Xushnudbek.uz
616K subscribers
10.6K photos
2.73K videos
239 files
8.99K links
Huquqshunos Xushnudbek Xudoyberdiyevning Telegram kanaliga xush kelibsiz!

youtube.com/c/xushnudbekxudoyberdiyev

fb.com/xushnudjohn

twitter.com/xushnudbeck

instagram.com/xushnudbek

tiktok.com/@xushnudbekofficial

Reklama uchun:
@xushnudbekreklama
Download Telegram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Жуда таъсирли видео экан. Тирикчиликнинг айби йўқ. Аллоҳ шу йигитнинг топганига файзу барака, оиласига эса ҳалол ризқ берсин.

Ёнидаги қиёматли дўстига эса шунчаки қойил қолдим, отангга раҳмат.

Видео: Uzbekvideo


👉 @xushnudbek 👈
​​Кеча Тошкентдаги UzAuto Motors Service & Trade-In Center очилиш маросимида қатнашдим. Тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Ташкилотчиларнинг омади келган жойи шундаки, лойиҳанинг ўзи мазмунан Ўзбекистон учун янгилик эди. Шу сабабли ҳам қизиқиш катта бўлди, менимча.

Trade-In Center қандай марказ?

Сиз бу марказга келиб, эски машинангизни топшириб, устига пул қўшиб, янги машина миниб кетишингиз мумкин. Бунда қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш жоиз:

👉 тушунишимча, эски машинангизни янгисига алмаштириш тартиби қуйидагича бўлади:

1) эски машинангиз билан марказга борасиз. Сизни кутиб олишади ва машинангизни аввал яхшилаб ювишади;
2) шундан сўнг мутахассислар машинангизни дастлабки кўрикдан ўтказишади ва баҳолайди. Айтишларича, эски машинага қўйиладиган баҳо кўча нархидан кўп ҳам фарқ қилмас экан. Аҳамиятли томони марказда бир нечта дилерлар эски машиналарни сотиб олиши мумкин, шу сабабли улар орасида ўзаро рақобат ҳам бўлади ва бундан аввало мижоз ютади;
3) агар сиз айтилган нархга рози бўлсангиз, унда кейинги жараёнлар бошланади. Машинангиз тўлиқ техник кўрикдан ўтказилади. Агар маълум бир жиҳозларни алмаштириш керак бўлса, алмаштирилади. Бўяш керак бўлса, бўялади. Тузатиш керак бўлса, тузатилади;
3) барча жараёнлар якунлангач, расмийлаштириш босқичига ўтилади. Қулайлик яратиш учун марказда нотариус ҳамда ЙҲХДХ органларидан вакиллар бўлади;
4) Мижоз орадаги фарқни тўлагач, эски машина билан бир вақтда янги олинаётган машина учун ҳам олди-сотди шартномалари имзоланади. Бунда юрилган автомобилнинг қиймати янги автотранспорт воситаси учун тўловдан айириб ташланади;
5) тахминан 3 соатлар ичида (бу эски машинага кетадиган техник хизмат кўрсатиш вақтига боғлиқ) мижоз юрилган машинасини топшириб, ўрнига янги машинани миниб кетиши мумкин бўлади.

👉 марказда ўзгалар топшириб кетган эски машиналарни арзонроққа сотиб олиш ҳам мумкин бўлади. Бунда бозордан асосий фарқи юрган машинанинг юридик “тоза”лиги ва “касаллик тарихи” ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлади;

👉 марказда таъмирлаш ва бўяш ангарлари ҳам бўлиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланган;

👉 эҳтиёт қисмлари дўкони ҳам ишлаб турибди. Ушбу дўкондан UzAuto Motors машиналарига тегишли “заводской” эҳтиёт қисмларни бирмунча арзонроққа сотиб олиш мумкин;

👉 яна бир ўзига хос томони, бу ерда автотюнинг маркази ҳам ишламоқда. Машинасини давлат стандартига мос равишда тюнинг қилишни истаганлар учун айни муддао бу;

👉 trade-in.uz сайти ишга туширилган, унда мижоз дилерларда сотувга қўйилган минилган автомобилларнинг айни кундаги нархини билиши, хизмат ҳақида батафсил ахборот олиш мумкин. Шунингдек, сайтда автомобиль нархи калькулятори бор, у онлайн режимида мижозга минилган автомобилнинг тахминий нархини аниқлаб беради;

👉 техник жараёнлар вақтида мижозлар зерикиб қолмаслиги учун бепул кофе берилади, болалар майдончаси, бильярд ва PlayStation маркази ҳам ишлаб турибди. Шунингдек, юзлаб велосипедлардан бирини олиб, сайр қилиш мумкин. Буларнинг барчаси текин;

👉 ташкилотчиларнинг айтишича, яқин орада марказ янада кенгаяр экан. Унинг ёнидан жуда катта майдонда коворкинг маркази, 3D лаборатория, дастурчилар учун ўқув марказлари ташкил қилиш режалаштирилаётган экан. Булар ҳам мутлақо текин фаолият юритади, дейишди.

Умуман олганда, таассуротлар ижобий. Шу каби марказларни ҳар бир ҳудудда ташкил қилиш керак. Бундан ташқари ҳали тизим тўлиқ ишга тушмагани учун, унинг камчиликлари ҳақида бирор нарса дейиш қийин, вақт ўтиши билан изига тушиб кетади, деган умиддамиз.

Яхши янгиликлар кўпаяверсин.

UzAuto Motors Service & Trade-In Center манзили: Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Элбек кўчаси, 61 уй (мўлжал: “Дўстлик” метро бекати).
«У ит каби ўлим топди» — Трамп ал-Бағдодий йўқ қилинганини маълум қилди

ИШИД’ жангарилари раҳнамоси, ўз шафқатсизлиги билан ажралиб турган ва Яқин Шарқда «халифалик» тузган Абу Бакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан ўтказилган амалиёт натижасида ўлдирилди. Бу ҳақда Дональд Трамп ўзининг расмий мурожаатида маълум қилди, деб ёзмоқдаKun.uz”.

Дональд Трамп ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Сурия ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт натижасида йўқ қилингани ҳақида маълум қилди.

«Ўтган кеча АҚШ жаҳоннинг биринчи рақамли террористига нисбатан адолатни қарор топтирди. Абу Бакр ал-Бағдодий ўлди. У дунёдаги энг шафқатсиз ва зўравон террорчилик ташкилоти – ИШИДнинг асосчиси ва етакчиси эди», деди Трамп махсус мурожаатида.

Трампнинг Оқ уйдаги нутқи жаҳоннинг кўплаб агентликлари томонидан трансляция қилинди.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, экспертиза натижалари авиазарба оқибатида ўлдирилганлар орасида ал-Бағдодий ҳам бўлганини тасдиқлаган.

У ўзини портлатган

Трамп ал-Бағдодий қандай ўлгани ҳақида аниқлик киритди. Унинг айтишича, у «қўрқоқларча қочган» ва ўз белидаги портловчи қурилмаларни портлатиб юборган. У ал-Бағдодийнинг яқинлари, жумладан уч бола у билан бирга ҳалок бўлишганини қўшимча қилган.

«У худди ит каби ўлим топди. Дунё янада хавфсизроқ», — деди Трамп баёноти сўнггида.

Трамп мазкур амалиётда иштирок этганларнинг барчасига, биринчи навбатда америкалик ҳарбийларга, шунингдек Россия, Туркия, Ироқ, Сурия ва курдларга миннатдорчилик билдирган.

❗️Маълумот учун: Ўзбекистонда ИШИД расман террористик ташкилотлар рўйхатига киритилган.


👉 @xushnudbek 👈
Бисмиллоҳ, дея сафарга отландик. Дуоларингизда эслаб қўйинг.
​​Тил ҳурмати

Токиога «Korean Air» авиакомпаниясида Инчхон орқали учдик. Диққатимни бир жиҳат тортди. Самолёт бортида ҳар қандай янгилик аввал корейс тилида, кейин инглизчада эълон қилинди. Ҳар қандай ёзувлар аввал корейс тилида, айримлари фақат корейс тилида. Бундан ташқари учишдан олдин тушунтириладиган хавфсизлик қоидалари фақат корейс тилида айтилди, экранда инглизча субтитр берилди холос. Халқаро рейс бу, корейс тилини кўпчилик билмаса керак, деб ўтиришмади.

Умуман олганда корейслар ўз тилини ҳар қандай ҳолатда қолган барча тиллардан устун қўйиши кўриниб турибди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»да эса ҳолат ўзгача. Аксарият стюардессалар ўзбек тилини умуман билмайди. Айримлари ўзбек тилини шунақанги талаффуз қилишадики, «эй воҳ, бўлди, бошқа гапирма» деб бақиргинг келади.

Шу ўринда марҳум шоир Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеъри ёдга тушади:

Тайёрада

Парвоз чоғи тайёранинг дилбар келини
Кўк тоқини бизга тахти Сулаймон қилди.
Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини
Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.


👉 @xushnudbek 👈
Японияга етиб келдик.

Айрим жиҳатлар:

1-расм: Чекиш учун махсус кабиналар бор, фақат шу ерда чекилади. Бошқа жойда сигарет чекканларга катта жарима солинади;

2-расм: валюта алмаштириш учун махсус анкета тўлдириб, шахсий маълумотларни ёзиш керак экан. Ҳатто иена олиш учун ҳам. Бу масалада японлар биздан кўра анча бюрократ экан. Бизда анча эркинлик, масалан доллар топшириб, сўм олишда ҳеч қанақа ҳужжат шартмас;

3-расм: Нарита халқаро аэропорти атрофида машина қўйиш учун жуда катта автотураргоҳлар бор. Умуман олганда машина қўйиш анча қулайга ўхшаб кўринди;

4-расм: Aвтотураргоҳда ҳайдовчиларга мўлжал олиш осонроқ бўлиши учун автомобил балонига мослаб махсус кичик бетонлар қўйилган;

5-расм: ISUZU махсус туристик автобусида бизни Tокио марказига олиб кетишмоқда. Энг қизиғи ҳатто автобусда ҳам хавфсизлик камари тақишимизни сўрашди. Бизда йўловчилар тугул, кези келса ҳайдовчилар ҳам хавфсизлик камари тақишни ўзига ор деб билади, тавба. Қоидаларга амал қилишни японлардан ўрганиш керак.


👉 @xushnudbek 👈
Навбатда туриш маданияти

Японияда метро жуда қулай жамоат транспорти, шу сабабли одамлар оқиб келяпти метрога (1-расм).

Бекатлари бизникидай чиройли эмас, оддий қурилган. Аммо фойдаланиш қулай, ногиронлар учун ҳам барча шароитлар бор. Масалан, кўзи ожизлар учун ҳаммаёқда махсус сариқ йўлаклар қилинган, оёғи билан ҳис қилиб, қийналмай юришади (2-расм).

Навбатга туриш маданиятинику айтмаса ҳам бўлади. Одамларнинг тартибли ва бағрикенг эканлигига фақат ҳавас қилиш мумкин.

Энг аввало вагон эшикларининг қаршисида ипга терилган маржондай бир қатор бўлиб туриб олишаркан (3-расм). Бирорта инсон қаторни бузмайди, бузишга ҳаракат ҳам қилмайди. Асалга ёпирилган арилар тўдаси каби эшикка тармашиш йўқ.

Метро вагонлари келиб тўхтагач, аввал тушадиганларни ўтказиб юборишади (4-расм). Токи ҳамма тушиб олгунгача сабр билан кутишади. Миқ этмасдан. Бирорта инсон ушбу тартибни бузиб, ўзини ичкарига урмади.

Эҳ... Навбатда туришни ўрганишимиз керак. Миллатнинг маданият белгиларидан бири бу ҳам.


👉 @xushnudbek 👈
​​​​Келгуси йили информатика фанидан тест саволлари бўладими?

Айрим Телеграм каналларида келгуси йили информатикага алоқаси бор йўналишларда информатика фанидан алоҳида блок қўшилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабар қанчалик тўғри?

ДТМ вакиллари билан боғланиб, ушбу масалага ойдинлик киритдим. Маълум қилинишича, келгуси йили информатика фани алоҳида блок бўлиши ҳақидаги хабарлар нотўғри. Келгуси йилда информатика фанидан саволлар бўлмайди.

Унда нима учун ДТМ сайтида тасдиқланган дарсликлар рўйхатида информатика фанидан ҳам дарсликлар кўрсатилган?

Бунинг сабаби шундаки, ҳарбий ОТМларда эски тартиб ҳалигача сақланиб қолган. Яъни ҳарбий йўналишдаги ОТМларда тестда 36 та савол тушади, математика блокидан 6 та савол информатика фанидан бўлади. Шу сабабли ДТМ сайтида информатика фанидан ҳам дарсликлар рўйхати эълон қилинган.

Агар Сиз ҳарбий ОТМга топширмасангиз, унда иккиланиб ўтирманг, тестда информатика фанидан саволлар бўлмайди, дейишмоқда расмийлар.


👉 @xushnudbek 👈
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Япониядаги оддий автотураргоҳлардан бирининг иш услуби


👉 @xushnudbek 👈