Orif Tolib
10.1K subscribers
932 photos
86 videos
5 files
1.66K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Яхши она яхши бола тарбиялайман деган кучли хоҳиш ва муҳаббатга эга онадир.

Масару Ибука,
“Учгача айни вақти” китобидан

@oriftolib
Имилламоқ

Сустлик билан ҳаракат қилмоқ, иш-ҳаракатда суст бўлмоқ; судралмоқ.

Қўлига ручка олди-да, имиллаб бўлса ҳам, аввал ўзининг, сўнгра отасининг номини ёзди.
П. Турсун, Ўқитувчи.

Кўп имиллайвермасдан тезроқ бўл! – деди Қўчқор, – Ой чиқади сал ўтмай.
О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса.

📌 Демак:

Имилламоқ
Иммилламоқ

@oriftolib
Тўғриламоқ

Изоҳли луғатга кўра, бу сўз ўзбек тилида қуйидаги маъноларда ишлатилади:

1️⃣ Тўғри шаклга ёки ҳолга келтирмоқ, тўғри, адил, тик қилмоқ.

Дарё ўзанини тўғриламоқ. Эгилган ўқни тўғриламоқ.

2️⃣ Хато, нуқсон ва шу кабиларни йўқотмоқ, тузатмоқ.

Имло хатоларини тўғриламоқ. Талаффузни тўғриламоқ. Соатни тўғриламоқ.

3️⃣ Тегишли вазиятга келтирмоқ, тартибга солмоқ, тузатмоқ.

Ёқангни тўғрилаб ол. Сочингни тўғриласанг-чи, тўзиб кетибди-ку.

4️⃣ Бирор томонга қаратмоқ, рўпара қилмоқ; йўналтирмоқ.

Прожекторларни самолётга тўғриламоқ.

5️⃣ Сўзлашув тилида: эпини, иложини қилиб битирмоқ, юзага келтирмоқ, муҳайё қилмоқ; эплаштирмоқ.

Мушкул ишни тўғриламоқ. Бу ҳақда ташвиш қилманг, ўзимиз тўғрилаймиз.

Тўғриламоқ сўзи ва унинг шаклларини ёзишда кўп хато қилинади. Бунинг сабаби, менимча, тўғриламоқ сўзининг ўғирламоқ сўзига оҳангдошлиги. Шунга қиёсан тўғирламоқ шаклида янглиш ёзилади. Бу хатодан қутулишнинг усули – сўзни ёдда сақлаб қолиш ва ёзаётган пайт тўғри сўзини хаёлга келтиришдир.

📌 Демак:

Тўғриламоқ, тўғрилади, тўғриланган
Тўғирламоқ, тўғирлади, тўғирланган

@oriftolib
Гапимни бўлган пайтингизда гапираётганим учун узр сўрайман.

Михаил Жванецкий

@oriftolib
Қўшжўмрак

Тилга янгиликларни, янги сўзларни шу тилдан фойдаланувчилар, унинг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаганлар киритади. Муносиб сўзларни кашф этувчилар журналист, таржимон ёки деҳқон бўлишидан қатъи назар, битта жиҳат уларни бирлаштиради – ижодкорлик.

Kun.uz нашри русча смеситель сўзини жуда зўр таржима қилибдиқўшжўмрак. Иссиқ ва совуқ сувни аралаштириб берадиган бу қурилманинг сўзма-сўз таржимаси аралаштиргич, қориштиргич, қоргич бўлади.

Қўшжўмракда жўмрак иккита, яъни қўш эмас, лекин унга келадиган сув йўли иккита ва унда иссиқ-совуқ сув бир-бирига қўшилади. Шу маънода сўзнинг тўғри, ўринли эканини луғавий жиҳатдан ҳам асослаш мумкин.

Шу сўзни муомалага киритгани учун нашр муҳаррир ва таржимонларига раҳмат айтаман.

@oriftolib
Кўнгил кўзлари

Касалхона бўлмасида иккита оғир бемор ётарди. Касалларнинг бири дераза ёнига, иккинчиси эшик яқинига жойлашганди.

– Ташқарида нима гаплар? Ойнадан у-бу кўриняптими? Жуда сиқилиб кетди-ю одам… – деди эшик олдидаги киши.

– Ў-ў! – деди жонланиб иккинчи хаста. – Осмонни, булутларни, кўлни ва олисдаги ўрмонни кўряпман.

Дераза ёнидаги киши ҳар куни хонадошига дераза ортида нималар бўлаётганини сўзлаб берарди. У кўлдаги балиқчилар, уларнинг катта илмоқлари, тутган балиқлари, соҳилда ўйнаб юрган болалар, уфққа бош қўйган қуёш, сувнинг мавжланиб туриши ва ҳоказолар ҳақида гапирарди.

У ажойиб-ғаройиб манзараларни ҳикоя қиларкан, шеригининг ичини ит тирнарди. “Бу адолатдан эмас, – деб ўйларди. – Нимага уни дераза ёнига қўйишган-у, мени пойгакка, оёқостига итқитишган? У ҳар куни дунёни томоша қилиб, роҳатланиб ётади. Мен бўлсам, бўёғи кўчган эшикдан бошқа нарсани кўрмайман”.

Бир куни ойна ёнидаги беморни қаттиқ йўтал тутди, хириллаб нафас ола бошлади. У ҳамширани чақириш учун бош томонидаги қўнғироқ тугмасига интилди, бироқ ета олмади. Чунки бунга мажоли қолмаганди, йўтал кучайган, аъзойи бадани дир-дир титрарди. Хонадоши бўлаётган воқеаларни жимгина кузатиб турди. Хоҳласа, ўзининг тугмачасини шундоққина босар, ҳамшира зумда етиб келарди. Лекин у хоҳламади.

Бироз вақт ўтгач бемор тинчиб қолди. У бу ғалвали ва диққинафас дунёни мангуга тарк этди.

Уни олиб чиқиб кетишаётганда хонадоши ҳамширадан: “Энди мени ойна ёнига олиб ўтиб қўйсангиз”, деб илтимос қилди. Ҳамшира унинг ўтинчини ерда қолдирмади. Кўрпа-тўшакларни тўғрилади, устидаги жилдини янгилагач, яхшилаб сирди. Сўнг беморни кўчириб ўтказди. Ҳаммаси жойида эканига ишончи комил бўлгач, эшик томонга йўналди. Бироқ уни касалнинг товуши тўхтатди. Унинг овозида ажабланиш бор эди:

– Ахир қанақасига?! Бу ойнадан қуп-қуруқ деворларгина кўзга ташланяпти-ку! Анави ўлган хонадошим менга ўрмонни, кўлни, булутларни, одамларни кўргани ҳақида гапирганди. Қандай қилиб? Ахир бу ойнадан одамни завқлантирадиган ҳеч нарса кўринмаяпти!

Ҳамшира маъюс жилмайди:

– У умуман кўра олмасди. Бечора шеригингизнинг кўзлари ожиз эди.

@oriftolib
Расул Ҳамзатов

Қон ва кўзёш

Ярадан қон оқиб чўзилар узун,
Аммо кўзда ёш йўқ...
Чунки бизларда
Ёшмас, қон оқизмоқ афзал эр учун.
Аксини танлаган эркак бўларми?

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси

@oriftolib
Момақаймоқ ўсимлигининг яна бири номи – ...
Anonymous Quiz
45%
Қоқи ўт | Qoqi oʻt
55%
Қоқиўт | Qoqioʻt
Уйғур таомлари ва хитойча сўзлар

Тиллар доим ўзаро алоқада ва таъсирда бўлади. Бир тилга ундан анча узоқ бўлган, бошқа оилага мансуб тилдан ҳам сўзлар кириши мумкин.

Бундан ўн-ўн икки йиллар олдин У. Турсунов, Б. Ўринбоев ва А. Алиев муаллифлигидаги “Ўзбек адабий тили тарихи” китобини ўқиб, ўзим учун анча ҳайратланарли янгиликлар билан танишган эдим. Жумладан, ўзбекчада аслан хитойча сўзлар борлиги мен учун анча кутилмаган маълумот эди.

Хитойча сўзлар уйғур тили орқали ўзлашган. Уларнинг ичида таом номлари кўпчиликни ташкил қилади. Масалан:

Лағмон хамирни чўзиб ёки узун ингичкароқ кесиб тайёрланган, юзига қайла солиб ейиладиган хамир овқат тури. Уйғур тилида лэнмэн деб талаффуз қилинувчи бу таом номи хитойча лянмянь сўзидан: лян – совуқ, мян – угра, хамир.

Манти – хамир орасига гўшт ёки қовоқ, баъзан картошка солиб тугиб, буғда пиширилган овқат. Уйғур тилида манту, манти дейиладиган бу таом номи хитойча мантоу сўзидан.

Манпар – хамири тасмага ўхшатиб кесиб, сўнг узиб, шўрвасига солиб тайёрланадиган хамир овқат тури. Уйғур тилида ҳам манпар деб аталадиган бу таом номининг асли хитойча манпэзэдир.

Шиман – хамири юпқа кесилган лағмон. Бу таом ҳозир унча машҳур эмас. Лекин айрим жойларда пиширилади. Шу сабабли номи ҳам қулоққа кам чалинади. Уйғур тилида шимэн дейиладиган таом хитойча симянь сўзидан: си – юпқа, мян – кесилган хамир, угра.

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида саналган барча таомлар хамир овқат саналади ва барчасининг номи таркибида ман – хамир сўзи бор.

Ҳозир миллий ёки уйғур таомлари ресторанларида сай исмли таомлар тайёрланади: айримсай, гўштсай, тухумсай, товуқсай ва ҳоказо. Сай сўзининг илдизи хитойча байцай – кўкат, карам сўзига бориб тақалади. Бу сўз ўзбек шеваларида басай шаклида ишлатилиб, овқатга солинадиган кўкат турини англатади.

Сай алоҳида ҳолатда турпдан тайёрланган салатни билдиради. Уйғур тилида эса салат, газак маъноларига эга, сай самса эса кўк сомса демакдир.

@oriftolib
Алифбо ислоҳига таклиф

Бундан бир ойча олдин алифбо ислоҳи бўйича таклифимизни эълон қилган эдим. Бугун бу мавзу яна қизиди. Шу сабабли шу таклифни қайта жойлашга қарор қилдим.

Бизнинг алифбо лойиҳамизда қандай ўзгаришлар бор?

1️⃣ Ч лотинчада С белгиси билан ифодаланади.

2️⃣ Ğ ğ, Ŏ ŏ, Ş ş ҳарфлари киритилади.

3️⃣ X ва H яхлитланади.

4️⃣ Ng ҳарфи алифбо таркибидан чиқарилади.

5️⃣ Тутуқ белгиси алифбодан ҳам, фойдаланишдан ҳам чиқарилади.

Изоҳ, далил ва асослар билан сайтда тўлиқ танишишингиз мумкин.

Алифбо варианти қуйида расм кўринишида илова қилинган.

Таклиф ва мулоҳазаларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

@oriftolib
Лотин алифбосидаги ўзгаришлар ҳақида

“Тўғри ёзамиз” канали муаллифи лотин алифбосидаги ўзгаришларнинг аҳамияти, керак-керакмаслиги ҳақида жуда ўринли гапларни айтибди. Ушбу фикрларга қўшилган ҳолда баъзи мулоҳазаримни айтиб ўтмоқчиман.

1️⃣ Алифбо ислоҳи бўйича ўз таклифимиз бор. У қабул қилинмаган тақдирда ҳам, расман таклиф этилаётган вариантни қўллаб-қувватлайман. Шу ўзгаришлар ҳам алифбони матн териш учун анча қулайлаштиради. Расмий вариант бўйича баъзи мулоҳазаларим бор, насиб қилса, у ҳақда алоҳида ёзаман.

2️⃣ Ўзи, ҳар қандай ўзгаришни қабул қилиш қийин бўлади. Одам ўзгаришнинг ижобий ёки салбий жиҳатини танасида сезиб кўрмагунча, ҳадиксираб туради. Бу табиий жараён. Янгиликдан қўрқмаслик керак.

3️⃣ Бошқа муаммолар турганда алифбога тегинмайлик деган мулоҳаза бор. Бошқа муаммоларнинг ўз ечими бор. Бу муаммонинг ўз ечими. Ҳар бири алоҳида муаммо ва алоҳида ёндашувни талаб этади. Амалдаги алифбода нуқсон борлиги факт ва уни ечиш зарур. Бошқа муаммони ҳам ечавериш керак. Ҳеч ким: “Бошқа муаммога эътибор берманглар!” деяётгани йўқ.

4️⃣ Катта чиқимлар масаласи. Дарсликлар доимий янгиланиб боради. Айни дамда Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилиб, дарсликларни янгилаш жараёни бошланган. ID карталар бериляпти. 2021 йилдан хорижга чиқиш паспортлари яқин чет мамлакатлар учун ҳам талаб қиланадиган бўлди. Ҳозир ислоҳнинг айни пайти. Эски ҳужжатлар, дарсликлар нима бўлади? Режа бўйича муҳлати тугаб, янгилангунча амалда бўлаверади. Осмон узилиб ерга тушмайди. Янги дарсликлар янги алифбода чиқади. Минг турли соҳага пул ажратилган пайти жим турганлар нимагадир алифбога келганда “Қанча маблағ кетади-ю!” деб ваҳимага тушади. Ўрнига сарфланган миллион сўм, кўп бўлса-да, аслан фойда; ўринсиз сарфланган бир сўм, арзимас бўлса-да, аслан зарар. Керакли чиқим ўзини оқлайди. Ислоҳни иккиланиб, чўзаверсак, бу чиқим миқдори ортиб бораверади.

5️⃣ Янги алифбонинг саводсизлик даражасига таъсири масаласи. Сезиларли салбий таъсири бўлмайди. Лекин ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Тўртта ҳарфни ўргана олмайдиган одам барибир саводсиз бўлиб қолаверади.

Давоми бор 👇

@oriftolib
Давоми. Бошланиши юқорида. 👆

6️⃣ “Амалдаги алифбо қолаверсин” деган фикр. Лотинга тўлиқ ўтиб кетмаганимизнинг сабабларидан бири амалдаги алифбонинг нуқсонлари. Асосий сабаб эмас, лекин анча-мунча таъсир ўтказган сабаб. Минг қийин бўсин, одамга ўзи савод чиқарган алифбо қулай туюлаверади.

Ғафур Ғулом, Ойбек каби ёзувчиларнинг эски ўзбек ёзувидаги қўлёзмаларини кўрганман. Аслида кирил ўзбекча сўзларни ёзиш учун эски ўзбек ёзувидан анча қулай, ўша пайтдаги замонавий ижод қуроли – ёзув машинкалари ҳам кирил ҳарфларида бўлган. Лекин бу адиблар эски ўзбек ёзувидан фойдаланаверган. Чунки шу имлода савод чиқарган, шу сабабли осон туюлган.

Биз бу масалада фақат ўзимизни эмас, келажак авлодни ҳам ўйлашимиз керак. Ҳозирги алифбода сезган-сезмаган қийинчиликларимизни фарзандларимиз ҳам тортмаслиги зарур. Бу ҳолат худди оғир этик кийиб юришга ўхшайди. Маълум вақт ўтгандан кейин этикнинг оғирлигини унча сезмай қоласиз. Лекин уни ечиб, енгилроқ пойабзал кийсангиз, олдин қанчалик қийналганингизни, аслида шу қулайликка бурунроқ эришиш мумкин бўлган-у, буни билмаганингизни тушунасиз. Амалдаги алифбодаги қўшҳарфлар ана шу оғир этикка ўхшайди.

7️⃣ Маълум бир соҳада мутахассис бўлган ёки тажриба орттирган кишиларнинг хулосаларига ҳурмат билан қараш зарур. Ҳатто бизга хато кўринса ҳам. Ўз фикримизни босиқлик ва далиллар билан асослашимиз лозим. Билим ва тажрибага асосланган фикрларни эса яхшилаб ўйлаб кўриш, мард бўлиб қабул қилиш ҳам керак. Шунчаки ҳиссиёт билан айтилган гапнинг юки йўқ. Менимча.

8️⃣ Ва энг сўнггиси. Лотин ёзувини ислоҳ қилиш тарафдорларига, жумладан, менга бундан нима наф? Лотин ёзувида ҳам, кирил ёзувида ҳам мен учун жиддий муаммо йўқ, иккаласида ҳам саводим яхши, хатосиз ёзиш малакам юқори. Х ва Ҳ ҳарфларини ҳам яхши фарқлайман. Ўзгаришлар ҳамма учун фойдали бўлади деган қатъий хулосам бор, шунинг учун алифбо ислоҳини ёқлайман. Мен учун асосий наф шу.

@oriftolib
Қобилият

Арабчадан кирган бу сўз ўзбек тилида қуйидаги маъноларда қўлланади:

1️⃣ Билим, кўникма, малакалардан фарқли ўлароқ, шахснинг муайян фаолият юзасидан лаёқати ва унинг иш уддалай олишидаги субъектив шарт-шароитларни ифодаловчи индивидуал руҳий ва жисмоний хусусиятлари.

Самандар... ўзини идора этиш қобилиятидан тамоман маҳрум бўлган эди.
С. Кароматов, Қалбингда қуёш.

2️⃣ Истеъдод, талант.

Ғафур Ғуломнинг бу қадар ҳозиржавоблиги, қобилиятининг сири нимада эди?

Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи.

3️⃣ Умуман, лаёқат, қодирлик, қудрат.

Бошқариш қобилияти. Мудофаа қобилияти.

Водород бизга маълум бўлган табиий ёқилғилар орасида рекорд иссиқлик бериш қобилиятига эга.

Газетадан.

📌 Демак:

Қобилият
Қобилят

📖 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” асосида тайёрланди.

@oriftolib
Диққатни жамлашнинг ҳикмати

Бир киши муваффақиятга эришиш сирларини топиш илинжида эди. Шу мақсадда бир донишманднинг ёнига борди. Донишманд саволга жавоб беришини, бироқ бундан олдин кичкина бир синов-тажриба ўтказишлари кераклигини айтди. У рози бўлди.

Донишманд бир қошиққа тўлатиб ёғ қуйиб берди ва бир қатрасини ҳам тўкмай чорбоққа бориб келишини буюрди. Одам айтилган вазифани яхши уддалади.

Шундан сўнг донишманд сўради:

– Чорбоғ қандай экан? Гуллар, экинларни кўрдингми? Қайси бири яхши кўкарибди?

Одам довдираб қолди:

– Ёғни тўкмаслик ҳаракатида бўлганим учун чорбоққа эътибор бермадим, – деди у.

Донишманд унга иккинчи бор имконият берди:

– Бу сафар боғча қандай эканига яхшилаб сарасоф сол, миридан сирига эътибор қарат, – деб тайинлади.

Ҳалиги киши қўлида ёғ тўла қошиқ билан яна чорбоққа йўл олди. Бу гал чорбоғни яхшилаб кўздан кечирди, лекин хаёли бўлиниб, эҳтиётсизлик қилди, қошиқдаги ёғ тўкилди.

Вазифани яхши уддалай олмаганидан ўнғайсизланиб қайтиб келди. Унинг бу ҳолини кўрган донишманд деди:

– Ҳаётнинг қоидаси шу: диққатингни битта ишга жамласанггина, ўша ишда катта муваффақиятларга эришасан. Бошқа нарсаларга чалғисанг, тушовни қўлдан бой берасан.

@oriftolib
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
71%
Симтўр | Simtoʻr
29%
Сим тўр | Sim toʻr
Воҳа ва водий: фарқи нимада?

Воҳа араб тилидан кирган, аслиятда саҳро ўртасидаги сувли, кўкаламзор жой маъносида. Ўзбек тилида чўл ва чалачўлларда обод қилинган ерни англатади.

Водий сўзи ҳам араб тилидан кирган, аслиятда водий; қуриб қолган ўзан; жарлик маъноларини англатади. Ўзбек тилида эса қуйидаги маъноларда ишлатилади:

1️⃣ Дарё бўйлаб чўзилган ёки тоғлар орасидаги кенг текислик.

2️⃣ Умуман, экин экиладиган, обод ер.

3️⃣ Умуман, мамлакат, юртнинг бир бўлаги; диёр.

4️⃣ Кўчма маънода: бирор нарса учун хос бўлган жой, макон.

📌 Ҳудуд номлари билан ишлатганда воҳа ва водийнинг битта аниқ, кескин фарқи бор: воҳа – чўл ва чалачўл ҳудудда обод қилинган жой, водий эса дарё ёқаси бўйлаб жойлашган ёки тоғлар орасидаги текислик жой:

Зарафшон воҳаси. Хоразм воҳаси. Тошкент воҳаси. Бухоро воҳаси.

Фарғона водийси. Сурхон-Шеробод водийси. Қашқадарё водийси (вилоятдаги водий, Зарафшон тизмасининг жануби-ғарбий тармоқлари оралиғида.). Ҳисор водийси.

Воҳа ва водий тушунчаси вилоят тушунчасидан фарқланади. Воҳа ва водий бир вилоят ҳудудидан катта бўлиши ёки бир вилоят ичида бир неча воҳа ё водий жойлашиши ҳам мумкин. Миллий энциклопедияга кўра, Фарғона водийсида бир нечта катта воҳалар бор.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Аллоҳ раҳмат қилсин

Севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг вафоти ҳақида сафардалигимда хабар топдим. Ҳақларига дуо қилдим.

Домла билан 2010 йили бафуржа суҳбатлашган эдим. Тошкентнинг “Гулзор” маҳалласидаги уйларида меҳмон бўлганман. Олдин ўзи кўрмаган-билмаган бир мухбир йигитча билан қадрдондай, яқинидай суҳбатлашганди. Менимча, бу шинавандалик Худойберди Тўхтабоевнинг ажралмас сифатларидан бири эди.

Умрини ўзбек болаларига бағишлаган заҳматкаш адибимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

____________________

Лекин болаларга ёзиш қийин деган гапга қўшилмайман. Лев Толстойдай буюк ёзувчи болалар учун ёзган-ку! Ғафур Ғулом, Зулфия каби шоирларимиз болаларга бағишлаб шеърлар ёзган. Қийинлигини улар ҳам билган, лекин ички хоҳиш-истак уларга туртки берган. Битта аччиқ гапни айтиш жоиз: бугунги ёзувчилар болалар олдидаги масъулиятни унча ҳис қилмаяпти. Шу ўсаётган болалар эртага катта ёшдаги китобхонга айланади-ку! Ўқимасдан улғайган бола катта бўлгандан кейин ҳам ўқимай қўя қолади.

Яхши китобхонни болалигидан тайёрлаш керак.


Худойберди Тўхтабоев билан суҳбатдан, 2010
____________________

Суҳбатни мана бу манзилда ўқишингиз мумкин: https://oriftolib.uz/?p=174

@oriftolib