bakiroo
51.8K subscribers
870 photos
248 videos
5 files
5.49K links
Ўйиндан ташқари фикрлар

Твиттер: https://twitter.com/the_bakiroo
Download Telegram
Монополист ва олигархлар тамшаниб туришипти: Метан нархига чекловларнинг бекор қилиниши бензин нархига қандай таъсир кўрсатади?

Яна 4 кундан сўнг, ўтган йили 1 октябрда кучга кирган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 3 250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича белгиланган ҳукумат мораторийси муддати тугайди.

Нархга чекловларнинг тугаши метан газ учун акцизнинг ошиши вақтига ҳам тўғри келмоқда.

Бундан ташқари янги нархларга, заправкаларнинг куз-қиш мавсумида йўқотган даромад маржиналлигини қоплашга интилиш ҳам таъсир кўрсатади. Шу сабабли, айрим газ тўлдириш шохобчаларида 1 апрелдан метан газ нархи 3 800 сўм бўлиши ҳақидаги эълонлардан ҳайрон бўлмаслик керак.

Май ойига мўлжалланган тарифларнинг оширилиши кутилмалари метан заправкалардаги нархларга таъсир ўтказишда яна давом этади. Яъни, бу ошиш охиргиси бўлмаслиги аниқ.

2023 йил октябридан метан нархининг ўртача 2 800 сўмдан 3 250 сўмгача ошгани монополлашган бензин бозорида ҳам нархларнинг ошишига олиб келганди.

Бу сафар ҳам шундай жараён такрорланиши, ўзи қиммат бўлган бензиннинг янада қимматлашиши эҳтимоли йўқ эмас. Чунки бозорни эгаллаб олган монополист ва олигархлар ҳар қандай вазиятда ва ҳар қандай баҳона билан нархларни ошириб олишга уринишади.

Сиз нима деб ўйлайсиз, антимонополия органи бу сафар ҳам жим турадими ё вазиятга аралашишга уриниб кўрадими?
15 фоизга "пасайтирилган" дизель ёғилғиси 24 фоиздан кўпга қимматлашди

12 февраль кунги селекторда биржа савдоларига қўйилаётган дизель ёқилғиси нархини 15 фоизга пасайтириш топшириғи берилгани эсингиздадир?

Топшириқдан бир кун ўтмаёқ, 13 февраль кунги биржа савдоларида дизель ёқилғиси тоннаси 11 092,5 минг сўмгача арзонлашган эди. Бу, февраль бошида кўтарилиб кетган нархларга нисбатан, масалан 6 февраль кунги ўртача нархга нисбатан 16,6%га арзонлашиш юз берди, дейишга асос ҳам беради. Феълан, топшириқ бажарилди. Лекин кейинчи?

Амалда, февраль ойи тугамаёқ дизель ёқилғисининг нархлари ошишни бошлаган ва шу тренд давом этмоқда. Кеча, 26 март кунги савдоларда 1 тонна дизель ёқилғисининг нархи 13 835,3 минг сўмгача кўтарилган. Яъни, 40 куннинг нарисида топшириқ бажарилиши учун арзонлаштирилган дизель, энди 24,7%га қимматроқ, нархлар арзонлашишишидан аввалгидан кўра 8%гача қимматроқ даражага чиқариб олинган.

Эсдан чиққунча, селектордан селекторгача қабилидаги иш тутуми бошқачароқ бўлиши мумкинми?
Автокредитлаш тўхтаб қолдими?

Февралда ўзагини автокредитлар ташкил этадиган истеъмол кредитлари қолдиғи атига 22 млрд.сўмга ўсган. 2023 йилда ҳар ойда триллионлаб ҳажмда ўсган автокредит портфели нисоби олинса, бу гўёки автокредитлашнинг тўхтаб қолгани билан баробар.

Лекин аслида бундай эмас. Банклар микроқарз ажратиш лимити 100 млн.сўмгача оширилгач, мазмунан автокредитларни ҳам микроқарз воситаси орқали молиялаштиришга ўтган бўлиши мумкин (+971 млрд.сўм).

Умуман олганда, январдаги қисқаришдан кейин кредитлаш жараёни яна жонлана бошлаган. Ой давомида банкларнинг кредит қўйилмалари 2,8 трлн.сўмдан кўпроққа ошиб, 472,4 трлн.сўмга етган. Кредит қўйилмаларининг ойлик ўсиши асосан 3та банкда Миллий банк (+1 125 млрд.сўм), Саноатқурилишбанк (+650 млрд.сўм) ва Ҳамкорбанкда (+437 млрд.сўм) кузатилган.

Банкларнинг кредит қўйилмалари сифати расмий рақамларда ҳам ёмонлашишда давом этмоқда. Ой давомида NPL қолдиғи 836 млрд.сўмга кўпайиб, 20,9 трлн.сўмга етган (портфелга нисбатан 4,4%). NPL'нинг кескин ўсиши БРБ (+547 млрд.сўм), Саноатқурилишбанк (+300 млрд.сўм) ва Ипотекабанк (+250 млрд.сўм) ҳиссасига тўғри келади.
Пойтахт аҳлининг овози ҳали ишлатилмай турипти

27 март ҳолатига, Ташаббусли бюджет бўйича лойиҳаларга жами 10 145,5 минг овоз берилган. Йиғилган овозларнинг 61 фоизидан ортиғи дастлабки 3 кунда тўпланган. Яъни, прогноз қилганимиздек, ким овоз йиғиш ҳаракатини эртароқ бошлаган бўлса, ўшаларнинг ғолиблиги эҳтимоли баланд бўлиб турипти.

Овоз йиғиш қийинлашиб бораётганини тармоқлардаги шовқинлардан ҳам сезаётган бўлсангиз керак. Бир фуқаро - бир овоз принципи, уяли алоқага эга индивидлар сони чеклангани ҳисобига ўтган йилгидек, асосий курашни охирги кунларга қолдиргани йўқ. Кундан кунга овоз берувчилар сони камайиб бораётгани шундан. Шу маънода, 20 кунлик овоз бериш марафони муддатини қисқартириш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш мумкин.

Ҳудудлар қирқимида аҳоли сонига нисбатан энг кўп овоз йиғилган вилоят бу Қашқадарё. Қашқадарёда қамров улуши 34,7%га етган. Қашқадарёликлар қандай ижтимоийлашгани ва мобилизация қудратига эга эканликларини намойиш этишмоқда.

Тошкент шаҳрида эса вазият аксинча. Аҳолининг атиги 14%и овоз беришга жалб қила олинган холос. Шу маънода қўшимча овозлар йиғмоқчи бўлаётганлар тарғиботни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида (23,5% қамров) ҳам кучайтиришларига тўғри келади.

Қамровнинг ҳудудлар орасида каррасига фарқланиши (туманлар орасида ҳам алоҳида таҳлиллар керак) овоз бериш учун пул таклиф қилиш методичкаси амалда ишламаётганини ҳам кўрсатади. Яъни, шартли равишда Андижонда 80 минг сўмга, Қашқадарёда қўзичоқ нисобига чиққан овоз Тошкентдагиларнинг овозини Андижонга ёки Қашқадарёга қаратиб кескин бураётгани йўқ.

Шу маънода, "мукофотлар учун эмас, ўзгаришлар учун овоз беринг" чақириғи ҳалида долзарб.

Овозингиз билан Ўзгартиринг!
Февралда депозитлар қолдиғи кескин қисқарган

Февраль ойи давомида Ўзбекистон банкларидаги жами депозитлар 4,2 трлн.сўмга қисгарган ва 237,9 трлн.сўмни ташкил этган.

Депозитлар қолдиғининг қисқариши асосан давлат банклари ҳиссасига тўғри келган (-4,5 трлн.сўм). Миллий банкдан бошқа барча давлат банкларининг депозит портфели қисқаришга учраган.

Жами депозитлар таркибида корпоратив депозитлар 6,4 трлн.сўмга камайган бўлса, омонатлар қолдиғи 2,2 трлн.сўмга ўсган.

Февралда Капиталбанк депозитлар бозорида анъанавий фаолликни сақлаб қолган (+772 млрд.сўм). Энг катта NPL'га эга Октобанкнинг бир неча ойдан буён давлатга боғлиқ йирик корпоратив депозитларнинг йиғишда давом этаётгани регуляторда ҳам, ўша депозиторларнинг ўзида ҳам савол туғдираётгани йўқ (+280 млрд.сўм). Бозордаги фаол учликдан Анорбанк ҳам ўрин олган (+200 млрд.сўм).
Сўмдаги ставкалар пасайиб, валютадаги ставкалар ошмоқда

Февраль ойи якунларига кўра сўмдаги кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 23,7%гача арзонлашган (-0,4%). Бунда чакана кредитларнинг нархи 24,4%гача пасайган бўлса (-0,7%), корпоратив кредитларнинг ставкаси 22,9% даражасида ўзгаришсиз қолган. Чакана кредитларнинг арзонлашгани айрим банкларнинг бир марталик акциялари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Сўмдаги кредитларга синхронликда сўмдаги депозитлар ўртача тортилган ставкалари ҳам бироз тушган ва 19,7%ни ташкил этган (-0,1%). Бундан чакана депозитлар нархи 21,3% даражасида ўзгаришсиз қолган бўлса, корпоратив депозитлар 17,9%гача арзонлашган (-0,6%).

Сўмдаги ставкалр пасайишни бошлагани фонида, валютадаги кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 9,8%га етган. Бу очиқ маълумотлар мавжуд даврдаги максимум. Бизнес учун яна валютадаги кредитларнинг афзаллиги иллюзияси пайдо бўлаётганга ўхшайди. Вақтинча узилишларни ёпиб туриш учун қисқа муддатли валюта кредитларига мурожаат қилишни тушунса бўлади, лекин узоқ муддатли валюта кредитлари бўйича, айниқса ҳозирги юқори ставкалар ва ноаниқликларда йўқотишлар эҳтимолини баҳолаб бўлмайди.

Сўмдаги ликвидликнинг ва таклифнинг етишмовчилиги банкларни валютадаги депозитлар ставкаларини кўтаришга ундамоқда. Ой давомида валютадаги депозитлар ставкаларининг яна кўтарилишнинг бошлагани (4,9%, +0,2%) мазкур тенденцияни характерлайди.
Қайси омонат афзал? 27% сўмда ёки 8% валютада?

Шу кунларда ўзбек банклари таклиф этаётган энг қиммат омонатлар сўмда 27%ни, валютада эса 8%ни ташкил этмоқда. Кўпчилик ақлли ва молиявий саводхон омонатчиларда танлов амалга оширилишида банкнинг номи, репутацияси, локацияси ва ўзаро ретроспектив муносабатлари жуда муҳим. Шу ва бошқа қўшимча таклиф этилаётган омилларни инобатга олмаганда, соф молиявий афзаллик нуқтаи назаридан қандай танлов манфаатлироқ, деган саволга ҳам оддий жавоб йўқ.

Демак, агар 2 йил давомида сўм АҚШ долларига нисбатан 32,75% ва ундан кўпроққа (ёки йилига 15,22%га) қадрини йўқотмаса, 27%лик сўмдаги омонат афзалроқ бўлиб чиқади.

Таъкидлаш керакки, 2017 йил сентябрдан буён ўтган даврда бир неч бор юз берган курс тўғирланишларига қарамай сўмдаги омонатлар валютадаги омонатлардан афзалроқ бўлиб келди.

Шунингдек, яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик лозим, яъни инфляция кўрсаткичи. Инфляция даражаси пул маблағлари қийматига валюта туридан қатъий назар ўз таъсирини кўрсатади. Хулоса қилиш ўзингиздан.
Ўзларингиз чиқарган қонун-қоидаларингизга Ўзларингиз ҳам амал қилинглар

Барака топгурлар, ўзи сал қия очилган автомашина импортини шу тартибда чекламоқчи бўлаётган экансизлар ёки импорт автомашина олди-сотдиси учун ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлик талабларини тикламоқчи экансизлар, амалдаги қонунга ва талабларга риоя қилинглар. Ёки очиқ-ошкора эълон қилингизлар, Ўзбекистон буёғига ҳуқуқий давлат эмас, деб. Ғинг деган номард.

"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган... янги чораларни белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши белгиланган. Яъни, айтайлик, кеча монополист лоббичилар фойдасига қарор чиқариб берганингизда ҳам бу қарор 28 июндан кучга киради, 1 апрелдан эмас. Бу қонун, уни айланиб ўтиб бўлмайди.

Иккинчидан, хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий қилиш Адлия вазирлиги томонидан баҳоланиши керак. Бу Президент қарори.

Учинчидан, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан олдин Президент ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказилиши керак. Буям Президент қарори.

Тўртинчидан, меъёрий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар доираси ва сонини чеклаш ... етказиб берувчиларнинг бир-бири билан рақобатлашиш имкониятини чеклаш ...етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида бир-бири билан рақобатлашиш истагини камайтирса ... рақобат учун салбий деб топилиши керак. Бу Ҳукуматнинг қарори.

Шундай экан, ҳеч қурса Ўзларингиз чиқарган қонун-қоидаларингизга Ўзларингиз амал қилинглар.

Агар нормал давлатлардаги каби нормал суд бўлганида бу каби монополистлар фойдасига нотариф манипуляциялар аллақачон бекор қилинган бўларди.

Худди шу каби манипуляция Маиший техника импорти масаласида амалга оширилганига ҳали 3 ой бўлгани йўқ. Легитимлиги савол остида бўлганига қарамай, юмалоқ ёстиқ бўлиб ўтиб кетганига энди бу қадам қўйилмоқда.

P.S. Айтишларича, автомашиналар импортини янада такомиллаштириш "ташаббуси" Техник тартибга солиш Агентлигидан чиққан экан.
Олтин нархлари мутлақ рекордни янгилади, бундан ўзбекистонликларга наф борми?

Бир унция олтиннинг нархи 2 230 долларга етди. Бу барча даврлар учун олтин нархининг қайд этилган янги максимуми. Ҳозирги котировкаларга чақилса, Ўзбекистон йилига камида 8 млрд.долларлик олтин ишлаб чиқаради ва сотади. Олтин нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 унция учун 1 800 АҚШ долл. нархидан 100 АҚШ долларига кўп бўлиши бюджетга 4,5 трлн.сўм қўшимча даромад беради.

Миснинг нархи март ойида тоннасига 8 800-9 100 долларлик юқори коридорда сақланмоқда. Мис нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 тоннаси учун 7 800 АҚШ долл.нархидан 500 АҚШ долларига ошиши бюджет тушумларини 940 млрд сўмга ошириши керак.

Ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон уран нархлари бўйича ҳам супердаромадларни олишни бошлади. Бир йил аввал уранниннг бир фунти 50 долларга етмасди. Ҳозир 90 доллар атрофида, максимумларда 110 долларгача чиқди. Энг камтар ҳисоб китобларда ҳам 800 млн.долларлик уран сотаётган бўлишимиз мумкин. Лекин асосий уран ишлаб чиқарувчи Навоийуран ДК фаолияти очиқ эмас, унинг моляивий натижаларидан тортиб, бюджетга бераётган тушумларигача.

Кейинги йилларда олтин ва миснинг, ўтган йилдан бошлаб ураннинг қулай конъюнктуравий нархларидан самарали фойдаланилдими, ўзи деган савол кўпчиликни қийнайди. Бюджетимиз мувозанатли бўлдими? Савдо баланси-чи? Ёки захираларимиз ошиб қолдими? Қарзларимиз камайдими?

Нима бўлгандаям ҳозирча олтинимиз бор, мисимиз бор, уранимиз бор. Буёғига шу 3 асосий ресурсимиздан ўзбекистонликларнинг манфаатдорлиги, қўлдан бой берганимиз газ сингари бўлмаслиги керак. Тамшаниб кўз олаётираётган очкўз олигархларнинг бу соҳаларга яқинлашишига асло йўл қўйиб бўлмайди.
Ўзбекистоннинг тожи НКМКнинг 2% акцияси нега Давактив ҳисобига ўтказилган?

Давактивнинг ўзига хос репутацияси ва айниқса, энг жозибали давлат активларини яширин "хусусийлаштириш" бўйича кенгайиб бораётган тажрибаси ҳисобга олинса, бу жудаям хавотирли қадам. Эътиборлиси бу ҳақда бирон бир очиқ маълумот берилмаган. Президентнинг 83- сонли қарори аввалги ва кейинги таҳрирларида ҳам НКМКнинг 100% улуши акциядори ўлароқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўрсатилган.

Эҳтимолки, НКМК 2% улушининг Давактив ҳисобига ўтказилиши қандайдир ёпиқ ёки махфий қарор билан амалга ошган. Давактив назоратига ўтказилган улушларни Ўзбекистонни талаётган олигархларга яширин "хусусийлаштириш" схемалари орқали қандай "совға" қилиши мумкинлигини билсангиз керак.

Ўзбекистонликлар, ОАВ, фаол жамоатчилик НКМКнинг 2% акцияси тақдирини ва жойига қайтаришларини сўраши керак! Агарда эртага НКМКдан ҳам маҳрум бўлиб қолишни истамасак.

Ўзбекистоннинг энг катта солиқ тўловчиси НКМК ғорат бўлган нефть ва газ активлари тақдирини такрорлаши мумкинлиги бўйича хатарлар йилдан йилга ошса ошмоқдаки, камаяётгани йўқ.

Комбинатнинг молиявий натижалари 2022 йилдан буён ёмонлашиб бормоқда. Четдан жалб қилинган "менежерлар" ўтказаётган "трансформация" харажатларни пасайтириш ўрнига кўпайтираётганини аввал ҳам ёзган эдик.

2023 йилнинг дастлабки 6 ойи ҳам бундан истисно бўлмаган (2023 йил якунлари бўйича ҳисобот ҳали эълон қилинмаган, НКМК миллий стандартлар бўйича молиявий ҳисоботларни умуман эълон қилмайди).

Демак, 2023 йилнинг 6 ойида тушум ортганига қарамай, харажатлар ўсгани учун соф фойда 841 млн.доллардан 774 млн.долларгача қисқарган (фойдадан солиқлар 619 млн.доллардан 547 млн.долларгача). Тўланган дивидендлар 454 млн.доллардан 326 млн.долларгача камайган.

Конлар ва фойдали қазилмаларга бўлган ҳуқуқларнинг қиймати 4 007 млн.доллардан 3 864 млн.долларгача қисқарган.

Кредит ва қарздорликнинг ҳажми деярли ўзгаришсиз қолаётган бўлсада, ўртача ставкаси 6,73%дан 8,57%гача кўтарилган (барча қарздорликлар доллар ва еврода номинацияланган).

Дарвоқе, НКМК кузатув кенгашида Марказий банк ва Солиқ қўмитаси вакиллари пайдо бўлган (қанақадир "мустақил аъзо" ва Давактив вакили янги таркибдан даф бўлган).

Кенгашнинг янги таркиби вазиятни қанчалик ўзгартира олиши савол остида. Очиқланган охирги муҳим фактларга кўра, НКМК ўз активларини текинга тақдим қилишда давом этмоқда. Хусусан, Жанубий кон бошқармасига қарашли бўлган Кадрлар тайёрлаш бўлими биноси “Инсон” ижтимоий хизматлар марказини жойлаштириш учун Давактивга ўтказиб берилган.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Марказий банк билан ҳамкорликда «Асакабанк» АЖ тажрибаси мисолида тўлов тизимлари операторлари ҳамда тижорат банкларига ўқув-семинари ўтказилди!

Жорий йилнинг 28 март куни Асакабанк Бош офисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Асакабанк томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Рақамли асрда хавфсизлик: киберхавфсизлик ва молиявий фирибгарликка қарши курашиш» мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Марказий банк, Асакабанк, Ички ишлар вазирлиги ҳамда дастур яратувчи хорижий ва маҳаллий компаниялар вакиллари, шунингдек, тўлов тизимлари операторлари ва тижорат банклари иштирок этишди.

👉Батафсил

👉Асакабанк Матбуот маркази
Реклама
Вазир Маҳкамов автобусда

Газета мухбири Шуҳрат Латипов Автомобилсиз кун баҳонасида Транспорт вазири ва йўловчи Илҳом Маҳкамов билан суҳбатлашган.

Суҳбат жонли ва самимий чиққан. Интервью жуда қизиқ бошланган, 151-автобус бекатдан ўтиброқ тўхтаганини ва икковлон автобусга қараб чопишганини кўришингиз мумкин.

Вазир суҳбат давомида йўл ҳақи масаласига ҳам тўхталган. 1 апрелдан ёқилғи нархлари ошаётганига қарамай, йўл ҳақи карта ё илова орқали тўланганида 1700 сўм миқдорида ўзгармай қоладиган кўринади. Лекин нақд тўланган тақдирда 3000 сўм этиб белгиланиши мумкин (бу йўловчиларни нақдсиз тизимга ўтишга кўпроқ ундайди, коррупциогенликликни камайтириб, йўл ҳақи йиғиш маъмурчилигини яхшилайди).

Маҳкамов яна трамвайнинг тикланиши, пул ўзлаштирувчилар ўйлаб топган канат йўли ва шаҳар ичида йўл ўтказгич/кўприк қуриш ташаббусларига ҳам ўз муносабатини билдирган.

Кейинги сафар Маҳкамов билан пиёда гурунгни ҳам кутиб қоламиз.
59 трлн.сўмлик дефицит

2023 йилнинг Консолидациялашган бюджети 59 трлн.сўм ёки ЯИМнинг 5,5%ини ташкил этган. Бу янги дейиладиган давр учун мутлақ қийматда янги рекорд.

Солиштириш учун охирги 5 йилда Консолидациялашган бюджет дефицити:
2019 йилда 13,2 трлн.
2020 йилда 26,1 трлн.
2021 йилда 40,8 трлн.
2022 йилда 35,2 трлн.
Субсидиялар бюджети

Кўп бора таъкидлаганимиздек, Ўзбекистоннинг асосий чўнтаги ҳисобланган бюджет субсидиялар бюджетига айланиб қолган.

2023 йилда субсидиялар суммаси деярли 2 баробарга ортган ва 29,3 трлн.сўмга етган.

Мазкур субсидияларнинг 20,8 трлн.сўми янги Ўзбекистоннинг энг зараркунанда, энг самарасиз ва энг катта қора ўпқони Энергетика ва Геология-қидирувга сарфланган.

2024 йилда вазият ўзгарган деб ўйласангиз, қаттиқ адашасиз. Мана шу лузерларга 2024 йилда янада кўпроқ 21,6 трлн.сўм субсидия ажратилган.

Бошқача айтганда, олигархия билан чатишиб кетганлар қанча кўп ўзлаштирса, қанча кўп нархини шиширса, қанча кўп зарар келтирса шунча кўп рағбатлантириш қоидаси ҳали бери тўхтамайдиган.
Ижтимоий харажатлар ошгани учун бюджет дефицити ошгани — бу миф

Ўзбек чиновниклар бутун 2023 йил давомида ижтимоий харажатлар ошгани учун дефицит ошиб кетди, деб эртак айтиб келишди. Аслида тескариси.

Демак, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилинган 2023 йилда Ижтимоий харажатларнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 49,7%дан 48,9%гача пасайган. Айниқса, соғлиқни сақлаш;, нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларида бу яққол кўринади. Соғлиқни сақлаш учун харажатларнинг улуши 2022 йилдаги 11,5%дан 11,0%гача, нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация улуши эса 8,2%дан 6,8%гача пасайган.

Унда улкан дефицит қаердан пайдо бўлган?

Бу ҳақда кейинроқ...
Тошкент ҳавоси Дели ёки Мумбайга айланиб қолмаслиги учун нима қилиш керак?

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб, барча ҳудудлар экологик ҳолатига кўра, "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик зоналарга бўлинади. Ўз навбатида, транспорт воситаларига ҳам уларнинг атроф-муҳитни ифлослантириш даражасига қараб "яшил", "сариқ" ва "қизил" стикерлар берилади.

Диагностик текширув ва сертификат бериш ҳудудлардаги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида бепул амалга оширилади.

Мазкур тизим учта босқичда жорий этилади:

биринчи босқичда (2024-2026 йилларда) - Тошкент шаҳрида;
иккинчи босқичда (2026-2028 йилларда) - Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);
учинчи босқичда (2028-2030 йилларда) - бошқа барча ҳудудларда.

Экологик ҳолати тегишли эгологик зонага мос келмайдиган автомобиллардан фойдаланганларга нисбатан жавобгарлик белгиланиб, ундирилган жарима маблағлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун йўналтирилади.

Электромобиллар, электромототцикллар ва ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган автомобилларга уларнинг эгалари томонидан юборилган онлайн мурожаатлар асосида "яшил" сертификат диагностик текширувларсиз, почта орқали бепул етказиб берилади.

Шунингдек, аҳолига "зарарли" тоифадаги автомобилини "тоза" тоифадаги транспорт воситасига алмаштириш учун субсидия бериш тизими жорий этилади.
"Админреформа" харажатларни оширдими ё камайтирдими?

"Админреформа" бошлангандаёқ у қандай тугашини, Паркинсон қонунлари мисолида амалдорлар рақиблари сонини эмас, ўзига бўйсунувчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилишларини, чиновниклар доим бир-бирлари учун иш ва лавозим яратишларини, ҳар қандай штат қисқартириши эълон қилиниши якунда штат кенгайиши ва бошқарув харажатларнинг ошиши билан якун топишини прогноз қилган эдик.

Амалда ҳам, афсуски, шундай бўлиб чиққан.

Эсингизда бўлса, ўзбекча "маъмурий ислоҳотлар" натижасида 2,8 трлн.сўм бюджет маблағлари тежаб қолиниши айтилган эди. Энг асосийси, тежалган пуллар ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилиши анонс қилинганди.

Қарангки, "Маъмурий ислоҳотлар" натижасида ўзбек чиновникларининг харажатлари 2,8 трлн.сўмга қисқариш ўрнига, 3,3 трлн.сўмга, 17 трлн.сўмгача ошган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви харажатларининг улуши 5,7%дан 6,0%га етган.

Бошқача айтганда, чиновниклардан тежалган пуллар соғлиқни сақлаш ё нафақаларга сарфланиш ўрнига, соғлиқни сақлаш ва нафақалардан қисилган пуллар чиновниклар фойдасига тақсимланган.

Бугун "Маъмурий ислоҳотлар"нинг бюджет маблағларини тежаш мақсадлари қандай бўлгани ҳақида ҳеч ким эслашни хоҳламайди. Келинг, мен эслатаман:

вазирлик ва идоралар штат бирлигини 30 фоизгача қисқартириш ҳисобига 2,4 триллион сўм;

ташкилот ва идораларни мақбуллаштириш ҳисобига бўшайдиган 300 дан ортиқ биноларни сотишдан 300 миллиард сўм;

раҳбар лавозимларини қисқартириш орқали тахминан 55 та автомобилларни аукционда сотиш ҳисобига 16 миллиард сўм;

ҳудудларга хизмат сафарларини қисқартириш, жойлардаги муаммоларни онлайн қабул ёки виртуал ташриф каби замонавий технологиядан фойдаланиш орқали қарийб 17 миллиард сўм;

давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига 22 млрд. сўм;

расмий тадбирларни ўтказиш бўйича харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 18 миллиард сўм.

Кимдир, "Маъмурий ислоҳотлар"нинг мазкур мақсадли кўрсаткичлари қандай ижро қилганини айтадими, ҳисобот берадими? Ё бўлди, ўрага сичқон тушди, гулдур-гупми?
“Ўзатом” унинг раҳбарлиги даврида тугатилишига, Россия билан АЭС бўйича музокараларимиз эса ортга бурилиб олиш имкони бўлмаган боши берк кўчага кириб қолишига тилакдошман".

Муҳримбойнинг тилакларига мен ҳам қўшиламан. Умидим, илинжим Худодан. Шу улуғ кунларда Худодан сўрайман. Россия қурмоқчи бўлаётган, пудратчи олигархлар пудратини оламан, деб тамшаниб турган АЭС деган бало қазони эмиссарларига қўшиб миллатимиз ва мамлакатимиз бошидан йироқ қилсин, даф қилсин.
Ўзбек чиновниклари ўзларини яхши кўргандек халқни яхши кўришгандами?

Ўзбек чиновниклари бюджетдан ўзларига ажратилган маблағларнинг ҳар йили режали ошириб боришлари ўз йўлига. Лекин амалда улар ўзлари ўзларига ошириб ажратган маблағларидан ҳам янада кўпроқ харажат қилишларига кўпчилик эътибор қаратмайди.

Масалан, 2019 йилда уларга бюджетдан 3,7 трлн.сўм ажратилган. Амалда 32,2% кўпроқ, қарийб 5,0 трлн.сўм сарфлашган.

2020 йил, халқ уйда қамалиб, эртага нима қилишни билмай яшаган оғир йилда, ўзбек чиновникларига бюджетдан 5,3 трлн.сўм ажратилган, амалда 39,4% кўпроқ, 7,4 трлн.сўм сарфлашган.

2021 йилда пандемиядан янада жиловсизланиб чиққан ўзбек чиновниклари "байрамни давом эттиришган". Бюджетда уларга 6,0 трлн.сўм ажратилган. Амалда 41,7% кўпроқ, 8,5 трлн.сўм сарфлашган.

Уруш бошланиб, ҳамма тийинини санашга ўтган 2022 йилда ўзбек чиновниклари ўзларига 9,1 трлн.сўм ажратишган. Бечоралар нима қилишсин, яна ўзларини тия олишмаган, 50,5%га кўп, 13,7 трлн.сўм сарфлаб қўйишган.

Бошқача айтганда, ўзбек чиновникларининг харажатлари аслида бир неча фоизга эмас, йилдан йилга каррасига ошиб борган. 2019 йилдаги 3,7 трлн.сўмдан 2023 йилда 17 трлн.сўмга, яъни 4,6 баробарга кўпайган.

Ахир улар нима қилишсин. Саноқсиз замлар, иккитадан биринчи замлар, пенсияга чиқишни истамайдиган, сталин замонидан қолган маслаҳатчилар, шотир ёрдамчилар, котибалар, иккитадан шўпирлар, ҳатто ошпазлар, пўрим кабинетлар, қиммат ва жуфт-жуфт хизмат мошинлар, бизнес классдаги ва джетлардаги учишлар, кўп юлдузли меҳмонхоналар, саноқсиз форумлар, хизмат сафарлари, банкетларга улар аллақачон кўникиб қолишган.

Лекин оддий Халқ-чи? Шу 5 йилда ўқитувчиларга, пенсионерларга, дўхтирларга харажатлар шунчалик оширилганми?

Сиз нима деб ўйлайсиз, амалдорларимиз қачон халқни ўзларини севгандек севишни бошлашади?
Иккитадан биринчи ўринбосар янги нормами?

Ўзбекистон учун ихчам ҳукумат ушалмас орзу бўлиб қолаверади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ва энди Энергетика вазирлигида ҳам вазирнинг иккитадан биринчи ўринбосари бўлади.

Вазирликларнинг бир бирига "матрешка" услубида кийгазиш билан бошланган "Маъмурий ислоҳотлар"дан 3 ой ўтмай, вазирликларнинг қайтадан туғилиб, ажралиб чиқиши ёки ҳатто бутунлай янги вазирликларнинг тузилиши ўтган йилнинг асосий трендига айланган эди. Чиновникларни боқиш харажатларини қисқартирамиз, деб бошланган "админреформа" харажатларнинг кўпайишига олиб келгани бежизга эмас.

Энди бу йилги тенденция замларнинг, айниқса иккинчи биринчи замларнинг кўпайтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Нега Маданият вазирлигига иккитадан биринчи зам мумкин, Спорт вазирлигига мумкинмас? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мумкин, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мумкинмас? Энергетика вазирлигига мумкин-у, Транспорт вазирлигига мумкинмас. Ўзларига ўзлари лавозим ва рўтба ясовчи ўзбек чиновниклари сабаб ва важларни топишади, ишонинг.

Айтишларича, ўтган йилги номинал қисқартиришлардан вазирлик ва идоралардаги раҳбарлар зиён кўрмаган (жуда бўлмаганда мошини ва кабинети бор иш топиб берилган). Асосий зарбани ишловчи ўрта ва қуйи қатлам олган. Ишлайдиганнинг ўзи йўқ, буйруқ берадиган вазир, вазирча ва замлар кўп. Соат тунги биргача вазирлар ё замлар эмас, қора меҳнат қилаётган оддий ходимлар ўтирипти.

Ўзбекистон ЯИМ 2019 йилдан 2023 йилгача жорий нархларда 511,8 трлн.сўмдан 1 066,6 трлн.сўмгача, икки баробарга ўсган. Лекин ўзбек чиновникларини сақлаш (боқиш десак хафа бўлишмасин) учун харажатлар 4,6 баробарга ўсган. Шу рақамнинг ўзиёқ уларнинг қанчалик "семиртириб юборилганини" эканини кўрсатади.

Нормал давлатларда айтайлик, сайланадиган ва ҳисобдор ҳукуматларда иқтисодий ўсишдан кўра бошқарув харажатларининг ўсиб кетиши жамиятда жиддий саволлар уйғотади. Кўпинча бундай тенденция муддатидан олдин сайловлар билан тугайди. Бизнес компанияларда ҳам тушумга нисбатан бошқарув харажатлари ошишни бошласа, айнан бошқарувчилардан воз кечилади. Ишчилардан эмас.