Samimiy
43 subscribers
37 photos
10 videos
3 files
69 links
Bu kanalda kundalik voqea-hodisalarning ayrimlariga samimiy munosabat bildirib boriladi. Ba'zi mulohazalargayam joy bor.

Asosiysi, sizni hadeb bevozta qilavermaymiz. Zero sizning vaqtingiz biz uchun qadrli.
Download Telegram
Бугун мана бу канал (@uchzamon) эгаси гап орасида каналим борлигини эсга солиб қўйди. Канал ўз номи билан самимий туйғулар, фикрлар макони бўлиши кераклиги эсимдан чиқаёзганди. Мен на сиёсатчи ва на бирор бир соҳада катта мутахассисман. Шунинг учун кўнгилдан чиққан самимий фикрларни улашиб бораман холос.
Президент Каримовнинг аксарият ислоҳотлари нотўғри бўлган деган фикрдаман, лекин 9-майни хотира ва қадрлаш куни деб номлагани тўғри ишларидан бири бўлган.

Янги Ўзбекистон даврида 5-колонна деганимиз ва уларга ҳайрихоҳ ўрисқуллар ўрислар билан тақдири айро тушишини истамай байрамларниям умумий қилишга интилишмоқда. Бу Ўзбекистон учун яхши сигнал деб ҳисобламайман.

Бунданда зарур ва долзарб ишлар кўп бўлишига қарамасдан, 2 дақиқа вақтингизни аямай петицияга нисбатан ўз муносабатингизни кўрсатинг. Акс ҳолда, эртага Захарова каби расмийлар "мана Ўзбекистон халқи шуни хоҳламоқда" деб яна бир фитнани бошлаши ҳеч гап эмас.

https://petition.gov.uz/uz/petitions/view/4044
Хусусий университетларни очишда ҳукумат қанчалик иштирок этиши керак?

Охирги йилларда ҳукумат қарори билан очилиб, уларга бинолар текинга берилиб, солиқ имтиёзлари тақдим қилинаётгани қанчалик тўғри?

Шундоғам бундай униаерситетлар учун "катта бозор" бўлиб турганимизнинг ўзи етмайдими? Агар биз дунёнинг етакчи университетлари бизда ўз филиалларини очишини кўзласак, нега яна "ўзимизнинг қора кўзлар" ортида турган, хўжакўрсинга халқаро рейтингларда йилтираган университетлар билан ҳамкорлик кўз-кўз қилинган ОТМлар очиляпти?

Мана бу қарор лойиҳасику очиқдан-очиқ лоббизм маҳсули. "Ошим ҳалол, мана кўчада ичяпман" деган ёлғон таассурот ортида қонуний тарзда ерни эгалламоқчимизми? Ҳукуматни ёшартириш, янги қон олиб кириш дегани моноплистларнинг лоббистларини ҳукуматга сингдириш деганимасдир? Яхшиям мана саволлар очиқ қўйиляпти, лекин жавоб берилармикан?

https://kun.uz/35154021
human.uz Акфа университети ректори ва таъсисчисидан интервью олибди. Ундан маълум бўлишича шов-шув бўлган қарор лойиҳаси долзарблигини йўқотган. Катта эҳтимол билан бу қарор чиқмайди. Чунки таъсисчининг айтишича ер сотиб олинган (бу ҳақида ҳозирча очиқ ресурслардан маълумот тополмадим). Қарорнинг асосий жойи бериладиган ер эди. Ер сотиб олингач қарорга хожат йўқ энди. Шу сабаб қарор лойиҳаси бўйича шапалоқдек қилиб ёзган савол ва эътирозлардан воз кечамиз. Қарор лойиҳасининг муҳокама учун қўйилишида таъсисчилар масъулиятни лойиҳа муаллифлари(Соғлиқни сақлаш вазирлиги)га ағдардилар. Таъсисчилар эса вақтни йўқотмаслик учун ерни сотиб олишга қарор қилишибди. Бозор нархидаги 20 млн долларлик ердан воз кечишганига қойилман. Бу дегани ўтган йилги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан берилган коллеж уларнинг тасарруфида қоляпти. Ҳар ҳолда ёмонмас. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, худди шундай мақомдаги Ёжу университетига на ер ва на бино берилган. Уларнинг бир йиллик ўқиш тўлови Акфа университетидан анча паст. Шу ҳолдаям фойдада ишлаяпти шекилли ёки уларам ватанпарварлик қилиб зарар кўриб юрибдимикан?

Барногул "Муносабат" кўрсатувида хусусий университетларга нега бундай "поблажка"лар берилаётганига эътиборни қаратганди. Саволни аслида нега олий маълумот берувчилар учун жозибали бозор бўлганимиз ҳолда давлат бу таълим муассасаларига турли имтиёзлар таклиф этиши керак тарзида қўйишимиз керак. Бундай таълим муассасалари учун адолатли қонуний асосни яратишнинг ўзи етадику. Халқнинг мулкини, пулини, ерини бебилиска ишлатмаяптими ижро ҳокимияти? Бу энди жиддий савол, Вазирлар Маҳкамасидаги масъуллар бунга жавоб беришармикан?

Акфа университети масаласига қайтайлик. Интервьюда ўтган йили 200 та квотадан 100 таси тўла бюджет асосида 6 йил муддатга қабул қилинди дейилди. Негадир университет сайтидан бундай маълумотни тополмадим. Бу йилги ўқув йилида 100 та квота, шундан 42 та бюджет дейилди. Тўла маълумот берилмади. Видеони кўрган одам шу 42 та бюджет ҳам 100 фоизлик ва 6 йилга берилган деб ўйлайди. Аслида университет сайтига кирсангиз 2 тагина 100 фоизлик, қолгани турли фоиздаги бюджет квоталаридир (akfauniversity.org/medical-school/). Одамларни атай чалғитишми бу?

Таъсисчининг гапига қараганда мақсад эзгу, тижорий фойда мақсади йўқдек. Лекин маҳаллий талабаларга йиллик тўлов миқдори 58 млн сўм. Ўқув дастурлари ўта қимматлиги айтиб ўтилди, буям баҳсли масала. Халқаро талабалар учун бир семестрига 5 минг доллар нарх белгиланган. Янги очилган университет учун бу қиммат, лекин энди бу бизнинг ташвиш эмас. Истовчилар келиб ўқийверсин, биз фақат хурсанд бўламиз бундан.

Қарор лойиҳа муаллифи бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлигидан эса тасарруфида бўлган олий таълим муассасалари салоҳиятидан унумли фойдаланишга эътибор қаратиш, уларнинг моддий базасини яхшилашга маблағ ажратиш пайида бўлишларини сўраб қоламиз. Хусусий университет ўзи учун ўзи жон куйдираверсин. Бу университетнинг ўзммизнинг тиббиёт академияларимиз, ва ихтисослашган ОТМларимиздан фарқ қиладиган катта шохи кўринмади.

Охирги айтадиган гапим, бу қарор лойиҳаси амалга ошмаслигидан хурсандман, лекин унинг муаллифларини тегишли тартибда жазоланишлари адолатдан бўлади деб ҳисоблайман. Бундан кейин халқ ва давлат манфаатларига зид қарор ва фармонларни чиқартиришга ҳаракат қилувчи лоббистларга аёвсиз кураш олиб борилишини талаб қиламан.

https://youtu.be/4oWfQ5iZ-xc
Ассалому-алайкум! Мана салкам 1 йил бўлибди, бу телеграм каналга фикрларимни ёзмай қўйибман. Бунга дастлабки сабаб докторлик иши билан машғул бўлиб қолганим бўлса, кейинчалик умидсизлик ортидан келган ҳафсаласизлик сабаб бўлди. Инсон барибир ичидаги фикрларини ўзида тутиб туриши қийин. Олдин фейсбук саҳифаларида ёзиб турган бўлсам, кейинроқ твиттерда ўзимни эркинроқ ҳис қилиб ёздим. Охирги ойларда анча пассив бўлганим учун ўзимдан норози бўлдим. Охирги кунлардаги сиёсий қатағонлар (янги партия билан боғлиқ воқеалар) авжига чиққач танлаган позициям (умидсизлик ортидаги бефарқлик) нотўғридек туюляпти. Ўзимча ўз соҳам бўйича фаол ишлаб юрсам, ёшларга билганимни ўргатиб халқаро аренага чиқишларида ёрдам берсам бўлди деб ўйлагандим. Лекин ўйлаб қарасам, сиёсатга бефарқ бўлиш, камида ўз соҳанг доирасида олиб борилаётган ислоҳотларга тек қараб туриш кўзлаган мақсадларни амалга ошириш имкониниям бермай қўйиши ҳам мумкин экан.

Салкам 1 йиллик сукунатда ҳам каналдан чиқиб кетмаганингиз учун катта раҳмат! Буёғига фаол ёзиб тураман.
Олий ўқув юртларида ўқиш учун квота оширилиб борилиб охири бекор қилинишига қандай қарайсиз?
Anonymous Poll
30%
Сўзсиз маъқуллайман
14%
Олий маълумотли ишсизлар кўпаяди, қаршиман
2%
Бошқа сабабга кўра қаршиман
53%
Маъқуллайман, лекин таълим сифатидан хавотирдаман
Олий таълим Ўзбекистоннинг ихтиёрий фуқароси учун имкони доирасида бўлиши керак. Ҳозирда мавжуд олий таълим муассасалари бунга имкон бермаслиги аниқ. Бу тизимда нодавлат таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйилаётгани тўғри қадам. Лекин афсуски, бу жараён барча учун бир хил тартибда кетмаяпти. Қайсидир ОТМлар учун Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқиб, турли имтиёзлар берилаётгани адолатдан эмас. Барча учун тенг шароитлар берилиши керак. Бунинг учун тизимга оид мавжуд қонунларнинг устиворлигини таъминлаш етарли.

Давлат улуши бор олий таълим муассасалари учун ҳукумат махсус комиссияси томонидан квота белгиланиши вақтинчалик қадам бўлиши, пировардида бу амалиёт тугатилиши мақсадга мувофиқ. Квоталарнинг оширилиши тўғри йўналиш, лекин бу жараён жуда секин кетаяпти. ОТМларга эркинлик беришга ҳукумат ҳадиксираяпти. Бу ҳадикни тушунсаям бўлади. Юқоридаги сўровномада 52% овоз берувчилар бекорга таълим сифати тушиб кетишидан хавотир олмадилар. Ҳақиқатдан ҳам ОТМларимиз раҳбарияти квоталар ошишига етарли тайёргарлик кўрмаяпти. Бу оддий инфраструктуралар (ўқув бинолари, жиҳозлар ва ўқув лабораториялари) яратишдан тортиб, ўқитувчи-профессорлар таркибини етарлича кўпайтириш ва асосийси, сифатини оширишда тизимли ишларни йўлга қўймаётгани сир эмас. Бунинг асосий сабаби ректорларнинг янги шароитга тайёр эмаслиги дейилса ҳам тўғри бўлар, лекин вазирлик орқали марказий бошқарувга асосланган мавжуд тизим ҳам катта рол ўйнаяпти. Муаммога ечим сифатида қандай ислоҳотларни таклиф қила оламан? Таклифларимни қисқача баён этай.

1) ОТМларга раҳбар тайёрлашни Вазирлар Маҳкамаси, Президент девони даражасида ҳал қилиш амалиётидан воз кечиб, ОТМ жамоаси ролини ошириш. ОТМ раҳбарияти фаолиятини шаффофлаштириш, мунтазам тарзда раҳбарият ҳисоботларини жамоага тақдим қилиш амалиётини йўлга қўйиш. Шу билан бирга ОТМ раҳбарларига ўз муассасаси доирасида қарорлар қабул қилиш эркинлигини тўла таъминлаш керак.

2) ОТМларга қабул квотасини ОТМларнинг ўзи ҳал қилишига имкон бериш. Яъни ўз имкониятларидан келиб чиқиб сифатли таълим беришни таъминлай оладиган даражада қабул квотасини белгилашларини йўлга қўйиш зарур бўлади. Шу билан бирга тайёрлов курсларини (Foundation) самарали йўлга қўйиш керак. Бу тизим ОТМларимизда тўла тарзда кредит тизими йўлга қўйилишини тақазо қилади. Қисқа айтганда, кредит тизимида ҳар семестрда университет курсларининг барчаси бериб борилиши, талабалар ўз имкониятидан келиб чиқиб курсларни танлаб ўқиш имконини беради. Тайёрлов курсига қабул қилинган талабалар керакли курсларни олиб имтихонни топшира олишса автоматик тарзда университет курсларини олишни бошлашлари мумкин бўлиши назарда тутилади.

3) Қабул имтихонларини ОТМлар ихтиёрига беришга ҳали эрта деб ўйлайман. ДТМ фаолияти давом этиши керак. Бу йўналишда ҳозир тўғри ислоҳотлар кетяпти. Қабулдаги барча имтиёзлардан воз кечиш тарафдориман. Ҳудудларда кадрлар етмаслик муаммосини ҳал этиш учун ажратиладиган мақсадли квоталарни бекор қилиб, ўша ҳудудларга кадрларни жалб қилишнинг бошқа жозибали усулларидан фойдаланиш керак бўлади. Тиббиёт соҳасида кўтарма пуллар бериш, ойлик маошни кўпроқ бериш чоралари иш бермаганлиги яқинда таъкидлаб ўтилди. Демак, бошқачароқ механизмларни ўйлаб топиш керак.

4) Пировард мақсад ОТМларга кириш осон, битириш қийин бўлишига эришиш. Яъни талаба етарли билимга эга бўлмай туриб ОТМни битира олмаслиги керак. Бу эса ОТМларда коррупцион ҳатти-ҳаракатлар янада ошиш эҳтимолини оширади. Бунинг учун эса ОТМларнинг профессор-ўқитувчиларини коррупциядан тийиб турувчи механизмни жаҳон амалиётидан олиб мослаштириш керак бўлади. Бундай амалиётни эса айнан кредит тизимига тўла ўтгандагина самарали татбиқ этса бўлади.
5) Олий маълумотли кадрларнинг кўпайиши ишсизлик муаммосини келтириб чиқаради деган қўрқувдан воз кечиш керак. Чунки кадрларнинг кўпайиши рақобат муҳитига ижобий таъсир этади. Қолаверса, мутахассисларимиз халқаро миқёсга иш излаб чиқиб, халқаро стандартларга мослашишга мажбур бўлишади. Бу эса ўзининг ижобий таъсирини тез муддатда билдиради. Иш ўрни бозорида коррупция юзага келиши мумкин деганларга жавоб эса, айнан рақобат муҳити жараённи шаффофлаштириш ва коррупциянинг олдини олишда халқнинг иштирокини кучайтиради деб жавоб бераман. Ҳукумат эса қонун устиворлигини таъминласа бўлди.

Кўриб турганингиздек, ҳар қандай ислоҳотда қонун устиворлиги энг катта рол ўйнайди. Ҳукуматнинг асосий вазифаси шу бўлиши шарт. Бу эса ҳокимият турлари (қонун чиқарувчи, ижро, суд ва ОАВ) чин маънода ўз вазифасини бажариши, яъни бир-бирини тийиб туришини тақазо қилади.

Ҳозирча шу. Баъзи бир ёндош масалаларни навбатма-навбат ёритиб боришга ҳаракат қиламан.
Гап асосан ОТМларимиздаги “дресс код” ҳақида бўлса ҳам, ҳаволаси берилган мақолада ОТМларимизни тарбия ўчоғига айлантиришга қарши хитоб бор. Ҳукумат олий таълим билан бирга тарбияниям беришни, тўғрироғи, талаба ёшларни назорат қилиш хоҳишидан воз кечмаяпти. ОТМ раҳбарияти айнан шунақа сабаблар билан ишдан олинаётгани эса ачинарли ҳолат. Афсуски, таълим сифати ҳали ҳам охирги ўриндаги масалалардан бўлиб турибди. Боз устига рейтингбозлик дард устига чипқон бўлди.

Менинг қатъий позициям шуки, ОТМлар тарбия эмас, таълим бериши керак.

https://www.xabar.uz/.../talabalarning-hiqqildogiga...
Ҳавола ҳозирча 404 хатолик кўрсатяпти. Умид қиламанки, бу вақтинчалик техник хато. Сайт ходимларига мурожаат қилдим, тез орада тузатишади деган умиддаман.
Талабаларнинг ҳиқилдоғига келган ички қоидалар ҳақида

Келинг, яна мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари ҳақида фикрлашамиз. Хусусан, кўпчилик талабаларнинг ҳиқилдоғига келган ички қоидаларга тўхталамиз.

Дресс-код. Қоғозга ўраб «кийиниш маданияти» деб аталадиган бу қоида энг муҳим талаблар қаторига кириб қолишининг боиси нимада?
А) Талабалар ўртасида визуал жиҳатдан табақаланишнинг олдини олишми?

Б) Ўзбекчиликка тўғри келмайдиган турли-туман кийим-кечаклар кийганларнинг кўзга тикондек қадалишини олдини олишми?

В) Балки «ибодат кийимлари»ни кийиб, диндорликни «тарғиб» қилишнинг олдини олишдир?

Г) ОЎЮлари раҳбарларининг турли идоралардан бўлаётган талаб (босим)ларга жавобан амалга ошираётган ҳаракатлар натижасими?

Юқорида айтилган сабабларнинг ҳаммаси ҳам бўлиши мумкин. Бу чеклов қандай натижа беряпти деб ўйлайсиз? Ташқаридан қараганда, олийгоҳлардаги талабалар бир хил кийингандай. Бу ҳолат эстетик жиҳатдан кишига завқ беради, деб айтолмайман. Табақаланишнинг олди олиняптими? Йигитлар учун оқ кўйлак ва қора шим, тақиладиган галстукнинг арзон, қиммати ташқи жиҳатдан фарқ қилмайди, деб ўйласангиз адашасиз. Барибир ким ўзига тўқ. Ким сал берироқ даромадга эга дарров пайқайсиз. Демак бир сабабни бекор қилсак бўлади.

Ўзбекчиликка тўғри келмайди, деб атайдиганимиз кийимлар деярли кўзга ташланмайдими? Ҳарорат иссиқ пайтларда «қоида»га тўғри келмайдиган тарзда кийинганларга кўп дуч келасиз. Ўзи нега биз ҳаммани ўзбекона кийинишга мажбурлашимиз керак? Ҳар ким ўзига қулай бўлган кийим билан юриши «маънавиятимиз»ни бузиб юборадиган бўлса, жуда нозик эканда маънавий оламимиз ҳам. Олийгоҳларимизда вояга етганлар таълим олишини ҳисобга олсак, бундай эзгу мақсад билан бунақа чеклов қўйиш юмшоқ қилиб айтганда, ўринли эмаслигини англаб турибмиз.

Кейинги сабаб ҳам охирги пайтда аҳамият касб этиб қолди. Негадир одамларнинг диндорлашувидан жуда қўрқадигандекмиз. Айниқса, бу ташқи кўринишда намоён бўлса, ички қўрқувимиз янада кучаяди. «Дресс код» деганлари бундай диндорлашувнинг визуал кўрсаткичини бартараф қиладиган туюляпти.

Энди охирги сабабга келсак, ана шунинг фоиз миқдори биз «алқаётган» дресс код жорий этилишида кўпроқ ўрин тутади, назаримда. Қайси босқичда бўлишидан қатъи назар таълим билан бирга тарбия олиб борилиши керак деган тушунча (мафкура десак муболаға бўлмас) баҳонасида таълим муассасалари раҳбар-ходимларига босим ўтказадиган идоралар кўп. Жиноятчиликнинг олдини олишдек улуғвор ва масъулиятли вазифаларни юклаб қўйишади. Барака топгур, бу ўқитувчиларнинг иши эмас. Бунинг учун ички ишлар, прокуратура, хавфсизлик хизмати деган ташкилотлар бор. Ўқитувчилардан кўра кўпроқ маош оладиган, ижтимоий жиҳатдан яхши ҳимояланган, контингенти бўйича ҳам ўқитувчилардан кам бўлмаган катта бир «армия» ишига нега ўқитувчилар ҳам масъул бўлиши тушунарсиз. Айниқса, вояга етиб бўлганларга таълим берадиган олий ўқув юртларимизга бундайин ортиқча «юклар»ни оқлайдиганларни тушунмайман, тушунишни ҳам истамайман.

Тақдир тақозоси билан жиноят содир этиб қўйган талаба ортидан у таълим оладиган ўқув юртига қанча-қанча муаммолар келишини билсангиз керак. Биринчи ўринда, талабанинг куратори, у ўқийдиган факультет декани, ўқув юртининг маънавият ишларига масъул шахслари кам деганда ҳайфсан олади ёки ишдан ҳам ҳайдалиш эҳтимоли бор. Шунақа босимлардан қутулиш учун раҳбарият нима қилади? Ҳамма соҳада қўл келаётган чекловлар жорий қилишга тушади. Конституцион ҳуқуқлар бузилишини билади, лекин буни турлича хаспўшлашга ҳаракат қилади. Талабаларни назоратда ушламаса, олий ўқув юртида хаос келиб чиқадигандек туюлади.

Хуллас, ОЎЮларимизда дресс кодни бекор қила оламизми? Тўғрироғи, ОЎЮларининг ўзи буни бекор қила оладими? Албатта, қила олади. Бунинг учун уларга бўладиган босимни йўқотиш керак, раҳбарлик лавозимларига янгича фикрлайдиганларни қўйиш керак.

Ички тартиб-қоидалар. Юқорида таҳлил қилганимиз дресс коддан ташқари бир қанча қоидалар ҳам борки, булар ОЎЮ ичида амал қилади. Кўпроқ талабалар турар жойларида жорий этилиши кўп кўзга ташланади.
Бу борада қандай эътироз бўлиши мумкин. Ётоқхона ўзиники, қоидаларни ҳам ўзи белгилайди. Чидаса яшасин, бўлмаса ижарада яшаб ўқийверсин, деганларга жўяли жавоб қайтара оламизми? Чекловлар асосланмаган ҳолларда бемалол эътироз билдирсак бўлади. Масалан, яқинда рўй берган ҳолат бўйича гаплашсак. «Тролл.уз» телеграм канали админстратори билан ТАТУ талабалари ўртасидаги можаро туфайли Умид Гафуров ТАТУ ректори билан суҳбат қурди. Бу суҳбатдан лавҳа унинг телеграм каналида эълон қилинди. Суҳбатдан маълум бўладики, ТАТУ талабалар ётоқхонасида талабаларнинг шахсий компьютерларидан фойдаланмаслиги ҳақидаги чекловлар уларнинг турли бемаъни сайтларга кириб, вақтини беҳуда ўтказишларининг олдини олиш учун жорий этилибди. ТАТУ талабалари дастурлаш ишларини ўз компьютерида қилиш имкониятларидан, камида ётоқхонада яшовчилар мосуво бўлар экан. Муқобил сифатида ётоқхоналарда ўрнатилган компьютерлар айтиляпти. Бу реал шароитни билганлар учун ечимдай кўринмайди. Энг камида шу ОЎЮда бундай чеклов қўйилишининг ўзи жуда кулгили.

Мулоҳазаларимни якунлар эканман, юқоридаги масалаларда ўз фикримни лўнда қилиб ёзиб қўйгим келди.

Дресс код олий ўқув юртлари учун керак эмас. Бунга амал қилинмади, деб бериладиган ҳар қандай жазо қонундан ташқарида деб ҳисоблайман. Бунинг ўрнига эътиборни таълим бериш сифатига қаратган маъқул. Пул тўлаб ўқиётган талабани бевосита билим олишига ҳалал бермай виждонан таълим берайлик. Тарбияни ота-онасидан, жамиятдан олаверсин. Ҳар ҳолда улар вояга етган шахслар.

Ётоқхонадаги ички тартиб-қоидалар бўлишига қарши эмасман, лекин мантиқдан чиқиб кетмайлик. Талаба имкони йўқлигидангина ётоқхонада туришини унутмайлик. Имкон қадар унинг эркинлигини бўғмаганимиз маъқул.

Олий ўқув юртларимиздан тарбия масъулиятини батамом олиб ташлаш тарафдориман. Маънавият бўйича проректор, декан ўринбосари ва шунга ўхшаш лавозимлар кераксиз деган фикрдаман. Талабаларни эффектив билим олиши учун уларни адабиёт, санъат ва шунга ўхшаш тадбирлар билан банд қилмоқчи бўлсак, булар ихтиёрий бўлсин.

Ҳар қандай идора, у қайси турдаги ҳокимиятга қарашли бўлмасин, маънавиятни юксалтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш каби эзгу мақсадлар билан бўлса ҳамки, ОЎЮларига босим ўтказа олмасин. Хуллас, ҳамма ўз ишини қилсин.

P.S. Мулоҳазаларимни тугалламоқчи бўлган пайтим телеграм орқали ОЎЮ кафедра мудирларига турли ишчи комиссиялар дарсга кеч келиш, давомат ва кийиниш маданияти бўйича текширувлар бошлаши ҳақида телефонограмма келганлиги ҳақидаги хабар келди. Ҳамма яна бутун эътиборини ана шу масалаларга қаратади энди. Дарс эса бир гап бўлар, асосийси, қоғозлар жойида бўлиши керак. Қоғозбозлик ҳақида кейинги сафар тўхталармиз.
Ассалому-алайкум!
Ўрта умумий таълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларининг давомати айниқса қишлоқ мактабларида ачинарли ҳолатда. Аксарият ота-оналар фарзандларини тирикчиликка жалб қилган. Кимлардир ҳатто Россияга ишлагани жўнатиб юборган. Ўзбекистондагилари ҳам мактабни буткул йиғиштириб қўйиб пул топиш билан овора. Юқори раҳбарият эса мактаблардан давоматни қатъий таъминлашни мунтазам талаб қилиб келади. Қонунга кўра 11 йиллик таълим мажбурий, бунга амал қилмаслик эса жазоланади. Лекин бу жазо самарали бўлмаганидан ота-оналар бунга эътиборсиз бўлишда давом этишяпти. Ҳукумат бунга ечим сифатида касб-ҳунар мактабларини таклиф қиляпти. У ерда ўқувчилар ҳунар ўрганиш билан биргаликда ишлаб пул топиш имкониятига ҳам эга бўладилар деган мақсад кўзланган. Лекин яқин ўтмишда касб-ҳунар коллежларидаги аҳвол қандай бўлганлигини яхши биламиз.

Шу муносабат билан мажбурий таълимни 9 йилга туширишга қандай қарайсиз?

Ҳар эҳтимолга қарши эътиборингизга қуйидаги маълумотларни тақдим этиб қўяй:

1) 9-синфни битирган ўқувчи 16 ёшда бўлади ва фуқаролик паспортига эга, лекин қонунчилик бўйича ҳануз вояга етмаган шахс ҳисобланади. Меҳнат қонунчилиги бўйича тўлақонли ишчи сифатида ишлаши мумкин эмас.

2) Европа мамлакатларининг аксариятида мажбурий таълим 12 йиллик.
Мамлакатимизда мажбурий таълимни 9 йилга туширишга қандай қарайсиз?
Anonymous Poll
36%
Яхши бўлади
48%
Нотўғри қарор бўлади
16%
Менга фарқи йўқ
Олий таълим муассасаларимиз талабага шунчалик меҳрибонки …
Мактаблардаги давоматга оид
Maktablarda davomat qanday?

Maktablarda “onlayn” niqobi ostida uzluksiz dars qoldirib kelayotgan o‘quvchilar bor. Chunki shu maktab rahbariyatiga mansab kerak. Agar o‘quvchilarining falon foizi OTMga kira olmasa, rahbarlar ishdan ketishiga to‘g‘ri keladi. Davomati yaxshi o‘quvchi bir kun dars qoldirsa, tamom. Kaltak sinf rahbarlari boshida sinadi. Birini qo‘y, qayerga bo‘lsa borib o‘qisin, tayyorlansin, deb yo‘lini ochib, boshqasini mahkam siquvga olishimiz adolatdanmi? Ota-ona rahbariyat bilan kelishib olgan, o‘quvchilar sinf rahbariga haqli savol beri­shadi. Nega? O‘qituvchi obro‘si haqida og‘iz to‘ldirib gapirishdan ko‘ra, amalda bajarish, bir-birini qo‘llab-quvvatlash, ota-onalar va o‘quvchilar oldida ikkiyuzlamachilik holatlariga barham berish payti kelmadimi?
©️Hayotjon IBROHIMOV

"Ma'rifat"
ga ulanish: 👉 @marifatziyo
Яқин кунларда кун.уз да таълимга оид фикрларни жамлаб мақола чоп этиш режада бор. Мажбурий таълимнинг давомийлигидан тортиб, педагогика соҳасида илмий тадқиқотларгача таҳлил қилиб чиқмоқчиман.
Ассалому-алайкум. 1 йилдан ортиқ муддат ишламаган каналга содиқ турганларинг учун аввало сизларга раҳмат айтиб қўяй. "Анзират, сени раис ҳурмат қиларакан" дейилган вазиятдагидек ўзимни ҳис қиляпман. Оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилганимда асосан таълим, илм-фан ҳақида гапирдим, ёздим. Шу соҳада ўзимни сал эркинроқ ҳис қиламан, лекин ҳар сафар жоним оғриб ёзади. Соҳадаги нотўғри ислоҳотлар бутун бир авлодларни йўқотишга сабаб бўлиши мумкинлиги сабаб ҳам чуқур ўйлаб, кенгашиб иш қилиш керак деб келаман. Орада бир йил ОАВларда чиқиш қилмадим ҳисоб. Компромисс йўл қидирдим. Масъулларни тушунишга ҳаракат қилдим. Лекин юқори бошқарувда бемалол суҳбатлашадиганларим йўқлиги учун "у томон"ни тўла тушунишимга имкон бўлмаяпти.

Қарор лойиҳалари платформасида фаол бўлишга етарли мотивация тополмадим. Лекин бу платформада фаол бўлиш керак экан. Мен сизларни "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарор лойиҳаси" (ID-61845) га муносабат билдиришда фаолликка чақириб қоламан. Ўзим ҳам эплаганимча фикр берарман. Лекин юқорида айтганимдек, асосан таълим ва илм-фан тўғрисида ёзаман.