Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!
37.3K subscribers
6.02K photos
2.31K videos
46 files
9.78K links
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz

Вазирликнинг Матбуот ва ПР хизмати томонидан юритилади.

Расмий сайт: ssv.uz
Cаҳифаларимиз:
facebook.com/ssvuz
twitter.com/ssv_uz

Манзил: Тошкент ш. Навоий кўчаси, 4.
Тел: 1003
Download Telegram
Сеулда Тошкент тиббиёт академиясининг ваколатхонаси очилди

Жанубий Корея пойтахти – Сеул шаҳрида Тошкент тиббиёт академиясининг расмий ваколатхонаси очилди. Маросимда академия вакиллари, унинг Жанубий Кореядаги ҳамкорлари, мамлакатимизнинг Сеулдаги дипломатия ваколатхонаси ходимлари, иқтидорли талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда қатнашчиларга академия фаолияти ва унинг имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Мулоқотда ҳамкорлар Жанубий Кореядан бир гуруҳ талабаларни Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга юбориш, ўз навбатида, юртимизда таҳсил олаётган бўлажак мутахассисларни Корея Республикасининг нуфузли тиббиёт олийгоҳларига қабул қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ташкил этилади

Жиззах шаҳрида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ҳамда Жиззах вилоятида энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган вилоят Болалар диагностика маркази ташкил этилади.

Мазкур филиалнинг асосий вазифалари этиб ҳудудда малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш кабилар белгиланмоқда.

Шунингдек:

– фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини таъминлаш;

– хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш;

– республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга иқтидорли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиал илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини ошириб бориш;

– Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш.

2023/2024 ўқув йилидан Жиззах давлат педагогика университетининг «Даволаш иши» ва «Педиатрия иши» бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиалида давом эттиришларига рухсат берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Эслатма: эртага, 7 январь шанба расман иш куни

Эртага, 2023 йил, 7 январь куни ҳафтасига 5 кун ишловчилар учун ҳам, 6 кун ишловчилар учун ҳам расман иш куни ҳисобланади.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Углублённый контроль качества показал, что в некоторых сериях препаратов “Док-1 Макс” и “Амбронол” вместо пропиленгликоля или вместе с ним имелись этиленгликоль и диэтиленгликоль.

❗️С учетом этого, Министерство здравоохранения в целях охраны здоровья населения и дополнительной проверки остальных лекарственных средств приостановил реализацию всех препаратов, ввезенных в нашу страну ООО “Quramax Medical” в 2022 году. 

‼️ На картинке выше приведен список этих препаратов.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
"Хонадон дори қутиси": Ундан фойдаланишда қандай талабларга риоя қилиш керак?

💊 Ҳар биримизнинг уйимизда “хонадон дори қутиси” бор. Аммо уларда қандай препаратлар сақланиши лозимлигини кўпчилик билмайди.

Хўш, аслида бундай “аптечка”лардан қайси дорилар ўрин олиши керак? Уларни сақлаш қоидалари қандай? Препаратлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкин?

📃 “Дори воситалари, тиббий буюм, экспертиза стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармокологик назорат бўлими етакчи мутахассиси Равшан Абдуллаев шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Дориларнинг рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган турлари бор, — дейди мутахассис. — Биринчи турдаги препаратлар учун, албатта, шифокор рецепти талаб этилади. Улардан тиббиёт ходимининг тавсияси билангина фойдаланиш ва уй шароитида сақлаш мумкин.

🚫 Шифокор тавсия қилган жароҳатга қарши, иситма туширувчи, оғриқ қолдирувчи дориларнинг рецептсиз бериладиган турлари эса албатта, “хонадон дори қутиси”да бўлиши мақсадга мувофиқ.

Бироқ баъзи ота-оналар фарзандлари шамоллаб қолса, дарҳол дорихонага югуриб, ўзбошимчалик билан боласига антибиотик ёки бошқа турли препаратларни беради. Ёки тиббиётдан яхши хабардор бўлмаган қўшнисини чақириб, анальгин, димедрол, новокаин қўшиб мазкур аралашмани иситма туширишда қўллайди.

🧾 Ваҳоланки, ҳар бир дори воситасидан фойдаланиш йўриқномаси ва қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Препаратларни қабул қилиш вақти ва дозаларини шифокор белгилиб бериши шарт.

📌 Афсуски, бу талабларга тўлиқ амал қилинмаслиги беморларнинг умумий ҳолати янада оғирлашишига олиб келади.

💉
Айниқса, парентерал, мушак ва вена ичига юбориладиган антибактириал дориларни ҳеч қачон уй шароитида қабул қилиш мумкин эмас! Шунингдек, дорихона мутахассиси тавсияси билангина харид қилинган препаратлардан ҳам шифокор маслаҳатисиз фойдаланмаслик керак.

🗓 Бундан ташқари, ҳар бир дори унинг йўриқномасида кўрсатилган ҳарорат ва муҳитда сақланиши шарт. Қолаверса, яроқлилик муддати ўтган дориларни ичиш ножўя таъсирлар ва оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

🏥 Агар доридан заҳарланиш ҳолати кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки бу ҳолат, буйрак, жигар, ўпка, юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳатто ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.

▶️ Юртимизда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари оқибатида болалар ўлими юз бериши бу борада эҳтиёткорлик, шифокор тавсияси нақадар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатди.

❗️Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали такрор-такрор огоҳлантирилишига қарамай, баъзи ота-оналар томонидан уй шароитида ҳануз ушбу препаратлардан фойдаланиш ҳолатлари учраётгани афсусланарлидир.

‼️Шундай экан, юртдошларимиздан уй шароитида даволанмаслик, "хонадон дори қутиси"даги препаратларни сақлаш қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда муддати ўтган дорилардан фойдаланмасликни сўраймиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️ЖССТ: "Mpox" вирусининг тарқалиши сезиларли даражада камайган, бироқ...

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, шу кунгача Ер юзида "mpox" (маймун чечаги) вирусини юқтирган қарийб 84 минг нафар бемор рўйхатга олинган. Улардан 75 нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Аммо реал кўрсаткичлар бундан юқори бўлиши мумкин.

Тўғри, касалликнинг тарқалиши эпидемия бошланган даврга нисбатан сезиларли даражада пасайган. Бироқ бу хотиржамлик учун асос бўлолмайди. Чунки қатор мамлакатлар, айниқса, Африка минтақасида мазкур вирусга қарши синамалар ҳам, вакциналар ҳам мавжуд эмас.

ЖССТ мутахассиси Розамунд Льюиснинг таъкидлашича, ушбу ҳолат уч йил ўтиб, "mpox"нинг янада юқувчан мутациялари пайдо бўлишига замин яратиши мумкин. Бу эса чинакам хавф.

Шу боис, дунё бўйлаб янги эпидемияларни имкон қадар тезроқ аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун кўпроқ тест ва вакциналар ишлаб чиқилиши керак” — деб хулоса қилади мутахассис.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Рецептсиз бериш мумкин бўлмаган дори воситаларини сотган тадбиркорларга қандай жавобгарлик белгиланган?

Муҳаббат Ибрагимова,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси:

— Қонунчиликка кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар, гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлмаган, рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жаримага сабаб бўлади.

Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни рецептсиз сотиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Дорихоналар мунтазам равишда бундай қонунбузарликни содир этиб келган тақдирда, бу ҳолат лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.

Дорихоналарга тадбиркорлик субъекти деб қаралади. Ҳолбуки, у ерда оқ халат кийган мутахассислар ишлайди. Бу – улар барча фармацевтик талабларга тўлиқ жавоб бериши керак дегани.

Шунинг учун мамлакатимиздаги барча дорихоналар томонидан зарур дорихона амалиёти талаблари бажарилишини таъминлаш лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM

Президентимизнинг "Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2023 йил 1 январдан рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш бекор қилинди.

Эндиликда дори воситаларининг рецепт бўйича ва рецептсиз берилиши уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширилади.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Кальцийнинг кунлик миқдори қанча?

💊 Кальций инсон саломатлигида муҳим ўринга эга. Шу боис ушбу элементни доимий ва керакли миқдорда қабул қилишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Унинг кунлик миқдори эса ҳар бир ёш тоифаси учун турлича.

Тавсия этилган кунлик кальций миқдори:

👩🏻‍🍼 0-3 ойлик чақалоқлар учун
400 мг.;

🙇🏻‍♀️
4-6 ойлик гўдаклар учун 500 мг.;

👶 7-12 ойлик ўғил-қизлар учун 600 мг.;

👨‍👩‍👦
1-3 ёшли кичкинтойлар учун 800 мг.;

👦
7-11 ёшдаги болалар учун 1100 мг.;

🧑 11-18 ёшдаги ўсмирлар учун 1200 мг.;

👱‍♂️ 18-59 ёшдаги катталар учун 1000 мг.;

👨‍🦳 60 ёшдан юқори кишилар учун 1200 мг.;

🤰🏻
ҳомиладор аёллар учун 1300 мг.;

🤱
эмизикли оналар учун 1400 мг.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот котиби.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Аномал совуқ кутиляпти. Ундан биринчи галда кимлар сақланиши керак?

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, бугундан мамлакатимизга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади.

Натижада 10-15 январь саналарида юртимизда аномал совуқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кечалари -12-17 даража, шимолда тунда -17-22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25-27 даража совуқ бўлиши кутиляпти.

Хўш, бундай аномал ҳарорат инсон саломатлигига қандай таъсир этади? Унинг зарарли оқибатларидан сақланиш усуллари нималардан иборат?

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши кузатилади, — дейди вазир ўринбосари. Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади.

Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.

Қолаверса, аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бундай шароитда тана аъзоларининг музлаб қолиш эҳтимоли юқори.

Шу боис совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.

Аномал совуқда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечган маъқул. Боиси бу зарарли одатлар қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.

Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан аввал таркибида сув бўлган дори воситаларини терига суртмаган маъқул. Аксинча, ёғли кремларни қўллаш тавсия этилади.

Совуқ кунлари эрталаб, албатта, нонушта қилиш керак. Оч қолиш тананинг тез музлаши ва иммунитет заифлашишига сабаб бўлади. Истеъмол қилинадиган таомлар калорияси иссиқ кунларга нисбатан 25-30 фоизга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бунда, иссиқ ва суюқ овқатлар жуда фойдали.

‼️Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
ССВ: Болалар орасида коронавирус авж олаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз!

Ижтимоий тармоқларда "ёш болалар орасида коронавирус инфекцияси кўпайиб боряпти" мазмунидаги хабарлар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотларнинг ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилади.

Болалар орасида ўткир респиратор касалликлар ва коронавирусга чалинишнинг сўнгги кўтарилиши ўтган йил куз ойларига тўғри келган эди. Ўша пайтда Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида беморлар учун 500 та қўшимча шифо ўрни яратилган эди.

Ҳозир ҳолат барқарор бўлиб, хасталаниш кўрсаткичлари кескин камайган.

Агар болалар орасида коронавирус ёки бошқа ўткир респиратор касалликлар ортиши кузатилса, бу бўйича расмий ахборот берилади.

❗️Ҳурматли юртдошлар! Қишки иқлим шароитида фарзандларингизнинг саломатлигига, айниқса, кийиниши ва овқатланишига жиддий эътибор беринг! Бу хилдаги фейк хабарларга ишонманг!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
#Шошилинч

Тез тиббий ёрдам машиналари алоҳида имтиёзга эга

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма баёноти

Ижтимоий тармоқларда тез тиббий ёрдам автомобилларига тезликни ўлчовчи махсус автоматлаштирилган, онлайн режимда ишловчи камералар орқали қайд этилиб, жарима белгиланаётганлиги ва улар бекор қилинмаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17 прим 1-моддаси бешинчи хатбошисига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади. Сўнг мазкур маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.

Мазкур ҳужжатнинг 271-моддаси биринчи хатбошисининг тўртинчи кичик бандига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.

Маълумот учун: тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг (7-боб, 9-16, 19-20 ва 22-боблари, 1 ва 2-иловалари) талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун махсус хизматларнинг транспорт воситаларида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128 прим 5-моддаси биринчи қисмига кўра, махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан ҳалақит бериш — БҲМнинг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

2022 йилнинг 1 ноябрь куни ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги, Республика Тез тиббий ёрдам хизмати маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги автотранспорт бўлими масъул раҳбарлари иштирокида тез тиббий ёрдам автомобилларининг махсус фото-видео фиксация мосламалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича келиб чиқаётган муаммолар тўлиқ бартараф этилиб, ишлаш механизми йўлга қўйилган.

Ички ишлар вазирлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
❗️ССВ: Аномал совуқ кунларда барча тиббиёт муассасаларининг узлуксиз ва барқарор ишлаши таъминланади

❄️ Хабар қилганимиздек, 10-15 январь кунлари юртимизда аномал совуқ ҳарорат кутилмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида тиббиёт муассасаларининг барқарор ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қуйидаги чора-тадбирлар кўрилди.

🔋Тизимга қарашли даволаш муассасалари учун 436 та қўшимча дизель генератори харид қилиниб, жойларга юборилмоқда.

💡155 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктларига 260 кВт. қувватга эга қуёш панеллари, 10 300 литр ҳажмли қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.

☀️ 375 та маҳалла тиббиёт пункти, 50 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар учун 2 352 кВт. қувватга эга қуёш панеллари ҳарид қилинди.

⚙️ Техник сабабларга кўра, бирор тиббиёт муассасасида генератор ишламай қолса, зудлик билан муаммони бартараф этиш мақсадида барча вилоятларда куну тун хизмат кўрсатувчи навбатчи генераторлар ташкил қилинди.

10-15 январь кунлари тиббиёт муассасалари қай тартибда фаолият кўрсатади?

🩺 72 000 нафардан зиёд шифокор ва ҳамширалардан иборат тиббий бригадалар томонидан, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган хонадонлардан хабар олиш, ўз навбатида, “онлайн патронаж” хизмати кўрсатиш йўлга қўйилади.

💉 Амбулатор-поликлиника тизимидаги 19,5 мингдан зиёд кундузги шифохона ўринларида уйдан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилади.

👩🏻‍⚕️👨🏻‍⚕️1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника, 1080 та оилавий шифокор пункти ҳамда 1002 та маҳалла тиббиёт пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

🏥 Республика, вилоят, туман ва шаҳар шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари одатдаги тартибда ишлайди.

🏥 Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.

🚑 Юртимиз бўйича 2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида куну тун хизмат кўрсатади.

🤱 Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

☎️ Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларингизга малакали мутахассислардан кечаю кундуз жавоб олишингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Мутахассис: Коронавирус асоратлари баъзи беморларда суяк ва бўғимлар емирилишига сабаб бўлмоқда

Мурод Ирисметов,
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

🦠
— Коронавирус пандемиясининг дастлабки йили бутун инсоният учун оғир синов бўлди. Ўшанда энг асосий эътибор, аввало, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва касаллик кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилди.

🩺 Вақт ўтиши билан тиббиётда бу хавфли инфекция билан курашишнинг самарали йўллари топилди. Даволаш стандартлари такомиллаштирилди. Энг муҳими, COVID-19га қарши вакциналар яратилди.

🧑🏻‍🦼Аммо кўп ўтмай, коронавируснинг яна бир хавфли жиҳати маъмум бўлди. Яъни унинг оғир асоратлари! Ушбу ҳолат СOVID-19ни бошдан кечирган баъзи беморларда сон суяги, елка, тизза бўғимларининг емирилиши билан кечаётгани сир эмас. Бу — дунё олимларининг илмий хулосаси.

📊 Агар статистик таҳлилларга мурожаат қилсак, пандемиягача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача мазкур хасталикка чалинган беморлар сони 3-4 баробар ортганини кўрамиз.

Оқибатда ушбу касалликнинг оғир босқичларида юқори технологик операция ҳисобланадиган эндопротезлаш амалиётига муҳтож беморлар сони кўпайиб бормоқда.

🧑🏻‍🦽Тўғри, коронавирус пандемияси бошланмасидан аввал ҳам аваскуляр некроздан азият чекувчи юртдошларимиздан мурожаатлар бўларди. Аммо уларнинг сони ҳозирги пайтдаги сингари кўп эмасди.

💉 Бугунга келиб тиббиёт марказимизда шундай дардга чалинган мингдан ортиқ беморларнинг реестрини шакллантирганмиз. Таҳлиллар асносида кўряпмизки, уларнинг аксарияти коронавирусга қарши эмланмагани оқибатида касалликни оғир ўтказган.

💊 Устига-устак, шифокор тавсиясисиз, уй шароитида турли антибиотик, гормон препаратларини палапартиш қўллаган. Оқибатда вақт ўтиши билан суякларда емирилиш ҳолатлари юзага келмоқда.

❗️Шундай экан, дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш турли оғир асоратларни келтириб чиқаришини унутмайлик.

‼️Қолаверса, юртдошларимизга COVID-19га қарши тўлиқ босқичда ва бустер дозада, албатта, эмаланишлари зарурлигини эслатиб ўтаман.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Кальций етишмаслиги қандай белгилар билан намоён бўлади?

Умида Рустамова,
тиббиёт фанлари доктори:

— Инсон саломатлиги учун организмда витамин ва минерал моддалар етарли миқдорда бўлиши зарур. Акс ҳолда танада салбий ўзгаришлар кузатилиб, жиддий асоратлар келиб чиқиши мумкин.

Кальций ана шундай элемент. У нерв томирларида импульс ўтказувчанлигини, мушаклар қисқаришини бошқаришда иштирок этади ва қон ивиш тизимининг асосий компоненти ҳисобланади.

👨‍🦽Сўнгги вақтларда дунёда коронавируснинг оғир шакли билан касалланиб соғайган аксарият беморларда таянч-ҳаракат тизими хасталиклари кўп учраяпти. Бунга эса айнан кальций етишмаслиги сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

‼️ Шу боис мутахассислар Covid-19га қарши тўлиқ босқичларда ва бустер доза билан эмланишни тавсия этади. Сабаби ўз вақтида вакцина олиш юқоридаги каби жиддий асоратларнинг олдини олишга хизмат қилади!

🦷 Аслида ушбу модданинг камлиги билан танада бошқа метоболик жараёнлар ҳам издан чиқади. Суяклар, тишлар, соч ва тирноқлар ҳолатига салбий таъсир этади. Юрак-қон томир тизими касалликлари ривожланади, иммунитет заифлашади.

Шунингдек:

📌 асабийлик ва фикр тарқоқлиги;
📌 кўп терлаш;
📌 танада тез-тез титроқ;
📌 тез чарчаш;
📌 мушаклар тортишиши;
📌 қабзият;
📌 тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши;
📌 юрак уришининг бузилиши;
📌 тез-тез ва кучли бош айланиши;
📌 мушак, бўғим ва суякларда
оғриқлар кузатилади.

❗️Қолаверса, болаларда ўсишнинг секинлашуви ҳам айнан кальций етишмовчилиги билан боғлиқ. Айниқса, бу ҳолат ҳомиладорлик асоратлари хавфини оширади. Шу сабабли ЖССТ бўлғуси оналарга ушбу элементни қўшимча равишда қабул қилишни тавсия этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот котиби.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
ССВ: Бойсунлик шифокорни калтаклаган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида шифокор аёвсиз калтаклангани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Аниқланишича, Бойсун туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимида шу йил 9 январь санасида навбатчилик қилаётган шифокор Ф.Ж. ва фуқаро Ш.Х. ўртасида шахсий масала юзасидан тортишув келиб чиққан. Оқибатда келишмовчилик жанжалга айланиб, шифокор олган тан жароҳати туфайли ҳушини йўқотган.

Сўнг жабрланувчи туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига "Бурун суягининг ёпиқ синиши. Ўнг кўз олмаси контузияси. Ўнг юқори жағ жароҳати" ташхиси билан ётқизилган. Ҳозир беморнинг аҳволи ўрта оғир. Даво муолажалари белгиланган стандартлар асосида олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан бугун Бойсун туман Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️2023 йил 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан ОТМ, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилди.

Ушбу жараёнларни белгиланган тартибда амалга ошириш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида кечаю кундуз фаолият олиб борадиган, малакали мутахассислардан иборат “Штаб” ташкил этилади.

Аномал совуқ бўлиши кутилаётган 10–18-январ кунларида барча таълим муассасаларида ҳар қандай мажлислар (жумладан ZOOM шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишлар ўтказиш тақиқланади.

Шунингдек, таълим муассасалари биноларининг иссиқлик тизимларини барқарор ишлаши таъминланади.

Таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга оладилар.

Ўқув жараёнларини ташкил этишда ҳудуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилди.

Ўқув жараёнини ташкил этишда зарурият туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритишга рухсат берилади. 20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади.

Алоҳида таъкидлаймизки, 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди.

Об-ҳаво шароитлари туфайли ўқишга келолмаган талабаларга ўқув жараёнларини бошлаш ҳамда назорат имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли масофавий дастурлар таклиф қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ижтимоий тармоқларда кальций глюконат дори воситаси оловга ёқилганда, унинг эриши натижасида гўё таркибидан заҳарли моддалар ажралиб чиқиши кўрсатилган видеолавҳа тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази мазкур ҳолат юзасидан юқорида ўз муносабатини билдиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Хорижий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистондаги болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситасининг ишлаб чиқарувчиси — “Marion Biotech” компаниясининг лицензиясини тўхтатди.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️ССВ: Коррупцион ҳолат юзага келишига эътиборсиз бўлган тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари ишдан олинди

Ижтимоий тармоқларда Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалининг кадрлар бўлими инспектори Ж.М. пора олаётган вақтда қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилганда, Ж.М. 2022 йил 25 декабрь санасидан Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон ҳудудий филиалининг кадрлар бўлимида инспектор сифатида иш бошлаганлиги аниқланди.

У 2023 йил 7 январь куни соат 13:00 лар атрофида Андижон шаҳрининг Сой маҳалласи ҳудудидаги дорихона олдида фуқарони ишга олиб кириб қўйиш эвазига ундан 400 АҚШ долларини олаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозир мазкур воқеа юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

‼️Вазирлик томонидан ушбу ҳолат ўрганилиб, эътиборсизлиги оқибатида коррупциявий ҳолат содир этилишига шароит яратиб берганлиги, муассаса ходимлари ўртасида етарлича тушунтириш ишларини олиб бормаганлиги учун Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали директори И. А. ва кадрлар бўлими бошлиғи Э.Х. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Аномал совуқ кимларда аллергик реакцияларни қўзғатиши мумкин?

❄️ Шу кунларда юртимизда аномал совуқ кузатилмоқда. Бундай ҳарорат баъзи инсонларда аллергик реакцияларни ҳосил қилиши мумкин.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Совуқ оқибатида пайдо бўладиган аллергия тананинг паст ҳарорат таъсирига ҳаддан ташқари сезгирлигини англатади, — дейди профессор. — У кўпроқ аёллар ва болаларда кузатилади.

🔬 Ушбу касаллик, аввало, иммунитет тизимининг заифлиги аломати. Бундай инсонлар совуқ билан юзлашганда, организм ноёб патологик оқсил — криоглобулин ишлаб чиқара бошлайди.

🩺 У иммунитет ҳужайралари томонидан ёт унсур сифатида қабул қилиниб, ҳужумга учрайди. Бу жараёнда фаол ишлаб чиқариладиган гистамин моддаси эса аллергик реакцияга сабаб бўлади.

▶️ Хасталик турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлиши мумкин: эшакеми, ринит, конъюнктивит, дерматит, астма. Ҳатто оғир ҳолатларда баъзи беморларда Квинке шиши ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Улар орасида энг кенг тарқалгани эшакеми бўлиб, танада пуфакчалар пайдо бўлиши билан тавсифланади.

Совуқдан аллергия белгилари изғирин ҳарорат таъсиридан 3-5 дақиқа ўтгач пайдо бўлади ва аломатлар 1-2 соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин.

❗️Касалликнинг ўткир ва сурункали шаклида қўл, юз, ёноқ ва оёқларларда кучли қичишиш юзага келиб, сўнгра терида қизил доғ ва пуфакчалар ҳосил бўлади.

‼️ Баъзан титроқ, умумий ҳолсизлик, юрак уриши тезлашиши ва бўғимларда оғриқ кузатилади. Нафас қисиши, тахикардия, қон босими пасайиши, кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи безовта қилиши мумкин.

🩺 Ўткир респиратор вирусли касалликка чалинган, аллергияга наслий мойиллиги бор, ошқозон-ичак йўллари ва жигар хасталикларидан азият чекаётган беморларда совуқ ҳарорат таъсирига кўпроқ сезгирлик кузатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram