Bismillah
21 subscribers
260 photos
101 videos
4 files
785 links
Download Telegram
Сизга сиздан узоқ, сизга Ундан яқин ҳеч нарса йўқ, атрофингизда!..
Ўзингизни чорасизликнинг тиканли чоҳига ташлаб юборақоласиз! Пушаймонлик туйғуси оловда эриган бир маъдан янглиғ оқа бошлайди ичингизга… Ўзингизни парчалаш истагида парча-парча бўлиб кетасиз!
Ва жасадингизнинг тепасига тўпланган инсонларга қарайсиз!.. Сизга минг йилдек узоқ туюлган шу бир дақиқалик муддат ичида сизга қараб, сизнинг ҳолатингизни кузатиб турган кишиларнинг, жағингизни боғлаётиб, “Раҳматли индамасдан, қандай тинчгина жон берди-я!..” деганларини эшитасиз!..
Бошқаларнинг ўлимидан ўлимнинг не эканини таниган бу инсонларнинг ўлимга қанчалар бегона, ундан қанчалар йироқда эканини илк бора англайсиз!
Ҳа… ўлиш мутлақо бошқа бир нарса эди!
Ўлим билан ҳамма нарса эмас, фақат бир нарса тугарди!.. Ва ана шу бир нарсанинг тугаши билан ҳамма нарса янгидан бошланар эди!..
Охирги пайтлар фабрикага боришни унчалик истамасдим. Жуда зарурий ҳолларда борар, иш ривожини ўрганиб, керакли кўрсатмаларни берганимдан сўнг қайтардим. Бир қарашда мен фаолиятим суратини деярли тўхтатаёзган эдим. Бироқ, фабрика тинимсиз ишларди, ишларди-ю, югуришдан тўхтаб, оғир одимларла юраётган инсонга ўхшарди.
“Етар!” дердим ўз-ўзимга.
Шу зайл ишлаши ҳам менга кўпдек туюларди. Ўлимли дунёда жуда кўп ишлаб, ортиқча бойишнинг нима кераги бор? Ҳолбуки, бир ой олдин бошқача ўйлардим. Енгилгина кулдим. Дунёнинг ўткинчи эканини, ўлимли дунё эканини тушуниб етгандим!
Фабрикадан вақтли қайтиб, ғалати бир хоҳиш билан қабристонга келдим. Қабристон эшигида бир оз туриб қолдим, сўнг ичкарига кирдим. Яқин кунларда тобутда келтирилишим аниқ бўлган қабристонга ҳозирча оёқларимда юриб келгандим…
Бу ер қабристон эди, бу ер ҳамма келадиган сўнгги манзил эди!
Қабристонни оғир-оғир қадамлар билан айланишни бошладим. Атрофимга бениҳоя ҳайрат билан қарар, ҳамма нарсани кўришга, ҳамма нарсани тушунишга ҳаракат қилардим. Илгари ишхона ёки фабрика қуриш учун мўлжаллаган ерга келиб, унинг ҳамма тарафини ўрганиб чиқардим. Энди эса, тамоман бошқача фикрлар ичра бошқа нарсаларни ўрганиш билан банд эдим!..
Қабристон жим-жит ер эди!..
Қабрлар оралаб юрарканман, қабрдагиларни ўйларканман, тирик эканимни илк бора фарқлаётганга ўхшардим. Тириклик ҳайратланарли ҳол эди. Бирор тепаликнинг худди тирикдек юраётганини ёхуд сакраётганини кўрсак ҳайратдан ёқа ушлаб қоламиз. Сув, тупроқ ва тепалик сингари моддалардан иборат бўлган инсоннинг юришини, югуришини, гапиришини эса, ўрганиб кетганимизданми, табиий ҳол дея қабул қиламиз. Фикр танбаллиги билан эснаб, “Жони бор юради, жони бор югуради, жони бор гапиради..” деб қўя қоламиз.
Жуда яхши, лекин ана шу жоннинг ўзи нима? Тириклик нима? Ҳар қандай бир тепаликка жон киритишга уринсак, жон бериш у ёқда турсин, ўша бермоқчи бўлганимиз жоннинг нима эканини, қанақа нарсалигини биламизми?
Иҳ!..
Балки бу саволнинг жавобини биз тириклар эмас, жонидан айрилган ўликлар, маййитлар яхши билишарди. Баъзи нарсаларнинг нима экани, борлигида эмас, балки йўқолгандан сўнг ойдинлашади. Қабристонни ҳамон оғир одимларимла кезарканман, қабрларни ва қабрдагиларни ўйлашда давом этардим. На мен улардан, на улар мендан йироқ эмасдилар! Ўлимга яқин турган бир инсон сифатида қабрдагиларнинг аҳволини яхшироқ тушунар, яна ҳам яхшироқ ҳис қилардим. Ва бир муддат ўтгач, қабрдагиларнинг нигоҳлари билан ташқарига, тирикларнинг нигоҳлари билан қабристонга боқдим.
Ҳайҳот!..
Ҳайратдан сесканиб кетдим. Бир-биридан қанчалар фарқли, қанчалар айри қарашлар эди, улар!
Қараганини кўраётган, кўрганларини англай олаётган нигоҳлар шубҳасиз қабрдагиларники эди! Жуда аниқ, ниҳоятда тиниқ қарашлар эди! Ташқаридан қабристонга, қабр ичидагиларга қараган инсонлар кўриш лозим бўлганини эмас, кўришни хоҳлаганларини кўрардилар! Баъзилари қабристондаги дарахтларни, баъзиси мармар тошларни, баъзилари эса қабр устидаги тупроқни кўришарди. Ўзини теран ўйлаётганини ҳис қилган баъзи бирлари эса қабр ичига кириб, кафанланган маййитни кўришарди!
Бу яхши, бироқ кафанни очиб, унинг ичидагига қарашимиз лозим эмасми?
Гўштлари чириб кетган у калла суягининг нимасидан қўрқамиз? Бошимизга бармоғимиз билан урган пайтимизда “тақ-тақ” дея эшитилган овозлар бизнинг ҳам айни оқибатга маҳкум, худди шундай қуруқ бошга соҳиб эканимизни эслатмаяптими?!. Гўштларидан айрилган у қуруқ калла суягида ёлғонлардан тозаланган аччиқ бир ҳақиқатни кўрмаяпмизми?! Бош суягидаги кўз чуқурларига ўз кўзларимизни қўйиб, бир лаҳза нариги дунёга, ундан ҳам йироқларга нега қарамаяпмиз?!.
Ҳамма ерга кўз ташларкан, босаётган тупроғимизга қараркан, борган ерларимизни яхшилаб кўришни истарканмиз, қабрларга, қабр ичидагиларга нега қарамаймиз?!
Кун сайин, дақиқалар сайин яқинлашиб бораётганимиз у манзилдан нега юзимизни ўгирамиз, нима учун қабристонлардан йироқроқ юрамиз! Агар юзимизни дунёга бурсак, унда абадий қоламиз, қабристонга умуман яқинлашмаймиз, ўлим нима эканини билмай бахтиёр яшаймиз, дея ўйлаймизми?!
Бу саволга ҳам қабрдагилар жавоб беришади:
“Ҳа, шундай деб ўйлайсиз! Биз ҳам худди шундай ўйлар эдик!..”
Бу жуда тўғри жавоб эди! Зотан, қабристонда ҳеч ким ёлғон гапирмайди! Ҳамма нарса, ҳамма рост гапиради,бу ерда… Бу ер ҳақиқатан ҳам бошқа бир олам эди! Ҳамма нарса, сукутда, тириклар оламидаги ғала-ғовур овозлар йўқ!.. Бу ерда ҳамма нарса шундай сокинлик билан, шундай сассизлик билан англатилади!
Ибратомуз бир сукунат, сермаъно жимжитлик ҳукмрон қабристонда…
Бу қабристонни тўлдирган минглаб инсонлар ҳеч шубҳасиз, бир пайтлар кўча-кўйларни, бозорларни тўлдириб, у ёқдан-бу ёққа елиб-югурган одамлар эди! Бу ерга келиб ярим соат ўтирар-ўтирмас, сиқилиб-зериккан, нима қилишларини билмасдан, тезроқ қабристонни тарк этишга шошилган шу инсонлар, узоқ йиллардан бери мана шу қабрларида айни шаклда, айни сукунат ичра жимгина ётишарди.
Қабрларга қараганча, такрор-такрор ўйлай бошладим: “Ажабо, бу ерда ётган маййитларнинг ҳеч қандай ташвиши, ғам-қайғуси йўқмикин? Шуни ўйларканман, ҳар бир қабрга бирма-бир қарадим. Саволларимнинг жавобларини яна шу қабр остида ётганлардан эшитишни истардим!
Йўқ, ундай эмас! Худо ҳаққи, асло! Уларнинг ҳеч бири ғамсиз, қайғусиз эмасди! Қабрдагиларнинг барчаси, қиёматга қурилган соат, маҳшарга тортилган камон сингари эди!..
Барчаси нафасини ютганча, қимир этмасдан, ўша онни – қайта тириладиган лаҳзаларини кутиб ётишарди!..
Юзлари ва нигоҳлари бир-бириникидан фарқ қиларди! Қайси бирининг сўнгги табассуми, қайсинисининг охирги пушаймонлиги, яна киминингдир энг сўнгги томчи ёши кўзларида қотиб қолган эди!!!
Барчаси ана шундай ҳолатда кутишмоқда эди, Маҳшар кунини!..
Ажабо, менинг юзим, менинг сўнгги кўринишим қандай бўлар экан?
Юзимда энг охири қайси маъно, нигоҳларимда қандай ифода муҳрланар экан?!..
Қўрқиб кетдим, ваҳимага тушдим… Ўлимдан эмас, ўлимдан кейинги вазиятдан қўрқаётган эдим…
Аллоҳни ўйладим, бошим эгилиб, бўйним букилиб қолди… Оёқларимдан мадор кетиб, бир қабрнинг шундоқ ёнгинасига ўтириб қолдим. Қанчалик ожиз, қанчалар чорасиз эканимни ҳис қилдим… Худди йўргакда қўл-оёғи боғланган бечора бир гўдакдек йиғлай бошладим… Билган ҳамма нарсамни; барча инсонларни, барча жумлаларни, барча сўзларни унутган эдим. Хотирамда ёлғиз биттагина жумла сақланиб қолган ва бутун борлиғим шу жумлага маҳкам ёпишган эди: “Аллоҳим, менга ёрдам бер!..”
Тинимсиз ушбу жумлани такрорлардим:”Аллоҳим, менга ёрдам бер, Аллоҳим, менга ёрдам бер!..”
Шу пайтгача Аллоҳга жуда кўп дуо қилгандим, аммо, ўзимни Аллоҳга, Аллоҳни ўзимга бу қадар яқин ҳис қилмагандим!.. Гўё ҳар бир аъзом, ҳар бир ҳужайрам алоҳида -алоҳида қўлларга айланган-у, мен ана шу мингларча қўлларим билан Аллоҳга узалганча, тинмасдан Унга ёлвораётгандим ва бу дуодан тўхташни, Аллоҳдан йироқлашишни асло истамасдим: “Аллоҳим, менга ёрдам бер!..”
–    Ёрдам керакми?
Чўчиб тушдим! Эшитилган бу овоздан жойимга михланиб қолдим. Бу овоз ердан эшитилдими, кўкданми, билмай қолдим… Ётган еримдан атрофимга қарадим. Ўнг тарафимда саккиз-ўн метрлар узоқликда бир киши турарди. Унга ҳайрат билан қараётганимни кўргач, секингина “Ассалому алайкум!” деди.
Бу қирқ ёшлардаги соқолли бир киши эди. Бир муддат жим бўлиб қолдим. Нима қилишимни, нима дейишимни билмасдим. Ўрнимдан туриб, секингина кийим-бошимни қоқдим. У кишига қараб “Ваалайкум-ассалом!” дедим-да, тўғри қабристон эшигига қараб юра бошладим…
Юрагим сиқилганди… Ҳеч истамаганим бир пайтда, истамаганим бир шаклда қаршимда пайдо бўлган бу жонзот, жонимни сиққан эди!..
Ичкилик ичишни ташлаган, беш вақт намоз ўқишни бошлаган эдим. Аввал бошида бундан кўнглим тўлмай юрди. Буларнинг барчасини ўлишимни билганим учун, ўлимдан қўрққаним учун қиляпман, деган хаёл менга тинчлик бермасди. Менга асло ёқмаган бу хаёлдан қутулиш мақсадида анча вақт у билан ичимда курашиб юрдим.
Бироқ, уни енга олмадим… Негаки, аслида ҳақиқатдан ҳам шундай эди!.. Ўлишимни билганим учун ароқ ичишни ташлаган, ўлимим яқин қолгани боис, беш вақт намоз ўқишни бошлагандим. Кейинчалик буни тан олдим. Ҳам бу ҳақиқатни қандай қилиб инкор қила олардим?! Зотан, Аллоҳ таоло барча инсонларга ўлишларини билдирган, барча инсонлар ҳар дақиқа ўлимга тайёр туришларини истаган эди! Ўлишини билган ҳолда ибодат қилиш, барча мусулмон бажариши лозим бўлган амал эди, зеро…
Мана шуларни ўйлаб, мени безовта қилган, мени васвасага солган шайтоний хаёллардан қутулдим. Шайтони лаъин нима қилиб бўлмасин, инсонни йўлдан уришга ҳаракат қиларди! Шайтоннинг таъсирида қолиб ибодатни тарк қилган инсонлар, бошлари ва бурунлари кўтарилиб, ғўдайиб қолган, шунингдек, қабрларига ҳам ғўдайганча кирадиган инсонлар бўлса керак.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ўшандай бандаларидан қилиб қўймади!..
Бироқ, тўғрисини айтадиган бўлсам, беш вақт намоз ўқиш нафсимга бу қадар оғир келади деб ўйламагандим. Қаердан билибман, бу иш чеккадан қарагандагидек осон эмас экан!.. Намоз ўқиётган пайтларимда ичим сиқилганини, сабабини ўзим ҳам билмайдиган бир оғирлик остида қолганимни ҳис қиламан. Салом бериб, намоздан чиққач, анча вақт сувнинг остида қолиб, кейин сув устига чиққан одамдек чуқур бир “оҳҳ…”тортаман.
Ҳолбуки, жума намозларида ҳеч қачон бунақа оғир аҳволга тушганимни эслай олмайман. Гарчи шу онгача ўқиган жума намозларида Аллоҳдан кўра кўпроқ инсонларни, ўзим ичида яшаган жамоани кўпроқ эътиборга олардим. Ўзим учун танлаган бир “имиж”им бор эди. Ўз тарихига эга, миллатчи ҳамда муҳофазакор имиж эди бу. Ўзимни ана шу имижим билан танитар, унинг йўқолишини истамасдим. Жумладан, жума намозларига боришим ҳам айнан шу имижимнинг мажбурий бир хусусияти эди. Аллоҳга ишонардим, имоним бор эди, бироқ ёлғиз Аллоҳ учун намоз ўқимасдим…
Ҳозир эса, аҳвол тамоман фарқли!.. Энди на имижимни, на жамоанинг бошқа ҳукмларини инобатга оламан. Ўзимни устидаги либоси ёниб кетган инсондек кўряпман. Неча йиллардан буён асраб келган имижимни белгилаган шу кийимларимни шоша-пиша эгнимдан ечиб отарканман, на жамоани кўз олдимга келтираман, на улар мени ялонғоч ҳолатда кўриб қолишларини!..
Буларнинг ҳеч бири мени қизиқтирмайди!
Энди мен учун ягона аҳамиятга лойиқ бир борлиқ–Аллоҳ таоло!
Мен Аллоҳнинг қулиман ва шу қуллик нимани тақозо қилса, барчасини бажаришга мукаллафман! Бор-йўғи шу! Бундан бошқа ҳеч нарса мен учун афзал эмас! Нафсим хоҳламаса ҳам, ибодатлар шум нафсимга оғирлик қилса ҳам, бошқа мусулмонлар сингари намоз ўқишга, бошқа мусулмонлардек ҳаромлардан қочишга ҳаракат қиламан!..
Бундан ташқари, бошқа мусулмонлардан менинг нима фарқим бор? Бой ва бообрў эканимми? Касал бўлмасимдан олдин шундай деб ўйлардим. Тарозининг бир тарафига мингта ишчини, иккинчи тарафига ўзимни қўйсам, албатта мен оғир келаман, дея фахрланардим! Минг ишчини қўл остида ишлатган, мингта ишчини моддий жиҳатдан таъминлаган бир инсон, албатта улардан оғир келиши, улардан анча юқори туриши табиий ҳол эди!
Бироқ, хасталик хабари келиши билан ҳаммаси ўзгарди!..
Аллоҳ билан юзма-юз келган, Унга қайтишим муҳаққақ эканини бир лаҳзада англагандим!.. Шу тушунча сабаб таниганим ягона ва энг муҳим ҳақиқат, халқ аҳамият берадиган бойлик ҳамда обрў-эътибор сингари нарсаларга барча мулкнинг, бутун коинотнинг соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг қиймат бермаслиги эди! Шу боис ҳам халқ наздидаги эътиборим Ҳақ наздида якун топган эди.
Ҳақ наздида ягона қимматли нарса қуллик эди!.. Қулликнинг қадрини жойига қўйиш эди! ..
Яна ҳам аниқроқ эътироф қилиш лозим бўлса, Ҳақ наздидаги тарозининг бир тарафига менга ўхшаган бир бошлиқни, иккинчи тарафига Аллоҳга гўзал қуллик қилган бир ишчини қўйсалар, ҳеч шубҳасиз, ана шу ишчи оғир келган бўларди! Шундай экан, дунёвий обрў-эътибор билан кибрланишга, ғурурланишга асло ҳожат йўқ эди! Нафсимга қанчалик оғир келмасин, Аллоҳга лойиқ қуллик қилишга, ҳатто беш минг машаққат билан бўлса ҳам, беш вақт намозни ўқишга ҳаракат қиламан! Маҳкам тутганим бу маънавий арқонни асло, асло қўйвориш ниятим йўқ!..
Кейинги кунларда бош оғриғим бир оз кучайди.
Бу оғриқларнинг сабабини билмаган кунларимда фақатгина оғриқни ҳис қилар ва улардан тезроқ қутилишни истардим. Энди эса бу оғриқлар улкан бир дарахтнинг кичик тиканларидек кўринарди кўзларимга.
Шифокорим Закийбек эса, аҳвол қанчалик умидсиз бўлмасин, тиббий муолажани бошлашимни истарди. Муолажанинг бошқа тарафлама таъсирларини ўйлаб, бунга рози бўлмадим. Баъзи яқинларимга бир оғайнимнинг хаста эканини айтгандим. Гиёҳлардан дори тайёрлайдиган бир кишини тавсия қилишди. Уларнинг айтишича, табибнинг дорисидан кўпчилик тузалган экан. Таваккал қилиб, шу табибга бордим. Миямнинг рентген суратларини кўрсатиб, аҳволни тушунтирдим. У киши менга Аллоҳдан умид узмаслик кераклигини, берган гиёҳларини маълум тартиб билан ичишим зарурлигини билдирди. Менга ҳам айнан мана шу тавсия маъқул келганди. Чунки, жуда оз бўлса ҳам, мени умидлантирадиган бирор чорани қўллашни истардим. Бундан ташқари бу гиёҳларнинг бошқа кимёвий дориларга ўхшаб, зарарли томони йўқ эди. Табибнинг айтганига биноан, гиёҳларни ича бошладим.
Табиат бағридан йиғилган бу гиёҳлар дорихонадан олинган дориларга нисбатан яхшироқ кўринганди, кўзларимга. Соғайишим учун агар бир мўъжиза лозим бўлса, бу мўъжиза одамларнинг қўли билан тайёрланган дориларда эмас, Аллоҳ томонидан яратилган ушбу ўсимликларда мавжуд бўлиши керак эди.
Фабрикада кечадиган вақтимнинг кўп қисмини асосан китоб ўқишлик билан ўтказардим. Бу ерда ўзим учун мўъжазгина бир кутубхона ташкил қилдим. Турли мавзулардаги қизиқарли китобларни сотиб олдим. Энг менга манзур бўлган китоблар эса, тасаввуфий ривоятларни англатган китоблар эди. Бу дунёга не буюк зотлар келиб-кетмаганди! Барчаларининг бир-бирдан гўзал кароматлари бор эди. Ўзларини зиёрат қилиш учун келган одамлар билан бир оғиз гаплашмай туриб, уларнинг нима мақсадда келишганини билишар ва эҳтиёжларини қондиришарди. Ана шундай ҳол аҳли бўлган бир киши билан учрашишни, унга юрагимдаги дардларимни айтишни ҳамда унинг ҳақиқатдан баҳс этган суҳбатини тинглашни истардим.
Бундай инсонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг “Ўлмасдан олдин ўлингиз” деган тавсияларига амал қилиб, ҳар кун ўлимнинг нима эканини тафаккур қилиб, ўлимни эслаб яшайдиган кишилар эди. Ўлаётган бир одамнинг аҳволини ҳар ҳолда улар яхшироқ тушунишарди.
Ажабо, бизнинг давримизда ҳам шундай шайхлар, муршидлар бормикин?
Шундай ўйлар билан ўтирарканман, хаёлимга бирдан Исмоил келди. Дўкондаги истарали сотувчи! Барча унга ҳавас билан қарайдиган келишган йигит. “Алсанжоқ”нинг шиддатли сафобахш муҳитидан ўзини тортиб ололган эди. Тунги клублардаги қизлардан кўра масжиддаги кекса кишиларнинг суҳбатини афзал билган бу хушсурат йигит, самимий ҳаракатлари билан ҳам атрофидагиларни ҳам мени ҳайратда қолдирган эди!..
Лекин, у пайтда Исмоилнинг бу ҳаракатлари менга негадир эриш туюлганди, ёшлик гаштини сурмайдими, дея ўйлагандим, тўғрироғи…
Исмоилни тариқатга кирган деб эшитгандим. Бу қанчалик тўғри эканини билмайман. Суҳбати ширин бўлган бу йигит билан қаерда кўришиб қолсак, ҳар доим узоқ гаплашар, ҳазиллашиб турардик. Унга: “Нима гаплар, замонавий ақидапараст?” дердим. Бироқ, бу ҳазилимдан ҳеч хафа бўлмасди. Менга жамиятнинг бузилганидан, тизимнинг адолатсизлигидан, ахлоқий меъёрларга путур етганидан сўзлар, ва: “Аввал инсон, кейин мусулмон бўлишимиз керак”, дерди.
Албатта, унинг гапларига кўпам эътибор бермасдим!..
Жамиятда ўрнини тополмаган бундай кимсалар албатта жамиятга лой чаплайдилар. Мен буни муваффақиятсизлик натижаси сифатида кўрардим. Шунинг учун насиҳат қилиши ва насиҳатига қулоқ солиниши керак бўлган киши, Исмоил эмас мен эдим. Чунки узоқ йиллар давом этган сотувчиликдан кейин, қанча машаққат билан кичикроқ бир дўкон очган омадли инсон Исмоил эмас, мен – аканг қарағай эдим. Сўзига қулоқ солиниши керак бўлган бирор бир киши бўлса, мендан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин!..
Исмоил ҳақида яна ўйладим…
Ҳеч ҳам иккиланмасдан “Аллоҳга қасамки, мендан ақлли экан!”– дедим ўзимга ўзим. Ёшлигидан нафсини жиловлаш муваффақияти олдида бир нечта фабрика эгаси бўлган менингдек кишининг муваффақияти арзимас бир нарса эди.
Нима ҳам дердим, ҳалоли бўлсин!
Соат бир ярим…
Пешин намозини ўқигандан кейин Қўноққа бориб, Исмоилни – ўзимизнинг замонавий “ақидапараст”ни бир кўрай!..
Ярим соатдан бери Исмоилнинг ёнидаман. Мени самимий ҳурмат билан кутиб олди. Ўтирдик, чой келтиришди. Аввал бир оз ўтган-кетгандан, ўтиб кетган танишларимизни эслаб, эски хотиралардан гаплашдик. Уларнинг баъзилари диндан, ибодатдан йироқ ҳолда яшаган ва ўша аҳволда дунёни тарк этишганди!.. Исмоил “Қўлимиздан нима ҳам келарди…” дегандек, надомат билан елкасини қисди. Юзидаги маъюс ифодадан имонсиз кетганларга ачинаётгани кўриниб турарди. “Улар билан кўп марта гаплашдим, билганларимни англатдим. Бироқ, тушунишмади, тушунишни исташмади…” деди синиқ бир овозда.
Сўнгра менга қаради. Нигоҳидан “Сенинг аҳволинг қандай?” деган саволни уқдим. Секингина беш вақт намоз ўқишни бошлаганимни айтдим.
Юзларида, кўзларида, нигоҳларида бир нарса “ярқ!” этиб кетгандек бўлди. Қувончдан ўрнидан сакраб туриб кетди. “Кел, бир бағримга босай!” дея севинганча мени қучоқлаб олди.
Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир киши ўзга биров учун қандай қилиб, шу даражада қайғуриши, қувониши мумкин? Ҳолбуки, намоз бошлаганимдан ҳаттоки, ўзим ҳам бу қадар севинмагандим… Бироқ, Исмоилнинг бу самимиятини кўриб, мамнун бўлдим.
– Қандай қилиб?
– Нима қандай қилиб?
– Намозни қандай бошладинг?
Унинг саволини тушунгандим. Исмоил намоз ўқишимга қандай воқеа сабаб бўлганини, нима туртки берганини сўраётган эди. Нима деб жавоб беришни билмай иккиланиб қолдим. Чунки, аҳволимни ҳеч кимга айтиш, ташвишимга яқинларимни шерик қилиш истагим йўқ эди.
– Бир яқин оғайнимнинг миясида шиш пайдо бўлган экан. Жуда қисқа умри қолибди. Шу нарса менга қаттиқ таъсир қилди…
Исмоил пастки лабини тишлаганча бошини чайқади:
– Неча ёшда?
– Деярли… деярли мен билан тенг…
– Нима ҳам деймиз, Салжуқ!.. Бу ўлимли, ўткинчи дунё!.. Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсада хайр бор, бейдилар!.. Иншаоллоҳ, балки дўстинг учун шу хасталиги бирор хайрга васила бўлар!..
Бошим билан тасдиқ ишорасини қилиб, “Иншаоллоҳ” дедим.
– Исмоилбек!
Мижозлар чақиришаётганди. Исмоил яна битта чой келтиришларини сўраркан, мендан узр сўраб, ўрнидан турди. Келган мижозлар бир оила аъзолари эди. Улар менимча, куёв учун тўй либосини олишмоқчи эди.
Мен куёв дея тахмин қилган йигит бир нечта кўйлакни кийиб кўрди, бироқ, ҳеч бирини ёқтирмади. Унга қараб турарканман, “Сўнгги либосинг кафан бўлади, эй йигит!..” дедим ичимда. Кафан кийдирилаётганда ҳеч бир маййит инжиқлик қилолмайди. Ҳозир кўриб турганимдек, “Менга буниси ёқмади! Рангги шунақа, кўриниши бунақа бўлсин!..” дейишолмайди.
Шу пайт дўконга чўлоқ бир киши кириб келди!
У ўрта ёшларда бўлиб, соқол қўйган, бир оз бечораҳол кўринишга эга эди. Бир-икки қадам ташлади-да, тўхтаб, атрофига қаради. Исмоилнинг харидорлар билан гаплашаётганини кўргач, мен томонга бурилди. Нима қилишга қарор бергандек, чўлоқланганча мен тарафга кела бошлади.
Тиланчи бўлса керак. Юзидаги сокин ифода билан ёнимга яқинлашди. Бир муддат тараддудланиб турганимдан сўнг чўнтагимни кавлаб пул олдим-да, унга узатдим. Тўхтади, пулга қараб турди-да “Аллоҳ қабул қилсин”, деганча уни олди. Кейин Исмоил турган тарафга қараб, унга ёрдамлашаётган сотувчи қизни чақирди:
– Осмон хоним!
Ёнимизга келган қиз табассум билан:
– Хуш келибсиз, Саид домла! – деди.
“Хуш кўрдик”, дегандан сўнг қўлидаги пулни узатди-да:
– Қизим, мана буни бир фақирга беринг, илтимос!– деди.
– Ассалому алайкум, устоз! Хуш келибсиз!
Бу овоз Исмоилники эди. Исмоилга жилмайганча бошини қимирлатгач, уларни ҳайрат билан кузатиб турган менга қараб ”Ассалому-алайкум!” деганча ёнимдаги курсига ўтирди.
Ўзимни аранг қўлга олиб, “Ваалайкум-ассалом!..” дедим ва дарҳол илова қилдим:
– Кечирасиз!..
Кўзларимга майин бир табассум билан қараб:
–    Астағфируллоҳ!.. Аллоҳ учун садақа бериш, мағфиратга, афвга василадир. Иншаоллоҳ кечириласиз!..– деди.
Бу сўзларнинг маъносини тўла тушунмаган бўлсам-да, “Иншаоллоҳ” дедим. Бутун диққатимни жамлаб, бу ғалати кишини кўздан кечирдим. Бу киши Исмоилдан кийим олиб киймаганлиги, ёхуд уни Исмоил кийинтирмаганлиги кўриниб турарди. Кийимлари бир оз эски эди, бироқ топ-тоза эди. Соч-соқолининг учдан бир қисми оқарганди. Юзи сокин, жиддий ва ўта сермаъно кўринишда эди.
Яхшилаб эътибор бердим. Сотувчи қиз “домла”, Исмоил “устоз” дея атаган бу киши негадир менга жуда таниш кўринарди!
Худди уни қаердадир кўргандек эдим. Нигоҳимни бошқа ёққа қаратганча, эслашга ҳаракат қилдим. Бироқ, эслай олмадим!
Балки, бир пайтлар қўлимда ишлагандир, ёки бирор масжидда кўргандирман. Барибир эмасми!
–    Исмим Салжуқ.
–    Танишганимдан хурсандман, меники Саид.
Харидорларни дўкон эшигидан кузатган Исмоил ёнимизга келди. “Устоз, яна бир бор хуш келибсиз!” деганча қўлларини сиқди. Ёнимизга ўтиргандан кейин бизларни таништирди. У кишини Қуръон илмига эга ва билганларига амал қилувчи муҳтарам бир инсон эканлигини билдирди. Мени эса эски таниши, дўсти эканимни айтди. Қандай қилиб беш вақт намозни бошлаганимни айтишни ҳам унутмади.
У киши менга шундай нигоҳ билан қарадики, бу нигоҳлар жуда ўткир ва қатъий бўлиб, унда чуқур маъно ва савол яширинган эди. Боқишларидаги саволга жавоб бердим:
– Исмоил айтгандек, оғайнимнинг аҳволини кўргач, барчамиз эртами-кечми барибир ўлишимиз муҳаққақ эканлигини тушундим…
–    Қизиқ!
–    Нима қизиқ, ўлишимизни англашимми?
–    Йўқ! Оғайнингизнинг хасталигидан шундай ибрат олишингиз! ..
Бир оз довдираб қолдим:
–    Тушунмадим?
–    Ҳозирги инсонлар бошқа бировнинг ҳатто ўлимини кўриб ҳам ҳеч қандай сабоқ олмас экан, сизнинг ҳаракатларингиздан ҳайратда қолдим!
Нима ҳам дея олардим? Гапирилаётган “ оғайним” менинг ўзим, деб айта олармидим?.. Масалани бошқа тарафга буриш мақсадида: “Сиз бошқаларнинг аҳволидан сабоқ олмайсизми?” дея сўрадим.
–    Ўзгаларнинг аҳволини кўриб, керагича ибрат олганимда эди, бошқалардан анча фарқли инсон бўлган бўлардим.
Унга қарадим. “Бошқаларга умуман ўхшамайсиз”, демоқчи бўлдим, бироқ индамадим. Суҳбатимизни жимгина тинглаб ўтирган Исмоилга ўгирилдим:
–    Исмоил, Шоҳинбей яхши юрибдими?
Шоҳинбей Исмоилнинг эски хўжайини бўлиб, ниҳоятда очкўз, баднафс тадбиркор эди. Исмоил кулимсираб жавоб берди:
–    Кексалик ҳамда хасталиклар Шоҳинбейнинг қанотларини синдирди. Ҳозир сурункали парҳез қилишга мажбур. Камгина овқатга қаноат қилиб яшамоқда.
Мен ҳам енгилгина кулиб қўйдим. Балки мендан ҳам бой бўлган Шоҳинбейнинг аҳволи, Исмоилга ҳам, менга ҳам кулгили туюлгандир. Шунда гўзал бир сўзни хотирладим. Инсонлар бошдан кечирган трагедия, у ҳақда ўйлаган кишиларни кулдириб, ҳис қилган кишиларни йиғлатаркан!.. Гарчи, Шоҳинбейнинг аҳволига кулган бўлсам-да, ичимда хомуш бўлганимни яширмайман.
–    Исмоил, ҳеч нарса саломатликнинг ўрнини босолмайди! Қонуний Султон Сулаймоннинг сатрлари бор эди-ку, нима эди?
Исмоил бир оз ўйлагандан сўнг, Саид домлага қаради. Устози жавоб берди:
“ Халқ ичинда мўътабар ҳеч нарса йўқ, давлат киби
Бўлмагай давлат жаҳонда, бир нафас сиҳҳат киби…”
Домлага қараганча “Ҳа, худди шу”, дедим ва қўшиб қўйдим:
–    Ниҳоятда гўзал сатрлар эмасми?
– Нимаси гўзал?– деди совуққина қилиб.
“Бефаҳм” деб юборишимга салгина қолди. Ўзимни аранг ушлаб қолдим.
–    Албатта маъноси.
–    Маъноси қандай? Нима, нафас қийматли-ю, давлат қадрсизми?!
Бу одам ё мени имтиҳон қилаётган, ёки сабримни синаётганди. Жаҳлим чиқаётганини билдирмасдан жавоб бердим:
–    Бир нафаслик соғлик, сиҳат, албатта минг давлатдан кўра қимматли!
Берган жавобимни гўё эшитмагандек, эшитса ҳам аҳамият бермагандек юзимга қаради. Балки бу одамнинг қалби тозадир. Жилмайганча “Тушунмадингизми?” дедим. Табассумимга табассум билан жавоб бермади. Сокин бир овозда “Тушунмадим, сиз ҳам тушундингиз, деб айтолмайман” дегандан сўнг қўшиб қўйди:
–    Бугун дунёда сиҳатли ҳолатда, соғ-саломат шаклда нафас олаётган милярдларча инсон бор. Менга айтинг-чи, қайси бирининг олган нафаси, қайси давлатдан қадрли?!
Жим бўлиб қолдим, ўйга толдим, ҳаяжонландим!..
Бу ғоят мантиқли эътироз эди! Неча йиллардан буён, қанча асрлардан бери ҳамма тўғри деб билган, маъқуллаб келган сўзга шундай эътироз билдирган бу кишига нима деб жавоб беришимни билмадим. Энг яхшиси, саволга савол билан жавоб бериш эди:
–    У ҳолда бу сўз қандай маънога эга?
–    Менимча бу сўзнинг тайин бир маъноси йўқ. Маънога эга эмас, маънога муҳтож бир сўз!
–    Қандай?
–    …Вақтни қийматли ёки беқадр қиладиган нарса, бу ўша вақтнинг қандай ўтказилишидир, уни сарфлаш шаклидир. Яъни вақт–умр қандай, нима амаллар билан ўтказилганига кўра баҳоланади.
–    Унинг айтаётган гаплари тўғри эди. Буни тасдиқлаётганимни ифодаловчи нигоҳлар билан унга қарадим. Сўзида давом этди:
–    Ҳар қандай бир нарсага бадал қилиб берган вақтимиз, ўша нарсадан кўра қимматлироқ эмас. Чунки, ҳақиқатдан ҳам қадрли бўлганида биз бу олди-сотдига рози бўлмаган бўлардик. Шу боис, давлатни, мол-дунёни ҳамда мансаб-мақомни қўлга киритиш учун сарфланган вақт, харж қилинган нарсалардан кўра қадрсиз ҳолатга туширилган.
Унинг айтаётган сўзлари мени теранроқ фикрлашга ундарди. Мен унинг хулосасини эшитишни истаб “Алқисса?” дедим.
–    Хулоса шуки, давлатга соҳиб бўлишдан ҳам муҳим, энг қимматли бўлган нафас, мол-дунёдан кўра қадрли бир ғоя, яна-да қимматлироқ мақсад сари берилган сўнгги нафасдир.
–    Яъни?
Ҳеч нарса демасдан Исмоилга қаради. Бу саволга унинг жавоб беришини истарди. Исмоил менга кулимсираб қараганча:
–    Бунинг жавобини сен ҳам ўргангансан. Аллоҳни рози этиш учун, Унинг ризоси истиқоматида яшаш,– деди. Унинг табассумига жавобан жилмайганча “Тўғри” дедим ва қўшимча қилдим:
–    Исмоил, мен буни бир оз кечроқ ўргандим. Шунисига ҳам Аллоҳга беадад шукр!.. Буни билмайдиганлар, ҳамон ўрганолмаганлар жуда кўп!..
–    Ўша оғайнинг биладими?
–    Қайси оғайним?
–    Ҳалиги хаста ўртоғинг-чи!
Исмоилнинг бу саволидан бир оз довдираб қолдим. Хаста деб айтган ўша ўртоғимни, яъни ўзимни қандай таништиришни билмай иккиланиб қолдим.
Унинг ўзим эканлигидан келиб чиқадиган бўлсам, ўзим қандай бўлсам, уни ҳам худди шундай таништиришим керак:
–    Яқинда у ҳам беш вақт намоз ўқишни бошлади. Зотан, кичик ёшидан буён жума намозларини қолдирмасдан ўқийди. Савобталаб яхши бир ўртоқ…
Илгарилари суҳбатлашган кишиларимдек, “Э, шунақами? Машааллоҳ, боракаллоҳ!..” дейишларини кутардим. Аммо ҳеч нарса дейишмади. Қувончини яширмасдан Исмоил Саид домлага қаради. Юзида ҳеч қандай ўзгариш кўринмаган домла менга ўгирилиб, сўради:
–    Исломни биладими?
Бошида саволни нотўғри англадимми, деган хаёлда бир лаҳза ўйланиб қолдим. Йў-ў-ўқ, тўғри тушунган эдим! Мендан унинг диндан хабари борми, дея сўраётганди! Шунақаям бемаъни савол бўладими? Унга айтадиганимни айтсаммикан, ёки индамасдан ўрнимдан туриб кетворсаммикан, деб ўйладим. Саид исмли бу одамга такрор қарадим. Ғоят сокинлик билан менинг жавобимни кутиб турарди. Жим туролмасдим:
–    Бу нима деганингиз? Сизга унинг беш вақт намоз ўқиётганини айтдим, шекилли! Ёки эшитмадингизми?!
–    Эшитдим.
Бу ярамас менинг жиғимга тегаётганди!
–    У ҳолда нега “Исломни биладими?” деб сўраяпсиз? Беш вақт намоз ўқиган одам билмаслиги мумкинми?
Исмоил ҳам, Саид исмли бу нусха ҳам менга бир хилда қараб туришарди. Нигоҳларида на бир ҳайрат, на бир ҳаяжон бор эди. Ташқаридан қаралса, гўё улар мени тушуниб туришарди, аммо, аммо мен уларни англамаётгандим!
Жавобни яна ўша Саид деганлари берди:
–    Намоз албатта, динимизнинг буйруқларидан бири. Бироқ, Исломга киришнинг биринчи, илк шарти намоз эмас. Ҳар қандай бир инсон намоз ўқиб бошлагани билан, Ислом динини билган, Исломга кирган ҳисобланмайди.
–    Сиз намоз ўқийдиганлар мусулмон эмас, демоқчимисиз?
–    Йў-ў-ў-қ! Мен бундай демоқчи эмасман. Ҳар бир мусулмон албатта намоз ўқийди. Бироқ, минг афсуски,бугунги кунда ҳамма намоз ўқиётган кишини мусулмон дея қабул қила олмаймиз!..
–    Барибир ҳеч нарса тушунмадим!
Мана диққат қилинг! Ислом дини янги келган пайтларда намоз диннинг шиори эди. Ўша вақтларда намоз ўқиётган бир кишини кўрилганда, унинг мусулмон эканига шаҳодат келтириш мумкин эди. Чунки, у даврларда мушриклар ҳам, кофирлар ҳам намоздан йироқ эди. Исломнинг бошларида намоз ўқиган кишилар фақат ва фақат мусулмон эди. Бироқ, ҳозир бундай эмас. Ҳозирги вақтда мушриклар ҳам намоз ўқийди. Албатта, буни намоз дейиш мумкин бўлса!..
–    Бир дақиқа шошманг!.. Мушриклар қандай қилиб намоз ўқишлари мумкин? Ахир Аллоҳга ишонмаган киши қандай қилиб, масжидга борсин, нима учун намоз ўқисин?!
–    Мушриклар Аллоҳни инкор қилиб “Аллоҳ йўқ” дейишмайди. Аллоҳга ишонишади, фақат Аллоҳга шерик қўшишади!..
Масжиддаги маърузаларда Аллоҳга ишонмайдиган, Аллоҳни инкор қиладиган кофирларни кўп эшитардим. Аммо, Аллоҳга шерик қўшадиган мушрикларни ҳечам эшитмаган эканман.
Одамзот нақадар ғалати махлуқ!
Баъзилари инкор қилиб, Аллоҳнинг ягона Яратувчи эканини қабул этмаскан, баъзилари эса, Унга шерик қўшиб, Аллоҳнинг якка-ю ягона Зотини иккита-учтага чиқаришармиш!.. Астағфируллоҳ! Бироқ, намоз ўқийдиган кишилар ичида шундай ботил ишонч эгалари бормикан?
–    Ҳам намоз ўқиб, ҳам Аллоҳ иккита-учта дейдиганлар борми?
–    Аллоҳ иккита-учта дейиш, якка бўлган Зотида Аллоҳга шерик қўшишдир. Масалан, “Аллоҳнинг хотини, боласи бор” дея Аллоҳга шерик қўшадиган христианларда шундай ширк бордир. Халқи мусулмон бўлган ўлкаларда ширкнинг бунақа кўриниши учрамайди. Бу ўлкаларда мавжуд бўлган ширк шундан иборатки, улар Аллоҳнинг Зотига эмас, Унинг сифатларига ҳамда ҳукмларига нисбатан шерик қўшишади. Чин дилдан “Аллоҳ бирдир, У якка ва ягона” дейдиган бир қанча киши бу ифодаси билан Аллоҳни Зотида битта деб қабул қилишларига қарамай, минг афсуски, ижтимоий ҳаётларидаги кўплаб йўналишда, эътиқодининг кўплаб ўринларида Аллоҳнинг сифат ва ҳукмларида Унга шерик қўшадилар.
Бошим “шишиб” кетганди! Бироқ, айтилган сўзларнинг мағзини чақишни, маъносини англашни хоҳлардим:
–    Ҳозир гапирганларингизни яна бир марта қайтаринг, илтимос!..
Эътироз билдирмади. Гапирганларини яна бир бор яна-да тушунарлироқ қилиб такрорлади. Нималарнидир тушунгандай бўлдим, бироқ керагича англадим деб айтолмайман. Фақат шу нарсани биламанки, бу одам айтаётган сўзлар ниҳоятда муҳим эди, ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган нарсалар эди. Унинг гапларидан янги бир нарса ўрганиш билан бирга, олдиндан билган нарсаларимнинг ҳам ўзгарганини ҳис қилгандек эдим. Эътиборимни тортган бу киши билан кўпроқ, узоқроқ суҳбатлашишни истардим:
–    Бу ҳақда менимча, бемалолроқ ўтириб суҳбатлашганимиз яхши. Меҳмонимиз бўласизми?
Ўйланганча юзимга қаради-да жавоб берди:
–    Мен қишлоққа қайтишим керак.
Исмоил гапга аралашди:
–    Устоз Тўрвалига қарашли қишлоқда яшайди.
Тўрвали Измир-Ойдин йўлида бўлиб, Измирга келиб-кетаётганда Ғозийамир устидан ўтиларди.
–    Янги фабрикамиз Ғозийамирда. Эртага Измирга қайтсангиз, кириб ўтишингиз мумкин,– дедим.
Бир муддат ўйлади. Кейин жавоб берди.:
–    Иншаоллоҳ, соат ўнлар атрофида.
Мен ҳам, “Худо хоҳласа”, дедим-да, фабриканинг қаерда эканини тушунтирдим. Сўнгра рухсат сўраб, кетишга чоғландим. Хайрлашдик. Исмоил мени эшикка кузатиб чиқди. Ундан сўрамасдан кетолмадим:
–    Исмоил, бу қандай киши?
У кулимсиради:
– Бу саволни эртага ўзинг жавоблайсан. Бироқ, унинг сўзларини диққат билан тингла!..
Бошимни қимирлатганча “Яхши” дея ишора қилдим ва қўшиб қўйдим:
– Яхши қол!..
Соат тўққизларда фабрикага келдим.
Кеча Саид домла билан бўлган суҳбатимизнинг маъносини чақишга ҳаракат қилган, нима қилишим лозимлигини анча ўйлагандим. Исломий мавзуларда етарлича билим ва тушунчага эга эмасдим.
Бошида бирор устоз ёки шайхни суҳбатимизга чақиришни ўйладим. Чақирсам, келиши мумкин бўлган домлалар бор эди. Саид домла билан қиладиган суҳбатимизни шу домла ҳам эшитишини, моҳиятига эътибор беришини истардим. Кейин фикримдан қайтдим. Устозларни бир-бири орқали имтиҳон қилишдек туюларди бу ҳаракатим. Айниқса, Саид домлага нисбатан одобсизлик бўларди. Энг яхшиси, суҳбатни магнит тасмасига ёзиб олиб, кейин бирор шайх билан бирга эшитиб, мулоҳаза юритиш эди.
Ҳа, мана шу энг маъқул фикр.
Уйдан олиб келган магнитофонимни иш столимнинг биринчи тортмасига қўйиб, ёзув тугмасини босиб қўйдим. Кейин хонамнинг ҳар тарафида юрганча гапириб кўрдим. Тасмани бошига олганча, овозимни эшитиб кўрдим. Жуда яхши, овозимни ниҳоятда тиниқ ёзганди. Магнитофонни тортмада тайёр қилиб қўйганча, домлани кута бошладим.
Соат бештакам ўнда фабрикага келди.
Пастга тушиб, уни биринчи қаватнинг эшигида кутиб олдим. Бирга юқорига чиқдик. Ён-верига унчалик аҳамият бермасди. Аввалги пайт бўлганда, унга фабриканинг ҳамма тарафини кўрсатган, таъбир жойиз бўлса, бир оз “нафас олдирган” бўлардим. Ҳозир эса, бундай ниятим йўқ. Чунки, бу улкан бинонинг мен учун ҳам ҳеч қандай аҳамиятли, қизиқарли ери қолмаган эди!..
Саид домла бир оз оқсоқланиб юрарди. Чап оёғи озгина калтамиди, қийшиқроқмиди, билолмадим. Чўлоқланиб, лекин оҳиста қадамлар билан хонамга кирди. Унга қулай бир ўринни кўрсатдим. Ўтирди.
–    Нима ичасиз?
–    Чой.
–    Аччиқ бўлсинми?
Кулимсиради:
–    Фарқи йўқ.
Телефон тугмасини босганча, чой буюрдим. Дарҳол мавзуни давом эттиришни хоҳлардим. Магнитофон тугмасини секингина босиб қўйдим-да, илк саволимни бердим:
–    Кечаги суҳбатдаги сўзларингизни ўйладим. Фақат биттагина тушунолмаганим хусус бор. Сиз ҳар бир мусулмон намоз ўқийди, бироқ ҳар намоз ўқиган одам мусулмон эмас, дедингиз. Мен англай олмаган жиҳат, кеча сиз келмасингиздан аввал Исмоилга яқинда намоз ўқишни бошлаганимни айтгандим. Ўша пайтдаги Исмоилнинг қувончини бир кўрсангиз эди! Намоз ўқиш модомики, Исломнинг шиори эмас экан, у ҳолда Исмоил нега бунчалик севинди?
–    Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳар қандай ёмон амалларни тарк қилиб, намозни бошлаш ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай бир инсоннинг чин кўнгилдан Аллоҳга йўналиши, Исломни талаб қилиши демакдир.
Исмоилни севинтирган жиҳат, сизнинг шу талабингиз бўлса керак.
Унинг бу изоҳида мантиқ бордек туюлди. Демак, Исмоилни севинтирган нарса менинг Исломга киришим эмас, динга йўналишим, Исломни талаб қилишим экан! Албатта, Исломга кирган-кирмаганлигим борасидаги шарҳ, ана шунинг шарҳи эди. Менинг эса, бу мавзуда ҳеч қандай шубҳам йўқ эди. Мен ақлимни таниганимдан буён Ислом динида эдим. Баъзи камчиликларимга, баъзи хатоларимга қарамасдан, ҳеч шубҳасиз мусулмон эдим.
–    Мен тушунолмаган яна бир нарса бор. Кечаги суҳбатимиз давомида беш вақт намоз ўқийдиган ўртоғим ҳақида, у Исломни биладими, дея сўрадингиз. Кейин эса, Аллоҳга ширк келтириш ҳақида гапирдингиз. Сиз билган бу нарсаларни албатта, масжиддаги имомларимиз ҳам, воъизларимиз ҳам билишади. Беш вақт намоз ўқийдиган ўша оғайнимни масжидга бормаган, бирор марта ҳам хутба ва маъруза эшитмаган, деб ўйладингизми?
Бир муддат жим бўлиб қолди. Назаримда юзи сал ғамгин кўриниш олганди. Энди оғиз жуфтлаган эди ҳамки, чой келтиришди.
Яна тўхтади. Чойларимизни олдик. Чойига икки қошиқ шакар солгач, курсисига суяниброқ ўтирди ва кўзларимга тикилганча сўзини бошлади:
–    Кеча биз жуда қисқагина тўхталган ширк масаласини барча имомларнинг, ёхуд воъизларнинг билиш-билмаслигидан хабарим йўқ. Мен билган ягона нарса, баъзи истиснолардан ташқари, кўплаб масжидларда бу ҳақиқатнинг тушунтирилмаслигидир. Шундай экан, ҳар қандай бир кишининг намозни бошлагандан сўнг масжидга бориши, динга оид ҳамма нарсани, айниқса, ширкка тааллуқли мавзуда тўлиқ тушунчага эга бўлди, дегани эмас!
О-ла-а! Бу одам олдин мусулмонларни айблаётган бўлса, энди масжидларни ва ундаги имомлару воъизларни айблаётган эди! Аллоҳга ширк қўшишдек муҳим мавзулар хусусида масжидларда гапирилмас эмиш!
Бир нафас ўйга толдим.
Булар бир фирқа, гуруҳ бўлса керак! Масжидларда ўргатилмайди деган масалалари балки ўзларига оид масалалар, ўзларининг ташвиқотлари бўлиши мумкин! Ўз фирқаларига, гуруҳларига кирмаган кишиларни “кофир” деб атайдиганлар бор деб эшитгандим. Худди шундай бир фирқа бўлса керак булар!
–    Сизнинг фирқангизнинг номи қандай?– дея сўрадим.
Кулимсираганча жавоб берди:
–    Бизнинг ҳеч қандай гуруҳ ёки фирқамиз йўқ!..
–    Жуда соз, унда сизларни кимлар деб аташади?
–    Исломдан хабари бўлганлар бизни фақат мусулмон, дея атайди. Билмаганлар эса, турли номларни бизга ёпиштиришади. Масалан, “ ақидапараст” ёхуд “фанатик”лар сингари…
Ҳа, мен шундай номларни эшитгандим. Демак, ақидапарастлар худди мана шулар!
Чойдан бир ҳўплади-да, менга юзланди. Қисқагина бу суҳбатдан кейин безовта бўлиб, тараддудга тушганимни гўё сезгандек эди.
–    Кўнглинггизга бирор ёмон фикр келган кўринади?
–    …Шундай десам ҳам бўлади. Сизлар ҳаққингизда турли миш-мишлар юради…
Кулимсиради.
–    Бўлиши мумкин. Халқни олқишлаб, улар оққан оқимда оққанимизда, балки биз ҳақимизда яхши гаплар гапиришган, мақташган бўлармиди. Бизлар эса, фақат Ҳақни эътиборга олдик, Ҳақ томон бўлдик…
–    Ҳақ деганда нимани назарда тутяпсиз?
–    Авало Қуръони Карим, кейин ундаги ҳукмлар. Сўнгра эса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг суннатлари.
–    Мана энди тўғри гапирдингиз. Зеро бутун мусулмонларнинг фикри ана шундай.
–    Ўзларини Исломда деб билган ҳар бир кишининг Қуръон ва суннат ҳақида гапиришини биламиз. Агар сўзлаётган сўзларига амал қилиб яшасалар, албатта орамизда ҳеч қандай фарқ қолмайди.
–    Ҳамма сизга ўхшаб, ақидапараст бўлиши керакми?
–    Йўқ, фақат мусулмон!
Бу кишининг мусулмон деган сўзни айтиш оҳанги менга умуман ёқмаётганди. Бу калимани шундай бир маънода гапирардики, бу маънодан ташқарида қолганларнинг барчаси кофир эди гўё!
Жим бўлиб қолдим. Нима дейишимни билмасдим. У ҳам сўзлашдан тўхтади. Менга шундай бир нигоҳ билан қарадики, кўзларида қайғуга ўхшаш бир маъно бор эди.
–    Салжуқбей! Мен бу ерга сиз билан тортишиш учун, сизни ранжитиш ёки дилингизга озор бериш учун келганим йўқ!.. Аллоҳнинг лутфи билан кўришиб турганимиздек, имон келтирганимиз ҳақиқатлар бор. Бир мусулмон сифатида ғоят қадрлаганим бу илоҳий ҳақиқатларни сизга тушунтиришни, сиз билан ўртоқлашишни истадим. Бу ерга келишдан ягона мақсадим шу, холос.
Чин кўнгилдан айтган бу самимий сўзлари менга ниҳоятда ёқди. Балки, айб ўзимдадир. Балки, унинг сўзларини охиригача диққат билан тинглаганим яхшироқмиди?.. Унинг кўнглини кўтариш мақсадида:
–    Зеро, мен ҳам сизни худди шунинг учун чақиргандим. Фақат, масжидлар ҳақидаги сўзларингизга қўшилмайман. Истисно тариқасида гапирганингиз билан, кўп масжидларда бундай муҳим мавзуларга аҳамият берилмаслигини, ўргатилмаслигини айтдингиз. Ҳолбуки, барча масжидларимизда Исломнинг ҳаттоки энг кичик мавзуларига ҳам ҳассослик билан ёндошилади.
–    Мен масжидларда диннинг кичик масалалари ўргатилмайди, демадим. Булар ўргатилади. Бир қанча масжидларда эътибор берилмайдиган хусус, билишимиз энг муҳим бўлган тавҳид ҳамда ширк масаласи.
–    Булар ўргатилмаётганини қаердан биласиз?
Бу киши ниҳоятда сабрли инсон эканидан, эътирозларимни ғоят сокинлик билан эшитиб ўтирарди.
–    Қанча вақтдан буён масжидга борасиз?
–    Кичкиналигимдан буён.
–    Албатта шунча йил давомида бир қанча имомлар ҳамда воъизларнинг маърузаларини эшитгансиз.
–    Шундай.
–    Энди айтадиган сўзларимга диққат билан қулоқ солинг. Қуръони Каримга имон келтирган барча домлалар, барча олимлар Расулуллоҳни (с.а.в.) ўзларига ўрнак деб билишлари, у кишининг суннатларига амал қилишлари керак. Чунки, олимлар Пайғамбаримизнинг ворисларидир. Пайғамбарлар яшамаган, ёхуд бошқа пайғамбар келмайдиган даврларда пайғамбарларнинг насиҳатларини, даъватларини инсонларга етказиш, ана шу пайғамбар ворислари бўлган олимларнинг бурчидир. Ана энди сизга бир савол, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ва барча пайғамбарларнинг энг муҳим даъватлари қайси эди, биласизми?
Бир оз ўйлаб қолдим. Масжидларда эшитганларимни эсладим. Жавоб нақд эди:
–    Аллоҳга қуллик қилишга чақириш.
–    Жуда тўғри, бироқ бу тўлиқ жавоб эмас!..
–    Нега?
–    Ярми йўқ, жавобингизнинг.
–    Тушунолмадим?
–    Мана тингланг. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг Наҳл сурасида барча пайғамбарларнинг юборилиш ғояларини икки асосга боғлаган. Инсонларни тоғутдан ва тоғутга қулликдан қутқариб, Аллоҳга қуллик қилишга даъват этиш. Энди менга айтинг-чи, кичик ёшдан буён тинглаган маъруза ва хутбаларда тоғутнинг нима эканини, ва ундан қандай сақланиш лозимлигини ўргандингизми?
…Тоғут! Бу сўзни умримда биринчи бор эшитаётган эдим! Балки, туркча маъносини билишим мумкиндир, лекин, нима эканини барибир тушунолмайман.
–    Тоғут нима дегани?
Жим бўлиб қолди. Нигоҳларида яна ғам бор эди. Ана шу маҳзунлик билан жавоб берди:
–    Тоғут, инсонларни Аллоҳдан ва Аллоҳга қулликдан узоқлаштириб, ўзига қуллик қилишга чақирадиган ҳамма нарса… Шакли замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Инсонларнинг қаршисида баъзан бут, баъзан Фиръавн, баъзида бир диндор шахс, баъзан бир партия, баъзида эса, бир давлат тарзида намоён бўлиши мумкин!..
Ҳайратим ортганди!
–    Бизнинг ўлкада қандай кўриниши бор?
–    Минг афсуски, ҳамма тури, ҳатто ортиғи билан!..
Бошимни дераза томонга бурганча, нигоҳимни олисларга тикдим… Бу одам тоғутдан сўзлаётганди!
Барча пайғамбарлар инсонларин тоғутга қуллик қилишдан қайтариш ва ёлғиз Аллоҳга қуллик қилишга даъват қилиш учун юборилган!.. Бу тушунарли, лекин тоғут нима?..
Тоғут, инсонларни Аллоҳга қулликдан қайтариб, ўзига қул бўлишларига даъват қиладиган нарса эмиш!.. Ўлкамизда бир қанча тури бор эмиш!..
Ташқаридагиларни ўйлардим,
жамиятни ўйлардим,
тариқатларни ўйлардим,
давлатни ўйлардим, аммо, қанча ўйламайин, ҳеч қандай тоғутни кўрмасдим!.. Бу диёрда инсонларни Аллоҳга қуллик қилишдан қайтарадиган нима ҳам бўлиши мумкин?
Хоҳлаган киши истаган масжидида намоз ўқий олади!
Хоҳлаган пайтда рўза тутиб, қурбонлик сўя олади!
Хўш, ундай бўлса, инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсадиган нарса қаерда?
Шу хаёл билан Саид домлага қарадим:
–    Айтган ҳамма гапларингизни тушундим, аммо сиз айтган ўша тўсиқни ҳеч қаерда кўрмаяпман. Бу ўлкада инсонларни Аллоҳга қуллик қилишдан нима ҳам қайтариши мумкин? Хоҳлаган киши истаган масжидида намоз ўқиб, рўзасини тута билса. Ким тўсқинлик қилиши мумкин?
Мени ғоят яхши тушунгандек, бошини қимирлатди.
–    Гапларингиз тўғри. Бунга ўхшаш нарсаларга унча монеълик қилинмайди. Бироқ, масалани бир оз кенгроқ тушунинг. Тоғутнинг инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан қайтариши икки турлидир. Биринчиси тажовуз ҳамда зўрлашдан иборат. Одамларни қийнаб, “Аллоҳга қуллик қилмайсан!” дея мажбурлашади. Бунга тарихдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, асҳоби уҳдуд, имонларидан қайтмаган барча мўъминларни оловли чуқурга ташлаган. Бу тоғутнинг биринчи кўринишидир. Иккинчиси эса, биринчисидан кўра юмшоқроқ, лекин, ўта таҳликалидир. Тоғутнинг бу тури биринчисидагидек, инсонларга “Аллоҳга қуллик қилманглар!” дея зўравонлик қилмайди. Уларни сиз айтганингиздек, намоз ўқиш ва рўза тутиш каби баъзи ибодатларига тўсқинлик қилмайди. Инсонлардан фақатгина битта, ягона кутган нарсаси бор…
Жим бўлиб қолди. Балки, бир оз тин олмоқчи бўлгандир, бироқ мен кутолмасдим. Қизиқсиниб сўрадим:
–    У нима экан?
–    Ҳам Аллоҳга, ҳам ўзига қуллик қилишлари!.. Чунки уларнинг ақл ўргатувчиси, васваса элчиси бўлган шайтони лаъин жуда яхши биладики, Аллоҳ билан бирга бошқа бир нарсага қуллик қилган инсон, мутлақо ва мутлақо Аллоҳга қуллик қилган, ибодат қилган бўлмайди!.. Аллоҳга қуллик қилишнинг асоси тавҳиддир! Чунки, Аллоҳга қуллик фақат ва фақат Аллоҳнинг якка Ўзига қилинган қулликдир. Оламларнинг Рабби бўлган Жаноби Ҳақ, Ўзи билан бирга бошқа бир нарсага қилинган қулликка асло ва асло рози бўлмайди! Ва бундай қулликни қабул қилмайди.
Саид домла муҳим дея таъкидлаётган нарса фақат ва фақат Аллоҳнинг Ўзигагина қуллик қилиш эди. Аллоҳ қабул қиладиган қуллик, ана шундай қуллик эмиш! Бунга кимнинг қандай эътирози бўлиши мумкин?..
–    Фарзандингиз борми?
–    Ҳа, бир ўғил ва бир қиз.
–    Аллоҳнинг йўлида юрувчилардан қилсин! Энди ўғлингизни олайлик. Агар ўғлингиз сизни ота демаса, сизнинг отаси эканингизни инкор қилса, жаҳлингиз чиқадими, йўқми?
Шунақаям бемаъни савол бўладими?
–    Албатта жаҳлим чиқади!
–    Аллоҳга қуллик қилишни инкор қилганларни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Сал олдинроқ айтганимдек, тоғутнинг биринчи кўриниши, илк даъвати худди мана шудир. Инкор қилдириш. Иккинчи шакли эса, сизни “Ота” деб аташдан воз кечмаган ўғлингизнинг бошқаларни ҳам “Ота” дейишига ўхшайди. Мана шундай ҳолатда сиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Ўғлингиз баъзи бир кишиларни ҳам “Ота” деб турса, сизни “Ота” дейишининг бирор аҳамияти, маъноси борми?
Қизиқ ўхшатиш эди бу.
Ўйга толдим. Ўғлимнинг мени “Ота” деб тан олмаслиги, менинг отаси эканимни инкор қилиши билан мен билан бирга яна кимларнидир “Ота” дейиши деярли бир-бирига яқин тушунча эди!..
Муҳим бўлган нарса, менинг ота эканимни инкор қилмаслиги ва фақат мени “Ота” деб аташи эди.
Мендан жавоб кутаётган Саид домлага “Йўқ!” деган маънода бошимни қимирлатганча:
–    Ҳеч қандай маъниси йўқ! – дедим. У давом этди:
–    Аллоҳ билан бирга бошқа нарсаларга ҳам қуллик қиладиган кишиларнинг аҳволи, отаси билан бирга бошқа кишиларни ҳам “Ота” деб атайдиганларнинг ҳолатига ўхшайди. Фарзандингиз устида фақат оталик ҳаққингиз бўлгани ҳолда, бундай ҳолатни қандай қабул қилмаётган бўлсангиз, инсонларининг устида Илоҳлик ҳаққи бўлган, уларни яратган, одамзодни яшатган Аллоҳ таоло ҳам Ўзи билан бирга бошқа нарсаларга қуллик, ибодат қилинишига асло рози бўлмайди!
Кулимсирадим.
Фақат Аллоҳга қуллик қилиш масаласини қанчалик гўзал мисол билан тушунтирган эди!
–    Миннатдорман!
Нигоҳларида хурсандчилик акс этди. Мамнун бир овозда:
–    Тушунганингиз учун мен сизга раҳмат дейишим лозим.
Ҳа, мен англаб етгандим… Аллоҳ билан бирга бошқа ҳеч нарсага қуллик қилмаслик керак. Ҳам Аллоҳга, ҳам тоғутга қуллик қиладиганлар, Аллоҳга эмас, тоғутга сиғинган кимсалар эди!
Тоғут!
Яна рўпара келдим, шу сўзга!..
Лекин, ҳамон ана шу тоғутнинг ким ёки нима эканини, қаерда эканини, инсонларни қандай қилиб ўзига сиғинишга чақиришини билолмай ҳайрон эдим.
–    Бу ўлкада тоғутнинг нима эканини, кимлардан иборатлигини тушунолмаяпман?
Бошини “Бўлди”, дегандек қимирлатганча:
–    Иншаоллоҳ буни тушуниб оласиз, – деди. Сўнгра ўрнидан турди. Кетишга чоғланганини кўриб турсам-да, асло кетказгим келмаётганди.
–    Ҳожатхонангиз қаерда?
Хурсанд бўлиб кетганимдан дарҳол оёққа турдим:
–     Марҳамат.
Унга ҳожатхонани кўрсатганимдан кейин хонамга қайтдим. Магнитофон эсимга тушди. Дарҳол ёзиш тугмасини босдим. Кассета ҳалиям тугамаган экан. Ҳар эҳтимолга қарши бошқа янги кассета қўйдим. Сўнгра ўтирганча Саид домланинг сўзларини мулоҳаза қила бошладим.
Менга янги, яп-янги нарсаларни билдирган бу одамга нисбатан ҳурмат туйғуси уйғонганди қалбимда. Уни ёқтириб қолгандим.
Ўн дақиқалардан кейин кириб келди.
Юзи ҳамда сочлари ҳўл эди. Таҳорат қилганлиги билиниб турарди. Унга дарҳол бир сочиқ узатдим. Оларкан, раҳмат айтди. Курсимга ўтирарканман, яна секингина магнитофон тугмасини босиб қўйдим. Бу яширинча ҳаракатим ўзимга ҳам ёқмаётганди, бироқ, на илож?.. Аллоҳ кечирсин!..
–    Тоғут ҳақида баҳс юритаётгандик.
–    Ҳа, ҳар бир мусулмон сақланиши лозим бўлган тоғут ҳақида гаплашаётган эдик ва сиз ўлкамизда мавжуд бўлган тоғутларни танитишимни сўрагандингиз.
–    Шундай.
–    Бизнинг бошқа чой ҳаққимиз йўқми?
–    Кечирасиз, умуман хаёлимдан кўтарилибди!..
Дарҳол иккита чой буюрдим. Соатга қарадим. Пешин кираёзганди. Телефон тугмасини такрор босдим:
–    Меҳмоним билан шу ерда овқатланаман. Тайёргарлик кўринг.
Саид домлага қараганча сўрадим:
–    Ейдиган ҳеч қандай парҳез овқатингиз йўқми?
–    Парҳезда эмасман, лекин иштаҳам йўқроқ. Мен учун овора бўлманг.
–    Ие, бу нима деганингиз, овораси бор эканми!
Шу онда чой келтиришди. Хизматдаги ходимимга миннатдорчилик билдирганча, чойини олди. Чойига икки қошиқ шакар солди ва аралаштиргач, курсига суяниб ўтириб олди. Кўзларимга тикилганча гапиришни бошлади:
–    Салжуқбей! Дин ва Илоҳ тушунчаларининг қандай маънони билдиришини англаб етган вақтингиз, шубҳасиз тоғутнинг ҳам нима эканини, ким эканини мутлақо тушуниб оласиз. Мен аввало дин сўзига тўхталаман. Дин нима? Дин деган пайтимиз нимани тушунмоғимиз керак?
Бир лаҳза жим бўлиб қолди!.. Жавоб беришимни эмас, ўйлаб кўришимни истаётгандек эди. Ҳолбуки, ўйланадиган нима ҳам бор эди! Ҳаммамиз биладиган нарса эмасми? Дин деган пайтимиз барчамиз нимани назарда тутишимиз маълум-ку. Аллоҳни рози қилиш учун У буюрган баъзи ибодатларни бажаришимиз, ичкилик-ароқ ҳамда чўчқа гўшти сингари ҳаром бўлган нарсалардан сақланишимиз. Бу жавобни билсам-да, ҳеч нарса демадим. Жавобини унинг ўзидан кутаётгандим.
Дин, бир яшаш шаклидир. Ислом дини баъзи кишилар ўйлаганларидек,йигирма тўрт соатимизнинг муайян вақтларигагина эмас, яшаган бутун йигирма тўрт соатимизга тегишли бўлган, ойдинлатган, умримизнинг ҳар бир дақиқасини тафтиш қилган, тартибга солган бир дунёқараш, бир ҳаёт тарзидир.
Жумладан, динимизнинг асл манбаси бўлган Қуръони Каримга қарасак, унда бутун ҳаётимизни қамраган, ҳаётимизни тўлиғича тафтиш қилган ҳукмларнинг, қонунларнинг борлигини кўрамиз. Чунки, мана шу Диндир! Чунки, дин кенг доирадаги ҳаёт тарзидир. Шундай экан, дин деган вақтимизда шуни билмоғимиз керак.
Ҳар дин бир дунёқараш, бир ҳаёт тарзи бўлганидек, ҳар дунёқараш, ҳар бир ҳаёт тарзи ҳам бир диндир! Бутпарастлик бир диндир, мажусийлик бир диндир, инсонларга маълум бир ҳаёт тарзини инъом қилган ҳар бир ғоя, ҳар бир тузум бир диндир.
Унинг сўзларини жон қулоғим билан тинглардим. Айтганларини тушунишга ҳаракат қилар ва англар эдим.
–    Ер юзида асосан икки хил дин кенг тарқалган. Ҳақ дин ва ботил динлар. Башариятдан манба олган барча ғоялар, барча динлар ботилдир. Бир қанча ботил динлар бор бўлишига қарамай, битта, фақат биттагина ҳақ дин бордир.
Мушоҳада қилиб ўтирмасдан гапга аралашдим:
–    Ислом!..
Сўзини бўлгандим, бироқ жаҳли чиқмади. Бир муддат кўзларимга тикилиб турди-да, сўради:
–    Нега Ислом?
Тавба қилдим, саволни қаранг! Бу одам мени яна тараддудлантириб қўйганди.
–    Нега деганингиз нимаси? Ислом дини инсоният тарафидан ўйлаб топилган дин эмас. Аллоҳ тарафидан юборилган ҳақ диндир.
–    Жуда тўғри. Бироқ, изоҳлашингиз лозим бўлган бир масала бор. Мусовийлик ҳам, Исовийлик – христианлик ҳам самовий яъни Илоҳий манбага эга бўлган динлардир. Шундай экан, нега мусовийлик ёхуд христианлик демасдан, Ислом дини дедингиз?
Нима дейишимни билмай ўйланиб қолдим. Бу тўғри эътироз эди. мусовийлик ҳам, христианлик ҳам Илоҳий манбаларга таянган динлар эди. Бироқ, бир дақиқа!.. Аммо улар динларини бузишган эди!
–    У динлар ҳам Аллоҳ тарафидан юборилган, аммо одамлар ундаги Илоҳий ҳукмларни ўзгартиришган, динни бузишган!..
Майин табассум билан бошини оҳиста қимирлатди. Сўзларимни тасдиқлаётганди.
–    Ҳа. Манбаси Илоҳий бўлгани билан, инсонлар томонидан ўзгартирилган, баъзи ҳукмлари ўчирилиб, баъзи янги ҳукмлар киритилган динлар ҳам ботилдир!
Бир оз жим турганидан сўнг сўради:
–    Хўш, мусулмонман деган инсонлар ҳам динларида йўқ баъзи нарсаларни киритиб, Аллоҳ буюрган баъзи бир амалларни тарк қилсалар ва номини Ислом деб атасалар, бу дин ҳақ дин бўладими?
Нима дейишим мумкин? Жавоби маълум…
–    Бўлмайди…
–    Ҳа, бўлмайди. Буларни айтишимнинг сабаби, Ислом динини ҳақ дин қилган унсур, бу диннинг фақатгина самовий бўлиши, ёхуд номининг Ислом дейилиши эмас.
Шундай экан, биз яшаётган дунёмизда оти Ислом деб аталган ҳар қандай динга, номи Ислом деб аталган ҳар қандай ҳаёт тарзига ҳақ диндир, деёлмаймиз. Чунки, номи Ислом бўлишига қарамай, инсонлар тарафидан киритилган янгиликлар ҳамда йўл қўйилган камчилик ва хатолар, атайлаб ёки билмасдан динни бузиш каби ҳолатлар мавжуд бўлган дин, асл эътибори билан Ҳақ дин бўлган Ислом дини эмасдир! Манбаси Илоҳий бўлишига қарамай, инсонлар томонидан бидъат, хурофотлар киритилиб, бузилган диннинг мусовийлик ёхуд христианлик динидан ҳеч қандай фарқи йўқдир.
Бир муддат тин олгач, давом этди:
–    Аллоҳ Таоло наздида ягона Ҳақ дин бўлган Ислом, Қуръон ва суннат чегарасидаги Исломдир. Чунки, ҳақ бўлган дин, Ҳақ ўлчовларига кўра яшалган диндир.
Мен ҳайратда қолгандим! Биламан деб ҳисоблаган масаламда қанчалик билимсиз эканимдан ҳайратланаётгандим. Дин сўзининг нечоғлик кенг ва теран маъноси бор экан!
Менинг шу пайтгача мавжуд бўлган дин ҳақидаги тушунчамни қандай баҳолаш мумкин?.. Шу пайтгача номи Исломдан иборат ҳамма нарсани ҳақ дея қабул қилардим. Ҳолбуки, ҳақ бўлган Ислом, Саид домла таъкидлаганидек, Ҳақ ўлчовларига содиқ бўлган Ислом экан!
Унинг сўзлари ниҳоятда тўғри эмасми? Номи Ислом бўлишига қарамай, ўзгартирилган, бузиб кўрсатилган бир диннинг мусовийлик ёхуд христианликдан нима фарқи бор? Бидъатлар киритилиб, Аллоҳнинг ҳақ ҳукмлари чиқариб ташланган христианликни ботил деймиз-у, айни шаклда бузиб кўрсатишга уринилган динни оти Ислом экан деб, ҳақ дея оламизми?
Яхши, бироқ Ислом дини шундай бидъатлар билан бузилганми? Ислом дини эътиқодида эканини билдирган мусулмонлар ҳам мусовийлар ёки христианлар сингари динларини бузишганми?
–    Ислом динини ҳам ўзгартиришганми? У ҳам бузилган ботил динми?
Дарҳол қўлини кўтарганча менга “Жим!” дегандек ишора қилди. Кўзларидаги маъно кескин ўзгарган эди!
–    Аллоҳ асрасин, асло! Ислом динини бундай таҳликадан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Бугунги кунда дунёда ҳақ бўлган Исломни, ҳақ бўлган ўлчовларига асосан яшаётган милёнлаб мусулмонлар бор! Бу мусулмонлар тобе бўлган дин, ҳеч шубҳасиз, ҳақ бўлган Исломдир. Фақат, номи Ислом аталишига қарамай, баъзи фирқалар, баъзи гуруҳлар, баъзи бир тариқатлар тарафидан бузилган дин, ҳақ бўлган Ислом эмасдир! Мен фақатгина мана шуни айтмоқчи, билдирмоқчи эдим, холос.
Масалани англагандим.
Дунёда ҳақ бўлган ягона дин Ислом эди. Аммо, номи Ислом дея аталган ҳамма дин ҳам ҳақ дин эмасди. “Тушундим”, дегандек, бошимни қимирлатдим.
– Дин мавзусида шу қисқа маълумот ҳозирча етади. Муҳим бўлган нарса, диннинг нима эканини билишимиз, ҳақ ва ботил динларнинг асосий моҳиятини тушунмоғимиздир. Асло унутмаслигингиз керак бўлган хусус, ҳақ бўлган дин, ҳақ ўлчовларига содиқ бўлган дин эканлигидир. Шу боис, ҳақ бўлган Ислом, Қуръон ва суннат чегарасида таърифланган ҳамда айни чегарада яшалган Исломдир.
Миннатдорчилигим акс этган кўзларимла унга боқарканман, “ Ҳаммаси тушунарли, устоз!” дедим. Уни биринчи бор устоз, деб атаётган эдим. Бу сўзимдан ҳеч қандай хижолат чекмадим. Бу инсон ҳақиқатдан ҳам муҳтарам бир киши эди ва устозим ҳисобланарди.
Телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим.
Котибам кимнидир уламоқчи эканини билдирди. “Улама, бандман”, дея гўшакни қўйдим. Сўнгра Саид домлага қараб, “Марҳамат, давом этинг”, дея илтимос қилдим.
–    Энди эса, Илоҳ тушунчаси устида бир оз мулоҳаза юритамиз. Илоҳ ўзи нима?
Озгина тин олгач, давом этди:
–    Илоҳ, Буюк дея Унга сиғиниладиган, ёрдам сўраладиган ҳамда Ўзига ибодат қилинадиган Маъбуд, Тангри демакдир.
Ахир бу мен олдиндан биладиган таъриф билан бир хил-ку! Зотан мен ҳам Илоҳ деганда худди шундай тушунчага эга эдим. “Ҳа” дегандек, бошимни қимирлатдим.
Сўзини давом эттирди:
–    Шундай қилиб, Исломнинг яъни динга киришнинг энг биринчи ва энг муҳим шарти, ягона Илоҳ Аллоҳ эканини билиш ва тасдиқлаш, фақат Унгагина қуллик қилишдир. Хусусан, шаҳодат калимасида келтирилган тавҳид сўзининг маъноси мана шудир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” яъни, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, фақат Аллоҳ бордир.
Бу ҳам ғоят тушунарли ва аниқ бўлган нарса эди. Барча мусулмонлар илоҳ ўлароқ фақатгина Аллоҳни қабул қилишади. Саид домлага қараб, “Буни ҳам тушундим” дедим.
Жим бўлиб қолди. Кўзларимга ўйчан-ўйчан тикиларкан, “Шошилманг, ҳали етарлича тушундингиз, деб ўйламайман”, деди. Эътироз билдирмадим. Фақатгина кулимсираб қўйдим. Бироқ унинг нигоҳлардаги жиддият ўзгармади.
–    Энди сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ экан, у ҳолда нега Раббимиз бизларни тавҳид калимасини билишимиз учун қаттиқ қистовга олмоқда, тавҳидга чақирмоқда?
–    Англамадим?
–    Мана эшитинг, сизга бир мисол келтираман: Сал аввалроқ ўғлингиздан баҳс этгандик. Сиз бирор марта ўғлингизга “Ўғлим, сенинг мендан бошқа отанг йўқ. Сенинг отанг фақат менман”, дедингизми?
–    Йўқ!
–    Албатта айтмагансиз. Чунки, бундай дейишингизнинг ҳеч қандай ҳожати бўлмаган.
Бир муддат жим қолгач, давом этди:
–    Яхши, сиз ўғлингизнинг ягона отаси бўлганингиз ҳолда бунга эҳтиёж туймасдан, башариятнинг ягона Илоҳи бўлган Аллоҳ Таоло нега бундай сўзни айтишни лозим деб билди? Нима сабаб, қайта-қайта “Сизнинг Мендан ўзга Илоҳингиз йўқ. Сизларнинг ягона Раббингиз фақат Менман!” деган ҳақиқатни эслатмоқда?
Бу савол қаршисида жим бўлиб қолдим.
–    Ҳаяжонланманг, масала сиз ўйлаганчалик чигал эмас. Энди тасаввур қилинг, ўғлингизга: “Ўғлим, сенинг мендан бошқа отанг йўқ” деб қачон айтишингиз мумкин? Ёхуд қандай вазиятда бундай таъкидга эҳтиёж туясиз?
Жуда қизиқ савол эди бу!
Мен қачон ўғлимга ”Сенинг мендан бошқа отанг йўқ!” дейишим мумкин? Жавоб топишга қийналмадим. Агар баъзи кимсалар ўғлимга унинг отаси эканликларини айтиб, ёлғон иддаоларда бўлишса, туҳмат қилишса, ана ўша пайтда уларнинг сўзларини инкор қилиш учун бунга эҳтиёж туяман.
– Қачонки, ёлғончи кимсалар ўғлимга унинг отаси эканликларини иддао қилишса, ўшанда, – дедим.
Кулимсиради.
–    Жуда оддий! Хусусан, тавҳид калимасига чақирилишимизнинг ҳикмати ҳам худди шу. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, аммо, бу дунё ҳаётида бизга ўзини “илоҳ” дея кўрсатишга уринадиган, илоҳлик даъвосини қилаётган нарсалар жуда кўп!
Парврдигоримиз эса, бизларнинг “Ла илаҳа” дейишимизни ва бу сўзнинг очиқ ҳақиқати ўлароқ бизларга илоҳлик иддаосида бўлган бу сингари сохта илоҳларни инкор қилишимизни истамоқда.
Ҳаммасини энди тушуниб етгандим. “Ла илаҳа” дейиш билан бор бўлган ягона Аллоҳни эмас, илоҳлик даъвосида бўлган барча сохта илоҳларни рад қилишимиз керак экан! Энди мен учун англашилмаган ягона нарса, сохта илоҳларнинг ким ёки нималардан иборатлиги эди!
Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида бутлар бор эди. Инсонлар бутларга сиғинишарди. Бироқ бундай бутларнинг барчаси тарихда қолиб кетганди. Балки, Африкада бутларга сиғинадиган баъзи қавмлар бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг бизга, бизнинг жамиятимизга қандай алоқаси бор? Бизнинг ўлкамизда бунақа бутлар ҳам, бутпарастлар ҳам йўқ-ку!
–    Биз яшаётган ўлкада уни илоҳ дея сиғинишимизни истаган, илоҳлик иддаосида бўлган сохта илоҳлар борми?
–    Қудратли Тангримизнинг Илоҳлик ҳаққини ўзида кўрган ҳар киши, ҳар маъмурият, ёхуд ҳар жамият инсонларга нисбатан илоҳликни иддао қилмоқда.
Тўғрисини айтсам, умуман ҳеч нарса тушунмагандим!
–    Англаёлмадим?
–    Раббимизнинг барча инсонларга оид Илоҳлик ҳаққини тушунган пайтингиз буни ҳам тушуниб оласиз.
Узоқ сукут ичра кўзларимга тикилди.
Бу нигоҳлар ниҳоятда жиддий ва таъсирчан эди. Гўё менга юқоридан, жуда баландлардан қараётгандек туюларди. Нега бундай қараётганини англаёлмасдим!..
Ўшандай ҳолатда сўзини давом эттирди:
–    Раҳмон ва Раҳим бўлган Раббимиз, бизларни бу дунёда ўз билганимизча яшашимиз учун яратмаган. Эвазига ё Жаннат, Ё Жаҳаннам бериладиган имтиҳон дунёсидир бу! Бу имтиҳоннинг ўлчовлари, аниқроғи чегараси эса, баъзи кимсалар ўйлаганидек, ёхуд айтганларидек, муайян вақтларда намоз ўқиш ва муайян вақтларда рўза тутишдан иборат эмас! Яна ҳам очиқроқ ифодалайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло, бу инсонларга “Муайян вақтларда намоз ўқинг, бундан ташқари вақтларда хоҳлаган ишингизни қилаверинг”, дея эркинлик бермаган, инсонларни ўз билганларига ташлаб қўймаган! Чунки, Ислом динига кўра Аллоҳга қуллик, муайян вақтларни эмас, бутун бир ҳаётни қамраган, инсон умрини тўлалигича ўз ичига олган қулликдир. Шу боисдан меҳрибон Парвардигоримиз биз инсонларга фақат намозга, фақат рўзага тегишли ҳукмларни эмас, бутун ҳаётимизга, турмушимизга оид ҳукмларни нозил қилган. Жумладан Қуръони Каримни очиб ўқиган ҳар инсон, истиқомат яъни яшаш тарзи билан боғлиқ бу ҳукмларни кўради.
Бир лаҳза тин олгандан сўнг, кўзларимга қизиқсиниб қараганча сўради:
–    Инсонларни йўқдан яратган, хилма-хил неъматлари билан яшатиб қўйган Аллоҳнинг, инсонлар ҳаётига доир, уларнинг қандай яшаётганига тегишли ҳукмлар қўйишга ҳаққи борми-йўқми?
Бу қандай савол бўлди?!
– Албатта бор!
Ана шу бор деганингиз ҳақ, Аллоҳнинг инсонлар ва жамият устидаги Илоҳлик ҳаққидир.
Англаётганимни кўргач, сўзларини давом эттирди:
–    Илоҳлик ҳаққини тушунганингиздан кейин, иккинчи масалани ҳам билиб олишингизга тўғри келади. Яратган Раббимиз ана шу Илоҳлик ҳаққини ҳеч бир пайғамбарга, ҳеч қайси авлиёга, ҳеч кимга, ҳеч қайси жамиятга, ҳеч қанақа маъмуриятга на-да ҳеч бир давлатга бермаган! Инсонлар ҳамда жамиятлар устидаги ана шу Илоҳлик ҳаққи, фақат ва фақат Аллоҳга оид бўлган ҳақдир!
Жуда аниқ ва лўнда гапирган Саид домлага қараб қолдим. Унинг айтганларини ғоят яхши англагандим. Инсонлар ҳамда жамиятлар устидаги Илоҳлик ҳаққи фақатгина Аллоҳга оид бир ҳақ эди!
–    Тушундим, устоз!
–    Агар тушунган бўлсангиз, шу саволимга жавоб беринг! Ҳар қандай бир инсон, ҳар қандай маъмурият, ҳарқандай давлат, Аллоҳнинг Илоҳлик ҳаққини ўзида кўрса, шундай ҳақ менда ҳам бор деса, ўзини кимнинг ўрнига қўйган бўлади?
Дарҳол жавоб бердим:
–    Илоҳ ўрнига!
–    Тўғри, лекин улар илоҳми?
–    Албатта йўқ!
Сўнг сўзлашдан тўхтади ва бошини қимирлатди.
–    Инсонларнинг илоҳиман, дея даъво қилаётган сохта илоҳлар мана шулардир! Аллоҳ таоло ҳукм қўйган бир масалада у ҳукмни инкор қилиб, ўзи ҳукм қўйишга уринадиган, Аллоҳ ҳаром деган нарсани ҳалол, ҳалол деганини эса, ҳаром дейдиган ҳар қандай инсон ёхуд давлат ёки ҳар қандай жамият билиб-билмай инсонларга илоҳлик қилишга уринган ҳисобланади! Мусулмоннинг бурчи ва мусулмон бўлишнинг шарти, ўзига илоҳлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай кучни “Ла илаҳа” дея рад қилиши, Илоҳ ўлароқ фақат Аллоҳни қабул қилиши, ёлғиз Унга йўналашидир!
Қотиб қолгандим. Ҳайратга тушдим ёки бошим шишди, демайман. Чунки, на ҳайрон қолган, на-да карахт бўлгандим.
Балки, айтилганларни ғоят яхши тушунгандим, бироқ англаганларим муаллақ тургандек эди. Фикрларимни бир ерга жамлаёлмаётгандим.
–    Бир оз аниқроқ тушунтирасизми?
–    Албатта. Масалан, Раббимизнинг намоз мавзусидаги ҳукмларидан бири, дунёнинг қаерида, қайси бурчагида бўлмайлик, Каъбага йўналмоғимиздир. Энди ҳар қандай бир киши ёхуд ҳар қандай бир кенгаш, “Бундан кейин намоз ўқиётганда Каъбага эмас, Шветсарияга юзланасиз” деса, шундай бир қонун чиқарса нима қиласиз?
–    Нима дейишим маълум-ку, устоз! Уларга, сизни ҳам, қонунларингизни ҳам…
Қўли билан ишора қилганча мени тўхтатди. Ва ўзи давом этди:
–    Қисқаси бундай ҳукмни, қонунни рад қиласиз. Бу мавзуда ҳукм қўйиш Раббимнинг ҳаққидир ва энг гўзал ҳукм қилгувчи Унинг Ўзидир, дейсиз. Шундай эмасми?
–    Ҳа, – дедим.
–    Муҳим бўлган нарса шуки, Аллоҳнинг ушбу ҳукмида кўрсатган мусулмонга хос қатъиятни, Жаноби Ҳақнинг қолган барча ҳукмларида ҳам кўрсатишингиздир! Чунки, Парвардигоримиз бизга фақатгина намоз ва рўзани буюрмаган.
👍1
Ҳукм ва ҳикмат соҳиби бўлган Раббимиз, туғилганимиздан то ўлгунимизга қадар бутун бир ҳаётимизни қамраб оладиган ҳукмларни буюргандир. Бу ҳукмларнинг бир қисми муҳим, қолганлари аҳамиятсиз эмас! Намозга тегишли ҳукмлар қандай муҳим бўлса, уйланишга оид, оила ҳаётига алоқадор, ишимиз, тижоратимиз, жамиятдаги ўзаро муносабатларимизга тегишли ҳукмлар ҳам худди шундай муҳимдир! Бу ҳукмларнинг барчаси, Аллоҳга қуллигимизнинг исботи ўлароқ яшашимиз, амал қилишимиз керак бўлган ҳукмлардир. Аллоҳнинг бу мавзудаги ҳукмларига зид ҳукмлар қўйиб, инсонларни шу сохта ҳукмларга итоат қилишга чақирадиган ҳар қандай шахс ёки жамият, инсонларга илоҳлик даъво қилаётган, инсонларни ўзига қуллик қилишларини талаб қилаётган бир тоғутдир. Мусулмоннинг бурчи эса, Ўзига илоҳлик даъвосида бўлган барча тоғутларни “Ла илаҳа” дея инкор қилиши ва тоғутларга қуллик қилишдан ўзини асрашидир.
Ҳа!..
Тоғутнинг нима экани энг охирида аниқ бўлганди. Аллоҳнинг ҳукми ўрнига ҳукм қўядиган, инсонларни ана шу ҳукмга амал қилишга даъват қиладиган ҳар қандай шахс ёки жамият тоғут эди. Ва пайғамбарларнинг барчаси инсониятни ана шу тоғутга қулликдан қутқариш учун юборилганди!
–    Зотан пайғамбарлар ҳам худди шунинг учун юборилмаганмиди?
Кўзларида севинч порлаганча боши билан тасдиқ ишорасини қилди.
Саид домланинг айтганларини ўйлаганим сайин жойимда туролмай қолдим. Унинг фикрлари, изоҳлари гўё ҳар тарафни ойдинлатиб, нурга тўлдириб юборгандек эди!
Хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқдек, ўрнимдан турдим. Деразанинг ёнига борганча ташқарига, олисларга кўз ташладим.
Ҳамма нарса бошқача, мутлақо бошқача кўринарди кўзларимга! Барча нарсанинг юзидан ниқоби тушган, ҳақиқий башараси намоён бўлганди гўё!..
Аллоҳнинг ҳукмларини инкор қилиб,
Аллоҳнинг ҳукмларини ….
Аллоҳнинг ҳукмларини ўтмишга нисбат этиб, бу илоҳий ҳукмларга “эскилик сарқити” деган тамғани уриб, инсонларни ўз ҳукмларига бош эгишга даъват қилган юзлаб сохта илоҳларни, юзларча тоғутларни кўрардим атрофда!..
“Вой, беномуслар, вой подалар!” деган бир ҳақорат юксалди ичимдан. Инсонларни қанчалик алдаётган, қанчалар йўлдан оздираётганди улар!..
Шунингдек, мени ҳам, менингдек маданиятли ишбилармонни ҳам алдаёлганди улар!
Бўғзимгача, нақ бўғзимгача бир ширк ботқоғига ботганлигимни ҳис қилдим ана шу лаҳзада! Илгари ҳечам кўрмаганим, авваллари асло фарқлаёлмаганим бир ифлослик эди бу!
Нима қиламан, энди нима қилмоғим керак, дея ўйламадим. Чунки, билардим, жуда яхши билардим нима қилишим, нима дейишим кераклигини!
Ла илаҳа!..
Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир!.. Аллоҳ ҳаққи йўқ!
Ла илаҳа!..
Инсониятга илоҳлик даъвосида бўлган барча сохта илоҳларни инкор қиламан!
Ла илаҳа иллаллоҳ!
Инсонларга илоҳлик даъвосидаги барча илоҳларни рад қиламан. Чунки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Фақат ягона Аллоҳ бордир!
Ла илаҳа иллаллоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ!..
Энг гўзал ҳақиқатни энг гўзал шаклда ифода этган бу сўзни гўё эндигина ўрганган, бу сўзнинг ҳикмат тўла сиррига гўё янгидан воқиф бўлгандим!
Нақадар гўзал ва нақадар муҳташам бир сўз эди бу!
Бу сўзни ҳар айтганимда, ташқарида кўрганим сохта илоҳларнинг, ташқаридаги тоғутларнинг ифлослигидан узоқлашганимни, пок, топ-тоза бир шахсиятга томон юксалганимни ҳис қилардим!
Алҳамдулиллаҳ!..
Миннатдорчилик тўла кўзларимла Саид домлага қарадим. Индамасдан ўтирарди.. Гўё ҳеч нарса билмагандек, ҳеч бир иш қилмагандек!..
Аслида эса, шохлари ўсиб, ҳар тарафга тарвақайлаб кетган улкан бир дарахтни беш-ўн дақиқалик суҳбат ёрдамида бутаб қўйган ва ўртада текис ва чиройли бир шакл ҳосил қилган эди!
Очиқ-равшан бир ҳақиқат намоён бўлган эди!
“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ . Фақат АЛЛОҲ бордир”.
Саид хўжа тушликка пиширилган овқатдан бир-икки луқма егач, кетишга изн сўради. Уни машинамда олиб бориб қўйишимни айтсам, рози бўлмади. Мен ҳам ортиқча қистамадим.
Домла кетгач, пешин намозини ўқиш учун масжидга тушдим ва намоздан сўнг хонамга кириб, магнит тасмасидаги ёзувларни такрор-такрор эшита бошладим.
Аср намозидан кейин яна суҳбат тингладим.
Шом кирганди.
Уларни неча бор тинглаганимни билмайман, фақат ҳар эшитганимда янада яхшироқ тушунар, тафаккур уфқим тобора кенгаяётгандек туюларди…
Тасмадаги сўзлар бор-йўғи уч калима ёхуд, учта тушунчани ифодалар эди:
Дин, Илоҳ, тоғут…
Фақат шу учта сўз, фақатгина шу уч тушунча, барча инсонлар, айниқса ва энг аввал барча мусулмонлар билиши лозим бўлган тушунчалар эди! Чунки буни билмай туриб, уларнинг қандай маъно англатишини тушунмай туриб, фақат ва фақат ягона Аллоҳга қуллик қилишимиз, қила олишимиз мумкин эмасди!
Бир пайтлар ўқиганим икки мисра хаёлимга келди:
Ўттиз уч йил соатим ишлабди, мен турибман,
Кўк юзидан бехабар мен учирма учирибман!..
Адашмасам, бу шеър раҳматли Нажиб Фозил қаламига мансуб эди. Ушбу мисраларни илк бора ўқиганимда, масалани Нажиб Фозилнинг шахсига тегишли деб баҳолаган, фақат унинг ғафлати ҳақида сўз кетмоқда дея изоҳлагандим. Ҳолбуки, баҳс мавзуси бўлган ғафлат, менинг ғафлатим, тилга олинган ғафлат улкан бир жамиятнинг ғафлати экан!..
Аллоҳга имон келтирган, Унга қуллик қилишни истаган қанча-қанча инсонлар афсуски, бу ҳақиқатдан бехабар эди. Белини тўғрилашдан ожиз бўлган бу инсонлар, ҳам Аллоҳнинг, ҳам тоғутнинг қаршисида эгилишарди. Ҳолбуки, мусулмон дегани фақат Аллоҳнинг ҳузурида эгиладиган инсон дегани. Чунки, Аллоҳнинг даргоҳида қабул қилинадиган қуллик, ёлғиз Унга қилинган қулликдир!
Бироқ билишмасди, англашмасди инсонлар бунинг моҳиятини!
Эртаси кун фабрикага келгач, барча ишчиларни овқатланиш хонасига тўплаб, барчасидан бирма-бир ”Дин нима, Илоҳ нима, тоғут нима?” дея сўрагим келди. Барчасига бу ҳақиқатларни билдириб, ҳаммасини намоз ўқишга чақиришни истадим.
Сўнгра бу фикримдан қайтдим. Бу суҳбатни Саид домланинг ўтказгани маъқул эди. Истагимни унга етказишим лозим эди. Негаки, қўл остимда ишлаётган инсонларга нисбатан масъул эдим. Уларнинг олдида бажаришим шарт бўлган бурчим, муҳим вазифам эди бу!
Мен шундай бўлса ҳам, пешин ва аср намозларини фабриканинг масжидида ўқиган ишчиларни ёнимга чақириб, улар билан суҳбатлашгим келди. Аввал уларга саволлар бердим. Барчаси бир-бирининг юзига термулганча, саволимга жавобни ёнидагининг афтидан топишни истаётгандек, жим туришарди. Тоғут ҳақида сўраганимда эса, мутлақо ҳайратга тушишди. Ёши кексароғи эса, “Тақсир, у тоғут эмас, тобут”, дея менинг хатоимни тузатишга ҳаракат қилди.
Тоғутнинг нима эканини билмасдан, тобут томон одимлаётган бу кишига ачиниб қарадим… Узоқ йиллардан буён беш вақт намоз ўқиётган, неча минг марталаб масжидга борган бу кишининг, тоғутни рад қилиши бир тараф, унинг не эканини билмаслиги бир тараф эди…
Бир қанча масжид ҳамда баъзи масжид имомлари ҳақидаги гаплар тўғри эди. Аллоҳ рози бўладиган динни ўрганиш мақсадида масжидга борган кўплаб инсонлар, дарахт экишнинг фазилатини ўрганишарди, бироқ Исломнинг фазилатини ўрганишолмасди. Исломга киришнинг энг муҳим шарти бўлган калимаи тавҳиднинг маъноси нима эканини, “Ла илаҳа” деганларида нимани инкор қилишганини билишмасди!
Қизиқ, инсонларга бу ҳақиқатларни ўргатмаган диндорлар бу ҳолни қандай баҳолашаркан?! Ёки ўзлари ҳам билишмасмикан? Йўқса, била туриб жим қараб туришганмикан?
Мен учун муҳим бўлган бу саволнинг жавобини ўрганишни, ҳозироқ билишни истардим!.. Энг яхшиси, уларнинг ўзидан сўраш ва жавобни уларнинг оғизларидан эшитиш эди. Шунда ақлимга магнит тасмалар келди. Уларни чақириб, тасмадаги ёзувларни бирга эшитишимиз мумкин эди. Зотан, тасмаларни худди шу ниятда тўлдирган эдим.
Дарҳол иккита имом домлага сим қоқиб, уларни тушликка таклиф қилдим. Таклифимни қабул қилишди ва пешин намозидан кейин келишларини билдиришди.
Масжидда пешин намозини ўқиб, юқорига чиққанимда меҳмонларим ҳам етиб келишди. Иккаласи ҳам кўп йилдан бери ваъз ўқирди. Иккиси ҳам ҳурматга, обрў-эътиборга эга воъизлар эди.
Аввал тушлик қилиб олдик. Мендан хаста “ўртоғим”нинг аҳволини сўрашди. Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини айтдим. Улар шу масалада чақирган, дея ўйлаётганлари билиниб турарди.
Уларга Саид домланинг исмини айтмасдан, масалани қисқача тушунтирдим. Сўнгра, менинг бу мавзуда етарли билимим йўқлигини, шу сабаб магнит тасмаларни тинглаганларидан кейин фикр билдиришларини айтдим.
Улардан бири менга шубҳа билан қаради. Соқоли бори эса: “Жуда соз, Салжуқбей, эшитамиз!” деди.
Қаҳва буюрганча, биринчи тасмани магнитофонга қўйдим. Тинглай бошладик. Овоз ғоят тиниқ ёзилганидан, жуда аниқ эшитиларди. Улар мендан Исмоилнинг кимлигини сўрашди. “Эски танишим”, дедим.
Эшитишда давом этишди.
Саид домланинг бир қанча масжидлар ҳамда маърузачилар ҳақидаги гапларини такрор эшитмоқчи эканликларини билдиришди. Орқага қайтарганча, истакларини бажардим. Соқолсизи ёнидагисига қараганча, бошини икки тарафга чайқади. Бу ҳаракатининг маъносини тушунолмадим.
Саид домланинг тоғут ҳақидаги сўзларини ҳам эшитганларидан кейин иккинчи кассетани қўйдим. Безовта бўлаётганга ўхшашди. Соатларига қараганча, вақтлари йўқлигини, кеч қолишаётганларини айтишди. Бу кассетанинг қисқа эканини билдириб, тинглашларини сўрадим.
Истамайгина рози бўлишди!..
Ҳеч нарса демасдан иккинчисини ҳам эшитишди. Юзларидаги ифодадан, тасмадаги гапларни ҳеч ҳам хушламаганликлари кўриниб турарди! Магнитофонни ўчирганча, соқоли йўғига юзланиб сўрадим:
–    Хўш тақсир, қандай фикрдасиз?
Бирдан жавоб бермади. Бир оз жим тургач, ўйга толди. Сўнгра бошини қимирлатганча, сўз бошлади:
–    Муҳтарам Салжуқбей! Ўзини домла деб атайдиган бунақанги кишиларнинг гапларига эътибор берманг. Булар қаерда яшаётганини билмайдиган, ўтмишдан сабоқ олмаган кимсалардир. Туркияда шунча динсиз бор экан, шу динсизларни қўйиб, диндорлар билан тортишадиган бундай кимсаларни нима деб аташга ҳам ҳайронман! Мен булар ҳақида баҳслашишни истамайман. Энг яхшиси, уларни Аллоҳга ҳавола қилишдир!
Мен яна гапиради деган фикрда кутдим. Аммо, бошқа бир оғиз ҳам сўзламасдан жим бўлди. Ҳайратим ошди!.. Саид домлани Аллоҳга ҳавола қилиш билан ишни битирганди!
–    Бир дақиқа шошманг! Мени қизиқтираётган нарса, бу одамларнинг кимлиги эмас, уларнинг сўзлари. Айтганлари тўғрими ёки хатоми?
–    Қайси гапи?
–    Тоғут ҳақида, дин ва илоҳ ҳақидаги гаплари.
Жим бўлиб қолишди.
Аввал бир-бирларининг юзларига, сўнгра менинг юзимга термулишди. Мен эса жавоб кутаётган эдим. Соқол қўйгани масалага ойдинлик киритишни истади:
–    Эшитинг, унинг айтганлари тўғри бўлгани билан, ҳамма тўғри гапни дуч келган жойда гапиравериш тўғри эмас. Бундан ташқари, бизлар ҳозирча давлат ишида масъул лавозимда бўлсак!
–    Давлат ишида ишлаётганингизнинг бунга нима дахли бор?
Жаҳолатимни кўриб, кулишди. Соқоли бўлгани айни табассум билан жавоб берди:
–    Салжуқбей! Бу ўлкада қонунлар бор. Қуръони Каримда келган ҳамма ҳақиқатни ҳар ерда гапиролмайсиз!
–    Ҳаттоки масжидларда ҳамми?
–    Албатта масжидларда ҳам!.. Чунки, масжидларда иш юритадиган биродарларимиз ҳам давлат маоши ҳисобига ишлайдиган ҳукумат хизматчиси. Ҳамма бошлиқлар сингари улар ҳам қонунларни эътиборга олишга мажбур! Агар шундай қилишмаса, ҳам ишдан айриладилар, ҳам устларидан жиноий иш очилади.
–    Тушунмадим?
–    Нимасини тушунмайсиз? Масалан, масжидларда иш олиб борадиган ҳар бир биродарларимиз, Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаганларнинг кофир эканлигини жуда яхши билади. Билади-ю, бироқ буни масжидларда айтолмайди. Чунки, Қуръони Каримда келгани билан, давлатни танқид қилган давлат ишига тегишли ояти карималарни кун тартибига киритиш маън қилинади. Бу қоидага амал қилмаган бир қанча диндорлар, халқни давлатга қарши гиж-гижлашда айбланиб, қамоққа олинган.
–    Қамоққа олинган ўша инсонларнинг гаплари тўғримиди?
–    Албатта тўғри! Ҳаммаси Қуръоний ҳақиқатлар, барча айтганлари рост.
Гапини давом эттирмоқчи эди, бироқ. Ёнидаги туртиб қўйгандан сўнг тўхтаб қолди. “Нима дейсан?” дегандек унга қаради. Иккинчиси столга қараганча, магнитофонга ишора қилди!
Қотиб қолди! Магнитофонга тикилган кўзлари қўрқувдан йириклашди. Нигоҳларини аввал менга, сўнгра магнитофонга тикиб, пичирлаган овозда: ”Магнитофон қўшилганми?” деди.
Forwarded from Iqroo | إقرأ («Iqroo»)
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош .pdf
372.8 KB
📚 Kitob nomi: "Peshonamdagi nur"
👤 Muallif: Mahmud Olaqosh


@iqroo_kitaab