Xushnudbek.uz
512K subscribers
9.74K photos
2.48K videos
207 files
8.44K links
Huquqshunos Xushnudbek Xudoyberdiyevning Telegram kanaliga xush kelibsiz!

youtube.com/c/xushnudbekxudoyberdiyev

fb.com/xushnudjohn

twitter.com/xushnudbeck

instagram.com/xushnudbek

tiktok.com/@xushnudbekofficial

Reklama uchun:
@xushnudbekreklama
Download Telegram
Кўп берилаётган саволлар бўйича фикрларимни билдирмоқчиман.

Эээээнг кўп саволлардан бири «менга таклифнома берилмади, энди нима қилай?» деган бўлмоқда.

Ҳурматли сайловчилар. Сайлов бу суннат тўй эмас, таклифнома кутадиган. 3-4 ойдан буён тинимсиз қачон сайлов бўлиши айтилмоқда. Бугун сайловлигини биласизми, бўлди, шуни ўзи етади. Овоз бериш учун таклифнома шарт эмас.

Паспортингиз билан доимий ёки вақтинча яшаш жойингизга боринг ҳамда ўз сиёсий иродангизни намойиш этиб, овоз беринг. Сайлов участкадагилар “таклифнома кўрсатмасангиз, бюллетен бермаймиз” дейишга ҳаққи йўқ. Агар кимдир шу гапни айтса, демак қонунчиликни нотўғри талқин қилаётган бўлади.

«Менга таклифнома беришмади, ўшанчун бормайман» дейишга сал истиҳола қилсангиз бўларди.


👉 @xushnudbek 👈
Бир киши бир неча кишининг ўрнига овоз бераётгани ҳақида

Навбатдаги энг кўп мурожаат айни шу мавзуда бўлмоқда.

Бу энди бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган одат. Оиладан бир киши бир нечта оила аъзоларнинг паспортини кўтариб, сайловга боради ва турмуш ўртоқлари, фарзандлари, кекса ота-онаси, келини, ҳатто набиралари учун ҳам ўзи бориб овоз бериб келади.

Бу иш шу даражада одамлар онгига ўрнашиб қолганки, ҳатто кўпчилик «нима учун қариндошларимнинг паспорти билан борсам, менга сайлов бюллетени беришмаяпти, шу иши тўғрими?» деб сўрайдиганлар ҳам бўлмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Сайловда ўзгалар номидан овоз бериш қонунга хилоф. Биламан, бу гап Сизга ўта кулгили ва ғалати эшитилади. Балки энсангиз ҳам қотса керак. Аммо тушунинг, бундай қилиш мумкин эмас!

Илтимос, Худо хайрингизни берсин, бутун бошли оиланинг паспортини кўтариб, сайловга борманг. Ўша оила аъзоларингиз соғ-саломатми? Ўзи бемалол юра оладими? Унда Худога шукр қилиб, 15 дақиқа вақт ажратиб сайловга боришсин. Ёки агар жуда сайловга боргиси келмаётган бўлса, майли бормасин. Бу ўзгалар номидан овоз бергандан минг марта яхши.

Агар оила аъзоларингиз саломатлиги туфайли ўзи мустақил сайлов участкасига бора олишмаса, унда бу ҳақда хабар берсангиз, сайлов участкасидагиларнинг ўзлари уйингизга келишади. Уларнинг паспортини кўтариб боришингиз шарт эмас.

Жойларда ўзгаларнинг паспорти учун ҳам сайлов бюллетенлари берилаётганига келсак, бу ҳам нохуш ҳолат албатта. Участка сайлов комиссиялари аъзоларига минг марта таъкидланган бўлса ҳам, барибир улар бировлар учун бюллетен беришда давом этмоқда.

Биринчидан,
минглаб инсонларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш осон эмас. Узоқ йиллар давомида сайловда шундай бўлиб келган ва бу одатдан бир юмалаб қутулиш имконсиз иш.

Иккинчидан, ҳудудларда, айниқса қишлоқларда ҳамма бир-бирини яхши танийди, шу сабабли ҳам “бировнинг ўрнига овоз бериш мумкин эмас” деган гапга, халқнинг ўзи “йиғиштир закўнчилигингни, мени танийсанку” дейишади. Хуллас, таниш-билишчилик ортидан бу одатни бартараф этиш осон эмас.

Учинчидан, менимча, энг асосий фактор – сайловда қайсидир участка, округ ёки туманда сайловда иштирок этганлар сони (явка) кам бўлса, ўша ҳудудга жавобгар шахслар (ҳокимлар, сайлов комиссия раислари) гап эшитиши мумкин. Яъни улар сайлов тарғиботини яхши олиб бормаган, халқни сайловга бориши учун тегишли ишларни қилмаган, деб баҳоланади.

Мана шу гап эшитиш хавфи сайлов комиссияси аъзоларига ҳам бир нечта паспорт кўтариб келганларга ҳам бемалол бюллетен беришга рағбат беради. Масалан, рад жавоби берса, ўша сайловчи умуман сайловга келмаслиги мумкин. Ундан кўра, тинчгина рози бўлган яхши дейишади.

Юқоридаги сабаблар туфайли, ўзгалар номидан овоз бериш ҳолатлари рўй бермоқда. Албатта, шубҳасиз бу сайлов қонунчилигига зид иш. Лекин яна бир жиҳати бор.

Бир кишининг сайловда бир неча киши номидан овоз бериши сайловдаги ўйинлар ҳисобланмайди. Бу халқ онги билан боғлиқ муаммо холос. Яъни бу иш маълум бир номзодни ўтказишга ҳаракат эмас. Ўша кўп бюллетен олган фуқаро ичкарида истаган номзодга овоз беришга ҳақли. Шу фактор бироз одамнинг кўнглига таскин беради. Агар мабодо "фалончига овоз берасан" дейишаётган бўлса, бундан даҳшати йўқ.

Ҳурматли фуқаролар!

Агар Сиз қайсидир сайлов участкасида бир кишига бир нечта бюллетен беришганига гувоҳ бўлсангиз, унда ўша заҳоти сайлов комиссия аъзоларини огоҳлантиринг. Ўша заҳоти далолатнома тузишларини талаб қилинг. Токи кейинги сафар бу ишни қилишмасин.

Фақат томошабин бўлиб, ёки ўша жойда миқ этмай, кейин шикоят қилиш билан иш битмайди. Темирни иссиғида босинг, бефарқ ва лоқайд бўлманг! Ич-ичингиздан масъулият ҳис қилишни илтимос қиламан.


👉 @xushnudbek 👈
Навбатдаги савол-жавоблар:

Рўйхатда чиқмадим, нима қилай?

Навбатдаги энг кўп берилаётган савол сайловчилар рўйхатида чиқамаган ёки бошқа манзилда чиққан фуқаролар томонидан берилмоқда.

Ҳозирги қонунчиликка кўра, исталган фуқаро доимий ёки расман вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан овоз бера олади. Агар Сизни умуман бошқа жойда ёки эски манзилингизда рўйхатга қўшиб қўйишган бўлса, бундан сира хавотирланманг.

Паспортингизни олиб, доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойингиздаги сайлов участкасига бораверинг. Сизни қўшимча рўйхатга қўшишади ва ўша ердан овоз беришингиз мумкин бўлади. Фақат асосий шарти, Сиз аввал бошқа жойда овоз бермаган бўлсангиз кифоя. Буни махсус ягона электрон базадан текшириб кўришади.

Шунинг учун, мени бошқа жойдаги рўйхатги киритишибди ёки умуман рўйхатга киритишмабди, деб хавотир олиб ўтирманг. Бемалол ўзингизга яқин сайлов участкасига бораверинг.

Паспортим йўқ, нима қилай?

Агар паспортингиз маълум сабабларга кўра, ёнингизда бўлмаса, унда шахсингизни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни (ҳарбий гувоҳнома, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси, паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома, жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома) билан овоз беришингиз мумкин. Агар улар ҳам бўлмаса, унда овоз бера олмайсиз.

Сайловни қаердан онлайн кузатиш мумкин?

Ҳа, мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг сайтидаги қуйидаги ҳавола орқали сайлов участкаларидаги ҳолатни онлайн кузатиш мумкин:
http://elections.uz/uz/lists/camera

Онлайн овоз бериш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Албатта сайлов участкасига боришингиз керак.


👉 @xushnudbek 👈
@saylov_2019bot ботидан ҳозиргача 961 та хабар келиб тушди. Жуда ҳам муҳим ва аниқ манзиллари билан ёзилган хабарларни тегишли ташкилотларга юбориб, тезкор чора кўришга ҳаракат қиляпман.

Шунчаки умумий ва мавҳум гапларга эътибор қаратиш имконим йўқ. Энг кўп берилган саволларга эса (тахминан 80% хабарлар шу ҳақда) каналим орқали жавоб бериб ўтдим:

1) t.me/xushnudbek/3940
2) t.me/xushnudbek/3941
3) t.me/xushnudbek/3942

Агар сайловдаги қонунбузилишлар тўғрисида конкрет далил ва фактлар бўлса @saylov_2019bot ботига юборинг. Албатта кўриб чиқамиз.


👉 @xushnudbek 👈
Ҳурматли номзодлар!

Сиз учун жуда муҳим соатлар яқинлашмоқда. Ўтган сайловлардан маълумки, сайловдаги энг катта ноҳақликлар аслида овоз бериш якунлангач бошланади. Жорий йилда ҳам айримлар бунга уриниб кўриши мумкин.

Унгача бўлган жараёнларнинг барчаси майда-чуйда масалалар. Бир кишининг бир нечта паспорт билан овоз бериши, сайлов участкасига кираверишда "фалончига овоз беринг" деган гапларнинг айтилиши, сайлов комиссиясидагиларнинг қайсидир номзодга овоз бериш ҳақида шаъма қилиши ва шунга ўхшаган ҳолатлар халқнинг сайлов маданияти билан чамбарчас боғлиқ ва бу вақт ўтиши билан ўтадиган жараёнлар. Булар сайлов натижасига нари борса 2-3% таъсир қилади холос, ундан кўп эмас.

Бизнинг сайловдаги энг муҳими - овозларни санаб чиқиш ҳамда қайд этиш жараёнидир!

Шу сабабли депутатликка номзодлар ва уларнинг вакиллари қуйидаги маслаҳатларни диққат билан ўқиб чиқишини тавсия қиламан, албатта Сизга асқотади деган умиддаман.

https://teletype.in/@xushnudbek/SkLk1njCB

Таниш номзодларингизга ҳам юборинг.


👉 @xushnudbek 👈
Номзодларга қисқа маслаҳатлар:

Агар узун матнни ўқишга вақт тиғиз бўлса, қуйидагиларни ўқинг:

1) Ҳар бир участкада вакилингиз бўлсин;

2) Вакилларингиз овозларни санаш жараёнига албатта кирсин. Айрим жойларда участка сайлов комиссияси раислари вакилларни киргазмасликка ҳаракат қилмоқчи экан. Бу ноқонуний! Тезда Марказий сайлов комиссиясига ёки прокуратурага шикоят қилинглар (1197 ишонч телефони). Вакилларингиз «мени киргазмади» деб жимгина қайтиб келмасин тағин;

3) Вакилларингиз овозларни санаш жараёнига ўта ҳушёр бўлишсин, 100-200 талаб бюллетенни қўшиб юборишга урунишлари мумкин. Шундай бўлиши билан дарров шикоят қилишсин, видеога олишсин. Буни ҳам ўша жойнинг ўзида, иссиғида қилиш керак;

4) Энг муҳими – якуний натижалар ёзилган баённомаларни РУЧКАДА тўлдиришни ва имзолашни талаб қилиш керак.

Аввалги йилларда ҳокимларнинг талаби билан баённомалар қаламда тўлдирилар эди. Жорий йилда бунга йўл қўймаслик керак. Ўшанақа топшириқ берган ҳокимига ҳам, бошқа валломатига ҳам «бор, тошингни тер» деб айтинг. Агар қайсидир сайлов комиссияси ручкада тўлдиришни рад қилса, яна ўша заҳоти шикоят қилиш керак. “Аслида шундай эканда” деб жимгина қайтиб кетишмасин тағин;

5) Сайлов комиссияси якуний натижалар ёзилган баённомадан нусха беришга мажбур! Ҳар бир вакилларингиз баённомани тезда суратга тушириб олишсин ва Сизга Телеграм орқали ташлашсин. Нусха бермасликка ҳам ҳаққи йўқ!

⚡️6) Янги маслаҳат! Овоз бериш натижалари ёзилган баённомалар қўлингизга келиб тушиши билан, уларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиринг. Ёки Телеграм канал очиб (бу жуда осон), ёки Фейсбукка қўйиб ташланг. Яъни ҳақиқатдан Сиз кўп овоз олганингизни исботловчи далилларни тарқатиб юборинг. Токи бошқалар буни ўзгартиришга “духи” етмасин.

‼️Хуллас, ҳурматли номзодлар, агар Сизнинг қўлингизда ҳар бир сайлов участкасида тўлдирилган овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалардан нусха бўлса (ёки камида расми) ва уларда Сизнинг ғалабангиз акс этган бўлса, унда сира хавотирланманг, марра Сизники. Ҳеч кимга буни ўзгартириш учун имконият бермаймиз.

Имкони бўлса, ўша расмларни @saylov_2019bot боти орқали менга ҳам юборинг. Бугун ухлаш йўқ, токи эрталабгача онлайн бўламиз. Агар мабодо кимдир сайлов жараёнларига аралашиб, овозларни сохталаштиришга уринишса, шунақанги дод-вой кўтарамизки, туғилганига пушаймон бўлади.

Фақат яна қайтараман, қўлингизда аниқ далиллар бўлсин. Қуруқ гап билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

Барча муносиб номзодларга омад тилайман!


👉 @xushnudbek 👈
Овоз бериш якунланди!

Мана, узоқ кутилган сайловдаги овоз бериш жараёнлари ҳам тугади.

Энди буёғида барчаси сайлов комиссиялари аъзолари, номзодлар ва сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда кузатувчиларга боғлиқ.

Ҳурматли, муносиб номзодлар!

Халқ ўз ишини қилди. Кимдир овоз берди, кимдир бермади. Кимдир тушунди, кимдир тушунмади. Кимдир битта овоз берди, кимдир кўп. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, халқ ўз танловини қилиб бўлди, ўз бурчини бажарди. Сизларга ишонди.

Энди Сиз бўш келманг. Буёғига қаттиқ туринг, ҳақиқат сари дадил курашинг, вакилларингиз белини қаттиқ боғлашсин. "Сиёсатга қарши борманг, рози бўла қолинг, кейинги сафар омадингиз келар, ўзимиз қўллаймиз" дея кимлардир Сизга ақл ўргатмоқчи бўлса, қулоғингиз кар, кўзингиз кўр бўлсин. Улар муттаҳамлар!

Ҳозир ҳаракат қилмасангиз, кейин афсусланасиз. ОМАД!


👉 @xushnudbek 👈
Овозларни санаш жараёнида кимлар иштирок этиши мумкин?

Кўпчилик сўраётгани учун, тушунтириш бериб ўтмоқчиман.

Овозларни санаш жараёнига қуйидагилар киришга ҳақли:

👉 сиёсий партиянинг ваколатли вакили (Сайлов кодекси 34, 58-моддаси);
👉 кузатувчилар (СК 33, 58-моддаси)
👉 оммавий ахборот воситаларининг вакиллари (СК 35, 58-моддаси).

Бошқа шахслар овозларни санаш жараёнига киритилиши мумкин эмас.

❗️Битта нарсани яхшилаб тушунинг, овозларни санаш жараёнига кириш дегани, бу овозларни санашда ёрдам бериш дегани эмас. Ваколатли вакил, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари бюллетенларга қўл теккизиши, уларни санашга ёрдам бериши, овозларни санаб чиқишга аралашиши мутлақо тақиқланади.

Сизлар фақат ўша хонада сайлов комиссияси вакилларининг ишини назорат қилиб турасиз холос. Бунга қуйидагиларга алоҳида эътибор беринг:

- овоз берилган бюллетенлар номзодларга тўғри ажратиляптими;
- ҳақиқий бўлмаган ва бузилган бюллетенлар алоҳида олиб қўйиляптими;
- ишлатилмаган бюллетенлар овоз бериш жараёнига аралаштирилмаяптими;
- ва бошқа шу каби ҳолатларни кузатинг.

📸🎥 Овозларни санаш жараёнида видео ва фотодан фойдаланиш мумкин!!!

Агар участка сайлов комиссияси раиси ёки аъзолари бу мумкин эмас, дейишса, унда улардан қайси қонуннинг қайси моддасида бу ёзиб қўйилганини сўранг. Топиб бера олишмаса, қаршилик қилишга ҳаққи йўқлигини тушунтиринг.

Яна қайтараман, охирида овозларни санаб чиқиш якунлари бўйича баённомани РУЧКАда тўлдиришни ва имзолашни талаб қилинг ҳамда улардан нусха олинг.


👉 @xushnudbek 👈
Чироқ ўчса, нима қилиш керак?

Аввалги сайловларда энг кенг тарқалган усуллардан бири овозларни санаш жараёнида туман ҳокимининг буйруғи билан сайлов участкасида чироқни ўчиришади. Қоронғуликда эса, олдиндан тайёрланган пачка-пачка сайлов бюллетенлари аралаштирилади.

Олинган хабарларга кўра, жорий йилда ҳам шундай усулдан фойдаланишга ҳаракат қилиб кўришмоқчи экан.

Ҳурматли вакиллар ва кузатувчилар!

Телефонингизнинг фонарини тайёрлаб туринг, мабодо тўсатдан чироқ ўчиб қолса, телефон билан ёритиб, бюллетенларни аралаштиришларига йўл қўйманг!

Токи чироқ ёнгунгача, барча сайлов комиссияси аъзоларини бюллетенлардан узоқлашишларини талаб қилинг. Қаттиқ-қаттиқ талаб қилаверинг, улардан қўрқадиган жойингиз йўқ.


👉 @xushnudbek 👈
Марказий сайлов комиссиясининг хабарига кўра, соат 20:00 га қадар 13 млн 355 минг 911 нафар сайловчилар овоз берган. Бу жами сайловчиларнинг 71,1%и дегани.

👉 @xushnudbek 👈
Кўзбўямачиликларга барҳам берилаётгани рост бўлсин!

Бугун бўлиб ўтган сайловларда умумий сайловчиларнинг 71,1%и овоз бергани ҳақида маълумот берилди. Албатта бу рақам ичида бир киши бутун оила аъзолари номидан овоз берганлар ҳам бор. Аммо шундай бўлсада, анча ишонарли рақам бу.

Аввалги йилларда бу рақам ҳеч қачон 85%дан кам бўлмаган. Илгари қатнашган сайловчилар сонини сунъий кўпайтириш учун роса ҳаракат қилишган. Келинг, солиштириш учун аввалги сайловлардаги “явка”ни кўриб чиқамиз:

2016 йил (Президентлик сайлови) – 87,73%;
2015 йил (Президент) – 91,08%;
2014
йил (Парламент сайлови) – 88,94%;
2009
йил (Парламент) – 87,8%;
2007
йил (Президент) – 90,6%;
2004
йил (Парламент) – 85,1%;
2002
йил (Референдум) – 91,58%;
2000
йил (Президент) – 95,1%;
1999
йил (Парламент) – 95,03%.

Жорий йилда сайловда иштирок этиш фоизининг кам бўлгани халқимизнинг сиёсий қизиқиши аввалги йилларга қараганда камайиб кетганини англатмайди. Аксинча, бу – сайловларда кўзбўямачиликлар, “явка”ни кўтариш учун овозларни сохталаштириш ҳамда қўшиб ёзиш кам бўлганини англатади.

Бу жуда қувонарли ҳол, мен Сизга айтсам! Браво!

Шу темпни сақлаб қолиш, келгуси йилларда рақамларни янада шаффофлаштириш керак!


👉 @xushnudbek 👈
Марказий сайлов комиссияси ҳамда тегишли идоралардан мана бу ҳолатни жиддий ўрганишларини талаб қиламан.


👉 @xushnudbek 👈
Xushnudbek.uz
Марказий сайлов комиссияси ҳамда тегишли идоралардан мана бу ҳолатни жиддий ўрганишларини талаб қиламан. 👉 @xushnudbek 👈
Марказий сайлов комиссияси ҳамда прокуратура органлари юқоридаги масала бўйича мен билан боғланишди. Ва ушбу ҳолат жуда қисқа вақт ичида ўрганилиши ҳамда фактлар ўз исботини топса, албатта қонуний чора кўрилишини қатъий таъкидлашди.
Мана шунақа қадамлар билан ҳақиқий демократияга борамиз, Худо хоҳласа. Юқорида кўп бора айтганимдай, бутун Ўзбекистонни ёппасига бир юмалаб, қонунга итоаткор қилиб бўлмайди, бу фантастика. Орасида барибир шунақа ҳолатлар учраб туриши табиий, буни инсон фактори дейишади.

Асосийси - сиёсий ирода!

Яъни энг юқорида мана шунақаларга қарши туриб, шунақаларни жазолай оладиган тизим бўлса кифоя. Танқид айтган инсонларни душман эмас, дўст сифатида кўриб, "зўр қилдингиз шу маълумотни эълон қилиб, бизга ҳам ёрдам берди бу" дейдиганлар борлигига шукр. Биз шундан хурсандмиз.


👉 @xushnudbek 👈
Сайлов куни Kun.uz почтасига йўлланаётган хилма-хил мактубларни умумлаштириб, битта қисқа хулосада ифодалаш мумкин:

Биз қандай бўлсак, сайловларимиз ҳам шундай.

Ютуқларимиз етарлича ва улар учун ЎЗИМИЗдан қувонишга тўла ҳақлимиз. Камчиликларимиз ҳам етарли ва уларга ҳам ЎЗИМИЗдан бошқа ҳеч ким сабабчи эмас.

Ҳаммаси табиий ва ҳозирча ортиғини кутиш мантиққа зид. Ва ҳар биримиз аввало ўзимизни ислоҳ қилайлик.

@KundalikUz
Сайлов якунлари ҳамда овозлар натижаларини ҳисоблаш жараёнларининг ҳаққонийлигини бевосита кузатиш ҳамда ишонч ҳосил қилиш учун бир гуруҳ журналист ва блогерлар, халқаро кузатувчилар таклиф этилди. Сайлов участкасига боряпмиз.
Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналида Яшнобод туман ҳокимлиги сайлов комиссиясининг тегишли сайлов округлари масъуллари билан телеграмда тузилган гуруҳидаги ёзувлар эълон қилинди.

Бу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли ҳуқуқ тартибот органлари билан биргаликда зудлик билан ишчи гуруҳини ташкил қилиб, Яшнобод тумани ҳокимлигидаги ҳолатни ўрганди.

Ўрганиш натижаларига кўра, бу ёзувлар ҳақиқатдан ҳам Яшнобод туман Кадрлар бўлими раҳбари Қудрат Ҳусановга тегишли бўлган ва у ҳақиқатдан сайлов округлари масъулларини «черновик» протоколлари билан айтилган манзилга етиб келишларини талаб қилган.

Айни пайтда «черновик»лардаги маълумотлар ҳеч қандай ўзгаришсиз «чистовик» протоколларга кўчирилиши Яшнобод туман сайлов комиссияси назоратига олинган.

Қудрат Ҳусанов ҳамда бошқа масъулларнинг ушбу ҳаракати ўрганиляпти ва сайлов натижаларига аралашиш ҳолати тасдиқланса, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
Яшнобод туман кенгаши учун бўлаётган сайловларда овоз бериш жараёнини ўрганиш учун Марказий сайлов комиссияси, шаҳар ва туман прокуратураси, Кун.уз, Дарё.уз ҳамда Газета.уз нашрлари вакиллари, хорижий экспертлар ҳозир бўлишди. Ҳеч қандай қонунбузилишга йўл қўйилмаслик учун тегишли барча чоралар кўрилмоқда.
Айтганча, ушбу ҳолат туман кенгаши депутатлиги учун бўлаётган сайловларга тааллуқли экан. Олий Мажлис ёки шаҳар депутатлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунчаки маълумот учун.
Расмий баёнот

Прокуратура органлари томонидан сайлов жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур фаолият доирасида Бош прокуратура штаби томонидан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқларда сайловга оид қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида эълон қилинган маълумот ва хабарлар узлуксиз равишда ўрганилмоқда.

2019 йилнинг 22 декабрь, яъни парламент Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайловлар куни Интернет тармоғида айрим ҳудудларда сайловлар ўтказилишида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилаётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинди.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон тумани халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлаш, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманида овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ маълумотлар тармоқ орқали тарқатилиб, кенг жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлди.

Марказий сайлов комиссиясидан юқорида келтирилган маълумотлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.

Шу муносабат билан, тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар шакллантирилиб, мазкур хабарларнинг ҳар бири синчковлик билан ҳар томонлама ўрганилмоқда.

Бу борада Марказий сайлов комиссияси билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, тезкор маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.

Текширишлар натижасига кўра хабар берилади.