Xushnudbek.uz
514K subscribers
9.66K photos
2.45K videos
206 files
8.34K links
Huquqshunos Xushnudbek Xudoyberdiyevning Telegram kanaliga xush kelibsiz!

youtube.com/c/xushnudbekxudoyberdiyev

fb.com/xushnudjohn

twitter.com/xushnudbeck

instagram.com/xushnudbek

tiktok.com/@xushnudbekofficial

Reklama uchun:
@xushnudbekreklama
Download Telegram
Тест натижаси қачон эълон қилинади?
#abituriyent

Президент қарори билан жорий йилги тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, жорий йилда ҳам тест натижалари ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Фақат балл эълон қилишда тартиб бироз бошқачароқ бўлади.

Яъни абитуриент тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест топширган кунининг эртасига билиши мумкин. Лекин эртаси куни фақат неча балл тўплаганини била олади, кирган-кирмаганини эмас.

Унинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмаганига оид маълумотни эса тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида ДТМ сайтидан кўриб олиши мумкин.

Нима учун бундай бўлади?

Чунки жорий йилдан бошлаб абитуриент бир пайтнинг ўзида 3 та йўналишга ҳужжат топшира олиши расман тасдиқланди. Шунинг учун ҳам абитуриентнинг ўқишга кирган ёки кирмаганини 1 кунда айтиш имконсиз.

Мисол тариқасида тушунтираман. Хоразмлик абитуриент ЎзМУ, ТАТУ ҳамда УрДУга ҳужжат топширди дейлик. Тестга Урганч шаҳрида 3 август куни кирди. Ўз-ўзидан энди аввалги йилдагидек, фалон ОТМнинг тести 1 августда, пистон ОТМнинг тести 3 августда деган нарса бўлмайди, бу йил ОТМлар аралаш бўлади. Фақат йўналишлардаги фанлар блокига қараб абитуриентлар кунларга ва павильонларга ажратилади.

Шундан келиб чиқиб, 3 август куни тест топширган абитуриент ҳали якуний натижани била олмайди, чунки у каби ЎзМУ, ТАТУ ёки УрДУ учун ҳужжат топширган абитуриентлар 5 ёки 10 августда ҳам тестга кириши мумкин.

Ўшанчун ҳам аввал ҳамма тест топшириб бўлишини кутиш керак. Якуний натижа шундан кейингина маълум бўлади.


👉 @xushnudbek 👈
Audio
Рамазон. 9-кун.

Тавҳид. «Руҳий тарбия» туркумидан.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: islom.uz #ramazon

Каналга уланиш:
👉 @xushnudbek 👈
​​Кейинги йилдан барча йўналишларда имтиёз олиш учун B2 сертификат талаб қилинади
#abituriyent

Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2019 йилдаги 395-сонли қарорга кўра, қуйидаги даражалар акс этган сертификатлар бўлганда, чет тилидан энг максимал балл берилади ва абитуриент тестга кирмайди:

асосий блоки чет тили бўлганлар – CEFR B2 ва ундан юқори (IELTS 5,5 ёки TOEFL IBT 72);
2 ва 3-блоки чет тили бўлганлар – CEFR B1 ва ундан юқори (IELTS 4,5 ёки TOEFL IBT 42).

Лекин кўпчилик қарорнинг бир жиҳатига эътибор қаратмади ва хабарларда ҳам бу ҳақида айтилмади.

Яъни юқоридаги талаблар фақат жорий йил учун амал қилади, кейинги йилдан чет тили қайси блокда бўлишидан қатъи назар имтиёз B2 даражадаги сертификати бор абитуриентларга берилади. Яна ҳам соддароқ айтганда, B1 даражаси кейинги йилдан бошлаб кириш имтиҳонларида ҳеч қандай имтиёз бермайди.

Очиғи бунақасини кутмаган эдим. Ёдингизда бўлса, ўтган йили худди шу қарорнинг лойиҳаси муҳокама учун қўйилганди, лекин бу банд ўша лойиҳада йўқ эди. Унда қаердан пайдо бўлиб қолди? Ким қўшди? Нима мақсадда қўшди? Кимдир изоҳ берадими бунга?

Лойиҳа эълон қилинганда, кўпчилик B2 учун эътироз билдирганди. Лекин мен асосий блокка имтиёз бериш учун B2 талаб қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб пост ёзгандим (https://t.me/xushnudbek/1362). Унда қуйидагича фикрлар бор эди:

«Бошқа томондан қараганда, инглиз тили филологияси йўналишига ҳужжат топширган абитуриент инглиз тилини археология йўналишига топширган абитуриентдан яхшироқ билиши керакми? Нима учун оддий мактаб битирувчисига қўйилган талабни (B1) билгани учун инглиз тили ва адабиётига топширган абитуриентга тест синовларида максимал (!) балл бериб ва уни тестдан озод қилиш керак? Нима учун?

Инглиз тили бўйича таржима назарияси ва амалиёти йўналишида имтиёзга эга чиқмоқчими, марҳамат, ҳаммадан бир бош баландроқ эканлигини исботласин ва B2 даража билан максимал балл (30 тадан 30 та тўғри жавоб) олсин. Абитуриент ҳаммадан зўрроқ эмасми, унда кечирасиз, марҳамат қилиб B1 даражада тузилган тест саволларига эл қатори жавоб берсин ва зўр бўлса, ҳаммасига тўғри жавоб бериб, ўқишга кирсин».

Ҳалиям ўша фикрларимда собитман. Аммо кейинги йилдан қайси блокда бўлишидан қатъи назар барча йўналишларга B2 сертификат талаб қилинишини маъқулламайман.

Бевосита инглиз тилига ихтисослашган ва ихтисослашмаган йўналишлар орасида фарқ бўлиши, талаблар даражаси турлича бўлиши керак. Ахир бу оддий мантиқ-ку!

Яна бир жиҳатини инобатга олишларини илтимос қилар эдим. Бугунги кунда мактаб, коллеж ва лицейларда чет тилини ўқитилиш даражасини ҳаммамиз яхши биламиз, бу ҳеч кимга сир эмас.

Масалан, Президент Фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида B1-CEFR даражасига мувофиқ инглиз тилини ўзлаштирган умумтаълим мактаблари битирувчилари сонини 2019 йилда 10%, 2021 йилда 20%, 2025 йилда 50% ва 2030 йилга борибгина 100%га чиқариш режа қилинаётгани ёзилган. Бу ҳали B1 даража ҳақидаги режа. B2 га йўл бўлсин.

Мана шундай шароитдан келиб чиқиб, кириш имтиҳонларида талабни B2 даражасигача кескин кучайтириш ёшларда тил ўрганишга бўлган иштиёқни бадтар камайтиради. Бола психологиясида шунақа, кам-кам, кичик вазифалар бериб, уларда ўқишга мотивациясини ошириш керак. Бирданига мураккаб топшириқ уларни бездириб қўяди ва акс натижа беради.

Масалан, чет тили асосий бўлмаган йўналишларда IELTS 4,5 учун максимал балл берилишини эшитиб, кўпчилик ўқиш истагини билдирди. “Вой, анча осон бўлибдику, сал ҳаракат қилсам, бу даражани оламанку” деган ўй билан чет тилини ўқишга иштиёқ пайдо бўлди. Аммо энди уларнинг вазифаси янада мураккаблашди. Бунақа вазиятда IELTS 5,5 олиш учун кетадиган вақт ҳамда меҳнатдан қочиб, тинчгина таваккал тест ишлаб чиқиш вариантини танлаши мумкин.

Шахсий фикримча, токи халқ таълимидаги сифат талаб даражасига етгунча, бундай баланд талабларни қўймаслик керак.

Мутасаддилар бу қарорни ҳали ҳам қайта кўриб чиқишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Абитуриентлар томонидан энг кўп бериладиган саволлар
#abituriyent

Янги тартиб қоидалар ҳар доим тушунмовчиликларни ва кўплаб саволларни келтириб чиқаради, бу нормал ҳолат. “Нима, шуни ҳам тушунмаяпсанми” демаслик керак, токи одамлар янгиликларни моҳиятан тўла қабул қилгунигача тушунтириш ишларини олиб бориш лозим.

Жорий йилги қабул жараёнларида айрим нарсалар расман ойдинлашмоқда, шу сабабли абитуриентлар томонидан энг кўп бериладиган саволларга навбати билан жавоб бериб боришга ҳаракат қиламиз.

1️⃣ Assalomu alaykum. bir xil blokli bitta OTMning 3 ta fakultetiga xujjat topshirsa bo'ladimi. masalan Jahon tillar Universiteti. 1.ingliz tili va adabiyoti; 2.xitoy tiki; 3.ingliz tili filiologiya

ЖАВОБ: Ҳа, бўлади. Президент қарорида «учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди» дейилган. Яъни учта ОТМ эмас, йўналишни танлаш мумкин. Бундан келиб чиқиб, хулоса қилса бўладики, битта ОТМ доирасида ҳам фанлар мажмуаси (кетма-кетлиги) бир хил бўлса, 3 та йўналишга ҳужжат топшириш мумкин.

2️⃣ Salom.Abituriyentlar bu yildan kòrsatilgan summani tòlashadimi.(òtgan yil òqishga topshirib kirolmagan abiturentlar)

ЖАВОБ: Ҳа, ушбу ўзгариш жорий йилдан амал қилади. Яъни аввалги йилларда битирган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун ЭКИҲ ярим баравари (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Бу ерда 2 та муҳим жиҳат бор.

Биринчидан, қарорда «аввалги йилларда битирган» дейилган. Биз буни халқ тилида «аввалги йилларда йиқилган» деб талқин қиляпмиз. Лекин бир жойи борки, масалан, абитуриент 2018 йилда коллежни битиргану, лекин баъзи сабабларга кўра ҳужжат топширмаган ва жорий йилда 1-марта ўқишга топшираётган бўлса ҳам тўлов тўлаши керак. Демак, бу ерда дипломни қайси йили олгани муҳим, нечанчи марта ҳужжат топшираётгани эмас.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар тўлов тўлашдан озод этилади. Фақат бунинг учун ҳолатни тасдиқловчи қўшимча ҳужжатлар топшириш талаб қилинади.

3️⃣ 5 ta fandan imtixon topshirish keyingi yildan yo'lga qoyiladimi?

ЖАВОБ: Ҳа, кейинги йилдан. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилади.
Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган қуйидаги учта фан киритилади:
• она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили);
• математика;
• Ўзбекистон тарихи.

Иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади.

Бунинг тартиби қанақа бўлишини кейинги йил қабули яқинлашганда яна бафуржа гаплашамиз, насиб. Ҳозир унчалик муҳим эмас.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Forwarded from Муҳрим
Киро Альтман кимсан-кимсан ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан интервью олибди . Бир соатлик интервью. Қизиқ гаплар етарлича.

Масалан, «Акфа» ва «Артел» унчалик ҳам монополист эмаслигини картошка етиштириш мисолида тушунтириб берибди (лекин унчалик ишонарли эмас барибир). Яна, «Қозоғистон» кинотеатри олдидаги чорраҳани «КБ Стрелка» таклифи асосида қайта қуриш 1,1 миллион долларга тушган экан — лекин бунга ҳокимлик пул сарфламаган (пулни ким бергани тушунарли). Аҳмет Демир масаласига ҳам тўхталган: «Менимча, унинг пули йўқ», деяпти ҳоким.

Айтмоқчи, Ортиқхўжаев футболни ёмон кўраркан. Ва, Ортиқхўжаевнинг фикрича, ўзбекистонликлар ҳеч қачон навбатда туришни ўргана олмайди. Ва у ҳар куни: «Эй, Худо, ҳаммаси жонимга тегди», деркан. Ўзига-ўзи. Мен ҳам ҳоким бўлганимда, менимча, шундай деган бўлардим. Интервьюни кўринглар, бу қизиқ.

https://t.me/joinchat/AAAAAEG2GQMHhMdalJO5IQ
Учта ОТМ танлаш тартиби қандай бўлади?
#abituriyent

Shupaytgacha 3ta oliygohdan birini asosiy sifatida belgilash va agar Shu asosiy oliygohga õqishga Kira olmagan taqdirdagina keyingilariga Õtish imkoni Berilishi haqida eshitgandim. Bu degani biz 3ta oliygohdayam talabalikka tavsiya qilinsak biriga kantrakt biriga grant asosida õqishga kirsak Byudjetga kirganimizni tanlash imkoniga ega bõlamizmi???

ЖАВОБ: Абитуриентлар ҳужжат топшираётган пайтда, 3та йўналишни устувор кетма-кетликда белгилайди.

Яъни биринчи, иккинчи ва учинчи йўналиш сифатида қайси ОТМларни танлаганини олдиндан белгилашади. Худди шу пайтгача ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлар 2 та ОТМни танлагани каби.

Бундай вазиятда абитуриент устувор йўналишга кира олмаган тақдирдагина кейинги йўналишда омадини синаб кўриши мумкин. Агар хоҳ контракт, хоҳ грант бўлсин, устувор йўналишга тўплаган бали етса, унда кейинги йўналишлар учун баллари ҳисобга олинмайди ва танловда иштирок эта олмайди.

Ортиқча саволлар бўлмаслиги учун, мисол тариқасида тушунтираман.

Айтайлик, фарғоналик абитуриент тарих йўналиши бўйича қуйидаги кетма-кетликда ОТМларни танлади дейлик:

1-йўналиш: ЎзМУ
2-йўналиш: Шарқшунослик институти
3-йўналиш: ФарДУ

Абитуриент тест синовларидан умумий 150 балл тўплади, дейлик. Бу балл ЎзМУга контракт, ТДШИ ва ФарДУга эса бюджетга етарли бўлса, унда абитуриент қайси бирини танлаши мумкин? Шарқшуносликнинг бюджетини танласа бўладими?

Йўқ, бўлмайди! Бундай вазиятда абитуриентда танлов имконияти йўқ, у устувор йўналиш сифатида 1-ўринда ЎзМУни белгилагани учун, шу ернинг контрактига кирган ҳисобланади, қолган 2 та йўналиш инобатга олинмайди. Қачонки у ЎзМУга етарли балл тўплай олмасагина, кейин Шарқшунослик ҳисобланади. Агар абитуриент бали ЎзМУ ва Шарқшуносликка ҳам етарли бўлмаган тақдирдагина, кейин ФарДУ инобатга олинади.

Яъни устувор ОТМга кира олмасагина, балл кейингисига ўтади. Агар устувор ОТМга етарли балл тўпладими, тамом, у хоҳ бюджет, хоҳ контрактга кирган бўлсин, кейинги ОТМларга инобатга олинмайди, шу ерда тўхтайди.

Хулласи калом, абитуриентга танлов имконияти ҳужжат топшириш вақтида берилади. Ўша пайтда у ОТМлар рўйхати ва уларнинг кетма-кетлигини тўғри танлаши керак, тест ўтгандан кейин унда танлов ёки ўзгартириш имкони бўлмайди.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Касбий (ижодий) имтиҳон топширадиганлар учта йўналишни танлай олмайди
#abituriyent

Assalomaleykum Xushnud aka kasbiy ijodiy imtihon topshirdiganlar qanday yonalishlarni tanlaydi yoki faqat 1 ta otmga topshiradimi

ЖАВОБ: Ҳа, фақат 1 та йўналишга топшира олади. Учта йўналишни танлаш ҳуқуқи фақат тест синовлари топшириладиган ОТМлар учун амал қилади, холос.

Ҳозирча касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган йўналишлар учун бундай имконият йўқ. Келгуси йилларда қўшилиши режалаштирилмоқда.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган йўналишлар 2 та тоифага бўлинади.

1-тоифа: алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўлиб, уларда умуман тест синовлари ўтказилмайди, фақат касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлади. Бундай йўналишлар сони 17 та бўлиб, тўлиқ рўйхат мана бу ерда берилган.

2-тоифа: ҳам тест, ҳам касбий (ижодий) имтиҳонлар бўладиган йўналишлар. Бундай йўналишларнинг сони 23 та бўлиб, тўлиқ рўйхат мана бу ерда берилган.

Юқоридаги иккала тоифага кирувчи барча йўналишлар учун бир нечта йўналишни танлаш имконияти берилмайди. Яъни журналистика ёки санъатшунослик йўналишига топширсангиз, унда қўшимчасига бошқа бирорта йўналишни (ОТМни) танлай олмайсиз.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Ҳужжатлар қаерларда қабул қилинади?
#abituriyent

Xujat topshirish qachon boshlanadi unda onlayn tarzda shunga xam oydinlik kiriting iltimos tulov onlayn qaysi xisobga utkaziladi oldindan raxmat

ЖАВОБ: Ҳужжат топшириш санаси аввалги йиллардагидек қолган, алоҳида бошқача сана ҳозирча эълон қилингани йўқ. Яъни ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади.

Ҳужжат топширишда эса катта ўзгаришлар бор. Яъни қабул қуйидаги 3 та жойда бўлади:
Давлат хизматлари маркази (ДХМ) орқали — 5 та ОТМ (ТДЮУ, ҚДУ, ФарДУ, СамДУ, ГулДУ);
My.gov.uz орқали — юқоридаги 5 та ОТМ;
ОТМларнинг ўзида — қолган ОТМлар учун.

Бундан ташқари исталган ОТМ орқали бошқа ОТМларга ҳужжат топшириш мумкин.

Бунинг афзал томони шундаки, ҳужжат топшириш учун ОТМ жойлашган ҳудудга, масалан, айтайлик Тошкентга бориш шарт бўлмайди. Масалан, бухоролик абитуриент БухДУга бориб Тошкентдаги 3 та ОТМга: 1) ТТА; 2) Педиатрия; 3) Фармацевтика кўринишида ҳужжат топшира олади.

Ёки сурхондарёлик абитуриент ТерДУга бориб 1) ҚарДУ 2) СамДУ 3) ЎзМУ кўринишида топшира олади.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Учта йўналишга алоҳида имтиҳон бўладими?
#abituriyent

1️⃣ Abituriyent 3 ta oliygohga hujjat topshirsa, 2 ta oliygohning imtihon kunlari bir kunga to'g'ri kelib qolish ehtimoli yo'qmi? Bu muammo qanday bartaraf etilari?

ЖАВОБ: Абутуриент фақат 1 кун, 1 марта имтиҳон топширади. Мана бу постимда бунинг тартибини тушунтиришга ҳаракат қилганман: https://t.me/xushnudbek/2273

Яъни абитуриент бир марта тестга киради, 90 (60) та саволга жавоб беради, бўлди. Шунинг ўзи етади. Мана шу 1 мартанинг ўзида у учта йўналишга тестга киргандай бўлади. Бошқа куни яна тестга киришига ҳожат қолмайди.


2️⃣ Chirchiq PI va Denov filiali psixologiya defektologiya yunalishiga topshirmoqchi bulsam imtihhonga Toshkentga borishim kkmi

ЖАВОБ: Йўқ, Тошкентга келишингиз шарт эмас. Ҳужжатларни Ўзбекистоннинг исталган туманида топшириш имкони бўлгани каби, тестни ҳам исталган ҳудудда топшира оласиз. Бунинг учун олдиндан аризада тестни қайси ҳудудда топширишни белгилайсиз.
Эътиборли томони, албатта ОТМ жойлашган ҳудудни танлашингиз ҳам шарт эмас. Масалан, бухоролик абитуриент учала йўналишни Тошкентга топширган бўлса ҳам, Бухорода тестга кириши мумкин.


3️⃣ Kvotalar qanday boʻladi? Masalan , Qoqon DPI ga topshirib, oxirgi o'rinda 140 ball bilan kirdi, ammo bittasi 141 bilan boshqa institutdan qaytib kelsa, 140 ball olgan oʻz oʻzidan kirmagan hisoblsnadimi? Yaʼni pastga tushib ketadimi?

ЖАВОБ: Ҳеч ким ҳеч қаёқдан қайтиб келмайди. Мана шунақа “қайтиб келишлар”, яъни "каша" бўлмаслиги учун ҳам якуний натижалар барча тест топшириб бўлгандан кейин эълон қилинади.

Абитуриент эртаси куни ўзининг тестдан олган балини билади холос, аммо ҳамма тест топшириб бўлмагунча, кирган ёки кирмаганини била олмайди. Ҳеч кимга аввал “Сиз кирдингиз” дея эълон қилиб, кейин “узр, фалончи баландроқ балл билан қайтиб келди, сиз киролмадингиз” дейишмайди.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
​​Концертга билетни мажбурлаб сотган мактаб директори лавозимидан озод этилди

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ижтимоий тармоқларда чоп этилган “35 000 сўмлик мажбурий билет” ва “Ўқитувчиларга сотилаётган мажбурий билет” номли мақолаларида келтирилган маълумотлар ўрганилди.

Мазкур жараёнда Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, Қарши шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарияти, умумтаълим мактаблари директорлари ҳамда концерт дастури ташкилотчилари шахсий манфаатларини кўзлаб педагог-ходимларни мажбурий равишда концертга жалб қилганликлари аниқланди.

Жумладан, Қарши шаҳри ХТБ тасарруфидаги 23-сонли умумтаълим мактаби директори в.в.б. Р.Н ва 19-сонли умумтаълим мактаби директори С.А 35 000 сўмлик ҳар бир чипта сотувидан 5000 сўмдан ўзларига қолиши борасида концерт ташкилотчиси билан ўзаро келишган. Сўнгра 100 дона концерт чиптасини ўқитувчиларга мажбуран сотишган.

Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимларининг аралашувидан сўнг мактаб директорлари шу кунгача ўқитувчиларга сотилган концерт чипталари пулларини қайтариб беришган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан Қарши шаҳар ХТБ мудири ўринбосари Р.Жга ҳайфсан интизомий жазо чораси берилди. 23-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори в.в.б. Р.Н эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 19-умумтаълим мактаби директори С.А. жорий йилнинг 8 майидан буён соғлиғи яхши эмаслиги туфайли даволанаётгани боис унга нисбатан интизомий жазо чораси кўриш кейинга қолдирилган.

Ҳозирда Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.У. ва Қарши шаҳар халқ таълими бўлими мудири Б.Э.га интизомий жазо бериш масаласи кўрилмоқда.

Ҳурматли педагоглар! Сиз фаолият юритаётган таълим муассасасида ҳам шу каби ҳолатлар юзага келса, Халқ таълими вазирлигининг “Устоз овози” виртуал инспектор тизимининг телеграм боти ёки +99899 988 10 06 рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати


👉
@xushnudbek 👈
Учта йўналишни танлаш тизимидан мақсад нима?

Жорий йилдан бошлаб абитуриентларга фанлар мажмуи бир хил (кетма-кетлиги мос) бўлган 3 та йўналишга ҳужжат топшириш имконияти берилиши расман тасдиқланди.

Яна бир жиҳати 3 та йўналишни албатта учта ОТМда танлаш шарт эмас. Учала йўналиш ҳам битта ОТМда бўлиши мумкин. Масалан, бир пайтнинг ўзида Тошкент тиббиёт академиясининг 3 та факультетига ҳужжат топширса бўлади. Ёки агар истаса ТТАнинг 2 та йўналишига топшириб, учинчисини Стомотология институтидан танласа бўлади.

Бунақа тизимдан мақсад нима?

Чунки илгарилари абитуриент олдида фақат биттагина танлов имконияти бўларди. Натижада амалиётда шундай ҳолатлар кўп учрардики, кимдир 160-170 балл билан контрактга ҳам кира олмайди, яна кимдир бошқа жойда 90 балл билан бюджетга киради.

Кеча «Ахборот» дастурида шунга оид аниқ рақамлар келтирилди. Яъни ўтган йили 313 та таълим йўналиш бўйича 106 баллдан (56%) паст тўплаган 36 минг 448 нафар абитуриент ўқишга кирган.

143 та таълим йўналиши бўйича 106 баллдан юқори тўплаган 29 минг 322 нафар абитуриент эса ўқишга кира олмаган.

Бир нечта йўналишни танлаш имконияти эса мана шундай тенгсизликнинг олдини олади. Ажратилган квотани шунчаки омади келганлар билан эмас, балки бирмунча билимли талабалар ҳисобига тўлдириш имконияти ошади.

Ва ўз-ўзидан соғлом рақобат ҳисобига жорий йилда кириш баллари ошиши тахмин қилинмоқда. Бу шундоқ ҳам кириш бали юқори бўлган ОТМларга унча таъсир ўтказмайди, лекин кириш баллари паст бўлган йўналишларда баллар сезиларли ошиши мумкин.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Audio
Рамазон. 10-кун.

Ихлос. «Руҳий тарбия» туркумидан.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: islom.uz #ramazon

Каналга уланиш:
👉 @xushnudbek 👈
Сиртқи таълимда ҳам 3 та йўналишни танласа бўладими?
#abituriyent

1️⃣ Sirtqi talim shakliga ham 3ta oliy talim muassasasiga (yònalishga) topshrisa boladimi.

ЖАВОБ: Ҳа, бўлади. Абитуриентлар ҳужжат топшираётганда фанлар блоки мос келадиган 3 та сиртқи таълим йўналишларини танлаши мумкин.

2️⃣ Uchta OTM ga topshirishda sirtqi va kunduzgiga topshirish imkoni bormi? Masalan ikkitasi sirtqi bittasi kunduzgi qib!

ЖАВОБ: Йўқ, мумкин эмас. Бу ерда бир жиҳатни эътиборга олиш керакки, танланаётган 3 та йўналиш албатта битта ТАЪЛИМ ШАКЛИ доирасида бўлиши керак.

Яъни битта кундузги, битта сиртқи, битта кечки таълимни танлаб бўлмайди. Агар асосий ОТМ сифатида кундузгига топшираётган бўлсангиз, демак қолган 2 та йўналишни ҳам фақат кундузгилар орасидан танлай оласиз, сиртқи ёки кечки таълимни қўша олмайсиз. Ёки аксинча, агар сиртқига топширмоқчи бўлсангиз, демак барча йўналишларингиз фақат сиртқи таълим доирасида бўлиши керак.

3️⃣ Oʻqishga topshirsak diplomimizni qaytib berishadimi qaytib berishgan taqdirda sirtqi ta'limga topshira olamanmii

ЖАВОБ: кундузги йўналишларга ҳужжат топширганда диплом ва паспортни қайтариб беради, лекин бу абитуриентга сиртқига топшириш имконини бермайди. ДТМда база битта бўлади ва кундузгига топширганларни сиртқига қабул қилишмайди. Шунинг учун ёки кундузгига, ёки сиртқига топширишни олдиндан аниқлаб олишингиз керак.

4️⃣ Agar testdan yiqilgan taqdirda sirtqi taʼlim shakliga hujjat topshirsa boʻladimi?

ЖАВОБ: Йўқ, топшириб бўлмайди. Кундузги йўналишларнинг жавоби чиққан пайтда аллақачон сиртқига ҳужжатларни қабул қилиш тугаб бўлган бўлади.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Ўтган йилги B1 сертификатлар энди нима бўлади?
#abituriyent

1️⃣ Assalomu alaykum. 2018yilgi oktyabr oyida olingan B1 1-blok uchun maksimal balni beradi degan qaror to'g'rimi. Sizdan iltimos aniqlashtirib bering.

ЖАВОБ: Ҳа, тўғри. Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2019 йилдаги 395-сонли қарорида қуйидагича банд мавжуд:

«2019 йилга қадар ДТМ томонидан берилган миллий сертификатнинг имтиёзи унинг амал қилиш муддати даврида сақланиб қолинади».

Аввалги йилларда берилган сертификатлардаги имтиёз барча ОТМларга ўтар эди. Демак, ўша имтиёз сақлаб қолинади, яъни аввалги йилларда олинган B1 сертификат барча йўналишлар, ҳаттоки чет тили асосий блок бўлган йўналишлар учун ҳам чет тилидан максимал балл беради ва улар шу фандан тестдан озод қилинади. Ҳар ҳолда қарорда шундай ёзилган.

2️⃣ CEFR B1 2018-da olingan boʻlsa, 1-blokka yoki yuridik universitetga o'tadimi?

ЖАВОБ: Ҳа, ўтади. Чунки ўтган йили B1 сертификат олганлар Юридик университетда ҳам имтиёзга эга бўлган ва максимал балл олган эди. Демак, ВМ Қароридан келиб чиқиб хулоса қилсак, уларнинг имтиёзи 1-блок учун ҳам, ТДЮУ учун ҳам сақлаб қолинади.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Мурожаатларнинг сарсон бўлиши ҳақида

Бугун «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди.

Фармонга кўра, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этиладиган бўлди.

Эндиликда Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади.

Ҳужжатда яна кўп яхши жиҳатлар тилга олинган, масалан, тадбиркорларга мўлжалланган “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишлаб чиқиладиган бўлибди ва ҳ.к. Айниқса тадбиркорларга танишиб чиқишни маслаҳат бераман.

Шунингдек, фармонда “қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади” дея белгиланган.

Эътиборимни тортган жойи, аксарият ОАВлар фармоннинг айни шу қисмини муҳим янгилик сифатида сарлавҳаларга чиқармоқда.

Аслида бу ҳеч ҳам алоҳида муҳим янгилик эмас. Ўзбекистонда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун бор. Бу – қонун!

Унинг 25-бандида қуйидагича қоида белгиланган:
«Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади».

У хоҳ тадбиркор бўлсин, хоҳ ҳеч қаерда ишламайдиган бекорчи бўлсин, фарқи йўқ, ҳеч кимнинг мурожаати қуйига, яъни устидан шикоят қилинаётган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юборилиши мумкин эмас. Тамом.

Аммо амалда қандай? Тумандаги раҳбарнинг устидан арз қилиб республикага ёзсангиз, мурожаатингизни республика вилоятга, вилоят яна ўша тумандаги ташкилотнинг ўзига "адолатли ўрганиб, ҳал қилиш учун" қайтариб жўнатади. Қарабсизки, тақдирингиз яна ўша золимнинг қўлида қолади.

Буни раҳбарлар ҳам яхши билади. “Қаерга ёзсанг, ёзавер, барибир шикоятинг ўзимга қайтиб келади, ўшанда кунингни кўрсатаман” деган кайфиятда юришади.

Ёки мурожаатингиз камида Тошкент шаҳар ва Миробод тумани ҳокимликлари орасида мана бундай “копток” бўлгани каби сарсон бўлади.

Аслида Американи қайта кашф қилиш шарт эмас, шунчаки қонунларимизда ёзилган қоидаларга қатъий амал қилсак бўлди, уларда деярли ҳамма ажойиб қоидалар ёзиб қўйилган аллақачон.


👉 @xushnudbek 👈
Сизнинг қайсидир ташкилот ёки раҳбар устидан шикоят қилиб юборган мурожаатингиз яна ўша ташкилот/раҳбарнинг ўзига қайтиб келган ҳолат бўлганми?
Anonymous Poll
45%
Ҳа, шунақа бўлган
5%
Йўқ, ҳеч қачон бўлмаган
51%
Умуман шикоят ёзмаганман
Учта йўналиш учун фанлар кетма-кетлиги талаб қилинадими?

Бугун Адлия вазирлиги томонидан «Тараққиёт стратегияси» марказида Давлат тест маркази масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилибди.

Унда «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори муҳокама қилинган.

Матбуот анжуманида ДТМ вакиллари учта йўналишни танлаш бўйича изоҳ берар экан, фанлар кетма-кетлиги мос бўлиши керак, дея таъкидлашибди.

Президент қарори қабул қилингандан сўнг, учта фан бир хил бўлса кифоя, кетма-кетликка қаралмайди, дея хабар берган эдим.

Бугунги гаплар кўпчиликни иккилантириб қўймоқда. Кетма-кетликка қараладими ёки йўқми?

Олдиндан айтиб қўяй, мен таълим тизимида расман ишламайман ва ёзганларим расмий мақомга эга эмас.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида нима дейилган бўлса, ўша тартибни изоҳлашга ҳаракат қиламан, лекин мутасаддилар бунга амал қиладими, йўқми, бунисига кафолат бермайман. Ёзма қоидалар амалиётда бутунлай бошқача талқин қилиниши мумкин.

Энди фанлар кетма-кетлиги ҳақида. 2 та асосга кўра, бундай хулосани ёзганман.

Биринчидан, 15 февраль куни ДТМ томонидан Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада «абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларини танлашда имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослиги эътиборга олинади» деган алоҳида банд бор эди.

Лекин расман имзоланган Президент қарорида эса кетма-кетлик ҳақидаги банд олиб ташланган. Илк хулоса шундан эди.

Иккинчидан, учта йўналишни танлашда кетма-кетликка қаралмаслиги, лойиҳадаги ўша банд атайин олиб ташлангани тўғрисида таълимга бевосита масъул бўлган мартабали инсонлардан бири хабар қилган эди.

Менимча, кейин режалар яна ўзгариб қолган шекилли. Янада аниқроқ тахмин қиладиган бўлсак, ДТМ тайёрлаган техник база кетма-кетликка қатъий риоя қилишни талаб этади, дастурий таъминотни ўзгартириш учун эса энди вақт деярли йўқ. Ўшанчун фанлар кетма-кетлигига қаралиши таъкидланмоқда, менимча.

Шунингдек, масъуллар орасида барчаси ҳам янгиликларни бу даражада либерал бўлишидан манфаатдор эмасдек гўё. “Шунчасини ҳазм қилиб туринглар, жуда эркалаб кетманглар” дейишибди, шекилли.

Хуллас ўртоқлар, расмий маълумот ва тушунтириш керак бўлса, расмий ташкилотларга мурожаат қилинг, расмий сайтларига киринг. Сайтида Сиз хоҳлаган маълумот борми ёки йўқми, улар билан қанақа боғланасиз, улар Сизга тушунтириш берадими, йўқми, бунисини билмадим.

Агар мабодо жорий йилги қабул жараёнларида расман учта йўналишни танлаш учун фанлар кетма-кетлигига мос бўлишни талаб қилишса (чунки ҳалиям бир қарорга келинмаган, мавҳум бўлиб турибди), унда 2 кун давомида каналимда берилган нотўғри талқиндаги хабар учун ҳаммадан узр сўрайман. Умид қиламанки, бу хабар натижасида ҳеч кимга амалий зиён етмади, шунчаки Сизларнинг беҳудага хурсанд бўлганингиздан хижолатдаман. Абитуриентлар фойдасига яхши гумонда бўлибмиз, ёмонроқ ўйлашимиз керак экан.


👉 @xushnudbek 👈
Агар учта йўналишда фанлар кетма-кетлиги бошқача бўлганда баллар қандай ҳисобланар эди?

Жорий йилдан бошлаб учта йўналишни танлаш имконияти яратилади. Бу шубҳасиз, жуда қувонарли янгилик албатта. Бунинг фойдаси ҳақида мана бу ерда эслатгандик.

Лекин биз эълон қилгандек, фанлар кетма-кетлигига қаралмайдиган қоида ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда. Катта эҳтимол билан якунда йўналишлар танлашда фанлар кетма-кетлигини талаб қилишса керак. Майли, илгари шу ҳам йўқ эдику.

Масъуллар бунга изоҳ берар экан, фанлар кетма-кетлигига қаралмаса, абитуриент тўплаган балл турлича бўлиб қолиши, бу эса муаммони юзага келтиришини айтишибди. Аммо бу технологиялар ривожланган бир пайтда мутлақо муаммо эмас. Хўш, кетма-кетликка риоя қилинмаса, натижа қандай ҳисобланар эди?

Бунда абитуриентнинг натижалари учала йўналиш бўйича алоҳида балл сифатида эълон қилинарди. Чунки агар фанлар кетма-кетлиги мос бўлганда эди, умумий - бир хил балл чиқарди. Лекин фанлар кетма-кетлиги турлича бўлса, умумий балл чиқаришнинг имкони йўқ.

Келинг тушунарли бўлиши учун, юридик йўналишлар мисолида кўриб чиқамиз. Қизиқ томони, Ўзбекистондаги юридик йўналишлар учун тест синови 3 хил фанлар мажмуаси бўйича ўтказилади.

ТДЮУ учун:
Она тили ва адабиёт – 3,1
Чет тили – 2,1
Тарих – 1,1

ЖИДУ (халқаро ҳуқуқ) учун:
Тарих – 3,1
Чет тили – 2,1
Она тили ва адабиёт – 1,1

ҚДУ (юриспруденция) учун:
Тарих – 3,1
Она тили ва адабиёт – 2,1
Чет тили – 1,1

Абитуриент мана шу учала йўналишни танлади дейлик. Тестда қуйидагича натижа кўрсатди:

Тарих – 25 та тўғри жавоб;
Она тили ва адабиёт – 20 та;
Чет тили – 15 та.

Демак, ушбу абитуриентга эртаси куни тўплаган баллари қуйидагича кўринишда эълон қилинади:

ТДЮУ – 121 балл (20x3,1 + 15x2,1 + 25x1,1);
ЖИДУ – 131 балл (25x3,1 + 15x2,1 + 20x1,1);
ҚДУ – 136 балл (25x3,1 + 20x2,1 + 15x1,1).

Ва ушбу абитуриент худди шу баллар бўйича танловда иштирок этади. Яъни 121 балл ТДЮУга кириш учун етарли бўлса, унга киради. 131 балл ЖИДУга етарли бўлса, у ерга киради. Агар мабодо иккаласидан ҳам йиқилса, кейин 136 балл билан ҚДУга қаралади.

Буларнинг барчаси қўлда ҳисобланмайдику, хавотир олмаса ҳам бўлади, ақлли компьютер бир пасда жой-жойига қўйиб беради. Фақат хоҳиш ва истак бўлса кифоя. Балки жорий йилдан ҳам шунақа қилишар, балки кейинги йилдан бу тизимга ўтишар. Ҳар ҳолда кейинги йилдан барча йўналишларга бир хил B2 сертификат талаб қилинадику, чет тили масаласида ҳам муаммо юзага келмайди.

Айтганча, агар фанлар кетма-кетлигига қараш талаби қўйилса, унда ҳуқуқшунос бўлмоқчи бўлган абитуриентлар учта юридик йўналишни танлай олишмайди. Чунки уларда фанлар жойлашуви турлича.


Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқди. Бу маълумотни унинг ўзи Kun.uz’га тасдиқлади.

Бугун, 15 май куни Миллий олимпия қўмитасида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида мазкур масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтади. Унда Аҳмаджонов истеъфога чиқарилиб, қўмитанинг янги президенти эълон қилиниши кутилмоқда.

Айни вақтда қўмита раҳбарлиги учун номзодлар кўриб чиқилмоқда. Ҳозирча амалдаги раҳбарнинг ишдан кетиш сабаблари маълум эмас.


👉 @xushnudbek 👈
TOP-6. Пиёдалар учун ўлим хавфи бор тузоқлар

Яқинда россиялик Василий Орлов деган видео-блогерни ўзим учун кашф қилдим. Унинг Youtube каналида йўл транспорт ҳодисаларига оид қизиқарли ва энг асосийси анча фойдали видеолар бериб борилар экан. Шундай роликларидан бирида пиёдалар учун йўлларда ўлим хавфини юзага келтирадиган тузоқлар ҳақида гапириб берган. Бирмунча кўнгилни хира қиладиган ҳалокат кадрлари бўлса ҳам, лекин оддий тилда, мисоллар билан зўр тушунтириб қўйган.

Ҳақиқатдан пиёдалар мавзуси ҳар жойда бўлгани каби бизда ҳам ўта актуал. Баъзан одамларимизни йўлларда ўзини тутишини кўриб, наҳотки ўз ҳаётини ўзи учун бир пулга қиммат бўлса, деб ҳайрон қоламан. Баъзан эса ўта пессимистик руҳда “бу жамият ҳеч қачон маданият билан йўлдан ўтишни ўрганмаса керак” деб қўяман ўзимга-ўзим.

Хуллас, Василий Орловнинг ўша ролиги Ўзбекистон учун ҳам жуда актуал бўлгани сабабли уни ўзбек тилига дубляж қилдик. Умид қиламанки, бу кўпчилик учун фойдали бўлади. Видеони яқинларингизга ҳам албатта тарқатинг, улар ҳам ўзлари учун қимматли хулосаларни чиқариб олишса яхши бўларди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Youtube: https://youtu.be/Hw7skEMQ7_o
Mover (Tas-IX): https://mover.uz/watch/dTKAMnDm/
Оригинал (русча): https://youtu.be/vWJApqoukQ0

P.S.: овозим жуда унақа чиройли эмас, қозонда бори чўмичга чиқади, маъзур тутасизлар ))

❗️Видеода ҳалок бўлган инсон тасвирланган кадрлар мавжуд. Асаби бўшлар, ёш болалар ва ҳомиладор аёлларга кўриш тавсия этилмайди.


👉 @xushnudbek 👈
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
TOP-6. Пиёдалар учун ўлим хавфи бор тузоқлар

Россиялик видео-блогер Василий Орлов ўзининг Youtube каналида пиёдалар учун ўлим хавфини юзага келтирадиган йўллардаги тузоқлар ҳақида ажойиб ролик эълон қилган.

Ўша ролик мавзуси жуда актуал бўлгани учун ўзбек тилига дубляж қилдик. Умид қиламизки, бу кўпчилик учун фойдали бўлади.

Видеони яқинларингизга ҳам албатта тарқатинг!

❗️Видеода ҳалок бўлган инсон тасвирланган кадрлар мавжуд. Асаби бўшлар, ёш болалар ва ҳомиладор аёлларга кўриш тавсия этилмайди.

👉 @xushnudbek 👈