Киноконо
409 subscribers
2 photos
35 links
Кўрган кино/сериалим ҳақида ёзаман.
Download Telegram
Киноконо pinned «Киноконо дайжести: Cititzen Kane (Гражданин Кейн) Mank (Манк) The Undoing (Отыграть назад) Utopia (Утопия) Servant (Дом с прислугой) Zerozerozero (Нольнольноль) Канал талқинига кўра 2020 йилнинг энг яхшилари The Booth at the end (Столик в углу) Жаным, ты не…»
“Нольнольноль” – кокаин нега инсондан қиммат туриши ҳақида ҳикоя қилувчи сериал.

Роберто Савиано исмли италиялик ёзувчи “Гоморра” роман-репортажи билан шу номли филм ва сериалнинг юзага келишига туртки бўлган. Бешавқат Италиянинг мафиялари ҳақидаги асаридан сўнг анча вақтгача қўриқчилар билан яшашга мажбур бўлган бу ёзувчининг рейтинги ўз-ўзидан юқорилаб кетди. Табиийки уни биринчи сериалини кўрган одам кейинги ижод намуналарига ҳам қизиқар эди. 2019 йилда Италиялик кино ижодкорлар навбатдаги марта унинг хизматидан фойдаланишга қарор қилишди.
Маълумот учун айтиб ўтиш керакки учта нол сўзи маълум доира вакиллари ичида – энг тоза кокаин турини билдиради. Сериал номи ҳам шундан келиб чиққан. Агар сериални кўриб чиқиб мантиқан анализ қиладиган бўлсангиз сериал тўлиғича кокаин ҳақида.

Мексикада қонундан ҳам баландроқ турадиган наркокартеллар бор. Уларнинг бўйсундириш деярли имконсиз. Ўша картелларнинг бирида Италияга етиб бориши керак бўлган кокаин қадоқланмоқда. Уларни озиқ-овқат солинган консерва банкаларда маскировка қилишмоқда. Бу жараённи анчадан бери кузатиб келаётган Мексика махсус хизмат вакиллари пайт пойлаб туришибди. Уларнинг мақсади, вақти келганда зарба бериб аслида қонун бу ерда кимлигини кўрсатиб қўйиш.

Америкалик оила эса транспортировка билан шуғулланади. Улар ўз кемалари орқали Мексикани кокаинини Италияга етказиши керак. Бу ишни анча йиллардан бери қилиб келадиган ота, ўзининг ногирон ўғли ва ушбу бизнесдан етарли даражада хабардор бўлган қизига топширишга мажбур бўлмоқда. Соғлиғи туфайли.

Италияда эса бир неча йиллардан бери полициядан беркиниб яшаб келаётган Дон Мино ўзининг салтанати емирилишидан ҳавотирда. Унинг душманлари ҳам қимирлаб қолишган, бир томондан полиция иккинчи томондан эса ўзининг невараси уни йўқ қилиш пайига тушган. Дон Минонинг ёнида икки йўл бор, ёки тақдирга тан бериб ҳокимиятни неварасига топшириш керак ёки ҳокимиятни мустахкамлаш учун анча-мунча нарсадан воз кечиши керак. Улардан биринчиси Мексикадан буюртма қилинган 5 тонна кокаин таваккали. Агар уни эсон-омон олиб келса ишлари беш, акс-ҳолда барчаси тамом.

Саккиз қисм давомида мексикадан йўлга чиқган 5 тонна кокаинни ғаройиб саргузаштларини гувоҳига айланамиз. Учта сюжет чизиғига бўлинган сериални ўзига яраша оригиналлиги билан мақтаса бўлади. Бир томондан Вилнёвни “Убийца” диалоги атмосферасини эслатиб юборувчи Мексика сюжети. Иккинчи томондан Дензел Вашингтон бош ролни ижро этган “Гангстер” филмидаги каби кокаин траспортировкасини эслатиб юборувчи Америка сюжети. Учинчи томондан Сицилия мафиясини эслатиб юборадиган италян Донлари кураши.
Уччала сюжет ҳам шунчалик қизиқки, бир нафасда уни кўриб қўйиш мумкин. АҚШ, Мексика, Италия, Нигерия, Марокко, Сахрои Кабир чўллари, наркокартеллар, ҳар қандай муаммони хал этувчи нигериялик “решалалар”, француз армиясига қарши курашаётган террорчилар, ҳокимият учун аёвсиз жангга киришган италия мафияларини барчаси бор йўғи саккизта қисм ичига жо бўлган. Шу сабабли ҳам томошабин бир дақиқага ҳам зерикиб қолмаслиги тайин.

Яна бир нарсани алохида таъкидлаб ўтиш керак. Биринчи қисм италянлар ҳақида бўлса, иккинчиси Америкаликлар, учинчиси Мексикаликлар. Ушбу усул билан ижодкорлар томошабинни чалкашиб кетмаслигини таъминлаган. Ҳаммаси жуда оддий ва жўн. Айнан “Игра Престолов” сериалида ҳам бу ҳолат кўзга ташланади, бир қисм тўлиқ Старкларга бағишланса иккинчиси Ланнистерларга ёки Девор қўшинларига. Қисқа қилиб айтганда – томошабоп.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сериал дунёнинг бешавқатлигини кокаин мисолида кўрсатади. Асосий йўналиш кокаин бўлгани билан уни атрофида хосил бўлаётган хунрезликлар, инсонларнинг қанчалар қонхўр, ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап – тортмаслиги, цинизм туфайли махлуққа айланишини ҳикоя қилади.

Сериал мантиқан тугаган бўлса ҳам, ҳозирги кунда шоураннерларга теккан касал туфайли яна давом эттирилмоқда. Иккинчи мавсум 2021 йил Январ ойида экранларда пайдо бўлади. Кўзимиз етмаса ҳам умид қилиб қоламиз “планкани”тушиб кетмаслигига.
Столик в углу – Одам ўз комфорти учун қанчалар жирканчликка бора олади?

Инсон дўконга кириб нарса олгандан сўнг албатта уни пулини тўлайди. Ёки кўчада уни элтиб қўйгани учун таксига ҳам пул беради. Барча нарсани нарҳи бор. Ишингизни тезроқ битиши учун пора беришингиз ёки ишингизни битирган одам олдида қарздор бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Сизнинг қарздор бўлиб қолишингиз ҳам аслида хизматни нархи. Сиз қачондир унга бу қарзни қандайдир услубда тўлайсиз ёки умуман ундан қочиб юрасиз. Мантиқий ўйлаб қараса сизнинг ундан қочиб юришингиз ҳам уни хизматининг бахоси. Қиссадан – хисса шуки, барча нарсани ўз нархи бор. Мана шу ерга келганда сизда эътироз пайдо бўлиши мумкин: “Баъзи бир нарсаларни нархи йўқ. Чунки уларни амалга ошириш имконсиз” деган. Мен эса ушбу сериал бош қахрамони сифатида айта оламан-ки: “Ҳамма нарсани иложиси бор, ҳаттоки мўжизани ҳам амалга ошираман, лекин унинг баҳоси ҳам шунга яраша катта бўлади, сен бу баҳони тўлашга тайёрмисан?”

Йўл бўйидаги қахвахонанинг бурчакдаги столида доим бир киши ўтиради. Ҳар-ҳар замон турли-хил инсонлар унинг ёнига келади. Уларнинг барчаси ўз яқинларидан у ҳақида эшитган, лекин ҳеч ким уни аслида кимлигини билмайди. Уни ёнига келганлар доим ўзлари учун бирор нарса сўрайди. Масалан пул, уй, супермодел, ўлаётган ўғлини тирик қолишини ёки бўлмаса гўзал бўлиб қолишни истайдиган қизлар ҳам бор. Бурчакдаги столда ўтирган ноъмалум шахс уларнинг дардини эшитгач доим бир гапни айтади: “Иложи бор. Фақат битта вазифани бажарсанг.”
Вазифалар ҳам сиз сўраётган нарса билан ўлчанади. Каттароқ нарса сўрасангиз қийинроқ вазифа, кичкинароқ бўлса осонроқ вазифа. Келишувга кўра сиз истаган вақтингизда бу ишни тўхтатишинг мумкин. Бу одам қарши эмас. Мухими хар-хар замон келиб иш қандай кетаётганини бу одамга гапириб берсангиз бўлгани. У ўзини қора китобчасига барчасини ёзиб олади. Сизга бериладиган топшириқни ҳам ўша китобчадан ўқиб айтади. Унинг энг кўп қайтарадиган саволи бор: “Сен сўраган нарсани амалга оширса бўлади, лекин мен айтадиган вазифани бажаришинг сен сўраган нарсага арзийдими?”
Вазифалар ичида одам ўлдириш, ўғриликка тушиб айтилганча пулни йиғиш ёки айтилган ресторанда бомба портлатишдай қўрқинчли ва хавфлилари ҳам бор. У сизга бу топшириқни берар экан сизни виждонингиз билан ёлғиз қолдиради. Сиздан бу ишни бажарганингизда қандай ҳислар кечганини сўраб инсонни эгоси, цинизм чегараларини дафтарига қайд этиб боради. Ҳаммаси жуда оддий, у сизни мажбурламайди, сиз истаган мўжиза рўй беришини истасангиз у истаган ишни бажаринг. Бажара олмадингизми айб ўзингизда. Бажардингизми, сўраган нарсангизни оласиз ва виждонингиз билан ёлғиз қоласиз.

Нетфликсда энди оёққа тураётган вақтларда ўз маблағларини иложи борича сифати кафолатланган лойиҳаларга сарфлаган экан. Бу мини-сериал ҳозиргидек йўлидан биринчи чиққан нарсага Нетфликс пул тикиб юрмаган даврларга тўғри келади. Оддий йўл бўйидаги кафени ижарага олган. Ҳар мавсуми 5 қисмдан, ҳар бир қисми эса 20 дақиқадан иборат бу сериал қандай қилиб арзимаган пул эвазига ҳам яхши, сифатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида – далил, исбот, факт. Сериал тўлиқ ўша кафе ичида суратга олинган. Оператор камерасини кўтариб хонадан ҳеч қаерга чиқмаган. Қора дафтари бор одам олдига доим кимдир келади ва улар сухбатлашишади. Бўлди. Бошқа нарса йўқ. Айтилишидан жудаям зерикарли бўлиб эшитилиши мумкин лекин шунчаки икки кишини сухбати билан ҳам томошабинни экран олдига михлаб қўйиши мумкинлигини ҳам исботлайдиган яна бир далил бу.
Тепадаги постни сиғмай қолган қисми.

Томошабинни кўп нарса қизиқтирмайди аслида. Сериални кўриш давомида инсон миясида айланадиган фикрлар тахминан бунақа бўлади: “Бу одам ўзига берилган вазифани бажара оладими? Шунчаликка бора оладими? Умумий айтганда инсон ўз бахти учун ўзгаларни бахтсиз қилишга қўл урадими? Уни ўрнида мен бўлганимда бу ишни қилармидим?

Ижодкорлар томошабинни турли хил инсоний фазилатлар бўйича имтихон қилади. Томошабин бу қизиқарли психологик тестдан ўтиш билан биргаликда ўзига маънавий озуқа олади, бошқа жойда ҳис қила олмайдиган кайфни ҳис этади. Энди сизга савол, мана шу “кайф” учун сиз ҳам олдингизга қўйиладиган вазифа, яъни оддийгина сухбатлардан иборат, умумий кўриниши абсурддан бошқа нарсани бермайдиган бу психологик триллерни вақт ажратиб кўрган бўлармидингиз? Танлов сизда. Сериалдаги бир қахрамон айтганидек, танловга эга бўлиш - нақадар кайф)
Жаным, ты не поверишь - Нега қозоқларнинг ёмон кинолари ҳам бизни аксарият филмларимиздан яхши?

Қозоғистонлик киноижодкор Эрнар Нургалиев ўзи сценарий ёзиб, ўзи продюссерлик қилиб, ўзи режиссёрлик қилиб ва охирида ўзи монтаж қилиб бир филм ишлабди. Бу кинопоиск маълумотлари бўлиб ва яна нечта жараёнда ўзи қатнашганини тагига ета олмадим. Филм комедия ва триллер жанрларни чатиштириб қора юмор услубида суратга олинган. Кинопоиск рейтингида 10 баллик тизимда 7 бахо билан турганини ўзи ҳам филм камида бир марта кўрилиши шарт эканлигини айтиб тургандек.

Сюжетга кўра, ёш йигит Достон ва унинг хотини фарзанд кутишмоқда. Табиатан инжиқроқ бўлган бу аёл хомиладорлиги туфайли янада инжиқ бўлган. Бор аламини эр жонивордан олади. Эрни ҳам хиққилдоғига келган барчаси. Имкони бўлсаю узоқроққа қочса. Бундай вазиятда унинг дўстлари ёрдамга келди. Улар биргаликда балиқ овлагани камида бир кун қайтмаслик шарти билан шаҳар четига йўл олишди. Буни қарангки шаҳар четида жудаям ғалати ишлар содир бўлмоқда экан. Бир нечта одам у ерга кетиб қайтмаган. Достонни бу ҳам фикрини ўзгартира олмади, уни мақсади тезроқ хотинини ёнидан кетиб бир кун бўлса ҳам хотиржам бўлиш. Бу учта дўстни эса, кимсасиз далаларда ғаройиб саргузаштлар кутмоқда эди.

Филмнинг мақтовга лойиқ сифатлари ҳақида айтадиган бўлсак биринчи галда оператор иши келади. Суратга олиш “топ” даражада. Барчаси мукаммал тарзда томошабинга етказилган. Махсус эффектларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Оз бўлса ҳам ҳудди Голливуд блокбастерларини эслатиб юборадиган даражада ишланган. Кейинги галда гримм усталарини ишларини ҳам эътироф этиш керак. Филмдаги барча қонли сахналарда уларнинг ишлари алоҳида ажралиб туради. Голливуд даражасида ишлашган.

Филмнинг минус тарафлари ҳақида гапирадиган бўлсак айрим актёрларнинг ижроси. Кўпчиликни кўзи тушган бўлса керак, инстаграм ва тиктокда ўзини буқа қараши билан машхур бўлган конгфу пандага ўхшаб кетувчи йигитни филмга таклиф этилгани. Унинг профессионал актёр эмаслиги яққол сезилиб туради, инстаграмдаги видеоларида кўпчилик кўрган “Фирменний юриши” қайта – қайта такрорлайди. Бу эса томошабинни жиғига тегишдан бошқасига ярамайди. Яна бир ёқимсиз нарса филмдаги саундтреклар. Аниқ санаб ўтирмадим, тахминан 10 тадан кўп қўшиқ 84 дақиқалик филмда ишлатилган. Деярли ҳар бир эпизод фонида қозоқча қўшиқларни эшитасиз. Умуман олганда энг катта камчилик сифатида филм сюжетини айтиб ўтсак бўлади. Ижодкорлар биринчи галда филм қанақа жанрда эканлигига ўзлари ҳам аниқлик кирита олмагандек. Ҳамма нарсадан оз-оз йиғиб ҳеч нарсани қойиллата олмаган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек айрим жихатлари билан филм мақтана олади айримлари билан эса йўқ. Мухими филм биз билан қўшни давлатда, урф-одат ва анъаналари ўхшаш бир давлатда суратга олинганидир. Филмни якунига етгач айнан шунақа услубдаги филмларни бизда ишлашини тасаввур ҳам қилишингиз қийин. Қозоқ кинолари ва ўзбек кинолари ўртасида битта фарқ бор. Цензура. Уларда ҳам ўзига яраша цензура бордир лекин ўзбекча цензурага етмайди. Мен қозоқ киносида кўрганман ҳокимни, чиновникларни, депутатларни порахўрлиги ёки бошқа камчиликлари устидан кулинганини. Мен қозоқ киносида кўрганман ҳатто қозоқ президентини фамилияси устига қурилган кичик эпизодли хазилни. Мен қозоқ киноларида кўраяпман жойи келганда сўкинишни, мелодрамаларида бош қахрамонлар бир-биридан бўса олганини. Лекин замонавий бирорта ўзбек киносида буларни бирортасини хали кўрмадим. Ўша “Сарвиқомат Дилбаримдаги” узоқдан олинган бўса сахнасини ўзи қанча шов-шув бўлди. Цензура бу иккиюзламачилик. Бизни цензурачиларимизни ўзлари сифатсиз одамлар. Чунки қўшниларимизда актёрларни соқолини ўлчайдиган маънавиятчилар ёки актрисаларни юпкасини қаричи билан санайдиган чаламуллалар йўқ. Бу ғирт пасткашлик.
Убийство (Forbrydelsen) – скандинавча услубда, оддий одамлар ва улар томонидан содир этилган дахшатли жиноятлар ҳақида ҳикоя қилувчи нуар детектив.

17 ёшли қизнинг шавқатсизларча ўлими ортидан Даниядаги шаҳарда анчагина шов-шув кўтарилди. Сўнгги иш кунини ўтказиб Даниядан Швецияга оиласи билан кўчиб кетмоқчи бўлган детектив Сара Лунд бу ишни тугатишга мажбур. Чунки бу қотилликнинг илдизлари ҳаттоки шаҳар мэрига асосий номзод бўлиб турган сиёсатчига ҳам бориб тақалади. Бутун шаҳарнинг диққат марказида бўлиб турган ушбу қотиллик ишини тажрибали Сарадан олиб янги келган детективга беришни раҳбарият умуман истамаяпти.

Кўпчилик сериални рэмейки орқали таниган. Аввалига рэмейки яъни Американча вариантини кўриб кейин оригиналини кўрганлар аксинча ҳолатдагиларга нисбатан кўпроқ. 2007 йилда Даниялик ижодкорлар томонидан суратга олинган 20 қисмли биринчи мавсум ҳақида жудаям кўплаб мақтовларни ўқишингиз мумкин. Ўша вақтларда тилларга достон бўлишга улгурган бу скандинавияликларнинг ижоди ҳақида ёзмасам бўлмас эди.

Биринчи мавсум сўнггигача ҳар куни актёрлар кунлик сценарийни эрталаб қўлига олишган. Яъни актёр фақат бугун қанақа рол ўйнашини билган. Сериалнинг охири қандай тугашию, аслида ким қотил эканлигини ҳатто актёрларни ўзлари ҳам сўнгги қисмгача билишмаган. Фақатгина бош рол ижрочиси, детектив Сара Лунд образида гавдаланган акртриса Софи Гробёл ўзининг қотил эмаслигини билган. Эътибор беринг, фақатгина “қотил эмаслигини” билган. Бўлди. Зўр-а?
Энди тасаввур қилинг, сериал сўнггигача қотиллигини билмасдан ижро этган актёрларни ижроси нақадар табиий чиқишини.

Сериал уч томонлама қараш билан томошабинга етказилади. Қотилни излаётган детективлар назаридаги воқеалар ривожи, қизини йўқотган оилани кечинмалари ҳақидаги иккинчи томон қараши ва шаҳар мэрлиги учун кетаётган сайлов компанияси ҳақида ҳикоя қилувчи учинчи томон. Уччала сюжет чизиғи ҳам ўзига яраша бўлиши билан биргаликда бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Барчасини умумлаштирувчи ягона қотиллик мавзуси бор. Ижодкорларнинг ютуғларидан бири сифатида уччала сюжет чизиғини ҳам зерикарли бўлмаслигини таминлай олишганлигидир. Масалан қизини йўқотган оила сериал сўнггигача йиғламсираб, бир-бирини овутиши билан эсда қолмайди. Қизнинг ўлими остида уларнинг қанчалар айби борлиги, қаерда ким хато қилгани, ким-кимни алдагани ва бу ёлғонларни нарҳи қанчага тушгани ҳақида жудаям оригинал йўналишда томошабинга уқтирилган. Яна бир оригинал ёндашув сифатида сериалнинг ҳар бир қисми бир кунни ҳикоя қилади. 20 қисм давомида қотилликдан кейинги 20 кунлик интригага бой жараённи гувоҳига айланасиз. Деярли ҳар қисмда гумонланувчи борасида томошабинни фикри ўзгариб туради. Сериал сўнггигача интрига бир дақиқага бўлса ҳам томошабинни тарк этмайди. Бу борада ижодкорларни ишини фақатгина олқишлаш мумкин. Ҳар бир детал, ҳар бир ёлғон остида қанақадир манфаат, қанақадир сир ётади. Уларни йиғиб, ребусни ечиш икки детектив билан биргаликда томошабинни ҳам севимли машғулотига айланади. Ажаб эмас, сериални кўриш давомида ҳар бир томошабин ўзининг детективлик қобилиятини ишга солса.

Шахсан ўзим детектив сериалларнинг “эталон” даражаси сифатида кўрадиганим ушбу шедевр-нуарни кўпчилик кўздан қочирган бўлиши мумкин. Чунки уни Американча версияси маркетинг ва замонавийроқ бўлгани учун ҳам уни туманда қолдирди. Лекин, аксарият, сериални мухлислари қаторида менга ҳам оригинал варианти нисбатан қизиқроқдек туюлади. Агар савия жихатидан ҳам бир хил бўлганида албатта оригиналини танлаш виждонан тўғри йўл бўларди. Айтиш мумкинки, сизни олдинда камида 20 соатлик (сериални 2 ва 3 мавсумлари бор, уларни хали кўрмаганман) қотиллик бахонасида рангсиз инсонлар ва уларнинг ёлғонлари оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи ўткир сюжетли, сериал кутиб турибди.

П.С: сериални субтитрларинии ўзбекчага таржима қилмасам ўзимни кечира олмас эдим. Таржимани анча олдин бошлаб қўйган эдим, айрим сабабларга кўра чала қолиб кетган эди. Тугатганимдан кейин каналга жойланади.
​Буни амаллаб енгиб ўтсак, урушдан кейинги ҳаётимизнинг ҳар бир куни байрамдай ўтади. (Взвод)

1967 – йилда Камбоджа ва Ветнам чегарасидаги Американинг ҳарбий ҳаракатлари фаол давом этаётган ҳудудига 25 ёшли Крис Тейлор кўнгилли бўлиб урушга келади. Бу ердаги аксарият аскарлардан фарқли ўлароқ у ўқимишли, саводли йигитлардан бири эди. Ўз китобларида ўқиган, инсонлардан эшитган дўзохни ҳақиқийсини ҳис этиш учун у урушга кўнгилли бўлиб келган эди.

Машхур режиссёр Оливер Стоуннинг ушбу филми катта шов-шув кўтарди. 4 та оскар, 3 олтин глобус ва яна бир нечта ўнлаб мукофотларни қўлга киритди. Аслида филм сценарийси 76 – йилда ёзилиб, 86 – йилгача етарли даражада ҳомий топилмагач ушлаб турилган. Оливер Стоуннинг ўзи Ветнам уруши фахрийси бўлгани учун ҳам филмни шу иложи борича табиий қилиб етказишга ҳаракат қилган. Актёрлар филмни суратга олишдан аввал 13 кун давомида ҳарбий машғулотларда қатнашган. Филмни суратга олиш вақтида эса ҳудди ҳарбийлардек яшашга мажбур бўлишган. Ҳарбийлар еган овқатни еб, улар кийган кийимларда, улар ётган баракларда ётишга мажбур этилган. АҚШ ҳукумати томонидан филмни суратга олишда ҳеч қанақа ёрдам кўрсатилмаган, сабаби филм ҳеч қандай пропагандага асосланмасдан шунчаки урушни борича кўрсатгани бўлган.

Сэмюэл Барбер томонидан 1936 ёзилган мусиқа филмнинг асосий овози сифатида ёдда қолади. Айрим эпизодларга шу даражада мос тушганлиги туфайли урушнинг дахшатини тасвирлашда унинг ҳиссаси ҳам катта эканлигини сезиш мумкин. Жанг сахналарини бутунлигича етказиб бера олган операторлар ишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. 1986 – йилдаги филм учун бунақа блокбастер сахналарни суратга олининшини бемалол “топ” деб атаса бўлади. Филмдаги диалогларнинг ўзидан томошабин роҳатланади. Урушнинг ёмонлиги ва ундаги ҳар қандай жирканчликни оқлаш учун ҳам диалоглар жуда яхши танланган.

Урушни тинч оилада катта бўлган, ўқимишли, ёмон йўлларга кирмаган, ҳатто сигарет ҳам чекмайдиган 25 ёшли Крис Тейлор исмли йигитни кўзлари билан кўрсатган режиссёр. Филм давомида йигитнинг фел атвори ўзгариши жараёни орқали режиссёр томошабинга уруш ҳар қандай инсонни ўз йўриғига ўйнатишини кўрсатиб бермоқчи бўлган. Крис Тейлорнинг каскасига ёзилган «When I die Bury me Upside down So the world Can kiss my ass» (Ўлганимдан кейин мени ерга қаратиб кўминглар, бу дунё к*тимни ўпиши учун) иборасининг ўзидан ҳам уруш инсонни умуман ўзгартириб юборишига ишора қилади режиссёр. Филм урушнинг ёмонлиги ҳақида ҳикоя қилади. Асосий мақсад шу. Бу ерда АҚШ айбдор, Ветнам айбдор деган пропаганда йўқ. Ижодкорлар уруш мисолида ердаги дўзохни тасвирлайди. Филмдаги ижобий, салбий қахрамонларнинг ҳар қандай ҳаракатлари филм сўнггида кечирилади томошабин томонидан. Шу қадар жирканчлик қилганига қарамай сиз унинг бу жирканчлигини кечирасиз. Чунки у ҳам урушга келганича жирканч бўлмаган, уни уруш шу аҳволга олиб келди. “Ватан учун” деган пропаганда уларни шу жирканчликларга мажбурлайди. Уларнинг яшаб қолишга бўлган ҳаракати учун томошабин уларни бутунлай тушунади. “Уни ўрнида бўлганимда, бунақа шароитда мен ҳам шундай қилишим мумкин эди-ку деган фикр билан” филмга хулоса ясайди. Умумий хулоса сифатида эса урушнинг яхшиси бўлмаслиги, барча урушлар жирканч ва ифлос ўтиши ҳақида якуний қарорга келинади.
"Взвод" филмдан иқтибослар:

Урушда қўрқоқлар бўлмайди.
Бунга чидаб олсак, урушдан кейинги ҳаётимизнинг ҳар бир куни байрамдай ўтади.

Бу йигитлар яшайдиган шаҳарларни ҳатто эшитмагансан. Барчаси Американинг чекка-чекка жойларидан. Аксарияти зўрға мактабни битирган. Оддий ишга кира олса бахтли ҳисоблайди ўзларини. Умуман олганда жамиятнинг энг ташландиқ вакиллари булар. Энг қизиғи эса, Американи айнан мана шу йигитлар ҳимоя қилмоқда.

Ўзингни оқлаш – бу к*тингдаги тешикдай гап. У ҳамма одамда бўлади.

Бу ердан қутула олганлар, барчасини бошқатдан қуриши шарт, атрофидаги бошқа инсонларга ҳам ҳаётнинг қадрини, яшашдан маъно борлигини ўргатиши керак.

Бош оғриғини даволаш учун бошни юлиб ташлашга ҳаракат қилаяпсизлар.

Агар нариги дунёда жаннат бўлса, жудаям умид қилаётганим худо ҳам ўша ерда бўлса, демак Элайас ҳозир ўша жойда маст ҳолатда наша чекиб ётибди.

Барнсни етти марта отишган у эса халигача тирик. Бу нарса сенга ҳеч нарсани англатмаяптими? Барнсни ўлдириб бўлмайди. Уни ўлдирувчи ягона нарса бу Барнснинг ўзи!

Менга уруш ёқади. Бу ерда истаган ишингни қилишинг мумкин ва бу учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Битта ёмон томони ўзинг ҳам ўлиб қолишинг мумкин. Лекин, буни ҳам ёмон томони йўқ. Одам ўзини ўлганини билмайди-ку буни нимаси ёмон?

Филмни телеграмда кўриш
Staged (Постановка) - дунё тарихидаги энг бемаза йиллардан бирида биз билан бир ҳил шароитда яшаган ижод аҳли ҳаёти ҳақида ҳикоя қиладиган ўта ноодатий услубдаги инглизча юморга бой мини сериал.

Британиянинг Вэст-Энд театри актёрлари Майкл Шин ва Дэвид Теннант 2020 йилги локдаун даврида ўз “формаларини” йўқотиб қўймаслик учун масофадан туриб машқ қилишга қарор қилишади. Шу билан ушбу сериал сюжети яралади.

Пандемия даврида деярли барча масофадан туриб ишлади. Нафақат иш балки бошқа нарсалар учун ҳам инсонлар видео-қўнғироқлар орқали сухбатлашишди. Сериал ҳам ҳудди шундай суратга олинган. Деярли барча кадрлар компютер ва турли хил гаджетларнинг олд камераси орқали суратга олинган. Бир қарашда пандемия даврида бир – бирига қараб шунчаки сухбатлашиб турган одамларни томоша қилишни нимаси қизиқ дейишингиз ҳам мумкин. Бир томонлама бу гапга қўшилиш ҳам мумкин. Лекин бу гапга қўшилишингиз учун сиз 2020 йилда яшамаган бўлишингиз керак. Ўшандагина бу сериал сизга жуда ғалати ва зерикарли туюлиши мумкин. Бошқа ҳолатда эса сериал етарли даражада қизиқ ва позитив туюлиши ҳеч гап эмас.

Тасаввур қилинг. Пандемия. Уйда ўтирибсиз. Соқол ўсган. Ўзингизга қарамай қўйгансиз. Зерикканингиздан ёшликдаги хоббиларни ҳам эсга олдингиз, бўлмади, жонингизга тегди. Фарзандлар билан кўпроқ вақт ўтказиш ҳақидаги пандемия аввалидаги режаларингиз ҳам ўзини оқламади. Кўринишингиз хомуш. Зерикдингиз. Уйда ўтириб чарчадингиз. Пандемиягача кунни доим бирга ўтказган ҳамкасбингиз билан видео – қўнғироқ орқали гаплашаяпсиз. Гап ҳам тугаган. Гапирилишга арзимайдиган жудаям зерикарли сухбатлар. Абсурд мавзулар.
Тасаввур қилишдан ҳам зерикдингиз тўғрими? Лекин айнан ҳудди шу нарсани кўриб зерикмайсиз. Чунки бу нарсалар сизнинг ҳам бошингиздан ўтган, сиз ҳам ҳудди шу қахрамонлар тушган ҳолатга тушгансиз. Бунақа абсурд мавзуларда сиз ҳам кимлар биландир гаплашгансиз ва буни бошқалар мисолида кўриш томошабин учун қизиқарли бўлади. Икки театр актёри ва уларнинг яқинларини (актёрлар бўлмаса ҳам) ўз ҳаётида яшаганини ўта мохирона тарзда томошабинга етказилишини ўзи қизиқ. Айниқса уларнинг кўпчилиги ижодкор бўлгани учун бўлса керак уларни томоша қилиш жонингизга тегмайди. Бош рол ижрочилари махоратли актёрларнинг эса импровизациясига қойил қолмай иложи йўқ. Юз мимикалари, ўзини тутишлари, оила азолари ва дўстлари билан муносабатларини ҳақиқий инглизча юморга буркаб 15 дақиқа давомида (ҳар бир қисм 15 дақиқа) томоша қилиш экран қаршисидаги инсонни зериктириб қўймайди. 25 дақиқа бўлганида аниқ зериктирар эди лекин 15 дақиқа айни маромида. Юлдуз актёрларнинг кутилмаган эпизод сахналарда пайдо бўлиши эса сизни кейинги қисмга бўлган интригангизни оширади.

Сериал кутилмаган даражада машхурликка эришгач унинг иккинчи масуми ҳам суратга олинди.Тил борасида муаммоси йўқ инсонларга оригинал кўришни, тилдан муаммоси бор одамларга эса “Ozz tv” рус тилидаги адекват дубляжда, цензурасиз кўришни тавсия қиламан.
Accused (Айбланувчилар) – виждон йўлагидан суд залигача.

Сюжет бир неча жамиятнинг ўртасидаги одамлар яъни жиноятга мойиллиги йўқ одамларнинг билиб-билмай қилиб қўйган ишлари натижасида суд залида ўз хукмини кутаётгани хақида хикоя қилади.

Икки мавсумдан иборат сериалнинг умумий 10 та қисми бор. Хар бир қисмда янги қахрамонлар, янги вазият, янги хукм. Алохида айтиш керак бўлган нарсалардан бири, сериалда Британия сериалларидаги деярли барча машхурлар кўриниш берган, уларни кўп жойларда кўргансиз. Ижодкорлар номлари хам деярли британча сериалларда кўриниш беришини хисобга олсак, сериал “ғирт британча”.

Хар бир қисм, суд залига кетаётган айбланувчини кўрсатишдан бошланади ва бир соат давомида нега уни бу вазиятга тушганини изохлаб боради. Оригинал ёндашув. Сериалнинг одамларга ёқишини асосий сабабларидан бири у жудаям хаётий чиққан. Бунақа воқеаларни жуда кўп гувохи бўлгансиз. Бу қисмдаги ва бу вазиятдаги одамга судда қанақа хукм ўқилиши сиз учун финалгача интрига бўлиб қолади. Хўш, бу одам айбдорми ёки йўқ, уни ўрнида мен бўлганимда шу ишни қилардимми ёки йўқ? Титрлар бошлангач эса, суд хукми адолатдан бўлдими ёки бўлмади каби қарама-қарши фикрлар сизни чулғаб олади.

Баъзида кўрамиз, эшитамиз қайсидир танишимиз ёки уни таниши қамалганини. Оддий ўзимизга ўхшаган одамлар, аввалдан жиноят қилмаган лекин вазият тақозоси билан шу нарсага мажбур бўлиб қолган. Шундай пайтларда ўйлаб қолади инсон: “бу одам қамалишга лойиқмиди, кечирилиши керакмасмиди” деб. Лекин қонун олдида барча жавобгар, суд залидаги бир нечта одам яъни “присяжные” хал қилади буни. Қонунни бузганинг, жиноят қилганинг факт. Лекин, бу вазиятда сени ўрнингда бошқалар хам шу ишни қилиши мумкин эди, шунчаки улар бу вазиятга тушмаган. Сен эса буни судда исботлаб беришинг керак ва шундагина “присяжные” сенга яна бир бор имкон тақдим этиши мумкин.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки: хаётимизнинг қоронғу 15 кунлигини ўзимизга эслатишга харакат қилган британлардан оригинал ёндашув.
Черный, черный человек (2019) - туғма ногирон бўлган ва ота-боболардан мерос қолган бузуқ тизим устидан жудаям совуққон тарзда қозоқча кулиш.

Қозоғистоннинг чекка бир овулида ёш болакай ўлдирилган. Махаллий полиция томонидан гумонланувчи қўлга олинган, марказдан терговчи келиб барчасини расмийлаштирса бўлгани, иш ёпилади. Бу нарсага ўрганган терговчи хам хар доимгидек пулини олиб ишни ёпаман деган пайтида пойтахтдан журналист келиб иш бўйича ўзини суриштирувини бошлади. Журналистни хамма жойга бурнини тиқавериши на терговчига ва на ишни тезроқ ёпилишиини кутаётганлар учун ёқаяпти.

Филм режиссёри, сценарий муаллифи ва монтаж устаси хам битта одам – Адильхан Ержанов. Филмнинг бюджети унчалик катта бўлмаганлигини билиш унчалик хам қийин эмас. Аслида сен кенг омма учун эмас, маълум бир тор доира учун арт-хаус ишлаганингда катта бюджет ўзи нега керак? Ноодатий филм ишқибози учун экшн сахналар эмас ушбу филмдаги маккапоя далалари орасидаги шиқир-шиқир хам ёмон эмас. Корейсларни “Воспоминания об убийстве” филмини эслатиб юборадиган далалар ва терговчилар. Быковнинг “Майор” филмини эслатиб юборадиган МДХдаги балчиқ тизим ва оқ қора кадрлар. Режиссёр ушбу филмлардан илхомланганлигини сезиш қийин эмас. Операторнинг махаллий филмлар билан солиштирганда ўта ноодатий ижодини ўзи хам филмнинг “бошқача” эканлигини сездириб туради.

Ижодкорлар мамлакатдаги орган сохасини хохлаганича устидан кулишган. Тўлиқ коррупция, барчаси “тепадан” келадиган топшириққа боғлиқлиги, хисобот ва статистика учун ишлаш барча – барчаси нафақат қозоқ қўшниларимизда балки бутун МДХ давлатлари шу ўринда ўзимизнинг жонажондаги холатни хам эслатиб туради. Албатта филмда тасвирланганчалик десак ошириб юборган бўламиз, лекин, қисман ўхшашликлар бор.

Бош қахрамон терговчи Бекзат ўзи хам шу тизимнинг бир бўлаги. Хар қанақа нохақлик, адолатсизликка кўз юмиб кетувчи “оддий аскар”. Буйруқ бажаришдан бошқасига ярамайдиган, терговчи бўлиб бирор марта хақиқий суриштирув олиб бормаган, биқиқ тизим оқимига тушиб олган оддий балиқча. Гарчи боланинг ўлимида бошқа одамнинг қўли борлигини билсада хаттоки у одам болани зўрлаб ўлдирган педофиллигини билса хам уни реакцияси ўзгармайди. Юқоридан келган журналист қиз эса киноларда кўрган шекилли, терговчи ва полициячилар ўзини қандай тутиши кераклигини, журналист билан қанақа муомилада бўлиши кераклигини бот-бот такрорлайди. Умуман қонун ишламайдиган бу ўлкалардаги мухит хақида тасаввурга эга бўлмасдан келиб ўзиникини ўтказмоқчи бўлади. Режиссёр бу билан шахар ва чекка худудлардаги дунё бир-биридан ер билан осмончалик фарқ қилишини кўрсатмоқчидек. Шахар ривожланиб кетаверган овулларда эса халигача СССР.

Алохида таъкидлаш керакки режиссёрнинг меломанлиги хам жуда мэъёрида чиққан. 90 – йиллар хит мусиқаларининг янграши филмнинг оғир-босиқ ва жойи келганда қора юморига мос тушади. Улар бир бутун бўлиб овулнинг нақадар ўтмишда қолиб кетганини хис этишинга ёрдам берадигандек. Электрон жанридаги мусиқалар билан биргаликда йўл манзараларини экранда кетишидан режиссёрга аниқ “Драйв” филми ёққанлигини сезасан ва уни хам филми салкам “роад-муви” эканлигини инобатга олиб қўясан.

П.С: Жойи келганда айтмасам бўлмайди. Филмда гапирилган гапларнинг тахминан 20 фоизи сўкинишлардан иборат. Бизнинг оломон ТВда кетиб қолган “жалаб” сўзини хафталаб мухокама килаётган пайтда биз билан деярли бир хил тилда гаплашадиган, дини битта, менталитети хам жуда ўхшаш қўшни халқ цензурани бир чеккага суриб кучли асарлар яратмоқда. Улар эътиборини “жалаб”га эмас синиқ, бузуқ тизимга қаратган. Энди улар қайнона-келинлар масаласида тортишмайди, энди улар каттароқ, коррупция, хокимият тизимидаги амалдорларнинг ноқонуний харакатларини танқид қилишади ва буни ТВ орқали хам айлантиришади. Ха азизлар, бу воқеалар айнан биз “жалаб”ни аниқлашга уринаётган вақтимизда қўшни махаллада рўй бераяпти.

Нурободни қўйлари қаерга қараяпти, хайронман.
Чинакам изқувар (True Detective) - носоғлом жиноятларни очиш учун носоғлом изқувар образига мослашиб кетган одам хақида хикоя.

Луизиана ботқоқликларида 1995 - йил шов-шувли қотиллик рўй беради. 2012 – йилга келиб ўша қотилликка ўхшаб кетадиган яна бир қотиллик рўй беради. Калавани учини топиш мақсадида ушбу иш билан шуғулланаётган изқуварлар, 95 – йилги иш билан шуғулланган икки изқувар билан гаплашишга қарор қилади.

Ник Пиццолаттонинг сценарийси асосида суратга олинган ушбу саккиз қисмли сериал ўзининг унчалик кўп жихатлари билан хам мақтана олмайди. Инртига идеал даражада эмас, воқеалар ривожи, қотилнинг кимлигига бўлган интрига ушбу жанрдаги бошқа сериаллар билан солиштирганда бахслаша олмаслиги мумкин. Сериалнинг энг катта ютуғи актёрлар жамоаси. Вуди Харрелсон ва Мэттю МакКонахи дуети томошабинни сериални тугаганича экран қаршисидан кетказа олмайдиган даражада мукаммал топилмасидир. Улар ўртасидаги оёғи осмондан келадиган диалоглар, МакКонахининг бир қарашда абсурд кўринувчи лекин бир тарафдан жудаям қизиқарли туюладиган монологлари хам сериалнинг ютуғларидан. МакКонахи қахрамони Раст Коул умуман ўзгача, ноодатий одамлардан бири. Унинг нақадар ўзгачалигини бизга билдириш учун ижодкорлар Мартин Харт (Вуди Харрелсон) қахрамонини гавдалантиради. Мартин ўзимизни ўзбекларга ўхшаб кетдагиан, оддий, жахлдорроқ, аёлларга суяги йўқ, фарзандлари учун талабчан, мақтанишни яхши кўриб кетадиган ғирт ижтимоий одам. Унинг бизнинг номимиздан Раст Коулга берадиган саволлари орқали биз Коул образи нақадар мураккаблигини тушунишга харакат қиламиз. Раст Коул образи ўзини реалист деб хисоблайдиган, интроверт, фарзандинини йўқотгач оиласи бузилиб, бир муддат рухий шифохонада хам даволаниб чиққан изқувар. Уйқусизлик касалига чалингач кечалари билан китоб ўқиб, очилмаган ишлари хақида ўз фантазияларини шакллантириб чиқадиган одам. Инсониятни табиат хатоси деб хисоблайдиган ва бу фикрни бошқаларга хам айтишдан қўрқмайдиган персонаж. Айнан шу икки хамкасб томонидан жиноятни суриштирилиши томошабинга қизиқ бўлиб туюлади. Чунки бу икки хил дунё қараш эгалари икки хил услубда иш олиб боради ва уларни айнан нима биргаликда ушлаб туришини ўзи хам қизиқ.
Ник Пиццолаттони ўзи Луизианадан, айнан оккултизм, турли хил диний оқимлар, ритуал одатлар Луизианада анча ривожланган эканини интернет орқали билиб олиш қийинмас. Муаллиф ўзи ёшликда кўрган, эшитган воқеаларидан келиб чиқиб сериал сценарийсини ёзган. Сериалнинг асосий воқеалари ўз даврида Луизианада содир бўлган воқеаларни анологи бўлиб, сериални реал воқеалар асосида суратга олинган дейишга қисман бўлса хам хаққимиз бор. Ёшлигида кўрган, эшитган воқеаларини битта чизиққа ўз фантазиясига асосланиб тахлаб чиқади Ник. 95 - йиллардаги Луизианани тасвири сериал атмосферасига жуда мос тушган. Чек чегарасиз ботқоқликлар, қашшоқ ахолиси, бир-биридан узоқда жойлашган худудлар, гиёхвандлик, фохишабозлик ва ахолини диндорлашиб кетиши барчаси бир-бирига боғлиқлигига ишора бериб турадигандек.

Сериал соундтреки ва унинг бошланишидаги “заставкаси” сизни олдинда қувноқ бўлмаган саёхат кутиб турганига ишора қилади. Қисмдан қисмга изқуварларнинг қандай натижага эришиш қизиқ бўлиб туюлаверади. Жуда мураккаб ишни қандай ечилиши томошабинга қизиқ туюлса бу томондан параллел тарзда изқуварларнинг шахсий хаёти қандай кечиши хам биринчисидан кўра зерикарли эмасдек. Айнан бу билан ижодкорлар, изқуварларнинг иши нақадар мураккаб иш бўлмасин, шахсий хаётидаги муаммолари хам изқуварлар очиши керак бўлган ишлардан кам бўлмаган даражада маъсулиятли эканлигини тушунтирмоқчидек.

8 қисм давомида томошабинни ўта ноодатий детектив сюжет кутиб турибди. Бемалол яхши бир китобни ўқиб олинадиган маънавий озуқа кафолатланган. Дунёқараш, фикрлаш доираси чегаралари борасида қанақадир реформалар қилмоқчи бўлган томошабин учун яхшигина туртки бера оладиган сериал. Албатта, охирги хулосани хар ким хар-хил ясаши мумкин.
П.С: Сериалнинг биринчи мавсуми субтитрлари ўзбек тилига таржима қилинган, @kanal33 телеграм каналида бериб борилади. Сериални мураккаблигини инобатга олган холда таржимани Алишер Навоий қилмаганини хам инобатга олишингиз сўралади.
“Mindhunter” – ички демонига мағлуб бўлган одамлар хақида хикоя қилувчи мағзун интервью.

1970 - йилларда FBI нинг икки агенти бир нечта қотилликни содир этиб қўлга олинган қотиллар билан узундан-узоқ сухбатлар уюштиради. Мақсад, уларнинг қанақа ўйлашини ўрганиш орқали келажакда содир этилиши мумкин бўлган қотилликларни олдини олиш ва очилмай қолган ишларни охирига етказиб қўйиш.

2017 йилда Нетфликс стриминг сервисида Дэвид Финчернинг “Mindhunter” сериали оммага намойиш этилди. Ўзининг триллер жанридаги ижоди билан анча машхур бу режиссёрнинг ушбу сериалидаги услуби уни мухлисларига бегона эмас. Психология + маняклар учрашган жойда камида Финчерни бир мартага эслаймиз. “Хаос ва зулмат ижодкори” тахаллусига муносиб кўриладиган интелегент режиссёрнинг “Seven” ,“Zodiac”, “Fight Club”, “Gone Girl” каби филмларини кўрган одам тахмин қилиши мумкинки, агар режиссёр киносаноатда бўлмаганида, аниқ манякка айланиб кетган бўларди :)
Ўтган асрнинг 70-х йилларида манякларнинг миясини ўрганган икки FBI агенти ва уларнинг кейинчалик жиноятни очиш учун FBI га умуман янгича тамоилларни олиб кирганлиги Финчерни эътиборидан четда қолмаган. Айнан уларнинг асари асосида ушбу сериал суратга олинган. Ёшлигидан хайвонларга нисбатан тажоввузкор бўлган ёки ота-онаси томонидан рухий ва жисмоний тахқирларга учраб келган болалар, агар улар хақида жамоатчилик хабардор бўлса FBI томонидан бўлажак “потенциал маняк” сифатида кўрилиб, мунтазам назоратда қилиниши кераклигини айнан улар томонидан олиб борилган кўп йиллик изланишлар натижаси дейиш мумкин. “Серияли қотил”, “Оммавий қотиллик”, “Режалаштирилмаган қотиллик” каби кўплаб атамаларини хам муаллифлари улар хисобланади. Шу каби кўплаб унсурлар Финчерни улар хақида сериал ишлашига ундаган бўлса ажаб эмас. Бунда унга Нетфликс ёрдам берди.

Алохида таъкидлаб ўтиш керакки, сериалда инсонни рухан эзувчи шавқатсиз тасвирлар, сахналар йўқ, лекин айнан ўша сахналарни тасаввур қилиш учун ижодкорлар яхши ишлашган. Қотиллар билан бўлиб ўтадиган сухбатлар яхши тасвирланган, улар инсон психологиясига таъсир кўрсата оладиган даражада қизиқ узатилган томошабинга. Томошабин уни сухбат давомида хис этиб туради, тасаввур қилади, қолгани томошабинни фантазиясига боғлиқ.
“The Sopranos” сериали бўлажак кўча зравонлари, жиноий уюшмалар учун тайёр қўлланма вазифасида эътироф қилинганидек, “Mindhunter” хам потенциал маняклар учун шу вазифани бажариб бера олади деб ўйлайман. Томошабин ўзи билмаган холда қотиллар ўз қурбонларини ўлдиришда фойдаланидиган турли услубларни ўзлаштириб олиши хам хеч гап эмас. Албатта буларнинг барчаси бадиий асарда тасвирланган, бу хужжатли филм эмас.

Сериал асоси сифатида ёзилган асарни ўқиган одамларнинг изохларига кўра,сериалда тасвирланган икки агент реал хаётдаги Жон Дуглас ва Роберт Кесслернинг прототиплари бўлиб уларнинг психолог шериги Энн Уолберт Бержес прототипи хам сериалда намоён бўлади. Маълумот сифатида айтиш мумкинки, сериалдаги “судраб юрилган” бу персонаж аслида хаётда сериалдаги каби мухим бўлмаган. У сериалда тасвирлангани каби агентлар билан штатма-штат юрмаган ва албатта реал хаётда лесбиянка бўлмаган. Айнан уни образидан лесбиянка ясаб ва бу камчиликлари етарли образни асосий қахрамонга айлантиришга харакат қилиниши бу бизнинг жонажон Нетфликсимизга хос жихат хозирги кунда. (П.С: гомофоб эмасман)

Икки мавсумлик сериал “ўз пулини оқламаган” бахонаси билан кейинчалик ёпилди. Биринчидан Финчер каби “катта” режиссёрни бутун бошли сериал ишлаши чакана пул турмайди. Иккинчи сабаб сифатида эса, муаммо сериалнинг мураккаблигида деб билиш мумкин. Чунки, хозирги “супер қахрамонлар” замонида хамма хам ўта мураккаб, қизиқарли ва оғир диалогларга тўла, 70-х йилларни тасвирлаган костюмли драмаларини енгил хазм қилиб кета олмайди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, бунақа сериаллар одамга яхшигина маънавий озуқа бера олади. Китоб ўқиш яхши, лекин кўп китоб ўқиган, интелегент одамни фантазиясини диққат билан кузатиш хам томошабинга ўзига яраша мароқ бахш этади.>>>
“Mindhunter” – доим одамлар учун қизиқ бўлган мавзу хақида замонамизнинг савияли ижодкорлари томонидан яратилган ижод намунаси. Хар бир инсоон ичидаги иккинчи “мени” хақида хикоя қилувчи бу сериал кенг аудиторияга мўлжалланмаган бўлиб, психологик муаммолари бор ва ўсмирлик давридаги томошабинлар учун умуман тавсия қилинмайди.
Quiz (Викторина) – “Йўталувчи Майор” лақаби билан тарихга кирган Чарльз Ингрэмнинг ўта ноодатий ва жудаям қизиқарли фирибгарлиги хақидаги реал хикоя.

2000 йиллар бошида Британиядаги машхур викторинада 1 миллион фунт ютган харбий Чарльз Ингрэмнинг шов-шувли ғалабаси хақида хикоя қилувчи уч қисмли мини сериал.

2000 йиллар бошларида ўша пайтда майор лавозимида ишлаган харбий биз яхши биладиган “Ким миллионер бўлмоқчи” телевикторинасида ғолиб бўлади. Сюжет хақида спойлерсиз гапириш имконсиз. Аниқроқ айтганда бунақа филмлар “сюжет-спойлер” деб аталади. Мини сериал айнан ўша ғалаба атрофидаги скандал хақида хикоя қилади. Томошабин телевикторинани қанчалик муваффақиятли лойихага айланганидан тортиб уни ютиш учун одамлар “қанчалик узоққа боришгани” хақида қизиқарли маълумотларга эга бўлиш мумкин. Албатта, бу викторина хақида суратга олинган “Харобадан чиққан миллионер” филми йўлидан чиққан барча мукофотларни йиғиб олганига қараб, ушбу йўналишда бошқа мини сериал олиш муваффақиятсиз бўлиш эхтимоли катта деган тахминга бориш қийин эмасди. Лекин, мини сериални кўрган одам сифатида айтишим мумкинки бу мини сериал биринчи галда бўлиб ўтган воқеа хақида хикоя қилади. Бу воқеани иштирокчилари халиям бор ва улар хақида жуда кўп мақолалар хамда хужжатли филмлар ишланган. Сериални кўриб бўлгач буни википедиядан текшириб кўришингиз мумкин. Иккинчидан эса, қандай қилиб бунақа даражадаги “катта” телевикторинани нозик томонини топиб уни алдаш мумкинлигига гувох бўласиз.

Мини сериал хақида бир дунё нарса ёзиш мумкин лекин барчаси спойлерлардан иборат, кўрмоқчи бўлганлар учун озгина бўлса хам интригани сақлаб қолиш мақсадида бу нарсадан тийиламан.

Айрим филм/сериаллар ўзини бадиийлик жихатидан ташқари инсонга маълумотлар бера олиши билан хам яхши. Айнан шунақа ижод намуналари туфайли инсонларнинг маълумотлар базаси кенгайиб бораверади. Худди шу йўналишдаги, реал хаётда, бизнинг даврда бўлиб ўтган ўта қизиқарли фирибгарлик хақида хикоя қилувчи икки соатлик мини сериални кўрмоқчи бўлганлар учун тавсия этилади.
​Клан Сопрано (The Sopranos) – Америкада сериаллар форматини ва сериалларга бўлган симпатияни жонлантириб юборган криминал драма.

1999-2007 йилгача HBO каналида эфирга узатилган умумий хисобда 86 қисмдан иборат “The Sopranos” сериали яратувчиси Дэвид Чейз хисобланади. Асли сериал суратга олинган Нью-Йоркда ўсиб-улғайган Дэвид Чейзни ўзи хам итало-америкалик хисобланади. Сериални бош мавзуси итало-америкаликларнинг америкадаги хаётини сериалда бунчалик табиий чиқишида унинг ўрни беқиёс. Гангстерлар мавзуси АҚШда шу даражада машхурки, бу мавзуда бирор нарса ишлаб томошабинни ўзингга тортишинг учун қанақадир янгилик олиб киришинг керак. Айнан Дэвид Чейз томонидан бу нарса ўтган асрнинг сўнгги йилларида қилинган. Пилот серияси суратга олиниб бир йиллик танаффусдан сўнг яна 12 та қисмга буюртма бўлганидан хам билиш мумкин-ки, сериал аввалига рахбариятда чуқур таъсуррот қолдирмаган. Кейинчалик томошабин кўнглини олганидан сезиш қийин эмас, психологга қатнайдиган гангстер одамларда қизиқиш уйғотган. Сериални кўриш давомида эса тушуниб етасанки, агар сен мафия боссларидан бўлсанг ва сен психологга қатнасанг, бу кечирилмас гунохлардан бири. Биринчидан сени соғлиғингда муаммолар бор, бу ортингда тиш қайраётганлар учун қўл келиши мумкин. Иккинчидан сен психолог олдида ўзинг билиб билмай жудаям кўп нарсани айтиб юборишинг ва ўзингни жиноий оиланг фаолиятига хавф туғдиришинг мумкин.

Сериалнинг энг катта ютуғларидан яна бири бу унинг кастинг. Асосан итало-америкалик актёрларга бош қахрамонларнинг ишониб топширилиши, яна уларнинг етарлича қисми қонун билан бир неча марта муаммоларга дуч келиб “ўтириб чиққанлиги” сериални томошабин томонидан “хазм қилинишида” жуда катта ёрдам берган. Ўзинг ўйла “хаётда қанақа бўлсанг ўшандай бўл, биз сени суратга олиб ундан сериал ясаймиз” дейишса, сиз хам буни қойиллатган бўлардингиз. Айниқса, табиатан қўрс, жиззаки, жуда кўп сўкинадиган ва жиноий фаолиятга мойилроқ бўлган итало-америкаликлар билан танишиш бошқа мамлакатдаги одамлар учун хам жудаям қизиқ. Албатта уларнинг орасида зиёлилари хам кам эмас, сериални кўриш давомида айнан шу мавзудаги дискуссиялар орқали италияликларни аслида қанақа миллат, қанақа менталитет сохиблари эканлигини томошабин хис қилади. Худди-ки, италян қўшнинг бордай у хақида жуда кўп нарсага эга бўласан. Бош рол ижрочиси Жеймс Гандолфини (Энтони Сопрано) сериалгача қонун билан муаммоларга дуч келмаган бўлса хам (кейинчалик сариқ матбуотда хар-хил миш-мишлар болалаган) мафия босси ролини қойилмақом ижро этган. Кўчада мафия оиласига етакчилик қилиш билан бирга ўз уйида умуман бошқа одамга айланишга харакат қиладиган одам ролини бажаришга уринган. Айнан мана шу аралаш хислар туфайли рухий босимга учраб психолог қабулига ёзилишга мажбур бўлади. Ўзининг дахшатли даражадаги харизмаси билан бир вақтнинг ўзида томошабинда ўзига нисбатан хар-хил муносабатларни уйғота олади. Хаттоки криминал оламдан чиққан айрим актёрлар сериал якунида сотқинга айлантирмаслик шарти билан сериалда рол ижро этишга рози бўлган.

Жиноят олами ва оиладаги муносабатлар ажойиб тарзда тасвирланган. Ўша мухит, ўша атмосферага тушиб қолишинг хеч гап эмас. Сериални кўриш давомида образлар сенда симпатия ва антипатия уйғотади, улар қадрдонингга, душманингга, севгилингга айланиб қолади. Чунки, сунъий тарзда уларни олқишланиши бўлмайди, томошабинга улар супер қахрамон қилиб тасвирланмайди. Карлеонлар каби улуғвор, мард эмас бу сериалдаги одамлар, бу худди реал хаёт каби. Бу ердаги мафиялар оддий зўравонлар, ваъда бериб доим ваъдасини бажариш учун харакат қилувчилармас, жойи келганида сотқинлик қилишдан тап-тортмайдиган, тилёғламачилик, иккиюзламачилик, хиёнат ва кўплаб шу каби иллатларни, сен бош қахрамонларда хам кўришинг табиий холга. Ижодкорлар бор одамни сенга тасвирлаб беради, бирданига душманларни қириб юборадиган, камчиликсиз, “неприкасаемый” мафия босслари у эёшлигингдаги эртакларда қолиб кетганини, аслида хақиқий мафия, хақиқий одамлар қанақа бўлишини мана шу сериалда тушуниб етасан. 1/2
2/2
Сериалнинг машхурлиги борасида айтиш мумкинки, саккиз йил давомида ўзи ютиши мумкин бўлган деярли барча олий мукофотларни қўлга киритган. Умумий хисобда 217 номинацияни 91 тасида ғолиб бўлган. Ушбу сериалда қатнашган актёрлар ёрдамида таомномалар ёзилган, ахир италянлар ва ошхонани айро тасаввур этиш мушкул нарса. (П.С: энг камида пичоқни олиш учун хам улар ошхонага кўп киришади)) Ушбу сериал ишланган локацияларда сенга тур агентликлар сайёхлик турларини ўтказиб беришади. Бу сериал туфайли тахминан бир соат давом этадиган ва сюжетидан хар бири алохида филмга ўхшаб кетадиган сериаллар ишлаш тус олган. HBO каналини хали интернет йўқ пайтда 700 000 одам пул тўлаб кўришига мажбур қила олган. Бир нечта машхур актёрлар ўз истагини билдиришган ушбу сериалда эпизодларда бўлса хам қатнашиш учун. Уларнинг айримларини сериал давомида кўрасан.

П.С: Умумий олиб айтганда сериаллар борасида энг баланд планкаларни ўрнатган. Хозиргача бу планкага етиб келганлар йўқ. Яқин келажакда бўлмаса хам керак. Хар бир одам кўриши шарт бўлган сериаллардан бири бу агар ўша одам ўзини сериал севувчилар тоифасидан деб хисобласа. Оригинал тилида ёки Гоблинни 2021 йилдаги таржимасида кўришни тафсия қиламан.
Игра в кальмара (SQUID GAME, 2021) – корейсча “ультранасилие”, драма ва жудаям қизиқарли сюжетнинг кўзни қамаштирувчи ранглар билан Нетфликсоманлар учун махсус ифодаланиши.

17 сентябр куни Нетфликс стримингида Жанубий Кореялик ижодкорлар томонидан суратга олинган янги сериал премъераси бўлиб ўтди. Сериал Нетфликсда кўришлар сони бўйича биринчи ўринга чиқиб олган илк Жанубий Корея сериали бўлди. У хозирча Нетфликснинг асосий мижозлари хисобланадиган АҚШ, Канада ва Бразилия каби давлатларда хам яққол етакчи хисобланади. Rotten Tomatoes рейтингида 100 % натижага эга бўлиб турган ушбу шоуни режиссёри ва сценарий муаллифи Хван Дон-хёк хисобланиб у ушбу сериал ғоясини 2008 йилдаёқ ўйлаб қўйган аммо молиялаштириш имкони бўлмаганлиги туфайли анча вақтгача суришга мажбур бўлган.

Сериал сюжетига кўра, хаёти издан чиқиш чегарасида бўлган ёки чиқиб бўлган бир гурух одамлар ўз ихтиёри билан ноъмалум ўйинни ўйнашга рози бўлишади. Уларни биладиган нарсаси фақатгина ўйинда ғалаба қозониб мўмайгина пулга эга чиқиш ва хаётини ўзгартириб юбориш имкони эга бўлиш. Лекин, улар қатори томошабин хам тушуниб етадики бу ўйин шунчаки “ўйин” эмас, “игра на виживание” яъни ўртага жонинг тикилган ўйин. Ютсанг бойиб кетасан, ютқазсанг ўласан. Олти раундлик ўйин давомида ўйин иштирокчилари ўйнатувчилар учун нафақат томоша кўрсатишади балки турли эксперементларни хам бошидан ўтказишади.

Танқидчилар томонидан олқишлар билан кутиб олинаётган ушбу сериал фантастик даражада Корея киносаноатини машхурликка олиб чиқди. Бу холатни охирги марта Испанларнинг “Қоғоз бино” сериалида кўрган эдик. Ўша сериалдан кейин кенг жамоатчиликда испан кино-сериалларига бўлган қизиқиш уйғонганди ва ўша сериал қахрамонлари ўйнаган хар бир сериалларнинг рейтинги айнан ўша қахрамонларга бўлган симпатия туфайли сунъий равишда кўтарилиб кетган. Айнан шу нарсани хам энди Корейс сериалларидан кутиш мумкин. Ўзининг супер филми “Паразитлари” билан дунёни охиригача ишғол қила олмаган Корея киносаноати энди “ультранасилие” билан Нетфликс орқали дунёни ишғол қилди. Яхшигина бюджет, корейсча драма ва зўравонлик, Нетфликсча ранг-баранглик, ажойиб декорациялар, Паразитча ижтимоий нотенгликка ишора қилувчи ва шу билан бирга ақлдан оздирадиган даражада телбанамо сюжет, интрига ва саспенсга тўла йилнинг энг яхши сериалларидан бири агар энг яхшиси бўлмаса. Ягона муаммо сифатида айтиш мумкинки агар ушбу сценарий билан АҚШда сериал ишлашганида сериал 4 қисмдан ошмаган бўлади. Кўпчиликка ёқмаган нарса айнан сериални 9 қисмга тортадиган сюжети йўқлигида бўлди. Аммо, корейс киносини энг катта мухлисларидан бири сифатида айтишим мумкин, корейсча драма аслида шу. Корейс кино сериалларини кўриб юрган одам билади буни, уларда бунақа “чўзилиш” табиий хол. Шунчаки, сен биринчи марта корейс сериалини кўраётган бўлсанг демак бу нарса сени таъбингни бироз хира қилиши мумкин, лекин, кейинчалик ўзинг хам бу нарсасиз Кореяни тасаввур қила олмай қоласан.

Бир сўз билан айтганда корейсча “ультранасилие”, драма ва жудаям қизиқарли сюжетнинг кўзни қамаштирувчи ранглар билан Нетфликсоманлар учун махсус ифодаланиши.

П.с: Сериал хақиқатдан хам ажойиб, 18 ёшдан катта барчага тавсия қиламан. Аниқ айтишим мумкинки мен тавсия қилмасам хам сериални жуда кўп одам кўради, уни буюк келажак кутмоқда. Сюжетдаги ўйинлар ижтимой тармоқларда трендга чиқганидан хам билиш қийин эмас буни. Бу машхурлик ортидан Корейс сериалларининг янги эпохаси бошланишига хам шубхам йўқ. Шу бахонада биз корейсларнинг янги шедеврларини кўриб қолармиз. Ха, энди бизни корейсларимизни бутун дунё кўради, лекин, бунга “SQUID GAME” сабабчи сифатида тарихда қолиши таъбни бироз хира қилади. Эх, ўнлаб шедеврлар чиқган пайт, қаерда эди бу дунё? https://t.me/kanal33/2222
Каналдаги тақризлар:
Anonymous Poll
21%
Узун
9%
Қисқа
70%
Норма