Шаҳбоз ФАЙЗУЛЛАЕВ
77 subscribers
22 photos
6 videos
1 file
27 links
О, лаънатланган САНЪАТ, сенга шарафлар бўлсин!
Download Telegram
* * *
Самум суяк симмиллатар,
Нафас тоғни қиммиллатар,
Нигоҳ қадам иммиллатар,

Биз йўлчими, ул йўлчими билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

Қафас қўлда кумушмиди, тилломиди,
Фўта белда қамишмиди, ҳулломиди,
Малак дилда оққушмиди, Олломиди,

Биз йўлдами, ул йўлдами билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик…

«Ровий, тўхта, ғайб манзар: ойнага қара,
Сочларида тун ухлаган сарвларга қара,
Учсанг қанот улашгувчи майларга қара,
Ибодат шул – дутор, танбур, найларга қара,
Раққос руҳга ишқни кийдир, куйларга қара!.


Бул қандай оятдир, қайси китобдан,
Вужуд косасига суфлаётган ким.
Иймонкуш пичоғинг бунча мулойим,
Риштамга ўзимни пуфлаётган ким.

Бошдин товонгача жилға жилдирар,
Фироқ чечаклари оқар, кулдирар.
Ким қанот чаядир, ким пичоқ чаяр,
Бул икки таъм ахир бизни ўлдирар.

Биз манзилми, ул манзилми билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

Суяк экиб ҳосил кутар бир обид,
Қопқон тутиб меҳмон кутар бир обид,
Коса лиқ-лиқ, олов кутар бир обид...

Қозон тўла қуёшни қовуради бир кампир,
Йўлни ўриб элакда совуради бир кампир,
Ойни сўйиб нурларин ёғдиради бир кампир.

Биз меҳмонми, ул меҳмонми билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

😉Азиз САИД
Tutti frutti Adrian Si...
koliye ahwazi
"Tutti Frutti te Kelas..."
Qo'shilib aytmasang uyat!
"Gadjo dilo" ("G'alati begona")
Tony Gatlifni kinosidagi leytmotiv.
Adrian Copilul mazza qilib aytgan.
Marhamat!

https://t.me/shakhboz_fayzullayev
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Shoirimiz Faxriyordan!
"She'rdan tug'ilmoqni istadim..."
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Federiko Garsia Lorka she'ri.
Takrorlanmas tarona...
ДЕРАЗА ОРТИДА

Дераза ортида ЖИМЖИТЛИК!
Сукунатда яшайди дераза ортидагилар...
Мункайиб, харсиллаб қолган боғ,
Саратонда туллаётган қари ит,
Юзлари ажинга тўлган чироқ
Жим!
Дераза ортида жим яшайди
Ўзи, хотини, болалари...
Дераза ортида
Қасамёд қилишар... Жим!
Ҳайқиришга ҳайиқиб туради Ҳайқириқ,
Изғийди кўзларига мил тортилган Исён.
Дераза ортидагиларнинг тушларин бузмас
ер остидаги отларнинг дупури,
Тоғкелбат сояларни илғамас
дераза ортидагиларнинг кўзлари.
Улар жимжитликка сажда қилиб яшайди
дераза ортида.
Фақат...
Қўрқинч,
Мудҳиш автода
Манглайига тўппонча тираб турган дераза!

2023

https://t.me/shakhboz_fayzullayev
Меҳриноз опа ва Нажмиддин Эрматов ака яхши суҳбат қилишибди. Аслида суҳбатнинг чиққанига анча бўлган, лекин кўришга энди вақт топдим. Кўп фикрлар ёқди, кўриб баҳо беришга албатта арзийди. Лекин, шундай масала бор.
Шоир халқнинг ташвиш ва орзу умидларини қай даражада олиб чиқоляпти, деган масала менга унча ёқмади. Нега ёқмаганлигини тушунтирай.
Тан олинган шоирларнинг кўпи катта шаҳарларда, давлат лавозимларида ишлайди. Ёзда салқин, қишда иссиқ оффис ё аудиторияларида ватан ё халқ, деб шеър ёзиш нақадар мантиқли? Биз бугун шу Тошкентдаги оппоққина хоналаримизда ўтириб, қишлоқдаги ўзбекнинг газ ё суви йўқлигини тўлиқ очиб беролмаймиз. Бунинг учун халқ ичига кириб бориш эмас, халқнинг ўзига айланиш керак. Бу эса китоб кўрган, бироз илм зиёсидан баҳраманд бўлган ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Йигирма биринчи асрда, ҳар кимнинг ўз воқеалиги бор бир пайтда ҳеч ким тўлақонли омма номидан гапиролмайди.
Шеърият ўта шахсий ҳодиса. Уни халқнинг овозига айлантириш (га уриниш) асосан Советдан қолган сийқа мотивация, холос. Халқнинг дардини журналист ва социологлар олиб чиқиши керак, шоирлар эмас. Шоир халқнинг мулки, деган гап ҳам буткул нотўғри. Биз кўрганларимиздан иборатмиз, шоир ҳам мана шу кўрган, кечирган, тажрибадан ўтказган нарсаларинигина ёза олади, холос. Ундан бошқа нарса исташ, истагингизни қондиролмаганида эса бойкот қилиш мутлақо нотўғри. Шахснинг маҳрамиятига нисбатан ҳурматсизлик бу.
Яна, Тошкентдаги шароит бошқа вилоятларда йўқ, дейилган. Албатта бўлмайди? Ню Йоркдаги адабий муҳитни Айдаҳодан, Истанбул ё Анқарадаги муҳитни Кастамонудан қидиролмайсиз. Бундан ташқари, Фарғона муҳити ва шароитини Тошкентдан, Қашқадарё адабий атмосферасини Самарқанддан излаш ҳам тўғри иш эмас. Ҳар бир ҳудуднинг ўз колоритига мос шароити бор. Натижада, яхши ёзса, китоби ё шеърини журналда чиқариш қийинми бугун? Фейсбук бор, Шоҳруҳ Усмонов ёзганидек инстаграм бор, ўқийман деса интернет китоб тўла. Ҳамма шоирлар Тошкентда бўлгани учун балки ҳамсуҳбат тополмаётгандир балки, лекин ишонинг дунёдан узулиб қолган, муайян чегаралар орасида сиқишиб қолган истеъдод аслида тозароқ бўлишига ишончим комил. Ҳа, улар ҳам яхши шароитга эришишсин, десангиз ҳақсиз, лекин эртага улар шу салқин офисларга ўрганиб қолишгач, халқнинг дардини ёзишларини кутаётган бўлсангиз, адашасиз.
Ҳам, бу эътирозда давлатни айблашнинг ҳам иси келди. Давлатнинг албатта катта айби бор. Ҳар бир вилоятга етарлича илмий ва маърифий база ажратилмагани жуда катта муаммо. Бироқ, гап яна айланиб шахсий ҳаракатга бориб тақалади. Менга қолса давлат адабиётга умуман аралашмаслиги керак. Бу идеологик жиҳатдан адабиётнинг табиатига зид.

Мирзоҳид,
@bobil_kutubxonasi
Шу иккита масалани тўлиқ очиб бериш ва улар устида баҳс юритиш учун ҳам суҳбатни тинглаш керак.
https://www.youtube.com/watch?v=B_RvMqg_IGU

https://t.me/shakhboz_fayzullayev
АЙСЕДОРА ДУНКАН ВА СЕРГЕЙ ЕСЕНИННИНГ СЎНГГИ РАҚСИ

...О, мафтункор сув парийим Изадора Дункан...
...О, малла соч фариштам – Серёжа Есенин!..

Гўё ёллари тўлқинланиб, пишқириб
учиб бораётган баҳорий шамол
орамиздаги севгининг муқаддас олови...
Лекин бу оловдан болалар туғилмас...
Туғилади фақат мангуликка қадар
мисралар...
...Рақслар...
...Мисралар...
...Рақслар...

...О, маъсумам, товонлари жарангдор Изадора Дункан!..
...О, шовуллаган қайинзордаги илоҳий най Серёжа Есенин...

...Кел, замин билан видолашмоқ олдидан рақсга тушамиз...
Истасак... канкан*...
Ёввойи, жазбали
Севги ва Ўлим рақси!..

...О, хокисорим, музтарим...
Терпсихора* – Изадора Дункан...
...О, қурбонликка аталган қўзичоғим – Серёжа Есенин...

...Тез орада жаннатга учиб борамиз
Бағрида ҳиссиз парвоз қилиб бораётган турналари билан булутнинг...

...О, дилгир, товонлари ўт чатнатган севгилим менинг Изадора Дункан...
...О, қурбонликка маҳкум биллур қўзичоғим – Серёжа Есенин...

...Тез орада парвозимиз бошланади кимсасизликка!..
Тубан замин устидан учиб борамиз
Йўқликка!
Сен – ҳалокатли, байрамона шарфингга ўраниб оласан,
Менинг бўйнимда эса заҳарли, қонли дор!

Ах!..

Шундай учиб келди коинотгача...
Оловли юлдузлар бағрига
рақс тушганча
Икки азалий ошиқ –
Айседора – тилла шарфда... хокисор... дилгир...
Бироқ,
қўрқмас эди ўлимдан,
Шодланиб учар эди у!

Серёжа – бўғзида оғули, қонли дор...
Лекин,
писанд этмас эди ўлимни,
Қувноқ эди у!..

Парвоз ортидан қараб қолди
майин табассум қилганча
Буюк Тангрининг ўзи!

Ноябрь, 2017
Тимур Зулфиқоров

*Канкан – французча рақс тури
*Терпсихора – рақс илоҳаси

Русчадан Ш. Файзуллаев таржимаси
***
Шаҳбоз ФАЙЗУЛЛАЕВга

Барибир, кетаман.
Истаган онимда кета оламан
Олқишланмаган шеърларим,
Хазон каби қароғлардан супирилган муҳаббатим
Ва
Ер шарига сиғмаган жасадимга
Қўл силкиб...
Келмаганимда ҳам шу рақс
Давом этаверар эди.
Кетаверар эди қуёш ўз ўқида сайёраларни илдирганча тубанлаб.
Ҳозир ҳам шу аҳвол...
Дарахтлар салом беради,
Дарахтлар алик олади,
Дарахтлар шеър ёзади,
Ибодат қилади дарахтлар...
Мен эса...
Кўйлагимга қўнган бир томчи доғ билан кимга керакман?
Қайси таннинг кўзи тўрт
Кўйлагимдаги доғга...
Кета олишимни такрор айтаман
Ва
Барибир кетаман.
Эй, умримни хазон қилган сўз кушандалари,
Қушлар булғамаган кўйлагингизда мени чин Юракдан севинг
Кўйлагимдаги доғ билан кета олганим учун...
2023

ФЕРУЗШОҲ
t.me/Feruz_Nematullayev
Нажмиддин Эрматовдан


Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?..
Чўлпон

Суйгулим,
Ёзнинг поёнига етдик ниҳоят,
Ёшларим лойланди фасл сўнггида—
Саратон тафтидан этмай шикоят
Чечаклар қуврабди кўзим ўнггида.
Кўзим ўй, гулим.

Суйгулим,
Август боғларини тарк этди қушлар,
Бўш қолган инларда рутубат ҳоким.
Қақраган сойларда фош бўлди тушлар,
Шамолга сочдилар сирларинг ҳокин.
Куйма, қўй, гулим.

Суйгулим,
Бошимдан мезонлар ўтди паришон,
Чувалган ўйларим хазонга талош.
Энди мен қаерни этайин ошён,
Сен қайдан топарсан ҳамон алиф бош...
Мискин ўй гулим.

Суйгулим,
Соғинчнинг йўллари кузга бош бурди,
Кўникиб бордим-а йўқдай имкони.
Қисмат боғлар аро қатлгоҳ қурди,
Сим-сим товланмоқда дарахтлар қони...
Кўкка йўй, гулим.

Суйгулим...


август, 2023

https://t.me/shakhboz_fayzullayev
АНОРЗОР ҚЎШИҒИ

I
Ўшанда ёмғир ёғган эмас, дарахтлар йиғлаган эди она. Ахир эслолмайсанми, момом кўзларидек хира, унинг қовоғидек тундмасди осмон. Фақат —

мовий анорзорда бир парча булут...

Ахир эслолмайсанми...
Кир болакайингни ёмғир билан ювардинг чақмоқ мазасини ҳис қилсин дея.
Она,
ўшанда
Пайғамбар шамолнинг ваҳийсин тинглаб,
Дув-дув кўзёш тўккан эди дарахтлар...

II
Нечун жам бўлди руҳлар,
Анор тожи учинда?
Алвон туш кўриб ухлар,
Осмон анор ичинда.

Қаноти чақмоқ-чақмоқ,
Қушлар тўкар кўзёши.
Ситилиб кетар, жоно
Ёмғир анор ичинда.

Шовуллаган девона,
Рубобий тил, оҳанг юз,
Гулмоҳилар ўйнаган
Дарё анор ичинда.

Она, қайдаман ўзим?
Атрофим таҳ-батаҳ қон.
Қолиб кетдим сўйилган
Тўқсон малак ичинда.

Она, на одам шакл,
На дарахтга ўхшайман.
Каламушдек очофат
Бир ковакда қишлайман.
Йиртқичман!
Ғазабу ўт
Бора-бора ўлдирар...
Фақат сени ўйласам,
Қушга айлангим келар.

Осмон анор ичинда,
Ёмғир анор ичинда,
Дарё анор ичинда...
(Сену менда масофа йўқ,
Сену менда макон йўқ!)
Сен анор ичиндасан,
Боланг анор ичинда.

Ситилиб кетар жоно...

III
Шаҳар шамойилин унутдим.
На бир бино, на бир фонус,
Заҳар ютган боғларнинг суврати ўчди нигоҳимдан.
На соялар оломони бор,
На соясиз оломон.
Нигоҳимда ягона суврат қолди.
Ўзгаси йўқ.
Ягона —
соғинчдан қақраган лабларим билан ўпишга тайёр
анор узаётган қўлнинг суврати...

2024


https://t.me/shakhboz_fayzullayev
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ўлимни енгганларгина қолади.
Хайр эпоха!

Артист Турғун Азизов вафот этди.