Мирзо Кенжабек ижодхонаси
6.18K subscribers
2.34K photos
315 videos
37 files
1.23K links
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, шайх ва шоир устоз Мирзо Кенжабек (Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий)нинг ижодхонаси.

ЎЗАНДАН МАЪЛУМОТЛАР ОЛИНГАНДА МАНБА КЎРСАТИШ ЛОЗИМ!
Download Telegram
****

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўзбек шеъриятида мустақиллик йўлида ўз-ўзини сафарбар этган авлоднинг курашлари билан эсланади. Бу авлод орасида бир ном борки, уни бугун китобхонлар маърифий мавзулардаги ижоди билан тилга олади. Бу эслов унинг лирикасини, бўлганда ҳам жанговар лирикасини бироз сояда қолдиргандек. Мирзо Кенжабек – ижоди ана шундай кескин бурилишларга, сокинлигу суронларга, курашлар, енгилишлар ва Ҳаққа таслим бўлишларга бой адиб...

****


ОТИЛМАГАН ЎҚ

ХХ асрнинг 80-йиллари... Мустамлака тузуми ҳали қонли қамчисини ўйнатиб турган бир давр. Миллатнинг бошига “пахта иши”, “ўзбек иши” каби балолар ҳали келиб улгурмаган бўлса-да, бир шоир йигит юраги билан бу қаттол зулмнинг кейинги даражасини сезиб турар эди. Бу унинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган Улаш бобога хат тарзида битилган “Ўқ” шеърида аён бўлади:

Ишонгил,
Ёлғиз сен эмассан, отам,
Вужуддаги ўқдан қийналиб толган.
Ишонгил,
Жисмимда ўқ бор менинг ҳам –
Кўкрак қафасимни ларзага солган...


Шеър композицияси шундайки, муаллиф лирик қаҳрамон “жисмидаги ўқ” ва Улаш бобонинг оёғида қолиб кетган ўқ билан боғлиқ тафсилотларни параллел бериб боради: бири тинч замоннинг нотинч шарпаси бўлса, бошқаси 40-йилларнинг қирғинларини эслатиб туради; бири аэропорт назоратидан ўтаётганда магнит ускуналар овозидан сесканиб кетса, бунисининг бутун умри ана шундай оғриқда ўтади; бири тунларда жанг майдонидаги даҳшатларни эслаб уйқусиз бўлса, бошқаси пул, алдов ва хиёнат каби бугунги душманларини кўзлаб тонг оттиради. Шеърда лирик қаҳрамон ўзининг дардини Улаш бобонинг оғриқлари билан таққослар экан, бунда фақат битта фарқни таъкидлайди. Бу фарқ эса шеърнинг кулминацияси ва финалини белгилаб беради. Агар буни илмий тил билан изоҳлаш зарур бўлса, бутун шеър таносуб санъати асосида (ўзаро мутаносиб жиҳатлар таъкиди) билан қурилган-у, охирги икки мисра тазод (қарама-қаршилик)га айланмоқда:

Иккимиз ҳам шундоқ безовта, бедор,
Сенда ҳам, менда ҳам тунлар ором йўқ:
Сенинг вужудингда отилган ўқ бор,
Менинг вужудимда – отилажак ўқ!..


Хўш, бу ўқ қачон отилади?! Қачон шоир ўз ижодий амбицияларини намоён қилади?! “Ўқ” шеъри 1980 йилда ёзилган бўлса, кўп ўтмай ўзбек шеъриятида ошкоралик шамоллари эса бошлайди. Барча шоирлар бирваракайига ижтимоий ҳақиқатларни қаламга ола бошлади. Бу даврда Мирзо Кенжабек шеъриятида ўша 80-йилда айтилган ўқнинг отиладиган даври бўлди дея оламиз. Шоирнинг Мустақиллик даврига қадар ёзилган шеърлари унинг ижодида алоҳида давр бўлиб қолди. Адабиётга муҳаббат ва самимий туйғулар куйчиси бўлиб кириб келган шоир ўз ижодий ракурсини ўзгартирди. Бу жараён онгли равишда қилинганини шоирнинг шеърларидан англаш мумкин.


Суҳроб ЗИЁ
"Истеъдод барча замонларда жасоратдир" мақоласидан




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Шанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 12-куни.
Милодий 2025 йил, 10-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

АССАЛОМ, АҲЛИ ДИЁНАТ ҲОЖИЛАР,
ЕТДИ АЛЛОҲДАН ИНОЯТ, ҲОЖИЛАР.


МИРЗО КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ҲОЖИЛАР

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Чорлади Ҳақ, чиқдингиз "Лаббайка!" деб,
Ўзбекистондан тумонат ҳожилар.

Элу юрту хонадон, хеш-ақрабо
Ҳақ таолога омонат, ҳожилар!

Меҳрибон Парвардигор меҳмонисиз,
Ҳар дуо бўлгай ижобат, ҳожилар.

Асли эҳром дилдаги тақво эрур,
Оқ матоҳ - зоҳир аломат ҳожилар.

Бу жаҳонда Раббимиз зикри билан
Қалбимиз топгай ҳаловат, ҳожилар.

Ҳар ибодат Охират савдосидир,
Шул эрур асли тижорат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Ҳожини камситманг, эй аҳли жаҳон,
Ҳаж эрур хос бир каромат, ҳожилар.

Ҳожини, Каъба тушиб, жаннат сари
Чорлагай рўзи Қиёмат, ҳожилар.

Ҳар кўнгилга эслатар Маҳшар кунин
Сиз билан гавжум Арофат, ҳожилар.

Тошлаганда, ичдаги шайтонни ҳам –
Нафсни ҳам айланг маломат, ҳожилар!

Фикр этайлик, асли қурбонлик надир?
Бул фидолик, бул садоқат, ҳожилар.

Эслангиз, сидқи Халилуллоҳ билан
Ота шод, ўғлон саломат, ҳожилар.

Бу тавоф не? Асли инсон қалбига
Каъба бир қасри ҳимоят, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Ваҳки, Иброҳим мақоминда туриб,
Тош вужуд йиғлар ниҳоят, ҳожилар.

Бас, Сафою кўҳи Марва ораси
Чин таваккулга ишорат, ҳожилар.

Оби зам-зам барча дунё аҳлига
Қудрати Ҳақдан далолат, ҳожилар!

Сочни олдирсак, кетар бўлсин, басе,
Бошдаги барча разолат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Оҳ, Ҳабибуллоҳ билан Ясриб гўзал,
Топди ул зотдан шарофат, ҳожилар!

Пок Расулуллоҳга денг элдан салом,
Равзани айлаб зиёрат, ҳожилар.

Икки олам сарварига рўбарў,
Йиғлашиб айтур саловат, ҳожилар.

Боғи Жаннат бор Набий меҳробида,
Ҳужжати асри саодат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

Тавбангиз даргоҳида бўлсин қабул,
Ҳажингиз этсин шафоъат, ҳожилар.

Чиқдингиз ҳимматли Ислом юртидан,
Кўрсатинг жаҳду матонат, ҳожилар.

Бас, ибодатлар билан нурли бўлинг,
Бўлмагай турли қиёфат, ҳожилар.

Элу юрт, миллат, Ватан қадрин билинг,
Соғ бориб, қайтинг саломат, ҳожилар.

Бу фақир Мирзони ҳам айланг дуо,
Раббимиз берсин саодат, ҳожилар!

Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.

2001

Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Hojilar
<unknown>
#шеърият

Ҳожилар!

Устоз Мирзо Кенжабек ижодлари.
🎙Устоз Собитхон қори ҳафизаҳуллоҳ ўқидилар.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 13-куни.
Милодий 2025 йил, 11-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Келар бўлсанг, менга, эй дўст,
дили донони бошлаб кел,
Сўник ғофилни дуч қилма,
асл шайдони бошлаб кел!


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

«Боязид бизнинг орамизда, фаришталар орасидаги Жаброил кабидир».

Жунайд Бағдодий қуддиса сирруҳу

****

«Ўн саккиз минг оламнинг барчасини Боязид кўрди. Ва Боязид каби эр йўқдир».

Шайх Абу Саид Абул Хайр қуддиса сирруҳу

****

Боязид Бистомий бир юз ўн учта шайхга хизмат қилди. Шулардан бири ҳазрати Жаъфари Содиқ розияллоҳу анҳу эди.

Бир куни Жаъфари Содиқ:
- Ё Боязид! Фалон китобни токчадан олиб туш,- деди.
- Қайси токчадан?
Жаъфари Содиқ марҳамат этди:
- Шунча вақтдан бери шу ердасан, ҳали токчани кўрмадингми?
Боязид айтдики:
- Ё Шайх! Мен сизнинг ҳузурингизга тафарружга (сайр-томошага) келмадимки, бошимни кўтариб тўрт томондан нарса қарасам.
- Бу сўз Шайхга хуш келди:
- Ё Боязид! Сенинг ишинг тамом бўлди, бор, қайтиб Бистомга кетавергил! - деди...


Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё"асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ЙЎЛДОШ ЭШБЕК – ХАЛҚ ДАРДЛАРИ КУЙЧИСИ


Йўлдош Эшбек – туркий-ўзбек адабиётида ўз ўрнини топган, ўзига хос халқчил овозга эга бўлган, шеърлари дарё тўлқинидек залвор билан тўлқинланиб турадиган ҳассос шоир.

У қайси шакл ва вазнда ёзмасин, шеърлари халқ оҳанглари томон бурилган нуқталарда алоҳида самимият ва юксаклик касб этади, муаллифнинг қалб кенгликларини очади, улкан ижтимоий дард ва ғояларини ифода этишда имкон пайдо қилади.

Ана шу маънода Йўлдош Эшбек миллий оҳангларни уйғотгувчи халқ шоиридир.

Йўлдош Эшбек – чин ватанпарвар, миллатпарвар, инсонпарвар шахс.


Унинг ватансеварлиги сунъийликдан холи, дилию тилида, зоҳиру ботинида жамланган хислат, У Турон ва Туркистон ғояси, қадимий Ватан ғами билан яшайди.

Йўлдош оға бор даврада оддий башарий суҳбатларда ҳам сўз мавзуйи Ватан тарихи, миллат дарди, дахлсиз Туркистон кенгликлари томон бурилади.

У ўзбек шоирларининг мана шу ғояни асос қилиб олган вакилларини ўта қадрлайди ва улуғлайди. Масалан, устоз Рауф Парфини шеърий санъат ва ғоя жиҳатидан 20-асрда етишган шоирларнинг энг буюкларидан деб билади.

“Онанинг сафар олдидан ўғлига деганлари” шеърида шоир майда туйғулардан баланд, улкан ғам ва мақсадлар билан яшашга бел боғлаган шахс сиймосини ифода этади:

Элга қалбин берган қалбнинг бунёдисан,
Сен заҳматга эгиз халқнинг зурёдисан,
Пастлик қилма, Алпомишнинг авлодисан,
Муҳтожларнинг ғамларини арит, болам!

Йўлдош Эшбек саксонинчи йилларнинг бошларида Тошкент адабий муҳитида ана шундай улкан қалб ва улуғ инсоний туйғулар билан пайдо бўлган эди.

* * *
Йўлдош оғамиз тахминан 1978 (ёки 1980) йилда “Гулистон” журналида чоп этилган бир туркум шеърлари билан етук шоир сифатида танилди.

Ўша шеърлари, хусусан, “Ойгулгинам” битиги тиллардан тилларга, диллардан дилларга ўтди, шеърият мухлислари уларни ёд олиб, катта-кичик давраларда ўқийдиган бўлдилар.

Бу туркум девонавор қалбнинг оқилона нолалари ёки оқил шоирнинг девонавор фарёдлари эди.

Шоир “Ойгулгинам” шеъридан кейин кўп шеърлар ижод этди. Лекин, менинг назаримда, ҳанузгача унинг энг мумтоз ва шоҳ шеъри ўша “Ойгулгинам” битигидир.

Шоирнинг халқ оҳангларида битган шеърлари – халқ, миллат дардини куйлаш, мустамлака даври зулм ва ноҳақликларини фош этиш, жамият мусибатларини очиб ташлаш, халқни ғафлатдан уйғонишга ундашда шоирга кенг имконият беради.

Бу борада Абдулла Ориповнинг буюк маҳорати ва ишоратлар санъати – ўзига хос, Рауф Парфининг сарлавҳа остида ҳақ сўзни айтиш санъати – ўзига хос, Усмон Азимнинг бахшиёна услублари – ўзига хос, айни вақтда, Йўлдош Эшбекнинг халқ оҳангларига таянган шеърий санъати ўзига хосдир.

Шоирнинг “Ойгулгинам”, “Қадим оҳанглар” (“Қўш ҳайда”), “Қўшиғинг” (“Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб”), “Бойчибор”, “Хабар” (“Алпомиш” достонини ўқиб), “Алпомиш”, “Тоҳир” каби неча ўнлаб шеърлари озодлик, эркинлик, адолат ва ҳақиқат ғоялари билан яшаётган улуғ бир қалбнинг шуурларни уйғотгувчи хитобларидир.

(давоми бор)


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ҲИРО ҒОРИ

Илк марта муқаддас ва муборак Қуръони каримнинг Алақ ("Иқро") сурасидан илк беш оят нозил бўлган табаррук каҳф.

Ғор тепасидаги тошга илк оятлар ёзиб қўйилган.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратларига 40 ёшларида бу ерда пайғамбарлик ато қилинган.

Бизга эса 40 ёшимизда ҒОРИ ҲИРОни зиёрат қилиш насиб этган экан. Шукр. Ҳамд. Сано.

1996 йил, октябрь.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Душанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 14-куни.
Милодий 2025 йил, 12-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
БОШЛАБ КЕЛ...

****

ФАЛАК, МЕНГА КЕЛАР БЎЛСАНГ,
ҲАМА САЙЁРАЛАР ҚОЛСИН,
ТУН-ОЙ, КУНДУЗ-ҚУЁШ, ТОНГЛАР,
ЁНИҚ ЗУҲРОНИ БОШЛАБ КЕЛ!


МИРЗО КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ҲАЗРАТИ БОЯЗИД БИСТОМИЙ қуддиса сирруҳу зикри

****

Боязид Бистомий ибодат ила машғул эканлигида кўнглига илҳом келди:

«Ё Боязид! Хазиналарим қабул бўлган тоатлар бирлан тўлғундур. Шундоқ бир нарса келтиргилки, ул бизнинг хазинамизда бўлмасин».

Боязид илтижо этди:

« Бор Худовандо! Сенинг хазинангда бўлмайдирган нарса борми?»

Нидо бўлди:

« Менинг ҳузуримда севимли бўлган нарса мискиннинг, мухлиснинг бечоралигидир».



Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё"асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ЙЎЛДОШ ЭШБЕК – ХАЛҚ ДАРДЛАРИ КУЙЧИСИ


(давоми)

****
1978–1980 йилларда Тошкентда Ёш ижодкорларнинг “Илҳом” клуби бўлар эди. Тўгарак “Пахтакор” стадиони ёнидаги кўпқаватли иморатнинг ертўласида ўтар, уни раҳматлик шоир Туроб Тўла бошқарар эди.

Тўгарак раҳбари ҳар кимга шафқат билан муомала қилар, яхши шеърни албатта муносиб баҳолар эди.

Йўлдош оғамиз шеър ўқиса, зал гулдурос, давомли қарсакларга тўлар эди.

Бир гал мушоира арслони “Йўқ, йўқ, бундай яшаб бўлмайди!” деган шеърни ўқиб қолди: қарсак, олқиш, эътироф...

Шўро замони, мустамлака сиёсати, ёлғонлар салтанати! Бундай яшаб бўлмаслигини шуури, фаҳму фаросати, ору номуси бор бўлган ҳар бир зиёли билар эди, лекин “Йўқ, йўқ, бундай яшаб бўлмайди!” деб бонг уришга ҳар ким ҳам журъат этмас эди.

Бу жасорат шеъридан сўнг Туроб Тўла муаллифни юмшоқ оҳангда қаттиқ танқид қилди. Лекин Йўлдош Эшбек у кишидан асло ранжимади, аксинча, у кишига нисбатан ҳамиша ҳурмат сақлади.

Сабаб шуки, анжумандан сўнг Туроб Тўла шоир Йўлдош Эшбекни ёнига чақириб: “Йўлдошжон, биз баъзи қалтис шеърларни озгина танқид қилиб қўймасак бўлмайди, чунки керакли жойга ҳисоб берамиз ва жавоб берамиз. Бизни ҳам сиқувга олишади. Хафа бўлманг, ижодга ғайрат қилинг!” деган маънода таскин-тасалли берган.

Албатта, жасоратли истеъдод эгалари мустамлака ҳукмдорларининг сезилмас таъқибларидан четда бўлмас эди.

Нима сабаб бўлиб, шоирга ёшлигидан бир беморлик етди. Бу беморлик баъзан унда нотавонлик ва ғамгинликни пайдо қилди, катта ғайрат билан ижод қилишида баъзи монеъликларни юзага келтирди. Лекин Йўлдош оға ижоддан, таржимадан, илм ўрганишдан асло тўхтагани йўқ. Дарду хасталикларини енгиб, шижоат билан ижодда давом этди, жонини фидо қилиб, илмий-маърифий фаолият билан шуғулланди.


(давоми бор)


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 15-куни.
Милодий 2025 йил, 13-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
БОШЛАБ КЕЛ...

****

КЎЛУ КЎЛМАКНИ БАХШ АЙЛА
КЎЛУ КЎЛМАК ФИДОСИГА,
МЕНГА, ЭЙ ЁР, УЛУҒ УММОН,
УЛУҒ ДАРЁНИ БОШЛАБ КЕЛ!


Мирзо КЕНЖАБЕК




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

СЕН ҲИММАТИНГНИ УЛУҒ ТУТ!

****

ҲАЗРАТИ БОЯЗИД БИСТОМИЙ
қоддасаллоҳу сирраҳул азизнинг
Яҳё ибн Муоз қуддиса сирруҳуга насиҳатлари

****

«Ё Яҳё! Агар Одам отамизнинг сафватини, Жаброилнинг қудсу таҳоратини, Иброҳимнинг дўстлигини, Мусонинг шавқини, Исонинг тажридини ва Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатини сенга берсалар, рози бўлма, яна улуғроғини талаб қил. Аллоҳнинг даргоҳида не-не олий нарсалар бордир. Ҳар бир бандага ўз ҳиммати миқдорича берилгай. Зинҳор сен ҳимматингни улуғ тут. Меҳрибон Ҳақ таоло даргоҳи кенгдир. Агар сен оз нарсага рози бўлсанг, ўшал мақомда қолгайсан».



Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё"асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ЙЎЛДОШ ЭШБЕК – ХАЛҚ ДАРДЛАРИ КУЙЧИСИ

(давоми)

* * *

Йўлдош Эшбек – ижод ва фаолият турини ўзгартириш билан ўз-ўзини, қалби ва руҳиятини янгилаб турадиган шоир. Шоир ижодининг қирраларини қуйидагича тавсифлаш мумкин:

Шеърият – унинг доимий яшаш тарзи, ҳаётининг мазмуни, борлигининг боиси. Бунга шоирнинг «Соғиниб яшайман» (1981), «Юксак дарахтлар» (1985), «Мовий турналар» (1987), «Яхшиликка қарайман» (1988), «Дарахтлар эртаги» (1989), «Ҳаёт чечаги» (1990), «Мангу масофа» (1991), «Қизғалдоқлар очилди» (2018), «Йиғлаётган қиз» (2019), «Кўзлари кўзгулигим» (2020), “Vatan nedir?” (2021) каби шеърий китобларини мисол келтириш мумкин...

Тўлиқ ўқиш_https://telegra.ph/J%D0%8ELDOSH-EHSHBEK--HAL%D2%9A-DARDLARI-KUJCHISI-05-12-3

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Чоршанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Зулқаъда ойининг 16-куни.
Милодий 2025 йил, 14-май.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
КЕЛАР БЎЛСАНГ, МЕНГА, ЭЙ ДЎСТ...

****

КУНУ ТУНДАН НАСИБАМ БЕР:
АТО ЭТ ЭНГ УЗУН КУНДУЗ,
СИРИДАН ЭНГ УЗУН КЕЧА –
ШАБИ ЯЛДОНИ БОШЛАБ КЕЛ.


МИРЗО КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•