Orif Tolib
10.1K subscribers
931 photos
86 videos
5 files
1.66K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Роль ва руль

Талаффузи яқинлигидан бу икки сўз баъзида чалкаштириб ҳам қўлланади. Айтилиши ўхшаш бўлгани билан, маъноси бошқа-бошқа.

(Мен ўзи ь белгисини ишлатмайман. Бу белги ўзбек тили учун мутлақо ортиқча. Кўпчиликка осон бўлиши учун бу постда қолдирдим.
Пьеса, батальон, бульон, Роналдиньо каби сўзларни ҳам кирилчада пйеса, баталйон, булйон, Роналдинйо каби берган яхшироқ. Тушунишга ҳам қулайроқ бўлади. Лотин алифбосида бу белгидан воз кечилди, шунча йил ичида унга эҳтиёж ҳам сезилмади.)


Роль сўзи уч хил маънога эга:

1️⃣ Ёзувчи пьеса ёки сценарийда яратган образ ва шунга мувофиқ актёр саҳнада, экранда ижро этган бадиий образ: роль ижро этиш, бош роль.

2️⃣ Актёрнинг бутун пьеса, сценарий давомидаги нутқи: ролини талқин этмоқ.

3️⃣ Кўчма маънода: кимсанинг таъсир кўлами, бирор нарсада иштирок даражаси, тутган ўрни; мавқеи: тарихда шахснинг роли, етакчи роль ўйнайди.

Мен катта роль ўйнайди, муҳим роль бажаради каби ибораларни қўлламасликка, матнда бўлса таҳрирлашга, ўзбекчароқ вариант ишлатишга ҳаракат қиламан. Бу сўз русча играть роль иборасининг калка таржимасидир. Унинг ўрнига катта аҳамиятга эга, катта таъсир кўрсатди каби ибораларни ишлатиш яхшироқ.

Руль сўзи эса кема, автомобиль, самолёт ва шу кабиларнинг ҳаракат йўналишини бошқариш механизмини англатади: трактор рули, руль чамбараги.

📌 Демак:

Машина рули, роль ижро этиш
Машина роли, руль ижро этиш

@oriftolib
“Пишанг бермоқ” нима дегани?

Бу ибора қулоғимизга бот-бот эшитилиб туради. Ибора таркибидаги пишанг сўзи ричаг деган маънони билдиради. Лекин сўзни бу маънода ишлатиш ҳозир эскирган. Ричаг бирор таянч нуқтасига эга бўлган ва оз куч билан катта кучни мувозанатга келтирадиган қурилмадир.

Пишанг бермоқ ибораси бирор хатти-ҳаракатга ундамоқ; атайлаб гижгижламоқ деган маънони англатади:

Балки, Раим оқсоқолнинг ўзи Шукур баззозга пишанг бергандир.
М. М. Дўст, Галатепага қайтиш.

Мамат қассоб одатда муштлашувга аралашмайди, бир четда ўғилларига пишанг бериб туради. “Ёшлик”.

@oriftolib
Пижама ва яктак-иштон

Пижама асли форсчадан. Пой ва жома сўзларидан, оёқ учун кийим деган маънони англатади. Европа тилларига ҳинд тилидан ўтган. Рус тилига эса немис тилидан кирган.

Дастлаб енгил ва кенг, белда боғич билан тутиб турилувчи иштонлар шундай аталган. Пойжома туркий халқларда иштон – ичтўн деб номланган.

Пижама Европага XIX аср охирларида Ҳиндистондан олиб борилган. Бироқ у бу ерда XX аср бошларидагина шуҳрат қозонган. Пижама XX асрнинг 20-йилларида аёллар гардеробига ҳам киритилади, аммо ўн беш йиллардан сўнггина оммалашади.

Ҳозир пижама асосан уйқу кийими сифатида ишлатилади.

“Шум бола” филмини эсланг. Олдинлари иссиқ кунларда эркаклар пижамага жуда ўхшаш кийим – яктак-иштон кийган. Бу либос ҳозир ҳам нуронийлар орасида урфда.

@oriftolib
Корчалон ким?

Бадиий асарларда, баъзан оғзаки нутқда корчалон сўзига дуч келамиз? Хўш, у нимани англатади?

Изоҳли луғатга кўра, бу сўз форсчадан кирган. Аслиятда даллол; ишбилармон деган маъноларни англатади. Атоқли тилшунос Шавкат Раҳматуллаевга кўра, бу сифат иш маъносини англатадиган тожикча кор отига ҳаракатга келтирмоқ маъносини англатадиган форсча чаланидан феълининг чалон ҳозирги замон асосини қўшиб ҳосил қилинган бўлиб, ўзини ишбилармон қилиб кўрсатувчи маъносини англатади.

Корчалон ўзбек тилида икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Ўзини ҳаммадан билимдон деб ҳисобловчи, билармон; маҳмадона.

Санамай саккиз деб юрган экансиз, корчалон кекса!
Ойбек, Олтин водийдан шабадалар.

2️⃣ Ишбилармон, эпчил.

Азимжон ўзи бадавлат корчалон, йигит ёшидан буён қоракўл бўйича ноёб мутахассис.
А. Мухтор, Чинор.

Сўзнинг корчаллон шакли ҳам бор. Лекин у жуда кам ишлатилади:

Океан нарёғидаги бир корчаллон юмшоқ креслода пинакка кетиб ўтирарди. “Муштум”.

📌 Демак:

Корчалон, корчаллон
Корчолон, карчолон, корчоллон, карчоллон

@oriftolib
Қизил китобми ёки “Қизил китоб”?

Пунктуация қоидаларига кўра, турли асарларнинг, шунингдек, китоб, газета, журналларнинг номлари матнда қўлланганда қўштирноққа олинади. Масалан, “Ўткан кунлар” романи, “Саҳиҳул Бухорий” китоби, “Маърифат” газетаси, “Ёшлик” журнали каби. Лекин истисноли ҳолатлар ҳам бор. Жумладан, Қизил китоб. Уни изоҳли луғат шундай шарҳлаган: йўқолиб бораётган ёки йўқолиш хавфида бўлган ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларини қайд қилувчи давлат ҳужжати.

👉 Бу китоб-ҳужжат номи турли жойларда турлича берилган. Хўш, аслида қандай ёзиш тўғри?

Бу давлат ва халқаро даражадаги муҳим ҳужжат номи бўлгани учун унинг биринчи сўзини бош ҳарф билан ёзиш керак. Одатда ҳужжатнинг расмий номи мавзу сифатида тўлиқ келтирилгандагина қўштирноқ ишлатилади. Қизил китобда эса бундай ҳолат йўқ, уни қўштирноқсиз ёзиш зарур.

Қизил сўзи бирор китобнинг рангини ифодалаганда сўз кичик ҳарфларда ёзилади: токчадаги қизил китоб (китобнинг муқоваси қизил рангда).

📌 Демак:

Халқаро қизил китоб, Ўзбекистон қизил китоби, Қизил китоб, қизил (муқовали) китоб

Халқаро Қизил китоб, Халқаро “Қизил китоб”, Ўзбекистон Қизил китоби, Ўзбекистон “Қизил китоб”и, “Қизил китоб”, Қизил (муқовали) китоб

@oriftolib
Нега “ҳапдори” хато-ю, “ҳаб дори” тўғри?

Тўғриси, бу сўзнинг изоҳини ўқимагунимча, ўзим ҳам уни хапдори шаклида ёзардим. Бироқ биз ўрганиб қолган ҳолатлар ҳамиша ҳам тўғри бўлавермайди.

Ҳаб сўзи аслида мустақил маънога эга. У араб тилидан кирган, аслиятда дона ва донни; кичик-кичик шарчалар шаклида тайёрланган нарсани, дорини англатади. Ўзбек тилида ютиш учун мош каби юмалоқ ёки ясмиқ каби ялпоқ қилиб тайёрланган дори; таблетка маъносига эга:

Ҳаб ютмоқ.

Бошқалар бунга эришиш учун аллақандай ҳабларга муҳтождир.
А. Қаҳҳор, Сароб.

Менимча, бундай дориларни табиблар тайёрлагани, кейинчалик тиббиёт ривожлангани ва рус тилининг таъсири натижасида бу сўз истеъмолдан чиқиб кетган. Ҳозир баъзи-баъзида таблеткани ҳаб дори деб ифодалаш учраб қолади.

Айтганча, таблетка ҳам аслида русча сўз эмас. У рус тилига француз тилидан ўтган. Французчада бўлак, парча маъносини билдирган tablette сўзининг илдизи лотинча tabula – тахта, тахтача сўзига бориб тақалади. Русчадаги таблица (жадвал), табель (рўйхат, ҳисобот), инглизчадаги table (жадвал) сўзлари ҳам tabulaнинг “авлодлари”дир.

Мутахассислар бу сўзни ҳабдори шаклида ёзиш афзаллигини таъкидлашяпти. Худди ширчой сўзи сингари. Ҳаб сўзи шир сўзи каби ўзбек тилида мустақил ишлатилмай қўйган. Шир (сут) сўзи қатнашган ширбоз, ширгуруч, ширхўрда каби сўзлар қўшиб ёзилади. Асослар мантиқли.

Имло ва изоҳли луғатларнинг кейинги нашрларида керакли тузатиш киритилмагунча, сўз ҳабдори шаклида берилмагунча вақтинча ҳаб дори вариантини тўғри деб турамиз. Чунки бу луғатларда бирикма айни шу кўринишда ёзилган.

@oriftolib
Калка ва калкалаш

Калка сўзининг расм чизиш билан боғлиқ маъноси ҳам бор. Лекин бугун тил билан боғлиқ маъносига тўхталамиз.

“Калка таржима бўлибди”, “Ибораларни калкаламаслик керак” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Хўш, калка ўзи нима дегани?

Французча calque – нусха, тақлид сўзидан олинган бу атама тилшуносликда бошқа тилдан сўзма-сўз таржима қилиш орқали ясалган сўз ёки иборани англатади. Таржима она тилидаги сўзлар воситасида қилинади, лекин чет тилидаги тартиб-таомил сақланади. Масалан, дунёқараш сўзи русча мировоззрение сўзининг, ишчи кучи эса рабочая сила иборасининг калькасидир.

Калка кўпинча салбий хусусият касб этса-да, ижобий жиҳатлари ҳам бор. У ижодий жараёнда пайдо бўладиган тил ҳодисаси, тилни бойитиш омилларидан бири. Албатта, таржимон маҳорат билан ўгира олса. Тилда мавжуд бўлган тайёр сўз, бирикма ва иборалар ўрнига чет тилидан сўзма-сўз таржима қилиб, ўхшамаган “эъжодий” янгиликлар яратиш эса таржимоннинг нўноқлиги белгиси. Бундай сунъий ибора ва жумлалар авж олса, оммалашса, тил софлиги ва ривожига жиддий зарба беради.

Сиз қандай калка сўз ва ибораларни биласиз? Изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
Пастки жағнинг бирлашган жойи – ...
Anonymous Quiz
11%
Ийяк | Iyyak
86%
Ияк | Iyak
4%
Эяк | Eyak
Жағ, даҳан, ияк, чакак: фарқи нимада?

#Сўраган_эдингиз

Юқоридаги сўзларнинг барчаси – одам аъзосини англатувчи сўз. Маъноси бир-бирига яқин, баъзида уларни алмашлаб ҳам қўллаш мумкин. Хўш, уларнинг луғавий маъноси қандай:

Жағ – одам ва ҳайвонларда калланинг тишлар ўрнашган суяги.

Даҳан – оғиз. Икки лаб ва уларнинг бир-бирига тегиб турган жойи ва атрофи.

Ияк – пастки жағнинг ҳар икки томони қуйилиб келиб бирлашган жойи. Пастки жағ.

Чакак – пастки жағ.

Бу сўзлардан жағ, ияк, чакак маънодош бўлса-да, ҳар доим ҳам бир-бирининг ўрнида қўлланавермайди. Масалан:

Жағи тинмайди – чакаги тинмайди – ияги тинмайди 🤦🏻‍♂️
Жағ пайлари – чакак пайлари 🤔 – ияк пайлари 🤔

@oriftolib
-ки боғловчиси имлоси

Амалдаги имло қоидаларида бу боғловчи қай тарзда ёзилиши ҳақида гап йўқ. Лекин ўзбек тили грамматикасига оид китобларда у ўзидан олдинги сўзга қўшиб ёзилиши кўрсатилган. Амалиётда ҳам шундай:

Ҳамма касал шундаки, сиз халқ кучига ишонмайсиз.
Ш. Рашидов, Бўрондан кучли.

Ҳаётда шундай кишилар бўладики, қалб калити уларнинг қўлида.
Ё. Шукуров, Халқ билан ҳамнафас.

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида -ки боғловчиси кесимга қўшилиб келяпти. Бундай ҳолатларда ундан кейин вергул қўйилади. Кесимга қўшилмаган ҳолатларда вергул талаб қилмайди:

Кимки бунинг моҳиятини англамаса, хато қилади.

Бу боғловчининг -ким кўриниши ҳам бор. Лекин бу шаклда қўллаш ҳозир эскирган:

Ажабким, муқаддас нарсалар ёнма-ён бўларкан.
Газетадан.

Фиғонким, гардиши даврон айирди ўз диёримдан.
Фурқат.

📌 Демак:

Шундай гапирдики, ҳайрон қолдим.
Шундай гапирди-ки, ҳайрон қолдим.
Шундай гапирди ки, ҳайрон қолдим.

❗️ Мумтоз шеъриятда, баъзан ҳозирги замон шеъриятида ҳам -ки (ким) боғловчиси жумла бошида келадиган ҳолатлар учраб туради. Бунда у сўз каби ёзилади:

Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..
Чўлпон

Ким, кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами.
Алишер Навоий

Мен жумла тузишда ва таҳрирда -ки боғловчисидан иложи борича фойдаланмасликка ҳаракат қиламан. Насиб қилса, бу ҳақда алоҳида гаплашамиз.

🤔 Айтганча, баъзи китобларда -ки боғловчиси юклама деб берилган. Унинг боғловчи ёки юклама экани баҳс мавзуси эмас 🙃. Мақсад – имлосини ўрганиш.

@oriftolib
Омикрон, “омикрон” ёки Omicron?

Ҳозир коронавируснинг энг кенг тарқалаётган штамми мана шу – омикрон. У турли нашрларда турлича ёзиляпти. Аслида қандай ёзиш керак?

Омикрон юнон алифбосининг 15-ҳарфи. Коронавируснинг олдинги штаммлари ҳам юнон алифбоси ҳарфлари билан номланган.

Алфа, бета, гамма, делта, омикрон каби сўзлар бу ўринда коронавируснинг вариантини англатяпти. Шу сабабли уларни кичик ҳарфларда ва қўштирноқсиз, ҳеч қандай чизиқчасиз ёзиш керак. Штамлар имлоси навлар имлосига ўхшайди. Штамм атоқли от эмас, ёки сарлавҳа эмас. Илмий матнлардагина сўзни қўштирноқда ва бош ҳарфда бериш мумкин. Чунки бундай матнларнинг ўзига хос талаб ва асослари бор. Оммавий ахборот воситалари, телеграм каналлар ва оддий ёзишмаларда бу шаклда ёзмаган тўғри.

Сўзни инглизча шаклда бериш ҳам хато эмас. Инглиз тили илмий жабҳада ҳам халқаро тил саналади. Коронавирус номини COVID-19 деб ёзганимиз каби штамм номини Omicron деб ҳам ёзса бўлади. Бу ўринда касалликнинг халқаро илмий номи бериляпти деб қабул қилинади.

Бу сўз савдо белгиси, корхона ёки ташкилот номи бўлмагани учун уни аслидагидай бериш шарт эмас. Шу сабабли омикрон шаклида ёзиш тарафдориман.

📌 Демак:

Omicron штамми, омикрон штамми
Omicron-штамми, омикрон-штамми

@oriftolib
Ҳирс ва хирс

Талаффузи яқин бу икки сўз маъно жиҳатидан фарқ қилади. Ҳирс араб тилидан кирган, ўзбек тилида икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Етишиш, эришишга бўлган кучли интилиш, истак, майл: мол-дунё тўплашга бўлган ҳирс.

2️⃣ Салбий маънода: жинсий ҳиссиёт, шундай ҳиссиётли майл: ҳирс билан қаради.

Хирс сўзи тилимизда бот-бот учраб туради, асосан сўзлашув тилида ишлатилади. Форсчадан кирган бу сўз айиқ деган маънони англатади: хирсдай йигит, хирсдай бақувват, хирсдан-да кучли.

Хирсдай тўқ ибораси икки хил маънога эга:

1️⃣ Овқатни кўп еган, қорни тўқ.

2️⃣ Кўчма маънода: мўл-кўлчиликда яшовчи бой, бадавлат киши ҳақида.

❗️ Хирс сўзи айиқ маъносида ўхшатишли бирикмалар ва ибораларда учрайди, холос. Ҳайвон маъносида ишлатилмайди. Масалан, ҳайвонот боғига хирс келтирилди дейилмайди.

📌 Демак:

Хирсдай йигит, хирсдай тўқ одам, ҳирси кучли

Ҳирсдай йигит, ҳирсдай тўқ одам, хирси кучли

@oriftolib
“Қулоғи том битган”: том нима?

Тилимизда уч хил том сўзи бор. Иккитасининг маъноси кўпчилигимизга яхши таниш: уйнинг томи, китобнинг томи (жилди). Сарлавҳадаги иборада бу икки том сўзи қатнашмаган. У бошқа бир омоним. У араб тилидан кирган том сўзи бўлиб, аслиятда тўла, тўлиқ, бутун; мукаммал маъносини билдиради. Ўзбекчада икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Тўла, тўлиқ: том иштаҳа, том ихлос, том итоат.

2️⃣ Бутунлай, тамомила, батамом: қулоғим том битди, том ҳайрон қолди, том маҳлиё бўлди.

Том маънода, том маъноси билан каби ибораларда ҳам ана шу том сўзи ишлатилган. Бунда тўлиқ, чин маъно назарда тутилади.

Қулоғи том битмоқ бирикмаси қулоқ тамоман битганини, эшитиш қобилияти йўқолганини билдиради. Бу ибора бўйича баъзан эҳтимология 🙃 вариантлари ҳам учраб туради: “том остида қолган одамнинг қулоғи эшитмай қолади, шунинг учун том битди дейилган” деганга ўхшаш. Бу хато, албатта.

@oriftolib
Цензура талаби билан

Рус тилининг бир нечта изоҳли луғати бор. Шулардан бири – Ожегов изоҳли луғати. Китоб ҳажми ортиб кетмаслиги учун ва луғатчилик принципларига кўра, луғатга кишининг қаерданлигини билдирувчи ва жойга хосликни англатувчи сўзлар киритилмаган. Шу сабабли ундан москвич – москвалик, московский – Москвага хос, оренбуржец – оренбурглик, оренбургский – Оренбургга хос каби сўзлар жой олмаган.

Лекин Ожегов луғатига истисно тариқасида ленинградец (ленинградлик) сўзи киритилади. Баъзи манбаларга кўра, бу ленинградский сўзи бўлган. Истисно ўша давр сиёсати ва цензура талаби билан киритилган.

Чунки...

Луғатда ленивый (дангаса) ва ленинец (ленинчи) сўзларининг кетма-кет келиши кўнгли нозик цензура эътиборини тортган. Ахир дангаса ленинчи деган мазмун келиб чиқиши мумкин-да! Ноқулай “қўшни”ларни ажратиш учун улар орасига нимадир қўшиш керак эди. Ана шу талаб туфайли ленинградец (ёки ленинградский) сўзи луғатдан жой олган. Луғатнинг кейинги нашрларидан эса бу сўз чиқариб ташланган.

@oriftolib