YURISTKADR
54.2K subscribers
3.02K photos
642 videos
724 files
2.57K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
Дарс машғулотлари қизғин паллада...

Айни дамда "Йўлқурилиш" АЖ ва бир неча корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган ходимлар учун малакали ўқитувчимиз, амалиётчи мутахассис Акмалхон Нигмонхўжаев томонидан дарс машғулотлари олиб бориляпти.

Даср жараёнини тасвирга олишга кириб, ўзимизни ҳам у ердан чиқиб кетгимиз келмай қолади. Дарслар айнан амалиёт билан боғланиб ўтилаётгани учун ҳам тингловчиларни зериктирмайди.

Сиз ҳам ўқув курсларимизга ёзилинг ва меҳнат ҳуқуқини биз билан ўрганинг!

☎️ +99891-122-18-92
     
+99890-010-86-15
     
+99890-175-76-79

📍Ўқув маркази локацияси

👉@kadr_yurist
“Кадровик”ларнинг ойлиги кўтарилиши керак.

Камида иккита сабабга кўра кадрлар хизмати ходимлари ойлиги кўтарилиши керак.

Биринчиси, янги Меҳнат кодексининг кучга кирганлиги. Янги Меҳнат кодекси аввалгисига нисбатан 2 баробарга катта хажмда, демакки, кадрлар хизмати ходимларининг иш кўлами ҳам камида 2 баробарга ошгани турган гап. Бунинг устига, давлат органлари учун яна қўшимчасига “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Эндиликда давлат органи кадрлар хизмати ходимининг бир елкасига янги Меҳнат кодекси тушган бўлса, иккинчисига “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тушди. Осон бўлмайди, мана шу иккита катта юкни кўтариб ишлаш.

Иккинчиси, кадрлар хизмати ходимига осон деб ўйлаган исталган одам бир хафта бу ишда ишлаб кўрсин. Масъулиятсиз ва бефарқ бўлса, балким билинмасдир. Лекин, озгина масъулияти ва виждони бор инсон учун бу касбда иш ҳеч қачон тугамайди. Ҳотиржам ўтириб ишлашга имкон беришмайди. Бир раҳбар чақиради, бир ўринбосар, бир бухгалтер билан масала чиқиб қолади. Энди ўтириб ҳужжатларни тайёрлайман деганда, ходимлардан бири кириб қолади, унинг саволларига жавоб бериши керак. Ишонаверинг, кадрлар хизмати ходимлари хатто ишдан кейин уйига борганида ҳам дам олмайди. Камида мия ишлаб туради. Хатто ухлаганда ҳам тушларига иш берувчи ва ходим ўртасидаги қайсидир масала кириб чиқади.

Агар иш берувчилар ҳозирдан кадрлар хизмати ходимининг ойлигини кўтармаса, уларга алоҳида қўшимча устамалар белгиламаса, 5-6 ойдан кейин яхши мутахассисларидан айрилиб қолишлари мумкин.

Чунки энди аввалгидек бўлмайди. Янги қонунчилик яхши “кадровик”ларнинг баҳосини яхшигина ошириб юборади. Бундан буёғига эътиборсиз ва зиқна иш берувчилардан меҳнатига яраша ҳақ тўлайдиган эътиборли иш берувчиларга ўтиб кетади яхши мутахассислар.

👉@yuristkadr
Бугун бизни йўқлаб Олтиариқдан қадрдонларимиз "Элегант эксперт савдо" МЧЖ директори Ёрқинжон Абдуллажонов, жамият таъсисчиси Абдуҳалим ака Маматқулов ва Ферузахон Абдуллажоновалар келишди.

Хабарингиз бор, биз ушбу тадбиркорни ҳимоя қилиб, божхона органи томонидан асоссиз ушлаб турилган пул маблағларини ундириш учун қарийб 2 йил курашдик.

Якунда Фарғона туманлараро иқтисодий суди, вилоят иқтисодий судлов ҳайъати ва Олий суднинг адолатли қарорлари билан бу пул маблағлари ундирилиши белгиланган эди.

Ва ниҳоят, Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими ходимларининг саййи-ҳаракатлари билан тадбиркорнинг пул маблағлари божхонадан тўлиқ ундириб берилди.

Ҳудога шукур, ҳаммаси яхшилик билан тугади, бу иш бўйича адолатли суд қарорларини чиқариб берган судларимизга катта раҳмат айтамиз.

Шу билан ишимиз тугадими? Йўқ, асло. Ҳали бу иш бўйича бизни сарсон қилган виждонсиз амалдорлар ва судьяларга қарши курашимизни охирига етиб қўямиз. Бундайлар ортиқ бунақанги мансабларда ишламаслиги керак.

👉@yuristkadr
Уолтер Айзексоннинг «Код бузар. Женнифер Даудна, ген таҳрирлаш ва инсоният келажаги» китоби «Asaxiy Books» томонидан ўзбек тилида чоп этилди. 

Илмий-оммабоп мавзудаги ушбу  китобнинг ўзбек тилига таржимасини катта ютуқ деса бўлади. 

Китоб Time, The Washington Post, Smithsonian Magazine, Amazon, BookPage, Science News, Bloomberg томонидан энг яхши китоблардан бири сифатида тан олинган бўлиб, Сизни 736 бетлик илм-фан дунёсига қизиқарли ва ҳаяжонли саёҳатга таклиф қилади.

Китобда жамиятимиз учун долзарб бўлган қуйидаги саволларга жавоб излаш мумкин?

• Буюк олим тарбиялаш қанчалик осон?

• АҚШда илмий муҳит қанақа, олимлар ва лабораториялар ўртасида рақобатчи?

• Илмий янгиликлар қандай қилинади?

• Илм-фан ривожи учун нималар қилиш керак?

• Генетика қанчалик катта ютуқларга эришди?

• Ген таҳрирлаш ҳаётимизда нималарни ўзгартиради?

• Сизда бўлажак болангизнинг сочининг ранги, кўзининг ранги, бўйи, мушакларини танлаш имкони бўлса нима қилган бўлар эдингиз? 

• Нобел мукофоти қандай қўлга киритилади?

Ушбу саволларга Нобель мукофоти совриндори Женнифер Даудна ҳаёти мисолида жавоб қидирилган.


Китоб «Халқ банки» билан ҳамкорликда чоп этилган бўлиб, мавзуси ва кўтарилган муаммолар кўлами жиҳатидан ўзбек тилида бутунлай янги контент таклиф қиляпти деб бемалол айтиш мумкин. Китобни тайёрлаш жараёнида таржимон, муҳаррирлар, корректорлар, олимлар ва консультантлардан иборат 30 кишидан ортиқ жамоа ишлаган. 

Бетлари сони: 736 бет (ранглик китоб)
Таржимон: Дилшода Худойназарова
Бош муҳаррир: Хуршид Йўлдошев

Нархи: 89 000 Сўм. 

Харид қилиш: asaxiy.uz/u/6486beb163866
Чироқчи тумани собиқ ХТБ мудири мактабгача ва мактаб таълими бошлиғи лавозимига тикланадиган бўлди.

Бугун фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида яна бир муҳим ишимиз якунланди.

Чироқчи тумани халқ таълими мудири лавозимида ишлаб келган фуқаро Ф.Жуманов вазирлик томонидан янги Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 2-банди билан, яъни гўёки қисқартириш важи билан ишдан бўшатилган эди.

Биз бу судда ҳимоямиздаги Ф.Жумановни қисқартириш важи билан ишдан бўшатишга ҳеч қандай асос бўлмаганлигини исботлаб бердик.

Аслида у янги Меҳнат кодексининг 156-моддаси 1-қисми (эски Меҳнат кодекси 98-моддаси 1-қисми)га асосан қайта ташкил этилган туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимида ишлашда давом этавериши керак эди.

Қолаверса, судда МК 167-моддаси (эски МК 103-моддаси)даги энг нозик жиҳатлар, яъни ходимларни малакаси ва унумдорлигига ажратиш тартиби бузилганлигини, шунга ўхшаш 11 та қонунбузилиш ҳолати бўлганлигини кўрсатиб бердик.

Якунда судья Лола Саидова жуда адолатли қарор чиқарди ва Ф.Жумановнинг қайта ташкил этилган туман мактабгача таълим ва мактаб таълими бошлиғи лавозимига тикланиши белгиланди.

👉
@yuristkadr
“Мулкнинг 8 дан 1 қисми тегиши мумкин”.

Пётр Каримов ва Татьяна Каримова ўртасидаги суд иши ҳақида адвокат Баходир Ахмедов
daryo.uz сайтига интервью берди.

Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида 26 июнь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилади — даъвогар Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди Пётр Каримов. Даъво предмети сифатида ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо кўрсатилган.

“Мулкнинг 8 дан 1 қисми тегиши мумкин”

Маҳкамада Пётр Каримов даъвогар сифатида Татьяна Каримова эса жавобгар сифатида иш кўрилмоқда. Даъво талаби ворислик масаласи. Хўп, ворислик ўзи нима? Мазкур терминга Фуқаролик кодексидан жавоб топиш мумкин. Ворислик табиат қонунидан келиб чиқиб қилинган. Яъни бир мулкка ҳеч қачон битта одам абадий эгалик қилолмайди. Ҳар қандай одам барибир бир кун вафот этади. Ўлим ҳақ. Ва унинг мулки кейинги меросхўрларга қолади. Ворисликнинг икки хил йўли бор. Васият билан ва қонуний ворислик. Васият бўйича бўладиган бўлса, бу энди тушунарли. Масалан, шахс нотариал тартибда васиятнома расмийлаштиради. Мулкини кимгадир қолдиради. Бошқа меросхўрларни изоҳ бермаган ҳолатда меросдан чеклаши ҳам мумкин. Энг қизиғи, умуман бирорта фарзанди ёки қариндошига эмас, юридик шахсга ёки давлатга қолдириши ҳам мумкин. Бундан ташқари ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам қолдириши мумкин.

Батафсил танишиш учун бу ерга ўтасиз.

👉@yuristkadr
"Йўлқурилиш" АЖ ва бир неча корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган тингловчиларга сертификатлар топширилди

Бугун яна бир фаол, изланувчан ва қувноқ тингловчиларимизга "Юрист ва кадр" нодавлат таълим муассасасининг малака оширганлик тўғрисидаги сертификатларини топшириб олдик.

24 соатга мўлжалланган ўқув курсимиз 4 кун давом этди, аммо мана шу қисқа вақт оралиғида тингловчиларимиз дарс жараёнларига жуда тез киришиб кетишди.

Сертификатларни топшириш жараёнида тингловчиларимиз "Юрист ва кадр" ўқув маркази ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини билдириб ўтишди. Энг муҳими барча тингловчилар ўқув марказимизда ташкил этилган дарс жараёнларидан жуда ҳам мамнун.

Сиз ҳам ўқув курсларимизга ёзилинг ва меҳнат ҳуқуқини биз билан ўрганинг!

☎️ +99891-122-18-92
     
+99890-010-86-15
     
+99890-175-76-79

📍Ўқув маркази локацияси

👉@kadr_yurist
Давлат мактабларидаги педагогларнинг таътили борасида жойларда муаммолар кўпаймоқда.

Кимдир 48 календарь кун, яна кимдир 56 календарь кунлик меҳнат таътили берган. Бу масала бардак бўлиб кетяпти. Ҳаммасига сабаб, МК 501-моддада кўрсатилган Ҳукумат қарори чиқмаганидир.

Яна муаммо, айрим педагоглар мурожаат қилмоқдаки, уларга таътил пули ҳам аввалгига нисбатан кам чиқяпти, кимдадир 600 минг, яна кимдадир 700 минг сўм кам чиқяпти экан.

Мен ҳайрон бўлганим, бу масалада нима учун бу соҳанинг асл эгаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги сукут сақламоқда?

👉@yuristkadr
Янги МК бўйича хизмат текшируви ўтказилиши мажбурийми?

Бизга шундай савол келяпти: ходимга интизомий жазо қўллашдан аввал хизмат текшируви ўтказиш мажбурийми?

Меҳнат кодексидаги хизмат текширувига оид моддаларни бир қарашдаги ўқишда текширув мажбурий экан деган фикрга келишингиз мумкин. Лекин, масалага чуқурроқ кирсангиз фикрингиз ўзгариши аниқ.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 303-моддасига кўра:

хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун оммавий ахборот воситаларининг хабарлари, ходимнинг бевосита раҳбарининг билдиргиси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилган деб тахмин қилиш учун асос берадиган бошқа маълумотлар асос бўлади.

Айтганимдек, бир қарашда агар ОАВ ҳабарлари бўлса, ходимнинг бевосита раҳбарининг билдиргиси, жисмоний ва юридик шахснинг мурожаати ва бошқа асосли маълумотлар бўлса, хизмат текширувини ўтказиш мажбурийдек кўринмоқда.

Бироқ, МК 303-модданинг 3-қисмида шундай қоидалар бор: иш берувчи хизмат текшируви ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли; – хизмат текшируви ўтказиш тўғрисидаги қарор тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади.

Яъни, иш берувчи вазият юзасидан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида қарорга келиши мумкин ва ҳақли, агар шундай бўлса бу бўйича буйруқ чиқариши керак.

Юқоридаги қоида мазмунидан хизмат текшируви ўтказиш иш берувчи учун ҳуқуқ (“ҳақли” жумласидан келиб чиқяпмиз) бўлмоқда, мажбурият эмас.

☝️Бироқ, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятида бу масала бошқачароқ эканлигини ҳам айтишимиз керак.


“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддаси 7-қисмида "ушбу Қонун 46-моддаси иккинчи қисмининг 3, 4 ва 5-хатбошиларида назарда тутилган интизомий жазо чоралари давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан ўтказилган хизмат текширувининг хулосасига асосан, шунингдек амалда интизомий жазо чораси мавжуд бўлганда қўлланилиши" кўрсатилган.

Тушунаётган бўлсангиз, давлат фуқаролик хизматчилари бўйича агар уларга қонуннинг
46-моддаси иккинчи қисми 3, 4 ва 5-хатбошиларида кўрсатилган 3 турдаги интизомий жазоларни қўлланадиган бўлса, аввал хизмат текшируви ўтказилиши шарт.

Демак, фикр шундай: умумий соҳа ходимларига оид интизомий қилмишни аниқлашда хизмат текшируви ўтказиш бу иш берувчининг ҳуқуқи саналади.

Лекин давлат фуқаролик хизматчиларига Қонуннинг 46-моддасида кўрсатилган 3 хил турдаги интизомий жазоларни қўлланадиган бўлса, аввал хизмат текшируви ўтказилиши мажбурийдир.

☝️3 турдаги интизомий жазолар деганда, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган жарима, малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш каби жазолар назарда тутилмоқда.

👉@yuristkadr
Навоийдаги йирик комбинатлардан бирида автокорхона раҳбари бўлиб ишлаб келган Фурқат ака Хушвақовни эски МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 4-банди билан асоссиз равишда ишдан бўшатиб юборишади.

Фуқаронинг даъво аризаси ФИБ Кармана туманлараро суди томонидан ҳам, вилоят апелляция суди томонидан ҳам рад қилинади.

Шундан сўнг, бу иш Олий судда кассация судида судья Х.Хакимова раислигида ва судьялар Г.Мирзаева ҳамда А.Аяповлардан иборат таркибда кўриб чиқилди.

Биз бу судда буйруққа асос қилиб олинган хато ва камчиликлар ҳимоямиздаги шахс томонидан содир қилинмаганлигини, меҳнат шартномасини бекор қилиш давомида эски МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди, 178 ва 182-моддаларига риоя қилинмаганлигини имкон қадар исботлаб бердик.

Ниҳоят, кеча Олий суд қарори билан қуйи судларнинг қарорлари бекор қилиниб, Фурқат аканинг ўз ишига тикланиши ва етказилган зарарлар учун яхшигина суммалар ундирилиши белгиланди.

Шундай қилиб, яна бир фуқаро Олий судга келиб, адолат борлигини ҳақиқатда ҳис қилиб кетди.

👉@yuristkadr
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг антиқа асоси: МК 161-модда 2-қисм 6-банди.

Янги Меҳнат кодексида иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари орасида жуда антиқаси бор.

Ўзи, янги МК 161-моддасида иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг биринчи асоси корхона ёки унинг алоҳида бўлинмасини (ихтиёрий) тугатилиши сабабли 161-модда иккинчи қисм 1-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишдир.

161-модданинг 2-қисми 2-банди қисқариш, 3-банди ходимнинг малакаси етарлимаслиги сабабли лавозимига номувофиқ бўлиши, 4-банди меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги ва 5-банди меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ҳисобланади.

Ана энди, МК 161-модданинг 2-қисми 6-бандидаги асосга қаранг: ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган ўзга сабаблар (асослар). Яъни, иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатиш асослари фақатгина МК 161-моддадаги 5 та банддан иборат эмас, 6-бандда айтилганидек, қўшимча асослар Кодекснинг бошқа моддаларида ёки бошқа қонунларда ҳам кўзда тутилган бўлиши ёки кўзда тутилиши мумкин.

Гап шундаки, ходимни МК 161-модда билан ишдан бўшатишда агар жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида белгиланган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиш шарт. Бу иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишни яхшигина мураккаблаштирувчи талаблардан бири бўлади.

Амалиётда кўпчилик иш берувчилар шундан панд ейди, масалан, судларда. Фаҳмлаётган бўлсангиз, ана шу касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олган ҳолда бўшатиладиган ҳолатларга МК 161-модданинг ўзида аниқ кўрсатилмаган, бироқ ушбу модданинг иккинчи қисми 6-бандида назарда тутилган Кодексда ёки бошқа қонунларда кўрсатилган бошқа асослар ҳам киради демоқчимиз.

Ҳўш, қайси ҳолатлар ва қайси асослар ўзи булар?

Биз мавжуд вазиятда дейлик Кодекснинг бошқа моддаларида меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси сифатида “иш берувчи ташаббусига кўра” жумласи бор ёки тўғридан-тўғри иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш маъноси англашиладиган асосларни қидирамиз.

Масалан, МКнинг 489-моддаси 1-қисми 1-бандида ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш асоси келтирилган.

Демак, МК 489-модда 1-қисми 1-бандидаги бу асос МК 161-модданинг 2-қисми 6-бандидаги Кодексда белгиланган ўша бошқа асосга тортади. Бу ҳақиқатдан ҳам, МК 161-моддада аниқ кўрсатилмаган, бироқ модданинг 2-қисми 6-банди билан ҳавола қилинган иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатиш асосидир.

Фақат, МК 164-модда ва 489-модданинг 2-қисмига кўра ташкилот раҳбари, ўринбосарлари, бош бухгалтер ва алоҳида бўлинма раҳбарини иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишда касаба уюшмаси қўмитаси розилиги олинмайди.

Давоми бор...

👉@yuristkadr
YURISTKADR
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг антиқа асоси: МК 161-модда 2-қисм 6-банди. Янги Меҳнат кодексида иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари орасида жуда антиқаси бор. Ўзи, янги МК 161-моддасида иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат…
Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг антиқа асоси: МК 161-модда 2-қисм 6-банди.

...давоми.

Кейин, янги Меҳнат кодексининг 441-моддаси 1-қисми 1-бандида ҳам шундай ишдан бўшатиш тури бор. Бу ўриндош ходим билан тузилган меҳнат шартномасини мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилинганлиги муносабати билан бекор қилиш амалиётидир.

Бунда иш берувчи ўриндошни меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида 2 ҳафта олдин ёзма шаклда огоҳлантиради ёхуд мутаносиб миқдорда пулли компенсация тўлайди. Яъни бу асос ҳам МК 161-моддаси 2-қисми 6-бандидаги иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишнинг қўшимча асоси ҳисобланади.

Яна бошқа асослар борми?

Ҳозир сизга МК 161-моддаси 2-қисми 6-бандига яқин келадиган, балким шунга тортадиган Кодекснинг бошқа моддасида кўрсатилган яна бир асос ҳақида айтаман, фикрим бироз низоли бўлиши мумкин, лекин бу асос ҳам иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга тортади деб ўйлаяпман.

Бу Меҳнат кодексининг 132-моддасида кўрсатилган дастлабки синов натижасига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиётидир.

МК 132-модда 1-қисмига кўра “дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида уч кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли”. Агар дастлабки синов муддати давомида синов натижаси қониқарсиз бўлса ва ходим синовдан ўта олмаса, иш берувчи ходимни шу асос билан ишдан бўшатиши мумкин.

Энг қизиғи, дастлабки синов муддати давомида ходим ҳам ариза ёзиб ишдан бўшаб кетиши мумкин ва бу айнан дастлабки синов натижаси билан боғланадиган асос бўлади, буни МК 160-моддадаги ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиётига чалкаштирмаймиз.

Фикримизнинг бироз низоли томони, МК 132-моддада айнан “иш берувчи ташаббусига кўра” жумласи йўқ. Лекин, 132-модданинг 3-қисмида “ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини дастлабки синов даврида бекор қилиш учун ходимнинг ёзма аризаси асос бўлиб, унда ходимнинг меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тугатиш истаги акс эттирилиши керак” деган қоида бор.

Яъни, дастлабки синов вақтида агар ишни давом эттирмаслик ҳақида қарорга келган бўлса, ходим ўз ташаббуси билан МК 132-модда бўйича ишдан бўшаб кетиши мумкин. Эътибор беринг, бу ерда “ходимнинг ташаббуси билан” жумласи қўлланилган.

Демак, бунинг акси сифатида агар меҳнат шартномасини дастлабки синов натижаси бўйича бекор қилишда қадамни аввал иш берувчи ташласа, бу иш берувчининг ташаббуси бўлади.

Шунга кўра, меҳнат шартномасини МК 132-моддага асосан ходимни 3 кун олдин огоҳлантирган ҳолда иш берувчи томонидан бекор қилиш асоси ҳам МК 161-модда 2-қисми 6-бандида назарда тутилган Кодексдаги иш берувчи ташаббусига оид бошқа асосга тўғри келиши мумкин.

Агар шундай бўлиб чиқса, ходимни МК 132-модда билан иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишда меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишга оид бошқа талабларга, жумладан, МК 164-моддага ҳам риоя қилиш лозим бўлади. Яъни, касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиш ҳақида айтяпман.

Хуллас, айни шу жойида МК 132-модда билан меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиёти келгусида жиддий бахс-мунозараларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Якунда айтмоқчи бўлганим, янги Меҳнат кодекси шу даражада антиқа ёзилганки, унинг керак бўлса ҳар битта моддаси битмас-туганмас муҳокамаларга бой бўлади ҳали.

👉@yuristkadr
Танишинг, бу киши Гулинор опа Каттаева.

Бу опани 2020 йилда банклардан бирининг Сурхондарё филиалидан ишдан бўшатиб юборишади. Эски Меҳнат кодексининг 99-моддаси билан, яъни гўёки ходимнинг ташаббусига кўра.

Аслида бу бўшатиш жараёни ноқонуний бўлган эди...

Ишнинг тўлиқ тафсилотлари қуйида👇

👉@yuristkadr
Неча йил ўтиб ходимнинг ҳуқуқлари тикланадиган бўляпти.

Бугун Олий судда банклардан биридан ноқонуний бўшатилган Гулинор опа Каттаевага оид меҳнат низоси кўриб чиқилди.

Дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди опани ишга тиклаш ҳақида қарор чиқаради, бироқ вилоят апелляция суди ходимнинг даъвосини рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Афсус, Олий суд кассация суди ҳам опага қарши қарор чиқаради.

Шундан сўнг Гулинор опа йиллар давомида ҳақиқат учун курашади, орада прокуратурага ариза киритади. Сурхондарё вилояти прокуратураси эса жараёнда жуда қизиқ бир фактни аниқлайди.

Прокуратуранинг ўрганиши давомида опани ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ иш вақтидан кейин чиқарилгани, яъни филиал раҳбари буйруққа соат 18.00 дан кейин имзо қўйганлиги маълум бўлади.

Бундай ҳолда эски МКнинг 99-моддаси 4-қисмига асосан ариза ўз кучини йўқотган ва шунга кўра буйруқ ноқонуний чиққан эди. Ва бу ходимнинг ҳуқуқини тиклаш бўйича жуда жиддий аргумент эди.

Прокуратура айни шу асосни келтириб, банкка ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиш юзасидан протест киритади. Бироқ, банк бу иш бўйича банк фойдасига чиққан суд қарорлари амалда эканлиги сабаб, протестни ижро қилмайди.

Худди шу вақтда Гулинор опа бизга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Биз вилоят апелляция судига ишни янгидан очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриш ҳақида ариза киритдик. Бироқ, негадир Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати аризамизни рад қилди. Вилоят суди бизга қарши ноҳолис ва ноқонуний қарор чиқарди. Бунга ишончимиз комил эди.

Биз бу суд қарори устидан Олий судга шикоят бердик ва бугун судья Жахонгир Расулов раислигида бу суд иши ўз якунига етди.

Олий суд судьялари вилоят прокуратурасининг протестида келтирилган ҳолатларни янгидан очилган ҳолат деган қарорга келди, суд давомида ҳақиқатдан ҳам иш берувчи буйруқни иш вақтидан кейин имзолагани яна бир бор тасдиқланди. Олий суд шикоятимизни қаноатлантирди ва вилоят судининг ноқонуний қарорини бекор қилиб, ишни янгидан очилган ҳолатлар бўйича қайтадан кўриш ҳақида қарор чиқарди.

Энди, Гулинор опанинг ўз ишига қайтиш имконияти кескин даражада ошди. Бунинг учун ишни қайтадан кўрадиган Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида қаттиқ курашиб берсак бўлди. Шундай қиламиз ҳам.

Гулинор опа Каттаева ҳозир Олий суднинг адолатли судьяларига ташаккур билдирмоқда. Ҳа, айни пайтда опа ҳақиқатдан ҳам қувончга тўлган.

👉@yuristkadr