Alisher Рўзиохунов
1.98K subscribers
1.23K photos
220 videos
6 files
901 links
Журналист. Aksent бошловчиси, bugun.uz, abc, KyivPost, gazeta.uz ва Kun.uz мухбири.

Постлар шахсий.

🇷🇺 🇬🇪 🇰🇿 🇰🇬 🇹🇷 🇹🇯 🇦🇲 🇩🇪 🇧🇪 🇪🇺 🇨🇿 🇨🇭 🇺🇿 🇺🇸 🇰🇪 🇺🇦 👉 Saudi Arabia

Алоҳида кабинетда суҳбат учун @aruziohunov
Download Telegram
Референдум сиёсатда демократиянинг асосий устунларидан бири сифатида талқин этилади. Аммо референдум доим ҳам демократияни ифода этмайди.

Масалан, 1991 йили март ойида ўтказилган кенг қамровли референдумда Ўзбекистон ССР респондентларининг 95 фоизи СССРни сақлаб қолиш учун овоз берган. Аммо шу йили Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган. Демак, референдум халқ истагини доим ифода этмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, референдум натижаси мажоритаризмга боғлиқ. Яъни кўпчилик нима деса, шу бўлади қабилида иш тутилади. Аммо ўша кўпчиликнинг қаерда яшаши инобатга олинмайди. Бундан фарқли ўлароқ, сиёсий партия тузмоқчи бўлсангиз, ҳудудий кесимлар бўйича пропорционал қўллаб-қувватланишга эга бўлишингиз керак. Масалан, фақат водий вилоятлари, Самарқанд-Жиззах ё Хоразм ва Қорқалпоғистон аҳолиси қўллаши билан партия тузилмайди. Референдумда эса бу муҳим эмас.

Охирги марта ҳам референдум айнан қомусий ислоҳот ва президентлик лавозими муддатини узайтиришга боғлиқ эди.
Кечиккан пост

Айни пайтда ишдан бўшаган Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов давлат қарзини назорат қилиш, қарз жалб этишдаги кам сонли мутахассислардан эди. У давлатнинг илк евробондларини чиқаришда ҳам бош-қош бўлди. Бу ички сиёсат учун кўп нарсани англатган. Масалан, евробонд нархининг ўйнаши бевосита ислоҳотлар натижаси, сиёсий масалаларда позиция ва очиқликка боғлиқ.

Шунга қарамай, у қарзни ички бозордан шакллантиришга бир мунча қарши бўлди. Негаки, ички бозорда инструмент ва муносабат яхши ривожланмаганди. Тўғри, жалб этилган ташқи қарзни ҳам мақсадли фойдаланиши устидан назорат тўла бўлмади, соҳаларда коррупция урчиган. Шунга қарамай, очиқ бюджет ва Молия вазирлиги очиқлиги билан халқ кўп нарсани англаб бораётганди. Эркинлик ва кафолатлардан бир қадам чекиниш кузатилса, евробонд нарзида ўз аксини топаётганди.

Одилбек Исоқов ишдан бўшатилиши орқали яп-янги Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатидаги ўзгаришларни қисман тушуна оласиз.
Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатига баҳо бериб, айрим маслаҳатларни илгари сурган. Улар орасида баччавозликни жиноят сирасига киритмаслик мавжуд.

2023 йил март ойи ҳолатига кўра, дунёнинг 34та давлатида бир жинсли ёхуд гейлар никоҳига рухсат берилган. Бошқа 67та мамлакатда баччавозлик жиноят ҳисобланади, шулардан камида 6таси ушбу жиноятга ўлим жазосини беради. Бошқа давлатларда баччавозлик жиноят эмас, аммо никоҳга рухсат ҳам йўқ.

Фолькер Тюрк истаётган эса, Ўзбекистонда ҳам никоҳга рухсат бермаган тақдирда ҳам, баччавозликни жиноят санамасин.

Ўқувчиларимга тавсия этаман: Овертон туйнуги термини билан танишиб чиқинг. Ўзбекистонда нима қилишмоқчи эканини англайсиз.
Эртакдаги чол яна тешик тоғора билан қолсин, кейин пост ёзамиз.
Ҳаётимда қилинган энг тўғри қарорлардан бири чет тилларни эртароқ бошлаганим. Андижонда Тараққиёт ўқув марказида хорижий тилларни ўрганиш учун тенгқурларим билан турли клубларда фаол бўлардик. Масалан, дебат, кино томошалар, китобхонлар, спеллинг ва грамматика клублари шулар қаторида.

Айни пайтда бошқа дўстларимизда бундан ҳам кенг имконият бор. Ютубда Ибрат фарзандлари лойиҳаси орқали БЕПУЛ бир нечта хорижий тилларни ўрганиш мумкин.

Ўша видеоларда таълим бераётган мутахассислар эса шу кунларда Самарқандда Чет тиллар марафонини ўтказмоқда. Тадбир 10:00да Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бошланади.

Хуллас, холис тавсия: тил ўрганаверинглар. Кам бўлса ҳам, доимий шуғулланиб боринг. Кам бўлмайсиз.
Forwarded from Банкир
Уйлар нега қимматлаяпти?

Марказий банк яқинда Тошкент кўчмас мулк бозорида нарх пуфаги юзага келаётгани ҳақда огоҳлантирган эди.

Унга кўра, 2022 йил охирига келиб Тошкентда уйларни фундаментлар нархи ва бозор нархи ўртасидаги фарқ 210 млн сўмга етган.

Яъни ўтган йилнинг охирида пойтахтдаги уйларнинг бозордаги нархи ҳақиқий нархдан 210 млн сўмга қимматроқ бўлган. Нархлар 2023 йилда ҳам юқори.

Уйлар қимматлаётганини оддий талаб ва таклиф қонуни билан тушунтирса бўлади. Масалан пандемия пайтида Тошкентда уйларнинг бозор нархи асл қийматидан ҳам пасайиб кетганди. Одамлар уйда қолди ва янги уй-жой сотиб олишга талаб камайди.

2022 йилда уруш сабаб Ўзбекистонга Россиядан кўплаб релокантлар кўчиб келди. Қўшимчасига хорижликлар учун уй сотиб олиш 2022 йил 1 майдан осонлаштирилди.

Шу ерда пандемиядан кейинги маҳаллий аҳоли ва янги келган россияликларнинг уй сотиб олишга бўлган талаби бирлашди ва талаб кескин кўпайди.

Тошкентдаги кўплаб қурилишларга қарамай, юзага келган талаб ўз вақтида таклиф билан қондирилмади.

Бунинг устига ўзбекистонликлар кўпроқ ипотека кредити ола бошлади. 2022 йил давомида банклар аҳолига 2021 йилга нисбатан 47 фоиз кўпроқ ипотека кредити берди.

Вазият шу даражага етиб келдики, уйларга бўлган талаб пасайса, бунинг ортидан нархлар ҳам тушса, кредит портфелида ипотека кредитлари улуши кўпроқ бўлган банклар банкрот бўлиши мумкин.

Бунда уйларнинг нархи тушиб кетади ва нарх юқори бўлганда ипотека кредити олганлар уларни қайтаришдан манфаатдор бўлмайди.

Ҳозирча нарх тушгани йўқ. Аксинча, нарх пуфаги янада катталашаётганга ўхшайди.

@bankir
Ассалому алайкум, ҳурматли ўқувчилар ва кузатувчилар!

Кўпдан бери гаплашмай қўйдик, сабаблари кўп. Аввало, иш билан бандман, қолаверса, бу йил икки катта сиёсий ўзгариш, бундан кейин бир қатор сиёсий элита ўртасидаги кучларнинг қайта тақсимланишига гувоҳ бўлдик.

Куз бошланди. Таътил бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари иш, ўқишга қайтди. Куз-қишга тайёргарлик авж олмоқда. Давлатимиз сиёсатида бурилиш нуқтасини яратадиган воқеликлар бизни кутмоқда (бу ҳақда кейинроқ ёзаман).

Муҳокама этадиган, ўртоқлашадиган масала жуда кўп. Аввал сиз бошланг, ишларингиз қалай, режалар қандай?
Ўтган йили сентябрь ойида Жамшид Қўчқоров (амалдаги Иқтисодиёт ва молия вазири) ва Сардор Умрзоқов (амалдаги президент маслаҳатчиси) ўртасида зиддият пайдо бўлгани, бу айниқса банк ресурсларини ошириш ва кредитлашда яққол намоён бўлаётганини ёзгандим.

Бир йил ичида кимнинг қўли баланд келгани бошқаларга сир эмас. Жамшид Қўчқоровнинг ўзи Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисақартириш вазирлигидан кетди. Командаси эса деярли тарқатилаёзди. Масалан, молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг ишдан кетиши ҳам шунга алоқадор эди. Бу орада Президент ҳузурида Стартегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди ва унга Молия вазирлиги ваколатида айрим вазифалар берилди, шунга қўшиб давлат объектларини бошқариш ҳам.

Сардор Умурзоқовнинг Админстрация раҳбарлигидан кетиши билан, Жамшид Қўчқоров Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтди, Одилбек Исоқов эса унга маслаҳатчи этиб тайинланди. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бошқарувига берилган объектлар ҳам вазирликка қайтарилди. Иқтисодий блок тизгини яна Қўчқоровда. Бу жамиятда нимани ўзгартирди, дейишингиз мумкин.

Қўчқоров командаси Минэкономда қилган ишлари ичида, масалан, ҳоким ёрдамчилари самарали институт сифатида яхши эффект беряпти. Қуйи тизимда кўп нарса ўзгарди. Минфин ташаббуси билан ташкил этилган ОпенБюджет эса бюджет ишини асталик билан халққа ўтказиб бермоқда. Ишонаманки, қачондир бизда ҳам туман бюджетини маҳаллий ҳокимият ўзи мустақил бошқаради ва халқ шу бошқарувчиларни сайлайди. Қўчқоровнинг қайтиши ўша ислоҳотлар давом этишига ишора қилади.
Олий Мажлисда бугун қизиқарли қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Аввало, ушбу қонун лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини аниқлай олмадим. Масалан, жамоатчилик муҳокамаси портали тарихида топилмади.

Қонун лойиҳасини таклиф этган ИИВ вазири ўринбосари Яхёжон Абдулҳақовга кўра, никоҳни расман белгиланмаслиги туфайли, оталикни белгилаш, алимент ва мерос масалаларида ҳуқуқий низони келтириб чиқаряпти.

"Оқибатда фуқароларда, айниқса, аёлларда давлатнинг ҳуқуқий сиёсатига нисбатан бўлган ишонч йўқолмоқда", — деган у.

Таъкидланишича, 2022 йилда 18 минг 955та ҳолатда туғилган чақалоқ ёлғиз она аризаси асосида қайд этилган. 2021 йилда 19 минг 37та, 2020 йилда 16 минг 564та шундай ҳолат кузатилган. Вазир ўринбосари бу рақамнинг кўпайишини кўпхотинлик билан изоҳлади.

Бундан ташқари, кўпхотинликни тарғиб қилиш, рағбатлантириш, никоҳ ўқиш (диний соҳа вакиллари учун), реклама ё маркетингдан кўпхотинлик масаласига урғу беришга ҳам жазо таклиф этиляпти.

Яна бир илгари сурилаётган таклиф: Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунда жамоат жойларида ибодат либосида юришни тақиқловчи норма чиқариб ташлангани туфайли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан ҳам 184(1) моддани чиқариб ташлаш. Аммо, лекин, бироқ...

Фуқаролар жамоат жойларда шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган (таниб олиш) кийимбошда юргани учун маъмурий жавобгарлик назарда тутувчи жазо таклиф этилмоқда. Бу юзини қисман ё тўлиқ тўсиш ҳолатларини ичига қамраб олади.

Фуқароларнинг миллий, этник, диний, ирқий мансублигига қараб, товарлар реализация қилишдан, ишларни бажариш ё хизмат кўрсатишдан бош тортгани учун маъмурий жавобгарлик назарда тутувчи янги жазо таклиф этиляпти.
Энди қонун лойиҳаси муҳокамаси халқ вакиллари уйида қандай ўтгани ҳақида

Депутат Жаҳонгир Шириновга кўра, қонун лойиҳаси фракцияларда қизғин муҳокам қилинган ва барчасида маъқулланган. Шу туфайли, қонун лойиҳасини, ҳар эҳтимолга қарши, иккинчи ўқишда ҳам қабул қилиш учун лойиҳаси депутатларга тақдим этилган.

Биринчи ўқишда бу қонун лойиҳаси қабул қилинди ва фақат бир нафар депутат қарши овоз берди. Яна бир нафари бетараф қолди. 5 нафар депутат иштирок этмаган.

"Қонун лойиҳаси долзарблигини инобатга олиб, (фракцияларда) бир қатор келиб чиққан саволларни қўмитада мутахассислар билан муҳокама қилиб, уни анча такомиллаштирилган вариантини тарқатганмиз. Депутатларимиз розилик билдиришса, иккинчи ўқишда ҳам қабул қилайлик", — деди Ширинов.

Фракция раҳбарлари Зуҳра Иброҳимова, Актам Ҳаитов, Алишер Қодиров, Улуғбек Иноятовлар қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилишга эътироз йўқлигини айтишди. Мажлисда ўтирган Экология партия вакили ҳам қўллаб-қувватлади.

"Бир вақтлар кодексга ибодат либосида ҳақидаги нормани киритгандик. Мана, ишламади шу", — деди спикер. У турли кафолат ва эркинликлар ҳақида гапириб, хавфсизликни таъминлаш ва буни таъминловчи органлар ёрдам ҳақида ҳам гапирди.

Депутат Шириновнинг таъкидича, фуқароларнинг жамоат жойида шахсини аниқлаш имкони бўлмайдиган даражада юзини тўсиши ҳолатида тиббий кўрсатма, меҳнат ёки хизмат фаолияти фаолияти билан боғлиқ ҳолат ёхуд йўл транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган бош кийим, спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан ва бошқа қонунчиликда кўрсатилган ҳолда юзини тўсиш истисно қилинади.

Депутат Дониёр Ғаниев саволи: Шахсни идентификация қилиш деганда айнан нимани тушуниш керак, уни етарлича аниқлаш деганичи?

Депутат Жаҳонгир Ширинов: Тўғри, идентификациялаш (аниқлаш, таниб олиш)га ҳуқуқий таъриф йўқ. Юзни қай даражада аниқлаш бўйича инструкция ё тартиб ҳам йўқ.

Спикер: Бу ерда юзни аниқлаш ҳақида гап кетяпти, қанақадир шикоят бўлса, суд бор. Кўриб чиқилади.

Дониёр ака, маладес! Анча-мунча депутат бера олмаган саволни ўртага ташлаганди. Ва у ҳуқуқий жиҳатдан жуда ҳам тўғри ёндашди.

Иккинчи ва учинчи ўқишда зудлик билан қабул қилинган лойиҳа Сенатга юборилди. Охиригача ҳам битта депутат қарши овоз бераверди.
Forwarded from Ilyos Safarov
Musibatimiz deputatlar ma'qullab berayotgan qonunlarda emas. Shu tartiblarni jamiyat bo'lib gaplashish va to'g'ri yo'lni muhokamalarda topish imkoniyatiga ega emasligimizda.

@haqiqatdaIlyos
Таълим соҳаси эксперти К.Жалилов ёзган мақола. Ҳамма гап ёзилган ва қўшимчага ҳожат йўқ.

https://telegra.ph/Yana-darsliklar-masalasida-09-07
Нон нархи кескин кўтариляпти. Мутасаддилар эса 20 кунларда ҳаммаси жойига тушади, деб муносабат билдирган.

Ўзбекистон томони ун нархи ошишига Қозоғистон ички бозорида нархлар кўтарилганини сабаб қилиб келтирмоқда. Ҳақиқатан, Қозоғистон ички бозорида нарх ошган ва бу ғалла ўрими бошланаётгани билан изоҳланади. Яъни ўримга қадар омборларда қолган буғдой сотувда камайган.

Бундан россиялик трейдерлар ҳам фойдаланиб, вақтинчалик имкониятлар дарчасида нархларни оширди.

Аммо Чикаго биржа бозорида келгуси йил учун ғалла шартномасининг нархи анча пасайиб кетган. Агар биржада кутилмаган ўзгариш бўлмаса, 2024 йил ўрталарида глобал ун нархи тарихий минимумларда сотилади.

Россия-Украина дунёда етакчи ғалла етиштирувчи давлатлар бўлиб, уларнинг ҳарбий ҳолатда экани буғдой ҳосилига салбий таъсир қилиши, глобал тақчиллик келтириб чиқариши башорат қилиганди. Аммо ўтган икки йилда бундай бўлмади. Шунга қарамай, Қозоғистонда ўрим бошланиб, ҳосил кутилгандай бўлмаса, нархлар ортига қайтмайди. Ҳаммаси Қозоғистон, Австралия ва Хитой, Ҳиндистондаги ҳолатга боғлиқ.
Монополиянинг олдида танлов ҳам битта бўлади! Карл, ҳеч бўлмаса "менда бошқа Шева бор" деган вариант қўй...
Чустдаги болалар масаласи

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли кўрсатма хатида таъкидланишича, мавжуд вазият "Антиструмин" (йод) дориси истеъмоли туфайли юзага келган, дея гумонланмоқда. Шунингдек, дори истеъмолини вақтинча тўхтатиб туриш талаби ижрога қаратилган.

Ўзи бу дорини нега тарқатиляпти? Президентнинг тегишли қарори билан (5198) 3-15 ёшгача бўлган болаларга йод препаратини бепул тарқатиш ташаббуси қўллаб-қувватланган. Шунга биноан, 2023 йилда республика бюджетидан 15,3 миллиард сўм ажратилган.

Куни кеча Мактабгача таълим ва мактаб вазирлиги ҳафтанинг чоршанба кунини болаларга йодь тарқатиш куни сифатида эълон қилганди. Албатта, хайрли ишлар ва мақсадлар тўғри бўлган.

Менимча, муаммо шундаки, 15,3 миллиард сўм дардида бўлган "тадбиркор" ва "масъуллар" хайрли мақсадни ҳам йўққа чиқарди. Ҳуқуқ-тартибот органлари бунинг тагига етиши ва жавобгарларга жазо муққарар экани эслатиш керак. Президент ҳам бу ҳолатда қайғуда эканини билдирганига қараганда, қўл остидаги масъуллардан кимдир панд берган ва албатта жазоланиши керак.
Ҳокимиятлар бўлиниши ҳақида

Азалдан ҳокимият тизими учга бўлинган ва бу ўзаро тийиб туриш тамойили асосида самарали бошқарувни ташкил этишдаги ҳозирча идеал форма. Ҳокимият уч бўғини: (1) Қонун чиқарувчи, (2) Ижро этувчи ва (3) Суд.

Ҳукумат даражасида бироз бу шаклланган ва ишлаб турибди. Аммо қуйи ҳокимиятларда вилоят ва туман ҳокимлари (ўша иккинчи ижро ҳокимияти раҳбарлари) бир вақтнинг ўзида биринчи ҳокимият, яъни қонун чиқарувчи ҳокимиятга (ҳудудий депутатлар кенгашига раислик орқали) бошчилик қилади. Бу қўпол хатолик ўзаро тийиб туриш тамойилини амалда бузиб, вилоят ва туман ҳокимларига катта ваколат беради. Бундан ташқари, вилоят ҳокимларининг барчаси Сенатда ҳам сенатор бўлиб сайланган.

Таклиф этилаётган ҳужжат лойиҳасига кўра, эндиликда ҳар бир ҳудуддан 4 нафардан сенатор сайланаши таклиф этилмоқда (Президент 9 нафар сенаторни ўз танловига кўра рўйхатга киритади). Умид қиламанки, бунда ҳудудлардан сайланадиган ҳоким-сенаторлар фаолиятига чек қўйилади. Акс ҳолда бу Сенат ҳукумат корчалонлари билан тўлган фермер, нафақада собиқ амалдорлар, нуфузли олим ва бирор тадбиркорнинг йиғилиши бўлиб қолади.
Сергелидаги портлаган омбор кимга тегишли деган саволга Кун.уз ўз материалида қисман жавоб берибди.

Аммо интернет маконида мавжуд маълумотларга таяниб, бу омбор эгаларидан бири сифатида Кун.уз мақоласида кўрсатилган бир фирмага кўпроқ тўхталишни лозим топдим. Бу — Бениф компанияси.

2011 йилда ДУЭТ карта (онлайн терминал) ишлаб чиқариш ва республикани янги турдаги пластик карталар билан таъминлаш айнан Бениф зиммасида бўлган.

Фергана.ру сайтидаги бир мақолада эса Бениф компанияси собиқ МХХ раҳбариятига яқин кишилар томонидан бошқарилиши ҳақида ёзилган ва бу мақолага раддия ҳам чиқарган.

Бошқа мақолада эса Бениф раҳбарларидан бири — Бахтиёр Иргашев собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов синглисининг турмуш ўртоғи экани ёзилган. Ўша мақолада ёзилишича, Бениф компанияси ўтган эпохада Афғонистонга нефть-газ экспорт қилишда экслюзив ҳуқуққа эга бўлган.

Хуллас, тергов якунига етиб, натижаси бўйича батафсил маълумот берилиши тарафдориман ва шунгача турли версияни илгари сурмоқчи эмасман.
Хўш, энерго тарифлар оширилди. Бу реал ҳаётда қандай ўзгаришларга олиб келди? Масалан, метан қуйиш шохобчаларида нарх, навбат қалай? Ўтган бир ҳафтада ниманинг нархи оширилгани сиз учун сезилди?
Нега яхши мактабга бўлган талабдан тўғри хулоса қилинмайди?

Бугун бир тумандаги мактабда 1-синф учун қабул қилинган ўқувчилар сони ва очилган синфлар ҳарфини эшитиб (алифбо ҳам етмай қолибди номлашга) хайрон қолдим. Афтидан бу жиддий сигнални на вазирлик, на маҳаллий ҳокимият таҳлил қилади.

Собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бундай ҳолатга ўзгача курашди. Масалан, ота-оналар фарзандларини аввало яшаб турган ҳудудидаги мактабга йўллаши лозим. Мактаб ҳам аввало ўз ҳудуди яқинидаги оила фарзандларини қабул қилиши керак.

Лекин амалда (рус тилли синфларга қабулда айниқса) бунақа тартиб иш бермай, таниш-билиш ё порани ишга солиб ота-оналар фарзандларини номдор мактабларга жойлашмоқда. Оқибатда ўша мактаблар энига кенгайса ҳам, сиғимидан ошиқча бола ўқитяпти. Бу ерда кўпроқ бола қабул қилиш мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар жамоаси, уларни бошқарувчи туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими қандай манфаат бериши бошқа масала.

Хуллас, ечим битта бўлиши керак — нима бўлишидан қатъий назар, мактаб ўз ҳудудига яқин яшайдиган оилалар фарзандларини қабул қилишга устунлик бериши керак.

Бунинг иқтисодий асоси ҳам бор. Негаки, ўша ҳудудда яшаган оилалар тўлаган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўша мактаб биноси ва мактабга элтадиган йўлларга сарфланяпти. Президент ҳам солиқларни маҳалла даражасида тақсимот этиш таклифини билдираётган пайтда, мактаб маъмурияти узоқдан келган оила фарзандини қабул қилиши бошқаларга нисбатан адолатсизлик.
Forwarded from Oliygoh.uz | rasmiy
⚡️ "Avval ovoz berasan keyin o‘qishga ketasan" — yoxud Andijondagi "Open budjet mashmashalari

— Andijondagi oliygohlarning biriga qarashli yotoqxonada talabalar "Openbudjet"ga ovoz bermagunigacha yotoqxonadan chiqarilmagani aytilmoqda.

Batafsil ma'lumot: oliygoh.uz/lyw

🎓 Oliygoh.uz rasmiy kanali:

👉 @OLIYGOH_GRANTLAR
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM