Orif Tolib
9.76K subscribers
862 photos
82 videos
5 files
1.52K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama haqida:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
“Оҳори тўкилди”: оҳор нима?

Оҳор сўзи форс тилидан олинган. Ўзбек тилида уч хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Ип, газлама ёки кийимга пардоз бериш ёки қотириш учун ишлатиладиган модда; крахмал.

2️⃣ Шундай модда билан янги нарсага, кийимга берилган ишлов, пардоз.

3️⃣ Кўчма маънода: обрў, ҳурмат.

Оҳор сўзи қатнашган бир нечта ибора бор:

Оҳор бермоқ – оҳорлаб пардоз бермоқ, крахмалламоқ: чит тўқилгач, унга оҳор берилади.

Оҳори кетган (ёки тўкилган) ёки оҳордан тушган – кийилган, тутилган, эски: оҳори кетган дўппи.

Оҳори тўкилмаган ёки оҳордан тушмаган – 1) янги, пардози кетмаган, кўп ишлатилмаган: оҳори тўкилмаган беқасам тўн, оҳордан тушмаган камар. 2) кўчма маънода: обрўси кетмаган, ҳурмати сақланган, баобрў; 3) кўчма маънода: илгари ишлатилмаган, тутилмаган, янги: оҳори тўкилмаган гап.

Оҳорини тўкмоқ – 1) янги нарсани кийиб, тутиб эскиртмоқ, пардоздан туширмоқ; 2) кўчма маънода: обрўсини тўкмоқ, беҳурмат қилмоқ.

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги ибораларда оҳор сўзи баъзан крахмал маъносини англатган бўлса, баъзида бу маънодан анча узоқлашган.

📌 Демак:

Оҳор, оҳори тўкилди, оҳори кетди, оҳор берди
Охор, охори тўкилди, охори кетди, охор берди

@oriftolib
Tarixiy yodgorliklar nomi qanday yoziladi?

Tarixiy bino-inshootlar nomlarini qanday yozish haqida punktuatsiya qoidalarida aniq tartib koʻrsatilmagan. Shu sababli mavzuga yaqinroq boʻlgan qoidadan yechim topamiz.

Korxona, tashkilot va muassalarning shartli nomlari, yaʼni atab qoʻyilgan nomlari qoʻshtirnoqqa olinishi, qolgan hollarda qoʻshtirnoqsiz yozilishi haqida eslab oʻtgan edim.

Tarixiy yodgorlik nomida shaxs oti ishlatilgan boʻlsa va bu yodgorlik oʻsha shaxsga bevosita tegishli boʻlsa, unga qoʻyilgan ot odatda shartli nom deb hisoblanmaydi va qoʻshtirnoq ishlatilmaydi: Xudoyorxon oʻrdasi, Olloqulixon madrasasi, Nurullaboy saroyi, Oybek uy-muzeyi.

Agar bino-inshoot nomida joyni bildiruvchi soʻz ishlatilgan va u atab qoʻyilgan nom tarkibida boʻlmay, geografik tushunchani bildirayotgan boʻlsa, qoʻshtirnoq qoʻyilmaydi: Oʻzbekiston tarixi davlat muzeyi, Buxoro arki.

Agar tarixiy yodgorlikka biror shaxs nomi berilgan boʻlsa-yu, u bu bino bilan bevosita bogʻliq boʻlmasa, nom qoʻshtirnoqqa olinadi. Yaʼni bu shaxs madrasa, masjid, kutubxona, saroy, oʻrda kabi inshootlarni qurdirmagan, qurilishiga bevosita sababchi ham boʻlmagan, bu bino unga oid emas boʻlsa va nom ana shu shaxsga hurmat belgisi sifatida, uning sharafiga qoʻyilgan boʻlsa, uni qoʻshtirnoqda berish kerak. Masalan, poytaxtdagi “Abu Hurayra” jome masjidi. Buyuk sahobiy bu masjidni qurdirmagan, qurilishiga bevosita sababchi boʻlmagan. Masjid u kishining sharafiga nomlangan.

Koʻkaldosh madrasasi nomi esa qoʻshtirnoqsiz yoziladi. Nega? Chunki bu shartli nom emas. Buxoro va Toshkentdagi Koʻkaldosh madrasalarini Buxoro xonining vaziri Qulbobo Koʻkaldosh qurdirgan.

Milliy ensiklopediya “Moʻyi Muborak” madrasasi, “Goʻri Amir” maqbarasi kabi birikmalarni qoʻshtirnoqsiz ishlatgan. Vaholanki, bular shartli nom hisoblanadi. Madrasa yoki maqbaraga shunday nom berilgan, uning oti shunday. Eʼtiborlisi, milliy ensiklopediyada madrasa, maqbara, yodgorlik nomlarida umuman qoʻshtirnoq qoʻllanmagan.

Chalkash-a?

Yangilanadigan imlo va punktuatsiya qoidalarida shu kabi holatlarga ham aniq-tiniq javob berilishi zarur deb hisoblayman.

Hozircha esa qiyosiy xulosalarimizga tayanib turamiz.

📌 Demak:

Nurullaboy saroyi, Oybek uy-muzeyi, “Hazrati Imom” majmuasi, “Goʻri Amir” maqbarasi

“Nurullaboy” saroyi, “Oybek” uy-muzeyi, Hazrati Imom majmuasi, Goʻri Amir maqbarasi

👉 Toʻliq oʻqish

@oriftolib
“Писанда қилди”: писанда нима?

Писанда сўзини кўпинча киноя маъносида тушунамиз. Аслида-чи? Бу сўзнинг асл маъноси нима?

Изоҳли луғатга кўра, писанда форс тилидан кирган, аслиятда дидга тўғри келган, мақбул; мақтовга, маъқуллашга сазовор маъноларини билдиради. Ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Олдиндан қўйилган талаб, шарт.

Уларнинг ўзаро писандаларига мувофиқ, янги ерлар, чиқариладиган сувлар Тешабойга текин ўтади.
М. Исмоилий, Фарғона т.о.

2️⃣ Талаб ёки шарт тарзида айтиладиган баҳона.

Писанда қилмоқ ибораси икки хил маънога эга:

1️⃣ Олдиндан бирор талаб ёки шарт қўймоқ.

Шу аснода Давронга паспортни узатаркан, писанда қилди:
– Энди сизга гап шу, ака: бундан кейин ичган пайтингизда кўча-кўйда санқиб юрманг.

Н. Қиличев, Чиғириқ.

2️⃣ Таъкидламоқ; луқма ташламоқ.

Кори хайр иши давлатга қарамайди, оғайни, – писанда қилди мулла Бердиёр, – ҳимматга қарайди, ҳимматга.
“Муштум”.

@oriftolib
Ўқиладиган саҳифа

Телеграмда муҳаррирларнинг ҳам саҳифалари кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол. “Hilol-nashr” нашриёти бош муҳаррири Ёрқинжон Ҳайдаровнинг канали билан яқинда танишдим. Қизиқарли, эътиборга молик материаллар бериб бориляпти. Обуна бўлишни тавсия қиламан.

Қуйида Ёрқинжон аканинг саҳифасидан олинган мақола билан танишасиз:


“Қарши” сўзи тарихидан

“Бобурнома”да Бобур Мирзо қарши сўзи мўғулчадан ўзлашгани, қабристон маъносини англатишини келтиради ва шундай ёзади: “Яна Қарши вилоятидирки, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар. Қарши мўғулча отдир. Гўрхонани мўғул тили билан қарши дерлар. Афтидан, бу от Чингизхон истилосидан сўнг бўлгандир”.

Туркий халқлар тарихи ва тиллари билимдони ҳисобланган Бартольд қарши сўзи мўғулчада сарой маъносини англатишини айтиб, ўша давр муаллифлари асарларида ҳам бу сўз сарой, қаср маъносида ишлатилганини айтади. Бартольднинг фикрича, Кебекхон ўз ҳумкдорлик даврида (1318–1326) Нахшаб (Қаршининг эски номи) яқинида ўзига сарой қурдиради. Мўғулчада қарши сўзи билан ифодаланган бу сарой номи кейинчалик шаҳар номига айланиб кетади (Владимир Бартольд. Двенадцать лекций по истории турецких народов Средней Азии).

Тилимизда қарши сўзи қадимдан зид, рўпара, сарой, қаср сингари маъноларда ишлатиб келинган. Кўплаб туркий достонлар ва тарихий асарларда бунга мисоллар бор. Туркий тилларнинг энг қадимий луғати ҳисобланган “Девони луғатит турк”да ҳам Маҳмуд Кошғарий бу сўзнинг шоҳ қасри ва тескари, қарши маъноларини келтирган.

👉 @HYorqinjon

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

Қисқартма сўзлар: қўшимчалар қўшиб ёзиладими ё ажратиб?

Тилимизда рус ва бошқа Европа тиллари таъсирида қисқартма сўзлар пайдо бўлган. Уларнинг имлосида баъзан иккиланишлар бўлиб туради. Қоидаларни билиб олиш эса бунга барҳам беради.

Имло қоидаларига кўра, қисқартмаларнинг барча турлари ва уларга қўшиладиган қўшимчалар қўшиб ёзилади: СамДУ, ТошДУнинг каби.

Яъни:

Сам ДУ, Фар ДУ, Ўз МУ деб ажратиб ёзиш хато.

Қисқартмага бирикадиган қўшимча ҳам қўшиб ёзилади: СамДУда, ФарДУга, ЎзМУдан.

❗️ Лекин ёнма-ён келган икки қисқартма ажратиб ёзилади: ЎзХДП МК – Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши. Бу ерда ЎзХДП алоҳида, МК алоҳида қисқартма.

📌 Демак:

АҚШда, БМТнинг, ОАВдан, ЮНИСЕФни, БухДУга
АҚШ да, БМТ нинг, ОАВ дан, ЮНИСЕФ ни, БухДУ га, Бух ДУга, Бух ДУ га

@oriftolib
Соҳилдаги кампир

Оила дам олиш кунини соҳилда ўтказди. Болалар денгизда мириқиб чўмилди, қумда ҳаммомпиш ўйнади. Бир пайт узоқроқда шу тарафга қараб келаётган увоққина бир кампир кўзга ташланди. Кийимлари эскиган, серямоқ эди. У қумдан нимадир ажратиб олиб, халтасига солар, ора-сира бир нарсалар деб тўнғиллаб қўярди.

Ота-она болаларни чақириб, кампирга яқин йўламасликларинини тайинлади. Қария оила турган жой рўпарасига келди ва буларга жилмайиб қаради. Лекин оиладагиларнинг ҳеч бири унга муносабат билдирмади.

Орадан анча вақт ўтгач, оила аъзолари бу увоққина кампир ҳақида бир гапни эшитишди. Айтишларича, у бутун ой-кунларини шу соҳилда ўтказар экан. Болаларнинг оёқларини тилиб кетмасин дея шиша синиқларини териб юраркан.

@oriftolib
Вергул қачон ишлатилади: энг асосий 7️⃣ та қоида

Шаҳноза опа яқинда вергулни қўллаш қоидаларини ихчамлаштириб, беш-олтита қоидага жамлаш ҳақида ёзганди. Ана шу ғоя асосида вергул ишлатиладиган энг муҳим ҳолатларни йиғиб чиқдим. Имкон қадар ихчамлаштирдим.

Қоидаларга амал қилишда энг муҳими – моҳиятни тушуниб олиш. Шунга эришган одам қоидада айнан кўрсатилмаган ўринларда ҳам тиниш белгиларини тўғри қўллай олади.


Ўзбек тилида вергул қуйидаги ҳолатларда ишлатилади:

1️⃣ Уюшиқ бўлаклар ва гапда такрорланган сўзлар билан.

Мисоллар:
Сен куйчи, пахтакор, олим...
У ўқиб, ёзиб, таҳлил қилиб чиқди.
Қани, қани, меҳмонларнинг қўлига сув қуйворинглар.
Безовта қилиб қўйдим, узр, узр.

2️⃣ Ажратилган бўлаклар билан.

Мисоллар:
Азизга, собиқ талабага, бу сўз ёқмади.
Ислоҳотларга биз, яъни ёшлар ҳам ҳисса қўшишимиз керак.

3️⃣ Киритмалар (кириш сўзлар, кириш бирикмалар ва кириш гаплар) ва модал сўзлар билан.

Мисоллар:
Астойдил ишланса, шубҳасиз, бу ердан яхши ҳосил олиш мумкин.
Балки, бу ҳақда бир ўйлаб кўрарсиз.

4️⃣ Ундалмалар ва ундов сўзлар билан.

Мисоллар:
Оғайни, бу масалага енгил қараш ярамайди.
Ҳой, бу нима қилганингиз ахир?!

5️⃣ Бошқа бўлакларга боғланмаган сўзлар билан.

Мисоллар:
Қани, бу ҳолатни оддийроқ тушунтириб беринг-чи.
Бу саволга, хўш, ҳуқуқшунос жавоб бера қолсин.

6️⃣ Муаллиф гапини кўчирма гапдан ажратишда.

Мисоллар:
– Мен бугун боролмайман, – деди у.
“Мен бугун боролмайман”, деди у.

7️⃣ Бирдан ортиқ иш-ҳаракат ифодаланган содда гаплар, бирдан ортиқ кесим қатнашган қўшма гапларда.

Мисоллар:
Дадам келгач, ош сузилди.
Гуллар очилиб, атрофга анвойи бўйлар таралди.
Касби – ўқитувчи, мутахассислиги – математик, ижодкорлиги ҳам бор.
Атроф қоронғи, лекин дарахтлар яққол кўзга ташланади.
Аччиғим чиқди-ю, аммо билдирмадим.
Ё сиз келинг, ё мен борай.

❗️ Эслатмалар:

Ундов, ундалма ва киритмалар гап бошида келганда вергул улардан кейин, гап ўртасида келганда ҳар икки ёндан, гап охирида келганда улардан олдин қўйилади.

Қўшма гаплар ёки уюшиқ бўлаклар ва, -у, -ю, ҳамда, ё (гапда бир марта қатнашса) каби тенг боғловчилар билан боғланса ёки саналса, улар орасига вергул қўйилмайди.

Вергул қавс ва қўштирноқ билан қўлланганда улардан кейин, тире билан қўлланганда ундан олдин қўйилади, кўп нуқта билан келганда эса тушиб қолади.

Ҳар бир ҳолатга изоҳ берганман. Мақоланинг тўлиқ варианти билан сайтда танишишингиз мумкин.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” республика танлови эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Инновацион ривожланиш вазирлиги “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” республика танловини эълон қилди.

Танлов учта йўналишда ўтказилади.

Биринчи йўналиш – “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд”. Бунда маҳаллий ижро этувчи туман ва шаҳар ҳокимликлари иштирок этади.

Иккинчи йўналиш – “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим”. Ғолиб вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари орасидан аниқланади.

Учинчи йўналиш – “Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа”. Бунда илмий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари қатнашади.

Танлов шу йилнинг 10 июнидан 10 сентябригача бўлган муддат оралиғида ўтказилади ва ғолиблар 21 октябр – Ўзбек тили байрами куни арафасида эълон қилинади.

Танлов ғолиблари қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади.

Менга айниқса иккинчи йўналиш маъқул келди. Давлат тилида иш юритиш тўкис йўлга қўйилган ташкилот, унинг раҳбари, тилга масъул ходимлари эътиборга, таҳсинга лойиқ. Бунда иш юритиш билан бирга ташкилот ташаббуси билан қабул қилинган қонун ва қарорлар, турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатига ҳам диққат қаратилса, нур устига нур бўларди.

Менимча, танлов йўналишлари қаторига ўзбек тилига оид соф илмий ва илмий-оммабоп асарлар муаллифлари, интернетда ўзбек тилини ўргатиш бўйича иш олиб бораётган репетиторлар учун номинациялар киритиш керак. Давлат тилини ривожлантиришда уларнинг ҳам хизмати бор.


Танлов ҳақида бу ерда кенгроқ маълумот олишингиз мумкин.

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

Сархушми ёки сарҳуш?

Хуш ва ҳуш сўзларининг фарқи, бу сўзларни ёзишда баъзан чалкашликлар пайдо бўлиши ҳақида ёзгандим.

Сархуш сўзи имлосида ҳам иккиланишлар бўлиб туради. Форс тилидан олинган бу сўз ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Кайфи бор, ширакайф; кайфли.

– Оёқларим ҳам қалтирай бошлади, кўчада сархуш одамлардай борардим, – деди Камолиддин.
Т. Жалолов, Олтин қафас.

2️⃣ Кўчма маънода: бирор нарсадан кучли таъсирланиб завқланган, кайф қилган; ўта бахтиёр; масрур.

Мен сизни севаман ялпизлар атри,
Қушчаларнинг сархуш сайроғи билан.

Х. Даврон, Тунги боғлар.

Сархуш сўзини сарҳуш деб ёзиш ва буни тўғри деб қабул қилиш сўзни аслиятга кўра эмас, ўзбекчага кўра қисмларга бўлишдан келиб чиқиши мумкин.

Янглиш хулоса тахминан мана бундай: сар – бош, ҳуш – ақл-ҳуш, эс маъносида. Сархуш одамнинг ақл-ҳуши ўзида бўлмайди, демак, сарҳуш деб ёзиш керак.

Йўқ, аслида бундай эмас. Сархуш сар ва хуш сўзларидан, бошида ғам йўқ, ҳаммаси хуш, ҳаммаси яхши деган маънода. Тўғри, сўз бундан фарқлироқ мазмунда ишлатилади. Лекин у форс тилида айни шу шаклда ясалган. Сархуш аслиятда ширакайф; кайфи чоғ, хурсанд; безовта, жўшқин каби маъноларни англатади.

📌 Демак:

Сархуш
Сарҳуш

@oriftolib
Профессорнинг сабоғи

Профессор сув тўлдирилган стаканни олди ва қўлларини олдинга узатиб, талабалардан сўради:

– Стаканнинг вазни қанча деб ўйлайсизлар?

Синфга жон кирди, ҳар ким ўзича тахминлади.

– Икки юз грамм чиқар-ов. Балки уч юз граммдир. Бор-е, ана беш юз грамм бўлсин.

– Тортиб кўрмагунча, аниқ вазнини барибир билиб бўлмайди. Лекин ҳозир бу муҳим эмас. Менинг сўрамоқчи бўлган саволим аслида бошқа: агар идишни шу ҳолда бир неча дақиқа ушлаб турсам нима бўлади?

– Ҳеч нарса.

– Тўғри, ҳеч нарса бўлмайди, – деди профессор. – Дейлик, икки соат ушлаб турсам-чи, унда нима ўзгаради?

– Қўлларингиз оғриб кетади.

– Бир кун тутиб турсам-чи?

– Қўлларингиз уюшиб, тамом бўлади, мушакларингиз шикастланиши ҳам мумкин. Балки даволанишингизга тўғри келар.

– Кун бўйи ушлаб турсам, стаканнинг вазни ўзгарадими?

– Асло йўқ!

– Хўш, бу аҳволдан қутулиш учун нима қилишим керак?

– Идишни қайтариб стол устига қўйинг!

– Яшанглар! – юзларига табассум югуриб жавоб берди профессор. – Ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар ҳам шунга ўхшайди. Агар муаммолар ҳақида бир неча дақиқа ўйласангиз, улар сизга яқинлашади. Фикрингизни бир неча соат улар билан банд қиладиган бўлсангиз, тинкангизни қурита бошлайди. Кун бўйи шу муаммоларнинг дарди билан юрадиган бўлсангиз борми, миянгиз фалажланиб қолиши, яъни тўғри қарор қабул қилолмайдиган ҳолга келиши аниқ. Муаммолар ҳақида ўйлайвериш бирор-бир яхши натижага олиб келмайди. Бу билан муаммоларнинг “вазн”и ҳам ўзгариб қолмайди. Улар билан курашишнинг ягона йўли – ҳаракат қилиш. Муаммони ҳал қилинг ёки бир четга суриб қўйинг. Юрагингизга юк бўлиб тушадиган оғир тошларни – қайғули ўй-хаёлларни кўтариб юриш ярамайди.

@oriftolib
#Дарё

Жаҳонгашта сўзлар

Бу гал “Тилимизни биламизми?” рукнида дунё кезиб, бошқа тиллар орқали қайтиб келган жаҳонгашта сўзларимиздан баъзиларини шарҳладим. Мақоладан шашлик, товар, йогурт ва кармон сўзлари тарихи, уларнинг аслан туркийча экани ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.

Қизиққанлар “Дарё”да мақоланинг тўлиқ шакли билан танишишлари мумкин:

👉 https://daryo.uz/2021/06/16/tilimizni-bilamizmi-dunyo-kezib-boshqa-tillar-orqali-qaytib-kelgan-jahongashta-sozlarimiz/

@oriftolib
“Кармон” ўзимизники

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу сўзни рус тилидан кирган деб кўрсатибди. Лекин унинг келиб чиқиши туркий тилларга тақалади.

Рус тилшуноси М. Фасмер карман сўзининг этимологияси бўйича бир неча мисолларни келтиради. Жумладан, бу сўз бир неча туркий тилларда борлиги, чўнтак, ҳамён маъноларини англатишини таъкидлайди.

А. Семёнов этимологик луғатида ёзишича, бу сўз рус тилига XVI аср охири – XVII аср бошларида ўтган. XIX аср сўнгигача карман рус тилида ҳам ҳамён маъносини англатган.

Замонавий рус тилида чўнтак маъносини билдирадиган бу сўз сумка, рюкзак каби буюмларга ўрнатиладиган ёнчиққа нисбатан ҳам ишлатилади.

Кармон сўзини оғзаки тилда кам қўллаймиз. Ҳозир бу маънода русча кошелёк сўзидан фойдаланиш урф бўлган. Унинг ўзбекча муқобили – ёнчиқ сўзи эса деярли истеъмолда эмас.

Баъзида шундай. Тайёр ўз сўзимиз турганда чет сўзни маъқул кўрамиз.

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

Пайғамбарми ёки пайғамбар?

Пайғамбар сўзи бош ҳарф билан ёзиладими ёки кичик ҳарф билан? Бу худди Ислом сўзини бош ҳарф билан ёзишга ўхшаб кетади.

1️⃣ Имло қоидаларига кўра, бу сўз кичик ҳарф билан ёзилади: пайғамбарлар тарихи, Исо пайғамбар, пайғамбар юборди, пайғамбар бўлди.

2️⃣ Агар бу сўз Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ифода этса, у зотга ҳурматан бош ҳарфда ёзиш керак. Барча исломий нашрларда ана шу қоидага амал қилинади. Бунда пайғамбар сўзи ёлғиз ўзи ҳам, исм билан бирга ҳам келиши мумкин: Пайғамбаримиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом.

Лекин Аллоҳнинг пайғамбари бирикмасида кичик ҳарф билан ёзиш тўғри. Чунки бу ўринда пайғамбар сўзи исм ўрнида қўлланмаяпти.

Пайғамбар сўзининг маънодошлари – набий, расул сўзларини ҳам юқоридаги қоидаларга кўра ёзиш мумкин. Лекин Расулуллоҳ сўзини бош ҳарф билан ёзиш керак. Чунки бунда мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутадилар.

Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилмаган ўринларда пайғамбар, набий ва расул сўзларини диний матнларда ҳам кичик ҳарф билан ёзиш керак.

@oriftolib
“Маҳсулот”нинг ўзбекчаси – товар

Тилимизга ўрнашиб, ўзига тегишли бўлмаган ҳудудларни ҳам эгаллаб олган монополтабиат сўзлардан бири маҳсулотдир. Бу сўзни ўринли-ўринсиз қўллайверамиз. Унинг туркийча муқобили – товарга эса жуда кам мурожаат қиламиз. У гўё рус ёки бошқа Европа тилидан кириб келгандай туюлади. Аслида бундай эмас. Товар ғирт ўзбекча сўз.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида тавар сўзига жонли, жонсиз мол, мато деб таъриф берилган:

Ўл анинг бирла тавар яришди – У шериги билан товарни тенг бўлишди.

Товар рус тилига туркий тиллардан ўтган. У болгар, словен, чех, поляк каби тилларда ҳам ишлатилади.

Дастлаб чорва моли маъносида қўлланган товар кейинчалик ҳар қандай моддий бойликни ифода эта бошлаган. Қадимда кўчманчи туркий қавмларда чорва асосий бойлик бўлган.

Халқнинг турмуш тарзи тилда акс этиши – табиий ҳол. Инглиз, рус ва бошқа тилларда маблағ, сармоя маъносида қўлланадиган капитал сўзи ҳам лотинча caputбош, асосий сўзига бориб тақалади. Қадимда Европада ҳам бойлик чорва сони билан ўлчанган, буни аниқлаш учун чорва боши саналган, чорва бойликнинг асосий ўлчови бўлган.

Хуллас, томирида туркий тил қони оқаётган товар сўзини бемалол ишлатаверишимиз керак. У тилимизнинг минг йиллик товари.

@oriftolib
Болалар ва ёшлар учун юридик энциклопедия нашрдан чиқди

Ёзувчи Саъдулло Қуронов ва мен болалар ва ёшлар учун энциклопедия тайёрлаганимиз ҳақида ёзган эдим. Ана шу китоблар нашр этилибди.

📗 Болалар учун юридик энциклопедия

✍️ Ш. Баҳронов, С. Қуронов

Китобда болалар ёшлик чоғиданоқ ўрганиши зарур бўлган ҳуқуқий маълумотлар келтирилган. Болалар яхшироқ ўзлаштириши учун мавзулар суратлар билан бойитилган.

📗 Ёшлар учун юридик энциклопедия

✍️ Ш.Баҳронов, О.Мадвалиев

Китобда ёшлар ўз ҳуқуқларини ўрганиши учун зарур маълумотлар келтирилган. Энциклопедияни тайёрлашда Конституция, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, миллий ва юридик энциклопедиялар, изоҳли луғат, интернет ва бошқа манбалардан кенг фойдаланилган.

@oriftolib