Муҳрим
13.3K subscribers
626 photos
242 videos
1 file
1.66K links
Мурожаат учун — @muhrimchatbot

Тижорий таклифлар учун — @VenkonPRsales
Download Telegram
​​Юқоридаги пост эски, 2020 йил июнида, Россия президентининг навбатдаги бемаъни интервьюсидан кейин ёзилган.

Путин кеча “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олиш заруратини Россия халқига тушунтираркан, “замонавий Украина большевиклар томонидан ташкил этилган, Донбасс унинг таркибига сунъий тиқиб қўйилган, бу мамлакатни Ленин номли Украина деб атаса ҳам бўлади, айнан у Украинанинг меъморидир”, деди. Бу гаплар, қайсидир маънода, 2020 йил июнидаги ўша даъволарнинг, шунингдек, Беларусь фуқароси Лукашенконинг бир неча ҳафталар аввалги: “Нафақат Украина, балки... Ўзбекистон ҳам 10—15 йилда Россия—Беларусь иттифоқига қўшилади”, деган қабилидаги ғўлдирашларининг мантиқий давомидир.

“Бу мамлакатни Ленин номли Фалонистон, унинг меъмори айнан Ленин”, деган ҳам қўрқинчли, ҳам уятсиз даъвони 1990—1991 йили СССРдан мустақиллигини эълон қилган аксарият республикаларга, афсуски, Ўзбекистонга нисбатан ҳам илгари сурса бўлади. Тарихий материалларнинг сўзлашича, тарихчиларнинг таъкидлашича, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар, бутун бошли Сурхондарё вилояти Ўзбекистон номли республика таркибида қолгани учун, бахтга қарши, большевикларга раҳмат айтиш керак бўлган жойлари ҳам бор.

Америкалик олим Адиб Холид “Ўзбекистон таваллуди” китобида ёзишича, “1929-йил майида Тожикистон ҳукумати расман Ўзбекистондан ажралиб чиқишни ва Ўзбекистон ичидаги тожикларни Тожикистон тожиклари билан бирлаштиришни талаб қилди... Тожик томон Бухоро, Самарқанд, Хўжанд ва уларнинг атрофлари, Сурхондарё округига даъвогар бўлди. Тожикларнинг таъкидича, асосан тожик аҳолиси яшайдиган бу ерлар 1924 йили Ўзбекистонга янглиш берилган. Табиийки, ўзбек томони буни қатъиян рад этди… Алалоқибат комиссия... “шаҳардаги тожикларни ўзига қўшиш” ҳақидаги Тожикистон талаби рад этилишини айтиб, масала кейинги муҳокамада кўтарилмаслигини талаб қилган... Тожикистонга Хўжанд берилиб, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарёга нисбатан даъволар рад этилди (изоҳда ёзилишича, Сурхондарё дастлаб Тожикистонга берилган, аммо ўзбек томонининг кескин эътирозлари сабаб қарор бекор қилинган)... Совет раҳбарларининг ўзбек томонга ён босиши чиғатойчилик орзусини сақлаб қолди”.

Қуйидаги суратда кўриниб турганидек, агар Совет Иттифоқи раҳбарлари (бошқачасига айтганда, большевиклар) 1929 йили Тожикистоннинг талабларини қондирганида, Қорақалпоғистон Республикаси, ҳозирги Навоий вилояти, Бўстонлиқ тумани тўлиқ қўшилгунига қадар Ўзбекистон бири-бирига боғланмаган уч анклавдан иборат бўларди. Бу ерда калит сўз “Совет Иттифоқи раҳбарлари, большевиклар”.

Кеча Путин Ленинни ёмонотлиқ қилди, уни ёмонотлиқ қилиш мумкин, чунки мияси ювилган аксарият россияликлар Ленинни “шундай буюк монархия”ни тугатган ярамас, “авлиёсифат Николай подшо”ни ўлдирган қотил деб билади. Кеча Путин Хрушчёвни ёмонлади, “Қримни нима учундир Украинага бериб юборган” деб, уни-ку бемалол ёмонлаш мумкин. Масалан, Сталин ҳам шу йўсинда Украинага бирор “яхшилик” қилган чиқар, ҳар ҳолда, Иккинчи Жаҳон уруши даврида Польшадан тортиб олинган ҳудудларни айнан Сталин Украинага қўшиб берган. Йўқ, Путинхон ҳозирча Сталинни ёмонламайди, чунки, биринчидан, мияси ювилган аксарият россияликлар Сталинни “Путиндек қаттиққўл раҳбар” сифатида яна қайта ҳурмат қила бошлаган, унга ҳайкаллар ўрнаттиряпти, шу муносабат билан, иккинчидан, бир Украина учун уни ҳам ёмонлаб қўйиш “инсофдан эмас”, ҳали олдинда қанчадан-қанча республикалар бор, уларга қарши бирор ўйин бошланганда ўша ўйинни асослаш учун ишлатса ҳам бўлади.

Хуллас, яна ўша гап — ўзимизни ўзимиз асрашга ҳаракат қилайлик, эҳтиётимизни қилайлик, нотўғри танловлар қилиб қўйишимиздан Худонинг ўзи сақласин.

PS. Китоб учун “Академнашр”га кўп раҳмат.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
«Олдимизда яна бир хавф бор: бу Россияда пайдо бўлаётган ҳар хил кучлар, ҳар хил ҳаракатлар. Яъни, Улуғ Россияни СССР чегарасида тиклашмоқчи экан. СССР чегарасидаги Улуғ Россия дегани, Россия Ўзбекистонни — Ўзбекистон у вақтда бўлмаган — Туркистонни забт қилган вақтлардаги Россияни яна қайтариш. СССР чегарасини Россияга бутунлай бериш.

Мана, қўшни давлатларимиз — булар ҳам мақтаниб юрибди-ку, мақтаниши ўзига буюрсин — айтмоқчиманки, чегарани Россия ҳарбий кучлари билан қўриқлаш — бу мустақиллик далолати эмас, бу мустақиллик далили эмас, бу заифлик далили. Нима эмиш, Россия энди мустақил, БМТга тенг аъзо давлатларга уларнинг чегараларини ҳимоялашга, қўриқлашга ёрдам берармиш. Ёрдам берармиш!

Нима учун чегарамизни бошқалар қўриқлаши керак? Чегарани қўриқлайдиган куч ўзига нимани талаб қилади? Холисона ҳеч нарса бўлмайди бу дунёда. Текинга келиб сенинг чегарангни ким қўриқлаб беради? Қани бунақа аҳмоқ?», — Ислом Каримов, 1995 йил, ноябрь.
Ёзишларича, Ўзбекистон президенти самолёти тарихда илк марта Мўйноқ аэропортига қўнибди (суратда; бу аэропортнинг қайта тикланиши, “Тошкент—Мўйноқ—Нукус” рейси ташаббуси давлат ОАВларида сўнгги йилларда энг кўп ёритилган ва муҳокама қилинган воқеалардан).

Президент у ёки бу ҳудудда кўпи билан икки кун бўларди. Бу сафар эса, “мен ҳам, қарши бўлмасангиз, 3 кун бўламан бу ерда”, дебди Мирзиёев; ҳудуднинг ҳар туманига биттадан катта ҳоким бириктирилган (масалан, Нукусга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бириктирилган), улар бу ерда бир ҳафта бўларкан.

Мўйноқ аэропортидаёқ маҳаллий фаоллар билан суҳбатлашган президент, “агар Тошкентдан тиббиёт соҳаси вакиллари Қорақалпоғистонга келиб ишласа, уларнинг ойлик маошига 100 фоиз устама ҳақ тўланиши, агар Мўйноққа келиб ишласа устама икки баравар бўлиши”ни маълум қилибди.

Келгуси уч кун давомида шу каби янгиликлар ҳали кўп бўлса керак.
Ҳазил эмас, бўлган воқеа. Бир ойча бўлди, шекилли. Таксим майдони, ярим тун, лекин кундузгидан ҳам гавжум. “Уйига”, Америкага қайтиб кетаётган Беҳзод Ҳошимов ярим кунга Истанбулда қолиб кетгани баҳонасида кўришиб, чой ичдик (Тошкентда кўришишга имкон бўлмаганди, тавба).

Турк сим-картаси олмагандим, ярим кунга ҳам кутилмаганда қолиб кетган Беҳзодга-ку сим-карта икки ҳисса керак эмас. Лекин бирга чой ичиб ўтирганимизни дунёга қандайдир билдирмаса бўлмайди-ку, тўғрими? Зудлик билан нимадир қилиш керак. “Билайн” сим-картам бор, роуминги бўлса керак, “жуда қимматмасдир”, деб ёқдим.

О, унчалик қиммат эмас экан. Энди менда ҳам, унда ҳам интернет бор. Иқтисодиётчи Ҳошимов менга яна нимадир янгилик ўргатганини мақтаниб, Твиттерга битта суратни юбордим. Гаплашишда давом этяпмиз. Ярим соат ҳам ўтдики, сурат кетмайди-да. Қолган ҳамма сайтлар ишлаяпти, очиляпти, лекин Твиттерга сурат кетмаяпти.

Беҳзод ҳам: “Твиттер ишламаяптими?”, деб қолди ва бирдан: “Ия, ВПНни ёқиш керак экан”, деди. Истанбулда, Таксим майдонида “Билайн-Ўзбекистон”нинг интернети билан Твиттерга кириш, твитларни кўриш ва сурат юклаш учун барибир ВПН керак экан. Ёқишимиз билан, Твиттер очилди. Худди Ўзбекистондагидек.

Истанбулга бир ойлик сафар давомида энг кутилмаган янгиликлардан бири шу — Ўзбекистон интернет-блокировкаси сени ташқарида ҳам тарк этмаслиги бўлди.

PS. Беҳзод Ҳошимов нима ўргатганини билмоқчи бўлсангиз, ВПНни ёқиб, мана бу ҳаволага ўтинг ;)
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Шошилинч пул керакми? Agrobank кредит картасидан ёрдам беради!

Кредит — дунё миқёсида ўзини оқлаган банк амалиётларидан бири. Ҳозирги кунда бир қатор банклар кредит фоизини камайтириш ишлари билан машғул. Аgrobank кредит карталари мижозларга қулай қарз бериш усулини тақдим этади. Ундаги энг асосий жиҳатлардан бири — фақат карта орқали ишлатилган маблағ учун фоиз ушлаб қолиниши.

Карта амал қилиш муддати 4 йил ва бу муддатда мижозлар 50 миллион сўмгача кредит олиш имконига эга.

Батафсил

Боғланиш учун: 1216
12 январь куни интервью бергандим, кеча эълон қилишибди.

Интервьюда “Кун.уз”ни неча пулга сотганим, “Улар”нинг 3-сони нима учун эфирга чиқмагани, “Дарё”дан нега кетганим, Хушнуд нега бундай ўзгариб қолгани, уялмайдиган хатоларим ва ўзим энди нима иш қилишим каби саволларга жавоб берганман.

Бир соатча вақтингизга ачинмасангиз, кўринг — https://www.youtube.com/watch?v=2FJRErrZoM8
Путиннинг ифлос пропагандачилари Путиннинг бугунги жиноятини Югославияни, Ироқни, Ливияни минг, миллион марта мисол қилиб келтириб, оқлашга кўп ҳаракат қилиши мумкин. Лекин бу жиноятни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди, менимча.

Путин ҳали Гитлер қилган жиноятларнинг барини қилишга улгургани йўқ, ҳозир ўша вақтлардагидек жирканчликларни қилиш имконсиз ҳамдир. Аммо бугунги жиноятнинг ўзи, ким билсин, Гитлернинг барча жиноятларига тенг бир жиноятдир, эҳтимол.

Путин бу билан тўхтаб қолмайди — ҳаммаси у хоҳлагандек тугагани билан, Ғарб “Украинанинг ўзи билан овуниб қолар” деган ширин берилгани билан муаммо ҳал бўлмайди, чунки “НАТО ракеталари яна рус аскари қўриқлаётган чегара яқинида” қолаверади.

Дунё қандай қилиб бу ҳолатга келганига ақл бовар қилмайди. Тарих сабоқ бўлмас экан.
Гитлерга ефрейторлик, Путинга эса катта одамлар имзолаётган ҳужжатларни уёқдан буёққа ташийдиган кичкина одам бўлиш — ёрдамчилик кўпроқ хос ва мос эди. Катта ҳокимиятнинг бундай кичкина, майда одамлар қўлига тушиб қолиши ҳар доим фожиали тугайди.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Бировга ўлим тилаш яхши эмас (лекин кимдир “Путин хурсандлигидан юраги ёрилиб ўлиб қолса яхши эди” деса, шу фикрга кўп ҳам қарши чиқмасдим). Бутун дунёга атом бомбаси билан дағдаға қилиб, лекин, масалан, ўз таркибидаги Чеченистонга “ўзингни босвол” дейишга ҳадди сиғмайдиган телбага фақат бир нарсани тилайман — бошига камида Россия президентининг мана шу кунини солсин. Путин бир кун бункеридан (ҳатто шу ерда ҳам Гитлерга тақлид, тавба) тирик чиқиб (тирик бўлиши муҳим!), ўзи хор қилмоқчи бўлганлар қаршисида мана шундай хор бўлишини кўриш ҳаммамизга насиб этсин.
Украинадаги воқеаларни ёритаётганларга:
«Путин Россияси инсоният тарихида босқинчи ва қонхўр сифатида қолади. Владимир Путин шуни истади. Бу жирканч уруш Россия ва рус халқининг юзини бир умрга кирлантирди», — Эркин Аъзам.
​​Россияда “Панорама” деган сайт бор. Ўзини “ахборот агентлиги” деб атайди, аммо бу ҳазил — у ҳеч қандай ахборот агентлиги эмас. Унинг хабарлари ҳам хабар эмас, сайтдаги огоҳлантиришда ёзилганидек “сатира ва хаёлот маҳсули”. Ҳар бир материали у ёки бу воқеа-ҳодисага ҳазиломуз муносабат, энг асосийси, ҳақиқатдан йироқ уйдирма. Сайтга кирган, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатган ақли расо одам буни тез пайқайди. Масалан, бугунги бир хабар: “Комадан чиққан Жириновский сўнгги воқеаларни кўриб, шифокорлардан уни яна комага қайтаришларини сўради”. Бундай бўлмагани, бундай бўлмаслигини, бу ҳазил эканини тушуниш учун олим бўлиш шарт эмас, шундай эмасми?

Мустақил Украина учун аянчли санага айланган 24 февраль куни шу сайтда “Ўзбек археологлари 23 февраль куни Темурнинг қабрини очди” сарлавҳали навбатдаги ҳазил хабар чиққан эди (хабарда бундан ярим аср муқаддам вафот этган олим Тошмуҳаммад Қори-Ниёзийдан ҳам “иқтибос” бор). “Панорама”нинг ҳазилкаш муаллифлари бу билан “1941 йили Амир Темур қабри очилгач, Иккинчи Жаҳон уруши бошланган” деган афсонага ишора қилмоқчи бўлган. Такрор бўлса ҳам ёзай — бунинг эътиборга арзимас бир ҳазил эканини англамоқ учун олим бўлиш шарт эмас. Шунга қарамай, Ўзбекистон Фанлар Академияси шу ҳазил хабарга раддия берибди.

Ҳукумат порталига кўра, Фанлар Академияси Ўзбекистондаги давлат бошқаруви органларидан бири ҳисобланади. Ҳазил ҳазил билану, лекин вақти келса ушбу давлат бошқаруви органларидан чин воқеа-ҳодисага бир муносабат, бирор изоҳни минг ялиниб ҳам ололмайсан. Бошқа томондан, коронавирусга қарши помидор ёки сут кўринишида “вакцина” ўйлаб топгани ҳақида ростмана жиддий қиёфада, беҳазил баёнот берадиган ўзбек давлат ташкилотлари, ўзбек олимлари ҳам шу академияга қандайдир алоқадор-ку, тўғрими?

Ҳа-а, Шўҳрат аканинг укаси гапираётган гапларда қандайдир даражада жон бор, шекилли...
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Дунёвий билимлар, хорижий тиллар, замонавий касбларни эгаллаб, имкони бўлса, хорижда ўқиш керак. Ҳаёт-мамотга айланиб бўлган IT соҳаси бўйича мутахассисга айланиш — айниқса замон талаби. Бу соҳа хотин-қизлар учун ҳам қулай, айни муддао.

@itsmuzb ташкилотининг ICT4Girls лойиҳаси IT соҳасига қизиқувчи қизларни баҳорги таътил кунлари бепул оромгоҳ — Digital Camp’га таклиф қилмоқда. Қизлар бу ерда билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаши, дўстлар орттириши мумкин.

Аризалар 3 мартга қадар қабул қилинади.

Батафсил маълумот учун:
Instagram | Telegram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Ислом Каримов: «Ядровий уруш ҳақида бемалол гапираётганларни жазолаган бўлардим»

«Катта давлатларнинг жаҳонда рўй бераётган ғоят муҳим масалаларга доир фикрлари энг юқори даражаларда бир-бирига мос келмаяпти. Кўпчилик ядровий тўқнашувлар ҳақида хотиржам гапирмоқда... Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг инсоният тарихида яна шундай урушга йўл қўйиш мумкинлиги ҳақида одамлар ҳатто гапиришга ҳам қўрқар эди.

Бугун эса сиёсатчилар, юқори лавозимда ўтирган раҳбарлар ва журналистлар ядровий уруш бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бемалол гапирмоқда. Мендан сўрасангиз, бундай гап-сўзлар учун шунчаки жазолаган бўлардим. Учинчи Жаҳон уруши бўлиши мумкинми, деб бемалол гапираётгани учун жазолардим...

Ядровий уруш дегани нима? Бундай урушдан сўнг Ер юзида нима қолади? Нима учун биз буни унутиб қўймоқдамиз ва уруш ҳақида хотиржам гапирмоқдамиз? Мен буни хотиранинг қаердадир йўқлиги деб ҳисоблайман, бошқача таърифлай олмайман», — Ислом Каримов, 2016 йил, 24 июнь
Энди, ўзимча ўйлайман-да (нафақат мен, охирги ёзув-чизувларга қараб, кўпчилик шунақа ўйласа керак, деб ўйлаяпман), масалан, Мактабгача таълим, Халқ ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини битта Таълим вазирлигига айлантириш мумкин. Бунга яна Инновацион ривожланиш вазирлигини ҳам бир бошқармами, департаментми, бир бало қилиб қўшиб юборса, тўртта вазирлик ўрнига битта Таълим ва фан вазирлиги бўлади. Ҳали буёқда ихтисослаштирилган мактаблар бўйича алоҳида, чет тилларни ўқитиш бўйича алоҳида, тест имтиҳонларини олиш бўйича алоҳида ва аттестацияларни ўтказиш бўйича алоҳида “вазирлик”лар ҳам бор — саккизта вазирлик ўрнига битта марказий ташкилот. Қандай яхши.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигини ҳам (худди таълим соҳасида бўлгани каби, бу ерда ҳам номлари мана шунақа узун, мураккаб, охирига етгунингча боши эсингдан чиқиб қоладиган майда-чуйда “вазирликча”лар кўп, уларни ҳам жамлаб) битта Иқтисодиёт вазирлигига айлантириш мумкиндир, балки. Қурилиш вазирлиги билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигини, Маданият билан яп-янги Туризм ва маданий мерос вазирликларини, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Сув хўжалиги вазирлигини, Ички ишлар билан Фавқулодда вазиятлар вазирликларини ҳам қўшворса бўлади, шекилли.

Мақоми вазирликка тенглаштирилган яна бир дунё давлат қўмиталари, давлат инспекциялари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, марказий муассасалар, инспекциялар бор (ва булар бор-йўғи ҳукумат қошидаги ташкилотлар — президент администрацияси ҳузуридаги ташкилотларга етиб борганимиз ва етиб бориш ниятимиз ҳам йўқ). Масалан, мақоми вазирликка тенг Мудофаа саноати давлат қўмитаси Мудофаа вазирлигининг ичида яшолмайдими? Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, юқорида таъкидланганидек, сув масалаларини ҳам ўзига олган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ичида бўлиши мумкин-ку, тўғрими? Таълим сифатини назорат қилиш “вазири” битта бўлса, нега таълим вазирликлари учта? Бутун бошли АКТ вазирлиги турган вақтда нега яна алоҳида “Ўзкомназорат” номли вазирлик керак?

Хуллас, менимча ва, менимча, бошқа кўпчиликнинг фикрича ҳам, ҳукуматни ихчамлаштириш имкониятлари етарлича. Лекин, аксига олиб, ҳукуматни кенгайтириш имкониятлари ундан-да кўпроқ ва каттароқ: мана, кеча, ўртоқ Бакиров айтдилар-ку, алоҳида Қўллаб вазирлигини ва яна алоҳида Қувватлаш вазирлигини ҳам тузинглар, деб. Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, келгусида бемалол Иқтисодиёт вазирлиги, Тараққиёт вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Туризм вазирлиги, Маданий мерос вазирлиги, Ветеринария вазирлиги, Чорвачилик вазирлиги, Пиллачилик вазирлиги, Қоракўлчилик вазирлиги ва ҳоказо, ва ҳоказоларни (йўл-йўлакай, Янги вазирликларни ташкил этиш вазирлигини ҳам) ташкил этиш мумкин.

Менимча, айнан шундай бўлади ҳам. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мавжуд бўла туриб, унга янги муваққат вазир тайинланган бир вақтда мақоми ҳатто шу вазирликникидан ҳам каттароқ, раҳбари бевосита бош вазирга ўринбосар бўлган Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилгани бу ишончни янада мустаҳкамлайди. Бир ҳукуматда иккита Оила вазирлиги бўлган вақтда нега алоҳида-алоҳида Чорвачилик ва Қоракўлчилик вазирликлари бўлмаслиги керак?

Ўртоқ Латипов ёзяптики, қачонлардир ҳукуматни ихчамлаштириш ҳақида айтилганди, лекин ҳеч шундай бўлмаяпти. Эҳтимол, ўша гапни ўзбекчасига эмас, оруэллчасига ўқиш керак бўлгандиру, биз шу вақтгача буни англамагандирмиз: ихчамлаштириш — бу кенгайтириш демак, дегандек.

Ҳай, тинчлик бўлсин.

UPD. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилибди — энди чолларнинг ҳам ўз вазирлиги бор. Оила вазирлиги (Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси) битталигича қолибди.
Шуҳрат Латипов ёзяпти:

YouTube’даги 231 минг обуначиси бор UzMigrant каналининг асосчиси Баҳром Исмоилов, Facebook’да ёзганларидан келиб чиқиб хулоса қилинса, Россия сиёсатини қўллаб-қувватлайди, мунтазам равишда Путиннинг иқтибосларини улашиб, Украинадаги “декоммунизация” ва “неонацистларнинг маршлари” ҳақида ҳикоя қилиб келади.

У 20 февраль куни (ҳарбий босқиндан 4 кун аввал) эълон қилган видеоролигида “агар сиз Россиянинг армиясида контракт асосида хизмат қилсангиз, 1 йилда эмас, 3 ойда Россия фуқаролигини олишингиз мумкин”, деган хабарни ўқиб эшиттирган.

Шунингдек, у мавзу билан батафсил танишишни тавсия қиларкан, Тик-Токда ўтган йили эълон қилинган роликка ҳавола берган. 21 секундлик бу видеода чет эл фуқаролари Россияда шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташи мумкинлиги ва 3 йилдан сўнг фуқаролик олишга даъвогар бўла олиши таъкидланган.

21 февраль куни YouTube фойдаланувчиларидан бири одамлар Баҳром Исмоиловнинг шу видеосидан сўнг бу мавзуга қизиқа бошлагани ва бунинг учун қанча тўлашлари мумкинлигини сўраб-суриштираётгани ҳақида маълум қилган.

24 февраль куни интернетда ҳарбий КамАЗни бошқариб кетаётган ҳайдовчи иштирокидаги видео тарқалди — ўзбекча гапираётган ҳайдовчи урушга шартнома асосида келгани ва бу ерда у кабилар кўплигини айтади. “Озодлик”нинг қайд этишича, бу киши 3 ой муддатга ҳайдовчи сифатида ёлланган. Унга ойига 50 минг рублдан иш ҳақи ваъда қилинган. Ҳайдовчи бу ишни гўёки UzMigrant орқали топганини таъкидлайди.

1 март куни Баҳром Исмоилов ўз каналида “Озодлик”нинг ахборотини ёлғон деб атади. У ҳеч бир фуқарони (у ўзбек бўладими ёки бошқа, фарқи йўқ) Украинадаги жанговар ҳаракатларга қўшилишга чақирмаётгани ва ҳеч қандай ҳарбий ёки ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ҳамкорлик қилмаслигини маълум қилган. У яна Тик-Токдаги ўтган йилги (21 секундлик) роликка ҳавола берган.

“Россия қонунчилигига мувофиқ, чет эл фуқаролари шартнома асосида ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бироқ, шуни ҳисобга олингки, Ўзбекистон Жиноят кодекси бўйича хорижий армияда хизмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган”, — деб ёзади у.

Бунгача у ўз роликларида жиноий жавобгарлик ҳақида гапирмаган эди, фақат суриштирувлардан сўнг бунинг мумкин эмаслигини эслаб қолди. Яъни, у бунгача Ўзбекистон фуқароларига ҳарбий хизмат ҳақида ахборот улашган, аммо бунинг ноқонуний экани ҳақида айтмаганди.

Ўзбекистондаги ҳарбийларни гўёки оғдириш ҳаракатлари бошлангани ҳақидаги хабарлар Украина Телеграм-каналларида тарқалган эди. Мудофаа вазирлиги бу ахборотни рад этди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги эса 28 февраль куни (Исмоиловнинг суриштирувларга муносабатидан бир кун аввал) Телеграмдаги каналида “Биласизми?” рукни остида Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатлар ҳарбий хизматига ёлланиши 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳақида эслатма берди.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг ёзишича, Баҳром Исмоилов Россия армиясида шартнома асосида 3 ойлик хизматдан сўнг Россия фуқаролигини олиш мумкинлиги тўғрисида “мутлақ ёлғон ролик” эълон қилган.

“Ҳа, Думага киритилган, аммо ҳали ҚАБУЛ ҚИЛИНМАГАН қонун лойиҳасига кўра, Россия армиясида шартнома асосида хизмат ўтаган Россияда яшаш гувоҳномасига эга шахсларнинг Россия фуқаролигини олиш учун берган аризалари 3 ой ичида кўриб чиқилиши лозим — аммо бу Россия фуқаролигини олиш учун асос эмас, бор-йўғи яшаш гувоҳномасига эга ва фуқаролик олиш учун асоси бор шахслар учун тезлаштирилган жараёндир. Ва бу тезлаштириш жуда шубҳали — россияликларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам Россия фуқаролигини 3 ой ичида олиши керак, бироқ улар буни бир йил ва ундан ортиқ кутади”, — деб ёзади у.

Унинг сўзларига кўра, аллақачон бу ахборотга ишониб, “Баҳром сабаб Украинада тўп еми бўлиш учун ёлланган” муҳожирлар бор. “Бу эса ёлланиш ва ёлланма шахсни ёллаш бўйича ҳам ёлловчига, ҳам ёлланма шахсга нисбатан жиноий жавобгарликни — Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига мувофиқ, 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади”, — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси (аниқроғи Жиноят кодексининг 154-1-моддаси).
Муҳрим
Шуҳрат Латипов ёзяпти: YouTube’даги 231 минг обуначиси бор UzMigrant каналининг асосчиси Баҳром Исмоилов, Facebook’да ёзганларидан келиб чиқиб хулоса қилинса, Россия сиёсатини қўллаб-қувватлайди, мунтазам равишда Путиннинг иқтибосларини улашиб, Украинадаги…
“Провокацияларга учманг, сизни алдашларига йўл қўйманг. Бу сизнинг урушингиз эмас. Россияда иш бўлса — ишланг, иш ҳақингизни вақтида беришларини талаб қилинг, ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни қонуний воситалар билан ҳимоя қилинг. Муносиб иш йўқми — бошқа мамлакатларга кетинг ёки уйга қайтинг. Рубль қулади, аввалги ҳолига ҳали узоқ вақт қайтмайди. Иш камаяди, пул ундан ҳам камроқ, иш ҳақи, ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ёлғонлар ва сизнинг бошқа ҳуқуқларингизни бузиш бўйича ҳолатлар эса фақат кўпаяди”, — дея огоҳлантирган Чупик.

“Ўйлашимча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазиятни ўрганиб чиқиши ва Баҳром Исмоиловнинг сўзларига ҳуқуқий баҳо бериши мақсадга мувофиқдир”, — дея постини якунлаган Шуҳрат Латипов.
«Эхо Москви» радиоси ва сайти тугатиларкан. Даҳшат.

Россия атиги бир ҳафта ичида иккинчи Шимолий Кореяга айланди-қолди. Ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан.

Фарқи шуки, Кореянинг шимолидаги аҳвол 1950 йилдан бери тайинли ўзгармаган. Халқи эркинликни, тайинли бир фаровонликни кўрмаган ҳисоб.

Россияликлар эса 1980 йиллар охирида Шимолий Кореяникига ўхшаш муҳитдан буткул чиқиб кетган, 1991 йилдан бери озод ва эркин эди.

Умид шу: эркинликни, шу эркинлик ортидан маълум муддат фаровонликни кўрган россияликлар тўлиқ Шимолий Кореяга айланишга рози бўлмайди.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
InfinBANK ўз мижозларига Nastarin депозитини тақдим этмоқда. Ушбу депозит миллий валютада қўйилиб, жами 15 ойга мўлжалланган.

Минимал депозит суммаси 10 млн сўмни ташкил этади, йиллик фоиз ставкаси эса 22% га тенг. Фоизлар автоматик тарзда ҳисобланиб, мижознинг талаб қилиб олингунга қадар бўлган депозит ҳисобварағи ёки электрон ҳамён ҳисобварағига ўтказилади.

Депозит муддати тугагунга қадар киритилган пул маблағларини, камида 10 млн сўмга тенг қолдиқни сақлаш шарти билан, қисман ечиб олиш мумкин.

Батафсил