Ташқарида
1.55K subscribers
32 photos
9 videos
2 files
212 links
Ташқи дунёда муаммоларга бўлган ёндашув ва халқаро ҳаёт ҳақида ҳаммага тушунарли тилда



Саволлар учун: @Tashqarida_aloqa_Bot
Download Telegram
Freedom House ташкилоти 2020 йилда интернет эркинлиги рейтингини эълон қилди. Европа Иттифоқига кирмаган постсовет ҳудуди мамлакатлари ичида фақатгина Грузия ва Арманистон "эркин" деб, Украина ва Қирғизистон "қисман эркин" деб таснифланган. Минтақадаги қолган барча давлатлар - эркин эмас.

@tashqaridaUZ
Forwarded from bakiroo
Failed state

Бугун ҳозирда фаолиятига милёнта савол бўлсада, легитимлигига заррача шубҳа бўлмаган Сооронбай Жеенбеков, афсуски, истеъфо берди.

2 ҳафта муқаддам қамоқда ўтирган, турли манбаларга кўра криминал ўтмишга эга бўлган Садир Жапаров ўзини ўзи президент деб эълон қилди.

Маълумот учун, Жапаровни 5 йил аввал бутунлай бошқа конъюнктура ва кайфиятлар билан шаклланган ва ваколати тугаётган парламент жуда катта ички ва ташқи босим остида бош вазир этиб тасдиқлади.

Ваколати тугаётган парламентнинг муваққат сайланган спикери президент вазифасини бажаришдан бош тортди.
Қарабсизки, ҳеч ким сайламаган Жапаров - Қирғизистон президенти. Вақтинчалик эса, биз биламиз вақтинча.

Мамлакат биронта легитим институтсиз қолмоқда: Парламентнинг ваколати тугаган. Президентни эса ҳеч ким сайламаган.

Янги сайловлар ўтадими ёки йўқми, ҳеч ким билмайди.

Олдинда эса қаҳратон қиш, кучайиб бораётган эпидемия, қайтаришнинг имкони қолмаган ташқи қарз, Россия ва Хитойга тўла-тўкис қарамлик.
​​Марказий Осиёнинг сиёсий ребуслари

Марказий Осиёда давлат раҳбарлари алмашиши жуда оғриқли мавзу. Ҳар сафар шу реалликка дуч келганда минтақа давлатлари қонунда ёзилган процедура қолиб ҳар хил сиёсий ребусларни ўйлаб топишни бошлашади.

Дастлаб Туркманистонга қарасак, 2006 йилда туркманбоши Сапармурат Ниязов вафот этгач, мамлакат конституцияси бўйича унинг ўрнига парламент раиси вақтинчалик президент бўлиши керак эди.

Бироқ бу лавозимни эгаллаб турган Овезгелди Атаевга нисбатан дарҳол жиноий иш қўзғатилган ва қамалган, президент в.в.б. лавозимига Вазирлар маҳкамаси раҳбари ўринбосари Гурбангули Бердимуҳамедов ўтирганди.

Туркманистон кейси шу билан тугамайди - конституция бўйича президент в.в.б. муддатидан олдинги президент сайловида ўз номзодини қўйиши мумкин эмас эди. Бироқ конституция зудлик билан ўзгартирилиб, бўлажак Аркадаг бемалол сайловда қатнашган эди.

Қирғизистондаги парламент сайлови ортидан келиб чиққан вазият фонида Тожикистонда президент сайлови билинар-билинмай ўтиб кетди. Бу ер оилавий ребусларга тўлган: 5-марта сайланган 68 ёшли президент - Эмомали Раҳмон, унинг аппарати бошлиғи - қизи Озода Раҳмон, президент вазифасини бажара олмай қолган вақтинча президент лавозими ўтадиган парламент юқори палатаси раҳбари - Рустам Эмомали.

Қозоғистонда давлат раҳбари алмашинуви конституцияда кўзда тутилганидек ўтиб, Назарбоев истеъфосини эълон қилгач Сенат раиси Тўқаев вақтинча президентга айланган бўлса-да, қонунан у Назарбоевнинг ваколат муддати охиригача президент в.в.б. бўлиши керак эди.

Бироқ Тўқаев янги лавозимга киришганидан 1 ой ўтмасидан - 2019 йил апрелида муддатидан олдинги президентлик сайловини эълон қилди ва ўзи қатнашиб, ғолиб бўлди. Қозоғистон ребусининг ўзига хос тарафи - биринчи президент ўзида жуда катта ваколатлар сақлаб қолгани. Ҳатто шу туфайли президентликдан кетганидан кейин ҳам узоқ вақт айнан Назарбоев "ҳақиқий президент" дея таърифланган эди.

Давлат раҳбари доимий алмашиб турган минтақадаги ягона давлат бўлган Қирғизистонда эса мана учинчи марта президент ваколат муддати тугамасдан кетишга мажбур бўлмоқда, сайланган президентлар орасида ваколат муддати тугагач ўз истаги билан кетган ягона президент Алмазбек Атамбаев эса қамоқда.

Жээнбеков истеъфо бергач, Қирғизистонда ҳам қўшнилариники каби ребуслар ишга тушиб кетди - аввало унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канатбек Исаев бу ваколатни олишга "тайёр эмаслигини" маълум қилишга улгурди.

Бундай вазиятда эса президентлик ваколати бош вазирга ўтиши керак. Айни пайтда қонунийлиги мамлакат ичкарисида ва ташқарисида сўроққа олинаётган бўлса-да де-факто бош вазир бўлиб турган Садир Жапаров ўзини аллақачон президент в.б. деб эълон қилишга улгурди.

Расман бу бугун бўлиб ўтадиган парламент йиғилишида тасдиқлангачгина қонуний ҳисобланади. Шундан кейин парламент муддатидан олдинги президент сайловини ва такрорий парламент сайловини эълон қилиши керак.

Бироқ 4 октябрдаги парламент сайлови натижалари бекор қилингани сабабли тугаётган чақириқ депутатларининг ваколат муддати тугамасдан иккала сайловни ҳам эълон қилишга, бунинг учун сайлов қонунчилигини ҳам ўзгартиришга улгуриши учун 1 ҳафтача вақти қолади.

Воқеалар шу сценарий бўйича давом этса, такрорий парламент сайлови 2020 йил 20 декабрга, муддатидан олдинги президент сайлови 2021 йил 17 январга белгиланади. Қолаётган асосий интрига - президент в.б. Садир Жапаров президент сайловида қатнашадими?

Конституцияга кўра, 2006 йилда Туркманистонда бўлгани каби президент в.б. президент сайловида қатнаша олмайди. Қирғизлар ҳам туркманлар каби зудлик билан конституцияни ўзгартиришга улгурадими ёки шунчаки унга зид равишда ҳаракат қиладими?

Умуман, Марказий Осиёда қонунлар вазиятларни бошқариши ўрнига вазиятлар керак бўлганда қонунларни бошқариши одатий ҳолга кириб қолган. Буни юқоридаги каби энг муҳим масалаларда қонунларга муносабатдан ҳам билиш мумкин.

@tashqaridaUZ
АҚШ сиёсий тизими ва сайловлар
"Замбаракнинг ўқи" канали муаллифи Фарҳод ака Файзуллаев билан АҚШ президентлик сайлови, сайлов тизимлари, популизм ва шу атрофдаги бошқа мавзуларда қилган суҳбатимизни подкаст сифатида ёзиб олдик. Марҳамат, тинглаб фикрингизни билдиринг.
Франция ҳақида

Францияда сўнгги ҳафтада бўлиб ўтган воқеалар ва уларнинг атрофидаги можаролар ҳақида фикр билдиришим бироз қийин, чунки бу мен учун шахсий характерга ҳам эга. Охирги 5 йилда Францияда ўнлаб терактлар содир этилиб, улардан энг йирик ва даҳшатлилари - 2015 йил ноябрида Батаклан театрида (131 қурбон), 2016 йил 14 июлда Ниццадаги соҳилбўйида, 2018 йил декабрда Страсбургда бўлган вақтида Францияда яшар эдим.

Тўлиқ ишонч билан айтишим мумкинки, бундай терактлардан уларнинг бевосита қурбонларидан кейин энг кўп жабр кўрувчилар - айнан Францияда яшовчи мусулмонлар. Ҳар сафар терактдан кейин динининг бунга алоқаси йўқлигини ва буни содир этган одам қаттиқ адашганини атрофидагиларга тушунтиришга мажбур бўлган ва шу воқеалар туфайли дўстларини, имкониятларини йўқотиб бораётган камчилик. "Менинг исмим Хон" фильмидаги ҳолатга ўхшайди, фақат бу қайта-қайта такрорланаверади.

Энди субъектив фикрларни чеккага суриб қўйиб, ҳозирги воқеаларга чуқурроқ қараб кўрайлик. Постни ёзиб бўлгач, асосий тезисларнинг қисқача мазмунини шу ерга жойлаштиряпман, ҳаммасини ўқишга эринганлар учун.

1. Терактларга олиб келган сабаб - дин ёки этник келиб чиқиш эмас, балки радикаллашув учун шароит яратилган муҳит, янаям аниқроғи - алоҳида ҳудудлар. Франция шаҳарсозлик сиёсати қашшоқлик занжири, жиноятчилик ва радикализм авж олган шундай (шаҳар чеккасидаги) ҳудудларни яратиб қўйган.

2. Макроннинг сўзлари - янгилик эмас, мана бу ерда айтилганидек популизм орқали ҳокимиятга келган президентдан ўнг популизмга мойил гапларни кутмаслик тўғри эмас, фақат ёши туфайли "прогрессив етакчи" имижига ишониб қолиш ҳам.

3. Дунё мусулмонларининг Макронга реакцияси - иккиюзламачилик. Бутун бошли уйғур халқини концлагерларга тиқиб қўйган, исломни "хитойлаштирмоқчилигини" бемалол айтаётган Хитойга нисбатан жим туриб, бир популистнинг гапларига бу даражада реакция билдиришни бошқа қандай аташ мумкин?

Энди шулар ҳақида батафсилроқ.

@tashqaridaUZ
Жудаям қизиқ сўровнома натижалари: бошқа давлатларда АҚШ президентилик сайловида ким ғалаб қозонишга ишонишади? Польша (айни пайтда узоқроқ ўнг кучлар ҳокимиятда) ва Россияда Трамп ғалабасига кўпроқ ишонишар экан, бироқ Россияда ўтган сафаргига нисбатан 14% камроқ одам Трамп ғалабасини кутяпти.

@tashqaridaUZ
​​Жо Байден - АҚШнинг кейинги президенти

Жоржия штатида 98% овозлар ҳисоблаб чиқилган бир пайтда Демократлар партиясидан номзод Жо Байден амалдаги президент Дональд Трампдан ўтиб кетди ва айни пайтда ўзи олдинда бўлган барча штатларни (жумладан Аризона ва Невада) қўшиб ҳисоблаганда 286 та катта сайловчининг овозини олиши эҳтимоли юқори.

Шунингдек, АҚШда бугунги жума кунининг охиригача Пенсильвания штатида ҳам Жо Байден етакчиликка ўтиши кутилмоқда. Ушбу штатнинг 20 та овози қўшилиб, Байденнинг умумий овозлари сони 306 тага етади - Трамп эса Альяска ва Шимолий Каролинада ғалаба қозониб, жами 232 та овоз олиши кутилмоқда.

Трампнинг чақириқларига қарамай сайловларга масъуллар ҳар бир овозни санаб бўлмасдан натижани эълон қилишга шошилмаяпти. Албатта, Трамп жамоаси аллақачон Байден кичик учтунлик билан ғалаба қозонган ва қозонаётган штатларда овоз санаш жараёнини судга бериш ва қайта санатишга уринишларни бошлаб юборган.

Бироқ бу масалада амалдаги президент муваффақиятга эришиш имконияти юқори баҳоланмаяпти. Зеро, бу Америка - ҳамма нарса ким бўлишидан қатъи назар бир шахснинг эмас, шаклланган институтлар ихтиёрида бўлган мамлакат.

@tashqaridaUZ
Йирик ОАВлар - New York Times, CNN, NBC ва Associated Press агентлиги Жо Байденни АҚШнинг 46-президенти деб эълон қилди.
Президент Трампнинг расмий реакцияси - Байден ва ОАВ айбланган, душанбадан судга бериш бошланиши маълум қилинган. Эмоциялар кўплигидан баёнотни Трампнинг шахсан ўзи ёзганга ўхшайди.
​​Қорабоғ урушида ким ғолиб?

Тоғли Қорабоғ можаросида 1990-йиллардан кейинги энг катта уруш бир ойдан ошиқ давом этиб, ҳар тарафдан 1000дан ортиқ аскарлар умрига зомин бўлиб, ниҳоят тугаш арафасида турибди.

Мавзу бўйича: Қорабоғ, миллий ғояга айланган уруш

Уруш натижасида Озарбайжон Қорабоғ атрофидаги 7 та туманини - 25-30 йил олдин йўқотган ерларини озод қилди, Қорабоғнинг пойтахти Степанакертдан кейинги энг муҳим шаҳри бўлган Шушани қайтариб олди. Баку назоратига ўтмаган фақатгина Қорабоғнинг марказий қисми қолди.

Россия воситачилигида эришилгани айтилаётган келишувга кўра Озарбайжон ўз назоратини тиклаган ҳудудларини сақлаб қолади. Қорабоғнинг қолган қисмида Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилади, шунингдек улар Қорабоғдан Арманистонга ҳамда Озарбайжондан Нахичеван эксклавига борадиган йўлакларни ҳам назорат қилади.

Бир қараганда бу келишув Озарбайжон учун катта ютуқ ва йўқотилган ҳудудлари устидан назоратни тиклаганини англатиши мумкин. Бироқ бу ердаги асосий жиҳат - можарога расман учинчи томон - Россия қўшилаётгани. Москва ҳаттоки иккинчи томон сифатида Арманистонни алмаштириш ҳам мумкин, зеро Қорабоғда айнан рус ҳарбийлари қўним топади.

Қорабоғ тақдири ҳам Молдавиядаги Днестрбўйи ҳудудига ўхшаб қолди - айнан рус ҳарбийлари борлиги учун Молдавия 30 йилдирки бутун бўлолмайди. Ҳам масофа, ҳам вақт жиҳатидан яқинроқ мисол - Грузиядан "тинчликпарварлар" томонидан тортиб олинган Жанубий Осетия ва Абхазия.

Илҳом Алиевнинг келишувда Қорабоғ статуси ҳақида ҳеч қандай сўз йўқлиги ва энди музокараларда Баку таклиф қилиб келаётган автономия ҳам бўлмаслиги ҳақидаги гапларига қарамай, ҳозир қўлга киритилмаган ҳудудлар де-факто Россия назоратига ўтмоқда ва Озарбайжонга (ва балки Арманистонга ҳам) қайтмаслиги эҳтимоли юқори.

Зеро, рус "тинчликпарвар кучлари" кирган можароларнинг бирортаси шу пайтгача ечилмаган, фақатгина Молдавия, Украина ҳамда Грузиянинг яхлитлигига путур етган. Хуллас, Озарбайжон ўз ҳудудларининг катта қисмини қайтаргани учун ғалаба ҳиссини туймоқда, бироқ асл ғолиб - ўзига маъқул вақтда пайдо бўлиб, ўз шартларини ўтказган Россия бўлганга ўхшаяпти.

@tashqaridaUZ
Тавсия: Беҳзод Ҳошимов “Ислом, авторитаризм ва қолоқлик: умумжаҳон ва тарихий қиёс” китоби муаллифи Аҳмет Куру билан суҳбатлашибди: https://t.me/iqtisodchi_kundaligi/1210

Куру Самуэль Хантингтон, Эдвард Саид, Ибн Халдун таълимотлари ҳақида жуда қизиқарли мулоҳазалар юритган. Айтганча, китобнинг ўзини ўқишни ҳам тавсия қиламан.

@tashqaridaUZ
Матбуот эркинлиги ҳақида

Сўнгги кунларда иш билан бўлиб матбуот эркинлиги (бўғилиши) билан боғлиқ ёқимсиз воқеалар ҳақида ёзишга имкон бўлмади. Ўзи бундай муаммолар пайдо бўлмаслиги учун ОАВ фаолиятини назорат қилувчи алоҳида органлар ва қонунлар бўлмаслиги ҳақида июль ойида ёзилган экан.

Ўшанда айтилганидек ва ҳозир ҳам Отабек ака ва Фарҳод ака томонидан тўғри таъкидланганидек, бундай органлар ОАВга ёрдам беришга эмас, уларни назорат ва цензура қилишга йўналтирилган бўлади.

ОАВга ёрдам керак эмас, давлат органлари билан мулоқотда воситачилик ҳам керак эмас. ОАВга бериладиган энг катта ёрдам ва матбуот эркинлигининг асосий омили - давлат журналистларга қандай ишлашни ўргатмаслиги ва уларнинг фаолиятига аралашмаслиги билан бўлади.

@tashqaridaUZ
Шунчаки Украина президенти Владимир Зеленский ота-онасининг уйида. Саройида эмас, уйида. Постсовет мамлакатлари учун ноёб ҳодиса.
​​Ҳурматли "Ташқарида" канали муштарийлари!

Барчангизни оғир ўтган 2020 йил якунланаётгани ва умид бахш этаётган 2021 йил кириб келиши билан табриклайман. Умид қиламизки, келаётган йилда дунё 2020 йилда учрагани каби мураккаб муаммоларга учрамайди.

Шу билан бирга, кетма-кет сафарлар туфайли 1 ойдан бери дом-дараксиз кетишимизга қарамасдан канални кузатишда давом этаётган муштарийларга миннатдорчилик билдирамиз.

Янги йил билан!

@tashqaridaUZ
​​Вакцина бозорида нима гап?

Коронавирусга қарши вакциналар кутилганидан анча аввал - пандемияга ҳали бир йил бўлмасдан фойдаланишга топширилаётгани қувонарли ҳолат. Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, ҳозиргача 8,25 миллиард доза вакцина учун шартномалар имзоланган.

Бир қараганда бу бутун дунё аҳолисига етадиган вакцина етказиб беришга келишилганини англатади, бироқ саноқли давлатларгина ўз аҳолисини бутунлай қоплашга етадиган ва ортадиган вакцина билан таъминлашга шартнома тузган.

Қуйидаги харитада яшил, оч яшил ва оққа яқин ўта оч яшил рангда берилган давлатлар вакцина бўйича тузган шартномалари аҳолиси сонидан кўп. Бу борада биринчи ўринда Канада бўлиб, бутун аҳолисини 3 мартадан эмлашга етарли вакцинани кафолатлаган.

Шунингдек, Буюк Британия 295%, Янги Зеландия 247%, Австралия 230%, Европа Иттифоқи 183%, АҚШ 169%, Чили 139%, Исроил 138%, Япония 120%, Мексика 119%, Ўзбекистон 110% аҳолисини таъминлашга етарли вакцина учун шартномалар тузган. Қолган ҳаммада 100% дан кам.

Ҳиндистон жами 2,2 миллиард дозага шартнома тузган бўлса ҳам, фақат 1,2 миллиардини ўзи учун, қолганини қўшнилари учун олади (70 миллион дозалик шартномага эга Ўзбекистон ҳам шундай қилиши эҳтимоли бор).

Йилига 1,5 миллиард дозага яқин вакцина ишлаб чиқариш қувватига эга Хитой ҳозирча 20% атрофидаги аҳолисини таъминлашга етарли вакцина олаётган бўлса, 600 мингдан ортиқ вакцина ишлаб чиқарувчи Россия ҳозирча фақат 55% аҳолиси эмланишини кафолатлаган. Бу икки давлат асосан экспорт учун ишламоқчи.

@tashqaridaUZ
Forwarded from bakiroo
Трампнинг охирги талвасаси

Трампнинг сайлов натижаларини тан олмаслик ва бошқа масъулиятсиз чақириқлари ортидан унинг тарафдорлари АҚШ Конгрессига ҳужум уюштирган, тартибсизликлар юзага келган.

Айни дамда Конгресс миллий гвардия ва полиция кучлари билан Трампнинг ашаддий тарафдорларидан тозаланган.

Сенат сайлов натижаларини тасдиқлаш бўйича йиғилишини қайта бошлаган.

Барча ижтимоий тармоқлар Трампнинг аккаунтларини вақтинча блоклаган.

Трампдан Президентлик ваколатларини соқит қилиш жараёнлари юз бериши мумкин.
Алексей Навальный бортида келаётган самолёт қўниши керак бўлган аэропортнинг ўзгартирилиши бўйича энг яхши изоҳ.
АҚШда расман 46-президент - Жо Байден ўз фаолиятини бошлади. Ноябрдаги сайловдан кейин узоқ вақт мағлубиятини тан олмаган собиқ президент Дональд Трамп мисли кўрилмаган воқеаларга - ўз тарафдорлари томонидан Капитолий биноси забт этилишигача сабабчи бўлди. Шунингдек, у ўзидан кейинги президентнинг инаугурациясига келмай бу лавозимга қанчалик номуносиб бўлганини яна бир бор исботлади.

Энди Байденни мамлакат ичкарисида ўзининг илк президентлик нутқида айтганидек "бўлинган миллатни бирлаштириш, яна бир-бирини эшитишга ўргатиш", шунингдек эпидемияга қарши курашиш йўлини тўғрилаш кутиб турибди. Ташқарида эса Гитлер Германияси сингари расизм туфайли ҳеч кимнинг қаршилигига учрамаётган Хитой ва талвасага тушиб ўз ҳокимиятини сақлашга уринаётган Путин Россияси билан юзлашиши керак.
Ўзгарган Россия, Навальний ва Путин

Сўнгги 10 йиллик давомида Россия ҳукумати ва жамиятининг тўхтовсиз эволюцияси кузатиб келинаётган эди. Дастлаб 2011 йил охирида бошланган йирик норозилик ҳаракати етакчилар орасида бирлик йўқлиги туфайли вақт ўтиши билан тинчиган бўлса, бу орада ҳукумат ҳам пропагандани кучайтириш орқали ўз мавқеъини сақлашга уринаётганди.

Кейинчалик 2014 йилда Қримнинг босиб олиниши билан боғлиқ авантюризм бир муддат омманинг, асосан миллатчи массанинг кўзи олдида Кремлнинг обрўсини ушлаб турди. Агрессия ватанпарварлик дея кўрсатилиб, бунга қарши чиққан мухолифатни ватан хоинлари деб аташ учун жуда қулай баҳона бўлди.

2015 йилда мухолифатнинг энг кўзга кўринган етакчиларидан бири Кремль деворлари олдида ўлдирилиб кетилгач ҳам халқ ҳукуматга етарлича қаршилик кўрсатмади. Бироқ вақт ўтиши билан пропаганда ва ура-патриотизм қоринни тўйдирмаслиги ойдинлаша бошлади: халқ тобора қашшоқлашиб, ижтимоий муаммолар йиғилиб борди.

Халқ ҳукуматдан норозилиги сайловларда яққол кўрина бошланди. Фальсияикациялар туфайли сайловда ғалаба қозонгани 2011 йилги намойишларга сабаб бўлган "Единая Россия" партияси парламентда ва ҳудудий қонунчилик органларида мутлақ кўпчиликка эга бўлган партияга хос бўлмаган равишда ўта паст рейтинг кўрсатаётганди.

Бу ҳолат ҳатто Владимир Путин 2018 йилги президентлик сайловида ушбу партия номидан эмас, балки якка тартибда номзодини қўйишига мажбур қилди. Минтақавий сайловларда ҳам якка тартибда номзод қўйиш авж ола бошлади, бироқ халқ ҳам энди эим турмайтганди.

Партиядан бўладими, партиясизми - ҳукумат қўллаб-қувватлаган номзодлар мағлуб бўла бошлади. Ҳукумат сайловларда кучи етмагач, номзодларни мажбуран олдириш ёки сайланганидан кейин олиш йўлига ўтди.

Хабаровскда халқ ўзи сайлаган Фургални ҳимоя қилиб, мисли кўрилмаган намойишларга чиқди. Ваҳоланки у ҳам ўша тизми вакили, фақат ҳукумат "тавсия" қилмаган номзод эди.

Сайловлардаги фальсификацияларга қарши кураш ва нисбатан мустақил номзодлар ғалабасига ёрдам беришда энг фаоллардан бўлган Коррупцияга қарши курашиш фонди ва унинг етакчиси Алексей Навальнийни Кремль узоқ вақт шунчаки кўрмаганликка олишга уринди.

Албатта, Навальний интернетдаги анча кенг аудиториясига қарамай Россия халқи орасида етарлича таниқли эмас эди. Бироқ у доимий эволюцияни бошдан кечирарди. Дастлаб у фақат Москва билан чекланган бўлса, кейинчалик регионлар бўйлаб ўз тармоғини кенгайтирди, бутун Россия бўйлаб юришни бошлади.

Охирги энг катта ўзгариш - Навальний сўнгги бир йилда уни мухолифатга олиб келган националистик қарашларини анча ортга суриб (бутунлай воз кечмаган бўлса ҳам), ҳақиқий замонавий прогрессив сиёсатчига айланишни бошлади.

Таҳлилчилар Россияда сўнгги йилларда президент фақат ўзини қизиқтирган мавзулар (геосиёсат, тарихий рол) билан шуғулланаётгани, қолган соҳалар ижрочиларга "ишончли бошқарув"га бўлиб берилганини айтиб келади.

Худди шундай тизимдан ташқаридаги сиёсий мухолифат билан шуғулланиш вазифаси зиммасига юклатилган ФСБ ушбу "муаммо"нинг асосий юзига айланаётган Навальнийдан жисмонан қутулиб қўйишга уринди ва қатор омиллар туфайли буни уддалай олмади.

Навальний номаълум кимёвий қуролдан заҳарланишдан тирик қолди, Германияда даволаниб чиқди ва Россияга қайтди. Ва бунинг учун қамалди. Демонстратив равишда, ҳамма кўриб қўйиши учун қамалди. Масалани ҳар икки тарафдан кўриб чиқсак.

Навальний Россияга қамалишини билган ҳолда қайтгани тушунилмоқда. Путин ҳақидаги фильмнинг ўша куни чиқарилиши ҳам буни тасдиқлайди. Бу воқеа - унинг қайтиши ва қамалиши халқ кўзи ўнгида уни адолатсизлик қурбони бўлган қаҳрамонга айлантирмоқда. Юқорида айтилган етарлича таниқли бўлмаганлик масаласи кун тартибидан олинади.

Бошқача айтганда Навальний озодликка чиққунча уни етарлича жасорат билан қўллаб-қувватлай оладиган миллионлаб тарафдорлари пайдо бўлиши учун қурбонлик қилмоқда, халқ эса ўзи истаб унинг учун туриб берадиган етакчига эга бўлмоқда.

@tashqaridaUZ
Путин эса, 2020 йилда конституцияни ўзига мослаб ўзгартириб, истаган ишини қила олиш имкониятини яратиб олган бўлса ҳам ҳозир яна танлов қилишга мажбур.

Путин режимининг барча жирканчликларига қарамай Россия ҳали ҳам ўзини ўраб турган сателлитларига қараганда анча эркинроқ. Бироқ ҳозирги воқеалар ва Навльнийнинг кўпайган тарафдорлари кўчаларга чиқиши қўшниларига ўрнак бўлиши керак бўлган Россия аксинча улардан ўрнак олишига ва тамомила репрессив давлатга айланиши мумкин.

Бу ўз навбатида Россиядек давлатда узоққа бормаса керак. Режим қаттиқлашгани сари норозилик кайфияти ортиб боради ва унинг бошига етади. Бунинг устига ташқи босим ва изоляция ҳам фақат ортиши кутилмоқда. Вазиятнинг қанчалик кескин ёки юмшоқ бўлиши бутун минтақа тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин.

@tashqaridaUZ
​​Давлатсизликдан ёмон коррупция

Одатда коррупция ботқоғига ботган ҳукуматлар аҳолисига давлатнинг саъй-ҳаракатлари бўлмаганда мамлакат уруш, беқарорлик ва қашшоқлик ботқоғига ботиб қоларди, бошқача айтганда "осмонимиз мусаффо бўлмасди", дея уқтиришга ҳаракат қилади.

Масалан, Афғонистон ҳукуматининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Моҳиб 1990 йиллардаги ҳолатни мамлакатдаги ҳозирги вазиятга таққослаб, "ҳаттоки коррупцион режим ҳам хаосдан яхши" дейиши айнан қўрқув риторикасидан фойдаланишга уриниш дея баҳоланганди.

Бироқ қатор тадқиқотлар ва кузатувлар аслида коррупция давлатсизликдан кўра кўпроқ зарар етказишини кўрсатган. Жумладан, Ямандаги можаро туфайли марказий ҳукуматнинг ҳукми ҳеч кимга ўтмай қолгач, ўзида соғлом муҳит ярата олган Шабва провинцияси Яман давлатининг мавжудлиги қанчалик зарарли бўлганини кўрсатмоқда.

Яна бир парчаланган давлат Сомалида эса давлатсизликдан аввалги ва кейинги ҳолатни таққослашда ишлатилган 18 та асосий кўрсаткичнинг деярли барчасида сомалиликлар ҳукумат билан эмас, балки анархияда фаровонроқ яшагани кўринган.

Шундай бўлса ҳам, Афғонистондаги масалани кўтариб чиққан профессор Женнифер Муртазашвили таъкидлаганидек, буни давлатсизлик ҳар доим ҳам коррупцияга идеал муқобил бўлади деб тушунмаслик керак. Аксинча, бу фақат ўзининг коррупцион ҳукумати ягона вариантлигини таъкидлайдиган давлатлар учун жавоб бўлади.

@tashqaridaUZ