bakiroo
56.6K subscribers
953 photos
314 videos
5 files
6.08K links
Download Telegram
Аёллар дафтари. Ёшлар дафтари.

Бутунлай янгича иш ташкил этилади. Тизим яратилади. Дафтар бўлади.
Ремдесивир нархлари ва лаёқатсиз ССВ ҳақида

Монополияга қарши кураш қўмитаси Ремдесивир препарати ва гриппга қарши Инфлювак вакцинаси нархлари бўйича ўрганишлар амалга оширганини билдирмоқда.

Қўмитага кўра, Ремдесивирнинг максимал нархи 3 836 минг сўмга етган. Ўртача 1 066 минг сўм. Ўрганилаётган даврда Ремдесивирнинг нархи 1 800 минг сўмга ошган.

Препаратни 11 та импортер Ўзбекистонга олиб киради (буям савол, нега бунча кам, балки ССВга яқин бизнес эгалари бегоналарни бозорга қўймаётгандир).

Дарвоқе, 9 ой давомида мамлакатга 56 109 қадоқ Ремдесивир келтирилган. Коронавирусга чалинган беморларнинг ўртача ҳар ўнтасидан бирига, яъни ўта оғир ҳолдаги беморларга қўлланиладиган препаратга оид шу рақамнинг ўзи ҳам ССВ бераётган статистикани шубҳа остига қўяди. Бугунги кунда пойтахт ва вилоятлар бўйлаб Ремдесивирни топиш жуда мушкул иш.

Одамларнинг ҳаёти-мамоти ҳақида гап кетаётган бўлсада, муаммо ССВ томонидан на тан олинган ва ечишга уринишлар бор. Манфаатдор эмасмиз, деб қасам ичишларига қарамай ёлғон статистикадан тўғридан-тўғри манфаатдорлик бу ерда ҳам бор. Яширилаётган рақамлар мамлакат олий раҳбариятига касаллик тарқалишининг фожеавий картинаси ва оқибатларини тўла қабул қилишга тўсқинлик қилади. Демакки, ССВ менежментининг қанчалар уқувсиз ва лаёқатсиз эканини хаспўшлайди.

Айтгандай
, яна бир гап. Бу ҳам ССВ менежментининг уқувсизлиги ва ўзи белгилаган қоидаларга ўзлари амал қила олмаслигига мисол. Айнан ССВнинг лоббиси билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб дори-дармонларга нисбатан Референт нархлар қоидалари кучга киритилди. Унга кўра, Ўзбекистондаги дори-дармонлар нархи референт нархлар шакллантириш учун танлаб олинган 10та мамлакатдаги нархлардан ошмаслиги керак. Ремдесивир нархлари мисолида кўраяпмизки, ССВнинг аҳмоқона сиёсати ишламаяпти ва бу бўйича масъул бўлган ССВнинг ўзи вазиятни ўнглаш учун ҳеч қандай чора кўраётгани йўқ.

Маълумот учун, ўрганишлар давомида кўрилганки, дорихоналарда ва улгуржи савдода Ремдесивирнинг 7-8 баробаргача фарқли нархлар мавжуд.

ССВнинг
на вирус тарқалиши статистикасини тўғри юрита оладиган, на даволаш жараёнини ташкил эта оладиган ва на ўзи белгилаган қоидаларни назорат қила оладиган уқувсиз менежменти истеъфога кетиши керак. Бутун таркиби билан.

@the_bakiroo
Нормал компаниянинг хизматидан мижози норози бўлса, мижози зарар кўрса, компания нима қилади?

Ўлманг, компания дарров хатосини тан олади, узр сўрайди ва мижознинг хоҳишларини имкон қадар қаноатлантиради. Бу унинг имижини ҳам, репутациясини ҳам сақлаб қолади.

Нормал бўлмаган компания нима қилади? Э, дейди. ўзинг айбдорсанг, бизга нима, бор тошингни тер дейди. Масъулиятни олмаслик учун миллионта важ излайди.

Чунки бу компанияда на репутация, на имиж бор. Мижоз унинг учун бир тийин.

Танишинг: Бу компаниянинг номи "Ўзбекистон почтаси" ва бу компанияга давлат яна миллиардлаб пул тиқмоқчи.
Унчалик хайрли бўлмаган тонг

Ўзбекистон қонунлари амал қилмайдиган аномал ҳудудлар яна кўпаядиганга ўхшайди.

Қашқадарёда вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг топшириғи билан тижорат банклари прокуратура назоратига олинди.

Ҳурматли Зоир Тоирович, блокнотингизга, аниқроғи дафтарингизга ёзиб олинг ва ёдланг:

вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг, шу жумладан, кредит портфели ва банк активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига аралашиш тақиқланади.

https://t.me/qvprokuratura/1849
Бу ҳақида жуда кўп айтаман ва шу ерда яна ёзиб қолдиришни ҳам истайман:

Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибига шундай қўшимча киритиш лозим:

вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари расмий, норасмий, бевосита, билвосита аралашуви билан ажратиладиган ҳар қандай кредитлар, кредит ажратилган вақтдаёқ шубҳали деб топилиши ва эҳтимолий йўқотишларга қарши 50 фоиз захира яратилиши лозим.

Ҳурматли регуляторимиздан бу масалани жиддий ўйлаб кўриш кераклигини илтимос қилиб қоламан.

@the_bakiroo
"Бу ерда ҳокимликнинг Ахборот хизмати мулоқотни ёритишда ёки ёндошувни тўғри танлай олмаслигида бўлган. Ахборот хизмати раҳбари сифатида бўлим мутахассиси Т.Турдиев ёзган янгиликни (ҳамма ҳам хато қилади) хизмат сафари юзасидан туманларда бўлганим учун кўриб чиқмасимдан олдин расмий сайтимизга бериб юборилганини тан олмасдан иложимиз йўқ".

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев "ZOOM" орқали бўлган мулоқотда банкларнинг фаолиятига аралашиш фикридан йироқлигини, бироқ, тадбиркорларни ҳақ ёки ноҳақ эканлигини аниқлашда уларнинг мурожаатлари бузилган-бузилмаганлигини кўриб чиқиш учун прокуратура ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклифини берган, дейилади вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати баёнотида.
Forwarded from Ташқарида
​​Минтақа феномени

Қирғизистондаги воқеалар юзасидан Марказий Осиёнинг қолган 4 мамлакати кеча эълон қилган ягона баёнотнинг мазмунидан кўра айнан умумий позицияни ифодалаган битта баёнот қилиниши фактининг аҳамияти каттароқ. Бу Марказий Осиёнинг ниҳоят ҳақиқий минтақага (биринчи навбатда сиёсий маънода) айланиб бораётганини кўрсатади.

Таққослаш учун Қирғизистоннинг аввалги инқилобига эътибор қаратамиз. 2010 йил апрел инқилобидан 2 ой ўтиб мамлакат жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник қуролли можаро бошланган кунларда - 10-11 июнь кунлари Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 10-саммити ўтказилаётган эди.

Бирламчи мақсади минтақада хавсизликка таҳдидларга қарши кураш бўлган ушбу ташкилотнинг йиллик асосий йиғилишида, бевосита давлат раҳбарлари қатнашаётган бўлса ҳам фақатгина умумий декларациянинг бир хатбошини бағишлаш билан чекланганди.

Яна Қозоғистон ва Ўзбекистон алоҳида позициялар билдирган, шу билан тамом. Ўшанда минтақа бирлаша олмаганига сабаб сифатида умуман Марказий Осиёдаги минтақавий интеграция муваффақиятсизлигининг асосий сабабини келтириш мумкин - бу ташқи акторларнинг, яъни Россия ва Хитойнинг иштироки.

Узоқ йиллар давомида Россия Марказий Осиёдаги Россиясиз интеграцияга қаршилик кўрсатиб келган. Энг катта амбицияли ташкилот - Марказий Осиё Иттифоқи Россия қўшилгач тугатилганиги эсга олиш кифоя.

Сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари ҳам ўз истаклари, ҳам Россия бошқа муаммоларга чалғиб эътиборни камайтирганидан фойдаланиб мустақил минтақавий ҳамкорлик борасида анча олдинга силжиди. Қирғизистон масаласидаги оператив умумий баёнот ҳам шунинг натижаси.

Эндиликда айни пайтгача эришилган нуқтадан ортга қайтмаслик муҳим. Идеал вариантда Россия билан ҳам бошқа йирик ташқи акторлар - АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Япония билан бўлаётгани каби C5+ форматидаги муносабатларни йўлга қўйиб олиш керак бўлади.

@tashqaridaUZ
Марказий банк Ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича ахборотни очиқлади.

Ахборот хулосасида 2020 йил якунига қадар ички валюта бозорида ҳолатнинг нисбатан барқарор шаклланиши, алмашув курсининг кескин тебранишларига олиб келувчи фундаментал омиллар хатарлари эҳтимоли пастлиги кузатилаётганлиги билдирилган.

Гарчи пул ўтказмалари хажми учинчи ойдирки ўсиб бораётганига қарамай, аҳоли томонидан валюта сотиб олиниши ҳам ошиб бормоқда. Иккинчи ой кетма-кет аҳоли сотиб олган валюта хажми аҳоли сотган валюта хажмидан юқори миқдорни ташкил этган ва йил бошидан буён энг юқори кўрсаткичга етган.

Таъкидлаш керакки, Марказий банк интервенциялари хажми ҳам учинчи ой кетма-кет ортиб бормоқда.
"Тошкенттумангаз"га мурожаат ёки пломбасиз ўрнатилаётган "ақлли ҳисоблагичлар" ҳақида

Бугун “ақлли газ ҳисоблагич” ўрнатиб кетишганига 4 кун бўлди. Лекин ҳисоблагич ўрнатган "Тошкенттумангаз" вакилларига бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, ҳисоблагичга назорат пломбаси ўрнатилмай қолмоқда. Бунга оқибатда истеъмолчиларнинг ўзини айбдор ёки муттаҳам қилишлари мумкинлигини ўйлаб шу сатрларни ёзаяпман.

Келинг, бир бошдан бошлай.

2020 йил 24 сентябрдаги мана бу қарорга кўра, 2020 йил 1 октябргача Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими ўрнатилиши керак. Эътибор қилинг, қарийб ярим миллион аҳоли яшайдиган учта туманда ҳисоблагичлар ўрнатиш учун қарор қабул қилинган ва унинг ижроси якунигача 6 кун (!) вақт бўлган холос.

Ижро учун вақт камлигиданми ёки тепадан тезроқ жами қиймати 5 трлн сўмдан ошадиган ҳисоблагичларни ўрнатиб қутулиш талаб қилинганми, шунақа шошма-шошарлик билан амалга оширилаяптики, асти қўяверасиз. Кимларгадир ҳисоблагичлар шундоқ ташлаб кетилган. Ҳисоблагич паспортини беришмади. Таомил шунақаймуш.

Ҳисоблагичлар ўрнатиш бошланаётганини ўқигач, Тошкент туман газ вакилларини топдим. 6 октябрь куни туман газ вакили пайвандчи билан келишди. Пайвандчи наманганлик йигит экан, умуман бу ишга водийдан жуда кўпчилик жалб қилинибти.
Газ вакили пайвандчи ва ҳисоблагични қолдириб ўзи кетди. Бу орада фильтр сотиб олиш кераклиги ҳам уқтирилди, чунки берилаётган фильтрлар яроқсиз экан. Ҳисоблагич ўрнатаётганлар 40-50 минг сўмга ўз ёнидан фильтр сотиб олишмоқда. Энди тасаввур қилинг, республика бўйича 3,5 млн. дона фильтрнинг пули қанча бўлади. Ўзи фақат пул ўзлаштиришдан иборат лойиҳанинг ҳар бир занжирида шу сингари пул ўзлаштиришга айланган.

2 соат ичида ҳисоблагич ниҳоят ўрнатилди. Газ трубаларига ҳисоблагични ўрнатиш жараёнида 60 смлик труба 7 жойдан пайвандлангани, рости, мени хавотирга солди. Туман газ вакилидан сўрасам, ҳамма жойда шунақа қилишаётганмуш. Андижонда ўрнатилганидан 2,5 соат ўтиб портиллаган ҳисоблагичдан кейин хавотир олмаслик ҳам мумкинмас.

Ҳисоблагич қутисидаги ёзувларни ўқисам, ҳисоблагични намлик, қуёш нури, умуман олганда ташқи таъсирлардан ҳимояланган ҳолда ўргатиш лозимлиги белгиланган экан. Амалда эса шундоқ қуёш, ёмғир ва шамол тегадиган уйларга ўрнатилмоқда. Кимдир ҳисоблагичнинг ташқи қутиси ҳам берилиши лозимлигини айтди. Лекин мен кўрмадим. Хонадон эгалари кимдир пленка халта билан, кимдир картон коробка билан ҳисоблагичларни ўраб қўймоқда.

Дарвоқе, ҳали ёқилмаган газга шундоқ осмондан олиб 484 920 сўм қарздорлик ёзиб қўйишга ҳам улгуришипти. Газ вакилидан сўрасам, йигитлар компьютерга киритворган бўлиши мумкинлиги, энди бориб аниқлик киритишим кераклигини билдирди. Қаранг, улар сизга қарздорлик ёзворади, сиз эса минг овора бўлиб аниқлик киритасиз ва туя эмаслигингизни исботлашингиз керак.

Хуллас, ҳурматли "Тошкенттумангаз", ўрнатилган ақлли ҳисоблагич пломбасиз қолмоқда. Бунинг устига асоссиз қарздорлик ҳам ёзилган. Бу ноқисликни бартараф этилишини истеъмолчи сифатида яна қанча кутишим керак?
«UzAutoMotors иши» бўйича судда иштирок этяпман. Умуман шу ишни анча пайтдан бери кузатяпман. Шу постда масала юзасидан шахсий мулоҳазамни билдирсам.

Биринчи суд мажлисидан фарқли равишда, ўтган гал анча қизиқ савол-жавоб ва тортишув бўлди. Аммо Олий суд ахборот хизмати тарқатаётган расмий ахборотга (шу ва мана шу) эътибор қилсангиз, «Ўзавтомоторс» важлари зўр бериб келтирилади-ю, негадир Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилларининг гаплари битта жумла билан «ёпилади».

Аммо Kun.uz эълон қилган иккита видеода (айрим чўзилган қисмлари монтаж қилинган, аммо умумий контекст сақлаб қолинган) қўмита вакиллари ҳам дадил савол бериб, ўз манфаатини ҳимоя қилганига гувоҳ бўламиз. Расмий минбардан булар нега жарангламаяпти? Бу ҳолат менга жуда шубҳали туюлди.

Суд мажлиси гўё эски Ўзбекистон ва янги Ўзбекистоннинг курашидек, рост. Бир томонда либерал фикрли, монополистга қаршилар, иккинчи томонда консерватив, менимча, ишончсиз ва билган кишининг кулгусини келтирувчи важлар билан айни монополистларнинг ўзи. Негаки, қўмита вакилларининг савол-жавоби, ўзини тутиши чиндан ишончли чиқяпти. «Ўзавтомоторс» вакилларининг хатти-ҳаракати эса марҳум Хожибойнинг «қўйсанг-чи» мэмини эслатади.

Суднинг натижасини аввалдан тахмин қила олмайман, ахир бу — Ўзбекистон. Журналист Бобомурод Абдуллаев ишини ёритганимда ҳам кўпчилик унинг озод бўлишига ишонмаганди. Натижани эса биласиз.

Ёш ҳуқуқшунос, талаба ва ўрганувчилар учун «Ўзавтомоторс» кейси жуда уникал ҳисобланади. Мана батафсил мақола ва видеони кўринг.

Ps. Айтганча, ишни бошида текширувларга сабабчи бўлган депутатлардан бири — Расул Кушербаев билан интервью қилдим. Ўша интервьюда кўп гап чиқади, менимча эртага томоша қиласиз.

Спойлер: у судга катта умид боғламаяпти. Депутат бож масаласида жиддий курашни бошламоқчи.
Депутат Расул Кушербаев бож масаласида жиддий курашни бошламоқчи, деб ёзилмоқда.

Бу жуда тўғри. Монополист «Ўзавтомоторс»га қарши ҳар қандай восита билан курашиш лозим.

Шу ўринда ҳурматли депутатимиздан EQUINOX, TRAVERSE, TRAILBLAZER ва TAHOE моделларини импорт қилишда «Ўзавтомоторс» бож тўловларини амалга ошираяптими ёки йўқми, шу масалани ҳам кун тартибига олиб чиқишни сўрайман. Бу моделлар истисно тариқасида бож тўловларисиз Ўзбекистонга келтирилаётган бўлиши ва давлатга тўланиши лозим божлар «Ўзавтомоторс» томонидан фойда сифатида ўзлаштирилаётган бўлиши мумкин. Ахир «Ўзавтомоторс»нинг ҳар бир қадами ва бизнес схемаси "давлат сири" грифи билан истеъмолчилардан яширилган.

Агар прейскурант нархларини калькуляцияга солсангиз мазкур истисноли схемадан Volkswagen Caddy ва Škoda Kodiaq моделларини импорт қилишда ҳам фойдаланилаётган бўлиниши мумкинлиги борасида гумонлар пайдо бўлади.

Ва табиийки, ўз-ўзидан савол туғилади: Нега «Ўзавтомоторс» бож тўламай авто импорт қилиши мумкин, бошқа импортерларга бу тирқиш тақа-тақ ёпиқ.

Ўзбекистонда қонун барчага баробар эмасми?
Юқоридаги гаплар қуруқ бўлиб қолмаслиги учун

Польшадан тайёр ҳолда
импорт қилинадиган Volkswagen Caddy Cargo Ўзбекистонда 172,1 млн.сўмдан ёки Марказий банк курси бўйича 16 645 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Тасаввур қилайлик: импортчи бирон сўм фойда кўрмасдан, фақат раҳмат учун бу машинани сотмоқда, дейлик.

Одатда
импорт автомашина қийматини божхона қийматидан келиб чиқиб ҳисобланилади. Биз эса аксидан борамиз ва қуйидаги тенгламани ечишга ҳаракат қиламиз:

х+3х/10+1600*2.5*10339.68+ (х+3х/10+1600*2.5*10339,68)*15%+180*223000+25*10339.68=172100000

Бунда Х - Volkswagen Caddy Cargo божхона қиймати.

Тенгламани ечсангиз, Volkswagen Caddy Cargoнинг божхона қиймати 54,9 млн.сўм ёки 5 314 АҚШ долларини ташкил этиши кераклини билиб оласиз.

шунда импортер:
57,8 млн сўм божхона божи ( божхона қийматидан 30% плюс 1600 см3 двигателнинг ҳар бир см3дан 2,5 доллар);
16,9 млн.сўм ҚҚС;
0,3 млн.сўм божхона божи (25 доллар);
40,1 млн.сўм утилизация йиғими (180 базавий бирлик) тўлаши лозим бўлади.

Энди савол: Volkswagen Caddy Cargoни дунёнинг бирон жойидан 5 314 доллар нархда топиш мумкинми? Бўлиши мумкинмас, деяпсизми?

Унда сиз ҳам Volkswagen Caddy импортида божхона божи тўланмаяпти, деб гумон қилаётганлардан бирисиз!

Афанди айтмоқчи, агар бу мушук бўлса гўшт қани, агар бу гўшт бўлса, мушук қани?

P.s. вақтингиз бўлса тенгламадан фойдаланиб бошқа импорт қилинаётган автоларнинг божхона қийматини ҳам аниқлашингиз мумкин.

@the_bakiroo
Муштарийлар Volkswagen Caddy Cargo билан боғлиқ ҳисобларни кўриб, савол беришаяпти. Ахир бу машинани «Ўзавтомоторс» импорт қилмаяптику, деб. Тўппа-тўғри.

Volkswagen Caddyни «Ўзавтомоторс»нинг синглиси “Jizzax Avtomobili Zavodi” МЧЖ импорт қилиши ва қачонлардир ишлаб чиқариши керак. Масала шундаки, гарчи бизга танлов қолдиришаётгандек иллюзия яратишмоқда, аслида улар рақобатчи эмас. Бир позиция ва сегментга тўғри келувчи автомашиналарни асло импорт қилишмайди ва ишлаб чиқаришмайди. Чунки отаси битта. Тасаввур қилинг, улар Узавтонинг турли цехлари холос.

Энди, масалан Таиланддан импорт қилинаётган Chevrolet Trailblazer нархини олайлик. Бу автомашина «Ўзавтомоторс» томонидан ҳозир 398 млн.сўмдан ёки 38 492 доллардан сотилмоқда.

Агар «Ўзавтомоторс» барча божхона божи (156,8 млн.сўм), ҚҚС (46,6 млн.сўм), божхона божи (0,3 млн.сўм) ва утилизиция йиғимини (40,1 млн.сўм) тўлаб, ушбу автони Ўзбекистонга олиб кираётган бўлса, бу автомашинанинг Ўзбекистон чегарасига кираётганда божхона қиймати 154,1 млн.сўм ёки 14 903 доллар бўлиши керак.

Агар Chevrolet Trailblazer импортида божхона божи тўланаётган бўлса, Ўзбеккосмос яқинда Марсга космонавт учиради. Иккисининг эҳтимоли бир..
Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти бу йил Пол Милгром ва Роберт Уилсонга аукционлар назарияси учун топширилади.

Лауреатлар йиллар давомида аукционлар форматининг "ғолиб тамғаси" муаммосига таъсирини ўрганишган. Аукцион ғолиби тамғаси шуки, унда ғолиб савдолар бўйича объектни қимматроққа олиб қўяди ва зиён кўради.
Бугун селекторда Бош вазир Абдулла Арипов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддин Шариповни танқид қилиб, уни популизмда айблабди. Масала — «Ўзавтомоторс» иши.

Манбанинг айтишича, селектор кун тартибидан «Ахборот муҳитидаги ҳолат, матбуот котибларининг фаолияти самарадорлиги, улар томонидан ахборот манбалари билан ишлашдаги муаммо ва камчиликлар тўғрисида» мавзу ҳам жой олган.

Йиғилишнинг шу нуқтасида Бош вазир Шариповни танқид остига олиб, унинг раҳбарлигидаги қўмита томонидан эркатой «Ўзавтомоторс»га нисбатан кўрилаётган чораларни популизм, дея баҳоланганмиш.

Айтишларича, текшириш натижалари бўйича чет эл консалтинг компанияларнинг хулосасини олмаган ҳолда қўмита махсус комиссияси хулоса чиқарган.

Популизм? Яқин орада шу сўзга яна қаерда дуч келдик? Ҳа, эсладим, «Ўзавтомоторс» депутат Расул Кушербаевни популизмда айблаганмиди? Демак Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Ўзавтомоторс»нинг бир ўзи билан курашмаяпти, унинг орқасида ҳукумат турибди.

Қачондан давлат органининг назорат функциясини бажаришда чет эл консалтинг компанияларнинг хулосасини олиш талаби пайдо бўлиб қолди. Тушунарсиз. Қонун талабими бу, жаноб Бош вазир?

Расул Кушербаев, қўмитадаги 5-6 нафар ходим, майли, раиси Шарипов ҳам популист экан, шунчаки Ютубда эълон қилинган суд репортажи остидаги изоҳларни ўқинг. Наҳотки, бир гуруҳ манфаати халқ иродасидан устун турса?

Бир яхши инсон айтган: тушкун бўлма, бу — кураш майдони. Халқ фаровонлигини кўзлаб қадам ташлайдиганлар йўқ эмас, аммо унга қаршилар ҳар жойда ва вақтда топилган. Масала эса халқ манфаатини ўйлайдиган гуруҳи қанча эканида. Агар консерватив қадамлар кўпайиб, ислоҳотчилар ҳукуматдан четлаштирилса, ваъда бериб айтаманки, аниқ «суриш керак» бўлади. Чунки биз яна 2015 йилга қайтамиз.
Мен популистман

Агар Монополияга қарши кураш қўмитаси ўғри ва муттаҳам монополистларга қарши шунча қилаётган ишлари ортидан популист деб номланса, мен ҳам популистман.

Агар ягона сайланган депутат Кушербаев монополист "Узавтомоторс"га қарши жараёнларда популист аталса, мен унинг ёнидаман ва бундан фахрланаман.
Капиталбанк Apelsin иловасида HumoPay контактсиз тўлов тизимини синов тарзида ишга туширгани ҳақида маълум қилмоқда.

Яқин орада Humo тизимида тўловларни амалга ошириш учун пластик картанинг ҳам кераги бўлмайди.
Қирғизистон миллий банки бугундан бошлаб SWIFT тизими бўйича ташқи транзакцияларни тиклади.

Қирғизистондан ва Қирғизистонга тўловлар амалга ошириш мумкин, хусусан, халқаро пул ўтказмалари орқали ҳам.

Ўзбекистон фуқаролари ва тадбиркорларига Қирғизистонга пулли ўтказмалар ўтказишдан ҳозирча тийилиб туриш тавсия этилади.

Мамлакат ҳалигача легитим ҳукуматга эга эмас. Ҳукумат раиси ва ҳукуматни тасдиқлаш тўғрисидаги Жокоргу Кенеш қарори президент томонидан имзоланмай ортга қайтарилган. Чунки қонунчиликда белгиланган кворум таъминланмаган.
Афсуски, яна қайта ва қайта эслатишга тўғри келади

Бундан 10 ой аввал жуда яхши фармон қабул қилинган. Рақами 5893. Санаси 12.12.2019 йил.

Фармонда аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган:

"2021 йил 1 январдан бошлаб барча кредитлар тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда берилади".

Лекин афсуски, турли тоифаларни имтиёзлик кредитлаш тўғрисидаги қарорлар потирлаб чиқиб ётипти.

Охиргиси мана бу. Унга кўра, ёшлар ва хотин-қизларга 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида микрокредитлар ажратилади.

Бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратилмоқда. Баъзида ўйлаб қоламан, Ислом Каримов раҳматлидан қолган шу фондда қачон пул чайиб тугатилса, имтиёзли кредитлаш тўхтатилса керак.

Бундан сал аввал пахта териш машиналарини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳақида қарор қабул қилинганди. Манбаи яна ўша Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси.

Жиддий айтсак, ўзимиз аввал қабул қилган қоидаларга ўзимиз амал қилайлик, барака топгурлар. Қарорларни селектордаги топшириқдан чиқибоқ шошма-шошарлик билан принтердан чиқариш ва имзога киритишдан аввал аввалги ҳужжатларга мослигини бир текширинглар. Бунга катта ақл керакмас.

@the_bakiroo