Ташқарида
1.55K subscribers
32 photos
9 videos
2 files
212 links
Ташқи дунёда муаммоларга бўлган ёндашув ва халқаро ҳаёт ҳақида ҳаммага тушунарли тилда



Саволлар учун: @Tashqarida_aloqa_Bot
Download Telegram
Forwarded from bakiroo
"Мен учун оилам бизнес билан боғлиқ бўлмаслиги ўта муҳим эди"

"Президентлик йилларимда қариндошларимнинг кўпчилиги мен билан гаплашмай қўйишган. Бизда оилавий ва оила атрофида жуда кўп драмалар юз берган, чунки айрим қариндошларим уларга ёрдам беришим зарур, деб ҳисоблаган. Амалда бунинг тескариси бўлган.

Яқин қариндошларимдан бири Грузия касаба уюшмаларини бошқарган ва табиийки, Атиргул инқилобидан аввал менга кўп ёрдам берган. Касаба уюшмалари нима ўзи? Пул қиладиган цех. Уларда сотиладиган, ижарага бериладиган ҳадсиз-ҳисобсиз бинолар бор. Пулларнинг бир қисмини ҳукумат ва кучишлатарлар билан бўлишишар эди...Биз касаба уюшмаларнинг барча мол-мулкларини миллийлаштирдик. Қариндошим дарғазаб эди, унинг хотини чопиб келиб, биздан ўпкалаган: Оиламизни оч қолдиришга, даромадсиз қолдиришга уялмайсизми?

Отам раҳбарлик қиладиган бальнеологик марказдан бўлак Грузиянинг барча тиббиёт марказлари хусусийлаштирилган эди. Кўп марказларни ўша марказлар раҳбарлари ёки жамоаси хусусийлаштириб олишган, лекин мен отам ниманидир хусусийлаштириб олишига йўл қўймаслигим лозим эди. Мен қўл остимдагиларни бу муассаса хусусийлаштирилмаслиги ҳақида қаттиқ огоҳлантирдим. Албатта отам жудаям норози бўлди. У ҳозир ҳам шу марказда директор бўлиб ишламоқда, янги ҳукумат ҳам хусусийлаштириб олишга рухсат бермаган.

Укамнинг юридик фирмаси бўлган. Кунлардан бирида у Олий судда муҳим процессни ютиб чиққанини билиб қолдим. Шу заҳоти ички ишлар вазири ва прокурорни чақириб, уларнинг ҳузурида укамга айтдимки, агар у фирмасини ҳозироқ ёпмаса унда катта муаммолар бўлишини айтдим. У шундай қилишга мажбур бўлди.

Яхшики, Грузияда хотиним тарафидан қариндошларим йўқ эди. Лекин шу ерда ҳам силлиқ кечмаган. Тбилисида жамоат транспорти қолмаган эди. Ғазнада пул йўқ, шунинг учун шаҳар мэрияси Голландиядан ишлатилган автобусларни арзонгаровга сотиб олади. Бир неча йил ўтиб улар ишдан чиқади, лекин биз бу ишдан , гарчи ўша пайтда пойтахтда жамоат транспорти пайдо бўлганига қарамай, афсусланганмиз. Чунки кўпчилик автобуслар голландларникими, демак уларни менинг голланд хотиним келтирган, деб ҳисоблашган. Уларни "Сандра автобуслари" деб аташган. Бундан бошқача бўлишини тасаввур қилиб бўлмасди ҳам."

Михаил Саакашвили. "Уйғонган кучлар. Украинанинг келажаги учун Грузия сабоқлари" китобидан.
​​1-августдан Қозоғистонда коронавирус ва пневмония ташхиси қўйилган беморларнинг бирлаштирилган статистикаси эълон қилина бошланди. Биринчи кун якунларига кўра Қозоғистонда жами 6400 дан ортиқ ҳолат қайд этилган, шундан 5200 га яқини пневмония билан оғриган. Шу пайтгача фақатгина кунлик 1000 дан ортиқ коронавирус қайд этилиб келинаётганди.

Мамлакатдаги жами расман айнан коронавирус билан оғриган (пневмониядан ташқари) беморлар сони 90 мингдан ошди. Шу пайтгача ҳисобга қўшилмаган пневмония ҳолатлари 300 мингдан ортиқ бўлгани айтилмоқда. Қўшнилар ҳақиқатга яқинлашиш йўлини танлагани қувонарли.

@tashqaridaUZ
​​Туркманистоннинг қўшниси ҳақида

"Ҳукумат эпидемия масштабини онгли равишда яширмоқда. Бир неча маҳаллий врачлар буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус хизматларнинг назоратида эканлиги билан изоҳлаган. Дастлаб уларда тест йўқ эди, кейин тест пайдо бўлди, лекин етарлича кенг ишлатилмади. Махсус хизматлар коронавирус кириб келганини тан олишни исташмади".

Бу гаплар ҳалигача коронавирус қайд этилмаган мамлакат - Туркманистон ҳақидадек туюлиши мумкин, бироқ бу унинг қўшниси Эрон ҳақида. BBC форс хизматига аноним манбадан келган ҳукумат учун алоҳида тайёрланган беморлар рўйхатидан маълум бўлишича, Эронда 21 июль ҳолатида 450 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган, бу борадаги расмий кўрсаткич эса 276 минг эди.

Шу санагача ўлимлар сони эса аноним рўйхат бўйича 42 мингдан ошган - бу расмий статистикадан уч марта кўп дегани. Шунингдек коронавирусдан илк ўлим 22 январда қайд этилгани маълум бўлган, расман илк ўлим эълон қилинган 19 февралда эса жами ўлимлар сони 52 тага етганди.

Расмий статистика ва аноним манбадаги ўлимлар сони битта графикка қўйилганда пайдо бўлган иккита эгри чизиқ бир-бирини такрорлаган (суратга қаранг) ва бу рақамлар онгли равишда камайтириб кўрсатилганидан далолат беради.

@tashqaridaUZ
​​Ҳокимият шахсни қандай ўзгартиради?

"Мен унинг олдига президентлигида эмас, мухолифат сиёсатчиси бўлганда ўтганман. У мухолифатда эди, тиззалари чўзилган спорт кийимларини киярди, ўзгаришлар ва эски партия номенклатурасига қарши кураш билан боғлиқ сифатида кўриларди.

Кейин эса метаморфозалар бошланди, у ўзгара бошлади. Ўйлашимча, асосий муаммо шундаки, у ҳокимиятни ташкиллаштиришнинг жамият билан қайта алоқа режимига йўл бермайдиган тизимини тузди.

У ўзининг дунёсида яшайди, у анча олдин, бунақа коронавируслардан анча аввал ўзини изоляция қилган. Уни халқ қанчалик яхши кўриши, у қандай ажойиб ва буюклиги ҳақида фақатгина яхши нарсаларни айтадиган одамлар ўраб олган. Матбуотда танқид йўқ, телевидениеда ҳам, ва оқибатда шахснинг бутунлай ўзгариши содир бўлди".

Бу Беларусь президентлик сайловида номзодини қўйишни истаган, лекин рад этилган, ҳибсга олиниш хавфи туғилгач Россияга қочишга мажбур бўлган Валерий Цепкалонинг 1994 йилдан буён тахтдан тушмаётган Александр Лукашенко ҳақидаги фикрлари.

Цепкало мустақил Беларуснинг биринчи раҳбари Станислав Шушкевичнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган. 1994 йилдаги президентлик сайловида у Шушкевич жамоасидан кетиб, энг ёш номзод Александр Лукашенко жамоасига қўшилган.

Сайловдаги ғалабадан кейин Цепкало Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, 1997-2002 йилларда Беларуснинг АҚШдаги элчиси бўлган. Юртига қайтгач, беларуслик дастурчиларни жаҳон бозорига олиб чиққан Юксак технологиялар паркига асос солган ва 12 йил бошқарган.

Яъни амалда у 10 йилга яқин бевосита Лукашенко жамоасида ишлаган, шундан кейин ҳам ҳукумат билан муроса йўлини топиб ишлашга ҳаракат қилган. Бироқ ҳатто шундай одам ҳам қарши чиқиши Лукашенко тизимининг ҳақиқий инқирозидан дарак беряпти. Эҳ, постсовет мамлакатлари, бунчалик ўхшашсизлар-а?

@tashqaridaUZ
Беларусда 4 кун олдин бошланган президент сайлови учун олдиндан овоз бериш жараёнини кузатишга қўйилмаган мустақил кузатувчи ташқаридан дурбин билан кузатяпти. Бутун сайлов жараёнини очиб берадиган сурат. @tashqaridaUZ
​​Беларусь учун муҳим кеча

Беларусда президент сайлови якунланди. Ҳукумат назоратидаги экзит-полл Лукашенконинг 80% овоз олишини айтмоқда - расмий натижани шунга яқин чизишмоқчига ўхшайди. Хориждаги участкаларда эса мустақил экзит-полл Тихановскаянинг 71% овоз олишини кўрсатяпти.

Бундан ташқари, мамлакат ичидаги алоҳида участкаларда - ҳукумат натижаларни сохталаштиришга ҳожат йўқ деб ҳисоблаган жойларда - Тихановская РАСМАН ҳам ғалаба қозоняпти.

Энг эътиборли ҳолатлардан бири - Минск областидаги Теплень қишлоғидаги ғалаба(суратда), чунки одатда қишлоқлар пропаганданинг асосий нишони ва амалдаги ҳукуматни нима бўлганда ҳам қўллаб-қувватлайди.

Бу орада мамлакат пойтахти Минск шаҳри хавфсизлик хизматлари томонидан ҳар тарафдан ўраб олинган. Аҳоли эса участкалар олдида тўпланиб натижалар эълон қилинишини кутмоқда, шундан кейин Лукашенкосиз ҳақиқий сайлов ўтказишни талаб қилиб намойиш ўтказиш режалаштириляпти.

@tashqaridaUZ
Вазият қурбонлари

Беларусда режим алмашиши эҳтимоли (йўқлиги) ҳақида Carnegie Russia'дан яхши мақола - Лукашенко режимининг охири кўрингандай туюлаётган бўлса-да, нега аслида бу анча қийинлигининг сабаблари санаб чиқилибди.

Ташқарида исташмайди

Ғарб Беларуснинг Россияга қарамлигини камайтира оладиган ечим таклиф қила олмайди. Уларнинг мақсади - вазият ҳозиргидан ҳам ёмонлашмаслиги. Лукашенкони ағдаришга ёрдам бериш 2014 йилда Украинада бўлгани каби Россиянинг аралашувига олиб келиши мумкинлигидан қўрқув бор.

Шундай экан, Лукашенконинг диктаторлигига унинг Россияга қарши гибрид курашдаги ҳиссаси эвазига кўз юмса бўлади - масалан 2001-2005-йилларда ва ҳатто 2009-йилдан кейин Ғарб Ўзбекистон билан шу принцип бўйича ишлайверган (Афғонистон туфайли).

Санкциялар ҳам қўйилмаса керак - нима учун қўйиш кераклиги номаълум: мухолифат номзодлари рўйхатга олишдан олдин ҳибсга олинган, уларнинг ортида партиялари йўқ, уларга сиёсий айбловлар қўйилмаган - хуллас яхши тайёргарлик кўрилган.

Россия эса Лукашенконинг қанчалик қийналаётганини кўришдан роҳат олаётган бўлса ҳам, уни алмаштириш фикридан йироқ. Беларусни тўлиқ босиб олиш ҳатто Россия учун ҳам жуда шубҳали ва қиммат ҳаракат бўлиши туфайли Лукашенко қолавергани маъқул - чунки исталган бошқа номзод қанчалик россияпараст бўлмасин барибир Ғарб билан яқинлашиш имкониятини қўлдан бой бермайди.

Сайловда мухолифат номзодлари Россияга Лукашенкодан кўра анча дўстона муносабатда бўлишига ҳам сабаб шу, бироқ Беларусда Арманистон сценарийси имконсиз. 2018 йилда Москва Арманистонда халқ Саргсянни ҳокимиятдан кетишга мажбур қилганда аралашмаганига сабаб - Қорабоғ можаросидаги ричаглари туфайли мамлакат ташқи сиёсати ўзгариб кетмаслигига кафолат борлиги эди.

Беларусь эса Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги 6 умумий қўшни (Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Украина, Молдова, Беларусь) орасида бундай можароли кафолати бўлмаган ягона давлат. Бу ерда бундай вазифани Лукашенко фигураси бажаради - у кетса Беларусь постсовет маконида хоҳ НАТОга, хоҳ Европа Иттифоқига киришга энг тайёр, кичик, тартибли ва анча фаровон давлатга айланиб қолади.

Ичкарида қўлларидан келмайди

Ташқи ёрдамсиз мамлакат ичкарисида мухолифат сиёсий элитага ёки кучишлатар тизимларга тарқоқлик олиб кириб, катта натижаларга эришга қодир эмас. Беларусда юқори давлат лавозимларини эгаллаб ёки уларга таъсир ўтказиб, ҳукуматдан ўз улушини талаб қиладиган олигархлар ҳам йўқ.

Беларусда юқори лавозимли мансабдор ишидан ёки бизнесмен бойлигидан айрилса - партия тузиб, намойишлар ташкиллаштириб, ахборот уруши уюштиришмайди. Бунинг ўрнига қамоққа тушмай тинчгина қутулганига хурсанд бўлади.

Мухолифат ўз тарихидаги энг кучли салоҳиятини кўрсатган бўлса ҳам, уларнинг ресурслари Украина, Молдова ёки Грузиядаги муваффақиятли мухолифатларники каби молиявий ва медиа ресурсларга яқин ҳам эмас.

Кучишлатар тизимлар эса ўзаро келишмовчиликларига қарамай Лукашенко садоқати бўйича шубҳаларга ўрин қолдирмаган, ҳар қандай ўзбошимчалик эса кескин жазоланган. Бунинг устига улар ҳозирда жамиятнинг энг бой ва имтиёзли қатламларидан бири ҳисобланади.

Намойишларнинг ўзи ҳам Украина Майданидан кўра Россиядаги Болотная намойишларини эслатади - намойишчиларда бошқа постсовет мамлакатларидаги каби ўта қашшоқлик, жамият табақаланиши, кучли антироссия национализми сингари кучли стимуллар йўқ, рисклар эса жуда юқори.

———————

Беларусь жамияти 26 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Лукашенкодан бир эмас, ўнлаб қадам олдинлаб кетиб бўлган. Мамлакат IT экспортнинг асосий қисмларидан бирини ташкил қилади, аҳоли жон бошига бериладиган шенген визалари бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Бундай давлатга ҳозиргидан анча мураккаб ва эгилувчан сиёсий тизим керак. Бироқ сиёсий режим даражаси жамиятдан анча ортда бўлиши янгилик эмас. Айниқса геосиёсий вазият унинг сақланишини тақозо қилса.
Масалан, Жанубий Европадаги фашист ҳукуматлари Иккинчи Жаҳон урушидан кейин қулайдигандай кўринсада яна 30 йил яшаган - коммунизм таҳдиди пасайгачгина уларга навбат келган. Худди шундай Лукашенко ҳам Россия ва Ғарб постсовет маконида таъсир учун курашдан чарчамагунча ҳеч қаерга кетмаслиги мумкин.

—————

Албатта, диктаторлар билан боғлиқ вазиятда кўпинча энг пессимистик вариант энг тўғри вариант бўлиб чиқади. Бироқ Беларусдаги ҳозирги вазият 26 йиллик турғунликка қарамай жамият шу даражада прогрессивлашганини кўрсатяптики, етарли ресурсларсиз ҳам, узоқроқ давом этиб бўлса-да ўз ниятига эришиши мумкинлигига кичик бўлса ҳам имконияти бор.

@tashqaridaUZ
​​Ғарб ва майда давлатлар

Ўзларини Ғарб учун муҳим деб ўйлайдиган майда мамлакатлар АҚШ ташқи сиёсати учун ҳеч нарсани билдирмаслиги, чунки бу унинг ички сиёсатидан келиб чиқиши ҳақидаги фикрларни ўқиб бу борадаги мулоҳазаларимни билдиришни лозим деб топдим.

Бунга айнан АҚШ нуқтаи назаридан қараганда қўшилсам ҳам, Ғарб тушунчасини бунчалик умумийлаштирмаган бўлардим - зеро унинг АҚШдан қолишмайдиган муҳим қисми бўлган Европада ташқи сиёсат мантиғи бутунлай бўлмаса-да анча фарқ қилади.

Айниқса, постсовет мамлакатларидан 6 таси - Беларусь, Украина, Молдова, Грузия, Арманистон ва Озарбайжон ҳам Европа Иттифоқи, ҳам алоҳида давлатлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Булар шунчаки Россия атрофидаги "қутқариш керак бўлган" давлатлар эмас, балки ЕИнинг қўшнилари ҳамдир.

"Қўшни" - шунчаки чегарадошликни англатувчи термин эмас, балки статусдир. ЕИ интеграция иерархиясида тўлиқ аъзолар, номзодлар ва потенциал номзодлардан кейин турувчи статус - айнан қўшни, яъни ЕИга келажакда ҳам кирмайдиган, бироқ номзодларга бўладигандек муносабат ва ёрдам кўрсатиладиган ҳудуд.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати ҳам ички сиёсатидан келиб чиқади. Ички сиёсатдаги асосий тамойил - бир замонлар урушлардан чарчаган Европада тинчлик ва фаровонлик маконини яратиш, бу маконга иттифоқ чегараларининг ичигина эмас, яқин атрофи ҳам киради.

Қўшнилар расман жанубий ва шарқий қўшниларга бўлинса-да, Шимолий Африка ва Яқин Шарқнинг бир қисми давлатларидан иборат жанубий қўшнилардан фарқли равишда, шарқий қўшнилар - постсовет олтилигига алоҳида эътибор қаратилади, чунки улар бевосита чегарадош ва бошқа қитъада эмас, Европанинг ўзида жойлашган.

Иттифоқ таркибидаги алоҳида давлатларга келсак. уларнинг ички сиёсати "европалашиб" бўлган, яъни иттифоқ даражасидаги масалалар аъзо-давлатларда бевосита муҳокама мавзуси ҳисобланади. Бундан ташқари қўшниларнинг миллионлаб аҳолиси иттифоқ мамлакатларида ўқиб ишлаши ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Умуман олганда, АҚШдан фарқли равишда Европа учун Беларусь, Украина, Молдова, Грузия, Арманистон ва Озарбайжон давлатлари етарлича аҳамиятли. Бу бир тарафдан географик яқинлик билан ифодаланса (масалан, постсовет давлатларининг қолганлари - Марказий Осиё муҳим эмас), бошқа тарафдан ташқи сиёсат шаклланиши мантиғи фарқ қилади.

@tashqaridaUZ
​​Беларусь: қулаётган устунлар ва "ёрдамга тайёр" Россия

Беларусда президент сайлови ўтказилганига бир ҳафта бўлди - сайловда ўз номзодининг яққол ғалаба қозонганини айтаётган халқ сайлов кунидан бошлаб ҳар куни катта-кичик шаҳарлар кўчаларига чиқишда ва ўз ҳақларини талаб қилишда давом этмоқда.

Намойишларнинг дастлабки 4 кунида ОМОН ва милиция одамларни савалаб, 10 мингга яқин кишини ҳибсга олган бўлса, 5-кундан бошлаб кучишлатар тизимлар деярли куч ишлатмай қўйди, намойишларнинг ҳам шакли ва тури анча ўзгарди - бироқ на масштаби камайди, на тўхташига ишора бўлди.

Тўхтамаётган митинглар ва айниқса охирги кунлардаги ўзгаришлар сайловдаги мағлубиятини тан олмаётган Лукашенко ҳокимиятининг сўнгги йилларда дарз кетган устунлари қулашни бошлаганидан дарак беради. Жумладан, қуйидаги асосий жиҳатлар эътиборни тортади:

Давлат корхоналари ишчилари - узоқ йиллар Лукашенко электоратининг муҳим қисмини ташкил қилган ушбу гуруҳ оммавий равишда иш ташлай бошлади. Бу нафақат электоратнинг бу қисми йўқотилганини англатади, балки режим учун жиддий иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади.

Жумладан, Беларусда 2019 йилда энг кўп даромад топган 10 та йирик корхонадан 8 таси протестларга қўшилган, улар орасида Мозир нефтни қайта ишлаш заводи (даромади 3,5 млрд АҚШ доллари), Нафтан (3 млрд), Беларуськалий (2 млрд), Белаз (666 млн), МТЗ (630 млн) ва МАЗ (528 млн) бор.

Аёллар - Лукашенко электоратининг яна бир муҳим қисми бўлиб келган аёллар норозилик ҳаракатининг етакчилари ва катта қисмини ташкил қилмоқда. Эътиборлиси, булар фақат ёш аёллар эмас, балки одатда ҳар қандай вазиятда режимни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган кекса ёшлилар ҳам бирдай ҳаракат қилмоқда.

Бундай ўзгаришга сабаб сифатида давлат ва Лукашенко режимида ўз ҳимоячисини кўриб келган аёлларни дастлаб коронавирус эпидемиясига бепарволик ҳафсаласини пир қилгани, кейин эса намойишчиларга кўрсатилган зўравонлик бутунлай томонларни алмаштиришга ундагани айтилмоқда.

Журналистлар - давлат телевидениесидаги пропаганда аскарларининг ҳам тоқати тоқ бўлиб, агар тоза сайловлар ўтказилмаса воқеаларни борича кўрсатишни бошлашини маълум қилди. Телевидениеда шундоқ ҳам яширин тролл бошланганини кўрсатувлар дастурида пайқашибди.

Дипломатлар - энг машҳур собиқ дипломат мухолифат етакчиларидан бирига айланган Валерий Цепкало бўлса, амалдаги дипломатлардан Беларуснинг Словакиядаги элчиси ва Швейцариядаги муваққат ишлар вакили (элчи ўрнида) намойишларни қўллаб-қувватлаб чиқди. Швециядаги элчихона олдида эса оқ-қизил-оқ байроқ ҳам илиб қўйилди.

Бу элита ичидаги қарама-қаршиликларни яна бир марта кўрсатиб, режимнинг аввалги кучига ишонч қолмаганидан далолат беряпти ва бошқа ўзгача фикрлилар ҳам ўз позицияларини очиқ эълон қилишига туртки бўлиши мумкин.

Кучишлатар тизимлар - охирги 3 кунда умуман зўравонлик ишлатилмаганидан ташқари кўплаб милиция ходимлари ишдан бўшаб кетаётгани хабар берилди, собиқ махсус хизматлар ходимлари эса ҳамкасбларини зўравонлик қилмасликка чақириб, формаларидан намойишкорона воз кечишмоқда.

Бу ҳолатлар албатта кучишлатар тизимлар ҳам намойишчилар тарафига ўтганини англатмайди - улар Лукашенконинг охирги тайанчи бўлиб қолади, лекин ҳал қилувчи паллада уларнинг тўғри танлов қилишига замин яратмоқда.

Россия - мамлакат ичкарисида тарози палласи тобора намайишчилар томонга оғаётган бир пайтда асосий хавф ташқаридан - кутилганидек Россиядан бўлиб қолмоқда. 9 июлда "суверенитет сотилмасилиги"ни эълон қилган Лукашенко 15 августда Путин билан гаплашиб, Россия илк сўровдаёқ ёрдамга тайёрлигини эълон қилди.

Бу қандай ёрдамлигини 6 йил аввал Украина кўрганди, фарқли тарафда Беларусда қайсидир вилоятлар эмас, бутун мамлакат Россия назоратига ўтиш хавфи остида. Москвани тийиши мумкин бўлган ягона нарса - бу ҳатто Путин учун ҳам ўта жиддий авантюра бўларди, бироқ ҳокимият қўлида бўлган экстремист ва шовинистдан ҳар нарсани кутса бўлади.

@tashqaridaUZ
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Минскда мисли кўрилмаган митинг. Бир неча юз минг киши.
Forwarded from bakiroo
Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний авиапарвоз вақтида захарланган. Самолет Омск шаҳрига қўнишга мажбур бўлган.

Навальний ҳозир хушсиз ҳолатда ва реанимацияга ўтказилган.

Путин режими ўзининг мухолифларини отиб ва захарлаб ўлдириш билан ном қозонган.
Путин ҳокимиятга келганидан кейин Россия ҳукуматининг 8 нафар танқидчиси 10 марта заҳарланган (Кара-Мурза ва Навальний 2 мартадан). Улардан 3 нафари заҳардан вафот этган, яна бирини кейинроқ отиб кетишган. Икки нафари Россиядан ташқарида заҳарланган.
Манба: RFE

@tashqaridaUZ
​​Амалдорлар нега ишдан кетади?

Европа Коммиссиясининг Савдо бўйича комиссари Филь Хоган ўз ватани Ирландияда гольфчилар жамияти уюштирган тушликда қатнашиб, ушбу мамлакатдаги карантин қоидаларини бузгани учун ҳам жамоатчилик, ҳам Комиссия томонидан босимга учраб, истеъфога чиқди.

Маълумот учун, Савдо бўйича бош директорат (оддий давлатдаги вазирликка тенг) Европа Коммиссиясининг энг қудратли директорати ҳисобланади, зеро айнан шу орган Европа Иттифоқининг барча аъзолари номидан унинг ташқи савдо сиёсатини юритади, тарифларни белгилайди, эркин савдо шартномаларини тузади.

Шунга қарамай, позициясининг стабиллиги энг муҳим бўлган комиссионер ҳам тайинланганидан бир йил ўтмасдан "оддий" хато туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлиши бу жамиятда амалдорларнинг этика қоидалари барча даражалар учун тенг эканлигини кўрсатади. Муҳимлар, содиқлар, алоҳида тоифадагилар учун қоидалар ўзгача эмас.

@tashqaridaUZ
Чекланган одамлар қўлидаги чекланмаган ҳокимият ҳар доим шафқатсизликка олиб келади.

"Архипелаг ГУЛАГ", Александр Солженицын

@tashqaridaUZ
Forwarded from davletovuz
Тақдир гардиши билан Хитой Уйғур автоном районининг аксарият нуқталарини кезиб чиққанман. Урумчи, Қошғар, Кульжа, Хўтан, Ёркент, Сайрам кўли атрофида, қолаверса, Хоргосгача, қозоқ, қирғиз, мўғуллар (Боро-Тала) яшайдиган ҳудудларгача бўлиб, уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар, дунганлар ва бошқа туркий халқларнинг кўпчилиги билан мулоқот қилганман. Шундай маҳаллалар борки, худди водийда юргандек бўласиз, супалар, ҳовлидаги узумзорлар, ўзбек эстрадаси қўшиқлари янграйди. Юлдузнинг "Санамгина"си юрагингга ботади.

Уйғурлар билан мулоқот қилиб, уларни кузатиб, мунгли юзига қараб бу халқнинг нечоғли бахтсиз эканлигини ҳис қиласиз. Яширин ва оммавий қўрқув, ҳар қадамда камситадиган тартиб-таомиллар, ҳатто Пекинда ҳам Урумчидагидек назорат йўқ. Кўчалардаги стендларда "намунали фуқаролар"нинг шаблонлари жойлаштирилган (эди). Хитой Уйғур автоном районига охирги 10 йилда жуда катта инвестиция киритган, катта-катта шаҳар-массивлар пайдо бўлган. Лекин бу сиёсатнинг негизида кўпроқ бошқа ҳудудлардан хитойликларни жалб қилишга қаратилган, холос. Уйғурлар ва бошқа халқларни бахтли қилиш учун эмас. Энг даҳшатлиси, сиз билан ўз тилида эмас, кўпроқ ханликлар тилида гаплашишни маъқул кўради: тинчлик керак.

Имкон бўлса, Уйғур автоном районига боришни тавсия қиламан. Жуда катта ҳудуд. Гўзал. Сайрам кўли шишадек тиниқ. Аммо юрагинг оғриб қайтади. Қўрқув ва хафа юзларда мустақилликнинг аҳамиятини ҳис қиласиз.
Замонавий "Людовик ХIV"лар

Заҳарланган Алексей Навальныйнинг жамоаси Россиянинг энг бой ҳудудларидан бўлган Татаристон подшолари тўғрисидаги суриштируви натижаларини эълон қилди. Навальный заҳарланишидан олдин бевосита ўзи иштирокида олинган яна икки бой ҳудуд - Новосибирск ва Томск ҳақидаги фильмлардан ҳам кўпроқ нарсани очиб берган ушбу суриштирувни кўриб, мухолифатчини йўлдан олишда айнан қайси ҳудуд амалдорлари фаолроқ бўлганини тахмин қилишда ҳам чалкашиб кетиш мумкин.

Суриштирув постсовет элиталарига хос барча иллатларни ўзида жамлаган Татаристоннинг амалдаги ва ундан олдинги - биринчи президенти оиласи ҳақида: улар Людовик ХIV сингари давлатни ўзи деб ва ўзини давлат деб ҳисоблаши, халққа тегишли бойликларни ўзиникидек ишлатиши, ерга ва кўчмас мулкка тўймаслик, улкан поралар ва қимматбаҳо буюмлар, ҳаммаси жамланган.

Ролик бевосита Татаристондан 11, 12 ва 13-сентябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан эълон қилинди. Табиийки бу ва бир пайтнинг ўзида ўтадиган маҳаллий кенгашларга сайловларнинг расмий натижалари Беларусникидан қолишмайди. Бироқ Хабаровск ва айниқса Беларусда давом этаётган намойишлар фонида Татаристон элитаси ҳам бу сафар осон қутулмаса керак.

@tashqaridaUZ
Forwarded from Iqtisodchi Kundaligi
АҚШнинг тарихидаги ноёб нарсалардан бири, АҚШ тузилганидан кейин, ҳар бир лойиҳа ва қонунга нисбатан бир қоида ва мантиқ ишлаган.

Қоида шу эдики, қайсидир масалада, сиёсат ва қонунлар мулоҳаза қилинишидан олдин, “ҳукумат шундай нарсалар ҳақида қайғуришга ва энг муҳими, қарор қилишга ҳаққи борми?“ деган мантиқ қўлланилган.

Масалан, дейлик таълим тизимида нима қилиш керак деган саволдан олдин, “таълим тизимини ислоҳ қилишга ҳукуматни ҳаққи борми?ʼ деган савол қўйилган, жавоб «йўқ» деб топилганидан кейин, шу ҳақида мулоҳазагача борилмаган. Чунки ният яхши бўлиши билан, ҳукумат зиммасидаги қонуний ваколат эмас эди.


Худди шундай, кўп жабҳаларда. Яъни ҳукумат бир ишга аралашишидан олдин, ўша соҳа, ёки ўша мавзуга аралашуви қанчалик конституцияни асосий принципларига тўғри келиши бирламчи масала бўлган. Қайтараман, «яхши ният» ёки инсонлар фаровонлиги учун муҳимлиги иккиламчи масала бўлган. Бирламчи, масала, ҳукумат бу нарсага аралашуви қай даражада конституция билан ҳамоҳанглиги кўрилган. Бордию, қандайдир қонун, ёки лойиҳа ҳамма одамни ҳаётини потенциалда яхшилаши мумкин бўлса ҳам, лекин ҳукумат ваколатларига кирмаса, у нарсани мулоҳаза қилишмаган.

АҚШ бу ғоя. Ва ўша ғояни тузган одамлар, шу ғояни жиддий қабул қилишган. Ғояни асосида, эркин жамият қуриш бўлган, ва эркинлик деб улар биринчи ўринда ҳукумат амалларидан эркинликни тушунишган. Конституция ҳам, асосан, қандай қилиб тиранияни йўл қўймаслик нуқтаи назаридан ёзилган. Улар эркинлик учун биринчи таҳдид деб, давлатнинг куч ишлатишга монополиясини тушунишган. Ва шуни чегараларидан «яхши ниятда» ўтишни ҳам ўта хавфли деб билишган. Чунки биламиз, «яхши ниятлар» одатда яхши якун топмайди.