Orif Tolib
10.5K subscribers
969 photos
91 videos
5 files
1.72K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://bit.ly/3nHSpI6
Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot
Donat:
👉 8600572904072506
👉 tirikchilik.uz/oriftolib

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Жунбишга келмоқ: жунбиш нима?

Жунбиш сўзи форсчадан олинган. Аслиятда ижтимоий ҳаракат; ҳаракатланиш, қимирлаш маъноларини англатади. Ўзбек тилида мустақил ишлатилмайди. Жунбишга келмоқ ёки жунбишга кирмоқ иборалари таркибида қўлланади. Ушбу иборалар қуйидаги маъноларни билдиради:

1️⃣ Ҳаракатга келмоқ, ҳаракатланмоқ.

Бу азамат иш бошланиши билан бутун водий янги бир жунбишга киради.
А. Қаҳҳор, Сароб.

2️⃣ Кўчма маънода: қўзғалмоқ, қайнамоқ.

Қалбида бир-бирига зид, асов ҳислар жунбишга келди.

📌 Демак:

Жунбишга келмоқ, жунбишга кирмоқ

Жунбушга келмоқ, жунбушга кирмоқ, жумбушга келмоқ, жумбушга кирмоқ

@oriftolib
Жўмард ва жумард

Бу икки сўз жувонмард сўзининг қисқарган шаклидир. Жувонмард форсчадан олинган бўлиб, аслиятда олийжаноб, мард киши; олийжаноб, мард маъноларини англатади. Ўзбек тилида икки хил маънога эга:

1️⃣ Мард, ботир, довюрак.

Лекин бу маънода қўллаш ҳозир эскирган.

2️⃣ Олийжаноб, олийҳиммат, ҳотам.

Жувонмард икки қисмдан иборат: жувон+мард. Жувон сўзи аслиятда ёш; умрининг ярмига ҳам етмаган одам ёки ҳайвон маъноларини билдиради. Лекин ўзбек тилида унинг мазмуни ўзгариб кетган. Эрли ёш аёл, тул хотин, иффатини йўқотган қиз маъноларига эга ва якка ҳолатда аёлларга нисбатан ишлатилади. Жувонмард сўзининг қисқартирилиб, жўмард ва жумардга айланганига шу ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Мард сўзи ҳам форсчадан, аслиятда одам; эркак; ботир, жасур маъноларини билдиради. Ўзбекчада ботир, айтганининг устидан чиқадиган одам, бирор ишни қила оладиган киши каби маъноларни ташийди ва асосан эркакларга нисбатан ишлатилади.

Жувонмард ҳам, жўмард ва жумард ҳам асосан эркакларга нисбатан қўланади.

Изоҳли луғатга кўра, жўмард ва жумард жувонмард сўзининг биринчи маъносида ишлатилади.

❗️ Тилда асосан жўмард варианти қўлланади, лекин жумард ҳам хато эмас.


📌 Демак:

Жувонмард, жўмард, жумард
Жўвонмард

@oriftolib
#Кундаликдан

Фикрни равон ифодалаш учун аввало ўша фикрнинг ўзи бор бўлиши керак.

@oriftolib
“Ёрдам берадиганлар кўпаяверсин”

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов телеграм каналида мактаблардаги муаммолар ва уларга раҳбарларнинг икки хил ёндашуви ҳақида тўхталиб ўтибди:

“Мактаблардаги моддий-техник ҳолат бўйича йиғилиб қолган муаммоларни кўплигини билганимиз учун ҳам барчани мактабга ёрдам беришга сафарбар қилиш ҳаракатидамиз. Лекин баъзилар бизнинг ички дардимизни юзимизга солиб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишдан нарига ўта олмаяпти. Ҳар қандай мансабдор шахс, сенаторми, депутатми, вазирми ёки бошқа раҳбар агар ҳақиқатда Президентимиз чақириқларига кўра мактабга ёрдам бераман деса, ўз имкониятидан келиб чиқиб ҳам ёрдам бериш йўлларини топа олади.

Президентимиз топшириқларини тўғри тушунган раҳбарлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари маблағларни ҳам топиб, мактабларга чин дилдан ёрдам беришга ҳаракат қилаяптилар. Яқинда бир катта идора раҳбари мактабларга қўшимча телевизорлар бериш бўйича ташаббус кўрсатди, лекин ёритманглар деганига кимлигини айтмай қўя қоламиз.

Адлия вазири эса катта рақамлаштириш лойиҳаси тугаганидан кейин бўшаган 2,5 мингдан ортиқ компьютерни мактабларга ўтказишга ёрдам берди. Улар ўқитувчилар хоналарига қўшимча компьютер сифатида қўйилади. Бундан ташқари, куни кеча Шовот туманидаги Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатининг тубдан янгиланишига мактаб битирувчилари ва тадбиркорларни жалб қилиб, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига хавас қилишга арзийдиган шароитлар яратишга ҳиссасини қўшди.

Мактаблардаги муаммоларимизни юзимизга солиш ўрнига, уларга ёрдам бериш имкониятларини топадиган шундай раҳбарлар ва инсонлар кўпаяверсин”.

Иқтибос тугади.

Менимча, оддий одамлар, блогерларнинг мактабдаги муаммоларни айтиши, кўтариб чиқиши нормал ҳолат. Лекин раҳбарлар муаммоларга ечим излаши ва топиши керак, уларнинг салоҳияти шунда билинади. Шунчаки муаммони санаб қўйиш ҳамманинг ҳам қўлидан келаверади.

@oriftolib
Расул Ҳамзатов

Доғистоним менинг

Кўп юртларда бўлдим, хўб кездим жаҳон,
Сўнг уйимга қайтдим толиқиб, ҳорғин.
Бошим узра аста сўрди Доғистон:
“Бошқа ўлкаларга бўлдингми мафтун?”

Тоғ бошига чиқдим, тўлдириб кўксим,
Яйраб нафас олдим, сўнг бошладим сўз:
“Дунё кезиб турфа элларни кўрдим,
Лекин сен мен учун баридан азиз.

Севгимдан камроқ гап очганман, балки,
Ахир, янги гапмас севгию изҳор.
Мен сўзсиз севганман. Қўрққанман, чунки
Кўп айтилган сўздан тўкилар оҳор.

Агар ҳар бир ўғлон юраги ёниб,
Худди жарчи каби айтар бўлса роз,
Тоғу тошларинг ҳам зерикар аниқ,
Тинглашу акс садо қайтаришдан боз.

Сен кўзёшга чўмиб, қон ютган пайтда
Камгап ўғилларинг шартта тикиб жон,
Ўлимга кетдилар сенга онт айта,
Тинмасдан сўзлади қилич ва қалқон.

Урушлар тугагач, ўғлонлар бари
Ишга киришдилар индамай такрор.
Самимий севгисин пешона тери,
Ҳалол меҳнат билан этдилар изҳор.

Таълим бериб келдинг асрлар оша:
Сокин яша, лекин қалб бўлсин бутун.
Дединг: сўз қимматдир отдан ҳамиша,
Тоғлик эгарламас бежизга отин.

Бегона эллардан, сўз кўп ерлардан
Қайтгач, мен ҳам сира туролмайман жим.
Ахир, жўшқин дарё, тик ўнгирлардан
Сенинг овозингни тинглар юрагим!”

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси

@oriftolib
Donishmandning latifasi

Bir kishi bir guruh odamlarga ajoyib latifa aytib berdi. Hammalari miriqib, yayrab-yayrab kulishdi.

Bir necha daqiqadan soʻng u xuddi oʻsha latifani yana qaytarib aytib berdi. Lekin bu safar sanoqli kishigina kuldi xolos.

Latifa uchinchi bor qayta aytilganda hech kimning labiga tabassum inmadi.

Shunda nuroniy donishmand jilmayib, oʻtirganlarga dedi: “Bitta mutoyibani qayta eshitib kulmaysizlar, lekin nimaga bitta sabab yoki bahona boʻlsa, qayta-qayta yigʻlayverasizlar?”

Odamlar bunga nima deb javob berganlarini bilmaymiz. Bu savolga siz nima deb javob bergan boʻlardingiz?

👉 Ibratli hikoyalardan

@oriftolib
Айёмингиз билан: айём нима?

Байрам кунларида “Айёмингиз билан!”, “Айёмларингиз қутлуғ бўлсин!” каби гапларни кўп эшитамиз. Айём ўзи нима?

Айём арабчадан олинган, аслиятда кунлар деган маънони англатади. Ўзбек тилида уч хил маънода қўлланади:

1️⃣ Кун; кунлар. Бу маънода китобий услубда ишлатилади, холос.

Бугун ҳар биримиз учун қутлуғ айём.
“Муштум”.

2️⃣ Байрам куни; байрам кунлари.

Улуғ айём. Айёмлари (айёмингиз) муборак!

3️⃣ Баъзи сўзлар билан қўлланиб, шу сўзлар билдирган вақт, фасл ва шу кабиларга оид он, кун, кунларни билдиради.

Баҳор айёмида гул гашт этарга бир чаман бўлса.
Фурқат.

Ўзи аслиятда кунлар деган маънони англатган айёмга ўзбекчада яна кўплик қўшимчаси қўшиб, айёмлар деймиз. Лекин бу ўзбек тили учун нормал ҳолат. Чунки биз айёмни бирликдаги сўз сифатида қабул қилганмиз.

@oriftolib
Беҳилар ... пишди.

Жумлани тўғри тўлдиринг.
Anonymous Quiz
31%
хил-хил | xil-xil
69%
ҳил-ҳил | hil-hil
Uzbek is on ))

Поезд вагонларида “Oʻzbekiston” сўзидаги Oʻ ҳарфи белгиси хато ёзилганига кўп кўзим тушган. “Ўзбекистон темир йўллари” поездларига Oʻ ҳарфи белгиси фавқулодда хато ёзилади. Oʼ тарзидаги хатоликни кўп кўрганмиз. Лекин Oʽ кўринишида ёзиш жуда кам учрайди. Нега бунақа ёзишади – ҳайронман.

Тахминимча, бошида, лотин ёзувига янги ўтилган пайтлари “Oʽzbekiston” деб хато ёзилган ва шу кунгача ана шу адашиш такрорланиб келяпти.

Лекин тўғри ёзилган ҳолатлар ҳам бор. Гуглга қидирув берсангиз, бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Юқоридаги расмда эса бирйўла T ҳарфи ҳам тушиб қолибди. Менимча, ҳарфлар ёпиштирилмаган. Бўёқ билан ёзилганга ўхшаяпти. Демак, ҳарф тўкилиб тушмаган. Имловий хатога йўл қўйилган.

Ҳеч қурса, Oʻzbekiston сўзини тўғри ёзишга эътибор қаратиш зарур. Алифбо ислоҳидан сўнг шу ёзувларни ўзгартириш, ўзгартиришдан олдин сўзнинг тўғри ёзилганини бирорта саводли мутахассис назаридан ўтказиб олиш керак.

Лотин алифбоси ислоҳ қилинса, Oʻ ҳарфининг белгиси билан боғлиқ муаммолардан халос бўламиз. Аммо саводдаги камчиликларни алифбо ҳал қилиб бера олмайди. Уни масъулият, ўқиш-ўрганиш билан ҳал этиш мумкин, холос.

* Расм обуначилардан.

Изоҳ:
Word дастуридаги белгилар ичидан вагонлардаги белгига айнан мосини тополмадим. Бунақа символ Юникодда ҳам йўқ, шекилли. Шунинг учун яқинроқ белгини танладим. Аcлида вагонлардаги белги ʻ белгисининг аксланган кўринишидир.

@oriftolib
Алвон қандай ранг?
Anonymous Quiz
84%
Қизил
9%
Кўк
7%
Сариқ
Момақаймоқ – қоқиўт

Момақаймоқ – сариқ тўпгулли, шамолда учиб кетадиган тўзғоқ уруғли ўт. Унинг қоқиўт деган номи ҳам бор. Битта тушунчани ифодалагани учун қўшиб ёзилади.

Болалар момақаймоқнинг тўзғоқларини пуфлаб, учириб ўйнайди. Бу ўсимлик апрелдаёқ гуллайди. Гулини узиб олсангиз, поясидан сут ёки қаймоққа ўхшаш суюқлик чиқади. Шу сабабли унга момақаймоқ номи берилгани эҳтимоли катта.

Русчада бу ўсимлик одуванчик дейилади. Машҳур рус луғатшуноси В. Дал фикрича, бу сўз обдуть – пуфлаб тозаламоқ сўзидан олинган. От қўйишда ўзбеклар ўсимлик поясидаги хусусиятга эътибор қаратган бўлса, руслар тўзғоғининг шамолда учишига асосланган экан.

Тўзғоқдаги уруғ шамолда узоқ масофаларга кетгани учун ўсимликликдан анча олис ерларда униб чиқиши мумкин.

Википедия маълумотига кўра, қоқиўт ёғинли ҳавода ва кечқурун гулсаватчасини, яъни тўпгулини беркитиб олади.

Бир маълумотни ўқиб ҳайрон қолдим: бу ўсимлик қадимдан жуда кўп жойларда истеъмол қилиб келинар экан. Тиббиёт ва косметикада қўлланишини тўғри тушунса бўлади, лекин ейилиши мен учун янгилик бўлди.

📌 Демак:

Момақаймоқ, қоқиўт
Момоқаймоқ, қоқи ўт

@oriftolib
Болакайнинг сабоғи

Бир чол ўғлиникига кўчиб келди. Ўғли уйланган, тўрт яшар фарзанди ҳам бор эди. Чолнинг ёши бир жойга бориб қолган, қўллари қалтирар, кўзлари хира кўрар, оёқларини зўрға судраб юрарди. Оила дастурхон атрофига тўпланган пайтлари қариянинг аҳволи янада ёмонлашарди. Қошиғидан тўкилган овқатлар полгача тушар, пиёласидаги ширчой дастурхонни доғларга тўлдириб борарди. Буни кўриб хуноби ошган ўғил ва келин ўзаро маслаҳатлашишди:

– Нимадир қилмасак бўлмайди, – деди ўғил. – Чапиллатиб овқат ейиши, сут тўкиши, овқатларни ҳар томонга сочиб юбориши жонимга тегди.

Эр-хотин хона бурчагига битта кичик хонтахта қўйишга қарор қилди. Қария шу ерда бир ўзи овқатлана бошлади. Икки марта коса синдирганидан кейин, тунука талинкада овқат сузиб берадиган бўлишди. Бир куни бехосдан ўғилнинг кўзи отасига тушиб қолди: бечора қариянинг кўзларида милт-милт ёш айланар, хонтахтанинг четига тикилганича тишсиз милкларида овқатни у ёқдан бу ёққа олиб ўтирарди. Ўғилнинг юрагида кимдир бош кўтариб, мана шу мажолсиз чол сенинг отанг-ку, уни бир четга суриб қўйгани уялмайсанми, дегандай бўлди. Бироқ у бу ҳайқириққа эътибор бермади. Фақат чолни камроқ тергайдиган бўлди.

Тўрт ёшли невара ён-атрофида бўлаётган воқеаларни жимгина кузатарди.

Бир куни ишдан қайтган ота боласи ўйинчоқларини ёйиб олиб ўйнаётганини кўрди. У болғачаси билан ёғоч косачасини урар, косача зарб таъсирида у ёқ-бу ёққа юмалаб кетарди.

– Нима қиляпсан, ўғлим? – деб сўради ота меҳр билан.

– Аям билан сизга талинка ясаяпман. Катта бўлсам, сизларга овқат солиб бераман, – деди болакай ғурур билан. Сўнг бир жилмайиб қўйди-да, яна ўз ишига киришди.

Унинг гаплари ота-онасини қаттиқ ҳаяжонга туширди, икковлари ҳам мум тишлаган, нима дейишни билишмасди. Уларнинг кўзларидан қайноқ-қайноқ ёшлар томди. Гарчи бирор оғиз сўз айтишмаган бўлса-да, нима қилиш кераклигини яхши англаб туришарди.

Кечки овқат пайти ўғил қария отасининг қўлидан ушлаб, дастурхон бошига олиб келди. Яхши сўзлар айтиб, кўнглини олди, ухлаш пайти ўринга ҳам ўзи етаклаб бориб ётқизиб қўйди.

Энди қариянинг қўлидан қошиқ тушиб кетса ёки сутчойи тўкилса, ўғил ҳам, келин ҳам асабийлашмасди. Келин тушиб кетган қошиқни янгисига алиштириб берар, ўғил эса кўпинча отасини ўзи овқатлантириб қўярди.

@oriftolib
Барча мўмин-мусулмонларга Рамазон қутлуғ бўлсин!

Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни қабул қилиб, гуноҳларимизни кечирсин.

Рамазондан ҳам руҳан, ҳам жисман тозариб, покланиб чиқишимизни насиб этсин.

@oriftolib