат таътили берилади, унинг давомийлиги жамоа шартномаларида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномаларида белгиланади, лекин у 4 календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Демак, спортчи ходимларга жамоа шартномаси, бошқа ички ҳужжатлар ва меҳнат шартномасига мувофиқ қўшимча меҳнат таътили ҳам берилиши керак ва бу қўшимча таътил 4 календарь кундан кам бўлмаслиги шарт. Мисол учун, 21 календарь кунлик асосий меҳнат таътили бўлса, бунга 4 кун қўшилса, жамланганда 25 календарь кундан иборат меҳнат таътили бўляпти.

Шу билан бўлдими? Йўқ.

Меҳнат кодексининг 220-моддасига кўраходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар
5 йил учун давомийлиги 2 календарь кун бўлган, бироқ жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади”.

Шундай қилиб, спортчига 21 календарь кундан кам бўлмаган асосий, 4 календарь кундан кам бўлмаган қўшимча меҳнат таътили ва МК 220-моддада кўрсатилган стаж билан қўшимча меҳнат таътили берилади.

Масалан, спортчи бир ташкилотда 6 йил давомида ишлаб келаётган бўлса, 2 календарь кунлик қўшимча меҳнат таътили олади. Шунда 21+4+2=27, яъни 27 календарь кундан кам бўлмаган меҳнат таътили бериладиган бўляпти.

👉@yuristkadr
Бугун арафа куни, ходимларга 1 соат эмас, 2 ёки 3 соат олдин ҳам жавоб берса бўлоради.

Ҳурматли иш берувчилар. Меҳнат кодексининг 187-моддаси 1-қисмига кўра,
ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилиши лозим.

Яъни, бу ерда байрам кунидан олдинги иш кунида иш вақти камида 1 соатга қисқартирилиши айтилмоқда, бу дегани арафа кунидаги иш вақти 2 соатга ҳам, 3 соатга ҳам қисқартирилиши мумкин.

Шундай экан, эртага Қурбон ҳайити байрами муносабати билан ходимларга бугун дейлик 14.30 да ҳам, ёки 15.00 да ҳам руҳсат бериб юбориш мумкин.

Карнайчидан битта пуф деганларидек, иш берувчидан битта фармойиш ёки буйруқ чиқади бўлди.

Айниқса, ҳозир, шу дақиқаларда пойтахтда ишлайдиган вилоятлик ходимлар байрамни ўтказиш учун оиласи билан вақтлироқ вилоятга қайтиш ҳақида ўйламоқда.

Имкони бўлса, ҳозирданоқ руҳсат берворориш керак, савоб бўлади.

👉@yuristkadr