🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
261 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
Азиз диндошлар! Каналимиз ўз фаолиятини давом эттиради. Эртанги [1-июн] кунидан бошлаб каналимизга шайх Абдурраҳмон ас-Саъдий [роҳимаҳуллоҳ]нинг муқаддас қуръонга берган тафсирини жойлашда давом этамиз. Оятларни каналга чиқаришда тўҳтаб қолганимиз учун, барчангиздан узр сўраймиз. Каналимизда нашр қилинаётган фойдаларни ўзгалар билан баҳам кўриш ёдингиздан чиқмасин, ахир росулуллоҳ [соллаллоҳу алайҳи васаллам] айтганларидек, кимки бир яхшиликка далолат қилса, унга эргашганларнинг савобичалик савобга эга бўлади, ин шаа Аллоҳ. Тафсирни ўқиб боринг, ҳамда Аллоҳнинг оятларига амал қилишни унутманг. Аллоҳ билимларимизни зиёда қилсин ва мартабаларимизни кўтарсин, амийн!
2:144.
قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا يَعْمَلُونَ
Оят: Ва ҳақиқатдан ҳам, Биз сизни [эй пайғамбар ﷺ], юзингизни [тез-тез] осмонга қаратганингизни кўрдик ва батаҳқиқ, [Биз сизни] ўзингиз рози бўлган [сиз хоҳлаган] қиблага йўналтириб қўямиз. [Албатта, набий ﷺ, аввалги қибладан ҳам рози эдилар, аммо Аллоҳ Таъало уни Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қибласига йўналтириб қўйишини кутиб, юзларини осмонга тез-тез қаратар эдилар]. Бас, юзингизни [Маккада жойлашган] Масжидул-ҳаромга қаратинг [намозда унга юзланинг]. Ва сизлар [эй Муҳаммад ﷺнинг уммати, ер юзининг] қаерида бўлсангиз ҳам [намозларингизда] юзларингизни ўша томонга қаратинг. Албатта, китоб ато этилган [яҳудий ва насоро]лар унинг [яъни, қибланинг ўзгаришини] Роббиларидан келган ҳақиқат эканини [яхши] биладилар. Ва [дарҳақиқат] Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларидан ғофил эмасдир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўз пайғамбарини, ваҳий нозил бўлиши илинжида юзини тез-тез осмонга қаратаётганини кўрганини хабарини берди. Ва бу ўринда Аллоҳ, Ўзининг пайғамбарини осмонга кўз тикаётганини эмас, балки юзини қаратаётганини таъкидлади, бу дегани, набий ﷺни бу нарса қаттиқ қизиқтирар ва қайғуга солар эди [яъни, қиблани ўзгаришини хоҳлар эдилар]. Бундан ташқари, агар инсон қайсидир йўналишга юзини бурса, унинг нигоҳи ҳам ўша томонга бурилади. Сўнгра, Аллоҳ Таъало Ўзининг элчисига, энди намозларда унинг қалбига суюмли бўлган кааба томонга юзланишни буюрди. Бу ҳолат Муҳаммад ﷺнинг нақадар олий фазилатли эканига ишорадир, зеро Аллоҳнинг Ўзи у зотни рози қилишни хоҳлади. Аввалги оятларда юзни қай тарафга бурилиши ҳақида айтилмагани боис, бу оятда Аллоҳ Таъало Масжидул-ҳаромга юзланиш лозимлиги ҳақида аниқ баён қилди. Бу оятдаги “юз”нинг маъноси — тананинг олдинги қисмидирки, киши қаерда бўлмасин — хоҳ денгизда, хоҳ қуруқликда, хоҳ шарқда, хоҳ мағрибда, шимол ёки жанубда — намоз вақтида у албатта Маккадаги Масжидул-ҳаромга юзланиши шартдир. Демак, бундан келиб чиқадики, кааба томонга юзланиш, фарз ва нафила намозларнинг асосий шартларидан экан. Агар инсон тўғридан-тўғри каабага юзлана олса — қилсин, аммо, агар бунга қодир бўлмаса, у ҳолда кааба йўналиши томон юзланса, бас. Борди-ю, киши намоз ўқиб турган ҳолида, қиблага орқасини қилиб олса, унинг намози бузилади, чунки ҳар қандай буйруқ, унга зид бўлган амални таъқиқланганлигини тақозо қилади.
Юқорида зикр қилинган оятларнинг бирида, Аллоҳ Таъало аҳли китобларнинг ва уларга ўхшаш жоҳилларнинг қиблани ўзгаришига нисбатан билдирган эътирозларини келтирди ва уларга жавоб берди. Аммо, мазкур оятда, аҳли китоблардан бўлган уламоларни, пайғамбар ﷺнинг [каабага юзланиб] тўғри йўл тутганликлари ҳақида билишларини айтди, чунки улар бу ҳақда ўзларининг китобларида ўқиган эдилар. Аммо, шунга қарамай, эътироз билдиришда ва ҳаққа қарши чиқишда давом этмоқдалар, ахир улар ўта ўжар ва зулмкор, адолатсиз кимсалардир. Бас, бу нарса мусулмонларни қайғуга солмасин — улар бунга эътиборларини қаратмасинлар, зеро ҳақиқат ноаниқ, тушинарсиз бўлиб турганда ва душманлар ҳақ бўлиб тургандагина, уларнинг эътирозларига эътибор берса бўлади. Лекин, инсон ўзининг ҳақлигида ишончи комил бўлса ва шу ҳолда, бирон ёлғончи, қайсар кимса унга қарши чиқиб турса, на унга ва на унинг танқидларига аҳамият берилмайди. Билъакс, ҳақнинг устида турган киши, ўзининг ўжар рақиби яқин кунларда, ё бу дунёда, ёки охиратда албатта жазога тортилишини кутиб яшайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало инсонларнинг амаллари борасида ғофил эмаслигини ва инсонлар ўзларига тегишли жазо ёки мукофотни олишлари учун, уларнингамалларини сақлаб қўйишлигини таъкидлаб ўтди. Албатта бунда ҳақнинг душманларига қўрқитув, мўминларга эса таскин бордир. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ, одамларни тўғри йўлга ҳидоят қилишни шу қадар қаттиқ хоҳлардиларки, ўз атрофидагиларга яхши панд-насиҳатлар, маслаҳатлар бериш учун бирон имкониятни қўлдан бой бермас эдилар.
Қачонки одамлар Аллоҳнинг иродасига бўйсунишни истамаганларида, у зот қаттиқ қайғурар эдилар. Кофирлар орасида, Аллоҳнинг амру фармонларига журъат билан қарши чиқадиган, мутакаббирлик билан пайғамбарларни инкор қиладиган ва ҳаққа душманлигини кўрсатган ҳолида, унга эргашишдан воз кечадиганлар кўп бўлган. Яҳудий ва насоролар айнан шундай кимсалардан эдилар. Аҳли китоблардан бўла туриб, энг биринчилардан бўлиб, билиб турган ҳолларида Муҳаммад ﷺга иймон келтиришдан воз кечдилар. Уларнинг куфрлари билмисизликлари, жоҳилликлари оқибатида бўлмади, зеро улар набий ﷺнинг ҳақлигига ишончлари комил эди. Шунинг учун кейинги оятда Аллоҳ деди: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:145.
وَلَئِنْ أَتَيْتَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ بِكُلِّ آيَةٍ مَّا تَبِعُوا قِبْلَتَكَ وَمَا أَنتَ بِتَابِعٍ قِبْلَتَهُمْ وَمَا بَعْضُهُم بِتَابِعٍ قِبْلَةَ بَعْضٍ وَلَئِنِ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءَهُم مِّن بَعْدِ مَا جَاءَكَ مِنَ الْعِلْمِ إِنَّكَ إِذًا لَّمِنَ الظَّالِمِينَ
Оят: Ва [Мен — Аллоҳ, қасам ичиб айтаманки], агар сиз [эй пайғамбар] китоб берилган [яҳудий ва насоро]ларга [қибланинг ўзгариши Аллоҳдан келган ҳақиқат экани ҳақида] барча оят [ҳужжат ва далил]ларни келтириб берсангиз ҳам, улар [ўзларининг ўжарлиги ва кибрлари сабабидан] сизнинг қиблангизга асло эргашмаслар. Сиз ҳам [улар қанчалик буни хоҳламасинлар] уларнинг қибласига эргашмассиз. Ва уларнинг бирлари, бошқаларининг қибласига эргашувчи эмаслар [Яҳудийлар қибласи — ал-Қудс, насоролар қибласи эса — шарқдир]. Ва [энди] агар [сизнинг ҳақ эканлигингиз, улар эса очиқ адашишликда эканликлари ҳақидаги] сизга келган илмдан сўнг ҳам [қиблани танлашда, ёки бошқа масалаларда] уларнинг ҳавоий нафсларига эргашадиган бўлсангиз, у ҳолда албатта [ўзига] зулм қилувчилардан бўлиб қоласиз.

Тафсир: [Эй Муҳаммад ﷺ! Сиз аҳли китобларга, сўзларингиз ва даъватингиз ҳақлигини тасдиқлайдиган ҳар қандай далил ва ҳужжатларни келтиришингиз мумкин, аммо улар барибир сизнинг қиблангизга юзланмайдилар, чунки уни қибла деб тан олишлик, сизни пайғамбар деб тан олиш билан баробардир, зеро қибланинг аҳамияти жуда каттадир. Бунинг сабаби эса, уларнинг ўжарликлари ва билиб туриб ҳақни инкор қилганларидир. Билиб қўйингки, оят ва мўъжизалар, ҳужжат ва далиллар, ҳақни излаган ва унга нисбатан қандайдир (арзимас) шубҳалари бўлган кишиларгагина фойда келтириши мумкин. Бундай инсонлар, аниқ оятлар орқали ўзларига ҳақиқатни аниқлаб оладилар. Аммо, ҳақиқатни инкор қилишда ўжарлик билан туриб олган фосиқларга келсак, улар илоҳий оят-мўъжизалардан наф олишга қодир эмаслар. Бундан ташқари, аҳли китобларнинг ўзларини орасида ҳам катта келишмовчиликлар борки, уларнинг бирлари, бошқаларини қибласини тан олмайдилар. Шунинг учун, сизнинг қиблангиздан юз ўгиришлари ажабланарли ҳолат эмас. Ана ўшалар ҳақиқий ҳасадгўй душманлардир. Улар сизни қиблангизга юзланмайдилар ва сиз ҳам уларнинг қибласига эргашманг. Аллоҳ Таъало Муҳаммад ﷺни аҳли китобларнинг қибласига юзланмаслиги ҳақида айтди ва бу ваҳий оддий бир таъқиқ эмас, балки унинг жуда чуқур маъноси бордир. Бу дегани: аҳли китоблар билан кўп масалаларда ихтилоф қилиш, уларга зид иш юритиш — Муҳаммад ﷺнинг сифатларидан бири эди [чунки, ҳақиқатдан ҳам, ҳаётлари давомида у зот ﷺ, доимо яҳуд ва насоролар қилган ишни аксини қилишга буюрардилар. Мўйловни қисқартириб, соқолни қўйиб юбориш — бунга мисол бўла олади — тарж.]
Аллоҳ Таъало Ўзининг пайғамбарига амр қила туриб, аҳли китобларнинг ҳавойи нафсларига асло эргашмаслигини буюрди. Қарангки, уларнинг дунёқарашларини Аллоҳ “Дин” деб атамади, чунки улар фақат ўзларининг ҳаволарига эргашадилар ва ҳақиқат динига эргашмаётганларини қалбларида биладилар. Инсон Аллоҳнинг динидан юз ўгирдими, у албатта, ўзининг ҳавоий нафсига, паст эҳтиросларига эргашишни бошлайди. Ана шу сабабли Аллоҳ деди: “Ўзининг ҳавосини илоҳ қилиб олган кимсани кўрмадингизми?” (25:43). Набий ﷺ ҳақ динга эргашаётганлари, аҳли китобларнинг дини эса ботил эканлиги у зотга маълум эди. Ва мана шундан кейин ҳам, у зот ﷺ, уларнинг хоҳишларига эргашсалар, шубҳасиз, зулмкор кишилардан бўлиб қолар эдилар. Ахир, ҳақни ҳақ деб таниган, ботилни ботил деб билган ва шундан кейин ҳам, ботилга устунлик берган кимсаданда золимроқ ким бўлиши мумкин? Бу оятдаги мурожаат набий ﷺга қаратилган бўлса ҳам, у зотнинг бутун умматларига тегишлидир. Ва агар аҳли китобларнинг ҳавосига эргашиш, ҳаттоки пайғамбарни золим кишига айлантириб қўйиши мумкин бўлса [ваҳоланки, у зотнинг мартабалари қанчалик баланд бўлган, солиҳ амаллари эса сон-саноқсиз], демак, қолган оддий уммат учун бу улкан бир хатарли гуноҳдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:146.
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءَهُمْ وَإِنَّ فَرِيقًا مِّنْهُمْ لَيَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
Оят: Китоб ато этилган [яҳуд ва насоро]лар уни [Муҳаммад ﷺни] худди ўз ўғилларини таниганлари каби танийдилар [чунки уларнинг китобларида у зотнинг ҳамма белгилари келтирилган эди]. Ва улардан бўлган бир гуруҳ, ҳақиқатни [ҳақиқат эканлигини] билиб туриб, яширадилар.

Тафсир: [Аҳли китоблар пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг ҳақ пайғамбар эканликларини жуда яхши билишар, у зотнинг даъватлари ҳақ эканига иқрор бўлган эдилар. Инсон ўз боласини бошқа болалар билан адаштириб қўйиши мумкин бўлмаганидек, улар ҳам, бу ҳақиқатни, худди ўз ўғилларини танигандек танир эдилар. Муҳаммад ﷺнинг нубувватига уларнинг ишончлари шу қадар улкан эдики, қалбларида заррача шубҳалари бўлмаган. Шунга қарамай улар росулуллоҳнинг рисолатига турлича муомала қилдилар. Уларнинг кўпчиликлари у зотнинг пайғамбар эканликларини умуман тан олмади ва билиб туриб ҳақни яширишни ўзларига йўл қилиб олдилар. Аллоҳ бундай кимсалар ҳақида деди: “Аллоҳдан берилган гувоҳликни яширган кимсаданда золимроқ ким бўлиши мумкин?” (2:140). Аҳли китоблар пайғамбар ﷺ ва мўминларга бирон зиён етказмасликлари ва уларнинг қалбларида шубҳа уйғотиб қўймасликлари учун, Аллоҳ Таъало ўз вақтида мўминларни улардан огоҳлантириб қўйди. Аҳли китобларнинг бошқа қисми эса, билиб туриб ҳақни беркитмас эдилар. Уларнинг бир тоифалари ҳаққа иймон келтирдилар, бошқалари бўлса, жаҳолатлари туфайли ўз куфрида қолдилар. Саҳиҳ илмларга эга бўлган киши, ҳақни ошкор айтишлиги, уни инсонларга тушунтириб бериши, ҳақни ҳақдек кўрсатиши ва ҳаққа чақираётганда гўзал, фасоҳатли сўзларни ишлатиб, ўз сўзларини далиллаб, ҳикмат билан даъват қилиши шартдир. Шунингдек, унинг зиммасидаги нарса бу: ботилни юзага чиқариш, уни ҳақдан ажратиш ва турли ҳил услублар билан ботилни нақадар нопок ва ёмон эканини кўрсатиб беришдир. Аммо, ҳақни яширишни афзал кўрган аҳли китобларга келсак, улар мутлақо тескари йўлни тутдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:147.
الْحَقُّ مِن رَّبِّكَ فَلَا تَكُونَنَّ مِنَ الْمُمْتَرِينَ
Оят: [Албатта] ҳақ — сизнинг Роббингиздандир. Бас, шак-шубҳа қилувчилардан бўлмангиз [эй пайғамбар ﷺ]!

Тафсир: [Эй Муҳаммад ﷺ! Сизнинг таълимотингиз, бошқа таълимотлардан кўра кўпроқ ҳақ деб аталишга лойиқ, чунки у буюк мақсадлар, гўзал амру фармонлар ва маънавий поклик асосига қурилгандир. У инсонларни, уларга фойда келтира оладиган нарсаларга чақиради ва уларга зарар етказиши мумкин бўлган барча нарсадан огоҳлантиради. У сизнинг Роббингиз томонидан нозил қилинганки, У Зотнинг сизга бўлган ҳамдардлиги муқаддас қуръонни сизга туширишда намоён бўлди. Бу гўзал китоб онг ва руҳни тарбиялайди ва ўзида мутлақ яхшиликни жамлаган, бас, унга нисбатан шубҳаланиш сизга асло ярашмас. Аксинча, унинг борасида тафаккур юритинг ва ишончингизни мустаҳкамланг, ахир илоҳий китобни тадаббур қилиш, инсонни шубҳалардан халос қилиб, унга комил ишонч бахш этади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:148.
وَلِكُلٍّ وِجْهَةٌ هُوَ مُوَلِّيهَا فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ أَيْنَ مَا تَكُونُوا يَأْتِ بِكُمُ اللَّهُ جَمِيعًا إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Оят: Ва ҳар [бир инсоннинг] юзланадиган томони борки, у ўшанга қарайди [яъни, ҳар бир инсон қайсидир фикрга, таълимотга, динга, касбга мойилдир]. Бас [эй мўминлар] яхши ишларда [бир-бирингиздан] ўзинг [мусобақалашинг]! Сизлар қаерда бўлманг, Аллоҳ [қиёмат куни] сизларни барчангизни келтиради [тирилтиради]. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсанинг устида қудратлидир [ҳамма нарсага қодирдир]!

Тафсир: [Ибодат пайтида муайян тарафга юзланиш, барча динларда урф бўлган, ваҳолангки бу йўналиш унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган. Турли ҳил диний низомларда, вақт ва вазият ўзгариши билан, бу йўналишлар ҳам ўзгариб турган. Бир ҳил қарорлар, бошқаларини йўққа чиқарган ва мўминлар энди бошқа томонга юзланишлари кераклиги ҳақида илоҳий фармон олганлар. Шу билан бирга, инсон қайси тарафга юзланмасин, унинг Аллоҳга бўлган итоати ва У Зотга яқинлашиши аҳамиятлироқ нарса бўлган. Айнан шу сифат билан инсон нажотга эришиши ва Аллоҳни ризолигига етишиши муҳимроқдир. Агар инсон шу сифат [яъни, солиҳлик] билан ўзини зийнатламас экан, у дунё-ю охиратда зиён тортиб қолади. Бу сифатни топишлик билан ютуққа эришади. Бу тамойил барча диний қонунлар ва низомлар учун умумийдир, зеро айни шунинг учун Аллоҳ инсонни яратди ва бу тамойилга амал қилишни буюрди. Солиҳ амалларда мусобақалашишга буюриш, шунчаки амали солиҳ қилиш амридан кўра анча кенгроқдир, чунки солиҳ амалларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилган киши, бу амалларни ҳаммадан биринчи, энг гўзал тарзда ва энг чиройли вазиятдарда бажаришга интилади. Чунки, бир ўйлаб кўринг-а: бу дунёда солиҳ амалларда биринчиликни қўлга киритган кишига, жаннатга ҳам биринчилардан бўлиб кириш, ҳамда улуғ даражотларни эгаллаш насиб этади. Бу оятда солиҳ амаллар деганда, барча фарз ва мустаҳаб бўлган диний ҳукмлар, жумладан: намоз, рўза, закот, ҳаж, умра, жиҳод ва бошқа, инсоннинг ўзига ва жамиятга манфаат келтирадиган яхши амаллар назарда тутилади. Энди, яхши ишларда мусобақалашишга Аллоҳнинг ваъда қилган мукофотлари туртки бўлар экан, оятнинг давомида Аллоҳ Таъало Ўзининг куч-қудрати билан инсонларни албатта жамлаши ҳақида хабар берди. Бу қиёмат кунида, ҳар бир жон ўзига тегишли жазо ёки мукофотни оладиган кунда содир бўлади. Шу боис Аллоҳ Таъало дедики: “Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарсалар Аллоҳга тегишлидирки, У Зот зўравон кимсаларни қилган ишларига яраша жазоласин ва яхшилик қилувчиларни энг гўзал яхшилик билан тақдирласин” (53:31). Оятдан шуни англаш мумкинки, инсоннинг солиҳ амалларига ҳамроҳ бўлган ҳар бир вазиятдан у ўзига керакли фойдаларни олмай қўймайди. Бундай вазиятларга масалан: намозни ўз вақтида [вақти кириши билан] ўқиш, ўтказиб юборилган рамазон рўзаларини узоқ вақтга қолдирмасдан тутиб бериш, ҳаж ва умра ибодатини имкон топилиши билан адо этиш, закотни пайсалга солмасдан дарҳол тўлаш, мустаҳаб амалларини бажаришда тартиб-интизомга риоя қилиш кабилар киради. Ушбу оятнинг калималари оз бўлишига қарамай, унинг маъноси нақадар чуқур эканига ҳайратланса арзийди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:149.
وَمِنْ حَيْثُ خَرَجْتَ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِنَّهُ لَلْحَقُّ مِن رَّبِّكَ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
Оят: Ва [узоқ сафарга отланганингизда] қаердан чиқсангиз ҳам, [намозни қойим қилаётганингизда] юзингизни Масжидул-ҳаромга қаратинг [қибла томон юзланинг]. Зеро бу [йўналиш], албатта, Роббингиздан келган ҳақдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

Тафсир: [Энг аввалда Аллоҳ фақат Ўзининг пайғамбарини хослаб, сафарда, ёки бошқа вазиятларда каабани қиблагоҳ тутишни буюрди. Кейинчалик эса, бу буйруқ, умумий ҳолда, бутун ислом умматига тааллуқли бўлди. Албатта, бу Аллоҳ Таъало томонидан келган ҳақиқат эканига ҳеч шубҳа йўқ эди. Эй инсонлар! Аллоҳ сизларнинг амалларингизга лоқайд эмас ва доимо сизларни кузатиб турибди. Бас, шундай экан, Роббингиз ҳақида, Унинг амрларини бажарган ва қайтариқларидан қайтган ҳолингизда эсланг. Билиб қўйингларки, сизларнинг қилиб ўтган ишларингиз унутилиб қолдирилмас. Аксинча, сизларнинг ҳар бирингиз, яхшилигига мукофот, ёмонлигига жазо оладир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:150.
وَمِنْ حَيْثُ خَرَجْتَ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ لِئَلَّا يَكُونَ لِلنَّاسِ عَلَيْكُمْ حُجَّةٌ إِلَّا الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْهُمْ فَلَا تَخْشَوْهُمْ وَاخْشَوْنِي وَلِأُتِمَّ نِعْمَتِي عَلَيْكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
Оят: Ва қаердан чиқсангиз ҳам [намозларингизда] юзингизни Масжидул-ҳаромга қаратинг [Бу жумлани такрорлашлик билан, Аллоҳ Таъало бу ишнинг қанчалар муҳимлигига эътиборимизни қаратмоқчи]. Қайда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томонга қаратингки, [қиблагоҳингиз кааба бўлишини хоҳламаган] одамларда сизларга қарши ҳужжат бўлмасин, магарам золим бўлганларидан ташқари [чунки улар ўжарликлари ва кибрлари сабаб, барибир сизлар билан талашиб-тортишишдан қолмайдилар]. Бас, улардан қўрқманглар, Мен [Аллоҳ]дангина қўрқингларки, сизларга неъматларимни тамомий қилиб беришим учун, ажабмаски ҳидоят топсангизлар.

Тафсир: [Биз сизларга [эй мусулмонлар] муқаддас каабага юзланишни китобат қилдик, токи аҳли китоблар ва бутпарастлар сизлар билан мужодалаша олмасинлар. Агар сизлар ҳамиша ал-Қудсга қараб намоз ўқиганингизда, яҳудийлардан маломатга қолар эдингиз, чунки уларнинг китобларида, энг сўнгги пайғамбар, албатта Масжидул-ҳаром томонга, каабага юзланиб намоз ўқиши айтилган. Аммо, бутпараст-арабларга келсак, улар каабани ўз фахрлари деб ва Иброҳим (алайҳиссалом)нинг миллатидан бир қисм деб ҳисоблар эдилар, бас шундай экан: “Нега Муҳаммад ﷺ, ўзини Иброҳимнинг динини эргашувчисиман дейди-ю, аммо Иброҳим қибла тутган каабага қараб намоз ўқимайди”, деган айбловларни пайғамбар ﷺга юклашлари аниқ эди. Бироқ, энди сизлар каабага юзланингларки, аҳли китоблар ва бутпарастлар сизларга қарши бирон ҳужжат келтира олмасин. Борди-ю, агар улар сиз билан баҳслашишдан тўҳтамасалар, батаҳқиқ, зулмкор кимсалардан бўладилар, зеро улар саҳиҳ далилларга суянмайдилар, қилган ишлари эса, ҳаволарига эргашиш ва бузғунчилик қилишдир. Бундай турдаги одамларни ишонтиришнинг мутлақо имкони йўқ, уларнинг ўз ҳақликларига келтирмоқчи бўлган шубҳали иддаоларига эса, эътибор қаратишни кераги йўқ. Улардан асло қўрқманглар, ахир келтираётган ҳужжатлари ботил ва ёлғоннинг ўзгинаси ва агар инсон ботилни ёнини олмоқчи бўлса, у албатта, илоҳий мададдан айрилади. Магарам, ҳақ тарафдорлари, бундан мустасно, чунки улар ҳар замонларда кучли ва иззатли бўлиб қолганлар ва душманларининг қалбларига қўрқув, таҳдид солганлар. Буни зикр қилгандан сўнг, Аллоҳ Таъало фақат У Зотнинг Ўзидангина қўрқишни буюрди, чунки Ундан қўрқиш осойишталикнинг асосидир ва агар инсон Аллоҳдан хавфсираб турмас экан, уни гуноҳлардан ҳеч нарса тутиб қололмайди ва илоҳий амрларни бажаришга ундамайди. Шуни ёдда тутмоқ зарурки, мусулмонларнинг юзларини каабага қаратишлари, бир фитнани келиб чиқардики, уни аҳли китоблар, мунофиқлар ва бутпарастлар янада каттайтириб ташладилар. Улар бўлиб ўтган воқеани ҳамма жойда сўзлаб юра бошладилар ва инсонларнинг қалбларига шубҳа уруғларини сочдилар. Ана шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало Ўзининг буйруғини тушунтириб берди ва унинг ҳақлигини бир неча йўллар билан тасдиқлаб берди.
Биринчидан: Ўз буйруғини У Зот уч бора такрорлади, ваҳоланки, бир марта айтилганда ҳам кифоя қилар эди;
Иккинчидан: қуръоний амрлар одатда ё пайғамбар ﷺ ва бутун умматга, ёки умуман бутун умматга қаратилар эди. Аммо, биз муҳокама қилаётган буйруқ, аввалда бевосита пайғамбар ﷺга қаратилди, сўнгра эса, у зотнинг умматларига умумий ҳолда қаратилди.
Учинчидан: ўжарлик қилган жоҳилларнинг асоссиз эътирозларини Аллоҳ йўққа чиқарди ва уларнинг шак-шубҳали иддаоларини бирин-кетин барбод қилди, ва бу ҳақда биз аввалда гапирдик.
Тўртинчидан: Аллоҳ Таъало аҳли китобларнинг, пайғамбар ﷺ уларнинг қиблаларига қайтиши ва унга юзини буриши ҳақидаги барча умидларини пучга чиқарди.
Бешинчидан: Мўминларга амр қилинган бу ҳукм, уларнинг Роббиларидан келган ҳақиқат эканини таъкидлаб ўтди. Ва албатта, Аллоҳнинг буйруқлари бир марта айтилса кифоя эди, аммо бу ҳукмнинг адолатли эканини яна бир бора иқрор қилиш учун, Робб Таъало деди: “бу, албатта, Роббингиздан келган ҳақдир” (2:149).
Олтинчидан: Аҳли китобларнинг ишончлари комил бўлишига қарамай, улар билиб туриб ҳақиқатни беркитаётганлари ҳақида, ҳамма нарсадан хабардор бўлган Зотнинг Ўзи айтиб берди.
Сўнгра, мўминлар билиб қўйсинларки, кааба томонга юзланишлари улар учун буюк марҳаматдир. Аслида, Аллоҳнинг мусулмонларга бўлган раҳмати ва ҳамдардлиги тобора [вақт ўтган сайин] ўсиб, кўпайиб борган, шунинг учун келаётган ҳар бир ҳукм улар учун навбатдаги марҳаматга айланган. Марҳаматнинг энг улуғи эса, шубҳасиз, уларнинг исломга келишлари эди ва бу Аллоҳнинг элчиси келишлиги билан ва китоб нозил бўлиши билан содир бўлди. Қолган барча марҳаматлар эса, бу асосий марҳаматга бир қўшимча эди холос. Набий ﷺнинг нубувватларини бошидан бошлаб, то у зотнинг ҳаётларини якунигача бу марҳаматлар Аллоҳдан шу қадар кўп ёғилдики, уларни саноғига етиш қийин [шу сабабдан, росулуллоҳ ﷺнинг даври: “Саодат асри” деб аталган бўлса ажаб эмас, Аллоҳу Аълам — тарж]. Аллоҳ Таъало Ўзининг элчисини ва у зотнинг эргашувчиларини ҳамиша гўзал неъматлар билан сийлади ва дин ўзининг комиллигига эришган вақтда эса, Аллоҳ деди: “Бугун кофирларнинг сизнинг динингизга нисбатан умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз, Мендангина қўрқингиз. Бугун Мен сизлар учун, сизларнинг динингизни комил қилиб бердим, раҳматимни якунига етказдим ва исломни сизлар учун дин сифатида рози бўлдим” (5:3).
Ҳисобига етиб бўлмас ва шукрини тўлалигича адо этиб бўлмас неъматлари учун, Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин. У Зот одамларга Ўз марҳаматини якунлаб беришни истади, токи улар тўғри йўлдан юрсинлар, яъни, ҳақни таниб, ўз амалларида уни кўрсатма қилиб олсинлар. Ўзининг чегарасиз марҳамати туфайли, Аллоҳ (Субҳанаҳу ва Таъало) қулларини ҳидоят йўлига олиб чиқадиган барча шароитларни енгиллаштириб қўйди; бу тўғри йўлга қай тарзда амал қилиш кераклигини кўрсатиб қўйди ва буни энг комил равишда тушунтириб берди. Ва ҳақиқат янада куч олиб, порлаб, ёрқин нурлар билан чарақлаши учун, Аллоҳ Таъало кофир кимсаларни яратиб қўйдики, улар ҳаққа қарши жадаллашадилар ва бунинг оқибатида ҳақиқат янада ойдинлашади, ҳужжатлар янада аниқлашади. Агар ботил ҳаққа қарши турмаганида, кўпчилик инсонлар унинг нақадар ҳунук ва нопок эканини билмаган бўлардилар, ахир ҳамма нарса таққослашда билинади. Масалан, агар тун бўлмаганда, инсонлар кундузнинг афзалликларини билмаган бўлар эдилар; агар ёвузлик бўлмаганида, одамлар эзгуликни қадрламас эдилар; зулмат бўлмаганда, ёруғликни қадри билинмас эди ва агар ёлғон, ботил бўлмаганида, инсонлар ҳақиқатни, ҳақни нақадар гўзал эканини англаб етмаган бўлар эдилар. Бунинг ҳамдига, шукрига эса, фақат ягона Аллоҳ сазовордир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:151.
كَمَا أَرْسَلْنَا فِيكُمْ رَسُولًا مِّنكُمْ يَتْلُو عَلَيْكُمْ آيَاتِنَا وَيُزَكِّيكُمْ وَيُعَلِّمُكُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُعَلِّمُكُم مَّا لَمْ تَكُونُوا تَعْلَمُونَ
Оят: Худди сизларга ўзларингизни ичингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қилиб берадиган, сизларни [иймон ва ибодат масалаларида, ҳамда ахлоқий жиҳатдан] поклайдиган, сизларга китоб [қуръон] ва ҳикмат [суннат]ни ўргатадиган ва сиз билмаган нарсаларингизни сизга билдирадиган пайғамбар [Муҳаммад ﷺни] юборганимиз каби.

Тафсир: [Албатта, эй мусулмонлар, қачонки Биз сизларга намозда кааба тарафга юзланишни буюрганимизда, диний аҳкомларни нозил қилганимизда ва динингизни комил қилиб берганимизда, сизларга улкан марҳаматимизни кўрсатдик. Аммо бу Бизнинг сизларга кўрсатган биринчи яхшилигимиз эмасди. Чунки ундан аввалроқ, Биз сизларни энг асосий марҳамат билан сийладик, унинг кетидан эса, бошқа неъматлар ёғила бошлади. Бизнинг сизларга кўрсатган энг биринчи ва энг асосий яхшилигимиз, бу — ўзингизни ичингиздан пайғамбар чиқишлиги эди. Сизлар унинг [пайғамбарнинг] насл-насаби, ростгўйлиги, содиқ ва омонатдор эканлиги, ҳамда, самимийлиги ҳақида жуда яхши биласизлар. Бизнинг элчимиз ﷺ, сизларга қуръон оятларини тиловат қилиб беради ва ҳақни ботилдан, тўғри йўлни, залолатдан фарқлаб берувчи оят-мўъжизаларни кўрсатади. Бу оят-белгилар энг аввало тавҳид (яккаилоҳлик) фойдасига гувоҳлик беради ва Аллоҳнинг мукаммал, етук эканини тасдиқлайди. Шунингдек, бу оятлар набий ﷺнинг ростгўйлигига ва у зотга иймон келтиришнинг зарурийлигига, қолаверса, охиратнинг ҳақлигига ва росулуллоҳ сўзлаб берган қиссаларнинг содиқлигига ишора қилади. Бу гўзал мўъжизалар туфайли, сизлар тўғри йўлга чиқасизлар ва қалбларингизда қатъий ишонч пайдо бўлади. Росулуллоҳ ﷺ, сизларни маънавий, руҳий ва ахлоқий жиҳатдан поклайди, ҳамда, ёмон феъллардан ва номақбул хулқлардан халос бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, у ﷺ, сизларга, ягона илоҳга иймон келтиришга, ширкдан қутулишга, ихлосли қулларга айланишга, риёдан, мутакаббирликдан халос бўлишга, ёлғондан узоқлашиб, содиқ, самимий бўлишга, алдовлар, макр-ҳийлалардан четланишга, камтарин бўлишга, кибру ҳаводан тарбияланишга ва гўзал ахлоқларга эга бўлишга ёрдам беради. Бир-бирингизни севиб, дўстона муомалаларни мустаҳкам тутишга, ўзаро адоватдан узоқлашишга, алоқаларни узмасликка ва бошқа кўплаган олижаноб феълларга интилишга чақиради. Пайғамбар ﷺ, сизларга қуръоннинг матнларини тўғри ўқишни, ҳамда маъноларини тўғри англашни ўргатади ва шунинг баробарида ҳикматни билдиради. Бу оятдаги "ҳикмат"дан мурод — суннатдир, деган фикр мавжуд. Бошқа фикрга кўра эса, ҳикмат, бу: шаръий илм, ислом эътиқоди ва йўлини билиш, ҳамда, ҳар бир нарсани ўз ўрнига жойлашдир. Охирги фикрга кўра, суннатни ўргатиш, қуръон илмига киради, чунки суннат қуръоний оятларни тафсир қилиб беради ва уларнинг асл моҳиятини намоён қилади. Пайғамбар ﷺ, олдинлари сиз билмаган кўп нарсаларингизни сизга билдиради, зеро нубувват келишидан аввал сизлар очиқ адашишликда эдингиз. У пайтлар сиз ҳақиқатни танимас ва солиҳ амалларни бажармас эдингиз, бироқ, набий ﷺнинг сабаби билан кўплаган гўзал фазилатларга эга бўлдингиз, шунинг учун, унинг келиши сизларга буюк бир марҳамат бўлди. Аллоҳ Таъало одамзотга бу каби улкан раҳматини ҳали ёғдирмаган эди, бас, сизлар бунинг учун Аллоҳга шукр қилингиз ва У Зотнинг олдидаги мажбуриятларингизни қунт билан адо этинг.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:152.
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ
Оят: Бас Мени [ўз қалбларингизда, тилларингиз ва солиҳ амалларингиз билан] эслангиз [ёдда тутингиз]ки, Мен ҳам сизларни эслайман. Ва Менга [Менинг сизларга кўрсатган эҳсону яхшиликларим учун] шукр қилингиз ва Менга куфр келтирмангиз [ношукрлик, нонкўрлик қилмангиз]!

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўз бандаларига У Зотни доимо ёдда тутишни буюрди ва бунинг эвазига саҳий, кароматли ажр-мукофот билан уларни мукофотлашни ваъда қилди. Бу ажр — Аллоҳни эслаган кишини, Аллоҳ эслашидир. Аллоҳни ёдда тутган кишини, Аллоҳ ёдда тутишидир. Набий ﷺдан келтирилган ҳадиси қудсийда, Аллоҳ деди: “Ким мени сиррий [ботинида] зикр қилса, Мен ҳам уни сиррий зикр қиламан. Ва кимки Мени жамоатнинг ичида зикр қилса, Мен уни янада гўзалроқ, янада фазилатлироқ жамоатнинг ичида зикр қиламан”. Зикрнинг энг комил шакли бу, Аллоҳни бир вақтнинг ўзида, тил ва қалб билан баробар ёд этишдирки, бунинг орқали инсон Аллоҳни яхшироқ танийди, У Зотни қаттиқроқ сева бошлайди ва кўпроқ, каттароқ ажрга эга бўлади. Зикр — Аллоҳга билдирилган энг олий миннатдорчилик, энг буюк шукр экани маълум бўлганидан сўнг, бу оятда, Аллоҳни зикр қилиш буйруғидан кейин, У Зотга кенг маънода шукр қилиш буйруғи келди. Мусулмонлар Аллоҳ Таъалога ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда шукр қилишлари шарт, ахир У Зот уларга қанчадан-қанча фазлу икром кўрсатди, қанчадан-қанча ёмонликлардан ҳимоя қилди. Энди бунинг шукрини — қалбда [бу эҳсонларни] тан олиш билан, тилда [Аллоҳни улуғлаб] зикр қилиш билан ва амалда, Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтиш билан адо этилади. Шукр ва миннатдорчиликнинг бундай тури, бандаларга берилган неъматларни сақлайди ва ҳаттоки уларни зиёдалаштиради ҳам, ахир Аллоҳ Таъало Ўзи айтди: “Агар сизлар [Менга] шукр қилсангизлар, Мен сизларга [Ўз неъматларимни] янада зиёдалаштириб бераман. Аммо, агар ношукрлик қилсангизлар, у ҳолда Менинг азобим шиддатлидир” (14:7). Агар эътибор берилса, Аллоҳга шукр келтиришнинг буйруғи, диний билимлар, ахлоқий поклик, солиҳ амаллар ва бошқа маънавий яхшиликлардан кейин келди, бу, мана шу амаллар ва ахлоқлар энг олий мақомга ва юксак ўринларга эгалигига ишорадир. Бундан ташқари, улар ҳақиқий яхшилик, ҳақиқий Аллоҳдан берилган эҳсон деб аталиши мумкин, чунки ҳамма яхшиликлар йўқолиб кетганида ҳам, улар йўқолмайди, инсон билан бирга қолади, зеро энг яхши яхшилик, бу абадий, ўчмас, йўқолмас яхшиликдир. Энди айтайлик, бирон инсон шаръий саҳиҳ илмларга эга бўлса ва солиҳ амалларга илҳомлантирилган бўлса, бу ҳолда у Аллоҳга тинимсиз шукрлар айтсин ва Аллоҳни олқишласинки, У Зот Ўзининг фазлидан унинг яхшиликларини кўпайтириб қўйсин, манмансирашликдан уни халос қилиб, Роббисига янада шукрлироқ бўлишига тавфиқ берсин.
Оят сўнггида Аллоҳ Таъало Ўзининг қулларига ношукрлик қилишни таъқиқлади, зотан у шукрга бутунлай зиддир. Бу оятдаги “куфр” сўзи остида, ношукрлик, нонкўрлик, марҳаматларни тан олмаслик ва берилган неъматларни ноўрин, бежой ишлатишлик назарда тутилган. Бошқа тафсирга кўра, бу оятдаги “куфр” калимаси анча кенгроқ маънога ва ношукрликнинг барча турларини билдиради. Нонкўрлик, ношукрликнинг энг ёмон ва энг мудҳиш шакли бу, Аллоҳга куфр келтиришдир. Бу ҳолда у Аллоҳга ширк келтириш ва бошқа оғир гуноҳларни англатади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:153.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ
Оят: Эй иймон келтирганлар! [Барча ишларингизда] сабр қилиш ва намозни адо этиш орқали [Аллоҳдан] мадад сўранглар. Дарҳақиқат, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир [Ўзи уларга мададкордир]!

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўзининг иймонли бандаларига, диний [ва дунёвий] ишларида сабр ва намоз орқали ёрдам сўрашни буюрди. Сабр — бу, нафсга оғир ва ёқимсиз бўлган нарсалардан уни тийишдир. Сабрни уч қисмга бўлиш мумкин: 1) Аллоҳнинг буйруқларини сабр билан бажариш; 2) Унинг қайтариқларидан сабр билан қайтиш; 3) Аллоҳнинг тақдир қилган ишларига, нолишсиз, сабр билан бардош бериш. Албатта сабр инсонга, унинг барча ишларида улкан фойдалар келтиради ва борди-ю, инсон етарли даражада сабрли бўлмас экан, у олдига қўйган мақсадларида бирон натижага эриша олмайди, айниқса, диннинг қийин бўлган аҳкомларини доимий равишда бажариш, инсондан катта матонат ва бардошни талаб қилади. Ҳар бир инсон, Аллоҳнинг оғир буйруқларини бажаришда катта сабрга муҳтож. Сабрли, матонатли киши албатта ютуққа, зафарларга эришади, аммо, агар оғир имтиҳонлар ва шиддатли синовлар уни сабридан айириб қўйса, у буюк марҳаматдан маҳрум бўлиши ва қуруқ қўл билан қолиши турган гап. Худди шуни, инсоннинг нафси етаклайдиган гуноҳ ва маъсиятлар ҳақида ҳам айтса бўлади. Инсон гуноҳлардан ўзини тийиши мумкин, аммо бунинг учун у доимо сабрли, тоқатли бўлиши, нафсининг паст эҳтиросларини босиб яшаши ва Аллоҳдан, уни гуноҳлардан сақлашини сўраши шарт, зеро гуноҳлар инсон учун энг катта имтиҳонлардан бўлиб ҳисобланади. Ҳаётий оғир синовлар ҳам шу жумладандир, айниқса, агар улар давомий тарзда инсонни бошига тушиб турса ва кишининг руҳи ва танасини заифлаштирса. Инсон ушбу синовларга Аллоҳ учун сабр қилмас экан, Роббисига суянмас ва Унинг мададини тиламас экан, у албатта ҳаётидан, тақдиридан нолий бошлайди. Айтиб ўтилган гаплардан хулоса шуки, Аллоҳнинг қули катта сабрга муҳтож ва унинг муҳтожлиги ҳамиша ва ҳар вақт билиниб туради. Айнан шунинг учун, Аллоҳ Таъало Ўз қулларига сабрли бўлишни амр қилиб, У ҳамиша сабрли бандаларига ҳамроҳ экани ҳақида хабар берди. Бу дегани, агар сабр-тоқат инсоннинг ажралмас сифатига айланса, Аллоҳ унга албатта ёрдам беради, тўғри йўлга ҳидоят қилади ва унинг ҳатоларини тўғрилайди. Аллоҳнинг мана шу мадади туфайли, мўмин бандалар синовларнинг шиддати ва оғирликларини сезмайдилар, осонлик билан энг қийин диний буйруқларни бажарадилар ва машаққат билмайдилар. Бу оятда, Аллоҳнинг [жисмоний маънода эмас], балки ўзига хос [махсус] маънодаги ҳамроҳлиги ҳақида айтилганки, у Аллоҳнинг Ўз бандасига бўлган муҳаббати, қўллаб-қувватлаши, ёрдами ва яқинлигида акс этади. Албатта бу шундай фавз ва шарафдирки, унга сабрли мўмин бандаларгина мушарраф бўлишди. Аслида, сабрли бандаларга Аллоҳнинг ҳамроҳлик қилиши, шунинг ўзи улар учун буюк фазилатдир. Аммо, Аллоҳнинг Ўз махлуқотларига умумий ҳамроҳлик қилишига келсак, у илоҳий илм ва қудрат орқали намоён бўлади ва буни биз Роббимизнинг ушбу сўзларидан англаймиз: “Сизлар қаерда бўлсангиз ҳам, У Зот сизлар билан. Аллоҳ қилаётган [иш]ларингизни кўриб тургувчидир” (57:4). Аллоҳнинг бу умумий ҳамроҳлиги барча мавжудотга тааллуқлидир.
Ушбу гўзал ояти каримада, Аллоҳ Таъало намоз орқали ёрдам сўрашга буюрди, чунки намоз ислом динининг устунларидан биридир, у мўминларнинг нуридир ва қулнинг Роббиси билан бўлган мулоқотининг услубидир. Агар банда комил равишда намозларини қойим қилар экан, намознинг фарз ва нафилаларига эътибор қилар экан, Роббисининг олдида бутун руҳи билан камтарлик, хушу сақлаб турар экан, намозни моҳиятини, унинг аҳамиятини англаб етар экан ўзининг сўз ва амалдаги ҳатоликларини ўйлаб, бор вужуди билан Аллоҳнинг мулоқотига киришар ва намозида Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса ва ҳеч ким унинг ҳаёлига келмас экан, у ҳолда, унинг намози унга диннинг бошқа аҳкомларини осонлик билан бажаришда ёрдам беради, ахир намоз фаҳш ва мункар ишлардан сақлаб, инсонни ўнгланишидаги энг катта омил бўлиб ҳисобланади.
Намозда хушу ва қўрқув билан туришлик эса, инсон қалбида Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиш ва ман қилган нарсаларидан четланиш ҳиссини уйғотади. Солиҳ амалларни бажаришда, мусулмон уммати айнан мана шу турдаги намоз орқали ёрдам сўраши лозим.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:154.
وَلَا تَقُولُوا لِمَن يُقْتَلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاءٌ وَلَكِن لَّا تَشْعُرُونَ
Оят: [Тавҳид калимаси ер юзида олий бўлиши учун] Аллоҳнинг йўлида ўлдирилганларни “ўлик” деб атаманглар. Йўқ [бу ундай эмас], улар тирикдирлар, лекин сизлар [буни] сезмассизлар.

Тафсир: [Ҳар бир яхши ишда сабр орқали ёрдам сўраш буйруғидан сўнг, Аллоҳ Таъало сабрнинг ортидан эришиш мумкин бўлган буюк амални бу оятда зикр қилди. Бу албатта, Аллоҳнинг йўлида қилинган жиҳодда қатнашишдир. Жиҳод — бу энг шарафли ибодат тури бўлиб, у бадан билан қилинади ва инсон нафси учун энг оғир бўлган, энг шиддатли бўлган синовдир, чунки у жароҳат, ҳалок бўлиш ва дунёни тарк этиб кетиш билан боғланган оғир имтиҳондир. Инсонлар умрлари узоқ бўлишини истайдилар ва ҳаётий муддатларини узартириш учун барча зарурий чораларни кўрадилар, масалан, тиним билмай ишлайдилар, умрларини давомлироқ бўлиши ва ўлимни нарироққа суриш учун бор кучларини ишлатиб, ҳаракат қиладилар. Биз-у сизга яхши маълумки, ақли расо бўлган одам, ўзи яхши кўрган нарсадан, фақат ўша нарсадан афзалроқ ва гўзалроқ бўлган нарсанинг фойдасигагина воз кечиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ бизга хабар бериб айтадики, агар инсон Аллоҳнинг сўзи ер юзида олий бўлиб, Унинг дини ғалаба қилиши учун, У Зотнинг йўлида жангга чиқса ва агар қалбида ёмон ниятлари бўлмаган ҳолида жиҳодда ўлдирилса, у ўзи яхши кўрган бу ҳаёти дунё билан хайрлашмас экан. Аксинча, унга шу қадар гўзал ва комил ҳаёт бериладики, бунақасини инсон тасаввурига ҳам келтирмаган. Бошқа бир оятда Аллоҳ деди: “Аллоҳнинг йўлида ўлдирилганларни асло ўлик деб ҳисобламангиз. Йўқ, улар тирикдирлар ва Роббиларининг хузурида ризқланмоқдалар. Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан фараҳдалар [ҳурсандлар] ва ҳали ортларидан уларга қўшилмаган биродарларига, уларга хавф ҳам йўқлигини, ҳамда улар хафа бўлмасликларининг башоратини бермоқдалар” (3:169-170). Ҳўш, Аллоҳнинг йўлида ўлдирилган шаҳидларнинг ҳаётлариданда афзалроқ ҳаёт бор эканми? Ахир улар Ўз Роббиларининг яқинида, У Зотнинг моддий ва маънавий неъматларидан лаззатланмоқдалар. Бу лаззатлар жумласига, турли ҳил таомлар ва ичимликлар, бахт ва сурур, ҳамда хавф ва махзунликдан омонда бўлиш киради. Уларнинг барзаҳдаги ҳаётлари, ердаги ҳаётларидан анча мукаммалроқ ва яхшироқдир. Пайғамбаримиз ﷺдан келтирилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, шаҳидларнинг руҳлари яшил қушчалар ичига ўрнатилган бўлиб, улар жаннат меваларидан еб, Аршга боғлаб қўйилган фонуслар остида тўпланар эканлар. Биз муҳокама қилаётган оятда, Аллоҳнинг йўлида бўладиган жиҳодда қатнашишга ва бу машаққатли йўлда сабр, бардош кўрсатишга катта тарғиб бордир. Агар инсонлар Аллоҳнинг йўлида ўлдирилган шаҳидларга атаб қўйилган ажру мукофотни кўрганларида эди, улардан биронтаси жиҳодда қатнашишдан қочмас эди. Бироқ, иймоннинг номукаммаллиги, ишончнинг сустлиги мусулмонларни шаштини пасайтириб қўяди, кўп ухлашга, эринишга олиб келадики, оқибатда улар буюк ажр ва катта ғанимат, ўлжалардан маҳрум бўладилар. Қандай қилиб бу олий ажрлардан шубҳаланиш мумкин, ахир Аллоҳ айтиб турибди-ку: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида қатл қилиб, ўзлари ҳам ўлдирилиб, жанг қиладилар” (9:111), деб?
Аллоҳга қасамки, агар инсоннинг мингта умри бўлса ва мана шу мингта умрини у Аллоҳнинг йўлидаги жангда йўқотса, бу ажр-мукофотлар олдида унинг қилган иши ҳеч нарса эмас. Шунинг учун ҳам [қиёмат кунида], Аллоҳнинг ажр-мукофотларини аниқ кўз билан кўрган шаҳидлар, бу дунёга қайтиб, яна бир бор Аллоҳнинг йўлида ўлдирилишдан бошқа нарсани хоҳламай қоладилар. Шунингдек, бу оят барзаҳ ҳаётидаги лаззатнинг ва жазонинг ҳақ эканлигига гувоҳ беради ва бу ҳақда бошқа кўплаб шаръий далиллар ҳам келтирилган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:155.
وَلَنَبْلُوَنَّكُم بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ
Оят: [Ва Мен — Аллоҳ, қасам ичиб айтаманки], Биз албатта сизларни озгина қўрқув, очлик, мулкдаги, жонлардаги, ҳосилдаги йўқотиш [зиён тортиш] билан балолаймиз [синаймиз] ва сабрлиларни [уларга дунё-ю, охиратда улкан яхшиликлар тайёрлаб қўйилгани билан] суюнчиланг.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:156.
الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ
Оят: [Чунки ўша сабрлилар шундай кишиларки,] қачон уларга бирон мусибат етса [қалблари ва тиллари билан]: “Албатта, биз Аллоҳникимиз [У Ўзи хоҳлаганича бизни тасарруф қилади] ва албатта, биз Аллоҳга қайтгувчидирмиз [ўлганимиздан кейин У Зот сабримиз учун ажрлантиради]”, дейдилар.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўз бандаларига албатта синов, имтиҳонлар юборишини ва бу синовлар орқали, У Зот ростгўйларни ёлғончилардан, сабрлиларни сабрсизлардан ажратиб олиши ҳақида хабар берди. Робб Таъало ҳамиша Ўз қуллари билан мана шундай иш тутган, зеро агар мўминларнинг бошларига узоқ вақт ҳеч қандай синовлар келмаса, уларнинг қаторларига ёлғончилар, мунофиқлар кириб оладики, бунинг оқибати албатта ёмонлик билан тугайди. Шунинг учун илоҳий ҳикмат, эзгу кишиларни ёвуз кимсалардан ажрашини тақозо қилади. Синовларнинг фойдаси мана шунда. Шиддатли ибтилолар, имтиҳонлар самимий мўминларнинг иймонларини сўндирмайди ва ҳақиқий мусулмонларни динларидан ўгирмайди, чунки Аллоҳ ҳеч қачон ҳақиқий иймонлиларнинг иймонларини зое қилгувчи эмасдир. Ушбу оятда хабар берилишича, Аллоҳнинг қуллари ўз душманлари билан қўрқитилиш орқали ва очлик ва хавф билан синаладилар, ваҳоланки, хавф ва очликлари арзимас, озгина бўлади, чунки агар бунинг акси бўлса, мўминлар уммати ҳалок бўлиб, ер юзида ҳақиқий иймон эгалари камайиб кетган бўлар эди. Аммо, имтиҳонлар фақатгина уларнинг қаторларини ёлғончилардан, соҳта иймонлилардан тозалаш учун берилади, ва асло уларни ҳалок қилиш учун эмас. Шу билан бирга, Аллоҳ Таъало Ўз бандаларини яна, мол-мулк, одамлар ва ҳосилни йўқотиш билан ҳам синовдан ўтказади. Оятда зикр қилинган “йўқотиш” сўзи остида, инсонга молиявий зарар етказадиган ҳар қандай ҳодисалар, инқирозлар, зиён ва ютқазувлар тушунилади. Бу шунингдек, табиий офатлар бўлиши мумкин, сув тошқинлари, сув босишлар, зилзилалар, ер кўчкилари, катта талафотлар, ҳокимларнинг ва зўравонларнинг бузғунчиликлари, йўлтўсарлик ва бошқа бахтсизликлар.
Жонлардаги йўқотувлар, бу: болаларнинг, яқин қариндошларнинг, дўст-биродарлар ва суюмли кишиларнинг ўлими, ҳамда, инсонни ўзига ва унинг яқинларига кулфат келтирадиган дард-касаллик ҳам тушунилади.
Ҳосил, самаротлардаги йўқотувлар, деб: экин-тикиннинг, пишиб етилаётган ҳосилнинг ҳалок бўлиши, хурмо ва бошқа мевали дарахтларнинг — ёнғин, сув босқини, чигиртка босиши ва бошқа нарсалар оқибатида нобуд бўлиши назарда тутилади. Мазкур ҳодисалар ҳамиша содир бўлган ва бундан кейин ҳам содир бўлиб туради, чунки бунинг хабарини энг билувчи ва энг хабардор Зот берди. Мана шу ҳодисалар, синовлар юз бераётган вақтда, инсонлар икки тоифага: сабрлилар ва сабрсизларга ажраладилар. Шунда сабрсиз кишиларга бирданига иккита бахтсизлик, иккита маҳрумлик тайёрлаб қўйилган: биринчидан, улар севимли нарсаларидан, суйган кишиларидан маҳрум бўлдилар ва бунинг ўзи битта мусибат. Иккинчидан эса, улар сабрлиларга атаб қўйилган ажру мукофотлардан ҳам маҳрум бўлдилар. Агар сабр қилганларида бу ажрлар уларники бўлар эди. Бундай кимсалар катта йўқотишдадирлар ва Аллоҳнинг мададидан жудо бўлганлар, иймонлари эса сусайиб кетади. Улар сабр кўрсатишдек гўзал имкониятни, тақдирга рози бўлишдек бахтни ва Аллоҳга шукр қилишдек олий нарсани қўлдан бой бериб қўйганлар. Аксига олиб, улар тақдирга ғазаб қиладилар ва норозилик билдирадилар ва албатта бу уларнинг йўқотувларининг катта ва жудоликларини оғир эканидан далолат беради. Агар инсон Аллоҳдан келган имтиҳонлар вақтида чиройли сабр кўрсатса, на сўз ва на амал билан норозилик билдирмаса, Аллоҳнинг сабрлиларга атаб қўйган ажр-мукофотларига умид қилса ва бошига келган синовларда илоҳий ҳикмат, яхшилик ва иноят борлигини англаб етса, демак у Аллоҳнинг амрига бўйсунган кишилардан бўлади ва буюк фавзга эришади. Шу сабабли Аллоҳ Таъало сабрлиларга ҳисобсиз ажр борлигини ҳушхабарини беришни буюрди. Бундай фазлу икром ва бундай суюнчли хабарга фақат сабрли, бардошли қулларгина муваффақ бўладилар.
Қачонки уларга руҳий ва жисмоний жиҳатдан ёмонлик етса, синов келса, уларнинг айтар сўзлари: “Биз — Аллоҳнинг қулларимиз ва У Зотнинг иродасига боғланганмиз. Биз ўз ҳаётларимиз, ўз мулкларимиз устида бирон нарсага эга эмасмиз. Агар Аллоҳ бизни соғликдан, ёки молу мулкимиздан жудо қиладиган бўлса, биз Унинг ҳукмига бўйин сундик, ахир У Зот марҳаматли, Ўз қуллари ва Ўзининг мулки устида хоҳлаганидек тасарруф қилиш ҳуқуқига эга. Биз бунга қарши чиқмаслигимиз керак. Бундан ташқари, ҳақиқий мўмин банда билиши керакки, унинг бошига келаётган ҳар қандай бахтсизлик ва балолар ҳикматли Подшоҳнинг иродаси билан рўй берадики, У Зот Ўзининг бандаларига, улар ўзларига раҳмдил бўлганиданда раҳмлироқдир. Агар инсон Аллоҳнинг ҳикматини тушинмаса ҳам, Унинг тақдир қилган ишларини англаб етмаса ҳам, пешонасига ёзилган нарсадан розилик билдирсин ва Аллоҳга қадар қилиб қўйган нарсаси учун ўз шукрини билдирсин. Аллоҳнинг қуллари бўлган ҳолимизда, биз албатта ўз Роббимизга қайта тирилиш кунида қайтариламиз, ўшанда ҳар бир жон қилиб ўтган амалларига яраша ажр, ёки мукофот билан тақдирланади. Борди-ю, биз бошимизга тушган кулфатлардан нолисак, норозилик билдирсак, гўзал ажрдан айриламиз ва бизда, қилган ғазабимиздан ва норозилигимиздан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Бизнинг қуллик мавқеимиз чиройли сабр қилишга ва матонат кўрсатишга бизни чақиради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:157.
أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ
Оят: Ана ўша [сабрли киши]лар Роббиларининг салавотлари ва раҳматига эришадилар [яъни, бундай кишилар, Аллоҳнинг фаришталари томонидан ёдга олинишлик билан икром қилинадилар]. Ва ана ўшалар тўғри йўлдан юрувчилардир [чунки, синовларда чиройли сабр қилиш — тўғри йўлнинг асосий шартларидандир].

Тафсир: [Сабрли мўминлар Роббиларининг мақтови ва буюк раҳматига, ўзларига Роббиларидан берилган сабр-тоқатлари билан сазовор бўлдилар. Шунга биноан уларга энг комил ажр-мукофот бордир. Бундай кишилар ҳақиқатдан ҳам тўғри йўлдан юрувчилардир, зеро улар ҳақни таниб, ўз амалларида уни кўрсатма қилиб олганлар. Бу ердаги “Ҳақни таниш” деганда, инсонлар Аллоҳнинг қуллари эканликларини ва бир кун албатта ўз Роббиларига қайтишларини билиш, англаш назарда тутилган. “Солиҳ амал” — дегани эса: Аллоҳ учун қилинган сабр демакдир. Ушбу оят бизга хабар беришича, агар инсон керакли равишда сабр, бардош кўрсатмас экан, унинг тақдири бутунлай ўзгача бўлади. Аллоҳ уни хорлайди, пастлатади ва жазолайди, унинг топган насибаси эса, залолат ва зиён тортишдир. Бу икки гуруҳ инсонларнинг фарқи нақадар улкан! Аслида, сабрли бандаларнинг қийинчиликлари озроқ, сабрсизларнинг эса, тортган азоб-уқубати кўпроқ бўлади. Бу ва бундан аввалги оят, инсонларни бошларига мусибатлар тушмай туриб, олдиндан уларни тарбиялагандек ва синовларга тайёрлагандек гўё, токи инсонлар бу синовларни осонроқ бошдан кечирсинлар ва талвасага тушиб қолмасинлар. Бу ваҳийлардан шу нарса аниқ бўладики, инсон ҳар қандай имтиҳон ва синовларни, гўзал сабр билан кутиб олсин. Одам боласи билиб қўйсинки, Аллоҳ ҳар вақтларда Ўз қулларини синаган ва У Зотнинг бу ўрнатган низоми бекор қилинмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:158.
إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًا فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ
Оят: Дарҳақиқат, Сафо ва Марва — Аллоҳ[нинг Ўз динида ўрнатиб қўйган] шиор [белги, аломат]ларидандир. [Сафо ва Марва тепаликлари орасида юриш, Аллоҳнинг белгиларидан, аммо тепаликнинг ўзи белгилардан эмас]. Бас, [шунинг учун] кимда ким [Аллоҳнинг] уйи [кааба]га ҳаж, ёки умра [зиёратини] қилса, шу икки [тепалик]ни тавоф қилишида [айланиб юришида] унга гуноҳ йўқдир. Ва кимки ихтиёри билан [нафилани қасд қилиб] яхшиликни танласа [Роббисига тоат-ибодатни кўпайтирса], бас, Аллоҳ ўта шукрли [озгина яхшиликка кўп ажр берувчи] ва ўта билимли [қулларидан ким кўпроқ нафила ибодатларини бажарганини] билувчи Зотдир.

Тафсир: [Сафо ва Марва икки машҳур тепалик бўлиб, улар Аллоҳнинг динини белги-аломатларидандир ва инсонлар улар орқали Роббиларига сиғинадилар. Шунинг учун Аллоҳ уларни иззат-икром қилишни ва улуғлашни буюрди, ахир Аллоҳнинг диний шиорларини эҳтиромлаш, кишининг тақвосидан, солиҳлигидан дарак беради. Барча инсу жин тоифалари тақво қилишга маъмурлар, бу дегани эса, мана шу икки тепаликнинг орасида югуриш, ҳаж ва умра зиёратини фарз қилинган қисмларидандир. Бу кўплаган уламоларнинг фикридир. Ушбу фикрни қувватлайдиган кўплаб саҳиҳ ҳадислар келган, қолаверса, бу амалларни набий ﷺнинг ўзлари бажарганлари ҳақида келтирилади. У зот ﷺ, дедилар: «Ибодатингиздаги қонун-қоидаларни мендан ўрганингиз». Аввалда мушрик бўлган кимсалар бу икки тепаликнинг олдида ўзларининг сохта илоҳларига сиғинганлари боис, баъзи мусулмонлар Сафо ва Марва тепаликлари орасида югуришни гуноҳ деб ҳисоблар эдилар, бироқ Аллоҳ Таъало уларнинг бу хатоликларига раддия берди. Бу раддия беришлик фақатгина икки тепаликнинг орасида югуришни гуноҳ эмаслигини таъкидлаш учун бўлди, аммо унинг номажбурийлигини белгилаш учун эмас. Оятдан аниқ бўлишича, агар инсон ҳаж, ёки умра зиёратини бажараётиб, Сафо ва Марва тепаликларида югурса, унга гуноҳ йўқ, аммо бошқа вақта буни қилишлик жоиз эмас. Бундан тепаликлар орасида югуриш билан каабани атрофини тавоф қилишнинг фарқини кўрамиз, чунки тавофни фақатгина ҳаж ва умрада эмас, бошқа хоҳлаган вақтда ҳам қилса бўлади, аммо тепаликлар орасида югуриш муайян вақтда ва ҳолатда бажарилади. Арофат тоғида туриш, икки тепаликнинг орасида югуриш, Муздалифада тунаш ва шайтонга тош отиш — буларнинг ҳаммаси ҳажнинг ажралмас қисмларидандир ва бу амалларни ҳаждан, умрадан ташқарида бажариш — залолатдир. Шуни билиш муҳимки, залолат (аниқроғи зиндиқлик) икки турли бўлади: биринчисида: инсон умуман ислом шариатида бўлмаган ибодатни бажаради; иккинчисида: шариатда муайян шаклда жорий қилинган ибодатни бошқа шаклда бажаради. Айни вақтда иккинчи турдаги залолат (бидъат) ҳақида сўз бормоқда, яъни, шариатда тепаликлар орасида югуриш бор, аммо инсон уни белгилаб берилган шаклда бажармайди.
Сўнгра Роббимиз хабар бериб айтмоқдаки, агар инсон Роббисига чин ихлос билан ҳаж, ёки умра зиёратини бажарса, каабани айтилганидек тавоф қилса, ёки намозини адо этса, рўзасини тутса, ёки бошқа эзгу амалларни бажарса, у албатта улардан катта фойда ва манфаатлар олади. Яъни, агар банда Аллоҳга янада тиришқоқлик билан итоат қилса, у янада мукаммаллашади, салоҳиятга эришади ва Роббисининг наздида янада баландроқ мартабаларга эришади, чунки иймони зиёдалашиб, тақвоси кўпаяди. Ихтиёрий (нафила) амаллар албатта яхши, солиҳ амаллардан ташкил топиши кераклигига Аллоҳ Таъало алоҳида урғу бериб ўтди. Борди-ю, киши Аллоҳ ва росули буюрмаган бидъатларни бажарар экан, у ўзига умуман фойда келтирмайдиган нарсалар билан ўзини машғул қилган бўлади [ва бундай нафила ибодатни амали солиҳ деб атаб бўлмайди — тарж.] Бундан ташқари бу бидъат амаллар [унга фақатгина фойдасиз эмас, балки] катта зарар-зиён етказиши мумкин, айниқса, агар киши бу амалларни шариатга зидлигини билиб туриб, қилса.