O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
4.51K subscribers
20.7K photos
2.43K videos
312 files
6.55K links
Adabiyot yashasa, millat yashaydi.

Фикр ва мулоҳазаларингизни, адабиёт ҳақидаги мақолаларингизни шу манзилга йўлланг:
@yozuvchilarbot
Download Telegram
​​Божхоначилар тил байрамини нишонлашди

Маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёга борлигини кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётдур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган сўзлари ҳақиқат эканини бугун даврнинг ўзи кўрсатиб турипти.
Дарҳақиқат, тил – миллат кўзгуси. Бугун дунё минбарларида она тилимизни оҳанги жаранг сочмоқда. Маълумки, 21 октябр – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун. Шу муносабат билан Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида Божхона институти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш Департаменти, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
– Она тилимиз дунё тиллари орасида маълум ва машҳурдир. Ўзбекона лутф, миллий қадриятлар эса тилимиз маданиятининг калитидир, – дейди Божхона институти ўқитувчиси Наргиз Кудриддинова. – Бугун ўзбек тили кўплаб мамлакатларда ўрганилмоқда. Ушбу тадбир ҳам ёшларимизни тилимизга бўлган қизиқишларини ортишида, чуқур ўрганишларида яна бир туртки бўлади, деб ўйлайман.
Шунингдек, тадбирда сўз олган Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ходими Фахриддин Ҳайитов, шоир Ботир Эргашев ҳар бир халқнинг ўзилигини намоён этувчи миллий ва умуминсоний қадриятлар борлиги, миллатнинг яшаши ва равнақ топишини она тилимизсиз тасаввур этиб, бўлмаслиги ҳақида айтиб ўтишди.
Шу мақсадда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат тили ҳақида”ги Қонуни, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон каби бир қатор ҳуқуқий асосларининг яратилиши она тилимизнинг нуфузининг ошишига, луғавий бойишига замин яратди. Тилимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, хорижий мамлакатларда ҳам тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлашди.
Тадбир давомида Божхона институти офицер ва курсантларининг тилимизга бўлган ғурур ва ҳурмат ҳисси шеърий чиқишларида тараннум этилди.
Тилимиз ва адабиётимиз миллатимиз, халқимизнинг дунёда борлигини кўрсатадиган кўзгуси, ойнаи ҳаёти экани тадбирда ўз аксини топди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати мутахассиси

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
https://t.me/joinchat/AAAAAFi6S36Eciyxe9lKJw
21 октябр – Ўзбек тили байрами куни

ОНА ТИЛИМ

Маним офтобларим, маним ойларим,
Тошбитигим – Ўрхун-Энасойларим.
Фақат юрагимга аён ўроним,
Она тилим – жоним Ўзбекистоним.
Бу жаҳон ичинда бир жаҳон тилим,
Отажон тилимдир, онажон тилим.
Олис-олислардан келган дардларим,
Маҳмуд Қошғарийдан мерос хатларим.
Олам аро менинг шажарам, кўрким,
Илдизим – “Девони луғотит турк”им.

Руҳим эшигини келгайдир очиб,
Ўн аср наридан Юсуф Хос Ҳожиб.
Сўзлар ганжи бирлан тўқдир илигим,
“Қутадғу билиг”дир қутлуғ билигим.
Не учун толиблар бўлмасин закий,
Ўзи тил ўргатса Аҳмад Югнакий.
Ҳақнинг туҳфасига том лойиқдир ул,
Англасанг, “Ҳибат ул ҳақойиқ”дир ул.
Пайғамбар ҳадиси – неъматларга боқ,
Ундан баҳра олган ҳикматларга боқ.
Ким Аҳмад Яссавий сўзини билмиш,
Ҳақни, Расулини, ўзини билмиш.

Бизларга Тангрининг атойи – тилим,
Мавлоно Лутфийю Атойи тилим.
Битгайдир ичимни тўлдирган ҳасрат,
Таважжуҳ қилсалар Навоий ҳазрат.
Бори тиллар ичра рутбам тайиндир,
Бу “Муҳокамат ул луғотайин”дир.
Қўлимдан қўймайман “Бобурнома”ни,
Ватанга муҳаббат – тақдир номани.
Юрагимга юққан дард-оҳи билан,
Ҳаётим нурлидир Огаҳий билан.
Ошиқ дил мақсуду матлаби ундан,
Таржима санъатин мактаби ундан.
Ватан, тил мангудир, киши бор – ўтар,
Қай дилда шу сўз бор – у Аваз Ўтар.
Восита, робита, оламиён – тил.
Бани одамга жон, фоида кон – тил.

Дарахтдан узилган яшил баргларим,
Оҳ, жувонмардларим – жувонмаргларим.
Ҳаётим тўлаган ўлпонларимдир –
Фитрату Қодирий, Чўлпонларимдир.
Миллатнинг, Ватаннинг жони тил билан,
Шуҳрати, шавкати, шони тил билан.
Ҳаёт йўли бизга оина – ибрат,
Беҳбудий, Сидқию Исҳоқхон Ибрат.
Билдим, иймон учун зўр қўрғон – тилим,
Йўлим ҳам, дилим ҳам чарағон тилим.

Тилга хиёнатни кечирмайди дил,
Элга хиёнатни кечирмайди эл.
Тилга садоқат бу – элга садоқат.
Элга садоқат бу – тилга садоқат.
Маним Маҳшаргача равон йўлим бу,
Олам айвонида мангу тилим бу.
Юрагим тараннум этган баётман,
Туркий тилим бордир, мен барҳаётман.

Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
__________________________
Ўрон – ўз кишиларини таниш учун учрашганда айтиладиган ва олдиндан белгилаб қўйиладиган шартли махфий сўз

•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Каналимизга аъзо бўлинг ва дўстларингизга улашинг: 👇👇👇
@gayratmajidijodi
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Янги аср шеърияти: «Мен асли одаммас, ёр эдим...»

➡️ https://bit.ly/3dqbmJ4

Каналга қўшилиш ⬇️
https://t.me/joinchat/AAAAAEHi_Tk-4p_xI26gIw
21 октябр – Ўзбек тили байрами куни

АВАЗ ЎТАР

ТИЛ

Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур1.

Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билаки андин аёндур.

Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.

Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

Зор ўлмасун онлар дағи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидан они бағри тўла қондур.

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
​​Жаҳон меҳробидан жой олган тилим

Шу кунларда юртимизнинг барча гўшаларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбир ўтказиб келинмоқда. Ана шундай кечалардан бири Адиблар хиёбонида Ички ишлар Академияси томонидан ўтказилди. 21 октябр – “Ўзбек тили байрами куни”га бағишланган кеча “Жаҳон меҳробидан жой олган тилим”, деб номланди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда барча соҳаларда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўзбек тилини ривожлантириш, ташкилотларда она тилида иш юритишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Тадбирда сўз олганлар давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарурлигини, ёш авлод қалбига болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ёш авлод вакиллари ўз тилимизда равон ўқийдиган, равон ёза оладиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлишида асосий мақсад эканини айтиб ўтишди.
– Президентимиз томонидан жорий йилнинг 10 апрел куни 21 октябр – “Ўзбек тили байрами куни” деб белгилаш тўғрисидаги фармони имзоланди. Бу йил бутун халқимиз ушбу байрамни кенг нишонламоқда, – дейди Ички ишлар Академияси матбуот хизмати раҳбари, майор Дилмурод Жўраев. – Академия таълим муассасаси бўлгани сабабли етук кадрларни тайёрлайди. Ўз ўрнида бу мутахассислар келгусида ўз фаолиятини халқ билан олиб боради. Иш юритиш ҳужжатлари ҳам соф ўзбек тилида белгиланган. Шу сабабли ҳам тадбирда курсантларга тилшунослар, ёзувчи-шоирлар томонидан ўзбек тилининг нечоғлик бой тил экани, мазмун-моҳияти тушинтириб ўтилди.
Тадбирда Академиянинг бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзолари томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, монологлар, қўшиқлар ижро этилди. Ёзувчи-шоирлар, педагоглар, тилшунос олимлар, курсантлар иштирокидаги тадбирда бўлажак ички ишлар органлари ходимларини халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлидиган, энг аввало, миллатимизнинг гўзал урф-одатларимизни, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай асрайдиган бўлиб етишишларига хизмат қилиши билан аҳамиялидир.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати мутахассиси

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
​​Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллиги муносабати билан Давлат хафсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида ижодкорлар билан учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Яккасарой туман кенгаши ҳамда ҳарбий қисм мутасаддилари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусулмон ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Наргиза Асадова иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар она тилимизнинг бой тарихи, буюклиги, жилоси, адабий тилимизни софлигича асраш борасида аҳамият берилиши зарур бўлган жиҳатлар ҳақида фикр билдиришди.
Суҳбат сўнгида халқона оҳанглар акс этган шеърлар даврага файз бағишлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
​​УЛУҒ ЗОТ

Меҳр излар инсон мудом даҳр ичра,
Сеҳр излар саховатли самоватдан.
Гар маърифат ёрдир нурли эрур чеҳра,
Юракда жо бўлса агар илму урфон.

Кимни қандай ташвиш ўртар,
Кўнгилни дард,
Бир илиқ сўз айтмоқ жоиз, келмай малол,
Ғанимат бу умр уммонидан абад
Ишқ булоғин излаб ўтгаймиз эҳтимол?...

Аммо бир зот борки, унга қодир Аллоҳ
Туҳфа этмиш бор меҳр ва саховатни,
Ҳар дам сенинг дардинг ила бедор, огоҳ,
Миннат билмас,
Ўйламас ҳеч ҳаловатни.

Сенинг юксак камолингни ўйлаб яшар,
Бору йўғи, инояти – илму зиё,
Минг эҳтиром, таъзим бажо айлар башар,
Унинг минг бир хислатидан пойдор дунё.

Устоздир ул самолардан юксак бағир,
Устоздир ул замин ичра улуғ калом.
Ул зот сабаб даҳоларни кўрмиш даҳр,
Ул зот сабаб камолотга ёр бу олам.

Ватан янглиғ азиз, юртдек муқаддас, деб,
Дил тўрида асрагаймиз устоз, номинг,
Ҳар он сенинг бир корингга ярар дастдак,
Кўз нурида асрагаймиз устоз, номинг!

Қутламоқда бу кун Ватан шараф-шонинг.

Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Аъзо
бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
Таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУР билан суҳбат...

➡️ https://bit.ly/2SYOZAS

Каналга қўшилиш ⬇️
https://t.me/joinchat/AAAAAEHi_Tk-4p_xI26gIw
Абдулла Орипов, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

УЧ ЗИНА

Уч ажиб зинадан ўтгайдир Инсон,
Гўёки ғазалнинг уч гўзал байти.
Хоҳлар ё хоҳламас, одам бегумон
Ўзи учун яшар болалик пайти.

Бир кун у камолот ёшига етгай,
Бу фасл ҳамиша умрларга зеб.
Инсон тайёр турар синовларга шай,
Яшайди оилам, элу юртим деб.

Кексалик йилларин сўрарсиз энди,
Ахир тажриба бор унинг қўлида.
Ўйламанг, шу билан у тўхтаб, тинди,
Инсон ўзин топди Аллоҳ йўлида.

Истанбул, 2014 йил 18 январ

Абдулла Орипов

@abdullaorif
ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди жамоаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Эврил Турон – Мамадали Маҳмудовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
https://t.me/joinchat/AAAAAFi6S36Eciyxe9lKJw
Тил бор экан, миллат барҳаёт

Аслида ҳар қандай истиқлол тил озодлигидан бошланади. Бугун Ватанимиз чинаккамига мустақилдир, десак муболаға бўлмайди. Боиси, юртимизда ўзбек тилида иш юритиш, эркин мулоқот қилиш ва ижод қилиш ҳуқуқига эгамиз. Шу маънода она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунни кенг нишонлаш, қалбимизга фахр ва ифтихор бағишлайди.
Давлат тили қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти томонидан ўтказилган маърифий кечада она тилимиз улуғланди.
Тадбир аввалида ҳарбийлар, ёзувчи-шоирлар, курсантлар Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди. Шоир хотирасига ҳурмат бажо келтиришди. Шундан сўнг, давлатимиз мадҳияси жаранг сочди.
– Ўзбек тилинининг нақадар бой ва кенг имкониятларга эга эканига яна бир бор амин бўлдик, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти курсанти Нормурод Тоиров. – Тадбирда ёзувчилар, тилшунослар томонидан келтирилган ўзбек тили ҳақидаги қизиқарли ва илмий маълумотлар, ҳаётий мисоллар биз ҳарбийларнинг иш фаолиятимизда, фуқаролар билан муомалага киришимизда, нутқ маданиятининг эстетик жиҳатларига риоя этишимизда, ўзлигимизни янада чуқурроқ англашимизда катта маҳорат мактабини ўтайди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, ёзувчи Маъмура Зоҳидова, Миллий гвардия тасаруффидаги Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, курсантлар иштирокидаги тадбирда она тилимизни бунданда ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг миллий руҳини оширишдек устувор вазифаларни бажаришда барчамиз бирдек масъул эканимиз таъкидланди.
– Ҳозирда 100 томлик халқ оғзаки ижоди китоблари чоп этилмоқда. Бу эса тилимизнинг қанчалик бой эканидан далолатдир, – дейди шоир Бобур Бобомурод. – Бу тилда ифода этилмайдиган туйғунинг, айтиб бўлмайдиган унсурнинг ўзи йўқ. Ҳар бир ҳаракат, ҳис-туйғунинг ўз атамаси бор. Буларнинг барчаси тилимизда чиройли жаранглайди. Халқимизда айтиладиган алламиздан тортиб, ёр-ёримизгача, достонлару марсияларда тилимизнинг серқирра ва бой эканини кўришимиз мумкин.
Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар одамларнинг онгу шуурида тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни, Ватанга садоқатни, миллатлараро бағрикенглик каби юксак туйғуларни янада сингдиришга замин яратади. Тадбир давомида Миллий гвардия тасаруффидаги Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда курсантлар томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар, саҳна кўринишлари ижро этилди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати мутахассиси

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
https://t.me/joinchat/AAAAAFi6S36Eciyxe9lKJw
Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти томонидан ўтказилган маърифий кечадан фотолар.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати

Аъзо бўлинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFR5VfSQjPeC7ODZMA
https://t.me/joinchat/AAAAAFi6S36Eciyxe9lKJw