Orif Tolib
10.6K subscribers
969 photos
91 videos
5 files
1.72K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Маёқ русча маяк сўзидан. Маяк сўзи аслиятда маять – силкинмоқ, тебранмоқ сўзидан ясалган. Сўзма-сўз олисда тебраниб турувчи деган маъно беради. Ўзбекчада кемаларга йўл кўрсатиш учун денгиз қирғоғи ёки оролларга қурилган, минора кўринишидаги қурилмани англатади. Кўчма маънода ўрнак, машъал сўзлари ўрнида ҳам ишлатилади:

Кема учун маёқ, сайёҳ учун компас, Ер учун Қуёш азиз бўлгани каби...
Газетадан.

#Ўзбекчалашган_ўзлашмалар

@oriftolib
Патнис тез-тез фойдаланиладиган уй-рўзғор буюмларидан бири. У русча поднос сўзидан. Поднос подносить – олиб келмоқ феълидан ясалган. Ўзбек тилида уч хил маънода қўлланади: нарса ташиш ёки нон, қанд-қурс, мева-чева кабиларни солиб, дастурхонга қўйиш учун мўлжалланган идиш; турли ноз-неъматлар билан тузалган идиш; духовканинг нарса териб қўйиладиган ясси тунукаси:

Холдорхон дастурхонга патнис қўяр экан, энгашиб туриб гапирди.
С. Зуннунова, “Олов”.

#Ўзбекчалашган_ўзлашмалар

@oriftolib
Адабий эмакдош: “эмакдош” нима дегани?

Бу сўзга илк бор ўқувчилик йилларим адабиёт дарсликларида дуч келгандим.

Миллий энциклопедияга кўра, адабий эмакдош – театр саҳнасида драматик асар қўйишда режиссёрларга, асар матнини таҳлил ва таҳрир қилишда театр жамоасига ёрдам берувчи адабий ходим. Адабий эмакдош асл нусха ҳамда таржима асарларни таҳрир қилади, театр ижодий жамоаси билан бирга асарни саҳналаштиришда ижодий фаолият кўрсатади. Чўлпон, Зафарий, Ғайратий, Комил Яшин каби адиблар шу лавозимда ишлаган.

Эмакдош сўзи тилимизда касбдош, ходим, эмикдош маъноларида қўлланган, лекин ҳозир эскирган. Эмикдош маъносида қўлланиши халқ оғзаки ижодига хос, бу талаффуздаги ўхшашлик сабабли келиб чиққан. Аслида эмикдош умуман бошқа маънода – у бир онани эмган ака-ука, ака-сингил, опа-сингилларга нисбатан қўлланади.

👉 Демак, адабий эмакдош – адабий ходим дегани.

Соф туркий сўз бўлган эмак ҳозир ўзбекчада мустақил ишлатилмайди. Аммо эмгак сўзи бор, у меҳнат, заҳмат маъноларида ишлатилган, лекин у ҳам жонли тилда қўлланмайди ҳисоб. Emek сўзи ҳозирги туркчада айни шу маънони ифодалайди.

Эмакламоқ деган сўзнинг ўзаги эмакка бориб тақалади. Чунки оғир меҳнат қилган одам эгилиб ишлайди. Эмакламоқ сўзида ҳам эгилиш маъноси акс этган. Бу сўзнинг эмгакламоқ шакли ҳам бор.

*️⃣ Дарслик ва ўқув қўлланмаларда қандай тушунарсиз сўзларга дуч келгансиз? Изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
Baʼzan ismini toʻgʻri yozolmaydigan odam ham seni koʻrsavodlikda ayblashi mumkin.

#Kundalikdan

@oriftolib
Мен жуда кўп буюк кишиларнинг таржимаи ҳолини ўрганиб чиқдим ва уларнинг ҳаммаси ҳалол меҳнат, синмас қатъият ва сўнмас шижоат каби умумий хусусиятларга эга эканини аниқладим.

Ҳарри Трумен,
Давлат арбоби, АҚШнинг 33-президенти

@oriftolib
Денов – “янги қишлоқ”

Сурхондарё вилоятидаги Денов шаҳри номи форсча деҳи нав – янги қишлоқ сўзларидан ҳосил бўлган.

Миллий энциклопедияга кўра, катталиги ва аҳоли сонига кўра Термиздан кейин иккинчи ўринда туради. Ёзма манбаларда XIV аср охирларидан Деҳинав шаклида тилга олинган. Маҳмуд ибн Вали (XVII аср)нинг ёзишича, Деҳинав ажойиб бозори, катта масжиди ва хонақоси бўлган мустаҳкам қалъа-шаҳар ҳисобланган.

Денов 1958 йили шаҳар мақомини олган.

Денов номли қишлоқлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида, жумладан, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида учрайди.

#Этимология #Топоним

@oriftolib
Пиён ва пиёниста. Пиён русча пьяный сўзидан. Ўзбекчада ҳам аслиятга мос маънода қўлланади: ичкиликдан кайфи ошган, маст. Пиёниста эса пьяница сўзидан, у ҳам аслиятдаги каби ичкиликбоз деган маънода ишлатилади. Ҳар икки сўз талаффузда ўзгаришларга учраб, ўзбекчага мослашган:

Пиён улфат – бепоён кулфат.
Мақол.

Эй, шўринг қурсин. Роса пиёниста экансан.
С. Аҳмад, “Уфқ”.

#Ўзбекчалашган_ўзлашмалар

@oriftolib
Санкция – мажбурловчи чора

Ҳозир оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олинаётган санкция сўзи ҳуқуқ ва халқаро ҳуқуқда турлича маънода ишлатилади. Масалан, ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланадиган ва унинг учун муайян оқибатлар келтирувчи чора санкциядир. Жиноятда гумон қилинган шахсга нисбатан мажбурий чора кўриш учун прокурор берадиган рухсат ҳам санкция дейилади.

Санкция лотинча sanctio бузилмас қонун, мустаҳкам қарор сўзидан. Бу сўзнинг илдизи қадимги ҳинд-европа тилларидаги saq – қўримоқ, ҳимояламоқ сўзига бориб тақалади. Эътибор берган бўлсангиз, бу асос туркийча сақламоқ ўзаги билан бир хил шаклда экан 🤔.

Халқаро ҳуқуқда эса санкция ўз халқаро мажбуриятларини ёки халқаро ҳуқуқ нормаларини бузган давлатга нисбатан қўлланадиган таъсир чорасини англатади. Унга қамал, бойкот, эмбарго ва бошқалар киради.

Ҳалқаро-ҳуқуқий санкцияларни алоҳида ёки бир неча давлат, халқаро ташкилотлар қўллаши мумкин. Энг кўп ишлатиладигани – иқтисодий санкциялар.

Санкцияни мажбурловчи чоралар ҳам дейиш мумкин. Санкцияга тушган давлат мажбуриятларни ихтиёрий бажарса, ҳуқуқбузарликни тўхтатса, мажбурловчи чоралар ҳам олиб ташланади. Акс ҳолда, санкцияларни қўллаш ва кенгайтириш давом эттирилади.

#Сўраган_эдингиз

@oriftolib
Демилитаризация ва денацификация

Бу икки сўз охирги пайтларда оммавий ахборот воситаларида жуда кўп қўлланяпти.

Демилитаризация сўзи имло ва изоҳи луғатга, энциклопедияга киритилган. Лекин денацификация сўзи ушбу луғатларнинг ҳеч биридан жой олмаган.

Демилитаризация инкорни билдирувчи де- олдқўшимчаси ва лотинча militaris – ҳарбий сўзидан олинган. Бирор давлат ёки ҳудудда армия сақлашни, қурол-яроғ ишлаб чиқаришни, истеҳкомлар, ҳарбий базалар қуришни ман этиш; қуролсизлантиришни англатади. Халқаро ҳуқуққа кўра, муайян ҳудуддаги ҳарбий истеҳкомлар ва иншоотларни йўқотиш ҳамда шу ҳудудда ҳарбий базалар ва қуролли кучлар сақлашни тақиқлаш халқаро шартномага биноан амалга оширилади.

Денацификация олмонча entnazifizierungнацизмни йўқотиш сўзидан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия ва Австрияда жамият, маданият, матбуот, иқтисодиёт, таълим, ҳуқуқ ва сиёсатни миллатчи (нацист)ларнинг ғояларидан тозалашга қаратилган чора-тадбирларни англатади.

#Сўраган_эдингиз

@oriftolib
Пирог русчада ҳам худди шу шаклга эга. У пир – зиёфат, базм сўзидан ясалган, сўзма-сўз зиёфат нони деган маънони англатади. Ўзбекчада қийма, мева, қиём ва шу кабилар солиб, пишириладиган егуликни билдиради:

Қовурилган кўкдан кўк сомса, кўк чучвара, кўк пирог каби таомлар тайёрланади.
К. Маҳмудов, “Ўзбек тансиқ таомлари”.

#Ўзбекчалашган_ўзлашмалар

@oriftolib
Илмни баҳс-мунозаралар, бировни қойил қолдириш, фойда, шон-шуҳрат, мансаб ёки шу каби мақсадлар учун эмас, бошқаларга фойдаси тегадиган киши бўлиш учун ўрганиш керак.

Френсис Бекон,
инглиз тарихчиси ва сиёсатчиси

@oriftolib
Naq va naqd

Bu ikki soʻz bir oʻzakdan, toʻgʻrirogʻi, naq soʻzi naqdning talaffuzda oʻzgargan shakli. Biroq ular boshqa-boshqa maʼnolarni ifodalaydi.

Naq soʻzi oʻzbek tilida 5 xil maʼnoga ega:

1️⃣ Aytilganning, koʻzda tutilganning oʻzginasi; xuddi, ayni: gapning naq onasini aytdingiz-qoʻydingiz.

2️⃣ Qoq, ayni, xuddi: naq yarim kechada, naq shu paytda.

3️⃣ Oz boʻlmasa; deyarli: naq yiqila yozdim.

4️⃣ Rosa, obdan: naq terga tushirib yubordi.

5️⃣ Boʻlmasa, aks holda: aravakash bola, otingni tort, naq tezagini doʻppingga solib beraman!

Naqd soʻzi esa uch xil maʼnoda qoʻllanadi:

1️⃣ Pulini darhol toʻlash sharti bilan boʻlgan yoki boʻladigan savdo muomalasi: naqdga olish, naqdga sotish.

2️⃣ Qoʻlda, ixtiyorda bor, foydalanish yoki muomalaga kiritish uchun tayyor: naqd pul, arava naqd, naqd mablagʻ.

3️⃣ Aniq, hal boʻlgan, tayyor: oʻqishga kirishi naqdga oʻxshaydi.

📌 Demak:

Naq yiqilay dedim, naq yarim tunda, faqat naqdga sotaman, naqd pul

Naqd yiqilay dedim, naqd yarim tunda, faqat naqqa sotaman, naq pul

@oriftolib
Read between the lines

Таржимада энг қийини – ибораларни ўгириш. Чунки бирор ҳаракат ва ҳолатни ифодаловчи ибора бошқа бир тилда умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Инглизчадан таржима қилинган бир матн таҳририда шундай ҳолатга учрадим. Инглизча read between the lines иборасини таржимон қаторлар орасидан ўқинг деб таржима қилибди. Сўзма-сўз шундай, лекин ўзбекчада бу сўзлар кўзланган маънони мутлақо ифодаламайди.

Кембриж луғатига кўра, бу ибора бирор кишининг айтган гапи ёки ёзганларидан унинг ҳақиқий ҳис ва ниятларини англаб олишни билдиради. Бошқа таърифга асосан, бевосита акс этмаган, лекин сўзлар орасига жо бўлган маънони тушуниб олишни ифодалайди.

Рус тилида бу иборага шаклан мос читать между строк деган ибора бор. Маъноси инглизча идиома билан бир хил. Назаримда бу ибора рус тилига анча олдин кирган, чунки Пушкин ҳам уни ишлатган экан.

Хўш, уни ўзбекчага қандай таржима қилиш керак? Ўзбекчада айнан шу маънони ифодаловчи ибора йўқ, лекин мазмунни бемалол акс эттириш мумкин. Ўрнига қараб бу иборани мағзини чақмоқ, пайқамоқ, уқмоқ, фаҳмламоқ, асли маънони ўқимоқ каби сўзлар билан ўгириш мумкин.

Мен таҳрир қилган матнда бу ибора ички сарлавҳа бўлиб келган. “Қаторлар орасидан ўқинг” деб таржима қилинган жумлани “Моҳиятни ҳис қилинг” деб таҳрирладим. Чунки бу ерда бола берган саволлар аслида нимани англатиши ва шунга кўра иш тутиш ҳақида сўз боради.

👉 Бу иборани яна қандай ўгириш мумкин деб ўйлайсиз? Таржима жараёнида шундай ҳолатларга дуч келганмисиз? Изоҳларда қолдиринг.

P. S.
Имкони бўлса, иборани ибора, мақолни мақол билан ўгириш керак. Имкони йўқ ҳолатларда эса мазмунни бериш зарур. Ўзбекчадаги жуда кўп ибора ва тушунчаларни ҳам бошқа тилларда ифодалаш қийин. Буни ўзбекчадан ўгирадиган таржимонлар яхши билади. Ўзбекчага таржима қиладиган одамга баъзан ўзбек тили ожиздек кўриниши мумкин. Аслида бундай эмас. Ҳар қандай тилга ўгираётган таржимон қийинчиликка учрайди ва бу табиий.

@oriftolib
Чалкаштирувчи паронимлар – бизни шакли ва талаффузи билан адаштирадиган сўзлар

Паронимлар талаффузи яқин, лекин маъноси турлича бўлган сўзлардир. Баъзан уларнинг кўриниши ва айтилиши бизни чалғитади. Ҳатто сўз билан ишловчи профессионал мутахассислар – муҳаррир, мусаҳҳиҳ, адиб, журналист ва копирайтер кабилар ҳам уларни қўллашда хатоларга йўл қўяди, чалкаштиради.

Daryo.uz нашрининг “Тилимизни биламизми?” рукнида бу гал ана шундай сўзлар ҳақида тўхталдим.

👉 https://daryo.uz/2022/03/09/tilimizni-bilamizmi-chalkashtiruvchi-paronimlar-bizni-shakli-va-talaffuzi-bilan-adashtiradigan-sozlar/

@oriftolib
“Академнашр”ни зиёрат қилиб келдим

“Академнашр” сифатли китоблари билан ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. Шу пайтгача нашриётнинг китобларини ўзидан сотиб олмагандим. Бугунга насиб қилган экан. Айниқса, Муҳаммад Ризобек Хоксорнинг “Мунтахабул луғот” ва “Зубдул луғот”дан иборат Алишер Навоий асарлари луғати чинакам хазина бўлди.

Қосимжон Содиқовнинг “Қутадғу билиг” бўйича тайёрлаган луғати керак эди. Афсус, йўқ экан.

Кўпроқ китоб олмоқчи бўлсангиз, бевосита нашриётдан ё унинг дўконидан олинг. Биринчи қўл. Пулингиз тежалади, ёнга қолган пулга яна бошқа китоб сотиб олаверасиз.

Айтганча, “Академнашр” китобларига онлайн буюртма берса ҳам бўлади. Балки, кейинги гал интернетдан буюртма берарман. Ўзи телеграм каналга нашриётда бор китоблар ва уларнинг нархини кўрсатиб ҳар ҳафта нархнома ташлаб туришса, яхши бўларди. Нархнома харидорда рағбат уйғотади.

Хуллас, тавсия этаман.

@oriftolib
Қай бири тўғри?

Киши диққатини тортувчи асар – ...
Anonymous Quiz
65%
Бадиа | Badia
35%
Бадия | Badiya